Маълум нуқтаи-назарга кўра, адабиёт бошқа турларга нисбатан анча муросачи эканини қайд этиш зарур – бу айблов ўтмиш даҳоларидан тортиб, янги давр даҳрийларининг қарашларигача мос тушади. Аввалги замонларда роман ноёб жанр ҳисобланарди. Унда воқеалик эмас, хаёл кўпроқ акс этарди; “Ҳабаш аёл” билан “Астрей”ни эслашнинг ўзи кифоя (1.) Моҳиятан олганда булар чўпчак, роман эмас. Янги даврда – даҳрийларда эса роман ҳақиқий жанр тусини олди, худди инқилобий ҳаракатлар каби ўз қамровини кенгайтириб, мукаммалашиб борди. Роман руҳий ва маънавий исёнкорлик маҳсули сифатида майдонга келди ва эстетик нуқтаи-назардан ҳам у исёнга интилиш эди.
Литтрнинг луғатида романга “насрий йўлда ёзилган уйдирма воқеалар” деб баҳо берилади. Фақат шуми? Бир католик танқидчиси – мен Станислав Фюмни назарда тутаяпман – масалани анча жиддий қўяди: “Санъат ўз олдига қандай мақсадни қўймасин, барибир худо билан баҳс бойлашишга киришган даҳрийликдир”. Аслида ҳам фуқаролар жамиятидаги тортишувга ғарқ бўлгандан кўра роман худога юз бургани минг маротаба мақбулроқдир. Тибода Бальзак ижоди ҳақида анча тўғри фикрни баён қилади: “Инсоният комедияси” – бу Парвардигори оламга тақлиддир”. Улуғ адабиётларнинг улуғ мақсадлари ҳам аслида бизга ўхшаш қаҳрамонлар яшайдиган ўзига хос дунё, олам яратилишидан иборат бўлиб келган. Ғарб адабиёти ҳеч қачон ўзининг улуғ асарларида кундалик ҳаётни тасвирлаш билангина чегараланмаган. У хаёлнинг улуғвор қудратига интилиб, бизнинг тасаввурларимизга ҳамиша машъала ёқиб келган, изидан хаёл дунёсига эргаштирган.
Кимки роман ёзаётган ёки ўқиётган бўлса, моҳиятан ғалати ҳолатга дуч келади. Асли ғирт уйдирмадан иборат бу воқеаларга инсон нега бунчалик эҳтиёж, ташналик сезади?! Агар бу ғалати эҳтиёжга ёзувчи ёки ўқувчидан қониқарлироқ жавоб олинган тақдирда ҳам имоним комилки, барибир одамзот яна шу уйдирма билан ўз эҳтиёжини қондиришда давом этаверади ва унга бўлган қизиқишига заррача путур етмайди. Инқилобий танқид буни воқеликни тасвирлашдан атайлаб қочиш деб баҳолайди. Оддий сўзлашув тилида жайдари бир журналистнинг уқувсиз уйдирмасини “роман” деб аташади. Бир неча йиллар муқаддам кундалик воқеаликдан устун турувчи “романтик” кайфиятдаги қизлар севимли ва ардоқли саналарди. Ўз-ўзидан ойдинки, ана шундай маҳбубанинг мавжуд воқелик ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмаслиги, унинг соф хаёлий дунёси юксак қадрланарди. Бир сўз билан айтганда, романтик идеал ҳаётдан ҳамиша узилган бўларди ва бу идеалнинг нақадар мафтункорлиги ҳар кимнинг хаёлий қудратига боғлиқ эди. Шундай қилиб, роман санъати ҳақида гап кетганда, унинг ютуғи воқеликдан қанчалик устун турганига қараб баҳоланарди. Бурнининг тагидагидан нарини кўришга қувваи ҳофизалари етмайдиган кишилар бу борада Инқилобий танқид билан бир хил фикрда эди.
