Фабриканинг бетонланган кенггина ҳовлиси қайтадан эритишга мўлжалланган синиқ ойналар билан тўлиб-тошиб ётарди. Тоғдай уюлиб ётган ойналар тонгги қуёшнинг нурларида олмос қирраларини йилтиратганча ҳаракатсиз ётарди. Мана, неча кундирки вагон-вагон синиқ ойналарни қизиган бўтқага айлантирувчи печлардан кўкка тутун ўрламайди. Қейинчалик мазкур қоришмадан сув ичиш учун қиррали стаканлар, нафис юпқа стаканчалар, хилма-хил рангдаги жилосиз, кулранг, мовий, кўкимтир ва бошқа турдаги гулдон ҳамда кувачалар ишлаб чиқарилади.
Кечаю-кундуз гўё афсонавий девга ўхшаб олов ҳамда ўт пуркайдиган фабрика ҳаракатсизликда қотганди. Дарёга туташадиган, занглаган тунука ҳамда дарёдан тутиб олинган чириган тахталардан тикланган ғарибона кулбалар жойлашган кичкина тор. кўчаларнинг аҳолиси қачонлардан бери эрталаблари одатланиб қолишган гудок овозини эшитишмайди. Бадқовоқ, ташвишли, соқоллари олинмаган одамлар уйқусизликдан қизариб кетган кўзлари билан тонгни фақат бирдан-бир орзу билан, яъни бир бурда нон орзусида интизорлик билан кутишарди. Ҳар куни эрталаб уларни ишга чорловчи фабриканинг гудоги эндиликда жим эди. Мана шу гудок билан чам-барчас боғланган ҳаёт ва келажакка бўлган умид ҳам номаълумлик қўйнида тош қотганди. Лекин ҳаққи ростига кўчадиган бўлсак, одамларнинг ўзлари келажаклари аянчли ва бедаво эканлигини тушунганларидан сўнг, хотин, бола-чақаларининг умидсиз нигоҳларига дош беришга қурбилари етмаслигини ҳис қилишгач, фабрика гудогининг овозини ўчиришга мажбур қилишди.
Сокин тонглар бир-бирини қувиб ўтаверди ва ҳаттоки одатда сершовқин ҳамда беором Босфор ҳам шу кунлар давомида бутунлай тинч ва осойишта бўлиб, гўё умум қайғусига ҳамдардлик билдираётганга ўхшарди. На ҳаракату на қилт этган шамол бор. Ўчирилган фабрика печлари совуқ, ойна қуйиладиган қолиплар эса бўш.
Биз — ишчилармиз. Пошобоғчадаги ойна фабрикасида ишлаймиз. Бойўғлидаги ҳашаматли магазинларда қалбингизда шодлик ва ғурур ҳисларини уйғотувчи чиройли тарелкалар, гулдонлар, стаканларни кўришингиз мумкин. Температураси 1800 даражагача кўтариладиган цехларда мана шу чинниларни биз ишлаб чиқарамиз. Фабрикада ўттиз йиллаб ишлаётган ишчилар соатига 150 қурушдан ёки солиқларни қўшган ҳолда кунига 12 лирадан туширишади. Лекин шундай ишчилар ҳам борки, улар соатига 55, 80, 90 қуруш ишлашади. Бизнинг ўртача соатбай маошимиз — 127 қуруш…
Фабрика биноси олдида халқ тўпланиб турибди. Ишчилар оилалари, кичкина болалари билан келишган. Босфорнинг Анатолия томондаги қирғоқларини охири йўқ ҳошиядай ўраб олган тош йўлда жонли баррикадалар қурилган. Ишчилар йўлдан ўтаётган юк машиналари, автобуслар, енгил машиналарни «Истамбулнинг муҳтарам гражданларига…» деб бошланадиган чақириқни топшириш учун тўхтатишарди.
Жингалак соқолли ва мўйлови кузалган киши қўлида бир даста варақа ушлаб у машина билан бу машинага чопганча ҳамма ўткинчиларга — шофёр ҳамда йўловчиларга чақириқни тиқиштирарди. Унинг чарчоқ қорача кўзида кўк кўзлари серҳаяжон йилтирайди. Уни ўртоқлари Осим Бобо, деб чақиришади. Бир оёғи бошқасидан калтароқ бўлгани учун бу одам бир оз оқсоқланиб юрарди. Шунинг учун ҳам унинг каловланиб югуриши кулгили кўринади.
