Абдуғаффор Абдужабборов. Ҳайвонот боғи (қисса)

Ушбу кўз кўриб, қулоқ эшитмаган қонли ҳодиса катта шаҳар ҳаётида қўққисдан содир бўлди ва бор-йўғи бир кеча-кундуз – йигирма тўрт соат ёки бир минг тўрт юз қирқ сония давом этди ва нафақат бутун мегаполиснинг юрагига даҳшат солди, балки марказдан минглаб километр узоқликдаги аҳолини ҳам ҳанг-манг қилиб қўйди. Шунда одамлар ёруғ дунё ғоят мўрт эканини ва кўз очиб-юмгунча ҳам фожиали табиий офатга дучор бўлиши мумкинлигини англади, тушуниб етди.

1

Чор атроф қоронғилик қўйнида, осмонни қуюқ, деярли тим-қора қутурган булут қоплаган.
Тўсатдан бир лаҳзада шундай ғалати ҳодиса рўй бердики, бу айрим одамларнинг юрагини ваҳимага солди.
Улкан шаҳарнинг жануби-ғарбий қисмида осмонни тўлдириб сонсиз қора қарғалар галаси пайдо бўлди ва саф-саф бўлиб, шаҳар устидан учиб ўта бошлади. Айни вақтда юзлаб шаҳарликлар ҳеч нимани кўрмаётган ва эшитмаётгандай кўзларини ердан узмаганча кўчалардан кетиб борар эдилар.
Фақат бир одамгина сезгирлик ила бу ҳодисани қизиқиб кузата бошлади. Қараса, бир қарға ўз қавмдошларидан сал нарида учиб бораяпти, у гоҳ шиддат билан бир томонга бурилиб кетар, гоҳ саросима ичида қанотларини қаттиқ-қаттиқ қоқар, гўё бу кучли тўлқиндан ёриб чиқиб кетмоқчи бўлаётгандай эди, шу нарса қизиқ эдики, галага қарши томонга учиб борар экан, биронта ҳам қарғага тегиб кетмасликка ҳаракат қилар ва қийинчилик ила олдинга силжир эди. Аммо қавмдошлари ҳаддан ташқари кўп эди.
“Бечора қарға! Нега бу кучли тўлқинга қарши учишга беҳуда уринасан? Ахир кўпчиликка қарши ҳаракат қилиб бўларканми,” – кўнглидан ўтказди йигит. Шу билан бирга у ушбу ёлғиз ва ўжар қарғанинг жасоратию тиришқоқлигидан қойил қолмоқда эди.
Йигитча қарғанинг курашини охиригача томоша қилмоқчи эди, бироқ галалар тўлқини сийраклашиш ўрнига тобора қуюқлашиб борар, танҳо қарға эса минг уриниб-чиранмасин, йўл топиб бўшлиққа ёриб чиқолмаётган эди.
Йигитнинг кўзи тиниб кетди.
“Худо ўзи сенга ёр бўлсин, ёлғиз қарға!” Ва йигит яна ўз йўлига равона бўлди…
Ёши йигирма еттида бўлган бу йигит бўйдоқ эди. У унча катта бўлмаган – беш миллион аҳолилик шаҳарда таваллуд топганди, бир неча тилни яхши биларди, жаҳон мамлакатлари бўйлаб бир неча бор саёҳат қилганди, ҳатто баҳри муҳит ортида хизмат сафарида ҳам бўлганди. Ҳар замон-ҳар замонда унга болалигида бобоси айтиб берган эртаклар ёдига тушарди…

2

Бир бор эканмикан ё бир йўқ эканмикан, жуда қадим замонларда дориламон бир мамлакатда бир подшо яшаган экан. Бир куни подшонинг хотини оғриб қолибди ва кўп ўтмай тақдир тақозоси билан бу дунёни тарк этибди. Подшо ва ўғли ёлғиз қолибди. Орадан бироз вақт ўтиб, подшо иккинчи марта уйланибди. Тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат ва тўққиз дақиқа ўтиб, хотини қиз туғибди.
Синчков ва ақлли шаҳзода синглисининг бир сиридан воқиф бўлибди. Сарой мунажжимлари ва донишманд олимлар бири ҳайрон ва афсус надомат ила, яна бири даҳшат ва қўрқув ичида бундай дер эканлар:
– Дунёга келган бу чақалоқ юртимиз бошига кўплаб мусибатлар ва бахтсизликлар келтиргусидир, унинг пайдо бўлиши кўплаб кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган бало-қазолар содир этгувсидир, зулму истибдод ва даҳшатлар авж олишига сабаб бўлғусидир, зеро, бу қиз қонхўр девлар наслидан дунёга келмиш…
Ғазабдан қутурган ўгай она болани саройдан ҳайдаб юборишни амр этибди, подшо қўрққанидан хотинининг раъйига қарши бир сўз дея олмабди.
Подшонинг қизи вояга етибди, мунажжимлар, сеҳргарлар ва донишмандларнинг кароматлари рост бўлиб чиқибди. Дев қиз аввал барча уй ҳайвонларини еб битирибди. Кейин ота-оналару қариндош уруғларнинг қиронини келтирибди. Кўп ўтмай фаровон мамлакатда битта ҳам тирик жон қолмабди.
Саройдан қувилган бола эса кўп синовларга дучор бўлибди. У ўрмонзорда бир жуфт етим қолган шер боласи билан дўстлашиб қолибди. Вояга етган шерваччалар дев қизни бурда-бурда қилиб ташлабди, чунки қиз шаҳзодани ҳам емоқчи бўлиб шайланган экан-да. Шерваччаларни шу йигитча парвариш қилганди бунинг устига. Бироқ ҳеч ким қизнинг гўштига қўлининг учини ҳам текизмабди…

* * *

Шер – ҳайвонларнинг тошга ўйиб чекилган шоҳи – Инсон мушакдор кучли қўллари билан шернинг жағини айириб юборди-да, ичига қараб туриб, бундай деди: “Агар шерлар ҳайкал ясашга қодир бўлганда эди, сиз инсоннинг кучли шер панжасидаги аҳволини кўриб, йиғлаб юборган бўлардингиз…”

