Ўз шаҳримда турган вактимда унинг атрофидаги сайилгоҳ жойларнинг бирисига ўртоқларим билан саёҳат килишга муваффақ бўлдим. Биз ўша ерни айланиб юрган вақтимизда кўзимизга бир нуроний, ёши ҳам анчага бориб картайиб қолган, лекин ўзи ҳали барваста, тетик суяклари ҳам сусаймаган, ҳеч бир аъзоси бўшашмаган ва хуллас соч оқаришдан бошқа ҳеч қарилик нишонаси бўлмаган бир чол кўринди. Шунда менинг у билан гаплашишга ҳавасим келиб, ўзимдан-ўзим унинг пинжига киргим ва у билан яқин бўлгим келиб қолди. Кейин ўртоқларим билан унга қараб равона бўлдим. Унга яқинлашган чоғимизда, у биздан аввал салом берди ва жуда дилга ёқар, маъқул гаплардан гапира бошлади. Гапга киришиб кетибмиз, ҳатто гап айланиб, унинг ҳол-аҳволи, ёши, ҳунари, ҳаттоки унинг исми, насаби, шаҳрини билишгача ҳам бориб етди.
Кейин у жавоб бериб айтди:
— Исмим Тирик, насабимга келсак, Уйғоқ ўғлиман. Шаҳрим Байт ул-муқаддасдир. Ҳунарим жаҳон теварагини саёҳат қилиш ва ҳатто оламнинг ҳамма томонларидан хабардор бўлиб юришдир. Шу саёҳатларимда юзимни отам томонга қаратганман. У тирикдир. Мен барча илмлар калидини ундан олганман. У менга олам чегараларига олиб борадиган йўлларни кўрсатган, саёҳат қилиш билан ҳатто ҳамма иқлим уфқлари менга кўриниб қолди.
Анча маҳалгача у билан ҳар хил илм соҳаларида масалалар айтишардик ва уларнинг ҳақиқатини тушунтнриб беришни сўрардик, ниҳоят фаросат илмига етдик. Мен унинг бу илмда шунчалик тўғри фикр юритаётганинм кўриб, жуда ҳам ҳайратда қолднм. Негаки, у биз келиб тўхтаган фаросат илмидан гап бошлаб, мана шундай деди:
— Фаросат илми фойдаси нақд бўлган илмлардандир. Сен бу илмни билиб олсанг, у сенга кишиларнинг ўзлари яшириб юрган феълу атворларини билдиради. Мана шу фаросатнинг билдириши натижасида ўз билгинг билан унга бойланиб қоларсан, ё ундан юз ўгирарсан. Фаросат илми сенинг ўзингни аслингда бор бўлган инстинктив яратилмаларинг, ўзгартирилмаган табиатларингни кўз ўнгингга келтириб қўяди. Агар сенга фаросатнинг тузатувчи қўли тегса, сен жуда ўткир бўлиб кетасан. Агар сени бир алдоқчи йўлдан оздириб, тузоғига тушира олса, алданасан.
Теварагингдаги сени ташлаб кетмайдиган бу кишилар сенинг ёмон ошналарингдирлар. Сен улардан осонликча саломат қутулмайсан, улар сенга фитна қиладилар. Сени улар фитнасидан фақат тўла бир покликкина сақлаб қола олиши мумкин, холос.
Аммо мана шу сенинг олдингда турган оғайнинг эса, сенн ҳайратга солувчи, эзмадир. У ёлғонни тўқиб чиқарадиган ва қалбаки ишларга уста бир уйдирмачидир. У йўл озиғи берилмаган кишиларнинг сенга келтирган хабарига ўхшаган хабарларни келтиради. У хабарларнинг ҳақиқатини уйдирма билан булғанди, ростни ёлғонга қориштиради. Тағин у сенинг жосусинг ва айғоқчингми? Сенга маълум бўлмаган ва сендан узоқ бўлган нарсаларнинг хабарларини сенга у шу йўл билан келтиради. Сен бунинг ростини ёлғондан ажратиш билан, сохтадан чинни фарқ қилиш билан, хато пардалар ортидан тўғриларини сайлаб олиш билан синаласан. Сенга бундай қилишдан бошқа чора йўқ. Гоҳо бахт қўлингни тутиб, адашув муҳитидан қутқаради, гоҳо унинг берган хабари сени ҳайратда қолдиради, гоҳо ёлғон сени алдайди.
