Акутагава Рюноскэ. Чакалакда (новелла)

Маҳкама тўраси терговида ўтинчининг айтганлари

Худди шундай. Мурдани мен топдим. Бугун эрталаб ҳам, ҳамишагидек ўтин чопиш учун тоққа, узоқроққа чиққан эдим. Ўлик шу тоғ тагидаги чакалакда ётган экан. Аниқ қаерда? Ямасинга ўтадиган қатнов йўлидан тахминан тўрт-беш тё* ичкарида бамбук билан янги криптомерий аралаш ўсган овлоқ бир жой.
Мурданинг эгнида пойтахтдагилар киядиган оч-ҳаворанг суйкан*, бошида нимдошгина абоси* қалпоқ бор эди. У чалқанча ётган экан. Кейин, мана, гавдасида битта шу жароҳат кўринди, лекин қоқ кўкрагида, атрофидаги қуруқ бамбук хазонлари мисоли аниқ шингарфига бўялгандек. Йўқ, қон бошқа кетмаётган эди. Жароҳати, кўринишидан, қотган шекилли. Ҳа, яна битта нарса, жароҳатда қон сўриб тўйган сўна ҳам қўниб турган эди, оёқ товушимдан учиб ҳам кетмади.
Қиличми ё шунга ўхшаган бирон нарса кўринмадими? Йўқ, ҳеч нарса кўринмади. Фақат ёнида мурда ётган криптомерий тагида арқон ҳам тушиб қолган экан. Ҳа яна… ҳа, ҳа, арқондан бошқа яна у ерда тароқ бор эди. Йўқ, бўлди, мурда ёнида бори – шу иккита нарса эди. Нима, от йўқмиди? Э, у ёққа ҳеч бир от ўта олмайди. От йўли нарироқда, чакалакдан кейин.

Маҳкама тўраси терговида юртгашта роҳибнинг айтганлари

Марҳум билан мен кеча кўришган эдим. Кеча… туш пайтлари чамаси. Сэкиямадан Ямасинга борадиган йўлда. У отга минган хотин билан Сэкиямага қараб кетаётган эди. Хотин гардиши кенг, ҳижобли шляпа кийган эди, шунинг учун юзини кўрганим йўқ. Хаги нақши нигорли ипак кўйлаги кўринди, холос. Оти жийронга мойил, ёли қирқилган. Бўйими? Одатдагидан чамаси тўрт тё баландроқ. Роҳибман-ку мен, бунақа нарсаларни унча фарқламайман. Эркакнинг… ҳа, белида қиличи бор эди, елкасига камон ўқли садоқ осилган. Ҳозир ҳам эсимда: локланган қора кўн садоқ, йигирматача ўқнинг учи ҳам чиқиб турган эди.
Унинг шундай қисматга учраши тушимга ҳам киргани йўқ. Ростдан ҳам, инсон умри лаҳзалик гап, шудринг нимаю чақмоқ нима! Ўҳ, бунга сўз борми, жуда қайғули.

Маҳкама тўраси терговида посбоннинг айтганлари

Шу, мен тутган одамми? Бу – ном кўтарган йўлтўсар Тадзёмару. Ушлаган вақтимда у Авадагутидаги тош кўприк устида отдан йиқилиб, инқиллаб ётган эди. қачон? Ўтган кеча, биринчи тунқотар маҳалида. Олдинги гал, ушлашимга сал қолганда, унинг устида худди шу суйкан, камарида қиличи тақилган эди. Бу гал, мана, кўряпсизки, камон билан камон ўқлари ҳам бор. Э шунақами? Ўлган одамнинг нарсаларининг ўзими? Хўп, унда қотиллик, шубҳа йўқ, Тадзёмарунинг иши. Чарм тортилган камон, локланган қора садоқ, лочин патли ўн еттита камон ўқи, шуларнинг ҳаммаси, демак, ўлдирилган одамники бўлган. Ҳа, от, ўзингиз айтгандек, жийрон, ёли қирқилган эди. Тақдир-да, қаранг-а, шу от ташлабди-да. Кўприкдан сал нарида ўтлаб юрган эди, узун жиловини судраб.
Бу Тадзёмарунинг ўзи пойтахтда изғиб юрадиган бошқа қароқчиларга ўхшамайди, аёлларга жуда ўч. Эсингиздами, бултур Биндзуруга аталган Акиторибе эҳроми орқасидаги тоғда бир аёлни. .менингча, зиёратчилардан бўлса керак, қизчаси билан ўлдиришган эди? Ана шунда ҳам Тадзёмарунинг қўли бор деб айтадилар. Ана, жийрон от минган жувон, агар Тадзёмару эркакни ўлдирган бўлса, у қаёқда қолди, унга нима бўлди? Номаълум. Кечирасиз, аралашяпман, лекин буни бир суриштириб кўриш керак.