3

Ушбу ҳайвонот боғи, шубҳасиз, мегаполиснинг энг ноёб ва гўзал масканларидан бири эди. У қарийб шаҳар ўртасида, йигирма гектарли оролчада жойлашган бўлиб, унинг ҳамма томонидан оғир нафас олиб чиқарганда дарё беғам оқар эди.
Қирғоқ ёқалаб осмонўпар бинолар қад ростлаган, майсаларга кўмилган хиёбонлару гулларга бурканган чаманзорлар ястанган. Олти йўлак ва икки кетасадидант ҳар куни ҳайвонлари учун тонналаб озиқ -овқат келтирилар эди, ана шу йўлак мегаполисни ҳайвонот боғи билан боғлаб турарди.
Орол баландлиги 5-6 метр келадиган бақувват ва мустаҳкам пойдеворли темир панжаралар билан ўралганди, у ҳайвонот боғи ҳудудини сув тошқинларидан ҳимоя қиларди. Бутун майдонни дов-дарахтлар, майсазорлар, аҳён- аҳёнда сайхонликлар безаб турарди. Дарахт шохларида эрта тонгдан ярим тунгача, худди мусобақа ўйнаётгандек, қушлар тинимсиз чирқиллар, сайрар эди. Ям-яшил адирларда кеч оқшом ва эрта тонгда юзлаб тошбақа ва типратиканлар кўзга ташланарди. Баҳорда , ёзда ва дастлабки куз ёмғирларигача ҳафтасига ўн марта ҳайвонот боғи дарвозалари ёпилганда тун чоғи минглаб қорни тўқ ҳайвонлари қафасдан чиқариб боқилар эди, ҳа-да, очиқ ҳавога чиқиб улар ҳам бир яйраб олсинлар-да. Тунги ўрмонни кучли прожекторлар чароғон қлиб, чор-атроф эртакнамо манзара касб этарди.
Бир гал жуғрофия теледастур режиссёри – ғоятда ақлли ва синчков киши йилнинг турли фаслларида ҳайвонот боғи ҳудудида ҳайвонотларнинг тунги сайрлари борасида кўрсатув тайёрлаш тўғрисида ҳайвонот боғи билан шартнома тузди. Унинг суратга олиш гуруҳи гоҳо саҳар-мардонгача тер тўкиб ишларди, қулай пайт ва лаҳзаларни илғаш ва тасмага туширишнинг ўзи бўлмайди-да. Кейин улар шу нарсадан ҳам воқиф бўлишдики, топқир режиссёр арслонлар, йўлбарслар, кийиклар, бўрилар ва бошқа ҳайвонларнинг ишқий ўйинларини сувратга туширмоқчи экан. Чунки бетакрор сезгир нигоҳлардан ёрқин кадрларга тўлиб-тошган илмий-оммабоп фильмда айнан ҳайвонларнинг ишқий ўйинлари уни рақобатбардош қилади, бунинг эвазига режиссёр томошабинларнинг катта миқдорда эъти­борини қозонишга, қизиқтиришга ва уни минглаб дискда сотиб, озмунча пул ишлаб олишга муваффақ бўлмаган!
Айниқса, арслон ўзининг кучли олд панжалари билан ёш мода арслонни маҳкам сиқиб ушлаганча ўн беш – ўн саккиз дақиқагача жинсий алоқа қилган саҳна вужудларида ҳайвоний ҳирс тўлиб тошган ишратпараст одамларни озмунча жунбушга келтирмаган. Эркинликка чиққанда ҳайвонлар ўзларини қандай тутиши, улар қандай ҳис-туйғуларга тўлиб-тошишини томошабинлар ўз кўзлари билан кўриб амин бўлганлар. Минг­лаб одамлар интернет орқали ҳайвонот боғи хоҳловчилар учун тунда ҳам дарвозаларини очиб қўйсин деб талаб қила бошлашди. Аммо боғ раҳбарияти бу нарсани жоиз деб топмади…

4

Ҳалиги халқ эртаги табиийки, олис замонлардан қолган хотиралар, аммо ўн еттинчи қаватдаги беш хонали хонадонда яшаган, бунинг устига ота-оналаридан узоқда бўлган йигитни ҳозир мутлақо бошқа, замонавий эртак ўзига маҳлиё қилган. Турли миллатга мансуб, турли ёшдаги, яна турли диндаги одамлар, бу мамлакат ҳатто турли қитъа аҳолиси эндиликда бир нарсани ўйлашига ва ҳар хилдаги кечинмаларни бошдан кечираётганини кўриб на кўзига, эшитиб на қулоғига ишонарди. У бир нарсани сира тушуниб етмасди, уларни ҳатто унинг танишларини минг-минглаб километр узоқликда туриб ҳам бир-бирларини бир нотаниш туйғу боғлаб туради. Балки, бу юрт таъсиридир? Йўқ. Уларни аллақандай ришта маҳкам боғлаб туради. Бунга шак-шубҳа бўлиши мумкин эмас. Йигит ишхонаси деразаси олдида турганча бир нарсани тушунтиришга ҳаракат қиларди: ўтмишда дунёнинг турли бурчакларида у ўшаларнинг бир қанчаси билан учрашган ва дўстлашган бўларди, нима, бир-бирларига мутлақо нотанишми?!
У компьютер мониторидаги фоторасмларни очди ва уларга диққат билан разм сола бошлади. Кўзлар, кўзлар, кўзлар, нигоҳлар, кийикнинг, туянинг, бўрининг, йўлбарснинг, маймуннинг, арслоннинг, лочиннинг, қузғуннинг, айиқнинг, олқорнинг, тулкининг, шоқолнинг, товуснинг, илонларнинг нигоҳлари… Бир қарашда улар оддий бўлиб кўринди. Айни вақтда, тахминан бир ой муқаддам уларни нега сувратга олганини ўзи тушунмаганди. Ташқаридан бу унга илоҳий кашфиётдай бўлиб кўринган эди ва шу боис у сувратни дўстларининг электрон манзилига жўнатди, у бу ўртоқлари билан дунёдаги у ёки бу воқеа устида фикр олишар, уларнинг хайрихоҳликларидан умидвор бўларди.
Бироқ дўстларининг фикрлари уни ҳайратга солди. Барчалари бир овоздан ундан почта очишни ва уларнинг фикрларини ўзи ўқишини сўрар эдилар. Уларнинг овози худди мусибатдан дарак бергудек, ташвишли чиқарди. Йигит қаттиқ ҳайратга тушди, ҳаяжонланди. Наҳотки бу йиртқичлардан бирининг нигоҳию нима учун ҳаммани бу қадар чўчитиб юборди?
“Ануширавант, дўстим, диққат билан разм солиб қара, ҳайвонот, боғингизнинг барча йиртқичлар кўзида даҳшат ва қўрқув бор,”– деб ёзганди янги зеландиялик дўсти.
“Яхшилаб қара, йиртқичларни қандайдир махлуқ ёки қандайдир мавжудот ҳуркитиб юборган,” – бу унинг Туркиянинг Измир шаҳрида яшовчи дўстининг гапи. Унинг Манҳеттенда етмиш тўртинчи қаватда турган нью-йорклик таниши ундан ҳам ғалатироқ сўзларни айтган: “Шервон! Бир нарсага эътибор қарат: Ҳайвонот боғининг барча ишчилари қандайдир офатни кўнгли сезиб ваҳимага тушган! SОS!
– Нима, кимдир уларни васвасага солганми?! – сўраганди ундан хитойлик курсдоши.
– Даҳшат ва қўрқувга тўла бундай кўзларни мен умримда биринчи марта кўриб турибман. Балки, барча ҳайвонлар қандайдир юқумли касалликка чалинганмикин? – сўради унинг берлинлик дўсти. Шервон улар билан Менежерлик ва нанотехнология университетида бир йилдан кўпроқ ўқиган эди. “Уларни қандайдир илонми ёки девми қаттиқ қўрқитган! Ҳайвонларнинг барчаси сув билан олов ўртасида у ёқдан-бу ёққа сакрагани-сакраган,” – деб ёзганди унинг токиолик дўсти. – Улар ўлим талвасасида!..”
Шервон аввалига дўстларининг жавобларига кўпда эътибор бермади. Бироқ бир мунча вақт ўтгандан кейин уни ғалати бир ҳаяжон қамради, оёғи остидаги ер бир томонга оғиб кетаётгандек бўлди. У таваккалига фото расмлардан бирини очди: айиқ кўзлари. “Эҳтимол, айнан мана шу нигоҳни барча “қонли” деб атаётгандир?”– дилидан ўтказди йигит. Тасодифми?! Бу бобоси билан уни ўлимдан сақлаб қолган айиқ эди…