Мана бу ўнгингдаги ошнанг эса, сенн йўлдан уришга жуда ҳам чоғлангандир. Агар у безовта бўлиб қўзғалиб қолса, уни насиҳат қилиш билан тўхтатиб ва юмшоқлик билан босиб бўлмайди. У худди қуруқ ўтинга тушган ўтдай ё босиб келаётган селдай, ё маст туядай ва ё қасд оладиган шердай, унинг жнловини тутиб бўлмайди.
Мана бу сўлингдаги ошнанг эса, ўлгудай ифлос, очопат, вужуди билан шаҳватга берилган кишидир. Унинг қорнини тупроқдан бўлак ҳеч нарса тўлдиролмайди, очлигини гард, чангдан бўлак ҳеч нарса йўқота олмайди. У ўлгудай ялоқи, хўранда, ютоққан, мечкай ва ямлоқдир. У роса очиқтириб, кейин ахлатга қўйиб юборилган тўнғизга ўхшайди.
Эй, мискин! Бу ошналарингга сен шундай боғланиб қолгансанки, улар ва уларга ўхшаганларнинг оёғи ҳеч ҳам тегмаган мамлакатга чиқиб кетиб, улардан қутулмасанг, бошқа ҳеч нарса сени қутқаролмайди. Лекин ҳозир улардан ажралишнинг вақти ҳам эмас, қочиб қутулишинг ҳам қийин. Энди қўлингни улардан узун қилиб юр. Сенинг ҳукминг улар ҳукмидан устун келсин. Сен ўз тизгинингни улар қўлига тутқазиб қўйишдан ёки уларнинг ўзингга етакчи бўлишларидан сақлан. Қайтангга уларга яхши тадбир қўллаб, устун келишга ҳаракат қил. Шунда сен уларни тўғри йўлга бошлаган бўласан. Агар сен қаттиқ турсанг, уларни ўзннгга қаратасан, улар эса сени ўзларига қарата олмайдилар. Сен уларни эгаллаб оласан, улар сени эгаллай олмайдилар. Бу ўртоқ ва оғайниларинг ҳақида сенинг учун энг яхши ҳийла ва тадбир шуки, лаганбардорлик билан муомала қиладиган бу калтафаҳмга алданишдан иборат ғазаб аралаш ошифталик ва қийин ишни учратсанг, у бадхулқ билан бу калтафаҳмнинг бошига яхшилаб уриб синдирасан, шунда унинг мартабаснни жуда пасайтирган бўласан. Аммо мана бу очкўзга у то тангрига катта қасам ичиб, сени ишонтирмагунигача унга мойил эканлигингни билдирма. Агар у қасам ичиб, инонтирса, инон, унинг сенга келтираётган хабари рост-ёлғон аралаш бўлса ҳам эшитишдан қочма. Шунда сен унинг хабарларидан аниқ ва исботлашга лойиқ бўлганини йўқотмаган бўласан.
Шундай қилиб, у чол, менга оғайниларимдан гапириб, уларни менга тавсифлаб берганида ошналарим ҳақида билган нарсаларини, рост, деб қабул қилишга шошилдим. Ахир, мен уни имтиҳон қила бошлаганимда, сўраган кишим улар ҳақидаги хабарларнинг тўғрисини менга айтиб берди-да!
Мен машаққат тортиб, улар билан шуғуллана бошладим. Гоҳ менинг қўлим улардан, гоҳ уларнинг қўли мендан баланд келарди. То ажралиш пайти келгунга қадар бу ошналарим билан яхши қўшничилик қилишим учун тангридан ёрдам тилайман.
