Акутагава Рюноскэ. Ўн иенлик пул (ҳикоя)

Ёзнинг бошлари эди. Булутли кунларнинг бирида эрта билан Хорикава Ясукичи ўйчан ҳолатда тош зиналар бўйлаб платформага кўтариларди. Ёайритабиий ҳеч нарса рўй бергани йўқ. У киссасида бор-йўғи олтмиш сэн пул қолганидан хафа эди, холос. Ўша вақтларда Хорикава Ясукичи пулсизликдан доим қийналиб юрарди. Унинг инглиз тили муаллими сифатидаги маоши арзимаган олтмиш иенни ташкил этар эди. Ҳатто “Чюокорон” журналида ишдан бўш вақтларида ёзган ҳикояси босилиб чиққанида ҳам унга ҳар бир бетига тўқсон сэндан ортиқ тўлашмасди. Нафсиламрини айтганда, бу пуллар хонадоннинг ижара ҳақи учун ойига беш иен ва нонушта, тушлик ҳамда кечки овқат учун эллик сэндан тўлаш учун бемалол етарди. Зотан у дабдабали турмуш кечиришни яхши кўрибгина қолмай, балки шон-шуҳрати ҳақида ҳам қайғурарди ва шунинг учунгина даромадига катта аҳамият берарди. Тўғри, булардан ташқари у китоблар ўқиши керак. Миср сигареталарини чекиши керак. Концертларга бориши керак. Оғайнилари билан учрашиши керак. Аёллар билан ҳам учрашиб туриши керак — хуллас калом, у ҳафтасига бир марта Токиога бориши керак. Ҳаётга чанқоқлиги боис, ўз қўлёзмалари учун тўхтовсиз бўнак олар, ота-онаси ва ака-укаларидан пул сўрарди. Бу пуллар ҳам етарли бўлмаганида эса ўзининг каттагина расмлар коллекциясини кираверишида қизил чироғи бор, омборга ўхшаш, лекин ҳеч ким кирмайдиган уйга гаров сифатида олиб борарди. Бироқ бу гал бўнак пулларига умид йўқ эди, устига-устак, Хорикава Ясукичи ота-онаси ва ака-укалари билан ғижиллашиб қолганди ва шу боис унинг аҳволи жуда оғир эди. У ҳатто Империя ташкил этилган кун* муносабати билан ўн саккиз иену эллик сэнга сотиб олган атлас цилиндридан ҳам воз кечишга мажбур бўлди.
Ясукичи одамлар билан тирбанд платформа бўйлаб одимлар экан, фикру хаёли ажойиб ялтироқ цилиндрда эди. Бу хаёллар унинг хотирасида омборхона-уйнинг ёритилган деразаларини гавдалантирарди. Цилиндрда ўша уй деразалари остига экилган тоғ чўққиси гуллари акс этарди… Бироқ Хорикаванинг бармоқлари киссасидаги олтмиш сэнни туйди-ю, унинг хаёллари бир зумда чилпарчин бўлди. Бугун энди ўн учинчи. Устига “Муаллим Хорикава жанобларига” деб ёзилган конвертдаги маошни оладиган йигирма саккизинчигача нақ икки ҳафта бор. Эртага эса узоқ кутилган, ва ниҳоят Токиога бориб келиш мумкин бўлган якшанба.
Ясукичи кечки овқатни Хасэ* ва Отомо* билан бирга қилмоқчи эди. Бундан ташқари у Токиода бу ерларда бўлмайдиган мўйқаламлар, мойбўёқлар ва мато сотиб олишни мўлжаллаб қўйганди. Шунингдек, у фрейлейн Мёллендорф¬нинг концертига тушишни ҳам кўнглига туккан эди. Лекин киссангдаги олтмиш сэн билан Токио сафари ҳақида ўйламасанг ҳам бўлади.
— Шундай қилиб, алвидо, менинг эртам.
