Акутагава Рюноскэ. А-ба-ба-ба-ба (ҳикоя)

Ясукити бу дўкон хўжайинини анчадан бери биларди.
Яъни, тахминан уни денгиз ҳарбий бирикмасига ўтказишган кундан бери. У ногаҳон бир қути гугурт олишга кирганди. Дўконда кичиккина пештахта бор эди; ойнак орқасида, адмирал байроғи қадалган “Микаса” моделидаги крейсер атрофида кюрасао шишалари, какао идишлари, майиз қутилари тизилиб турарди. Озиқ-овқат дўкони бўлишига қарамай, эшик тепасига “Тамаки” деган қизил ёзув осилган, демак, бу ерда гугурт ҳам сотилиши турган гап. Ясукити дўконга бош суқиб: “Бир қути гугурт беринг”, — деди. Эшик яқинидаги пештахта ортида кўзи ғилай бир йигит зерикиб ўтирарди. У ташриф буюрган кишини кўриб, чўтини жойидан жилдирмай, табассум ҳам қилмай жавоб берди:
— Афсуски, гугуртлар тугаган. Мана буни олинг.
“Мана бу” папиросга қўшиб бериладиган миттигина қутича эди.
— Бироз ноқулайроқми, дейман… Унда бир қути “Асахи” ҳам беринг.
— Ҳечқиси йўқ. Олаверинг.
— Йўқ-йўқ, “Асахи” беринг.
— Гугурт зарур бўлса, бехижолат олаверинг. Кераксиз нарсага пул сарфлашнинг хожати йўқ.
Ғилайнинг сўзларини, шубҳасиз, илтифотли деса бўларди. Аммо унинг оҳанги ва юз ифодаси ғоятда совуқ эди. Ундан текинга бир нарса олишга нимадир йўл қўймайди, лекин олмасдан қайрилиб кетавериш ҳам ноқулай. Ясукити истар-истамас бир сэнлик чақани пештахта устига қўйди.
— Унда шунақа қутичадан иккитасини беринг.
— Иккита хоҳлайсизми, учтами, марҳамат. Фақат тўлаш шарт эмас.
Бахтига, шу дақиқада эшикда осиғлиқ турган «Кинсэн-сайда» рекламаси ортидан сотувчининг ҳуснбузар тошган ифодасиз юзи кўринди.
— Хўжайин, гугуртлар бу ерда.
Ясукити ички тантана билан бир қути оддий гугурт сотиб олди. Уларнинг нархи одатдагидай бир сэн эди. Аммо ҳеч қачон гугурт деган нарса унинг кўзига бунчалик чиройли кўринмаган. Сотув маркаси – учбурчак тўлқинлардаги елкан шунчалик гўзалки, хоҳласанг ромга осиб қўйишинг мумкин. Гугуртларни авайлабгина шимининг чўнтагига солган Ясукити ғалаба нашидасини суриб дўкондан чиқди.
Ясукити шу кундан бошлаб ярим йил мобайнида корпусга кетиш-қайтишда дўконга кириб ўтадиган бўлди. Ҳалиям кўзини юмса, уни аниқ-тиниқ тасаввур қилиши мумкин: шифтдаги тўсинларга дудланган чўчқа гўштлари осиб қўйилган. Деразанинг майда кўзларидан сувоқланган деворга яшилтоб қуёш нурлари тушиб турибди. Тахта полда қуюлтирилган сут рекламаси туширилган қоғозлар сочилиб ётибди. Эшик рўпарасидаги устунда осиғлиқ соат тагига катта календарь илинган. Ва бошқалар – витринадаги “Микаса” крейсери, “Кинсэн-сайда” рекламаси, стул, телефон, велосипед, шотланд вискиси, америка майизи, манила сигаралари, миср папирослари, дудланган балиқ, соя ёғида қовурилган мол гўшти – деярли ҳаммаси унинг хотирасига муҳрланган. Айниқса, у кўравериб бадига уриб кетган хўжайиннинг баланд пештахта орқасидан чиқиб турган тумшайган башараси. Нафақат бадига урган, у унинг барча одат ва хатти-ҳаракатларини – қандай йўталиши, сотувчига қай тарзда буйруқ бериши, бир шиша какао сотиб олиш учун кирган харидор билан қандай муомала қилишини икир-чикирларигача биларди. “Яхшиси, “Фрай”ни эмас, мана бунисини олинг. Бу голланд “Дрост”и”. Буларнинг барини билиш ёмон эмас. Аммо, турган гапки, жуда зерикарли. Баъзида Ясукити бу дўконга кирганида, унга ўқитувчи бўлиб хизмат қилаётганидан бери жуда кўп вақтлар ўтиб кетгандек туюларди. Аслида эса хизматга келганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ.
