… – Агар ҳаёт бўлганида эди, кафтимда кўтариб юрардим, – кейинги кунларда Сафол одамлар орасига қўшилди дегунча у гапни такрорлайдиган бўлиб қолганди. Шундай дерди-да, маҳзун, ҳорғин, ёшланган кўзларини оёғи тагига тикканча ўзича ғўлдирарди. – Лекин қўлдан кетди… Эҳ, агар у бўлганда…
“Ким билади?”. Совуқ ва шубҳа ялтиллаган нигоҳлар Сафолнинг кўзларига қадалади. Қария оғир бир “оҳ” тортиб, қорача, дағал бармоқларини қалтираётган бошига қўяди ва ҳасратланганча қайта-қайта дейди:
– Қанийди, тирилиб келса…
Уч-тўрт ой олдин, кампири ҳаётлигида чолнинг хотини тўғрисида бирон нима деганини ҳеч ким эшитмаганди. На яхшилигидан гапирар, на бирон ёмонлигидан нолир, гўё ҳар иккови бир том остида яшамаётгандай эди. Ё ҳар ким ўзича, бегоналар каби умр кечиради. Чол-кампирнинг бир дастурхон атрофида овқатланиши, кўчада бирга кетишаётганига ҳеч кимнинг кўзи тушмаган. Аввалига одамлар ажабланиб, “Шуям ҳаётми?!” дер, бора-бора эса бунга оддий ҳолдай қарайдиган бўлиб қолишди. Начора, кенг дунё, ҳамма билганича яшайди.
Лекин чол ёшлигидан жиддий, қарашлари ўткир, тили заҳар, наштарли эди. Баъзан одамлар олдида – ким билади, ёлғиз қолишганида ҳам уларнинг орасидан нима гап ўтарди – хотинининг зиғирдеккина айбини топиб олиб, бирдан койишга тушар, ҳатто сўкишдан ўзини тиёлмай қоларди.
– Оёғинг гўр лабида турган бўлса-да, ақлинг кирмади… Минг афсус, ширин умрим сен билан зое ўтди… Э, Худо, қачон енгим тагидан бу чангни йўқотасан?
Ана шу пайтда аёлнинг қон қочган лабига жилмайиш югуриб, сўник кўзлари яшаргандай бўларди. Лекин у тишларини кўрсатмай, эрининг юзига қарамасдан, билдирмайгина ўзини четга олар ва эҳтимол ортидан эрининг нафрат тўла ўткир нигоҳини ҳис қиларди ҳам.
Ундан бошқа биронтаям аёл бундай ҳақоратга жим қараб турмасди. Улар карахт аҳволда, айримлари бошига ҳақорат ёғилган аёлга раҳму шафқат билан кўз қирини ташлаб, ичида уни ҳам, эрини ҳам ўзича муҳокама қилишарди.
“Тил эмас, заҳри қотил… Гапидан етти ўлик эшакнинг ҳиди келади-я. Бундай золимга чидаб келаётган сендек аёлга минг раҳмат-ей…”
“Эй, жоҳил эр, хотин сенинг чўринг эмас, бир умрлик ҳамнафасинг, шеригинг, болаларингнинг онаси-ку!”.
“Бахтиқаро, тақдирига тан берибди. Йўқса, бу итфеъл эр билан бир кун ҳам яшаш ҳайф. Нима қилсин? Манглайига бир умр ўлиб-тирилиб хизмат қилишу аччиқ-тизиқ гаплар эшитиш ёзилган экан. Тавба. Худо тўнғизнинг чангалига топширса-топширсин, бу касофат эрга хотин қилмасин эди…”
“Бош эгиб юраверишнинг ҳам чек-чегараси бордир? Наҳот ўзингни шунчалик оёқости, хору зор қилиб қўйсанг? Биллоҳ, агар эрсиз ўтиб кетсам ҳам, бунга ўхшаган дўзахи билан бир кун ҳам бирга нафас олмасман”.