Хўш, биз роман ўқиш билан хаёлимизни нимадан олиб қочамиз? Қора турмуш ташвишлариданми? Бироқ ҳаётда етишмовчилик нималигини тасаввур қилолмайдиган одамлар ҳам бойлигини санашу ҳашамлардан ортган пайтлари роман ўқийди-ку? Бундан ташқари бадиий дунё эртаю-кеч хаёлимизни банд қиладиган ва бизнинг оғир меҳнатимизни, ҳеч қурса хаёлда бўлса-да, енгил қиладиган даражада оҳанрабо ва мафтункор ҳам эмас. Бироқ шундай эса-да, Адольф нега Бенжамен Констанга нисбатан кўнглимизга яқин (2), нега аҳлоқшуносларга нисбатан бизни граф Моска (3) кўпроқ ишонтиради?! Бир куни Бальзак сиёсат ва дунё тақдири ҳақидаги узундан-узун маърузасини шундай сўзлар билан тугатган: “Энди жиддий масала ҳақида гаплашсак”. У бу билан ўзининг романларини назарда тутганди. Икки асрдан буён романнавис даҳолар бизга тақдим этаётган ва бизни мафтун қилаётган сон-саноқсиз мифларни жиддий шарҳламасдан, шунчаки, воқеликдан қочиш деб баҳолашнинг ўзи билан моҳиятни очиб бўлмайди. Романнавис ижодкорлар воқеликдан қочганлиги ёки уни четлаб ўтаётганлиги аниқ ва бор гап. Бироқ бу четлашишни шунчаки қочиш деб бўлмайди. Гегель таъкидлаганидек, реал дунё азиятидан ўз қалбининг узлатига чекинган, ўзи учун фақат ахлоқ ҳукмронлик қилувчи бадиий дунё ясаб олган бундай четлашишни воқелик билан боғлайдиган ришта борми? Ҳатто панд-насиҳатга тўла, катта адабиётдан узилиб қолган “Поль ва Виржиния” каби кўз ёшларга тўла асарларни ўз ичига олган энг ҳикматгўй романлар ҳам бизга тасалли беришга қодир эмас.
Бор ҳақиқат шундаки, реал дунёни инкор қилаётган одам, айни замонда бу дунёдан мутлақо узилишни ҳам истамайди. Одамлар шу дунёда яшашга маҳкум этилганлар ва ундан айри яшашни ҳеч қачон тасаввур қилолмайдилар. Ўз маконида дарбадарлик ва қувғинга гирифтор бўлган бу ҳуркак мавжудот ўзи яшаётган дунёни абадий унутишни эмас, аксинча, уни яна ҳам кўпроқ ўзиники қилиб олишни истайди. Турмушнинг бутун кўламини акс эттирадиган азобу-уқубатлар ҳали кўз олдида мукаммал гавдаланган эмас; дунё фақат шундан иборат бўлолмайди. Тўғри, хохиш-истак тутқич бермайди, бошқалар хоҳиш-истаклари ортида йўқолиб кетади, сўнг бирдан бошқа бир қиёфада ўз ортидан уларни худди Танталнинг ташна лаблари сувнинг изидан беҳуда қувгани(4) каби яна бесамар югуртиради. Хўрликка маҳкум этилган одамнинг бор-йўқ мақсади лабларини сувга тегизиш, хаёли каби тутқич бермас тўлқинни жиловлаб олиш ва уни ўз тақдирига айлантириш, холос. Бироқ бу амалга ошмас орзу: шу сабабли у хаёлан бўлса-да, орзусига етишни хоҳлайди – хаёлан бўлса-да тақдир ва ўлимдан устун келишни ва кўз олдидаги бесамар ва беадад дунёга қарама-қарши ўлароқ ўзининг хаёлий дунёсига эга бўлишни истайди.
