Акутагава Рюноскэ. Тансиқ таом (ҳикоя)

Бу воқеа Гэнкэй ҳукмронлиги даврининг охири, эҳтимол, Нинна ҳукмронлиги даврининг бошларида рўй бергандир. Умуман олганда, аниқ вақт ҳикоямизда аҳамият касб этмайди. Ўқувчи учун узоқ ўтмишда, Хэан мулкчилик даврида нималар рўй бергани ва Мотоцунэ Фудзивара музофотида самурайлар орасида аллақандай бир гои* хизмат қилганини билишнинг ўзи кифоя.
Унинг ҳақиқий исмини келтириб ўтмоқчийдим, аммо афсуски, қадимги солномаларда тилга олинмаган экан. Ишонч билан айтаманки, у эслаб ўтиришга арзимайдиган ҳаддан зиёд чакана одам бўлган. Яна шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қадимги солномалар муаллифлари чакана одамлар ва одатий ҳодисалар билан унчалик қизиқмаган. Айнан шу қарашлари билан улар япон натуралист ёзувчиларидан тубдан фарқ қилган. Хэйан даври романнавислари сояпарвар бўлмагани ажабланарли ҳол эмас. Қисқаси, ҳикоямизнинг қаҳрамони Мотоцунэ Фудзивара музофотида хизмат қилган аллақандай бир гои.
Унинг афт-ангори ҳаддан зиёд кўримсиз бўлган. Таърифини бўйининг паканалигидан бошлаймиз. Бурни қизил, қовоқлари салқиган. Кўса. Лунжи ичига ботганидан энгаги бир бурда кўринади. Лаблари… Эҳ-ҳе, таърифини обдон келтирадиган бўлсак, кўп гапиришга тўғри келади. Гапнинг пўсткалласини айтганда, гоимизнинг турқи-таровати кам учрайдиганлар хилидан.
Бу нусха қачон ва қандай қилиб Мотоцунэ хизматига келиб қолгани ҳақида ҳеч ким билмайди. Билганимиз, у аллақачонлардан бери бир хил ишни бир хил кийимда — ранги униққан суйкан* ва худди шундай ғижимланган эбос бажариб юрарди. Шунинг учун бўлса керак, ҳеч кимнинг миясига шу одам ҳам бир пайтлар ёш бўлган, деган фикр келмасди. (Биз таърифлаётган даврда ҳарбий қирқ-ни қоралаб қўйганди). Ҳаммага унинг қизил бурни Судзяк елвизагида қолиб шамоллаган ва мўйлаб дейишга ҳам арзимайдиган мурти эндигина сабза уриб чиққандек туюларди. Ёппасига ҳамма, Мотоцунэ жанобларидан тортиб унинг хизматидаги подачигача ғайришуурий тарзда шундай ўйлар ва бунинг ростлигига шубҳа қилишмасди.
Атрофдагиларнинг бундай кўринишдаги одамга муносабати аслида ёзиб ўтиришга ҳам арзимайди. Самурайлар казармасидагилар бизнинг қаҳрамонимизга чивинчалик эътибор беришмасди. Ҳатто унинг қўл остидагилар ҳам — унвонлию унвонсизи бир бўлиб йигирмага яқин эди улар — ҳайратланарли даражада беписанд ва лоқайд қарашарди унга. Ҳарбий нимадир деса, улар сафсатасини тўхтатиб, қайрилиб қараган тасодиф ҳеч учрамаган. Афтидан, гоимизнинг жуссаси уларнинг кўзига ўта майда кўринар, ҳатто кўринмасди деса ҳам бўлади. Ўзини катта оладиган уй-рўзғор бошқарувчисими ё казарма бошлиғига ўхшаш ҳар турли лавозимдагилар бўлса, табиат қонунига бўйсунгандай унга эътибор беришдан қатъий бош тортишарди. Ўзларининг гўдакларча бемаъни ёвқарашларини совуқонлик билан ниқоблайдиганлар у билан мулоқотда имо-ишора билан чекланишарди. Бироқ одамзодга тил бежизга берилмаган, унинг ҳам ўз ўрни бор. Табиийки, имо-ишора билан тил топишиш имкони бўлмагач, нутқ вужудга келди. Унинг овсарлиги боис ҳам баъзан сўз ишлатишга тўғри келарди. Бундай ҳолларда унинг бошидан оёғигача — эбос шапкасининг учидан тортиб йиртиқ похол чориғигача кўз югуртиришар, кейин оёғидан бошигача қараб чиқишар, ундан кейин эса жирканиб тўнғиллаганча орқа ўгириб олишарди. Шундаям гои ҳеч хафа бўлмаган. У қанчалик нафсониятсиз бўлса, шунчалик журъатсиз ҳам эди, бунинг устига, ноҳақликнинг ноҳақлик эканини ҳам ҳис этмасди.
Самурайлар бараварига нима қилиб бўлса ҳам унинг устидан кулиш пайида бўлишарди. Унинг бадбашара кўринишини қариялар оғизларидан тупук сачратиб масхаралашса, ёш-яланглар ҳам улардан қолишмаслик учун ундан гап очилганда ўзларининг бадиҳа тўқиш қобилиятларини кўз-кўзлаб қўйишарди. Гоининг ёнида ҳам юзинг- кўзинг демасдан унинг бурнию мўйлабидан тортиб шапкаю суйканигача муҳокама қилишдан чарчашмасди. Муҳокама учун мавзу кўпинча унинг тепса думалаб кетгудек дум-думалоқ, пияниста-роҳиба, собиқ ўйнаши бўларди. Айтишларича, бир пайтлар иккаласи апоқ-чапоқ бўлишган экан. Вақт ўтиб, улар туфайли жуда қалтис ҳазиллар юзага келди. Бу жуфтликни биргаликда тасаввур этиш қийин, аммо улар қандай қилиб гоининг сувдонидан биргалашиб сакэ ичишганию кейин иштонларини ҳўллаб қўйишганини эслатиб ўтсак, қолганини ўқувчининг ўзи кўз ўнгига келтириб олаверади.