“Ҳаёт эмас, гўр азоби, жаҳаннам. Бунақа уйда яшасанг сил бўлиб, қуриб-қақшаб ўлиб кетасан…”
Лекин аёл умрида бир марта ҳам аччиқ ҳаётидан нолимади. Уйидами, даладами, ҳамиша боши қуйи солинган, бирон кимса унинг нимани ўйлаётганини, ё бешиктерватардек тебраниб-тебрангани сабабини билмасди. Аёллар унинг бошига маломат тошлари отишиб: “Ўз қадрингни билсанг-чи, ҳой одам! Сабру тоқатнинг ҳам чеки бордир. Заҳар-заққум, жон олғич эрингга намунча итоатли бўлмасанг, гоҳ-гоҳ жиловини тортиб тургин…” деганида лабларига билинар-билинмас табассум югурар, ҳаётдан тўйиб кетган кўзлари аста порлагандай бўлиб, хотиржам жавоб берарди:
– Умримнинг ширин дамлари бирга ўтди, сочларимга оқ оралади. Энди қайтадан ёшармайман, бош кўтариб, дилозорлик қилиш ҳам гуноҳ. Ахир, у менинг эрим, – аёл аччиқ-аччиқ кулди. – Тошбақа ҳам эрининг феълига чидаб қадр топган экан… Менга Худо шу эрни лойиқ кўрибдими…
– Э, бунақа эр дегани балога йўлиқсин. Қўпол одам гўрдаги тупроқни ҳам ҳаром қилади.
Аёлларнинг қаҳ-қаҳаси бир зумда теваракни зириллатиб ўтди. Уларнинг ҳар-хил кулгисида турли маъно бор: “гўл, содда аёл… Қари такангдан бирон рўшнолик кўрдингми?” Аёл эса тилини тишлаб, хотинларга ҳайратланиб қарарди-да, яна индамасдан ўз ишига машғул бўларди… Чеҳраси ёришмас бу аёлнинг ҳамиша маъюслиги сабаби ноаён эди.
Куз бошида аёл тўсатдан оламдан ўтди.
“Жони ғавғодан қутулди, – дейишди унинг ҳолини билганлар. –Ўлгунча у қари такадан бир оғиз ширин сўз эшитмади”.
“Ношукур эрнинг енгидаги чанг қоқилди, – қўшнилар кесатиқ гап қилишди. – Энди йўли очиқ. Кўрамиз, ҳоли не кечаркин?”
Чол аёли қазосидан бир-икки ой ўтгач, аввал соқолини калталатди, кейин тушган тишлари ўрнига ясама тишлар қўйдирди. Ўлмасидан бир кунгина олдин раҳматли хотини ювиб кетган кийимларини кийиб, ўзига оро берганча қўлига ҳасса олди. Э-ҳа, хаёлида у айрим йигитлардан бақувват эди. У чўнтак соатининг олтинранг занжирини кўкрак чўнтагига осди, савлат тўкканча қадам ташлаб, қишлоқнинг одам гавжум ерларига борар ва ўзини ёстиқдоши вафот этгани учун бир туки ўзгармагандай, қайтага қадди тикланиб, кўзлари равшанлашиб, таъби чоғлангандай кўрсатарди… Лекин бир нарса уни доим ич-ичидан қийнарди: у ўткир нигоҳини олдингидек кимга қадашини, кимнинг бошига қаҳру ғазабини тўкишини билмасди. Кейин яна бир иш бошига тушди-ю, ҳайратдан бармоқ тишлади-да, борган сари дили оғриб, чўка бошлади. У қишлоқдаги қайси бевага совчи юбормасин, ҳаммаси рад қилар эди. Бундай бўлиши тушигаям кирмаганди. Гўёки беваларнинг ҳаммаси унга зору “мен тегаман, мен тегаман”лаб бир-бири билан юлишарди. Раҳматли хотинига бу гапни доимо эслатиб турарди. “Оқшомдан тонггача сизни ўйлаб бедор-а шўрликлар”, – хотини ҳам бир марта жилмайганича кесатганди. Лекин эркакнинг хаёллари энди чиппакка чиқди. Ҳатто етти марта эр кўрган бир бева аёл юз-кўзинг борми демасдан шартта:
– Йўқол кўзимдан! Бошимдан зар сочсанг ҳам сени остонамдан ўтказмайман… Кўчада қолган эмасман, – деди.