Ёам-андуҳга барҳам бериш учун Ясукичи чекишга аҳд қилди. Лекин ҳафсала билан титкилаб чиқилган киссаларида бир дона ҳам сигарета қолмабди – ана холос. Шум тақдир уни қанчалик шафқатсиз таҳқирлаётганини тобора кучлироқ сезар экан, у кутиш залида турган сотувчи ёнига келди. Овчиларнинг яшил шляпасини кийиб олган, юзининг ҳар ер-ҳар ерида чечак изи қолган сотувчи бўйнига илиб олган қутига ёзиб қўйилган газета ва карамел конфетларига зерикарли нигоҳ билан тикилиб турарди. У оддий сотувчи эмас. У турмушимизга халақит берувчи тимсол. Бугун, бу сайёр сотувчи Ясукичининг ғашига тегарди.
— Менга “Асахи” бер.
— “Асахи”? – кўзини узмай қатъий сўради сотувчи. – Газетами ёки сигаретами?
Ясукичи асабийлашганидан қаншари титраётганини сезди.
— Пиво!
Сотувчи ажабланганча Ясукичига тикилди:
— “Асахи” пивоси йўқ менда.
Ясукичи енгил торгандай сотувчидан нари кетди. “Асахи”чи? Ахир у айнан шу мақсадда келди-ку, сотувчининг ёнига… Ҳечқиси йўқ, “Асахи” чекмаса ҳам бўлаверади. Лекин сайёр сотувчининг боплаб таъзирини берди-да ўзиям, бу эса, эҳтимол, сигарета чеккандан ҳам ёқимлироқдир балки. Киссасида арзимаган олтмиш сэн борлигини ҳам унутган Ясукичи платформа бўйлаб мағрур одимлай кетди. Худди Ваграм яқинида беқиёс ғалабага эришган Наполеондай…
Қора булутлар билан қопланган уфқ аро дўнглик кўзга ташланади — у қоями ёки катта ахлат уюмими, тушуниб бўлмайди. Дўнгликнинг тепаси жигарранг кўкатлар билан қопланган – улар ўтлар ёки дарахтлар эканлигини англаш қийин. Ясукичи дўнглик этаги бўйлаб бир-бир қадам ташлаб бормоқда. Поездда ярим соат лўкиллаб юргандан сўнг яна ярим соат чанг кўча бўйлаб юриш оғирлик қилади. Оғирлик қилади? Ҳеч-да. У ўзидан-ўзи юриб борарди ва бир пайт юриш қанчалик оғирлигини ҳис қилмай қўйди. Ҳар куни у кишини зериктирадиган шу дўнглик этаги бўйлаб итоаткорлик билан юриб борарди. Фожиамиз шундан иборатки, биз дўзахий азобларга гирифтормиз. Фожиамиз шундан иборатки, дўзахий азобларни биз азоб деб билмаймиз. У ҳафтасига бир марта шу фожиадан халос бўларди. Бироқ чўнтагида бор-йўғи олтмиш сэн қолган бугун эса…
— Хайрли тонг, — кутилмаганда катта муаллим Авано-саннинг овози эшитилди.
Авано-сан эллик ёшни уриб қўйди. Қорачадан келган, бироз эгилиб юрадиган кўзойнакли жаноб. Ясукичи ишлайдиган ҳарбий-денгиз мактаби муаллимлари аллақачон расмдан қолган кўк саржа костюмларнигина кийиб юришарди – бошқачасини улар ҳеч қачон кийишмасди. Авано-сан ҳам саржа костюмда ва янги похол шляпада эди. Ясукичи тавозе билан таъзим қилди:
— Хайрли тонг.
— Ҳавонинг димлигини қаранг.
— Қизингиз тузукми? Бетоб, деб эшитдим…
— Ташаккур. Кеча ахийри унга касалхонадан жавоб беришди.
Авана-санга ҳурмат бажо айларкан, Ясукичи уни олдинга ўтказиб юборди. Лекин унинг иззати хўжакўрсинга эмас эди. У Авано-саннинг лингвистик иқтидоридан ғоят завқланарди. Авано-сан – у олтмиш ёшида вафот этди – лотин тилини Цезарнинг асарлари бўйича ўрганарди. Бундан ташқари у, албатта, инглиз тилини ва бошқа замонавий тилларни ҳам биларди. Авано, ўзи жинни бўлмаса-да, итальян тилидаги “Асино”* номли китобни ўқиши Ясукичини лол қолдирарди.