Сўнгра бу чолдан зўр бир орзу ва иштиёқ билан саёҳатда раҳнамолик қилишини истадим. У менга айтди:
— Сен ва сенга ўхшаш кишилар менинг саёҳатимдек саёҳат қилмоқчи бўлишса, бунга йўл беркдир. У саёҳат йўли сенга ва сенга ўхшашларга ҳам беркилган. Яккаланиш сенга бахт-саодат бағишламасмикин?! Бахт учун белгиланган вақт бор; сен у вақтдан олдин бахтга эришолмайсан. Сен баъзи вақтлар қўним аралаш саёҳат қилишга ва баъзи вақтлар улар билан биргалашнб туришга кўник. Жуда иштиёқ билан саёҳатга чиққанингда сен мен билан бирга бўласан. Шунда сен уларни ўзинг билан бирга олмай, ташлаб кетарсан. Агар сен у ошналарингга мойил бўлсанг, улар томонга борарсан; то улардан юз ўгира олишлигинг муяссар бўлгунгача мендан алоқангни узиб турарсан.
Шундай қилиб, гап ҳар бир иқлим аҳволидан, тўла билган ва эшитган хабарларидан сўрашга келиб етди. Шунда у менга айтди:
— Ер чегараси учтадир: бирн Хофиқони деб аниқланган чегарадир. Бу чегаранинг ҳақиқати маълум. У ҳақда кетма-кет очиқ ва ажойиб хабарлар келиб туради. У улуғ нарсаларни ўз ичига олган, яна иккита ажойиб чегара бор: бири Кунботар, бошқа бири Кунчиқардир”.
Буларнинг ҳар бирида биттадан мамлакат бор. Бу иккаласи оралиғи билан ннсонлар олами оралиғини ажратиб турган чегара бор. У чегарадан худо томонидан, асли яратилишда ўтиш лаёқатини касб қилган, махсус одамлардан ташқари, ҳеч ким ўтолмайди. Бу чегаралардан ўтишда турғун ҳаёт чашмаси ёнида шариллаб оқиб турган чашмада чўмилиш фойда беради. Агар саёҳатчи ўша чашмага йўл топса, унда ювиниб, тоза бўлса ва унинг ширин сувидан ичса, у вақтда унинг аъзоларида ажойиб бир қувват пайдо бўлиб, у билан бу саҳроларни босиб ўтишга қодир бўлади. У Баҳр ул-Муҳитда чўкмайди. Қоф тоғи унинг йўлини тўсолмайди. Забония ҳам уни жаҳаннамга улоқтириб юбора олмайди. Биз булоқни яхшилаб тушунтириб беришни сўрадик. У айтди:
— Сен буни эшитгансан: Қутб томондаги тургун қоронғуликларнинг ҳоли сенга маълум. Қуёш ҳар йили маълум муддатгача уни ёритишга қодир бўлолмайди. У қоронғуликларга кирган ва улардан тортинмаган киши, нурга тўлган чексиз бир бўшлиққа етиб боради. Шунда, унга, энг олдин, баландликка қараб, дарё бўлиб шариллаб оқаётган чашма кўринади. Кимки бу чашмада чўмилса, сувда чўкмай, енгил юради; тоғ чўққиларига қийналмай чиқиб, ниҳоят инсоният оламндан ажралган ўша икки чегаранинг бирига эришади. Мамлакатимиз Мағриб чегарасидан узоқ бўлгани учун чегара ҳақида гапириб беришини сўрадик. Шунда у айтди:
— Мағрибнинг энг узоқ жойида катта ва иссиқ бир денгиз бор. Уни тангри китобида «Айнан ҳамиатан» иссиқ чашма деб юритилади. Қуёш унинг яқиннга ботади. Бу денгиз чеки йўқ кенг бир хароб мамлакатдан бошланади. У иқлимга турли томондан ғариблар келиб, уни обод қилиб турадилар, холос. Унинг ерларини доимий қоронғилик қоплаб олган, у ерга борадиган кўчманчилар қуёш ботганда керак бўлади, деб ўзлари билан бирга бир озгина нур ҳам олиб борадилар. Унинг ерлари шўр тупроқдир. Бу ерга келиб қўниб қолганлар ўзлари учун у ерни обод қилиб, ариқлар қазийдилар, бинолар қуриб, кўчатлар экадилар. Бошқа бировлар иморат соладилар, кейин у бинолар қулайди, уни яна тиклашади, яна бузадилар.