Бу қилиғини гоининг ўзи мутлақо сезмаган. Турли эҳтимолларга кўра сезмаган. Бу ҳақида қанча гапиришмасин, унинг ҳатто бир туки ҳам қилт этмасди. У фақат эл оғзида латифабоп мўйлабини силаб қўйиб, ўз ишида давом этаверарди. Ҳақоратлар чегарадан ошиб тушгандагина, масалан, бошининг қоқ ўртасига парча қоғозни қўйиб, сочига боғламоқчи бўлишса ёки похол чориғини пичоқ билан кесишга уринишса, кулгиси қистаган ё йиғламоқдан бери бўлган одамдай афтини ғалати буриштириб:
— Э-эй, бундай қилиш яхшимас-ку… қўйсанглар-чи… — деб қўярди.
Ўша ҳолатда кимдир унинг юзини кўриб ёки овозини эшитиб қолса, бехосдан дилида шафқат туйғуси уйғонарди. (Бу ачиниш ҳисси фақат қизилбурун гоигагина эмас, унинг тимсолидаги қалбсизликда айбланувчи мутлақо нотаниш кўплаб одамларга ҳам тегишли эди). Бу туйғу уларнинг юрагидан бир лаҳзагина ғира-шира бўйлаб ўтарди, холос. Тўғри, кимлардадир у бир қанча вақт сақланиб турган, аммо бу тоифа одамлар жуда камчиликни ташкил этади. Ва бу камчиликнинг ичида Тамба вилоятидан келган жуда ёш бир оддий аскар ҳам бор эди. Шу қадар ёшки, мўйлаби эндигина сабза ураётганди. Албатта, у ҳам аввалига қизилбурун гоидан ҳамма қатори бесабаб нафратланган. Аммо кунларнинг бирида: “Э-эй, бундай қилиш яхшимас-ку… қўйсанглар-чи…” деган овозни эшитиб қолди. Ва бу нола унинг миясидан анчагача кетмай юрди. Гои унинг кўз ўнгида мутлақо бош-қа одамга айланди. Рангпар, оми, тўмтоқ қиёфа ичида у қўпол муомалалардан азоб чекаётган Инсонни кўриб қолди. Ҳар гал гои ҳақида ўйласа, бутун дунё одамлари қабиҳлик ботқоғига ботиб бораётгандай туюлаверди. Ва бир вақтнинг ўзида совуқ урган қизилбурун ҳамда сийрак мўйлабли бадбуруш турқ кўз ўнгига келса, унинг қалбига таскин ингандай ҳам бўларди…
Аммо бундай вазиятни унинг ўзи юзага келтирди. Шунинг учун ҳам гои атрофдагиларнинг беписандлигига учради ва ҳаёти чинакамига ит ётиш мирза туришга айланди. Гапни унинг бирорта ҳам дуруст кийими йўқлигидан бошлаймиз. Унинг бисотида яккаю ягона кулрангтоб суйкан ва худди шунақа яккаю ягона иштони бор бўлиб, унинг азбаройи унниқиб кетганидан асл ранги қанақалигини аниқлашнинг иложи йўқ эди. Елкалари андак осилгани ҳамда боғич ва кашталари антиқа ранг касб этишини айтмаганда, суйканнинг аҳволига чидаса бўларди, иштонга келсак, унинг тиззалари ўта ачинарли аҳволда эди. Гои ички кийим киймасди, қилтириқ оёқлари йиртиқ жойлардан мўралаб, ташқи кўриниши нафақат казармада яшовчи баттолларни ижирғантирар, балки ҳар қандай одамга ўламса ҳўкизига тўрт оёқли ғилдиракни торттириб кетаётган қоқсуякни эслатарди. Унинг қиличи ҳам алмисоқдан қолган: сопи лиқиллаб, ғилофининг бўёғи кўчиб кетган эди. Бежиз эмаски, у ўз қизил бурни ва қийшиқ оёқлари билан похол чориғини судраб, одатдагидан ҳам кўпроқ букчайиб ва одамларга илҳақ нигоҳ ташлаб кўчада совуқ қиш осмони остида кетаётганида ҳамма уни турткилаб, масхара қиларди. Ҳатто кўча югурдаклари ҳам бундан истисно эмасди.
Бир куни у Сандзе кўчасидан Синсэн парки томонига кетаётганида йўл четидаги бир тўда болаларга кўзи тушди. Болалар варрак учиришаяпти шекилли, деб ўйлади ва қизиқиб уларга яқинлашди. Қараса, болалар бир дайди кучукчани тутиб, бўйнига сиртмоқ солиб қийнашаётган экан. Тортинчоқ гоига раҳмдиллик бегона эмасди, аммо шу пайтгача у ҳеч қачон буни кўрсатишга ҳаракат қилмаганди. Ҳозир эса қаршисидагилар ҳаммаси болалар бўлгани учунми, ўзида журъат топа билди. Минг машаққат билан юзига табассум югуртириб, болалардан каттасининг елкасига секин уриб деди:
— Қўйворсангиз бўлармиди, итниям жони бор-ку…
Болакай у томон қайрилиб, нописандлик билан безрайди. Боланинг безрайиши гоига у буйруқни миясига сиғдиролмай турган пайтида казарма бошлиғининг ўқрайишини эслатиб юборди. Бола бир қадам ортга чекинди-да, кеккайганча лабини чўччайтириб:
— Маслаҳатингга зор эмасмиз. Қани, туёғингни шиқиллат, қизилбурун! – деди.
Бу гап билан гоининг юзига шапалоқ тортилгандай бўлди. Йўқ, у ҳақоратлангани, жаҳли чиққани учун эмас, ўзига дахли бўлмаган ишга аралашиб, ўзини ерга ургани учун шундай ҳис этди. Ўнғайсизланганини яшириш учун зўрма-зўраки тиржайди ва бир сўз ҳам демай Синсэн парки томон кетди. Елкама-елка турган болалар унинг орқасидан тилларини чиқариб, ҳар хил қилиқлар билан масхаралашди. Албатта, у буни кўрмади. Мабодо кўрганида ҳам ўз қадр-қимматини билмаган гои учун бундан не наф!