Аммо Ясукичи унинг лингвистик иқтидоридангина завқланмасди. Авано-сан ёши катталарга хос кенг феъллилик фазилатига эга эди. Инглиз тили дарс¬лигидаги қийин жойга дуч келаркан, ҳар гал Ясукичи албатта Авано-сан билан маслаҳатлашарди. Қийин жойлар… улар шунинг учун туғилардики, вақтини қизғаниб, Ясукичи кўпинча дарсларга луғат титкиламай тўғридан-тўғри келаверарди. Шундай ҳолатларда, рости, у нафақат иззат-икром, балки тортинчоқликни ҳам ифода этишга мумкин қадар уринарди. Ясукичи ўзи ҳам жавоб бериши мумкин бўлган енгил саволларни бергандагина ва фақат шу ҳоллардагина Авано-саннинг юзида чуқур ўйчанлик аломати зоҳир бўларди. Ясукичи бу қандай рўй беришини ҳалига қадар аниқ эслайди. Қўлига Ясукичининг дарслигини оларкан, Авано-сан ўчиб қолган трубкани тишига қистирганча бир муддат фикрга чўмарди. Кейин бирдан, худди миясига ургандай қичқирарди: “Унинг маъноси мана бундай” — ва Ясукичига тушунарсиз бўлган жойни бир нафасда изоҳлаб берарди. Нафақат иқтидорли тилшунос, балки иқтидорли муғомбир сифатидаги мана шундай томошалари… шундай дарслари учун Ясукичининг Авано-санга нисбатан ҳурмати шу қадар баланд эдики…
— Эртага якшанба. Сиз яна Токиога жўнайсизми?
— Ҳа… Йўқ. Эртага бормайдиган бўлдим.
— Нима учун?
— Ростини айтсам… йўқчилик туфайли.
— Ҳазиллашяпсиз, — кула-кула деди Авано-сан. У кулганда ўнғайсизланарди, чунки қорамтир-қўнғир мўйловлари тагидан олдинга туртиб чиққан тишлари кўриниб қоларди. — Маошдан ташқари қалам ҳақи ҳам оласиз-ку, ахир, шундай экан, ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда сиз яхшигина даромад қиласиз.
— Ҳазиллашяпсиз… — Энди бу сўзни Ясукичи айтди. Лекин Авано-сан айтганидан кўра жиддийроқ талаффуз қилди. – Сизга маълумки, маошим – эллик иен, қалам ҳақи эса ҳар бетига тўқсон сэндан. Борингки, ҳар ойда эллик бетдан ёзганимда ҳам беш карра тўққиз – қирқ беш иен бўлади. Майда журналларда эса умуман олтмиш сен атрофида тўлашади, демак…
Ясукичи адабиёт соҳасида қалам тебратиб кун кечирувчининг ҳаёти қанчалар қийин эканлиги ҳақида сафсатабозлик қила кетди. У сафсатабозлик билангина чекланиб қолмади. Туғма шоирлик қобилиятидан усталик билан фойдаланаркан, у йўл-йўлакай сўзларига энг рангин бўёқлар билан сайқал берарди. Япон драматурглари ва ёзувчилари – айниқса, унинг дўстлари – даҳшатли етишмовчиликка чидашга мажбурлар. Хасэ Масао чорасизликдан сакэ ўрнига дуч келган ардобни ичиб юриш билан чекланади, Отомо Юкичи аёли ва боласи билан иккинчи қаватда мўъжазгина хонани ижарага олиб яшашдан бўлак чораси йўқ. Мацумото Хожё* ҳам шу… рост, у яқинда уйланди ва анча ўзига келиб қолди. Бунга қадар эса фақат энг арзон-гаров емакхоналарда овқатланарди.
— Appearances are deceitful*, нимасини айтасиз, — ярми ҳазил, ярми чин деди Авано-сан.
Кимсасиз йўл бора-бора икки томонида ғариб кулбалар саф тортган кўчага айланди. Чанг босган пештахталар, симёғочлардаги узуқ-юлуқ эълонлар ва афишалар – номи шаҳар, холос.