Бу ернинг одамлари ўртасида доимо жанжал, ҳатто уришлар ҳам юз бериб туради. Қайси бир тоифа зўр келса, бошқа тоифанинг уйларини эгаллаб олади. Шу билан бирга бу зўр келганлар уй эгаларини у ердан мажбурий равишда кўчириб юборадилар. Улар ўз ерларида қолишни исташса ҳам, хўрланишлари бунга йўл қўймайди. Буларнинг одатлари шудир, бундан қайтмайдилар. Бу иқлимга ҳар хил жонлилар келади, унда ўсимликлар ўсади. Лекин бу ерга келиб қарор топган жонлилар, бу ернинг ўтлоғидан ўтлаб, баҳраманд бўлиб юрса ва сувидан ичса, суратларидан анча узоқ (яъни ўхшамаган) бир тусга кириб қолиб, ўз суратлари эса пардаланиб қолади. Шунда у мамлакатда инсонни жонивар териси билан ёпилганини ва унинг устида қалин ўтлар битишини, шу билан бирга, қолган ҳамма нарсаларнинг ҳоли нима кечишини кўрасан. Бу иқлим хароб бир жон бўлиб, ерлари шўроб, серфитна, сержанжал, серғалаёндир. Агар исталса, яхшилик ва хурсандчилик узоқ жойлардан олиб келинади.
Мана шу иқлим билан сизнинг иқлимларингиз ўртасида бошқа иқлимлар ҳам бор. Лекин осмон чети келиб туташган жойига ёндош мана шу иқлимнинг орқасида бир қанча нарсаларда худди шу иқлимга ўхшаш яна бир иқлим бор. Уларнинг бири ғариб ва узоқ ердан келган аҳолисидан бошқа ҳеч кимса йўқ, кимсасиз, бўм-бўш жойдир. Булардан яна бири, гарчи биз юқорида айтиб ўтган нур деразасига энг яқин бўлса ҳам, нурни бегона жойдан ўғирлайдиган иқлимдир. Бундан олдинги иқлим ернинг асоси ва қароргоҳи бўлганидек, кейингиси осмонларнинг қароргоҳидир. Лекин бу кейинги иқлимда ободонлик йўлга қўйилган. Бу иқлимга келиб тушувчилар орасида ҳеч қандай келишмовчилик йўқ. Ҳар бир халқ учун тайинланган маълум ўлка бор. Улар устига ҳеч ким ғолиб бўлиб бостириб кирмайди. Обод қилинган жойнинг бизга энг яқин қисмида яшовчи халқ кичик жуссали, серҳаракат кишилардир. Уларнинг шаҳарлари эса саккизта бўлади.
Унга ёндашган мамлакат аҳлларининг жуссаси эса булардан ҳам кичикроқ, юриш-туришлари оғирроқ бўлади. Улар ёзув-чизув ва нужум, найрангбозликлар, тилсимлар, нозик синоатлар, юксак ишларни биладилар ва шулар билан шуғулланишга ҳаракат қиладилар. Уларнинг шаҳарлари тўққизтадир. Бу мамлакат аҳолиси ёқимли, жуда гўзал бўлади. Улар кайф-сафони жуда ҳам яхши кўришади, ғамдан озодлар, турли наъмаларни латиф қилиб чалишади, унинг турли-туман куйларннн билишади. Бир хотин уларга подшоҳлик қилади. Эҳсон ва яхшилик улар учун табиийдир. Агар ёмон нарса гапирилиб қолинса, ундан нафратланишади. Бу хотин подшоҳнинг шаҳарлари саккизтадир.