Назарида, еру осмон айланиб кетди. Ахир бир умр заҳархандалиги хотинининг кўнглини оғритадими-йўқми, ўйламасди. Ана энди аччиқ сўзга дош бериш осон эмаслигини тушунди.
Бир кампир унинг елиб-югуришлари, қийналиб, асаби қақшаётганини кўриб, раҳми келдими, бир куни кўчада маслаҳат берди:
– Биласанми, Сафол, агар бир офтоба сув олиб раҳматли хотинингнинг қабрига қуйиб келмасанг, ишинг юришмайди.
– Нимага?
– Билмадим, шундай таомил бор… У ҳам одам эди, юраги бор эди… Айтишларича, агар унинг қабрига сув қуйиб келсанг, хотиржам бўлиб, сендан кўнгли совийди…
Чол кампирнинг соддалигидан мазах қилгандайин кулди ва бирданига ғазаб отига миниб деди:
– Қаёқдаги гапларни айтасан, эшитган қулоқ… Нима мени гўл, нодон санаб, калака қилмоқчимисан? Тириклигида унинг кўнглида заррача илиқлик йўқ эди-ку! Энди яна бир офтоба сувни кўтариб қабрига боришим қолувдими? Э-ҳа, бу тушингни бориб сувга айт… Ҳар битта тўнканинг гапига кираверсам…
Ҳафта ортидан ҳафта, ой ортидан ой ўтиб, эркакнинг эгнидаги кийимларининг ранги ўзгараверди. У бир одат чиқарди – дўпписи ва кўйлагининг ёқаси, енги, этаги, шимининг почасини устма-уст қоқаверарди. Унинг назарида дуч келган одам фақат кийимидаги доғ-дуғ, кир ерларини кўрарди. Айримлар истеҳзо аралаш, ё совуққина сўрашарди:
– Ҳалигача енгинг ҳамда этагингдаги чанглардан халос бўлмадингми? Уззукун лўкиллаганинг-лўкиллаган…
Эркак бўйнини бурганча жим ўтирарди. Юраги ғазабга тўлаётганди. Лекин аламини олиш, кўнглини бўшатиш учун гапини кўтарадиган бошқа одам йўқ эди.
Кунлардан бир кун ёлғиз ўғлининг уйига борди. Ишларига аралашиб, буйруқ бераверди. Неваралари ундан ўзини олиб қочар, ўқрайиб қарашлар ва дўқ-дағдағалар уларга ёқмасди. Келини ҳам рўйхушлик бермади.
– Бувимиз яхши эдилар, – ўпкалади набиралари.