Маҳкама тўраси терговида кампирнинг айтганлари

Ҳа, менинг қизим турмушга чиққан одамнинг мурдаси. Фақат у пойтахтдан эмас. Вакафадаги Кокуфудан, самурай. Оти Канадзава Такехиро, йигирма олти ёшда. Йўқ, унга бирон-бир одамнинг қасд қилиши мумкин эмас – жуда юмшоқ феълли эди.
Менинг қизимми? Унинг оти Масаго, ўн тўққиз ёшда. Унинг феъли ботир, эркаклардан қолишмайди. Такехирогача ҳеч қачон биронта ҳам хуштори бўлмаган. У буғдойранг, чап кўзининг бурчагида холи бор, юзи кичкина, чўзинчоқ.
Кеча Такехиро қизим билан Вакасага кетган эди. қайси гуноҳи учун бу мусибат бошига тушиб турибди? Нима бўлди қизимга? Куёвимнинг қисматига-ку, кўндим, на илож, йўқ, лекин қизимнинг куюгига чидай олмаяпман. Мен бир кампир одам, барча авлиёлар ҳаққи, ёлвораман, ҳамма ўрмону далалардан изланг, фақат қизимни топинг! қанақа ваҳший экан бу йўлтўсар, оти инима эди, Тадзёмаруми? Фақат куёвимни эмас, қизимни ҳам… (бошқа гапиришга ҳоли келмай, йиғлаб юборади.)