Такси тезлигини оширганча тўғри баррикадага бостириб келарди. Осим Бобо машинанинг олдидан кесиб чиқиб йўл ўртасида оёқларини кериб, қўлини ёйганча тош қотди. Шофёр тормоз берганда эса у худди ўз оғирлиги билан машинани тўхтатмоқчи бўлгандек машина устига қулоч ёздида, очиқ ойнага маҳкам ёпишиб олди. Жони ҳиқилдоғига келган шофёр:
— Бу қандай гап! Расвогарчилик!—деб сўкинди.
— Шошма-чи,— дея гапга аралашди йўловчи.— Унга нима кераклигини билайлик-чи.
Осим Бобо шошмай, ўзининг ёрилиб кетган каттакон бармоқларига туфлаганча варақа олиб, уларнинг ҳар иккаласига тутқазди. Кейин худди полиция комиссаридек қоманда берди:
— Сизлар бўшсизлар!
Шофёрнинг ёнида ўтирган соч-соқоли тарошланган, крахмалланган кўйлак ҳамда галстук таққан ёш йигит ойнадан қўлини чиқариб Осимнинг тирсагидан тутди-да:
— Ота, ўзинг ўқишни биласанми?— деб сўради.
— Йўқ, нимайди?
— Манави қоғозда нима ёзилганини биласанми?
— Билмайман.
— У ерда ёзилганларни тўғри, деб ўйлайсанми? Осим Бобо кескин эгилиб, бошини ойнадан ичкарига суқди-да, бу ҳаракатидан йигит ўриндиққа суянишга мажбур бўлди, йигитнинг кўзига қатъий тикилганча фабрика дарвозаси тагида тизилишган ишчиларга қулочини ёзиб ишора қилди:
— Уни бизнинг ўртоқларимиз ёзишган, биз эса қўл қўйганмиз. У ерда нима ҳақда гапирилмасин, ҳаммаси тўппа- тўғри!..
Биз, ишчилар, 2500 тамиз. Агар оилаларимизни ҳам ҳисоблайдиган бўлсак 10 000. Бизга коллектив шартно-ма ҳақида қонун чиққани ва биз ўз ҳуқуқларимиз учун курашишимиз мумкинлиги тўғрисида айтишди. Шартнома уч йил бурун тузилган. Лекин ҳалиҳанузгача шартнома бўйича ҳеч вақо олмадик. Биз уч йил кутдик. Эндиликда кутишга тоби тоқатимиз қолмади. Бошқарувчимиз Шахоб Коджатопчу, ўз-ўзидан маълумки, катта бошлиқ ҳамда бой-бадавлат одам. Лекин у биз билан янги шартнома тузишни хоҳламаяпти. У сизларда бундай ҳуқуқ йўқ, деб даъво қиляпти. Биз судга ҳамда кассацион судга мурожаат қилдик. У ерда бизга тўла равишда ҳақ-ҳуқуқингиз бор деб айтишди.
Осим Бобо қирралари ялтироқ стаканлар, жилосиз ҳамда кўкимтир гулдонлар, товланувчи нақшли қувачалар, умуман, фабрикаларида тайёрланадиган барча чиройли маҳсулотлар ҳақида бот-бот хаёлга чўмарди. У туғилиб ўсган қишлоқда чойни қўпол қилиб ишланган сопол ёки рух кружкаларда ичишарди. Қишлоқдаги одамлар кўр сингари тонгнинг қизғиш шафағи нималигини билмас, атрофдаги барча нарсалар туннинг қоп-қора чодрасидан иборат деб фаҳмлар эди. Жазирама ёзда, томоғи қақраган одамлар бўтана, лойқа сувни ариқдан мис чўмич ёки сувқовоқ, бўйни чўрт узилган сопол кўвачада олиб ичишарди. Сепга қўшиб берилган шиша стаканлар эса умр бўйи токчаларда чанг босиб ётарди, аҳён-аҳёнда фақат меҳмонларгагина ишлатиларди холос. Уй эгалари эса уларга қўл тегизишмайди. Агар болалардан бирортасига ойнанинг синиғини топиш бахти насиб қилса уни севимли ўйинчоқлари орасида худди катта бойликдек асрашади. Осим Бобо ана шу кучли эритилган ойна қоришмасидан узун трубка орқали оловли ҳалқачаларни худди енгил ҳаво шарларидек пуфлайдиган кучли, довюрак одамларга нисбатан алоҳида муҳаббат ва ҳурмат ҳис қилиши балки шунинг учун бўлса керак.