Унга туташган мамлакатда яшовчиларнинг жуссалари катта, юзлари сухсурдек; улардаги хислатлардан бири шуки, уларнинг бир-бирлари билан танишишлари жуда ҳам фойдасиз, яқинлашиш азиятли бўлади. Уларнинг шаҳарлари бештадир.
Унга ёндашган мамлакатда дунёда ёмонлик қиладиган халқлар жойлашган. Улар бўғиш, қон тўкиш, ўлдириш ва оёқ-қўл кесишни яхши кўрадилар, ўйин-кулгини севадилар. Уларнинг кулфат келтирадиган қотил, урадиган, қирмиз юзли, йўлдан урувчи подшоиҳи бор.
Бу қисса ривоятчиларининг айтишича, бу ҳоким юқорида айтганимиз чиройлик подшоҳ хотинга ошиқ экан, унинг муҳаббати буни ошифта қилиб қўйган экан. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.
Унга ёндашган буюк мамлакат аҳллари иффат, адолат, ҳикмат ва тақвога берилган, яхшиликни қўлга киритиш учун ҳар томонга боришга тайёр, узоқ ва яқин барча кишиларга шафқат кўрсатишга эътиқодлидирлар. Билган ва билмаганларига яхшилик кўрсатувчилардир. Нафосат ва гўзалликда буларнинг тенги йўқ. Буларнинг ҳам шаҳарлари еттитадир.
Унга ёндашган мамлакат аҳолиси эса чуқур фикр юритувчи, ёмонликка берилган халқдир. Агар яхшилик қилсалар, уни жуда ҳам уддалайдилар. Булар бирон-бир тоифа устига юриш қилишса, шошган киши каби эмас, балки ақлли киши сингари тадбир кўрадилар; қиладиган ишларида сабрдан бошқа нарсага асосланмайдилар. Уларнинг шаҳарлари еттитадир.
Ундан кейин, кенг ўлкали, кўп иморатли катта бир мамлакат бор. Бу мамлакатнинг обод қилувчилари кўп. Халқлари шаҳарларда туришмайди, саҳроларда яшашади. Уларнинг тураржойлари ўн икки бўлакка бўлинган қуруқ ердир. Уларнинг йигирма саккиз қўноқ жойи бор. Уларнинг ҳеч қайсиси бошқаларннинг қўноғига боришмайди. Лекин олд томондаги уйлардан бирор тоифа кўчса, уларнинг орқаларидан бошқа бир тоифа бориб, уларнинг жойларини дарҳол эгаллаб олади. Бундан олдинги мамлакатларнинг халқлари бу мамлакатга келиб-кетиб турадилар.
Унга яна бир мамлакат ёндашган. Бу мамлакат уфқига то ушбу вақтгача ҳеч ким етган эмас, пайқаган ҳам эмас. Унда на шаҳарлар бор, на қишлоқлар.
Кўз билан кўриладиган зотлар бу ерда туришмайди. Бу ерни обод қилиб турувчилар руҳоний фаришталардир. Ҳеч бир инсон у ерга тушмайди. Бу мамлакатдан унга ёндаш бўлган мамлакатлардагиларга фармонлар тушиб туради. Бунинг орқасида обод жой йўқ. Оламнинг Мағриб деб аталаднган чап томонндан бу икки иқлимга ерлар ва осмонлар туташган.
Агар ундан Машриқ томонга юзлансанг, сенга бир иқлим кўринади. Бу иқлимда на инсон, на ўт, на тош бор. Фақатгина у кенг бир саҳро, суви лиқ тўла денгиз, жиловланган шамоллар, алангаланган ўтдан иборат, холос. Буни босиб ўтсанг, юксак тоғли, оқар дарёлар, гизиллаган шамоллар, ёмғирли булутлари мавжуд бир жойга дуч келасан ва у ерда олтин, кумуш, қимматли ва арзон гавҳарларнинг хил ва турларига эга бўласан. Лекин унда ҳеч бир ўсимлик йўқ.