Ўзидан бурқситиб қора тутун ва оқ буғ чиқараётган, черепицали томлар узра осмонни кесиб ўтган катта юк кўтариш крани ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган ҳиссиёт уйғотарди. Бу манзарани похол шляпаси остидан кузатаётган Ясукичи ўзи жонли иборалар билан тасвирлаб берган, қалам ҳақи олиб кун кўрувчи ижод аҳлининг фожиаси ҳақида фикр юритаркан, кучли ҳаяжон гирдобида қолди. Ўзининг чидамли бўлиш, аммо сир бой бермаслик ҳақидаги қоидасини ёддан чиқаргандай, қўлини солиб турган чўнтагида нима борлигини оғзидан гуллаб қўйди:
— Ростини айтсам, олтмиш сэн пулим бор, холос, бу айш-ишратга етмайди, шунинг учун Токиога бормайман.
Ўқитувчилар хонасида Ясукичи столга ўтирди ва китобни очиб, дарсларга тайёрлана бошлади. Лекин Ютландияда бўлган денгиз жанги ҳақидаги мақолани ўқиш уни заррача қизиқтирмас эди. Айниқса бугун, Токиога жўнаш истаги билан ёниб турганида бу унга жуда малол келарди. Денгиз атамаларининг инглизча луғатини қўлига оларкан, Ясукичи китобнинг атиги бир бетига кўз югуртириб чиқди ва шу заҳотиёқ киссасида бор-йўғи олтмиш сэн борлиги ҳақидаги нохуш хаёлларга чўмди…
Соат ўн бир яримда ўқитувчилар хонасида овозлар тинади. Ўн нафар муаллим дарсларга кириб кетишади, хонада Авано-сан ёлғиз қолади. У қаршидаги стол ортида… аниқроғи, унинг столини Ясукичининг столидан ажратиб турадиган ўхшовсиз китоб жавони панасида кўринмайди. Оқ девор фонида трубкадан чиқаётган тутунгина вақти-вақти билан юқорига шошилмай кўтарилади ва Авано-сан шу ерда эканлигини билдириб туради. Дераза ортида ҳам сокинлик ҳукм суради. Булутли осмонга қадар бўй чўзган, янги чиққан барглар билан қопланган дарахтларнинг учлари, улар ортида мактабнинг кулранг биноси, ундан-да нарироқда кўрфаз суви ястаниб ётибди — буларнинг бари зерикарли сукунат оғушида…
Ясукичи сигарета ҳақида эслади. Шундагина илтифотсиз сотувчининг адабини беришга бериб, сигарета харид қилишни бутунлай унутгани маълум бўлди. Чекадиган нарса йўқлиги — бу ҳам фожиа. Фожиа?.. Балки фожиа эмасдир? Ясукичининг азобларини очликдан ўлаёзган, олтмиш сэн пулга бутун бир бойлик деб қарайдиган қашшоқнинг азоблари билан ҳеч бир солиштириб бўлмасди, албатта. Лекин Ясукичи худди қашшоқ каби, балки ундан-да кучлироқ азоб чекарди. Зеро у янада нафисроқ асаб тузилмасига эга эди. Қашшоқни қашшоқ деб аташ шарт эмас. Иқтидорли тилшунос Авано-сан Ван Гогнинг “Кунгабоқар”ига ҳам, Вольфнинг “Қўшиқ” асари-ю, ҳатто Верхарннинг урбанистик назмига ҳам мутлақ бефарқ қарайди. Авано-санни санъатдан мосуво қилиш кучукни кўкатдан маҳрум қилишдек гап. Ясукичини санъатдан айириш эса туяни кўкатдан маҳрум қилиш билан тенг. Олтмиш сэн миқдоридаги арзимас пул Хорикава Ясукичини маънавий очлик азобига гирифтор қилди. Авано Рэнтаро бунга бефарқ қараган бўлур эди.
— Хорикава-кун…
Ясукичи ёнига Авано-сан келганини илғамай қолди. Кекса муаллим яқин келишининг ҳайрон қоларлик ери йўқ эди. Ажабланарлиси шундаки, унинг сочсиз икки чаккасидан ҳам, қалин шишали кўзойнаги ортидаги кўзларидан ва калта мўйловларидан ҳам… тахминий гипербола қўлланиладиган бўлса, у ҳолда никотиндан ялтираб кетган трубкасидан ҳам ғайритабиий, чинакамига гўзал, аёл кишиники каби уялиш ҳиссини уқиш мумкин эди. Лол қолган Ясукичи ҳатто “Менда ишингиз бормиди?” деб ҳам сўрамади ва яқин турган, соддадил кекса муаллимга тикилди-қолди.
