Санъаткорнинг воқеаликка ружу қўйишини айни пайтнинг ўзида инкор қилиш салоҳияти деб ҳам тушуниш керак бўлади. Воқеликнинг қайсидир жиҳатини ўзи яратган бадиий оламда сақлаб қолиш эса у бу зулматни ижод машъали билан ёритганидан дарак беради. Зеро, воқеалик мутлақо инкор этилса, бундай пайтда биз санъатга эмас, фақат асарнинг шаклига дуч келамиз. Аксинча, санъатга алоқаси йўқ ҳолда ёзувчи фақат воқеликка мафтунликдан чиқиб кетолмаса, биз яланғоч воқелик билан учрашамиз. Биринчи ҳолатда исён ва муроса мувозанатидан тузиладиган ижодий жўшқинлик ўзини инкорга мутлақо қурбон қилади. Бу хил воқеликдан қочишга уринаётган шаклбозлик замонамизга хос бўлиб, унинг қиёфасини очиб кўрсангиз, нигилизмни учратасиз. Иккинчи ҳолатда эса санъаткор бошқа бурча нуқтаи-назарларни менсимаган ҳолда дунёни бус-бутун, тўлалиги билан акс эттиришга муккасидан кетади. Шу йўл билан у, гарчи бу тубан бирлик эса-да, бир бутунликка бўлган интилишни намойиш қилади.
Бироқ бу билан у бадиий санъатнинг энг бирламчи талабини ҳам бажармайди. Ижодий тафаккурнинг нисбий эркинлигини инкор қилган бу санъаткор ўзини бевосита моддий оламга муте қилиб қўяди. Ҳар иккала ҳолатда ҳам ижодий салоҳиятга путур етади. Дастлабки ҳолатда воқелик фақат қисман инкор қилинган эди. Кейинги мисолда эса, воқеалик буткул инкор этилади ёки фақат угина тан олинадики, оқибатда у ёзувчи мутлоқ инкорнинг ёки мутлоқ эътирофнинг чангалига тушади. Ҳеч қайси санъат воқеликдан буткул узилиши мумкин эмас. Шаклпарастлик қиёфасиз ижодни дунёга келтиради. Шунингдек, хаёлот иштирокисиз қуруқ реализм ҳам тубанликка айланиб қолади. Ҳатто энг яхши фотосурат ҳам қуруқ воқеликдан қочади; ҳатто у ҳам реализм ва хаёлот қоришиб кетган манзарани излайди ва ўшани ўзида зуҳр қилади. Воқеапараст ҳам, шаклпараст ҳам бир бутунликни у йўқ жойдан – ё қуруқ воқеликдан ёки воқеликни мутлақ инкор қилган қуруқ хаёлотдан излайди. Аксинча, санъатдаги бир бутунлик санъаткор воқелик билан хаёлотни уйғунлаштира олган манзарада мужассам бўлади. Воқелик ва хаёлот – бир бутунликнинг ажралмас қисмларидир. Санъаткор воқеликдан танлаб олган унсурларни бадиий тил ёрдамида хаёлот билан уйғунлаштирувчи ва у яратган бадиий дунёнинг тугал бўлишини таъминловчи восита – услуб деб аталади. Ҳар бир санъаткор исёнкор услуб ёрдамида – гарчи бу камдан-кам даҳоларга насиб этса-да – ўз бадиий дунёсини ва унинг қонунларини яратади. “Шоирлар, – деган эди Шелли, – дунёнинг тан олинмаган қонун яратувчиларидир”.
Ибтидосидан то сўнгги намунасигача романчилик санъати бу гапнинг ҳақлигини исботлайди. У воқеликни тўлиқ қабул қилолмагани каби, ундан буткул юз ўгиролмайди ҳам. Фақат хаёлотдан иборат санъат йўқ ва агарки, қайсидир асарда у мавжуд бўлса ва акл-идрокни ўзига жалб қилолса, ундай асар бир бутунликка интилаётган, бошқалар билан ҳам шу бир бутунликни баҳам кўрмоқчи бўлаётган руҳ эҳтиёжини қондиролмайдиган, бадииятдан йироқ асар бўлади. Чунки воқеликка суянмайдиган соф хаёлий бирлик – ёлғон бирликдир. Панд-насиҳату ташвиқий романлар санъатнинг қонунларидан четлашганлиги туфайли ҳам санъат асарлари бўла олмайди. Ҳақиқий санъат асари, аксинча, воқеликдан, фақат воқеликдан, унинг муҳаббату-ғазабидан, ҳасрату-эҳтиросидан илҳом олиб яратилади. Бироқ бу воқелик хаёлнинг шаффоф гўзаллиги билан уйғунлашади.