Мана шу ердан аксарият одамларда ўзгалар ҳаётига шафқатсиз муносабат ва ҳасад билан қараш пайдо бўлади. Бу ҳаётни четдан кузатиб туриб, ундаги яхлитликни ва жамул-жамликни кўрамиз, моҳиятан шундай бўлмаса-да, биз учун бу ҳаёт енгилмас ва бўйсунмас бўлиб туюлади. Биз фақат бу ерда икир-чикирларни эмас, юксак ва қадри баланд чўққиларни кўрамиз. Шунда биз буларнинг барини санъатга жо эта бошлаймиз, уларни ибтидоий тарзда романга киргизамиз. Шунинг учун ҳам ҳар бир одам санъатда моҳиятан ўз ҳаётини кўришни истайди. Биз, гарчи бу мумкин бўлмаса ҳам муҳаббат абадий давом этишини истаймиз – мабодо у мўъжиза туфайли бутун умр давом этган тақдирда ҳам, барибир у тугал бўлолмасди. Вақтдан устун бўлишга туганмас хоҳиш бизни мангу уқубатларга рўкач қилса, балки дунёвий уқубатларнинг моҳиятини чуқурроқ англаган бўлармидик? Эҳтимол, иродаси кучли одамлар ҳам дунёвий уқубатлар бир лаҳзалигини англаб етгандан кейин ваҳимага тушиб қолишар? Туганмас уқубатни ҳис қилгач, балки биз битмас-туганмас бахт борлигини ҳам тушуниб етармиз? Бироқ, афсуслар бўлсинки, бизнинг энг беадад машаққатимизнинг ҳам чегараси бор. Ва ажойиб кунларнинг бирида қалбимизни ҳаётга ташналик ҳисси чулғаб, биз умидсизликдан дафъатан уйғонармиз ва уқубат саналиб келинган нарсалар моҳиятан бахт эканини сезиб қолармиз?
Ўзликни англашга интилиш – бу азал-абадга интилиш воситаси холос: ундан сўнг муҳаббатга мубталолик бошланади. Биронта мавжудот, ҳатто энг оташин ва қизғин севгига мубтало бўлганлар ҳам мен мутлақ муҳаббат соҳибиман деб айтолмайди. Ошиқ-маъшуқлар айро туғилиб, сўнг яна айрилиқда ўлишга маҳкум этилган бу шафқатсиз дунёда маҳбубдан бутун умри давомида фақат ўзи учун яшашни талаб қилиш амалга ошмас орзу бўлиб қолаверади. Бундай шафқатсиз талаб қўйишга муҳаббатнинг ўзи дош бермайди. Бундай муҳаббат маҳбубни адойи тамом қилади. Ёлғиз ошиқнинг бесамар азоби бугун ўзиники бўлган маҳбубаси эртага кимнидир севиб қолиши мумкинлигини англагандан кейин яна ҳам тийиқсиз тус олади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ошиқ вақтдан устунлик ҳамда маҳбубани умрбод ўзиники қилиш истагига мубтало бўлади ва айни шу истаги билан маҳбубасини эртанги кундан жудо қилади. Дунёвий меъёрга сиғмайдиган ана шу истак ҳақиқий исёндир. Кимки ўзи муҳаббат қўйган жами нарсадан, гарчи орзуси ҳеч қачон амалга ошмаслигини билиб туриб, абадий ҳурлик ва маҳлиёликка даъвогарлик қилиб, шу йўлда ўзини қурбон қилишга тайёр ҳис этмаган бўлса, унга исён ва унинг тийиқсиз нафрати тушунарсиз бўлиб қолаверади. Моҳият эса ҳамиша ҳам юз кўрсатмайди – у маълум бир тушунчага ҳеч қачон сиғмайди. Шу нуқтаи-назардан қарасак, ҳаёт шаклсиздир. У ўз шаклини излаб, тийиқсиз оқаётган дарёга ўхшайди. Бунинг акси ўлароқ одам ҳаётда ўзини шоҳ деб ҳис қилиш учун бетиним шакл излайди. Жилла қурса бирон-бир тирик мавжудот одам хоҳлаган шаклга кирганда эди, инсон дунё билан абадий сулҳ тузган бўлур эди.