Аммо ҳамманинг нафратини қўзғатиш учун дунёга келган ҳикоямиз қаҳрамонида ҳеч қандай хоҳиш-истак йўқ, дея таъкидлаш хато бўларди. Бир неча йиллардан буён у батат бўтқасига ғаройиб иштиёқ билан яшайди. Батат бўтқаси ўзи нима? Одатда уни тайёрлаш учун тоғда ўсувчи ширин бататни хумга солиб, узум шарбати қўшиб бўтқа ҳолатига келгунича қайнатилади. Бир пайтлар бу шоҳона таом ҳисобланиб, уни ҳатто императорлар дастурхонига тортишган. Шу боисдан бўлса керак, йилига бир марта, яъни йиллик маросимдагина гои даражасидаги одамнинг унга оғзи тегиши мумкин эди. Шундаям жуда оз, тишнинг кавагида қоладиган даражада тегарди, холос. Батат бўтқасини истаганча беармон тўйиб-тўйиб ейиш бизнинг гоимизнинг кўпдан бери юрагида сақлаб келаётган яккаю ягона орзуси эди! Албатта, бу орзусини у ҳеч ким билан ўртоқлашмаган. Нима ҳам дейиш мумкин, балки унинг ўзи ҳам бутун ҳаёти шу истакдан иборат эканини англамагандир. Шунга қарамай, у айнан шу истагини амалга ошириш учун яшаганини қўрқмай айтиш мумкин. Зеро, бошқа одамлар ҳам баъзида умрини амалга ошиш ошмаслиги номаълум бўлган истакларга бағишлайдилар-ку. Шунингдек, кимки бу ғайриоддийлик устидан кулса, демак, у инсон табиати ҳақида ҳеч нарса билмайди.
Гоининг “батат бўтқасидан бўкиб ейиш” истаги кутилмаганда осонлик билан амалга ошганига ажабланмай бўлмайди. Шу воқеа ҳақида сизга сўйлаб бериш учун ҳам “Батат бўтқаси” ҳикояси ёзилди.
Қайсидир бир йили иккинчи январда Мотоцунэ музофотида йиллик маросим уюштирилди. (Йиллик маросим бу – регент, императорнинг биринчи маслаҳатчиси император ва унинг ворисларига миннатдорчилик ифода этиш мақсадида ҳар йили бир марта уюштирадиган катта базми жамшид. Йиллик маросимга барча дворянлар, вазирдан тортиб қуйи табақаларгача таклиф этилади ва ибодатхона маросимларидан деярли фарқ қилмайди). Шу куни гоилар ва бошқа самурайлар мўътабар меҳмонлардан қолган-қутган нушхурт овқатлар билан сийландилар. Ўша пайтларда нушхуртларни мулозимларга бериш ҳали одат тусига кирмагани учун ҳам самурай-дружиначилар бир хонага тўпланишиб, уларни паққос туширардилар. Шундай қилиб улар мазкур базми жамшид иштирокчиларига айлангандек бўларди, лекин воқеа қадимда бўлгани учун газаклар миқдори иштаҳалар даражасига тўғри келмасди. Гуруч унидан тайёрланган нон, ёғда кўпчиб пишган кулча, буғда димланган мидия, парранда сур гўшти, Узди мальгаси, Оми зоғорабалиғи, нимталанган олабуға, икрали лосось, қовурилган саккизоёқ, катта қисқичбақалар, катта ва кичик мандаринлар, сихда пишган хурмо ва бошқа кўпгина егуликлар дастурхонга тортиларди. Ва улар орасида, албатта, батат бўтқаси ҳам бор эди. Гои ҳар йили батат бўтқасидан маза қилиб ейишни орзу қиларди. Аммо зиёфатда ҳамиша одам кўплигидан унга деярли ҳеч нима қолмасди. Айниқса бу гал бўтқа жуда кам бўлди. Ва шу сабабдан у гоига ўта мазалидай туйил-ди. Гои бўшаб қолган идишлардан кўз узмай, мўйлабига ёпишган томчини кафти билан артиб, ўзича ғўнғиллади:
— Қизиқ, қачонлардир менгаям шундан тўйгунимча ейиш насиб қилармикан? – ва хўрсиниб қўшиб қўйди: — Оддий самурайни батат бўтқаси билан кимам сийларди…
Бу сўзлар оғзидан чиқиши билан кимдир қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди. Бу аскарларга хос эркин, дағал қаҳ-қаҳа эди. Гои бошини кўтариб, тортинчоқ нигоҳ ташлади. Кулаётган одам жуда бақувват, елкалари кенг, баланд бўйли Мотоцунэнинг тансоқчиси, фуқаролик ишлари вазири Токунагининг ўғли Тосихито Фудзивара эди. У пиширилган арғувон ёнғоғини тиши билан чақар ва устидан қора сакэ ичарди. У ширакайф эди.
— Эсиз-эсиз, — деди у гоининг бош кўтарганини кўриб, истеҳзо ва нафрат билан. – Умуман олганда, агар хоҳласанг, Тосихито сени бурнингдан чиққунча тўйдиради.
Хўрланган ит олдига ташланган суякка дарров тумшуғини чўзмайди. Гои афтини одатдагидай йиғламсирабми, кулимсирабми, тушуниксиз буриштириб, дам бўш идишга, дам Тосихитонинг юзига қарарди.
— Хўш, хоҳлайсанми?
Гои индамади.
— Гапир, нима дейсан?
Гои яна индамади. У бутун вужуди билан ҳамма унга тикилаётганини ҳис қиларди. Ҳозир жавоб берса, устига мазахлар тошдай ёғилади. Ҳатто гои тушундики, жавоб қандай бўлишидан қатъи назар, уни таҳқирлашади. У иккиланди. Эҳтимол, Тосихито диққати ошиб гап қотмаганида, у дам бўш идишга, дам Тосихитога аланглашда давом этаверарди.
— Агар хоҳламасанг, айт шуни.
Буни эшитган гои ҳаяжонланиб жавоб берди:
— Йўғ-э, унақамас… Сиздан ниҳоятда миннатдорман.
Буни эшитиб, йиғилганлар хохолаб кулиб юборишди. Кимдир масхаралаб унинг гапини қайтарди: “Йўғ-э, унақамас, сиздан ниҳоятда миннатдорман”. Гулдирос кулги билан бирга самурайларнинг узун ва думалоқ қалпоқлари бараварига ранг-баранг егуликлар тўлдирилган катта-катта идишлар, саватлар устида худди тўлқинлар каби ҳаракатга келди. Тосихитонинг ўзи қувноқ ва ҳаммадан баланд овозда қаҳ-қаҳ отди.