Бироқ ҳар жойда мавжуд ўзгаришлар бу дўконни ҳам четлаб ўтмади. Илк ёз кунларининг бирида эрталаб Ясукити папирос сотиб олгани кирди. Дўкон ҳар доимгидай, нам полда қуюлтирилган сут рекламалари сочилиб ётарди. Аммо, лекин ғилай хўжайиннинг ўрнида, пештахта ортида сочини европача турмаклаган аёл ўтирарди! Унинг ёши ўн тўққизлар атрофида эди. Ёнидан қараганда у мушукчага ўхшарди. Қуёшда кўзини қисиб ўтирган оппоқ мушукчага. Ясукити ажабланиб пештахта ёнига келди.
— Икки пачка “Асахи”.
— Ҳозир.
Аёл уялибгина жавоб берди. Ва устига устак, унинг узатгани “Асахи” эмас, орқасига самога бош кўтараётган қуёш расми туширилган иккала қути ҳам “Микаса” эди. Ясукити беихтиёр қутилардан нигоҳ узиб, аёлнинг юзчасига қаради. Ва шу заҳотиёқ бурунчасининг тагида мушукчанинг диккайиб турган узун мўйлабини тасаввур қилди.
— Мен “Асахи” сўрагандим, бу эса “Микаса” экан.
— Ие, шунақами! Илтимос, кечиринг.
Мушукча, йўғ-ей, аёл қизариб кетди. Бу руҳий қалқиш худди балоғат ёшидаги қизчаларникига ўхшарди. Йўқ, у замонавий ойимтилла қизчалардан эмас. “Кэньюса” дидига мос, беш-олти йиллардан бери топиш мушкул бўлган қизчалардан эди. Чўнтагидан майда чақа ахтарар экан, Ясукити негадир «Сверстников»ни, икки рангли фуросика ўрамини, гулсафсарлар, Регоку квартали, Кабураги Киеката ва шунингдек бошқа кўп нарсаларни эслади. Айни пайтда аёл астойдил пештахта тагидан “Асахи” қидирарди.
Ичкари эшикдан илгариги ғилай хўжайин кўринди. У “Микаса”ни кўриши билан вазиятни тушунди. Ва одатдагидай ижирғанган қиёфада қўлини пештахта тагига суқиб, Ясукитига икки қути “Асахи” узатди. Аммо унинг кўзларида билинар-билинмас бўлса-да табассумга ўхшаш бир нарса милтилларди.
— Гугурт?
Аёлнинг кўзлари хуриллашга тайёр турган мушукчаникидай хумор сузилди. Хўжайин жавоб ўрнига номигагина бош қимирлатди, аёл шу заҳотиёқ пештахта устига кичкина гугурт қутисини қўйди. Сўнг яна бир марта уялинқираб жилмайди:
— Илтимос, кечиринг…
У фақат “Асахи”нинг ўрнига “Микаса” узатгани учунгина кечирим сўрамаётганди. Ясукити нигоҳини аёлдан узиб хўжайинига қадаркан, ўзи ҳам табассум қилаётганини сезди.
Шундан кейин ҳар келганида аёл пештахта ортида ўтирган бўларди. Бироқ сочи биринчи галдагидек европача турмакланмаган эди. Энди улар марумагэ усулида йиғилиб, қизил боғич билан сипо қилиб боғлаб қўйилганди. Аммо у ҳалиям харидорлар билан муомала қилишни билмасди. Жавоб беришга қийналарди. Сотувдаги молларни алмаштириб юборарди. Устига устак, вақти-вақти билан қизариб турарди. У ҳеч дўкондор ўхшамасди. Аёл аста-секин Ясукитига ёқа бошлади. Бу уни севиб қолди, дегани эмас, албатта. Шунчаки, унинг уятчанлиги ёқарди.
Толиқтирувчи жазирама кунларнинг бирида кечга яқин Ясукити корпусдан қайтаётиб бир банка какао олишга кирди. Аёл бу гал ҳам пештахта ортида “Кодан-курабу” журналини ўқиб ўтирарди. Ясукити юзига ҳуснбузар тошган сотувчидан “Ван Гутен” маркали какао борми, деб сўради.