Аммо унда одамни шакл ва йўналиш излашдек мангу уқубатдан халос қиладиган, у билан бир тану бир жон бўлиб кетадиган оддий онг соҳиби бўлмиш биронта бошқа мавжудот йўқ. Шуҳратпарасту-жанжалпарастлар, ҳашаматпарасту-инқилобпарастлар, барча-барчаси яшаш учун муросаю-мадора қилиб, бирдамликка интилаяпти: худди муҳаббат асоратидан қалби вайрон бўлган ошиқ ёки маъшуқа муҳаббат қиссасига якун ясаш учун сўнгги имкониятга, сўнгги имога ташна боқаётгандек. Ҳар биримиз ўша бирдамликка олиб борадиган сеҳрли сўзни излаяпмиз. Бизга шунчаки кун кўришнинг ўзи камлик қилади, биз ўлим араваси келмай туриб, ўз тақдиримизга эга бўлишга интиламиз. Бу шундан дарак берадики, инсон ўзи яшаётган дунёдан кўра тасаввуридаги оламни яхшироқ биларкан. Бироқ “яхшироқ” сўзи “бошқача” деган маънони англатмайди, балки тасаввурни яққолроқ ифодалайди. Қалбимиз кўкларга кўтараётган истакларимиз гарчи нафратимизга сазовор дунё устига қурилган бўлса-да, ундан буткул узилиб кетмайди: бу шунчаки қочиш эмас, балки ўзининг мавжудлигини кўрсатишга уриниш даъвосидир. Ҳар қандай орзу-истак ва ҳаракат – хоҳ у диний, хоҳ дунёвий бўлсин, охир-оқибатда мана шу ожизона даъвога, шаклсиз ҳаётдан ўзига бошпана, шакл излашга бориб тақалади. Мана шу шижоат-хоҳ фалакка сиғиниш, хоҳ инсониятни йўқ қилиш истаги шаклида бўлсин, бутун моҳияти билан, роман ижод қилишга, ижодкорликка бошлаб боради.
Пировардида роман ўзи нима? У инсон фаолияти маълум бир шаклга кирган, дунё истак-хоҳишига мос тасвир этилган, одамлар бир-бирларига изҳори дил қилган ва ҳар бир тақдир ўз йўриғи ҳамда ёзуғига эга бўлган қандайдир ўзга дунё ифодасими?.. Романда гавдаланган дунё кўз ўнгимиздаги оламнинг инсон сийратига мос хоҳиш-истаклар асосида қайта яратилишидан бошқа нарса эмас. Зеро, у дунё ҳам азобу-уқубат, ёлғону-муҳаббатга қоришиб яшаётган ўз дунёмизнинг айнан ўзи. Унда бизнинг бор қиёфамиз, ожиз ва кучли жиҳатларимиз ифодаланган. Унинг ўзгалиги ҳам кўз олдимиздаги дунёнинг гўзаллиги ва ибратидан айро нарса эмас. Бироқ у дунёда одамлар кўз олдимиздаги дунёдан фарқли ўлароқ, сўнгги дақиқаларгача ўз тақдирларининг эгаларидир. Уларда инсон қисмати мужассамланган. Бизни ҳайратга солувчи қаҳрамонлар – Кирилов, Ставрогин, Грослен хоним, Жюльен Сорель ёки малика Клевская – ҳаётий жўшқинликларини сўнгги қатрасигача сарфлашга қодирдирлар. Бу эса ҳаётда бизнинг қўлимиздан келавермайди. Зеро, улар биз ҳеч қачон журъат қилмаган нарсаларни охиригача етказадилар.* (*Агар роман фақат қайғую ғам, умидсизлигу тушкунликдан иборат бўлса, у ҳалоскорлик йўлини кўрсата олади. Тушкунликка исм топиш, уни тасвирлаш – уни енгишга интилиш дегани. Тушкунлик адабиёти – бу ўзига исм излаётган адабиётдир).