— Ундай бўлса, сени ўзимнинг уйимга таклиф қиламан, — деди у. Шу пайтда ичидан отилиб чиқмоқчи бўлган кулгиси ҳозиргина ичган сакэ билан бўғзида тўқнашиб, башараси буришиб кетди. – Бўпти, шундай бўлақолсин…
— Сиздан жуда миннатдорман, — такрорлади гои тутилиб ва қизариб.
Ўз-ўзидан яна кулги кўтарилди. Ҳамманинг диққатини ўзига жалб этишга уринган Тасихитога келсак, у елкалари силкинганча ҳаммадан ошириб хохоларди. Бу шимоллик махлуқ ҳаётда вақт ўтказишнинг фақат икки усулини тан оларди: биринчиси – бўкиб сакэ ичиш, иккинчиси – хохолаб кулиш.
Яхшиямки, улар ҳақидаги гап-сўзлар тез якун топди. Нима бўлди, билмайман. Жамоанинг эътибори қанақадир қизилбурун гоига қаратилгани бошқа гуруҳларга ёқмаган бўлса керак. Ҳарҳолда суҳбат мавзуси ўзгарди, газак билан сакэнинг таги кўриниб қолди, қанақадир қуролбардор отга минаман деб шошганидан икки оёғини иштонининг бир томонига тиқиб олгани ҳақидаги янги ҳангома ҳамманинг эътиборини чалғитди. Фақат гои ҳеч нимани эшитмаган бўлса керак. Балки унинг бутун фикру зикри икки сўз билан банд эди: батат бўтқаси! Дастурхонда унинг олдида қовурилган тустовуқ турарди, аммо гои унга қўл узатмади. Унинг идиши қора сакэга тўлатилган эди, аммо у идишни қўлигаям олмади. Бўлаётган гапларнинг ўзига ҳечам алоқаси йўқдай қўлини тиззаларига қўйганча қимир этмай ўтирар ва совчи келган қиздай ҳаяжондан юзи тугул оқ оралаган сочларининг илдизигача қизариб кетганди. У қай макон ва замондалигини ҳам унутиб, батат бўтқасидан бўшаган сирланган қора идишга қараб, бемаъни иржайиб ўтирарди…
Орадан бир қанча вақт ўтиб, бир куни эрталаб Аватагути йўлидан Камогава дарёси бўйлаб иккита отлиқ шошилмай борарди. Улардан бири қалин ҳаворанг каригину* ва шу рангда хакама* кийган ажойиб сочли, қора мўйлабли кўркам йигит узун қимматбаҳо қилич тақиб олганди. Иккинчиси эса қирқни қоралаб қолган шўлқиллаган қизилбурун самурай унниққан суйкан устидан кийган иссиқ пахтали ки-йимининг белбоғини ҳафсаласиз боғлаган, умуман олганда, унинг кўриниши шу қадар шалвираганки, бу ҳақида гапириб ўтириш ортиқча. Бироқ иккаловининг отига ҳам гап йўқ, уч ёшли тўриқ той, думи ва ёли қора тулпорга ўткинчи савдогарлар, самурайлар тўхтаб, орқаларидан қараб қолишарди. Яна икки киши отлиқларнинг орқасидан эргашиб келарди, афтидан, улар қуролбардор ва хизматкор эди. Суворийлар Тосихито ва гои эканини ўқувчига тушунтириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак.
Қиш бўлишига қарамай кун осуда ва очиқ, оппоқ биёбонда хўмрайган бадбуруш тошлар орасида ариқ бўйларида қолган қуриган ёвшан пояларини сал-пал қимирлатадиган шабада ҳам йўқ эди. Барглари тўкилган пакана мажнунтолларни ҳароратсиз қуёш нурлари ёритар, дарахтлар устида узун думини ўйнатиб ўтирган жаблажибонларнинг сояси оппоқ йўлга тушиб турарди. Хигасия адирлари қуюқ яшиллиги тепасидаги думалоқ тоғлар музлаган бахмал тўлқинларга ўхшарди. Суворийлар қамчиларини ишга солмай, шошилмасдан кетишар, эгарлардаги нақшлар қуёшда садафдай товланиб, кўзни қамаштирарди.
— Қаерга кетаётганимиз ҳақида сиздан сўрасам бўладими? – сўради гои қовушмаган ҳаракат билан отнинг тизгинини тортаркан.
— Ҳадемай етиб борамиз, — жавоб берди Тосихито. — Бу ўйлаганингдан яқинроқ.
— Аватагутими?
— Шундай бўлсаям ажабмас.
Бугун эрталаб Тосихито гоини лаққа тушириш мақсадида Хигасия томонларга бирга кетишларини, у ерда қайноқ булоқ борлигини айтди. Қизилбурун гои бу гапга оппа-осон ишонди-қўйди. У анчадан бери ҳаммомда чўмилмаган, бадани чидаб бўлмас даражада қичишиб юрарди. Батат бўтқаси билан сийлашса, бунинг устига, қайноқ сувда чўмилса, унга яна нима керак? У Тосихитонинг захирадаги тўриқ тойида силкиниб кетаркан, фақат шу ҳақида орзу қиларди. Қишлоқлар бирин-кетин орқада қолаяпти, бироқ Тосихитонинг ҳали тўхташ нияти йўқ. Мана, Аватагутидан ҳам ўтиб кетишди.
— Бундан чиқди Аватагути эмаскан-да-а?
— Яна бирпас чида, — мийиғида кулиб жавоб берди Тосихито.
У ҳеч нима бўлмагандай олдинлаб бораверди, фақат гоининг юзини кўрмаслик учун тескари қараб олди. Йўл четидаги хароба кулбалар борган сари камаяр, кенг қишки далаларда емак ахтарган қарғалару тоғлар соясида сақланиб қолган бефайз кўкимтир қорлардан бўлак ҳеч нима кўринмасди. Ҳаво очиқ эди, аммо тиниқ осмонга санчилган гужум шохларини кўриб одамнинг эти жунжикарди.
— Бундан чиқди Ямасинага яқин эканда-а?
— Ямасина ана, бу сал нарироқда.
Ҳақиқатан Ямасино ҳам орқада қолди. Ямасино нима эмиш. Сэкияму ҳам билдирмай қолиб кетди. Вақт пешиндан ўтганда улар Миидэра ибодатхонасига етиб келишди. Ибодатхонада Тосихитонинг роҳиб оғайниси бор экан. Улар роҳиб билан тушлик қилишди ва шоҳона овқатлардан кейин отларига амал-тақал миниб, яна йўлга тушишди. Энди уларнинг йўли илгаригидан фарқли равишда қуп-қуруқ чўлдан иборат эди. Шуни ҳам айтиш керакки, ўша пайтларда шу атрофда қароқчилар тўдалари изғиб юрарди.