— Ҳозир фақат мана бундан бор.
Сотувчи унга “Фрай” банкасини узатди. Ясукити дўконга кўз югуртирди. Мевали консервалар орасида европалик роҳиба расми туширилган маркали банка бор экан.
— Анави ерда “Дрост” борга ўхшайди?
Кўрсатилган рафга ўгирилиб қараган сотувчининг юзида эсанкираш аломати пайдо бўлди.
— Ҳа, буям какао.
— Демак, фақат шунинг ўзи эмаскан-да?
— Йўқ, фақат шунинг ўзи… Бекам, бизда фақат “Фрай” какаоси бор-а?
Ясукити аёлга қайрилиб қаради. Аёл кўзларини бироз қисиб олган, юзлари яшилтоб жилоланарди. Бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ – дўкон деразасининг рангли кичик кўзчаларидан кечки қуёш нури тушиб турганди. Аёл журналдан тирсагини олмай, ҳар галгидай тутилиб жавоб берди:
— Мен фақат шунақаси қолган, деб ўйловдим, лекин…
— Биласизми, “Фрай” какаосидан баъзан қурт чиқиб қолади, — гапира бошлади Ясукити жиддий оҳангда. Аслида эса у қуртлаган какаони ҳеч қачон учратмаганди: шунчаки, бундай дейиш — «Ван Гутен» какаоси бор-йўқлигини аниқлашнинг энг яхши усули эканига амин эди. – Анчагина йириклариям чиқиши мумкин. Жимжилоқдай…
 Аёл ҳадиксираб, пештахта орқасига эгилиб қаради.
— Анави ерда қолмадимикан? Орқа рафда.
— Фақат қизил банкалар. Бу ерда бошқаси йўқ.
— Мана бу ерда-чи?
Аёл гэталарини тақ-туқлатиб пештахта ортидан чиқди-да, ҳовлиққанча дўконни айланиб ахтара бошлади. Саросимага тушган сотувчи ҳам истаса-истамаса консервалар орасини излашига тўғри келди. Папирос чекиб турган Ясукити чўққа ўтин қалаш учун дона-дона қилиб деди:
— Мабодо бунақа қурт тушган какаони болаларга берса борми, қорни оғриб қолиши тайин. (У дала ҳовлидаги хонани ёлғиз ўзи ижарага олганди). Болалар у ёғда турсин, хотин ҳам бир куни ичиб қўйиб, азият чеккан. (Турган гапки, унинг ҳеч қанақа хотини йўқ эди). Тағин бу ўта эҳтиёткор киши экан, деб ўйламанглар…
Ясукити бирданига жимиб қолди. Аёл фартугига қўлини арта туриб унга хавотир билан қаради.
— Тўғриси, топа олмаяпман…
Унинг кўзларида тортинчоқлик бор эди. Лаблари жилмайишга уринарди. Айниқса, бурнининг устига тер томчилари сизиб чиққанини томоша қилиш мароқли эди. Кўзи кўзига тушаркан, Ясукитининг ичига шайтон оралади. Бу аёл гулдай нозик-ниҳол эди. Ясукити унинг ҳисларини қитиқлаб қўйиб, худди ўзи кутган таъсирни кўрарди. Ҳатто “қитиқлаш” жуда оддий бўлганида ҳам. Юзига синчков тикилиш ёки бармоқ учи билан тегиб кетишнинг ўзи унинг учун етарли эди. Ҳа, биргина шунинг ўзи Ясукити ундан нима хоҳлаётганини тушуниши учун кифоя. Нима хоҳлаётганини тушунгач эса у қандай йўл тутади, фақат ўзигагина аён. Мабодо қаршилик кўрсатмаса-чи? Йўқ-йўқ, мушукни уйда сақлаш-ку мумкин. Аммо мушукка ўхшаган аёл деб ўз жонини баттол шайтон ҳукмига топшириш ҳеч ақлга сиғмайдиган иш. Ясукити охиригача чекилмаган папиросини ташлаб юбориб, ичига кириб олган шайтонни улоқтирди. Шайтон кутилмаганда ўмбалоқ ошиб, сотувчининг бурнига кирди – ва сотувчи ўзини ундан олиб қочолмай бир неча марта қаттиқ аксирди.
— Нимаям қилардик. Бир банка “Дрост” берақолинг.