5

Ўзининг узун тумшуғи билан бўрининг томоғига тиқилиб қолган суякни чиқариб ташлаган турна очкўз ва қонхўр бўрининг дўқини кўриб, ҳеч қачон ношукур ҳайвонларга ёрдам бермаслик керак деб ўйлади.
Тоғдаги ўрмонзордан сал наридаги жарликдаги унча катта бўлмаган ўтлоқзор ўртасида бир қўнғир она айиқ ўткир тишли қопқонга тушиб қолди. Эркинлигидан жудо бўлган шўрлик она айиқ азбаройи жони оғриганидан шунақанги қаттиқ ўкирибдики, ўкириги бутун водий бўйлаб акс-садо берибди. У жон аччиғида ўзини ҳар ёнга урар, юлқинар эди, аммо қани бу уринишлардан бир иш чиқса. Иккита ёш-ёш айиқча эса оналарига бирма-бир ёрдам кўрсатишда ожиз ҳолда ўзини ҳар ёққа ураётган онаси атрофида гир айланарди. Бирдан аллақаёқдандир ўн-ўн икки ёшлардаги бир гала ўсмир болалар пайдо бўлди. Аввалига улар сел ювган жарлик­ларнинг бир чеккасида туриб, она айиқнинг қанчалик қийналаётганини бир пас томоша қилди.
Кейин улардан бири деди:
– Айиқнинг жигари ва ўт қопи кўплаб касалликлар учун шифобахшдир.
Иккинчиси уни қўллади:
– Айиқ ёғи-чи? Уни яхшигина пулласа бўлади.
Учинчи ўсмир эса ҳайратини яшира олмади:
– Ахир, у тирик-ку. Унинг жигарини, ўт қопини, ёғини қандай оламиз?
– Пичоғимиз бор, терисини шиламиз…
Орага бир лаҳза сукунат тушди.
– Мен биламан! – деди кўзлари чақнаб, бир дароз бўйли ўсмир. – Биз уни тошбўрон қиламиз! У қопқонга тушиб қолган, қочолмайди. Ўласи қилиб дўппослаймиз-да, кейин терисини шиламиз.
У ердан катта бир тошни олди-да, она айиқ томонга қараб отди. Дарознинг бу ишидан дадилланган болалар унга таъсиб қила кетдилар. Кейин нима бўлганини кўрсангиз! Шўрлик она айиқнинг бошига тошлар дўлдай ёғила кетди-ку! Ҳар томондан: “воҳ”, “тегишига сал қолди-я”, “мана буни тош отиш деса бўлади”, “мўлжаллаб отиш керак”, – деган қутқули, дарғазаб қичқириқлар ҳавони ларзага солди. “Ур, ур, ур” деб ҳайқирарди ҳаддидан ошган болалар бир овоздан.
Ҳар тош келиб текканида бечора она айиқ буралиб-буралиб кетар, аммо бундан нажот йўқ эди, бир тошга чап бераман деб, бураларди-ю, ўша заҳоти бошқа тош учиб келарди. Охирги кучларини тўплаб, боёқиш она айиқ қочишга уринарди, аммо қопқон занжири уни маҳкам ушлаб турар, азбаройи занжирнинг таранг тортилганидан жони суғурилиб чиқай дерди.
Юзлаб тошлар учиб келиб она айиқнинг ёнига келиб тушарди. Кўп ўтмай бутун ўтлоқзор тош билан қопланди. Аллақандай бир ўткир тош она айиқнинг башарасини ёриб юборди-да, қон шариллаб оқа кетди.
– Чақиртош билан уринглар! – Тошбағир, бешафқат болалар қичқира-қичқира чақиртош қидиришга тушди ва уни она айиқ томонга қараб ота бошлашди.
– Қаттиқроқ уринглар, у ҳозир йиқилади, шунда мўлжалга олиш осонлашади.
Агар шу дақиқаларда бу маразларнинг кўзига бирров назар солганингизда борми, улар қонхўрларча қип-қизил қонга тўлганига гувоҳ бўлардингиз.
Она айиқ охири юз тубан йиқилди, аммо ҳали ҳам ўзини уриб, бошини чайқар эди. Оғзидан кўпикли қон оқарди. Айиқ ҳолсизлана бошлади. базўр бир томонга ағдарилиб олди-ю, аммо учиб келаётган тошлардан ўзини олиб қочолмаётган эди.
Шу топ майсазорда неварасини етаклаган чол пайдо бўлди. Она айиқ ҳамон хириллаб нафас олаётганди.
Улар чалажон ётган айиқ тепасига келишди. Чол ғазабини аранг босиб турарди.
– Аттанг, кечикибмиз, – деди у неварасига ва қонга буланган катта – кичик тош уюмларига разм солиб қараб, бу ерда қанақанги мудҳиш қотиллик рўй берганини англади. – Бетовфиқлар, жирканч итваччалар!
Айиқ болалари оналари пинжига суқилиб мунгли инграр эди. Бамисоли бобо билан невара уларнинг жонига ора киришига ишонишгандек. Она айиқ бобосига қараб турганини невара сезиб қолди. Афтидан болаларидан кўнгли тўқ бўлди, нега деганда энди уларни ҳимоя қиладиган жонларини омон сақлаб қоладиган паноҳкор бор. Енгил нафас чиқариб, она айиқ жон берди.
Бу одамнусха жуфтоёқли махлуқлар эса адир ёнбағридаги энсиз сўқмоқдан тушиб келарди. Бобо билан невара уларга эътибор қилмади.
– Айиқваччаларни шаҳарга олиб борамиз, у ерда катта ҳайвонот боғи бор, ўшанга берамиз, яхшигина пул беришади, – деди новчаси.
– Менга сотиб қўя қолмайсизларми? – дабдурустдан деди бобо, айиқваччаларга ачиниш ила қараб.
У ёши бир жойга бориб қолган, сочларига оқ оралаган, елкалари кенг-кенг, муштумлари бақувват, кўзлари ўткир киши эди. У новча ўсмирга ғазаб билан қараб қўйди.
– Қанча берасиз? – шошиб сўради бир бола.
– Чўнтагимда қанча пул бўлса ҳаммасини. Фақат такси пулимни олиб қоламан.
У чўнтагидан пулни суғурди-да, қонга бўялган тош уюми устига қўйди.
– Аравангиз йўқми мабодо?
– Арава нимага керак? – сўради бобо.
– Айиқваччаларни қандай олиб кетасиз? – қизиқувчанлик билан сўради бола.
– Мен ҳозир уларни сеҳрлайман, қараб туринглар, – деди бобо.
– Қандай қилиб?
– Шундай қилиб! Мен уларни қулоғига сеҳрли дуолар ўқийман.
– Нима? Улар гапингизни тушунадими?
– Бўлмаса-чи.
– Қизиқ…
Киши айиқваччаларнинг олдига чордона қуриб ўтириб олди. Айиқваччаларнинг ярасини силай бошлади. Кейин лабларини унинг қулоғига яқин олиб борди-да, нимадир деб пичирлади. Сўнг иккинчи айиқваччага ҳам шундай қилди.
– Бўпти, юр кетдик, – деди бобо ва олға одимлаб кетди. Ортидан невара йўлга тушди. У бир бобосининг ортидан, бир айиқваччаларга ҳайрат билан назар солди. Бу мўъжизани кўринг! Эътиборлиси – оналарини ҳам унутиб айиқваччалар бобо билан невара ортидан йўрғалай кетди.
Ҳайратдан тиллари калимага ҳам келмай қотиллар жойларидан қимир этмасдилар.
Бобо билан невараю айиқваччалар кўздан анча йироқлаб кетишганди. Сал ўзига келган новча бир сесканди-да, аста эгилди ва қон юқи пулларни ердан олди.