— Ҳали узоқ юрамизми?
Тосихито тиржайди. Бу ҳол ножўя иш устида қўлга тушган болакайнинг тиржайишига ўхшарди. Бурнининг учига ажин йиғилган, кўз атрофи мийиқлари тортилган, қаттиқ кулиб юборишдан бери бўлиб, жазм қилолмай турган боланинг тиржайишига.
— Очиғини айтсам, сени ўзимиз томонга, Цуругуга обормоқчийдим, — деди ниҳоят у ва кулиб қўлидаги қамчиси билан узоқларни кўрсатди. У ерда Оми кўли қуёш нурлари остида кўзни қамаштирадиган даражада ялтиллаб кўринарди.
Гои саросимага тушди.
— Сиз Цуругу ҳақида гапиряпсизми? Этидзэн вилоятидаги-а? Ўшами?
Арихито Фудзиваранинг куёви бўлмиш Тосихито кўп вақтини Цуругуда ўтказиши ҳақида бугун эрталаб унинг қулоғига чалингандай бўлганди. Лекин шу дақиқагача Тосихито уни ўша ёққа судраб бориши хаёлининг кўчасига ҳам келмаган. Биринчидан, бор-йўғи иккита хизматкор кузатувида икковлон тоғлардан ошиб, дарёларни кечиб Этидзэн вилоятига эсон-омон етиб олиши мумкинми? Тағин ҳамма ерда қароқчиларга йўлиқиб, талон-тарож бўлган бечора йўловчилар ҳақида миш-мишлар ўрмалаб юрган бир пайтда-я? Гои Тосихитога илтижоли нигоҳ ташлади:
— Бу қандай бўлди-я? Мен Хигасияга борамиз деб ўйловдим, биз эса Ямасинага борарканмиз. Ямасинага етиб келсак, Мидэруга бориш керак экан… Мана, энди Цуругага, Этидзэн вилоятига борамиз, деяпсиз… Бунақа қилиш… агар бошидан шуни айтганингиздаям… сиз эса қанақадир малайдай мени эргаштириб келавердингиз. Цуругамиш… ахир бу бемаънилик-ку…
Гои йиғламоқдан бери бўлди. Агар “батат бўтқасидан тўйиб ейиш” умиди унда шижоат уйғотмаганида, шу заҳотиёқ Тосихитони ташлаб Киотага қайтиб кетарди. Тосихито унинг саросимага тушганини кўриб, енгил қовоқ уйиб истеҳзо билан деди:
— Тосихито сен билан экан, мингта одам билан кетаяпман, деб фараз қилавер. Ҳеч хавотирланма, йўлда сени жинам урмайди.
Кейин у қуролбардорини чақирди, ундан ўқдонини олиб, елкасига осди ва қора локи ялтиллаган камонини ҳам олиб, эгарининг олд тарафига кўндаланг қилиб қўйди-да, отига қамчи уриб, илгарилаб кетди. Нафсонияти мудроқ гоининг Тосихитога бўйсунишдан бошқа чораси қолмади. У кимсасиз далага ҳадиксираб нигоҳ ташлади-да, ярми эсидан чиққан “Каннон-ке” деган сутруни ғўлдираб ўқиганча қизил бурни эгарига тегар даражада букчайиб олиб, чарчоқ отининг лўкиллашига монанд чайқалиб кетаверди.
Теварак-атрофда мискант бутазорлари сарғайиб ётар, туёқлар овози кенгликларга акс-садо таратарди. У ер-бу ерда учраб қолган кўлмакларда бўз осмон совуқ акс этар, шунинг учун ҳам бугунги қиш кечасида улар муз билан қопланишига ишониш қийин эди. Қуёш узоқ-узоқлардаги тоғ тизмаларининг ортига яширинган, тоғлар тўқ нафармон соядай кўринар, эримай қолган қорлар одатдагидай ялтиллаб кўзга ташланмасди. Ҳарҳолда мискант бутазорлари гоҳ-гоҳида бу мунгли манзарани сайёҳлар кўзидан бекитиб турарди… Тосихито тўсатдан жонланиб, гои томон қайрилди:
— Ана, бизга керакли хабарчиям топилди! Ҳозир мен уни Цуругага юбораман.
Тосихито нимани назарда тутганини гои тушунмади. У Тосихито камони билан кўрсатган томонга қўрқа-писа қаради, атрофда одам зоти кўринмасди. Фақат ботаётган қуёш нурида қизғиш рангли юнги ялтиллаб қуюқ новдалар оралаб ўтиб кетаётган бир тулкига кўзи тушди. Унинг қараши билан тулки чўчиб сакраб тушди-да, тирақайлаб қочди. Сабаби, Тосихито қамчисини ўйнатиб, унинг орқа-сидан от солган эди. Ҳамма нарсани унутган гои ҳам отини улар томон буриб, қамчи урди. Ўз-ўзидан аёнки, хизматкорлар ҳам жим қараб қолишмади. Бир қанча вақт ичида туёқларнинг бир маромдаги дупури чўлу биёбонни тутиб кетди. Тулки қўлга тушганди. Тосихито уни орқа оёқларидан ушлаб, бошини ерга осилтириб эгарига тиркаб турарди. Тулки ҳолдан тойгунича Тосихито унинг орқасидан қувиб, ушлаб олган бўлса керак. Гои қаттиқ ҳаяжонда сийрак мўйлабига сизиб чиққан терларини артиб, унинг ёнига келди.
— Қани, тулки, мени яхшилаб эшит-чи! – деди Тосихито тулкини юзига яқин келтириб, жўрттага баландпарвоз овозда. – Шу кечадан қолмай цуругулик Тосихитонинг мулкига бориб, у ердагиларга айтасан: “Тосихито уйига меҳмон чорлашни ихтиёр этди. Эртага Илон вақтида унга пешвоз чиқиш учун одамлар юборилсин ва улар ўзлари билан иккита эгарланган от олиб келсин”. Эслаб қолдингми?