У хафа бўлиб, болаларга ўшқирди, жаҳлини босолмасдан, тушлик ҳам қилмади. Оч қолса ҳамки, билинтирмасди. Э-ҳа, агар раҳматли хотини айтилган вақтда бир коса овқатни дастурхонга келтириб қўймаса, у қозон-товоқни ағдариб ташларди, ағдариш ҳам гапми, синдиришгача борарди… Ўғли совуққина муомала қилди. Унинг нолишини эшитиб, ўғли ҳатто фарзандлари томон ўқрайиб ҳам қўймади. Алам қилди, қаттиқ алам қилди. Агар у ҳозир ўғлининг ўрнида бўлганида эди, ёниб кетарди, кўзлари косасидан чиққудек бўлиб, жаҳлидан тушгунча, юрагидаги алам босилгунча фарзандларини уриб-уриб, нечта хипчинни синдирарди. Лекин ўғли бошини қуйи солганча ўйга чўмиб, томир ва пайларига бор кучини тўплагандай бўлди. Балки ота нолиши ўғилга худди тоғдек оғирлик қилгандир. Оғир ботди. Ўғил пича ўйланиб ўтиргач, бошини кўтарди-да, кўзларини бир четга олганча деди:
– Дада, бола ёлғон гапирмайди… Хафа бўлманг. Сизнинг дўқ-пўписаларингизни, нозу эркаликларингизни онам кўтарардилар, холос. Кўтариб-кўтариб, тупроқ тагига кетдилар…
У тутоқиб кетди. Қутургандай қони қайнади. Дастурхоннинг четидан силтаб тортди, чой тўла чойнакни ағдарди, пиёлани пиёлага уриб синдирди ва оғзига келганини қайтармай гапираверди. Ўғли билан набиралари қўрққанларидан тошдек қотиб қолишди. Шу баҳонада қачонлардан бери кўнглида тўпланиб ётган гапларни ўғлининг юзига солди. Аслида пайтини пойлаб юрганди. “Сен одам эмассан, инсофсиз! У дунёда ёқангдан тутганимдан сўнг тушунасан… Шариат юзасидан ҳам бугунгача мендан бир неча марта сўрашинг керак эди, ота, сизга биронта танмаҳрам топиб берайликми деб. Лекин сенга нима, ётган тўшагинг, қучоғинг иссиққина, ота билан ишинг бўлармиди…”
– Нима қилайин? – пичирлади ўғил.
– Кўр эмассан-ку, кўриб турибсан, ор-номусли ўғиллар онаси ўлганидан сўнг бел боғлаб, оталарига хотин қидиришади. Сен-чи?
У шундай деб ўғлининг уйидан чиқиб кетди… Ана ундан кейин ўзини одамлардан олиб қоча бошлади.
Энди у уйидан онда-сонда кўчага чиқар, фикри-зикри енгу этагидаги чанг, доғларни одамларнинг кўз ўнгида қоқиб қўймаслик билан банд эди…
У куни кеча бир янги хабар эшитиб, юрагига чўғ тушди, умид шуъласи порлади. Қўшни қишлоқда кимдир хотинини қўйибди. Қизиқ, нега бундай қилдийкин? Унинг уйини топиб бориб, сабабини билсинми. Балки…
Уй эгаси ҳовлисига ўзи унча яхши танимайдиган бегона одам кириб келганида ҳайрон бўлди. У чақирилмаган меҳмоннинг кўзларига синчковлик билан боқар экан, кўнгли учун: “Хуш келибсан, қайси шамол учирди”, деди ва ортидан “Эшитдим, хотининг у дунёга рихлат қилибди. Хизматингни хўб ўрнига қўйган аёл эди, жойи жаннатдан бўлсин”, дея сўзини тугатди.
– Бир ўзим сўппайиб қолдим, – эркак ҳасратидан чанг чиқиб “оҳ” тортди ва ўзича ғулдиради. – Худо эркак одамни қариганида ҳеч қачон танмаҳрамсиз қўймасин экан, хору зор бўлиб қоларкансан. Ҳамма нарсага муҳтожсан, иссиқ овқатга, тоза кийимга, яхши сўзга… Қанийди, хотиним қайтадан тирилиб келса…
Бир пиёла чой ичиб, у ёқ-бу ёқдан гапиргач, уй эгасига кўзини тикиб, аста сўради:
– Аҳволинг қалай?
– Ёмон эмас, тупроқдан ташқари…– мезбон оғринмай жавоб берди.
У сукутга кетди, лекин мақсад қурти кўнглида ғимирлаб-ғимирлаб тинч қўймасди. Бармоқлари беихтиёр шимининг почасидаги доғларга тушарди, уларни мезбоннинг назаридан яширмоқчи бўлармиди. Уй эгаси янги саволни кутганча меҳмоннинг олдига қанд-қурс солинган ликопчани суриб қўйди.
– Марҳамат.
– Лаббай? – меҳмон анграйиб қолди.