Люсьена Левеннинг хобгоҳда пайдо бўлишини Стендаль бор-йўғи битта жумла билан ифода этади: том маънодаги реалист ёзувчи эса бу манзарани мантиқан тўла асослаши учун майда-чуйда тафсилотларни ҳисобга олмаганда ҳам бир неча жилдда тасвирлаши лозим эди. Шунинг учун ҳам реализмнинг аниқ ҳудуди йўқ. У яхлитликка эмас, балки дунёнинг ниҳоясизлигини тарғиб қилишга хизмат қилади, шу туфайли у фақат мустабид инқилобнинг расмий эстетикаси бўла олади. Бироқ бундай эстетика ўзининг яроқсизлигини аллақачон кўрсатиб бўлди: ҳатто реалист романнавислар ҳам ўзларини ўзлари фош қилиб, воқеликни танлаб қабул қилишга ўтишди. Бироқ воқеликни танлаш учун яна бир нарса – фикр ва ифода имконияти, хаёлот эркинлиги ҳам бўлиши керак. Ёзиш – бу танлай олиш салоҳиятидир. Ўз-ўзидан ойдинки, на реаллик, на хаёлийлик уни четлаб ўтолмайди: четлаб ўтганлари эса асарни сўқир анъанапарастликка олиб боради… Шунинг учун ҳам “социалистик реализм” деб аталаётган услуб ўзини ташвиқотчилик ва замонабоп мавзулар, панду-насиҳатлар ортига яширади. Дарҳақиқат, ижодкор воқеликка ружу қўйиши ёки уни мутлақо инкор қилиши биланоқ ўзини нигилистик санъатга яқинлаштириб қўяди. Ижод ягона ҳолатда: шакл ва мазмун, инкор ва эътироф мувозанатини сақлаган ҳолатдагина тараққиёт билан уйғунлашади. Агар бу мувозанат бузилса, диктатура ё анархия, ташвиқот ё сафсата ҳукмронлик қилади. Моҳиятан ақл-идрок ҳурлиги бўлмиш ижод ҳар иккаласига ҳам тоқат қилолмайди. Мабодоки, у фақат жимжима-ю бошқотирмадан иборат пуч хаёлотга ва шуҳратпарастликка ёки қамчи зўрлигида яратилган қўпол ҳамда жўн воқеанависликка ён берса, унда замонавий санъат, шубҳасиз, мустабидлар ва қуллар санъатига айланиб олади, ижодкор санъати бўлолмайди.
Шаклга тушмаган моҳиятга ёки моҳиятсиз шаклга юз бурган асардаги яхлитлик қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмас. Бошқа соҳалардаги каби бу ерда ҳам услубдан холи бутунлик парчалиниш билан баробардир. Санъаткор қайси томондан ёндашмасин, у жами ижодкорлар учун умумий ақида бўлган бир нарсани – воқелик ва руҳнинг мувозанатини сақловчи, унга шакл берувчи услублаштиришни четлаб ўтолмайди. Фақат услублаштириш орқали санъаткор ижоднинг ҳам, исённинг ҳам моҳиятини чуқур тушунтириб бера олади… Исённинг ижодий, жўшқин жиҳати ҳам асардаги услуб ва мақсаднинг ўзаро уйғунлигида яққол кўзга ташланади. Санъат – бу ушалмас талаблар ўртага ташланадиган саҳна. Дилни вайрон қилувчи фарёдлар ва норозиликлар қатъий сўз шаклини олгач, исён ўзининг бирламчи хусусиятини йўқотади ва унинг ўзи яратувчи ижодий кучга айланади. Моҳият-эътиборан давримиз санъатининг жўшқин услуби – бу энг олий исёнга даъватни ифода этишдир. Ақлга зид равишда, санъатпарастлик – бу ўз қобиғига ўралашиб қолиш, шаклини топган исён эса даҳоликдир. Шу боис ҳам даҳолик мутлақ инкор ва мутлақ тушкунлик билан бир жойда яшолмайди…
Аммо бундан ҳар қандай услуб шунчаки устамонлик экан, деган маъно келиб чиқмаслиги керак. Агар услуб шунчаки воқеликни танлай олиш устамонлигининг ўзигина бўлса, бундай услуб тезда ўзини фош қилиб қўяди ва у бошқа турлардаги назариябозлик каби ижодий ўзлаштирувчи эмас, қуруқ нусха кўчирувчига айланадики, бундай пайтда ижоднинг асл моҳиятига путур етади. Мабодо, услублаштиришда устамонлик талаб қилинган тақдирда ҳам, у инсоннинг воқеликка тўғридан-тўғри аралашувининг олдини олиб туради. У ўзининг воқеликка бевосита аралашувини сездирмаслиги, санъаткорнинг ижодий эркинлигига тўлиқ имкон яратиши шарт. Энг санъаткорона услуб ўзини сездирмаган, яъни асар моҳиятига тўла сингишиб кетган услубдир. “Санъатда, – деган эди Флобер, – муболағадан қўрқмаслиги керак”. Бироқ шу гапининг изидан дарҳол муболаға “ўзини билдириб қўядиган даражада ҳаддан ошиб кетмаслиги зарур” деб қўшиб ҳам қўйганди. Ҳаддан ошиб кетган услублаштириш ҳам асарни тўмтоқлаштиради ва кўзланган жозибани бермайди. Шунингдек, асарда услублаштириш ҳеч қандай роль ўйнамай, воқелик қуруқ кўчирма бўлиб қолса ҳам бадииятга путур етади. Услуб ҳақиқий исён билан воқеликнинг уйғунлашувидан пайдо бўлган ижодий мувозанатдир.
Назар ЭШОНҚУЛ таржимаси