Охирги сўзини айтаётиб у тулкини бир силкитди-да, бутазорга қараб улоқтириб юборди. Ўша пайтда етиб келган хизматкорлар хохолаб чапак чалиб тулкининг орқасидан қичқиришди: “Югур, жонивор! Югур!”. Жонивор хазон рангли юнги билан лип-лип ялтиллаб, тош ва илдизлар орасида йўлга ҳам қарамай, жони борича қочарди. Одамлар турган жойдан бутун кенглик кафтдай кўринар, чунки айнан шу ердан текислик қиялаб, қуриган дарё ўзанига туташиб кетганди.
— Антиқа хабарчи, — деди гои.
У дўлворларча қойил қолиб, пастдан юқорига – ҳатто тулкиниям чув туширган ёввойи жангчининг юзига ҳаддан зиёд эҳтиром билан тикилди. Лекин ўзи ва Тосихитонинг ўртасида нечоғлик фарқ борлиги ҳақида ўйлаб кўришга унинг вақти йўқ эди. У фақат шуни аниқ билардики, Тосихитонинг инон-иродасида бўлган кенгликларнинг чегараси йўқ, унинг иродаси ҳам ўша кенгликларга тобе. Энди Тосихито ихтиёр этсагина у эркин бўлиши мумкин… Гоининг аҳволида ўзгаларга хушомад пайдо бўлиши табиий. Ва бундан кейин қизилбуруннинг феъл-атворида масхарабозга хос хусусиятларни кўриб ҳам унинг асл табиати ҳақида шубҳага бормаслик керак.
Улоқтирилган тулки қияликдан ўмбалоқ ошиб югургилаганча, тошлар орасидан жуда эпчиллик билан сирғалиб чиқиб, қуриган дарё ўзанидан нариги соҳилга ўтиб кетди. Югуриб кетаётиб орқасига қайрилиб қаради. Уни тутган самурайлар ҳалиям узоқдаги қияликнинг чўққисида ўз отлари устида туришарди. Узоқдан улар тулкига бармоқдай кичкина кўринишди. Айниқса, тўриқ билан саман аниқ кўзга ташланди: ботаётган қуёш нури остида улар худди қишнинг совуқ ҳавосига чизилгандек кўринарди.
Тулки яна бир бор орқасига қайрилди-да, қуриган чакалакзор орасидан шамолдай елиб кетди.
Келишилгандек, эртасига Илон вақтида йўловчилар Такасимага етиб келишди. Бу Бива кўли соҳилида жойлашган осуда қишлоқча бўлиб, қовоғи солиқ осмон остида ҳар ер-ҳар ерда томи похол билан ёпилган уйлар учрарди. Сайқал берилмаган ойнага ўхшаш кўл енгил жимирлаганча кулранг товланиб, соҳил бўйидаги қарағайлар орасидан совуқ гезариб турарди. Тосихито гоига қайрилиб, деди:
— Анави ёққа қара. Одамларим кутиб олишга чиқибди.
Гои қараса, ҳақиқатан ҳам соҳил томондаги қарағайлар орасидан енглари совуқ шамолда ҳилпираб, иккита отни етаклаб йигирма-ўттиз чоғли суворий ва пиёдалар келишаяпти. Белгиланган масофада тўхтаб, суворийлар шошиб отдан тушишди, пиёдалар эса йўл четида итоаткорона бошларини эгиб, Тосихитонинг келишини иззат-икром билан кута бошлашди.
— Тулки топшириғингизни бажарибди-я.
— Бу тулки табиатан афсунгар экан, мен айтган топшириқни бажариш унга чўт эмаскан.
Тосихито ва гои шу йўсинда суҳбатлашиб кутаётганларга пешвоз боришди.
— Жиловдорлар! — чақирди Тосихито.
Итоаткорона бош эгиб турган одамлар чопқиллаб бориб отларнинг жиловидан олишди. Ҳамманинг юз-кўзида ажиб хурсандчилик зоҳир эди.
Тосихито ва гои отдан тушишди. Улар жун кигизга ўтиришлари билан жигарранг суйкан кийган оқсоч хизматкор Тосихитонинг ёнига келиб:
— Кеча бир ғаройиб воқеа рўй берди, — деди.
— Нима бўлди? – эриниб сўради Тосихито хизматкорлар олиб келган газак тўла қутилар ва бамбук идишларни гоига узатаётиб.
— Айтишга рухсат берасиз. Кеча оқшом Ит вақтида бекамиз бирданига ҳушдан кетиб қолдилар. Беҳушликларида: “Мен Сакамотадан келган тулкиман. Яқинроқ келиб, яхшилаб қулоқ солинглар, сизларга бугун хўжайин нималар айтиб юборганини етказаман”, — дедилар. Ҳамма йиғилганида бекамиз бизга лутф қилдилар: “Хўжайин кутилмаганда меҳмон чақиришни ихтиёр этдилар. Эртага Илон вақтида Такасимага у кишининг истиқболига бир нечта одам ва иккита эгарланган от юбориш керак экан”.
— Ростданам қизиқ иш бўпти, — гои уларни хурсанд қилиш учун маъқуллаган бўлса ҳам дам хўжайинга, дам хизматкорларига ишонқирамай нигоҳ ташларди.
— Лекин бу бекамиз айтган гапларнинг ҳаммаси эмас. Шундан кейин улар даҳшатли қалтираб: “Кечга қолманглар, акс ҳолда хўжайин мени отамерос уйимдан ҳайдаб чиқаради!”, — дея бақирдилар ва ҳўнграб йиғлай бошладилар. Уларни ҳеч овутиб бўлмади.
— Хўш, кейин-чи?
— Кейин уйқуга кетдилар. Биз чиқишимизда улар ҳали уйғонишни лозим топмаган эдилар.
Хизматкор гапини тугатгач, Тосихито гоига қараб:
— Қалай? – деди тантанавор оҳангда. — Кўрдингми, ҳатто ҳайвонларам Тосихитога хизмат қилади!
— Қойил қолиш керак, — деди гои боши эгилган кўйи қизил бурнини қашлаб. Кейин ниҳоятда ҳайратлангандай оғзини очиб, тошдай қотиб қолди. Мўйлабида сакэ томчиси илиниб турарди.