Лафайет(5) хоним “Малика Клевская”ни ўз ҳаётий тажрибасидан келиб чиқиб яратди. Бир томондан малика – бу унинг ўзи, бошқа томондан эса – у эмас. Фарқ шундаки, Лафайет хоним ибодатхонага кириб олиб, тарки дунё қилгани йўқ ва унинг муҳаббати йўлида бирон киши қурбон бўлмаган. Албатта, у бу муҳаббат қиссасидаги юракни титратадиган ҳисларни бошидан кечирганига шубҳа йўқ. Бироқ ҳаётда бу воқеа ҳеч қачон тугалланмасди ва агар Лафайет хоним ҳаётий ақидаги бош эгиб, бу жўшқин муҳаббатнинг давомини ўзининг беназир қалами билан қоралаб қўймаганда эди, биз ҳам унинг хотимасидан ҳеч қачон баҳра ололмасдик. Худди шундай романтик ва ажойиб воқеа Гобинонинг “Плеяда”сидаги(6) София ва Казимир ўртасида ҳам содир бўлади. Гўзал, фозила ва жўшқин эҳтиросли, – бу ерда Стендалнинг бошқа ҳеч кимга ўхшамайдиган фавқулодда аёлгина мени бахтли қилиши мумкин деган гапини эслаш ўринли, – Софияга ошиқу-шайдо Казимир биринчи бўлиб муҳаббат изҳор қилишга журъат этади. Ҳар куни кўравариб ва бир хил изҳорларни эшитавериб, унинг жўшқин муҳаббатига кўникиб қолган София охир-оқибат ундан безийди ва уни кўрса ўзини ҳақоратлангандай ҳис эта бошлайди. Казимир унга муҳаббатини судда гувоҳлик бераётгандай баён этарди. Ҳа, у Софияни қизнинг ўзидан ҳам яхшироқ биларди ва яна Софиясиз яшашни тасаввур қилолмайдиган бу оташин муҳаббати жавобсиз қолишини ҳам биларди. У шусиз ҳам бадастур яшаётган Софияга бутун сармоясини хатлаб беради-да, қизга амалга ошмаган орзуларини ташлаб, ўзи боши оққан чекка шаҳарга (бу Вильна шаҳри эди) кетиб, арзимас нафақа билан ғариблик ва қашшоқлик оғушида кун кечира бошлайди. Айни пайтда Казимир Софиядан тирикчилик учун олиб турадиган нафақаси ўзининг бирдан-бир ожизлиги эканини тушунарди ва яна Софиядаги вақти-вақти билан унга фақат номи ёзилган топ-тоза қоғоз-мактуб жўнатиб туришга ҳам розилик олганди. Аввалига София ғазабланади, ҳеч нарсага тушунмайди, сўнг уни беадад қайғу чулғаб олади ва ниҳоят у Казимирнинг таклифини қабул қилади, ҳаммаси йигит режалаштиргандек якун топади: Казимир Вильнада ҳижрон азобидан ҳалок бўлади. Шундай қилиб, романдаги воқеа ўзига хос мантиқ билан якун топади. Маълум бир воқеага асосланган ҳолда фақат тушдагина содир бўлиши мумкин бўлган, бироқ реал воқелик учун ақл бовар қилмас бўлиб туюладиган бир хил мароқли ҳикоятларни тўқимасиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Мабодо Гобинонинг ўзи Вильнага кетиб қолганда эди, зерикиб, безиб қайтиб келган ёки ўша ернинг ўзидаёқ бирон кўнгилёзар машғулот топиб олган бўларди. Казимирга эса қисматини ўзгартириш ҳам, ҳижрон азобидан ўзини халос қилиш ҳам таъқиқланган. У худди ўлимга қараб бораётган Хитклиф каби охиригача, токи маҳшар кунигача тўхтамаслиги шарт.