Осим Бобо вагонеткаларга шиша синиқларини ортар ва уларни печларга олиб борарди, у ерда эса болаларни ҳатто тушида ҳам энтиктирадиган олмос бўлаклари суюқ қоришмага айлантирилади, кейин эса улардан магазин витриналарида кўзни қамаштирадиган нафис буюмлар ишланади. У ўз ишини хурсандчилик билан бажарар, ҳамда шундай чиройли буюмларни тайёрлашда унинг ҳам жиндай бўлсада ҳиссаси борлигидан мағрурланиб юрарди. Вагонеткага қуёш нурида ялтираётган ойна бўлакларини орта туриб, у узоқдаги қишлоғи, ўзининг болалиги, шиша синиғи ҳақида орзу қиладиган барча қишлоқ болалари ҳақида ўйларди. У ўз белкураги билан қанчалик чаққон ишласа, дея тахмин қиларди Осим Бобо, шунчалик кўп стаканлар, кувачалару гулдонлар ишланади ҳамда болаларнинг тушлари ҳам шунчалик тез рўёбга чиқади, яъни чойни ҳақиқий шиша стакандан ичиш ҳақидаги орзулари ушалади. У ҳамқишлоқлари олдида мақтанишни яхши кўрар, уларни магазин витринаси олдига олиб келиб:
— Манави буюмларни кўряпсанми, биз уларни болакайлар йиғадиган жажжи парчалардан ясаймиз, — дерди.— Ана қарагин-а, кўзингни каттароқ оч: қитдай доғ ёки дарз топа олармикансан? Овора бўласан?..
Лекин кунлардан бир куни ишчилар унга шундай дейишди:
— Ишингни йиғиштир! Бизлар печларни ўчирдик. Шунинг учун сен ҳам белкурагингни йиғиштир.
— Ўзи нима гап?
— Сабр косамиз тўлди, Осим Бобо. Аввалгидек пуфлашга кучимиз қолмади, чунки боқувнинг мазаси йўқ. Жони жаҳонингни бериб пуфлаганинг билан бари бир фойдаси йўқ, қоришмани қолипга солмасингданоқ ёрилиб кетади. Бу, демак, бутун меҳнатинг ҳавога кетди, демакдир. Ҳар куни шу аҳвол. Бу аҳволда биз аввалгидек ҳамма мамлакатга, барча қишлоқ болакайларига етарли стаканлар ясай олмаймиз. Бошқарувчи иш ҳақимизни оширишни истамаяпти, дармонимиз қолмади, нафасимиз етишмаяпти десак, эшитишни ҳам хоҳламаяпти. Бундан келиб чиқадики, бошқарувчи мамлакатда кўплаб идиш-оёқ бўлишини, ҳамманинг шиша стакандан чой ичишини хоҳламас экан. Тушундингми?
Ишчилар бир ёқадан бош чиқариб иш жойларини ташлаб кетдилар. Фабрика бўшаб қолди. Фақатгина оқ фартукли пикетчиларгина фабрикага олиб борадиган йўлларни қўриқлаб, дарвоза олдида у ёқдан-бу ёққа юриб туришарди.
Кунлар шу таҳлит ўтаверди ва охир-оқибат, охирги пулларию нонлари ҳам тугади. Эркаклар балиқ овига, аёллар болалари билан тоққа, тановул қилиб бўладиган илдиз ҳамда ўтлар, гулхайри новдалари ҳамда шовул теришга равона бўлишди. Уларнинг олдида қишлоқда ўсиб-улғайган Осим Бобо каловлаб борарди. У балиқ тутишни билмасди, аммо-лекин тоғ ўтларини беш қўлдай билар, шамолга қараб ҳавони айта олар, ҳайвон ва қушларнинг тилини тушунарди.