— Хорикава-кун, бу жуда кам, лекин… — Тортинаётганлигини табассум-ла беркитаркан, Авано-сан Ясукичига тўрт буклоғлиқ ўн иенлик пулни узатди: — Бу, албатта, кам, лекин Токиогача билет олиш учун етади.
Ясукичи ўзини йўқотиб қўйди. Рокфеллердан қарз олиш ҳақида кўпинча орзу қиларди. Лекин Авано-сандан қарз олиш – бунақаси тушига ҳам кирмаган эди. Устига-устак, боягина эрталаб қалам аҳлининг аянчли аҳволи тўғрисида сафсатабозлик қилгани ёдига тушди. Ясукичи қизариб кетди ва тутила-тутила Авано-саннинг таклифини рад эта бошлади:
— Йўқ, нималар деяпсиз, тўғриси, нон-чой пули… нон-чой пулига камхаржлигим рост, аммо… Токиога бориб келсам бас, ҳамма муаммони ҳал қиламан… қолаверса, пойтахтга бормасликка аҳд қилдим, шундай экан…
— Қўяверинг, олинг, кам бўлса кўп ўрнида кўрарсиз.
— Ростдан ҳам керак эмас. Миннатдорман…
Авано-сан трубкани оғзидан олди ва иккиланганча тўртга букланган ўн иенлик пулга қаради. Тилла гардишли кўзойнак ортида яширинган нигоҳини кўтарганида эса кўзлари ҳали ҳам тортиниш ила табассум қилиб турганлиги маълум бўлди.
— Ўзингиз биласиз. Нима ҳам дердим… ишдан чалғитганим учун маъзур тутасиз.
Шундай дея Авано-сан, худди бировдан қарз сўраган-у, рад жавобини олган кишидай ўн иенлик пулни шоша-пиша чўнтагига солди ва жавон ортида яширинган, луғатлар ва маълумотномалар билан тўла иш столи томон ошиқди.
Орага чўккан жимлик сабаб, Ясукичи оромини бутунлай йўқотди. Терлаб-пишиб кетганидан чўнтагидаги никел соатини олди ва унинг қопқоғига қараб ундаги аксига термулганча қарай бошлади. Руҳий хотиржамликни йўқотганда ҳар гал кўзгуга қараш одати Ясукичида ўн йиллар бурун пайдо бўлган эди. Тўғри, соатнинг қопқоғидек кичкина доирачада аксланган юзи қалқиб турар, бурни эса ҳаддан ташқари катта бўлиб кўринарди. Хайриятки, унинг қалби аста-секин тинчланиши учун шу ҳам етарли бўлди. Айни вақтда у Авано-саннинг дўстона таклифини рад этганидан тобора кўпроқ афсуслана бошлади. Авано-санни унинг ўн иенини қайтариб бериш-бермасликлари умуман қизиқтирмас эди, лекин пуллар қанчалик хурсандчилик билан қабул қилиб олинишини ўйлаганда қалби завқ-шавққа тўларди, холос. Унинг таклифи рад этилганлиги ҳурматсизликдан бошқа нарса эмас эди. Бу ҳам етмагандек…
Кучли довулга дош бериш амри маҳол бўлгани каби, Ясукичи ҳам мана шу “бу ҳам етмагандек”ка чидаши қийинлигини ҳис қилди. Бу ҳам етмагандек, ёрдам сўралганидан сўнг мурувватни рад этиш бориб турган иродасизлик эмасми? Қарздорлик ҳис-туйғуси — унга тупурса ҳам бўлаверади. Энг асосийси, қўрқоқ деган ном олмаслик учун қўлидан келган ҳамма нарсани қилади. Яхши, у қарз олади… олди ҳам дейлик, — лекин маош тарқатиладиган йигирма саккизинчигача қарзини қайтара олмайди. У ўзининг келгусида ёзилажак асарлари учун бемалол бўнак олаверарди. Лекин Авано-сандан олинган қарзни икки ҳафтадан ортиқ муддат қайтармаслик – бу қашшоққа айланишдан ҳам ёмонроқ…
Ясукичи чамаси ўн дақиқа иккиланиб турди, кейин эса соатини чўнтагига солди ва ҳарбийча ғоз юриш қилиб Авано-саннинг столига яқинлашди. Кекса муаллим тамаки тутунига кўмилганча тамаки қутиси, кулдон, давоматни ҳисобга олиш дафтари, елим солинган идиш тартиб билан териб қўйилган стол ёнида одатдагидай алфозда Морис Лебланнинг детективини ўқиб ўтирар эди. Ясукичини кўриб, Авано-сан китобни суриб қўйди ва ҳойнаҳой дарслик бўйича қандайдир саволи бўлса керак, деган тахмин билан индамай унинг юзига боқди.