Ясукити оғзини қийшайтириб жилмайганча чўнтагини ковлаб, майда пул излай бошлади.
Шундан кейин Ясукити аёл билан бу мавзуда гаплашмади. У ҳақида қанча эсламасин, бахтига, шайтон Ясукитини бир мартагина йўлдан оздиришга уринганди, холос. Ҳатто у қайсидир бир гал елкасига фаришта қўнганини ҳам сезиб қолганди.
Кеч куз кунларининг бирида Ясукити шомга яқин папиросга кириб, биратўла дўкондаги телефондан ҳам фойдаланмоқчи бўлди. Хўжайин дўкон ёнида тик тушаётган қуёш нурлари остида велосипеди билан овора, шинасига дам солаётган экан. Афтидан, сотувчи бирор юмуш билан кетганга ўхшайди. Аёл одатдагидай пештахта ортида аллақандай ҳисоб-китобларини тартибга солиб ўтирарди. Мана шу ўзгармас дўкон манзарасида ёқимсиз ҳеч нарса йўқ эди. Голланд мактаби жанри тасвирларидаги каби ҳар тарафлама хотиржам бахт уфурарди. Аёлдан нарироқда телефон гўшагини қулоғига тутиб тураркан, Ясукити ўзи яхши кўрган Де Хуга репродукциясини эслади.
Аммо ҳар қанча уринмасин, керакли рақамга улана олмади. Буям етмагандай, алоқачи аёл икки марта: “Рақам? Рақам?” – деди-да, сувга чўккандай жим бўлиб қолди. Ясукити қайта-қайта сим қоқди. Аммо гўшакдан тақир-туқирдан бўлак ҳеч нима эшитилмади. Энди Де Хугани эслашгаям унинг ҳафсаласи қолмади. Чўнтагидан Спаргонинг “Социолизм бўйича қўлланма”сини чиқарди. Бахтига, телефон аппарати ёнида китоб қўядиган тагликка ўхшаш қути бор эди. Ясукити унга китобни қўйди, кўзлари ҳарфлар устида югурган кўйи қўли телефон ручкасини иложи борича шошмасдан тинмай айлантира бошлади. Бу унинг қайсар телефончи аёл билан курашиш усули эди. Бир куни Гиндза-Овари-тедаги телефон автомати ёнига бориб, керакли жойга қўнғироқ қилиб тушгунича бутун бир “Сабаси Дзингоро»”ни ўқиб чиқишга улгурган. Бу сафар ҳам у телефончи аёл жавоб бермагунича қўлини телефондан узмасликка қарор қилди.
У телефончи аёл билан астойидил уришиб, ниҳоят, уланиб суҳбатлашишга эришгунича йигирма дақиқача вақт ўтиб кетди. Миннатдорчилик билдириш учун Ясукити пештахта тарафга қаради. Аммо пештахта ортида ҳеч ким йўқ эди. Аёл эшик олдида туриб, эри билан гаплашарди. Афтидан, хўжайин ҳалиям кузги қуёш остида вилосипедини титкилаш билан оввора эди. Ясукити эшик томон юраркан, беихтиёр қадамини секинлатди. Унга орқаси билан турган аёл эридан сўрарди:
— Боя бир харидор арзон қаҳва кукуни сўради. Арзон қаҳва кукуни қанақа бўлади?
— Арзон қаҳва? – хўжайин хотинига худди харидорлар билан муомала қилгани каби совуқ оҳангда гапирарди. – Балки хато эшитгандирсан: арпа қаҳвасидир?
— Арпа қаҳваси? Ҳа-а, арпадан тайёрланган қаҳва! Ўзимам ўйловдима-а, кукун озиқ-овқат сотадиган жойда бўлмайди, деб.
Ясукити дўконда туриб бу саҳнани томоша қилганди. Ана ўшанда у елкасига фаришта қўнганини сезиб қолганди. Фаришта дудланган чўчқа гўшти осилган шифт тагидан учиб ўтди ва ҳеч нарсадан бехабар шу икки одамнинг ҳақига дуо ўқиди. Тўғри, шўр балиқ ҳидидан у салгина бурнини жийириб ўтди… Ясукити бирданига шўр балиқ сотиб олишни унутганини эслаб қолди. Селд балиғининг аянчли таначалари шундоққина бурнининг тагида ғиж-ғиж уюлиб ётарди.
— Менга шўрбалиқ берворинглар.