Кун ўтиб, тун келди. Гои Тосихито уйининг хоналаридан бирида уйқуси қочиб шамчироқ нурига паришон тикилиб ётарди. Кечаги таассуротлар – улар ўтиб келган Мацуяма, Огава, Карэно, ўт-ўланлар, хазонлар, тошларнинг ҳидлари, бултурги сабзавотлар поялари гулханлари тутуни ҳамда уйга етиб келишганида елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил тортгани ва туманли кеча қоронғисида қип-қизил ловиллаб кўринган ўчоқлардаги кўмир оташлари хаёлидан бирма-бир ўтарди. Ҳозир тўшакда ётиб шулар ҳақида ўйларкан, унга ҳаммаси узоқ ўтмишда бўлиб ўтгандай туюлди. Сариқ иссиқ ёпинчиқ остида у оёқларини роҳатланиб чўзди ва ички нигоҳ билан ҳозирги ҳолатига ўйчан назар ташлади. Кўркам ёпинчиқ тагидан Тосихито вақтинча марҳамат қилган шойидан тикилган иккита пахтали кимоно кийганди. Шу кийимнинг ўзидаёқ терлаб кетиш ҳеч гап эмасди. Бундан ташқари, кечки овқатда тўйиб ичилган сакэ ҳам унинг баданини қиздираётганди. Бош тарафидаги дераза ортида ҳайбатли ҳовли қировдан ялтиллаб ётибди, аммо бундай роҳатли дамларда бу унинг учун қўрқинчли эмас. Киотодаги самурайга шогирд тушган пайтлари билан бугунги куннинг ўртасидаги фарқ осмон билан ерча-я. Шунга қарамай, бизнинг гоимизнинг кўнглида қандайдир тушуниксиз хавотир уйғонмоқда эди. Биринчидан, вақт жуда секин ўтаётганди. Бундан ташқари, у худди тонг отишини истамаётгандай, ҳатто батат бўтқасидан лаззатланиш истаги тезроқ амалга ошишига ҳам иштиёқи йўқдай. Ва мана шу зиддиятли ҳис-туйғулар қуршовида, аҳволнинг кескин ўзгариши натижасида кечаги кучли ҳаяжони қаёққадир ғойиб бўлган, унинг дийдаси бугунги қиш ҳавосига монанд қотиб қолганга ўхшарди. Ва булар ҳаммаси бир бўлиб унга халал берар, ҳатто у йўл бўйи кутган уй ҳарорати ҳам унинг тинчгина ухлашига қўймасди.
Ҳовлида гумбурлаган товуш янгради. Афтидан, бу овоз кеча уларни йўлда кутиб олган оқсоқол хизматкорники эди. Бу қуруқ овоз совуқда жаранглагани учунми, гоига жуда қўрқинчли туюлар, ҳар бир сўз изғирин шамол каби унинг суяк-суягига санчилаётгандай бўларди.
— Ҳой югурдаклар, буйруқни эшитинглар! Хўжайиннинг истакларини ижобат этиш мақсадида эрталаб Қуён вақтида ҳар бирингиз уч сун энли ва беш сяку узунликдаги тоғ бататларидан бир қопдан олиб келишингиз шарт! Эсингиздан чиқмасин! Қуён вақтида!
Оқсоқол бу буйруқни бир неча марта такрорлагач овози ўчди ва ташқари яна қиш ҳукмида қолди. Жимжитликда шамчироқ мойининг вижиллаши эшитиларди. Қизил шойи тасмасига ўхшаган чироқ милтилларди. Гои эснади, тамшанди ва яна узуқ-юлуқ ўйларга чўмди. Тоғ бататларини олиб келиш буйруғи, албатта, батат бўтқаси пишириш учун… Гои шу ҳақида ўйлаши билан, ҳовлидаги овозга қулоқ солиб турганида эсидан чиққан безовталик ҳисси яна қалбига қайтди. Ўзида батат бўтқаси билан сийланиш дамларини иложи борича орқага суриш хоҳиши пайдо бўлганини ҳис қилди ва бу ҳис унинг онгига ниҳоятда мустаҳкам ўрнашиб олди. “Батат бўтқасидан тўйиб ейиш” истаги осонгина амалга ошиш вақти келганида йиллар давомида сабр-тоқат билан кутгани энди унга мутлақо бемаънилик бўлиб туюла бошлади. Ейиш мумкин бўлганда нимадир тўсқинлик қилади, ейиш-га имкон бўлмаганда бу тўсиқ йўқолади, мана, кута-кута ниҳоят етиб келганида зиёфатни эсон-омонгина ўтказиб олишни хоҳлаб ўтирибди… Шунга ўхшаш фикрлар гоининг миясида у ҳолдан тойиб, бирдан ўликдай қотиб ухлаб қолгунича визвизакдай тинимсиз айланаверди.
Эртасига эрталаб уйғониб, у дарров тоғ бататлари ҳақида эслади ва шошганча дарпардаларни кўтариб деразадан қаради. Афтидан, у ухлаб қолганга ўхшайди, Қуён вақти аллақачон ўтиб кетибди. Ҳовлида узун-узун бўйраларда минглаб думалоқ ходага ўхшаш буюмлар том баравар уйилиб ётарди. Қараб туриб тушунди, буларнинг ҳаммаси эни уч сун ва узунлиги беш сяку келадиган ғоятда ҳайбатли тоғ бататлари эди. У уйқусираган кўзларини ишқалаб, ҳайрат билан ва ҳатто даҳшатга тушиб ҳовлида бўлаётган ишларга анграйиб қолди. Ҳамма ерда янги ясалган чорпояларда қатор-қатор бўлиб беш-олтитадан қозонлар турар, атрофида ўнлаб оқ либосли майда-чуйда хотинлар куймаланиб юрарди. Улар батат бўтқаси пишириш учун тайёргарлик кўришарди – бири ўтин ёққан, бошқаси ўчоқни кулдан тозалаган, яна бири янги ёғоч хумларда қозонларга узум шарбатини қуйган, уларнинг лип-лип югуриб-елишларидан гоининг кўз олди жимирлаб кетди. Ўчоқдан чиққан тутун, шиннидан чиққан буғ тарқаб улгурмаган эрталабки туманга қоришиб, бутун ҳовлини кулранг тўзонга тўлдирган, фақат бу тўзон ичида қозон тагидан ўрлаётган аланга қизил доғдай ёрқин кўзга ташланарди. Кўз кўриб, қулоқ эшитганларнинг ҳаммаси ё уруш бўлаётгани, ё ёнғин чиққани тасвирланган тўпалон саҳна кўринишига ўхшарди. Гои мана шу улкан бататлар улкан қозонларда батат бўтқасига айланишини аниқ ва тиниқ тасаввур қилди. Яна ўйладики, Киотодан шу ерга, Цуругага, узоқ Этидзэн вилоятига атай шу батат бўтқасини ейиш учун судралиб келди. Қанча кўп ўйлагани сари у шунчалик сиқиларди. Бу вақтга келиб гоимизнинг ачинишга лойиқ иштаҳасининг ярмигина қолганди, холос.