— Авано-сан! Ҳозиргина таклиф қилган пулингизни қарзга бериб турсангиз, илтимос. Мен яхшилаб ўйлаб кўрдим ва уни олишга аҳд қилдим.
Ясукичи буни бир нафасда айтди. Авано-сан ўрнидан турганини, лекин ҳеч нима демаганини у ғира-шира эслайди. Аммо унинг юз ифодаси қанақа эди — буни Ясукичи сезмай қолган, ҳойнаҳой. Энди, орадан етти ёки саккиз йил ўтгач, у Авано-саннинг ўзининг юзига тегай-тегай деб турган баҳайбат ўнг қўлини эслайди, холос. Кекса муаллим тортиниб, қалтироқ бармоқлари билан (иккинчи бармоғидаги тирноғи никотиндан сап-сариқ бўлиб кетган) унга тўрт буклоғлиқ ўн иенлик пулни узатаётгани ҳали-ҳамон ёдида…

Ясукичи Авано-саннинг пулини индин, душанба куни қайтаришга қатъий аҳд қилди. Аниқлик киритайлик: айнан ўша ўн иенлик пулни. Лекин унинг хаёлида заррача эгри фикр йўқ эди. Янги бўнак олиш умиди пучга чиққан ҳамда ота-онаси ва ака-укалари билан уришиб қолганидан сўнг энди у Токиога борган тақдирда ҳам пул топа олмаслиги аён эди. Демак, қарзни қайтариш учун у мана шу ўн иенлик пулни сақлаб қўйиши керак. Бу пулни сақлаб қўйиш учун эса… Иккинчи класс вагонининг ним қоронғи бурчагида поезд жўнашини билдирувчи гудокни кутаркан, Ясукичи чўнтагидаги майда пул – арзимас олтмиш сэн билан ёнма-ён турган ўн иенлик пул ҳақида эрталабкидан ҳам кўпроқ ўйлар эди.
Эрталабкидан ҳам кўпроқ, лекин ундан ҳам маъюсроқ эмас. Эрталаб у пули йўқлиги боис азоб чекканди, холос. Ҳозир эса шу билан бирга ўн иенни қайтариб бериш мажбурияти билан боғлиқ ахлоқий азобни ҳам ҳис қиларди. Ахлоқий?.. Ясукичи истар-истамас юзи тиришди. Йўқ, ҳеч қанақа ахлоқий эмас. У Авано-саннинг назарида ўз ор-номусини йўқотмоқчи эмас, холос. Обрў-эътиборини сақлаб қолишнинг яккаю ягона йўли қарзга олинган пулни қайтариб беришдир. Агар Авано-сан ҳам санъатни ёки ҳеч бўлмаганда адабиётни ёқтирганида эди, ёзувчи Хорикава Ясукичи ажойиб асар яратган ва ўз обрў-эътиборини сақлаб қолишга ҳаракат қилган бўлур эди. Ёхуд агар Авано-сан ҳаммамиз каби оддий тилшунос бўлганида эди, муаллим Хорикава Ясукичи ўзининг ҳаммага маълум лингвистик тайёргарлигини намойиш қилган ва обрў-эътиборини сақлаб қолиши мумкин бўлган бўлур эди. Лекин санъатга мутлақо бефарқ қарайдиган даҳо тилшунос Авано-сан ҳақида гап кетганда бу усулларнинг ҳеч бири қўл келмасди. Хулласи калом, хоҳлайсанми-йўқми, Ясукичи тарбия кўрган оддий инсонлардек ўзининг ор-номусини