Аёл дарҳол ўгирилди. У арзон қаҳва кукуни озиқ-овқат дўконида бўлмаслигини англаган пайтида бу рўй берганди. Шубҳасиз, суҳбатига қулоқ солинганини у фаҳмлади. Ҳали қараб улгурмасиданоқ мушукчаникига ўхшаш юзчаларига қизил югурди. Илгари айтилганидай, Ясукити унинг қизаришига биринчи марта эътибор бераётгани йўқ эди. Аммо бунчалик лоларанг тусга кирганини илгари ҳеч кўрмаганди.
— Шўрбалиқ? – эшитилар-эшитилмас қайта сўради аёл.
— Ҳа, шўрбалиқ, — бу гал алоҳида эҳтиром билан жавоб берди Ясукити.
Бу воқеадан икки ой ўтиб кейинги йилнинг январи кириб келди. Аёл тўсатдан қаергадир ғойиб бўлди. Бир неча кунгагина ғойиб бўлгани йўқ. Ясукити қачон дўконга кирмасин, ғилай хўжайин эски печга суянганча ёлғиз зерикиб ўтирарди. Нимадир етишмаётганини ҳис этган Ясукити аёлнинг йўқолиб қолиши ҳақида ўзича турли хил шуб-ҳаларга бора бошлади. Аммо жўрттага ўзини қўрс тутувчи хўжайиндан: “Рафиқангиз?…” деб сўрашга ботинолмасди. Аслида эса у нафақат хўжайин билан ҳеч қачон ҳеч нарса ҳақида гаплашмаган, ҳатто унинг тортинчоқ аёлига муомалада ҳам “уни беринг, буни беринг”дан нарига ўтмаганди.
Шу тариқа музлаган ерлар кетма-кет икки кунлаб қуёш нури остида исина бошлади. Аммо аёл ҳалиям кўринмасди. Хўжайини бўла туриб дўкон ҳувиллаб ётарди. Аста-секин Ясукити беканинг йўқлигига эътибор бермай қўйди…
Февралнинг охирларида қайсидир бир оқшом инглиз тили дарси тугагач Ясукити иттифоқо дўкон ёнидан ўтиб қолди. Витрина орқасида, ярқираган электр чироғи остида европадан келтирилган вино шишалари ва консерва банкалари тизилиб турарди. Ўз-ўзидан маълумки, бу ерда ҳеч қандай ғайриоддийлик йўқ эди. Аммо бирданига дўкон олдида бир аёл қўлидаги чақалоғига қандайдир бемаъни “гу-гу”лаб турганига кўзи тушди. Дўкон чироқлари нури кўчани ёритиб турарди, Ясукити бу ёш онани дарров таниди.
– А-ба-ба-ба-ба-ба-ба-ба-а
 У дўкон олдида айланиб юриб чақалоғини ўйнатарди. Уни тебрата туриб кўзи Ясукитининг кўзи билан тўқнашди. Ясукити ҳозир аёлнинг кўзида тортинчоқлик ва юзларида қоронғида ҳам кўриш мумкин бўлган даражада қизиллик пайдо бўлади, деб хаёлидан ўтказди. Аёл эса пинагиниям бузмади. Унинг кўзлари сокин жилмаяр, юзларида эса тортинишдан асар ҳам йўқ эди. Буям етмагандай, у яна чақалоғига қараб, бегона кўзлардан уялиб-нетиб ўтирмай такрорлади: биров боласига тиллари бор теккизганда нағ шеърга айланиб кетадиганлардан бири
– А-ба-ба-ба-ба-ба-ба-ба-а
Аёлни орқада қолдириб кетаркан, Ясукити ўзи ҳам сезмаган ҳолда аччиқ киноя билан кулди. Бу у билган аёл эмасди. Бу шунчаки оддий меҳрибон она эди. Она бўлганда ҳам биров боласига тил текизганда ҳамма замонларда нақ шерга айланиб кетадиганлардан бири! Йўлида давом этаркан, Ясукити томлар устидаги осмонга кўз тикди. Жануб шамоли эсаётган осмонда баҳорги бир парча кумуш ой заифгина нур таратиб турарди…

Рус тилидан Ойдиннисо таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 9-сон.
_____________________
1 Г о и — Кичик ҳарбий унвон
2 С у й к а н — устки кийим
1 К а р и г и н у — қишки кийим
2 Х а к а м а — қалин иштон