Тадзёмарунинг иқрори

Бу одамни мен ўлдирдим. Лекин жувонни мен ўлдирганим йўқ. қаёққа кетди? Буни мен ҳам билайман. Тўхтанг! Мени қанча қийнаманг, бари бир, билмаган нарсамни биламан, деб айта олмайман-ку. Бундан ташқари, энди шундай бўлиб қолдими, қўрқиб ўтираманми, ҳаммасини очиқ айтаман.
Бу эркак билан жувонни тушдан сал ўтиб кўрдим. Жувоннинг ипак ёпинчиғини шамол бир кўтарди, шу пайти ялт этиб юзи очилди. Бир лаҳзага – лип этдию яна бекилди – балки шунинг учундир, юзи менга малак сиймосидек кўринди. Шу заҳоти эркагини ўлдириб бўлса ҳам жувонга эришаман деб қасд қилдим.
Сизга бу ваҳшийлик бўлиб туюляпти, а? Арзимаган нарса, эркакни ўлдириш ҳам иш бўптими? Аёлга эришаман деганда эркакни доим ўлдирадилар. Фақат мен белимдаги қиличим билан ўлдираман, сиз эса қилич ишлатмайсиз, ҳокимият, пул, баъзан эса ширин гаплар билан ўлдирасиз. Тўғри, бунда қон тўкилмайди, эркак бус-бутун туради – лекин бари бир ўлдирган бўласиз. Бундай ўйласа, қайсимизнинг гуноҳимиз оғирроқ – сизникими, меникими, – ким билади? (Заҳарханда илжайиш.)
Бу, эркакни ўлдирмай ҳам аёлга эришиш иложи бўлса, кўнглим жойига тушмайди. дегани эмас. Бу гал эса аёлга эркакни ўлдирмай ҳам шундай эришмоқчи бўлдим. Фақат қатнов йўлда бунақа ишни қилиш мушкул. Шунинг учун икковини ҳам чакалак ичкарисига қандай киргизишни ўйладим.
Бу қийин бўлмади. Уларга йўловчиман, деб қўшилиб олдим-да, тўғридаги тоғда бир қўрғон бор, бугун ўша ерни кавлаган эдим, кўп қилич билан ойна чиқди, бегона кўздан пана қилиб, тоғ
тагидаги чакалакка кўмиб қўйдим, энди харидор чиқса, сўраган
нарсасини арзонгаровга сотаман, деб гапни тўқидим. Эркак секин-аста гапимга лаққа тушаверди. Мана, нима деб ўйлайсиз? Даҳшатли нарса-да очкўзлик! Ярим соат ҳам ўтмади, улар отининг бошини тоққа буриб, сўқмоқ йўлдан менга эргашдилар.
Чакалакка етиб борганимиздан кейин нарсаларнинг чакалак ичига кўмилганини айтиб, кириб кўришларини таклиф қилдим. Кўзи очлик эркакнинг ич-этини кемираётган эди, албатта у йўқ демади. Лекин жувон отдан тушмай, шу ерда кутаман, деб туриб олди. Унинг ақли жойида экан, чунки чакалакнинг жуда қалинлигини кўриб турарди. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек бўлди, жувоннинг ўзини қолдириб, эркакни чакалакка эргаштириб кирдим.
Чеккада фақат бамбук ўсган эди. Лекин чамаси бир тё юрганимиздан кейин криптомерия учрай бошлади. Ўйлаган ишимни қилиш учун бундан қулай жой йўқ эди. Шох-шаббани йириб йўл очиб бориб, хазинани криптомерия тагига кўмганимни ростга ўхшатиб гапирдим. Эркак мени эшитгани сайин ўша ёққа, криптомериянинг нозик новдалари кўринаётган жойга ошиқар эди. Бамбук камая бориб, атрофни криптомерия тутган жойда эркакка ташландим-да, уни ерга босдим. Уни дарахтга боғлаш бирпаслик иш бўлди. Арқон ҳамишагидек белимда эди, чунки четанлардан ошиб ўтишда доим менга асқотади. Турган гап, бақирмасин деб бамбукнинг тўкилган баргларини оғзига тиқин қилдим, у билан қиладиган бошқа иш ҳам қолмади.