– Ширинликлардан олинг, деяпман…
– Э, ошна, – чол ичидан тошиб келаётган ҳаяжонини зўрға босди, лекин енгининг учига чанг юққандайин уни шоша-пиша қоқишга тушди. – Агар ҳаёт ширин бўлмаса, шакарнинг мазасини ҳам билмайсан одам.
– Тўғри, – мезбон оҳиста деди ва эснай бошлади.
– Хотинингдан ажралдинг, деб эшитдим.
Эндигина дастурхон устига эгилган уй эгаси бошини кўтарди ва меҳмоннинг кўзига тикилганча хаёлчан бош тебратди. Унинг нафаси ичига тушиб кетиб, киприк қоқмасдан ҳайратга тушди: хотин қўйишининг бу одамга нима дахли бор экан?
–Ғалати иш қилибсан…
– Буни ҳаёт дейдилар…
Чол ўзини худди чуқур хаёлга толганга солди. Ярим юмуқ кўзлари ариники каби нигоҳидан ажралган калта сарғиш киприклари ўйнаганча уй эгасининг ҳар бир ҳаракатини айёрона кузатарди.
– Сену менинг ёшимда хотинсиз яшаш қийин экан, гўр азобидай. Худо эркак қариганда ҳеч қачон ёлғиз қолдирмасин, йўқса, у хору зор бўлади, – деди меҳмон ва овозининг мезбон ҳолига куяётгандек чиқишига ҳаракат қилди. – Мана мен совуқ тупроқ ичида қолдим…
– Ҳа, эшитдим, тақдир…
Яна ўртага жимлик чўкди, оғир жимлик. Суҳбат қўр олай демасди. Бу ҳолат меҳмоннинг ғазабини қайнатди. Лекин бу ғазабни кимга сочсин? Во, дариғ…
– Балки, – у ўтирган ерида қимирлаб, саволомуз гапирди сўнг яна жим қолди. Гўё тили танглайига ёпишиб қолгандай эди. Шунда мезбон ёрдамга келди.
– Нимадир демоқчимидингиз?
– Хотинингни қайтариб олиб келасанми, дейман.
Мезбон илжайишга уринди, лекин кўзларида ғазаб ўйнади.
– Меҳмон, жаҳлим ёмон. Мен тупурган тупугимни қайтиб оғзимга олмайман… Ширинликлардан олинг!
– Бир бобом бор эдилар, – орага чўккан қисқа сукутдан кейин сўзга оғиз очди меҳмон, – у кишини тез-тез эслаб тураман. Бобом гоҳида: “Аёл – баданнинг тозалиги, у бўлмаса, уйдан ёруғлик ҳам қочади, иссиқлик ҳам”, дердилар. Мен гапларига кулардим… Ҳозир уйим тўкилиб қолган, нақ гўристоннинг ўзи. Совуқ тупроқ ичида қолдим…
– Ҳа-а, – мезбон кулимсиради. – Менинг қўлимдан нима келарди? Ўзим бошимни қайси гўрга уришни билмайман-у…
– Балки?..
– Э, йў-ўқ! Тилимни қичитманг! Маслаҳат ё ўгит эшитадиган ёшдан ўтиб кетганман, – уй эгаси бақириб, қийнала-қийнала ғазабини ютганча сўради: – Нондан олинг.
– Йўқ?! Ундай бўлса, омин!
Аввал уй эгаси ўрнидан турди, кейин меҳмон ноилож қўзғалди. Унинг мақсади тилига чиқа олмай қолиб кетди. Минг афсус! Бошининг қалтироғи кучайди, ё назарида шундай туюлдими? Мезбон эшикни катта очиб, қуруққина такаллуф қилди:
– Марҳамат!
Чол совуққотган одамга ўхшаб ғужанак бўлганча боши бўйнига кириб кетгандай туюлди. У муз устида юраётган каби оҳиста кўча эшикдан чиқди.