Бир соатдан кейин гои Тосихито ва унинг қайнотаси Арихито билан нонушта қилиб ўтирарди. Унинг олдида биргина кумуш қозонча турар, бу қозонча оғзигача тўла бўлиб, унда оламжаҳон батат бўтқаси бор эди. Гои боягина ўнлаб ёш йигитлар чопқилар билан том бўйи йиғилган тоғдай бататларни апил-тапил майдалаб ташлашганини кўрганди. Яна кўргандики, оқсоч аёллар майдаланган бататларни охирги бўлагигача қозонларга солиш учун ҳовлиқиб югуриб юришганди. Ва ниҳоят, буйраларда биттаям батат қолмаганда қозонлардан бататлар ва узум шиннисининг ҳиди билан қоришиб кетган қайноқ буғлар тиниқ тонг осмонига ўрлаётганини кўрганди. У буларни ўз кўзи билан кўрганди ва ҳозир бўтқага лиқ тўла қозонча олдида ўтириб, ҳали унга қўл узатмасдан у ўзини тўқ ҳис қилишининг ҳеч ҳайратланарли ери йўқ эди… У ўнғайсизланиб пешонасининг терини артди.
— Сен ҳали батат бўтқасидан маза қилиб тўйиб еганинг йўқ, — деди Арихито. – Тортинмай олавер.
Хизматкорларига қайрилиб қараганди, унинг буйруғи билан дастурхонда яна бир нечта кумуш қозончалар пайдо бўлди. Уларнинг ҳаммаси қулоғигача батат бўтқаси билан тўлдирилганди. Гои кўзларини юмиб олди, унинг қизил бурни баттар қизарди, бўтқага сопол чўмични тиқиб, зўр-базур ярмигача ейишнинг уддасидан чиқди. Тосихито яна бир тўла қозончани унинг ёнига суриб қўйиб, бешафқатларча кулди:
— Отам сенга нима деганди. Бўл, уялмай ол.
Гои ишлар чатоқлигини тушунди. Бу ерда уялиш ҳақида гапириш ортиқча, бошиданоқ ана шу бўтқани кўришга кўзи йўқ эди. Ярим қозончасини бир амаллаб ютди. Унинг боши қотди. Агар ҳозир яна бир қошиқ еса, қайт қилиб юборади, ейишдан бош тортса, Тосихито билан Арихитонинг майлини қайтаришдан қўрқади. Гои яна кўзини чирт юмиб, қолган бўтқанинг уч қисмини ютди. Томоғидан бошқа бир томчиям ўтмасди.
— Сизга чин дилдан ташаккур билдираман, — ғўлдиради гои. – Қорним тўйди… Бошқа еёлмайман, чин дилдан ташаккуримни билдираман.
Унинг кўриниши жуда аянчли эди, мўйлаби ва бурнининг учида жазирама ёздагидай йирик-йирик тер томчилари осилиб турарди.
— Сен ҳали оз единг, — деди Арихито ва хизматкорларига қараб қўшиб қўйди: — Афтидан, меҳмон уялаётганга ўхшайди. Нимага қараб турибсизлар?
Арихитонинг буйруғи билан хизматкорлар энди чўмичга қўл узатиб тўла қозончадан бўтқа олмоқчи эдилар, гои бечора қўлларини худди пашшани ҳайдагандай силкитиб, хўрланиб рад этди:
— Йўқ-йўқ, энди етарли… Узр… узр, менга етарли.
Эҳтимол, Арихито гоини қайта-қайта сийлашда давом этарди, аммо шу пайт Тосихито тўсатдан қаршисидаги уйнинг томини кўрсатиб: “Оҳ-о, уни қаранглар!” деб қолди. Гоининг бахтига, у ҳамманинг диққатини чалғитди. Ҳамма Тосихито кўрсатган тарафга қаради. Том тонгги қуёшнинг заррин нурларига кўмилганди. Ва у ерда кўзни қамаштиргудек бўлиб аллақандай ялтироқ юнгли ҳайвонча тобланиб ўтирарди. У Тосихито ўтган куни чўлда тутган сакамоталик тулки эди.
— Тулкиям батат бўтқасининг ҳидини олиб келди, — деди Тосихито. – Эй, ким бор, анави ҳайвонгаям беринглар, савобга қоласизлар.
Буйруқ тезда бажарилди. Тулки томдан сакраб тушиб меҳмондорчиликда иштирок этди.
Гои бўтқани чапиллатиб ялаётган тулкига ғамгин ийиб тикилиб ўтираркан, хаёлан ўзини кўрди: бу ерга келишдан олдин у қанақа эди? У шундай эдики, кўпгина самурайлар устидан куларди. У шундай эдики, ҳатто кўча болалари ҳам масхаралаб, қизилбурун деб чақиришарди. У шундай эдики, унниққан суйкан ва йиртиқ хакамада Судзаку кўчаларида дайди итдай изғиб юрган ғамгин ва ёлғиз бир кимса эди. Ва лекин Батат бўтқасидан тўйиб ейиш орзусини юрагида опичлаб юрган инсон… У онгу шуурида энди умрида ҳеч қачон батат бўтқасини оғзига олмаслик ҳақида ўйлаганида юрагига осудалик инди ва терлари қотаётганини ҳис этди, ҳатто бурнининг учидаги томчи ҳам қуриб қолди. Эрталаб бўлишига қарамай Цуруга қуёшли эди, аммо шамолнинг заҳри суякни ёрарди. Гои шошилиб бурнини ушлади-да, кумуш қозончага қараб баланд овозда аксириб юборди…

Рус тилидан Ойдиннисо таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 9-сон.
_________________
* Г о и — Кичик ҳарбий унвон
* С у й к а н — устки кийим
* К а р и г и н у — қишки кийим
* Х а к а м а — қалин иштон