Эркакни ҳал қилиб, жувоннинг олдига қайтиб келдим, унга йўлдошининг бирдан мазаси қочиб қолгани, ўзи бориб кўрмаса бўлмаслигини айтдим. Бу иш ҳам ўйлаганимдек чиққанини гапириб ўтириш шарт эмас. У гардиши кенг шляпасини бошидан олдида, қўлимни қўйиб юбормай, чакалак ичига юрди. Лекин эри дарахтга боғланган жойга келишимиз билан, уни кўрдию қўлини қўйнига тиқиб, шартта ханжар чиқарди. Ҳеч қачон бунақа чарс, ботир хотинни кўрмаганман. Ҳазир бўлиб турмаганимда қорнимдан тиғ ейишим ҳеч гап эмас эди. Бунга-ку чап бердим. Лекин у аямай тўғри келган жойимни чавақлайверди. Ҳа энди, мен ҳам бекорга Тадзёмару эмасман, ахийри қилич ишлатмай, қўлидаги ханжарини уриб туширдим. қуролсиз қолгандан кейин ҳар қанча қўрқмас бўлмасин, жувоннинг қўлидан нима ҳам келарди. Ҳа, мана. ниҳоят, ўйлаганимдек, эркакнинг умрига зомин бўлмай, аёлига эришдим.
Ҳа. эркакни тирик қолдириб. Ўзи уни кейин ҳам ўлдириш ниятим йўқ эди. Лекин охирида, кўзёшига чўмиб ётган жувонни шундай ташлаб. чакалакка биқиниб кетмоқчи эдим, у бирдан эсини йўқотгандек енгимга тармашди-да, ҳирқираб: «Ё сиз ўласиз, ё эрим… Икковингиздан биттангиз ўлишингиз даркор… Иккита эркакнинг кўз олдида беномуслик ўлимдан баттар. Биттангиз ўлишингиз шарт. Ким тирик қолса, шуни эр қиламан», деб чинқираверди. Шунда эркакни ўлдирсаммикан деб қолдим. (Маъюс изтироб.),
Энди сизларга бу гапларни айтиб берганимдан кейин мени жуда бағритош деб ўйласангиз керак. Сизга қолса, шундай, негаки, бу жувоннинг юзини кўрмагансиз. Негаки, унинг ёниб турган кўзларини кўрмагансиз. Шу қарашига кўзим тушганида, майли, турган жойимда яшин уриб ўлсам ўламан, лекин уни хотинликка оламан деб кўнглимга тугдим. Калламда уни хотин қилишдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Йўқ. бу сиз ўйлагандек ёввойи майл эмас. Агар хаёлим фақат шаҳватда бўлган-да, аёлни бир тепиб, ташлаб кетган бўлар эдим. Унда қиличимни ҳам эркакнинг қонига булғаб ўтирмасдим. Лекин ўша фурсатда, чакалакнинг ғира-ширасида жувоннинг юзига қараган пайтимда, эрини ўлдирмай бу ердан кетмайман, деб онт ичдим.
Лекин, уни ўлдирсам ҳам, номардларча ўлдиргим келмади. Уни арқондан бўшатдим, қиличда солишамиз, дедим. Дарахт тагидан топилган арқон – ўшанда мен ташлаган арқон. Эркак ўша заҳоти бетини тириштириб, қўлига оғир қилични олди-да, бир сўз ҳам гапирмай, ғазаб билан менга ташланди. Бу олишув қандай тугаганини айтиб ўтириш шарт эмас. қиличим йигирма учинчи сермашда унинг кўкрагига санчилди. Йигирма учинчи сермашда, – илтимос, шуни унутманг! Ҳалигача ақлим бовар қилмайди – бу дунёда фақат битта шу одам мен билан йигирма марта қилич уриштиртирди. (Шодон табассум.)
У йиқилиши билан, қўлимда қонга беланган қилич, жувонга ўгирилдим. Лекин, тасаввур қиласизми, – ҳеч қаерда йўқ эди у. Дарахтларни оралаб изладим. Лекин тўкилган бамбук япроқларида ҳеч қанақа из-пиз йўқ. Теваракка қулоқ тутаман, эркакнинг бўғзидаги рамақижон хириллашидан бошқа товуш келмайди.
Балки биз олишаётганда жувон ёрдамга чақириш учун чакалакдан чиққандир? Шу гумон калламга келиши билан, гап ўзимнинг ҳаётимга тақалганини англадим. Ўлган одамнинг қиличи, камону ўқларини олиб, дарров аввалги сўқмоққа чиқиб олдим. У ерда аёлнинг оти тинчгина ўтлаб юрган экан. Кейин нима бўлганини айтиб бериш беҳуда гап сотиш бўлади деб ўйлайман. Фақат битта нарса – пойтахтга кириш олдида менда ўша қилич йўқ эди. Мана, бор иқрорим шу. Мени энг шафқатсиз жазога тортинг – ахир, бир куни келиб бошим ходанинг учига санчилиб туришини биламан-ку