Кўриб турганимиздай, қаршимизда реал дунёдан акс олган бадиий дунё – азоб-уқубат токи маҳшар кунигача чўзилувчи, ғам-қайғуси ҳеч қачон бахту-саодатга айланмайдиган, одамлар тақдирини бир-бирига чамбарчас боғлаб турувчи ва қисмат шаробини охиригача сипқоришга маҳкум этувчи дунё турибди. Ниҳоят, одам романда реал воқеликда сира иложи бўлмайдиган ҳаётини маълум бир шаклга солиб, унга хотима бағишлай олади. Романни инсон қисматига олдиндан бичилган хулосаларни тикиб қўяди. Шундай қилиб, гарчи вақтинчалик ўлим ҳукми ҳозиқлик қилса-да, у шундай лаҳзада яратувчига айланади. Ушбу нуқтаи-назарга мос келувчи барча машҳур романларни бир хил таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, романнинг моҳияти муаллифнинг ҳаётий тажрибаларини маълум бир мақсадга бўйсундириш ва унга янги маъно касб этишда кўринади. Ўз олдига на аҳлоқий, на бирор бошқа мақсад қўймаган ҳолда бундай метафизик маъно касб эттириш – яхлитлик ва бирдамликка интилишга ҳамда умумий ботиний эҳтиёжни қондиришга қаратилган бўлади. Шу маънода роман энг аввало ғам-ҳасрат ёки исёнкор туйғуларнинг ифодаси сифатидаги заковат жангидир. Бу хил заковат жангини француз аналитик романларида ёки Мелвилл, Бальзак, Достоевский, Толстой романларида кузатиш мумкин. Бироқ бизга фикримизни тасдиқлаш учун сўнгги йиллар романнавислигидаги бир-бирига ўхшамайдиган иккита анъанани – бир томондан Прустни, иккинчи томондан америка романини – йўл-йўлакай қиёслашнинг ўзи етади.
“Америка романи” баъзида инсоннинг ботинини очиш йўли билан, баъзида унинг зоҳирий муносабати ва ҳолатини тасвирлаш билан зўр бериб бир бутунликка интилаяпти. У бизнинг классик романларга хос туйғу ва жўшқинликни бирма-бир синаб ўтирмайди. У қаҳрамоннинг ҳолатини тушунтирувчи ва маълум бир хулоса ясовчи руҳий асосларни излаб, уни таҳлил қилмайди. Шунинг учун ҳам бу романдаги бир бутунликни фақат тасвирдаги бутунлик деб аташ мумкин. Унинг асосий ифода усули одамларнинг зоҳирий қиёфасини чизиш, уларнинг ҳатти-ҳаракатини четдан кузатиш, нутқни, баъзан такрордек туюладиган ички Нутқни* (*Гап XIX асрдаги Америка адабиётининг гуллаб-яшнаган даври эмас, асримизнинг 30-40 йиллари “шафқатсиз” романлари ҳақида кетаяпти) ҳеч бир таъриф-тавсифларсиз бериши, ниҳоят, ўзлари шарт деб ҳисоблаган пайтда кундалик, бир хил ҳаракатлари билан ўзларини намоён қила олишга қодир бўлган одамга муносабат масаласида яққол намоён бўлади. Бундай шиддатли жараёнда одамлар ўз-ўзидан бир-бирига ўхшаб қолади, барча қаҳрамонлари ҳатто жисмоний нуқтаи-назардан бир-бирининг ўрнини тўлдириб кетавериши мумкиндек туюладиган уларнинг ўзига хос бадиий дунёси шу жиҳати билан фарқланади.
Бу ифода усули ўзини реализм деб атайди. Кўриб чиққанимиздек, реализмнинг ўзи анча мавҳум тушунча эканлиги ҳақида ортиқча гапирмасдан ҳам бу роман дунёси ўзида воқеликни жўн ва тўғридан-тўғри акс эттирмай, балки уни маълум бир услубга бўйсундираётганини таъкидлаш жоиздир. У воқеликни атайлаб бузиб тасвирлайди. Мана шу йўл билан бир бутунликка – тўғридан-тўғри яхлитликка эмас – одамларнинг ва дунёнинг орасидаги тенгсизликни йўқотишга эришади. Бу романнависларнинг