6

Қирқ икки қаватли бинонинг ўн иккинчи қаватидаги очиқ қаҳвахонада бобо билан невара овқатланарди. Ҳафтада бир кўришиб туриш уларга одат бўлиб қолган.
– Бизнинг узоқдан туриб гурунг қилишимизда, албатта, мобил телефоннинг баҳоси йўқ. Аммо юзма-юз ўтириб чақчақлашишнинг гашти бўлакча-да. Битинг тўкилади, – деди бобо. – Мен билан гаплашиб ўтиришга вақт топишингга қойил қоламан, миннатдорман, болам.
– Мен ўзим сизни соғинаман, юрагим бир тутам бўлиб кетади. – Сизни кўргим келаверади, – жавоб берди невара.
Оролни айланиб оқаётган дарёга қара. Кечаю кундуз, қишин-ёзин оққани-оққан. Унинг ҳаёти ҳам шунақа – сувдай оқади…
– Ота-онам қўнғироқ қилишди. Сизга салом айтишди.
– Худо тан-жонларига тўзим берсин. Қалай экан улар? Бу ёққа келишармикан?
– Ҳамма ишлари жойида экан. Ҳозир таътилда, пайт топиб синглимни олиб Прага, Париж, Рим ва Венага саёҳатга чиқишмоқчи экан.
– Саёҳатда гап кўп. Синглинг қалай экан? Анчадан бери овозини эшитмайман.
– Ўзингиздан қолар гап йўқ. Европа олимпиадаларидан ўтишнинг ўзи бўлмайди. Уларнинг ҳар бир сонияси ҳисобли. Аммо мен унга айтиб кўраман, вақт топиб, албатта, телефон қил дейман.
– Сени Худо ўзи қўлласин, жигарим! Ортиқча ташвишнинг кераги йўқ. Фақат бир нарсани қулоғига қуйиб қўй – она тилини унутмасин…
– Йўқ, унутмайди.
– Ишончинг комилми?
– Ҳа. Синглимга ҳалиги қадимги бир ривоятни сўзлаб бергандим.
– Қанақа ривоят экан? – ажабланиб сўради бобо.
– Эсингиздами, Сиз менга инглиз, рус, француз тилларини ўрганганда ўз она тилимизни унутма дер эдингиз доим.
– Ҳа. Сен бўлсанг ҳар доим қайсарлик қилар эдинг. “Жаҳон тилларида бемалол гапира олганимдан кейин менга она тили нега керак?”– дер эдинг.
– Тўғри айтасиз. Ўн йилча муқаддам мен иккинчи босқичда ўқиб юрганимда бизникига чет элликлар келган эди. Таржимон қидиришга тушдик, танлов эълон қилдик. Йўлбошловчи ва таржимон иши учун катта ҳақ тўлашга вада қилишди. Мен ҳам ёзилдим.
– Ҳа, эсимда. Алам билан айтгандимки, инглиз тилини рақобатчиларинг сендан кўра яхшироқ билади, дегандинг ва ўтишингга кўзинг етмаганди.
– Кейин маълум бўлдики, улар ўз она тилларини мутлақо билмас экан, шунинг учун тилимизни унча-мунча билганим сабаб мени танлашганди. Ҳаёт – буюк устоз ва энг яхши мактаб эканига тўла амин бўлдим, у инсон дунёқарашини тубдан ўзгартириб юборади.
– Бу ёғидан кўнглингиз тўқ бўлсин, синглим аждодларимиз тилини ҳеч қачон унутмайди – мени айтди дейсиз.
– Илоё, шундай бўлсин. Мен бунга ишонаман…..
– Худо ўз раҳматига олгур бувижоним ҳар гал бизларни дуо қилиб, бир гапни кўп такрорлар эди: “Болажонларим, қаерда бўлсангиз ҳам Ҳудо сизларни қўллагай, танларингни омон сақлагай, ўз пушти-паноҳида асрагай”. Балки бу Парвардигорнинг иродасидир, ҳаммамиз бир-биримиздан олисда яшаймиз ва шунга ўрганиб қолганмиз. Ўзинг қўлла, Худованди карим, – дилимиздаю тилимизда – шу.
– Бувижон! Сиз бу сўзларни айтаётибсиз-ку, эшитиб қанчалик ҳузурланишимизни билсангиз эди. Сиз дунёга келган ўша тонгда тун бўйи у илоё осон кўз ёрдир, деб Худога нолалар қилиб чиққанди. Сен дунёга келганингда азбаройи суюнганидан ўзини қўйгани жой тополмади ва нуқул: “Эй, Худо, унинг умрини узун қил, ҳаётига тўзим бер”, дегани-деган эди. Товуқ шўрва пиширдик ва онангни бориб кўргани учдик.
– Ҳа, ойим буни тез-тез эслаб туради.
– Аттанг, бувинг бу оламни эрта тарк этди. Авлиё аёл эди…
– Бувимни соғинасизми? Эслайсизми?
– Бувингними?
– Ҳа.
– Йўқ.
– Нима?
– Чунки бувинг, унинг тип-тиниқ чеҳраси, мулойим табассуми, меҳмоннавозлиги ҳар доим қалбимда яшайди. Мени бир дақиқа ҳам, бир лаҳза ҳам тарк этмайди…
– Қизиқ….
– Айтганча, телефонда сен нима ҳақида маслаҳатлашмоқчи эканингни айтгандингми?
Шервон ноутбукни ишга туширди-да, улар сувратга олган ҳайвон­ларнинг кўзларини бобосига кўрсата бошлади:
– Диққат билан қаранг, ҳайвонлар нигоҳини ўрганинг. Зора-мора Сизнинг ҳам миянгизга нимадир келиб қолса.
Бобо барча сувратларни диққат билан битта-битта кўриб чиқди. Ташқаридан улар ҳеч нарсаси билан кишини жалб этмаётганди.
– Бирданига бир сўз айтиш қийин, кўзларидаги ифода ҳам бир хилдай.
– Сен нимага маҳлиё бўлиб қолдинг? – сўради қария Шервондан.
– Ҳозирча ҳеч нимага, – жавоб берди невара. – Мен эрмак учун олган бу сувратларни блогимга ташлаб қўйгандим. Жаҳоннинг турли мамлакатларида истиқомат қиладиган дўстларимнинг барчаси бир овоздан битта гапни айтишаяпти, эмишки барча ҳайвонлар, нимадир ёки кимдир уларни зимдан чўчитиб қўйгандай. Барчалари олдинда аллақандай офат кутиб турибди деб уқдирганлари-уқдирган… Шу боис мен ҳам ажабландим. Тўсатдан бу ерда ҳам росманасига қайдайдир сир яширинган бўлса-чи?
– Нима дейишимни ҳам билмайман. Йиртқичлар ёпиқ қафасларда яшайди. Уларнинг қўлидан нима ҳам келарди? Дўстларинг шунчаки ҳазиллашишгандир?
– Ундай эмас. Улар бир йўла бир неча мавзуда баравар ҳазиллашмайди-ку.
Бобо барча сувратларни яна бир карра диққат билан қараб чиқди.
Аммо саволга жавобни топа олмади.
– Бўпти, мен бориб ҳайвонлар билан кўришаман. Эҳтимол, уларнинг юриш-туриш ва ўзларини тутишларидан бирон нарсани аниқлаш мумкин бўлиб қолар.
Ҳар бири ўз ўй-фикри билан банд бобо ва невара қучоқлашишди, қуюқ хайр-маъзур қилишди.
Пастга тушишдан олдин ҳалиги киши яна бир қур орол томонга қаради. Шунча олисдан туриб нимани ҳам илғаб бўларди? Ташқаридан ҳаммаёқ сув қуйгандек тинч, осойишта кўринарди…

* * *

Бўрилар бурда-бурда қилиб, жиғилдонига урган қўчқорга кўзи тушган инсоннинг сеҳр-жодуси туфайли энди улар дунёни бошларига кўтариб увиллар эди.

7

Бор экан-у йўқ экан, оч экан-у тўқ экан, жуда қадим замонларда, аммо ўзимизнинг эрамизда Африкада бир қабила яшар экан. Қабила аҳолиси деворлари гуваладан кўтарилган, томига похол ёпилган кулбаларда ғарибона умргузаронлик қилар экан. Улар деярли ибтидоий жамоа тузумида бўлиб, асосий тирикчиликлари чорвадан ўтиб тураркан. Бу қабила ўғил болаларининг ёши еттига тўлганда сигирларга ва мол-ҳолга қараш шу болаларнинг зиммасига юклатилар экан. Электр, китоб, мактаб, нақлиёт, телевизор, компьютер ва интернет нима дегани – бу нарсалар уларнинг етти ухлаб тушига кирмаган эди.
Аммо уларнинг ижтимоий соҳасида бир ўзгармоқ анъаналар бўлган экан: балоғатга етган ҳар бир ўсмир ўзидаги матонатни кўрсата билиши керак экан. Бу қоидани ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмас экан. Шу боис бу қабила болалари илк болалик давриданоқ аждодларининг анъаналарини бажариш тараддудини кўра бошлар экан. Яъни, бирон қизга никоҳланишдан олдин йигитча арслон билан олишишига тўғри келаркан, ҳа, ҳа, арслон билан – ўрмонлар шоҳи билан олишиши, уни ўлдириши лозим бўларкан.
Бу нарса ҳар бир ёш йигитчанинг куч-қуввати ва номус-ори рамзи ҳисобланаркан. Йигитча елкасига ўлик арслонни ортмоқлаб, “жанг майдони”дан зафар қучиб қайтар экан, қабиланинг етти ёшдан етмиш ёшгача аҳолиси уни шод-хуррамлик ва ғурур билан кутиб оларкан, ахир мард йигит оилавий ҳаётга қадам қўйишдаги илк шартни муваффақият ила адо этган эди-да.
Аста-секин бу ўлкаларда арслонларнинг сони кескин камайиб кетибди. Қабиланинг хоҳиш-иродасига қарамай, Ҳокимият арслонларни “Қизил китоб”га киритиб қўйдилар ва бу ноёб жонивотнинг қирилиб кетиши олдини олган бўлибди.
Аммо қаёқда дейсиз! Арслонларни қириб битириш ҳамон давом этмоқда. Арслонларни ўлдирган болаларга ўзларини оиласи учун баҳона тайёр: “Менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ. Мева териб, чакалакзорда айланиб юрган эдим, бирдан бир арслон менга ташланди. Ўзимни ҳимоя қилмасам бўлмасди…”
Шўрлик арслонлар! Кимдир қайлиғини бағрига олиб, бахт лаззатидан баҳраманд бўлади, кимдир эса бунинг учун ўз жонини қурбон қилади.