Киёмидзу эҳромидаги изҳори дилда жувоннинг айтганлари

Кўк кийган эркак менга эришгандан кейин боғлоғли эримга ўгирилиб қаради-да, масхара қилиб ха-холади. Эримга қанчалар оғир бўлган бўлса! Лекин у қанча тўлғанмасин, боғланган арқон танасини шунча баттар қияр эди. Мен беихтиёр бутун вужудим билан унга талпиндим, – йўқ. фақат талпиндим, холос. Лекин бу эркак мени бир тепиб ерга ағнатди. Ана шу лаҳзада юз берди бу. Шу лаҳзада мен эримнинг кўзида таърифга сиғмас бир ўт кўрдим. Таърифга сиғмас… ҳатто ҳозир унинг кўзларини эсласам, титроғимни босолмай қоламан. Бир оғиз ҳам гапиришга чоғи келмаса-да, эрим шу лаҳзада бутун юрагини бир нигоҳда тўкиб берди. Лекин унинг кўзларида ғазаб ё машаққат азоби эмас, – менга бўлган совуқ нафрати ёнар эди, мана, қараши нимани билдирарди! Анови эркакнинг тепкисидан эмас, шу қарашдаги даҳшатдан ўзимни йўқотиб, қичқириб юбордим-да, ҳушимдан кетдим.
Ўзимга келганимда кўк кийимли эркакнинг қораси ўчган эди. Фақат эрим криптомерия танасига боғлоғлигича турар эди. Тўкилган бамбук япроқлари устидан базўр туриб, эримнинг юзига термилдим. Лекин унинг қарашида тариқча ўзгариш сезилмади. Кўзларида бояги-боягидек совуқ нафрат ва ботиний жирканиш бор эди. Ўшанда не аҳволда эканимни қандай айтишни билмайман – ҳам номус, ҳам алам, ҳам ғазаб… Гандираклаб, қаддимни зўрға ушлаб, эримга ёндашиб бордим.
«қулоқ солинг! Энди бундай бўлгандан кейин сиз билан умр қилолмайман. Мен ўлимни танладим. Лекин… лекин сиз ҳам яшамайсиз. Сиз номуссизлигимни кўрдингиз. Шундан кейин сизни қандай тирик юргани қўяман.»
Минг азоб билан унга шу гапларни айтдим. Эримнинг сини ўзгармади, менга боягидек жирканиб қараб тураверди. Юрагим кўкрагимни ёриб чиқиб кетгудай ҳаяжонимни зўрға босиб, унинг қиличини ахтара бошладим. Лекин, ҳаммасини қароқчи ўғирлаб кетган шекилли, чакалакда фақат қилич эмас, камон ҳам, унинг ўқлари ҳам йўқ эди. Оёғим остида, бахтимга, фақат ханжар ётган экан. Ханжарни эримга ўқталиб: «Энди сизнинг жонингизни оламан. Ва ҳозироқ ўзим ҳам орқангиздан эргашаман», дедим.
Эрим бу гапларни эшитгандан кейин зўр билан лабларини қимирлатди. Албатта, овози эшитилмади, чунки оғзига бамбук япроқлари тиқилган эди. Лекин лабларига қараб туриб, нима деганини дарров англадим. Эрим ўша жирканиши билан битта «Ўлдир». сўзни айтди: Ҳушимни йўқотаёзган бир ҳолатда ханжарни оч-ҳаворанг кўйлаги устидан кўкрагига чуқур санчдим. Кейин яна ҳушимдан кетдим шекилли. Ўзимга келгандан кейин атрофга алангласам, эрим ўша боғланган кўйи турибди, энди нафаси тинган. Эримнинг оппоқ юзига криптомериянинг бамбук шохлари билан аймашган қалин новдалари орасидан ботаётган қуёшнинг тутам нури тушди. Ўкраб йиғлашимни босиб мурдага чирмалган арқонни ечдим. Кейин… кейин менга нима бўлди? Буни айтишга ҳоли-жоним йўқ. Нима қилмайин, ўзимни ўлдиришга куч топа олмадим. Бўғзимга ханжар қададим, тоғ бағридаги кўлга ўзимни чўктирмоқчи бўлдим, жуда уриндим, – лекин мана, ўлмадим, тирик қолдим, бу билан фахр ҳам қилолмайман. (Маъюс табассум.) Балки меҳрибон ва ғамхўр маъбуда Каннон мендек арзимас бир жонзотдан юз ўгиргандир. Нима -қилай, ўз эрини ўлдирган, номусига қароқчи теккан мен нима қилай? Нима мен… мен… (бирдан ўкраб йиғлаш.)