сақлаб қолиши, яъни қарзга олинган пулни қайтариши лозим эди. Ор-номусни сақлаб қолиш учунгина ўзининг бошига шунча ташвиш орттириш, шунча қийинчиликка чидаш бир оз эриш туюлар балки. Бироқ Ясукичи қандайдир тушунтириб бўлмас сабаб боис умуман ор-номусини сақлаб қолишни эмас, балки айнан Авано-сан – мана шу кекса, олижаноб, тилла гардишли кўзойнак тақиб юрувчи, бир оз букчайган одам олдида ор-номусини сақлаб қолишни истар эди…
Поезд қўзғалди. Қора булут қоплаган осмонни кесиб тушаётган ёмғир мовий-зангори денгизда ҳаракатсиз қотган ҳарбий кемаларни оқиш парда билан қоплади. Тушуниб бўлмас енгиллик туяркан, Ясукичи йўловчилар унча кўп эмаслигидан кўнгли кўтарилди ва ҳузур қилганча диванга оёғини узатди. Хонгодаги* бир журнал унинг ёдига тушди. Бор-йўғи бир ой аввал ўша ердан ҳамкорлик қилиш ҳақида узундан-узоқ хат олганди. Бироқ бу журнални ўлгудай ёмон кўргани учун уларнинг таклифини жавобсиз қолдирди. Бундай журналга асарларингни сотиш ўз қизингни фоҳишахонага топшириш билан баравар. Лекин энди у бўнак олиш мумкин бўлган ҳамма жойдан пул олиб бўлган, фақат ўша журнал қолганди. Ҳеч бўлмаганда бир озгина пул топа олганда эди…
Поезд туннелдан туннелга шўнғир, ёруғлик билан қоронғулик алмашинувини кузатаётган Ясукичи энг кичкина бўнак ҳам унга қанчалик хуш кайфият ато этиши мумкинлигини тасаввур этарди. Санъат кишисининг қувончи тасодифга боғлиқ. Шундай тасодифдан фойдаланишнинг айбли ери йўқ. Бугун шундай тасодиф – икки-ю ўттизда Токиога етказадиган экспресс. Бўнак олиш учун авваламбор Токиогача етиб бориш керак. Агарда эллик ёки жиллақурса ўттиз иен топа олганидами, унда кечқурун Хасэ ва Отомо билан бирга овқатланиши мумкин бўларди. Фрейлейн Мёллендорфнинг концертига тушса ҳам бўларди. Мато, мўйқалам ва мойбўёқ сотиб олиш ҳам мумкин эди. Эҳ, қани эди… Ўн иенлик пулни сақлаб қолиш учун шунчалик куч-ғайрат сарфлаши шартмикин-а? Бўнак олишнинг иложи бўлмай қолса-чи? Зори бор, зўри йўқ, унда нима қилиш лозимлиги ҳақида ўйлаб кўради. Чиндан ҳам, нима сабабдан у Авано Рэнтаронинг назарида ор-номусини сақлаб қолишга зўр бериб ҳаракат қиляпти ўзи? Авано-сан олиҳиммат инсон, шекилли. Лекин шахсан Ясукичининг тақдири, унинг юрагида ёнаётган санъат оташига Авано-саннинг умуман тааллуқли жойи йўқ. Ўша бегона одамни деб шундай имкониятдан фойдаланмаслик… Эҳ, бундай мантиқ хавф-хатардан холи эмас!