8

Кечқурун, кун ботишдан сал илгарироқ қария (ҳайвонот боғи ходимлари уни шундай чақиришарди, чунки у армияда хизмат қилган, кейин хорижда тезкор бригада таркибида ҳар кунги одат бўйича 10 километр масофани босиб ўтарди, у чарчаш нималигини билмасди, оз овқат ерди, камгап, камуйқу эди) ўзининг иш кабинетига кириб улгурмаган эдики, бош директор қўнғироқ қилиб қолди:
– Қария, салом! Қаердасан?
– Кабинетим бўсағасидаман.
– Илтимос, ёрдаминг керак бўлиб қолди, – бошлиқнинг овозида ҳаяжон борлигини пайқади қария.
– Осмон узилиб тушмадими, ишқилиб?
– Еру осмон жойида турибди. Фақат мана бу арслонлар билан йўлбарслар узлуксиз бўкиргани-бўкирган. Айиқлар безовта, ўзларини ҳар ёққа ургани-урган, маймунлар эса келишиб олгандай чийиллаб, дунёни бошларига кўтараяпти. Худонинг ўзи асрасин-у, бу яхшилик аломати эмас. Илтимос …
– Бир зум сабр қиласиз, – қария саросима ичида катта ва кичик қафасларнинг узун сафи томон йўналди.
Жониворларнинг ўзларини тутиши ва қилиқларини ўз кўзи билан кўрганда қон миясига ургандек бўлди: ҳайвонот боғидаги барча жониворлар ғирт телбага айланишган эди. Уларни кимдир ё нимадан қаттиқ чўчитганини англади, қария. Овчилик қилиб юрганида ҳайвонларнинг феъл-атвори ва ўзини тутишини яхшилаб ўргангач, бир жанговар топшириқни адо этаётганида қаттиқ ярадор бўлиб истеъфога чиқариб юборилгандан кейин бу нарсалар унга кундек равшан бўлиб қолганди. Одамлар қарияни ҳайвонлар тилини билади ва улар билан гаплашади, дер эди. Айрим томошабинлар бу одамнинг дарғазаб йиртқичлар қафасига бемалол кирганию уларга бир нималар деб шипшиганидан таажжубда қолар эдилар, қариянинг бир оғизгина сўзидан ҳайвонлар ювошланиб, тинчланиб қолиши уларни яна-да кўпроқ таажжубга солар эди…
Дарҳақиқат, уларнинг тахмину тусмоллари ҳар қанча таажжубли ва ақл бовар қилмас даражада бўлмасин, бежиз эмасди. Бу гал ҳам қария қўрқув ва ҳаяжонни унутиб ҳар бир қафасга кириб чиқар, ҳар бир арслон, маймун, бўри ва айиқнинг кўзига тўғри қарар, улар билан суҳбатлашарди. Ҳайвонлар тинчланди, босилди. Аммо чолни бошқа ташвиш безовта қиларди – бу бўриларнинг ўзини тутиши эди. Шунда бирдан бир нарса эсига тушди…
“Йўқ”, – деди ҳар куни сигир сути ўрнига қарияга икки коса олтин ҳадя қилиб турган аждаҳо. – Ҳар гал сен ўғлингни эслайсан, уни ютиб юборгансан деб таъналар қиласан, мен эсам ўша заҳоти мени ўлдирмоқчи бўлиб қиличи билан думимни чўрт узиб ташлаган ўғлингни эслайман. Кўриниб турибдики, бизлар дўст бўла олмаймиз”. Шундай дея аждаҳо кўздан ғойиб бўлди…