Кутилмаганда фабрикага янги ишчиларни олиб келишаётганмиш, деган хабар келиб қолди. Мана, уч кундан бери бинонинг қамали давом этяпти. Ярим кечаси ишчилар оилалари билан, яъни ҳотинлари, чоллар ва болалари билан келиб фабрикани ҳалқа шаклида қуршаб олишди. Ёғоч, белкурак, чўкич билан қуролланган одамлар ўз фабрикаларига бошқаларни киритмаслик учун ҳамма кириш ва чиқиш йўлларини зийраклик билан қўриқлаб туришарди. Улар ишчи биродарларини аввал уларни алдашганидек, алдашларига йўл қўйишмайди. Мана, уч кундирки, одамлар полиция билан олишиб ўзларини ҳамда фабрикани ҳимоя қилишяпти. Ишчилар орасида ярадор бўлганлари ҳам бор, бир нечта кишини эса полиция ушлаб олиб, қамоққа олиб кетишга муваффақ бўлди. Полиция таҳдид қилишга зиқналик қилмаяпти. Полиция машиналаридаги радиокарнайлардан таҳдидли буйруқлар бериб турилибди. Лекин бари бир одамлар тарқалишмасди, Улар елкама-елка, бир-бирларининг қўлларини маҳкам ушлаганча туришарди. Охирги огоҳлантириш ҳам эшиттирилди ва ён кўчалардан ишчилар устига қуролланган полициячилар отряди қақшатғич зарба бериб, ҳалқани ёриб, оломонни ҳайдаб юбориш учун бостириб кела бошлади. Ишчилар тош ҳамда ёғочлар билан ҳимояланардилар. Уч кундан бери шиддатли кураш борарди. Одамлар сабот-ла маҳкам туришарди, улар кетишмади, кетишмайди ҳам…
Осим Бобо оқсоқланганча бир тўдадан бошқа тўдага югурар, аёллар ҳамда болалар ўз вақтида тошни етказиб беришларини назорат қилиб турарди. Тасодифан полициячи мастер Шерифга ташланиб, уни бўға бошлаганини кўриб қолди. Ишчининг эгнидаги кўйлаги бошдан-оёқ йиртилиб кетган бўлиб, унинг мустаҳкам чайир танаси очилиб қолганди. Полициячи билан ишчи худди уришқоқ болалардай ёқалашганча ерда у ёқдан-бу ёққа думалар, хириллашар, сўкишиб пишиллашарди. Лекин мана полициячи мастерни ерга босиб олди-да, унинг томоғига ёпишиб бўға бошлади. Оғир белкуракни ушлаганча Осим Бобо полициячига ташланди.
— Уни яхшиликча қўйиб юбор! — деб бақирди-да, белкураги билан ҳамла қилди.— Унинг нафаси барчага зарур! Бизнинг болаларимиз, шунингдек, сенинг болаларингнинг бахти учун ҳам керак! Тушундингми!
Ўртоғининг бошига ўқталган белкуракни кўриб қолган бошқа полициячи револьверини олиб унга қарата ўқ узди. Осим Бобонинг қўлидаги белкурак тушиб кетиб, ерга санчилиб қолди…
У касалхонадагина ўзига келди. Унинг бошида турган доктор жилмаярди. Осим Бобо оғриқдан оёғи сирқираётганини ҳис қилди. Оёғи худди қўрғошин қуйилгандай оғир, ғўладай ҳаракатсиз.
— Ўқни чиқариб олдим,— деди доктор.— Оёқни сақлаб қололдик.
Қария оғриқнн енгиб, зўр-базўр жилмайди.
— Оҳ бечора оёғим-ей! Ҳечам омади юришмади-юришмади-да!—Кейин ҳаяжонла, доктордан сўради:— У ёқда бизникилар қалай? Қандай янгиликлар бор?
— Маҳкам туришибди. Азаматлар! Сен улардан хавотирланма. Қаршилик давом этяпти. Эрталаб ярадорлардан хабар олгани бирров бу ёққа киришади-ю, яна ўз жойларини эгаллагани югуришади.