Ясукичи сапчиб тушди ва бирдан диванга ўтириб олди. Туннелдан чиққан поезд ўзидан паға-паға тутун чиқараркан, ёмғирдан ҳўл бўлган, шамолда шитирлаётган яшил мискант билан қопланган дара бўйлаб ғамгин елиб борарди…
Бу эртасига, якшанба куни кечга томон содир бўлди. Ясукичи ўз хонасидаги эски, тўқилган стулда ўтирар ва сигаретасига шошилмай олов тутарди. Унинг қалби анчадан буён ҳис қилмаган қониқиш билан лиммо-лим тўла эди. Бу бежиз эмасди. Биринчидан, у ўн иенлик пулни сақлаб қола олди. Иккинчидан, нашриётлардан биридан ҳозиргина келган хат ичига беш юз нусхадаги китоби учун ҳар бир нусхасига эллик сэн ҳисобидан қалам ҳақи солинган экан. Учинчидан, энг кутилмагани ҳам айнан шу воқеа эди, — шундай қилиб, учинчидан, хонадон соҳибаси унга кечлик овқатга пиширилган хонбалиқ келтирди!
Ёзнинг кечки офтоби ўз нурларини арақи* устидан осилиб турган олча шохларига сочарди. Ҳар ер-ҳар ерига мевалар тўкилган боғдаги тупроққа ҳам сочарди. Саржа шим кийиб олган Ясукичининг тиззалари устида ётган ўн иенлик пулга-да, сочарди. Кечки офтоб нурлари билан йўғрилган буклоғлиқ пулга у диққат билан тикилиб қолди. Кулранг ўн иенлик пул ва унга туширилган виньеткалар ҳамда ўн олти гулбаргли хризантема* бетакрор эди. Тухумсимон доира ичидаги кишининг портрети ҳам ёқимли эди: юзи бефаҳмнамо бўлса-да, лекин аввал у ўйлаганидек беадаб эмасди асло. Пулнинг кўкиш-жигарранг ва ғоят нафис орқа тарафи янада гўзалроқ кўринди унинг кўзига. Қўлма-қўл юравериб уриниб қолмаганида эди, рамкага ўрнатиб завқланса ҳам бўларди. Лекин у нафақат қўлма-қўл юрган. Йирик 10 рақами устида бўёқ билан майда қилиб битилган аллақандай ёзув бор. Ясукичи пулни икки бармоғи билан олди ва ўқиди: “”Ясукэ”га* ўтиб келсаммикин-а?”
Ясукичи пулни яна тиззасига қўйди. Кейин эса сигарета тутунини юқорига, боғ узра таралаётган кечки офтоб нурлари тарафга чиқарди. Ўн иенлик бу пулга қараб ёзув муаллифи суши ейиш учун бориш фикри билангина чекланиб қўяқолган бўлса ажаб эмас. Лекин ҳад-ҳудудсиз оламда мана шундай ўн иенлик пулни деб қанчалик фожиали воқелар юз бермоқда! Қолаверса, ўзи ҳам куни кеча шу қоғоз пул учун жонини фидо қилишга тайёр эди. Лекин ҳаммаси кўнгилдагидай бўлди. Нима бўлганда ҳам у Авано-сан олдида ўз ор-номусини сақлаб қола билди. Беш юз нусха китоби учун олган қалам ҳақи эса майда-чуйда харажатларига яраб туради!
— “Ясукэ”га ўтиб келсаммикин-а? — шивирлайди Ясукичи ва ўн иенлик пулга гўёки куни кеча ўзи ошиб ўтган Альп тоғларига Наполеон боққанидек тикилиб қарайди.

Русчадан Абдувоҳид Умр таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2006 йил, 12-сон

ИЗОҲЛАР:
* Империя ташкил этилган кун (Кигэнсэцу – маъноси: эра бошланиши куни) 11 февралда нишонланади.
* Хасэ Масао — Акутагаванинг дўсти, ёзувчи Кумэ Масао (1891-1952) назарда тутилади.
* Отомо Юкичи — Акутагаванинг дўсти, ёзувчи Кикучи Кан (1888-1948) назарда тутилади.
* “Асино” – “Жинни” (итал).
* Мацумото Хожё – Ёзувчи Мацуока Юзуру (1891-?) назарда тутилади.
* Appearances are deceitful – Ташқи  кўриниш кишини алдайди (инг.)
* Хонго – Токиодаги мавзе.
* Арақи – карниз.
* Хризантема гули япон император оиласининг тимсоли ҳисобланади (тарж.).
* “Ясукэ” – сушиси билан машҳур рестораннинг номи.