9

Бир вақтлар молия вазири бўлган бош вазирнинг бир дўсти бор эди – ашаддий овчи. Мана шу ҳавас уларни бир-бири билан дўстона боғлаб турарди. Ўқтин-ўқтин, гоҳо бир кунда уч марта бирга ов қилишарди.
Бир куни улар бўри уясига кириб қолди. Сал наридаги ўтлоқзорда ва қалин бутазорлар орасида қари мода бўрилар ва уларнинг болалари бемалол ўйнаб юрар эди.
Тажрибали ва ҳаётда кўп нарсани кўрган қари бўри ҳали манзилгача етиб келмаган овчилар, отлар, милтиқ ва ўн-дорилар ҳидини олди.
– Қара, – деди молия вазири бўриларни кўрсатиб. – Бу йиртқичлар ҳеч нарса кўрмагандек ўзларида йўқ хушчақчақ, қувнаб-яйрашаяпти.
– Бўри бўрилигича қолади, – кулди дўсти ва қўшиб қўйди: – Бўри боласи ҳам бўри бўлади…
У мўлжалга олди-да, мода бўри томонга қарата ўқ узди. Она бўрининг ерга қулаганини кўриб, овчи тан берди:
– Қоқ манглайидан урибсан!
Бўри ҳимояга ташланди, даҳшатли ириллади – кўзлари нафрат ва ғазабдан ёнарди. Иштаҳаси ҳакалак отган овчи нар бўрига қараб ўқ узди. Аммо мўлжалдан адашди ва бўри қочиб қолди.
– Бу дарғазаб бўри энди бизни тинч қўмайди, – деди молия вазири.
– Қўймаса ундан нарига. Мода бўрини қисматига ўлиш ёзилгандан ке­йин менинг иложим қанчалик?!
Шундай дея яна мўлжалга ола бошлади.
Ғўр бўриваччалар инларига кириб яширинишга муваффақ бўла олишмади, панжалари билан жонсиз оналарини туртар, мунгли увуллар, уйғотишга ҳаракат қиларди, аммо ҳайҳот! – бари беҳуда эди.
– Менга қара, кел, уларни ўз ҳолига қўяйлик!
Бироқ молия вазирининг гаплари ҳавога сингиб кетди, икки аниқ мўлжал эса қонга беланган айиқваччаларни ерга чўзилтирди. Болаларини ўлганини кўрган ота бўри яна-да қаттиқроқ бўкирди, шундай алам билан қичқирдики, эшитганларнинг қалби ларзага келди.
– Во ажабо! – Худди уйқудан уйғонгандек деди овчи. – Бўрининг бунақа қичқириғини биринчи марта эшитишим. Назаримда, дилидаги дард-у аламни ҳеч бир жонивор бўричалик бу қадар таъсирли изҳор этолмаса керак.
– Бу нарсаларни яхши тушунмайман, аммо бир нарса англадимки, у осмонга мурожаат қилди, бунинг устига бўрининг қичқириғида дўқ-пўписа бор эди. Бу ердан тезроқ кетсак яхши бўларди.
Вазирнинг сўзларига эътибор қилмай овчи баҳайбат она бўри ва жонсиз икки бўриваччани иккита қопга жойлади ва ўзининг отидаги эгарга ташлади.
Улар чурқ этиб оғиз очмаганча, ҳар ким ўз ўйи ўзи билан банд ҳолда қишлоққа қайтди. Чарчоқдан бўлса керак, уларнинг отлари ҳам бошларини осилтириб борар эди.
– Бу бўрилар, – афтидан ўзига тасалли бериш учун сукунатни бузди овчи, – улар чўл ёки тоғларда ёлғиз одамга дуч келиб қолса борми, оч бўриларнинг бутун бир галаси унга ташланади, тонг отгунча бутун бир отарни бўғизлаб, ҳаром ўлдиради…
Бирдан молия вазири бечора ота бўри узоқда, думини ликиллатганча бута ва бутазорлар оралаб, улар ортидан изма-из келаётганини пайқади. Юраги шув этиб кетди ва ўзини ғалати ҳис қилди.
“Ўзинг паноҳингда сақла, Худойим,” ичидан ўтказди у. – Нима жин уриб бу одам билан овга чиқа қолдим ўзи? Тонг саҳарда қовоғим учгани бекорга эмасди”.
Икки соатдан кейин илиқ дарё қўрғонига етиб келишди. Базўр орқага ўгирилиб атрофга назар солди. Бўридан ном-нишон кўринмасди.
– Мана, қишлоққа ҳам етиб келдик.
Энди бир чўмилиб олиб, овқатланамиз, – тилга кириб деди овчи.
– Бунга раҳмат, албатта. Аммо мен кетмасам бўлмайди.
Тип-тиниқ зилол сувнинг ҳар томонга сачрата-сачрата чоққина сой водий томон шошиб оқарди, сув остидан хилма-хил тошлар жилваланиб кўринарди. Унинг ёқимли шилдираши атрофдан акс-садо қайтаради.
– Уйга етиб олайлик, мен сизни ўзим кузатиб қўяман, пичоқни қайрайман, бўрининг терисини шиламан. Гўштини итларга бераман, бир гўштга тўйиб олишади жониворлар. Терисининг тузини қалин қилиб тузлайман ва соя жойга чормих қилиб тортаман. Уларнинг териси жуда қиммат туради…
Сой сувининг шилдираши орасидан унинг қулоғига яқин атрофдан келаётган бўри увлаши эшитилди. Овоз келган томонга диққат билан тикилди. Бир лаҳзада тирик етимга айланган бўридан эса ном-нишон кўринмас эди…