Осим Бобо ўртоқларининг тақдирини билгандан кейин, енгил нафас олди. Кейин доктор айёрона жилмайганча чўнтагидан тўрт букланган қоғоз олди.
— Манави нарса ёдингдами? Кеча эрталаб машинани тўхтатганингда менга берган эдинг. Ўшанда мен ярадор бўлган ўртоқларингиз олдига шошаётган эдим, отпускада бўлишимга қарамай зудлик билан операция қилишга чақиришган эди.
Осим Бобо кеча шофёрнинг ёнида ўтирган йигитни эндигина таниб қолди.
— Кеча сен варақада нималар ёзилганини билмай-ман, дегандинг-а? Эшитишни хоҳлайсанми?
— Мана биз иш ташлашни бошладик. Фабрика — бу давлат мулки, демак, унинг зарари ҳам давлат зиммасида. Фабрика бошқарувчиси Коджатопчу ўз маошини бекаму кўст олиб туради, унинг учун зарар деган ги: мавжуд эмас! –
У бизни ҳуқуқимиздан маҳрум қилиш учун нималар қилмади, дейсиз! Касаба союз раҳбарлари билан тил бириктириб, шартномага биздан яширинча қўл қўйишибди. Оқибат натижада, биз яна икки қўлимизни бурнимизга тиққанча қолавердик. Энди бизга қарши,-қуролли қуч ташлашди. Иккита ишчи ярадор бўлиб касалхонада ётибди. Бизни тарқатиб юборишга уринишяпти. Бугун турли ваъдалар бериб алдаб-сулдашмоқда – эртага эса пойнаклардан сув қуйишади, ўртоқларимизни қамоқхоналарга ташлашади.
Бугун иш ташлашнинг саксонинчи куни. Биз ўз . ҳуқуқларимизни даъво қилишда давом этамиз. Очдан ўлмаслик учун тоғтошдан ўт-ўлан териб, балиқ овламоқдамиз. Биз уйимизда бор ҳамма нарсани — кўрпа-тўшакдан тортиб кийим-кечаккача, ҳатто стулларни ҳам сотиб бўлдик… Биз ўлимдан қўрқмаймиз,— бу оллоҳнинг хоҳиши,— лекин, биз бошқарувчини музокара столига ўтиришга мажбур қиламиз. У суднинг қарорига бўйсуниши кврак. Давлатга миллионлаб зарар келтириш ҳамда бизни очдан ўлдиришга унинг қандай ҳақ-ҳуқуқи бор?..
Қария ёш докторга меҳр ва ҳурмат билан қараганча худди у фақатгина варақа ўқиб бераётган одамгина эмас, балки унга иш ташлашнинг моҳиятини тушунтираётган фабрикаларининг ишчисига ўхшабкетди. Докторнинг кўзлари ёнарди, у ўз беморига битмас-туганмас меҳр билан қараб турарди. — Сен ҳақсан, йигитча,— деди кекса Осим Бобо.— хаммаси худди варақада ёзилганидек!
Ишчилар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб кураш олиб бораётганлари тўппа-тўғри, лекин фақат эндиликда ишчиларнинг орасида Осим Бобо йўқ, у ўртоқлари билан ёнма-ён тура олмайди, бу курашда енгиб чиқиб, ҳақ-ҳуқуқларини қўлга киритиб, кейин яна печларга ўт ёқиб, ишни давом эттириш бахти насиб қилармикин. Наҳотки, у фабрикага қайта олмаса?.. Унинг кўз ёшларини доктор кўриб қолишидан қўрқиб, дераза томонга ўгирилиб, денгизга қарай бошлади. Унинг кўзлари фабрика трубаларини қидирарди, у фабрика ишлаб турган бахтли кунлардагидек трубаларда тутун ўрлаётганини кўришни хоҳларди.
Шунда доктор худди унинг хавотирли фикрларини ўқиб олгандек:
— Хавотирланма, ҳаммаси яхши бўлади!—деди. Кейин аввалгидек жарангдор овозда чақириқни тўхтаган жойидан ўқий бошлади:
— Бизга фабриканинг бир кунлик зарари миқдори-да қўшимча ҳақ тўлашган тақдирдагина масала ҳал бўлади…
Ҳикоят Маҳмудова таржимаси