Кароматчи тили билан марҳум руҳининг айтганлари

Хотиним билан бўлгандан кейин йўлтўсар у билан ёнма-ён ерга ўтириб олди-да, уни юпата бошлади. Оғзим, турган гап, тиқинланган. Ўзим дарахтга чандиб ташланганман. Лекин тинмай унга кўзим билан ишора қиламан: «Ишонма бунга! Ҳамма гапи ёлғон», – мана, нима деб уқтирмоқчи бўлдим. Лекин хотиним тўкилган баргу хазонлар устида ғамга ботиб ўтирганича, тиззасидан кўзини узмади. Ростдан ҳам, у йўлтўсарнинг гапини жон қулоғи билан тинглаётганга ўхшарди. Мен рашкдан буралиб-тўлғанардим. Йўлтўсар усталик билан гапни мақсадига бурарди. Бир номусидан айрилгандан кейин эри билан яшаб кетиши душвор. Эри билан бу аҳволда қолганидан кўра, йўлтўсар билан кетгани яхши эмасми? Йўлтўсар юрагидан ургани учун шу бадкирдор ишларни қилди-ку… – мана шунақа юзсиз гапларни гапирди у.
Хотиним йўлтўсарни гапини эшитиб, бошини маъюс кўтарди. Ҳеч қачон у кўзимга бунча чиройли бўлиб кўринмаган. Лекин менинг чиройли хотиним боғлиқ пайтимда ёнимда туриб йўлтўсарга нима деб жавоб берди денг? Ҳозир йўқликда саргардонман, лекин ўша жавобни эсласам, алам-аччиқда ўртаб кетаман. «Хўп, мени хоҳлаган томонингизга бошланг», – мана, хотиним нима деди. (Узоқ сукут.)
Лекин унинг айби фақат шу эмас. Битта шунинг ўзи учун зулумотда бунча азоб билан тентирамасдим. Нима бўлди денг: хотиним худди туш кўраётгандек, йўлтўсарга эргашиб, унинг қўлидан ушлаб олди, чакалакдан чиқаман деганда бирдан ранги бўздек оқариб, қўлини дарахтга боғланган менга нуқиб, «Ўлдиринг буни! У тирик қолса, мен сизники бўлолмайман!», деб телбаланиб бир неча марта худди эсини йўқотгандек чинқирди. «Ўлдиринг буни!» – энди бу сўзлар тўфон бўлиб мени зулумотнинг энг чуқур қаърига учириб кетади. Инсон қулоғига бирон-бир марта шунақа ифлос гаплар етиб келганмикан? Бирон-бир марта… (Бирдан портлаган аччиқ хахолаш.) Бу гапларни эшитган йўлтўсар ҳам бўзариб кетди. «Ўлдиринг уни!» – деб хотиним унинг енгига тармашиб олди. Йўлтўсар унга кўзини узмай тикилиб, ҳа ҳам, йўқ ҳам демади, кейин бирдан уни бир тепиб хазон устига йиқитди. (яна аччиқ хахолашнинг портлаши.). қўлларини кўкрагига чалиштиримб, менга ўгирилди. «А бу хотинни нима қииш керак, а? Ўлдирайми ё раҳм қилайми? Жавобига бошингизни қимирлатинг. Ўлдирайми?» Битта шу гапи учун ҳам уни кечиришга тайёр эдим. (яна узоқ сукут.)
Мен тараддудда қолган пайтим хотиним бир чинқирди-да, чакалакнинг ичига отилди. Йўлтўсар шу заҳоти орқасидан ташланди, лекин ҳатто енгидан ҳам ушлашга улгурмади, шекилли. Мен худди босинқираётгандек кўриб турардим.
Хотиним қочиб кетгандан кейин, йўлтўсар менинг қиличим, камон ва ўқларимни олди-да, мен боғланган арқоннинг бир жойини кесиб қўйди. Унинг чакалак ичига кириб кетаётганда: «Энди ўзимни ўйлашим керак», деб ғулдирагани эсимда.
У кетгандан кейин ҳамма ёқ жимжит бўлиб қолди. Йўқ, ҳамма ёқ эмас, қулоғимга ёнимда худди кимдир йиғлаётгандек бир товуш эшитилди. Ўзимни арқондан бўшатиб, диққат билан қ-улоқ тутдим. Нима экан денг? Билсам, изиллаб ўзим йиғлаётган эканман.
Азобланган танамни ниҳоят дарахтдан уздим. Олдимда хотиним тушириб қолдирган ханжар йилтираб ётар эди. Уни қўлимга олиб, бир силтов билан кўкрагимга санчдим. Томоғимга қандайдир қонли бир туюр келиб тиқилгандек бўлди, лекин бунда ҳеч қандай азоб сезмадим. Кўкрагим совугандан кейин атроф баттар жимжит бўлиб қолди. Оҳ, бу қанақа жимжитлик эди! Тоғ бағридаги бу чакалакда битта қуш ҳам чирқ этгани йўқ. Фақат ботаётган шафақ қуёши криптомериялар танасида товланар эди. Шафақ қуёши… лекин мана, унинг нурлари ҳам секин ўчди. Энди дарахтлар ҳам, бамбук ҳам кўринмай қолди. Мени, ерда узала ётган мени сим-сиёҳ қоронғулик чулғаб олди.
Ҳа, мана шунда кимдир биров менга секин яқинлашди. Ким экан деб унга қарамоқчи бўлдим. Шунда ўша кимдир… шу кимдир кўринмас қўли билан кўкрагимдаги ханжарни секин суғуриб олди. Шу заҳоти оғзим шарқираб чиққан қонимга тўлди. Шундан кейин йўқликнинг зулматига мангу чўкиб кетдим.

1922

Аҳмад Аъзам таржимаси

Хуршид Даврон сайтидан олинди.