– Хуш келибсан! – мезбон икки қўлини кўкрагига босганча истеҳзо аралаш таъзим қилди. Ортидан тиржайганча қўшиб қўйди. – Агар табиб бўлсанг, ўз дардингга даво топ… Худога шукр, мен сенга ўхшаб совуқ тупроқ ичида қолган эмасман. Эндигина жоним нажот топди. Тавба, ёмон одам билан қопағон ит бир экан…
Мезбоннинг охирги гапи Сафолга тегиб кетди. Азбаройи ғазаби қайнаганидан гапира олмади. Лабларини тишлаганча, бошини эгиб, умидсиз жўнаб қолди. У йўл-йўлакай ўз-ўзича минғирлаб борарди: “Бахил, қўйворган хотининг қаерда яшашини айтсанг, бир еринг камайиб қолармиди! Тавба, одамларда на инсоф қолибди, на меҳру шафқат… Биров жонингга оро кирай, демайди-я. Ҳамма ўзининг ғами билан, томоша бўлса бас… Қанийди… яна бир марта… тирилиб келсайди. Эй, Худо, қачонгача ит ётиш, мирза туриш…”
Ғазабланганча алам ютиб борарди, нам кўзларини кафти билан артар, қалтираётган бошини ҳеч ким кўрмаслиги учун йўлдаги чанг баланд-баланд кўтарилишини истарди. Лекин бунга кучи етмасди. Кампири кўз ўнгидан кетмай боши янада қаттиқроқ қалтирарди. Ер худди оҳанрабодек унинг танасини ўзига тортди. Қадди эгилиб борарди. У қишлоғи четига етиб боргач, этаги ва енгидаги чангни тўхтовсиз қоқа бошлади. Ниҳоят, чанг қоқишдан тўхтади-да, қўлини пешонасига соябон қилганча кўзлари ғазабга тўлиб, мозор томон тикилди. Нега хотини уни ёлғиз ташлаб, сўрамай-нетмай у ёққа кетди? Уни ингичка сўқмоқлар, қийшайиб ётган қамиш девор, сарғайиб кетган хас-хашаклар, катта-кичик дўнгликлар, паст-баланд қабрлар, учига синган чойнак илинган новдалар, кийик шохи қўйилган ё латта боғланган мозорлар, бир-биридан узоқ-узоқда қуриб ётган дарахтлар тошдек оғир жимлик билан кутиб олди. Хаёлида тагида ёстиқдоши ётган тупроқ уюми унинг ўқрайган қарашига чидаёлмасдан силкина кетди. Бирдан қабр иккига бўлинди ва кафан кийган хотини тупроқдан бош кўтариб чиқди. У фақат юзини кўрсатган ҳолда унга хотиржам, мулойимгина тикилди ва ўша таниш жилмайиши лабларига югуриб, баланд овозда деди:
– Эй золим, қачонгача мени таъқиб қиласан? Бу томонга бошқа бундай ғазаб билан қарама, илтимос, қарашингдан жоним чиққудай, даҳшатга тушяпман… Қўй, ҳеч бўлмаса, шу гўримда тинч ётай.
У кўзларини юмди. Хаёлида қишлоқда яшайдиган каттаю кичик барча хотинининг маломатга тўла илтижоли сўзларини эшитди. Энди унинг ғазаби, алами икки баравар кучайиб, фақат боши эмас, бутун танаси қалтирай бошлади. Башараси қийшайиб, қўрқинчли тусга кирди. Кўзини очди. Мозор тинч, жим эди. Хотинининг сувратидан ном-нишон йўқ. Қизиқ… Қишлоқ кўчасида бола-бақра ҳам кўринмасди. Юрагига қувват бўлгувчи, бир имоси ё истаги билан келиб, қўлини олгувчи бирон одам йўқ эди. Ҳеч бўлмаганда, қўлига ҳасса тутишса ҳам, ор қилмасди…
– Қанийди… – пичирлаб деди у ва гандираклаганча, оёқлари титрай-титрай уйи томон йўл олди. Нам кўзларини кафти билан сийпаларди. – Қанийди…
Тожик тилидан Ўринбой Усмон таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 4-сон