нуқтаи-назарига кўра, айнан ботиний ҳаётлари бирдамликка путур етказиб, уларни бир-бирига бегона қилиб турибди. Бу иштибоҳ фақат қисман ҳақиқатдир. Негаки, бу санъат турининг асоси бўлган исён ботиний ҳаётни инкор қилиш оқибати бўлиб эмас, балки унга суянган ҳолда бир бутунликка қараб интилиш маҳсули бўлиб юзага келади. Уни тўлиқ инкор қилиш тирик одамни эмас, мутлақо тўқима одамни яратади. Йўқсиллар романи ҳам худди бир пайтлардаги панд-насиҳат романлари каби қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмас. Униси ҳам, буниси ҳам ўз нодонлигидан бизга сабоқ бермоқчи бўлади **(**Бу авлоднинг йирик ёзувчиси Фолкнерда ҳам ички монолог фикр қобиғидан бошқа нарса эмас). Ўз қобиғига ўралиб олган моддий ҳаёт тасвирига ружу қўйиш асл моҳиятга қарама-қарши ўлароқ, айни пайтдаги воқеликнинг мутлақо акси бўлган заминсиз, хаёлий дунёнинг яралишига олиб келади. Бу романчилик санъатига зиддир. Моддий ҳаётдан холи бўлган ва мавжуд воқеликка бепарво қараб турган асл роман қаҳрамонлари гарчи ўзларича “ўрта одамлар”нинг хоҳиш-иродасини акс эттиряпмиз деб ўйлашса-да, бироқ улар ўзида умумжамият ботиний дунёсини мужассам этадилар. Мазкур бадиий оламда пайдо бўлган, сон жиҳатдан хийлагина кўп руҳий бемор қаҳрамонлар дунёқараши буни яна ҳам яққолроқ ифодалайди. Бу хил асарларда асосий маъно касб этувчи руҳий беморлар моҳиятан ўз хатти-ҳаракатларига уйғундирлар, зеро улар – америка ёзувчилари мавжуд воқеаликка қарши ожизона, бироқ ғазаб ва шовқинга тўла исёнларини баён қилаётган, ҳиссиз автоматлар инсон ҳаётини яна ҳам кўпроқ шиддатли-ю, бироқ мазмунсиз қилиб қўяётган дунёнинг – умидсиз ва касал дунёнинг тимсолларидир.
Пруст эса ўз олдига воқеаликни бетиним ўрганиш орқали оламнинг ва ўлимнинг бебақолиги устидан ўзининг мутлақ ғалабасини таъминлайдиган ва фақат ўзигагина тааллуқли бўладиган, ўзига хос ягона ва хаёлий дунё яратишни мақсад қилиб қўйди. У мутлақо бошқа воситалардан фойдаланди. Бу восита энг аввало романнавис ўз ўтмишининг сеҳрли лаҳзаларидан иштиёқ билан муҳаббат сонияларини бирма-бир танлаб олишда ва уни кўз олдимизга қўйишида кўринади. Кечаги кун ўзи ҳақида ҳеч қандай из қолдирмай ташландиқ ва бепоён ўлик маконга айланади. Агар Америка романлари хотирасини бой берган майиб одамларнинг дунёси бўлса, Пруст дунёси – бу фақат хотирадан иборатдир. Гап кечаги куннинг харобага айланишини ва умрнинг изсиз кетишини инкор қилувчи, хоҳлаган пайт ўтмишга бош суқиб қарай олишга имкон берувчи, кечаги ва эртага келадиган кунларнинг муаттар ҳидлари қоришиқ ҳолда таралиб турган нозиктаъблик ва зўр иштиёқ билан қурилган хотиралар дунёси ҳақида кетаяпти. Қалбнинг улуғвор хазиналари бўй кўрсатувчи бу ботиний оламни Пруст унутишга маҳкум бўлган оламга, ғафлатга ғарқ, сўқир дунёга қарама-қарши қўйди. Бироқ буни воқеликка қайтиш ёки уни инкор қилиш деб тушунмаслик керак. Пруст ўтмишни хаспўшламагани каби Америка романларидагидек уни мутлақо четга суриб қўймайди. У бой берилган хотиралар ва айни пайтдаги кечинмаларни ўтган бахтли сониялар ва воқеаликдан узиб олиб, ягона, яхлит бир бутунликка бирлаштиради…