Бу ердан ўтгач, бошқа бир иқлимга бориб қоласан. Бу иқлим юқорида айтилган жойда бўлмаган нарсалар билан лиқ тўла. Унда ер бағирлаб ўсадиган ўсимликларнинг барча тури, мевали ва мевасиз. донли ва уруғли дарахтлар бор. У ерда юрадиган ва овоз чиқарадиган жондорларни кўрмайсан, Ундан ўтиб, бошқа бир иқлимга бориб қоласан, тилсиз, сузувчи, судралувчи, тўғри учувчи ва туғилувчи ҳайвонларнинг ҳамма турларини кўрасан. Унда сенга улфат бўладиган кимса бўлмайди. Унда кўрган ва эшитганларингни ўқиб олиб, ҳамжинсларинг оламига қутулиб чиқасан.
Агар Машриқ томонга йўналсанг, қуёшни шайтоннинг икки шохи ўртасидан чиқишининг шоҳиди бўласан. Чунки шайтоннинг иккита шохи бор: бири учади, бири юради. Машриқ томонда юрадиган халқлар икки қабиладан иборатдир. Бирининг хулқи йиртқич ҳайвонсифат, бошқасининг хулқи эса тўрт оёқли уй ҳайвони сифатдир. Булар иккови орасида доим жанжаллар бўлиб туради. Буларнинг иккаласи Машриқнинг сўл томонидадир. Учадиган шайтонларнинг жойлари эса Машриқнинг ўнг томонндадир. Булар бир хил жинсдан яратилмай, балки уларнинг ҳар бири деярлик бир-биридан ажратилган ҳолда, нодир кўринишда яратилгандир. Уларнинг баъзиси икки хил, баъзиси уч, бошқа баъзиси тўрт хил қилиб учадиган инсон ва чўчқа бошли илон каби яратилган. Баъзиси ярим одам ва бошқа баъзиси бир кафти инсон қўлию, бошқа ҳамма жойлари ҳайвонларнинг аъзосидан иборат. Рассомлар тасвирлайдиган суратларнинг ўша иқлимдан олиб келинганлиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Бу иқлимда ғолиб келган — подшоҳ бу ерда бешта чопар — алоқа йўли ташкил қилган. Шунингдек, у ўша мамлакат учун қуролхоналар қурган ва унга қуролли кишилар қўйган. Булар бу олам аҳлидан кимки у ерга бориб қолса, уни шартта тутиб оладилар ва ўзларига етган барча хабарларни ўша орқали исботлайдилар. Кейин асирларни мамлакат эшигини тутиб турувчи ўша бешта чопарнинг бошлиғига топширадилар. Асирларда бекитиб муҳрланган ёзма хабарлар бўлади, лекин ундан мудир ҳам хабардор бўлолмайди. Бу мудирнинг вазифаси мактубларнинг барчасини подшоҳга билдириш учун хазиначига етказишдир. Асирларга эса мана шу хазиначи қараб туради. Уларнинг қуроллари эса, бошқа хазиначига сақлаш учун топширилади. Сизнинг оламингиздан асир олинган инсонлар, ҳайвонлар ва бошқалар ўз суратлари билан ўша турларнинг бири бўлиб кўпаядилар.
Бу иккала шох ўртасидан бу иқлимингизга сафар қилувчи киши ннсонларнинг нафас йўлларидан кириб, ҳатто уларнинг қалбларининг қора нуқтасигача боради. Аммо бу икки юрувчи шохнинг йиртқич ҳайвон суратдагиси инсонга уни қийнайдиган бир азият етишини кутиб туради. Агар азият етса, уни бўрттиради ва инсонга ваҳшийлик қилиш, ўлдириш, қулоқ-бурунни кесиб сазойи қилиш, азоб бериб қийнаш каби ёмон ишларни яхши қилиб кўрсатади. У инсон вужудида жабр қилиш, зулм ва эзиш ҳисларини уйғотади, уни шунга мойил қилиб тарбиялайди. Лекин бу икки шохдан бошқа бир шох эса инсон боласига ёмонлик, ман қилинган иш, фисқу фужурларни яхши қилиб кўрсатади ва шунга қизиқтиради. Ҳатто унинг елкасига миниб олади. Қизиқтиришда давом этиб, ниҳоят уни ўша томонга тортади.