Ўсмирлик пайтидаги бахтли сонияларга энди қайтиб бўлмайди. Денгиз қирғоғида гул кўтариб ўтирган қиз жарангдор овозда кулади ва шивирлайди; бироқ унга маҳлиё бўлиб турган кимса аста-секин ундан узоқлашиб, унга мафтун бўлиш бахтидан маҳрум бўлиб боради ва охир-оқибат улар ҳеч қачон муҳаббат шаробини биргаликда ичолмайдилар. Пруст мана шундай дилгир кайфият уйғотади. У бу дилгир сонияга бутун оламни алмашишга тайёр. Бироқ уларнинг орасида гунг ва ҳиссиз йиллар харсанги ётибди. У ўша бахтли ва беғубор сониялар мангулик ичига кириб, абадий ғойиб бўлишинини истамайди. У ўлимга қасдма-қасд, ўтмиш замон интиҳосидан келажак ибтидоси бўлиб, аслидагидан ҳам кўра мукаммалроқ ва мафтункор қиёфада қайта юз кўрсатишини исботламоқчи бўлгандек, бу сонияларни қайта тирилтирмоқчи бўлади. Шу боис ҳам “Бой берилган вақт…” ўз моҳият-эътиборига кўра руҳий – ботиний таҳлил вазифасини бажаради. Прустнинг улуғворлиги шундаки, мангу ғойиблик арафасида турган, парчаланган сонияларни бир бутун яхлит моҳиятга бирлаштириб, аслида бой берилган вақтга эмас, ғойибликка маҳкум фурсатга қайта жон ато этади. Унинг ўлимни доғда қолдирган ғалабаси шундаки, у хотира ва идрок воситасида вайронага юз тутган инсон ботинини халос қилувчи ваҳдатул вужуд (бир бутунлик) тимсолини топа олди. Бу хил хусусиятга эга асарларнинг энг улуғ ютуғи шундаки, у бизни ўраб турган борлиққа нисбатан қатъий ва мустаҳкам шаклга, емириб бўлмас яхлитликка ҳамда ўзига хосликка эга. Бундай асарлар ҳар қандай тазаррудан устундир. Шунга кўра айтиш керакки, Пруст дунёси – даҳриёна дунёдир; бироқ унда худо ҳақида сўз бормагани учун эмас, балки у ўзига хос, мустаҳкам, коинотга қараганда мукаммал, инсон хотираси ва бахтли сониясини абадият қадар чўза олиш, унга янги қиёфа бера олиш қудратига эга бўлгани учун ҳам даҳриёнадир! Бой берилган вақт…” – ўзига хос исёнкор мангуликдир. Шу нуқтаи-назардан Пруст романлари ўлим таҳдиди ва хавотирига қарши энг ибратли ва умуммиқёсдаги инсон исёнини акс эттирувчи романлар сирасига киради. У шу хусусиятига кўра қаршимизда инкор қилишга лойиқ бўлган борлиққа тузатиш кирита оладиган романчилик санъатининг улуғворлигига мисол бўла олади. Ҳеч бўлмаганда бу санъатнинг энг оддий жиҳати яратган билан баҳс-мунозарага киришиб, ўзининг абадий хўрликка маҳкум маҳлуқ эмаслигини намоён қилишда кўзга ташланади. Агар чуқурроқ қарасак, роман гўзаллик ва инсон идроки билан иттифоқ бўлган пайтда ўлим ва қисматга қарши энг қудратли қурол эканини кўрамиз. Шу сабабли ҳам романдаги исён ижодий моҳиятга эгадир.
Назар ЭШОНҚУЛ таржимаси
________________
1) “Хабаш аёл”, “Астрея” III-IV асрда яшаган Гелиодор асари.
2) Адольф – Бенжамен Констан (1767-1830) романининг қаҳрамони.
3) Граф Моске – Стендалнинг “Парма ибодатхонаси” асари қаҳрамони.
4) Тантал – грек мифологияси қаҳрамони, худоларга қарши жинояти учун мангу азобга маҳкум этилган: у бўйнигача сув ичида яшайди, бироқ ундан ичолмайди.
5) Лафайет Мари-Мадлен Пиош де ла Вернь (1634-1693), француз адибаси, “Малика Клевская” номли психологик роман муаллифи.
6) Жозеф Артур Гобино (1816-1882), француз адиби, драматурги, файласуфи ва дипломати.