Аммо у учадиган шох эса, кўзи билан кўрмаганни ёлғондан кўрдим, деб алдайди, яратилган нарсаларга ибодат қилишни тасвирлаб беради. Инсоннинг дилига, ўлгандан кейин қайтиб тирилиш йўқ, оқибати ёмонлик ва яхшиликни кўриш ҳам йўқ, бу мамлакатни яратувчиси ҳам йўқ, деб инсон қалбини қоралайди, фикрини бузади.
Бу иккала шохдан буёғини иқлимингиз ортидаги иқлим чегарасига яқин ер фаришталари обод қилишади, фаришталарнинг йўл кўрсатиши билан у тоифа тўғри йўлни топиб, динсизларнинг йўлидан чиқадилар, пок руҳлилар ахлоқига эга бўладилар. Булар агар инсонлар билан аралашсалар, уларга ёмон хулқларни ўргатмайдилар, йўлдан оздирмайдилар, инсонларнинг пок бўлишларига ёрдам берадилар. Улар жин ва ҳинлардир. Кимки ушбу иқлим орқасига етса, ер фаришталари турадиган бпр иқлимга боради. Булар икки табақага бўлинади: бири ўнг томондагиси бўлиб, бу билувчи ва буйруқ берувчидир. Рўбарўсидаги, чап томонда турувчи табақа эса, буйруқни қабул қилувчига ишловчилардир. Бу иккала табақа гоҳ жин ва инсон иқлимларига, пастга тушадилар, гоҳ кўкка кўтариладилар. Айтишларича, «хафазайи кироми котибийн» шулардан эмиш. Булардан ўнгда ўтириб кузатувчиси эса, буйруқ берувчилардан бўлиб, ёздириш иши шуларнинг қўлида. Чапда ўтириб кузатувчиси ишловчилардан бўлиб, ёзиш иши шунинг қўлида. Бу иқлимга ўтишга йўл топа олган киши осмоннинг нариги томонидан қутулиб чиқади. Шундан кейин у энг олдинги яратилганларни кўради. Уларнинг барчаси итоат қиладиган ягона подшоҳлари бор. Чегараларнинг биринчисида улуғ подшоҳларининг хизматкорлари унга яқинлаштирадиган амалларни қилиб турадилар. Улар очкўзлик, знқналик, шаҳвоний иш, зулм ва ҳасад қилиш ҳамда ялқовлик қилишга мойиллик қилмайдиган покиза зотлардир. Улар бу мамлакат атрофларпни обод қилиш учун қўйилган вакиллардир. Улар ўша ерда ҳар нарсадан огоҳ бўлиб турадилар. Булар маданий бўлиб, шаҳарларда, баланд-баланд кўшкларда, гўзал биноларда туришади.
Бу ернинг тупроғи иқлимингиз тупроғига ўхшамайди. Бу мамлакат ойна, ёқут ва шунга ўхшаган нарсалардан ҳам қаттиқроқдир. Уларнинг умрлари узун ва ўлим улардан йироқлаштирилган. Улар энг узоқ умр кўрадилар. Уларнинг вазифалари подшоҳлари билан жуда яқин ва жуда яхши аралашиш бўлиб, улар шоҳ мажлисига доим тайёр бўлиб турадилар. Подшоҳ хизматини қилишни ўзларига хорлик деб билишмайди ва қилаётган ишларини ўзгартиришмайди. Уларнинг ўзлари шоҳга яқин туришни исташади. Шоҳ олий мажлисининг даврасида ўтирадилар ва подшоҳдан ажралмайдиган бўлиб, унинг юзига қараш билан бахтга эришадилар. Буларнинг табиатлари гўзаллик ва зеҳн ўткирлиги, донолик, ростгўйлик билан ёқимлилик ва етуклик билан зийнатланган. Уларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида жой ажратилган, даражаларн ҳам тайин, турар-жойлари ҳам маълум чегаралар билан белгиланиб қўйилган. Улар бу даражаларда туриб, бир-бирларининг ўринларини тортиб олмайдилар ва бошқаларнинг ишларига аралашмайдилар ҳам. Уларнинг ҳар бири бошқасидан юқори бўлиб, ўзганинг ишига аралашмайди, ўзини ундан камситишни эп кўрмайди.
Подшоҳнинг битта энг яқин кишиси бўлиб, у ҳам бўлса уларнинг отасидир. У кишилар ўша отанинг фарзанди ва невараларидир. Бу ота орқали улар подшоҳнинг буйруқ ва фармонларини олиб турадилар. Уларнинг ажойиб хусусиятларидан бири шуки, уларнинг табиатлари пир бўлиб, тез кексайишмайди.
Уларнинг отаси эса, гарчи улардан каттароқ бўлса-да, улардан ҳам кучга тўла, кўриниши ҳам ёшроқдир. Уларнинг ҳаммалари саҳрода туришади. Ҳамма нарса етарли, камчиликлари йўқ. Подшоҳлари эса, улардан ҳам эҳтиёжсиздир. Кимки уни бирор ирққа тааллуқли деб билса, у адашади, кимки унга лойиқ мақтовлар билан мақтай оламан деса, бекорларни айтибди. Унинг васфини қилишга кишининг кучи етмайди. У бирор нарсага ўхшатилишдан узоқ. Чунки ўхшатиш бўлак бир нарсага қиёслаш билан бўлади. Унда бўлса, бундай аъзолар йўқ. Шу сабабдан бутун вужуди ўзининг ҳусни учун чеҳра, сахийлиги учун қўлдир. Унинг ҳусни барча гўзалликларни йўқ қилиб юборадиган даражада бўлиб, унинг карами олдида барча нафис карамлар чиппакка чиқади. Агар бу подшоҳ атрофида хизматда бўладиганларнинг бирортаси фикр қилиб, уни кўраман деса, ҳасратида кўздан маҳрум бўлади ва шу кўйича мақсадга етмай қайтади. Унинг жамоли ўз ҳуснини пардасидир, ошкоралиги унинг яширинлигига, нур сочиши бекиклигига сабабдир. Худди қуёш озроқ ниқобланганда, очилиши кўпроқ талаб қилинганидайдир.
Қуёш нурига синчиклаб қарамоқчи бўлинганда, нури нурига парда бўлиб қолади. Бу подшоҳ ўз кишиларига кўриниб туради, уларга ўзини кўрсатишга бахиллик қилмайди. Кимки уни кўра олмас экан, буни ўз мулоҳазасининг етишмаслигидан деб билсин. У кўп яхшилик, хайр-эҳсон қиладиган, мўл нарса ато қиладиган даргоҳи кенг, барчага баравардир. Кимки унинг жамолидан бир озгина баҳраманд бўлса, уни ҳар ҳолда танийди. Бир кўз очнб юмгунча ҳам ундан кўзини ололмайди. Агар инсонлар у томонга ҳижрат қилиб турсалар, унинг фазилатларидан ўзларига кераклигини олишади ва бу иқлимингиз матоини бир пул қилишади. Мабодо, унинг ҳузуридан қайтишса, ўзларининг хоҳишига қараб эмас, балки мажбуран қайтишади. Ниҳоят Уйғоқ ўғли Тирик қўшиб қўйди:
— Агар, сени уйғотиш мақсадида қилган бу ҳикоям мени унга яқинлаштирмаганда эди, мен бу ҳикоя билан машғул бўлмасдим ва сенга бу сўзларни гапириб ўтирмасдим. Истасанг менга эргаш, сени унга олиб борайин.
Абдусодиқ Ирисов таржимаси.