10

Тахминан ўн кунлар ўтиб, рўзномада даҳшатли фожиа ҳақида мақола эълон қилинди. Уни ўқиб, молия вазири кўзларига ишонмади. У совға-саломларни, ул-булларни харид қилди-да, ўзининг эски ошнаси – овчини ажзи ниёз қилгани борди.
– Ассалому алайкум! – мурожаат қилди бош вазир.
Овчи лоақал қилт этмади. У каравотда ёнбошлаб ётарди. Фақат худди кўр одамдек катта кўзлари меҳмонга тикилиб турарди. Саломга жавобан у бош ирғаб алик олди.
Шу тобда ичкаридан унинг хотини келганди. Аёлнинг авзойи ниҳоятда бузуқ эди. Меҳмон билан совуқ салом-алик бўлгандан кейин у курси келтирди-да, меҳмонга ўтиришни таклиф қилди.
– Энди у фақат сукут сақлаяпти ва куляпти. Қачон ўзига келишини билиб бўлмаяпти.
– Унга нима бўлганди? – сўради вазир.
Хотин эрига қараб қўйди-ю, аммо индамади.
– Ўша куни тунда, – сўзлаб кетди аёл, – қаттиқ шамол эсарди, дарахтлар чайқалар, шохлар қарс-қурс синар эди. Болалар ўз хоналарида уйқуни урарди. Биз эса онаси ва қизи била бошқа хонада ётардик. Мен эрта уйғондим, ёмон туш кўрдим. Беланчакка қўл чўздим. Сал бўлмаса ҳушдан оға ёздим: беланчак бўм-бўш эди. Чироқни ёқдим, адёлни кўтардим – бизнинг тўшагимизда қизалоғимиз йўқ эди. Қўрқувдан нақ жинни бўлаёздим, мен эримни уйғота бошладим.
Шу топда узоқдан қулоғимизга бўрининг увлаган овози чалинди. Биз турган жойимизда қотиб қолдик. Тонг ёришиб қолганди. Биз деразага ташландик. Бўри ҳовли ўртасида турарди. Афтидан у бизнинг чиқишимизни кутмоқда эди. Ов милтиғини олиб, эрим ҳовлига сакраб тушди. Мен унинг ортидан сакрадим… Ё алҳазар! Ё Худойим! Бундай даҳшатли манзарани умримда кўрмаганман: бўри олдинги панжасини йўргакдаги чақалоқ устига қўйиб олган, тишларини тиржайтириб, қани, кел, дегандай даҳшатли ирилларди. Эр-хотин иккаламиз бир зум тош қотдик. Сўнгра эрим бўрини чўчитиш учун осмонга ўқ узди. Аммо бўри пинагини ҳам бузмади. Қизалоғимиз йиғламаётган, чурқ этиб овоз чиқармаётганидан тирикми, йўқми эканини билолмаётгандик. Бирдан бўри панжасини чақалоқдан олди-да, орқа оёқларига ўтирди, ув тортди, унинг бу увлаши қандайдир ғалати чиқди. Кейин ҳовлини тарк этди. У битта-битта юриб, тантанавор виқор билан одим ташларди… Мен югуриб бориб чақалоқни ердан олдим, унинг нафас олаётганини, ухлаётганини билдим. Юзига ҳовлини кесиб ўтган ариқдан ҳовучимга муздай сувдан олиб нуридийдамнинг лўппи юзчаларига сепдим… Эрим милтиқни қулочкашлаб ўтлоқ томон улоқтирди-да, қичқириб деди:
– Мен разилман! Олчоқман! Одам қиёфасидаги бўриман…
Сўнг ерга чўккалаб ўтирди-да, қаҳ-қаҳ уриб кулди.
Ўшандан буён чурқ этиб овоз чиқармайди. Бўри берган сабоқдан у гўё тилдан ҳам, қулоқдан ҳам баравар айрилгандек…
Вазир курсидан кўтарилди..
– Қўриқчи итлар-чи, улар бўрининг ҳидини олмадими? – сўрадим мен.
– Сўнгра кўрган-билганларимиздан кейин сал ўзимизга келдик, билдикки, бўри ҳар иккала итни ҳам бўғизлаб ташлаган экан.
Аёл эри томонга умидсизларча кўз ташлаб қўйди.
– Худо хоҳласа, соғайиб кетади, – деди бош вазир, кейин бошини хам қилганча ташқарига чиқди. У ўзини ана шу фожиали воқеа – бўри ва ашаддий овчи ўртасида содир бўлган фожиали воқеа иштирокчиси деб биларди.
Қария икки ўт орасида қолганди. У қандай йўл тутишни, нима қилишни, кимдан ёрдам сўрашни – ким билан маслаҳатлашишни билмас эди. У ўз кабинетида тинимсиз у ёқдан-бу ёққа юрар эди. Қанақасига даҳшатли, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган офат бошига тушиши ва бу нималарга олиб келиши мумкин эканини сира-сира кўз олдига келтира олмасди. Қандайдир фожиа яқинлашиб келаётганини юраги сезиб турарди, уни бартараф этиш қўлидан келмайди. Бундай бўлишига ким ёки нима сабабчи бўларкин?
Шу топ телефон жиринглади.
Унинг невараси қўнғироқ қиларди. “Худога шукур!” – ўйлади қария ва гўшак томон чўзилди.
– Алло! Ассалому алайкум, бобо! – неваранинг овозида ҳаяжон бор эди.
– Ваалайкум ассалом, қароғим, – жавоб берди қария, ўзини қўлга олиб. Бу жумбоқнамо ҳолатнинг тагига етиш учун дилида умид учқунлай бошлади.
– Ишлар қалай? Соғлиғинг-чи?
– Раҳмат. Уйда ўтирибман, дам оляпман.
– Бугун иш куни-ку…
– Халқаро ташкилотлар ўз давлатлари ташвиши бўйича ишлаяпти.
– Ундай бўлса сен олдимга келолмайсанми?
– Зарур бўлса, албатта, бораман. Қирқ дақиқадан кейин уйингизда бўламан.
– Жуда соз. Раҳмат, болажоним.
– Арзимайди. Бирон гап бўлдими?
– Йўқ… Ҳозирча йўқ… телефонда айтиб бўлмайди.
– Яхши. Кўришгунча.
“Соддаликка бориб неварамни бу серғалва воқеаларга аралаштириб қўймасам эди, дея ичидан ўзини қаттиқ койиди. Ишқилиб, бу фалокатдан яратганнинг ўзи сақласин-да. Болажонимнинг бошини тошдан қилсин-да”.
У ҳовлига чиқди. Мегаполисни ҳайвонот боғи билан туташтириб турган олти йўлка ёқалаб одамлар оқими тинимсиз оқар эди, улар, асосан, ўсмирлар ва ёшлардан иборат эди. Албатта, улар дам олиш кунларида ҳайвонот боғига бориб томоша қилувчи одамларнинг йирик-йирик тўдалари. У қафаслар ичидан чиқаётган товушларга қулоқ тутди. Қафас эгалари тинч эди.
Қария неварасини ҳайвонот боғи эшиги олдида кутиб олиб, у билан соҳил бўйидаги қаҳвахонага киришга аҳд қилди.
Бало-қазодан нари бўлгани дуруст бояқишнинг, – пичирлаб деди қария.
У қанақа офатлигини ҳатто тасаввурига ҳам сиғдиролмасди, аммо кўнгли алайна ошкор сезиб турарди. Ким билсин, бу офат ердан чиқармикин ё осмондан тушармикин?..

* * *

“– Сен маликага уйланиб, шоҳ бўлишни истамадинг, сен туфайли битиб кетган боғбонга куёв бўлишни рад этдинг. Балиқ томоғига тиқилиб қолган каттагина олмос бўлагини чиқариб ташлашга ақлинг етмади, шу боисдан ҳам ёруғ дунёда сендан нодонроқ одамни кўрмадим ва унга азоб бераётган бош оғриғидан халос этиш воситаси ҳисобланган арслоннинг мияси нодон одамнинг мияси эди, у шўрлик одамни парча-парча қилди, унинг миясини еди ва соғайиб кетди…”

11

Мегаполисдан сал наридаги бу жойда меҳнатсеварликда донғи чиққан бир айиқ ўйнатувчи яшаган экан. Бу тўрт оёқли махлуқ унга отасидан мерос қолган, отаси айиқни жуда севар ва қўлдан келганча яхши парваришларди. Бу орада айиқ унга қаттиқ ўрганиб қолибди ва унинг ҳар бир амрига сўзсиз қулоқ солиб айтганини тўла-тўкис адо этар экан: тур деса турар, ўтир деса ўтираркан, орқа оёқларида тик туриб гир айланар, чапак чалар, ҳатто рақс тушиб ўйнар экан. Улар бир-бирларини бир оғиз сўз, биргина имо билан тушунар экан.
Гоҳо кўчаларда, катта кичик майдонларда турли хилдаги одамлар олдида томошалар кўрсатиб юраркан. Ақлли айиқнинг истеъдодига қойил қолган саховатли, танти томошабинлар уларнинг бошларидан пулни аямай сочар экан.
Вақти келиб иккови ҳам машҳур бўлибди, фотосуратлари газета ва журналларда дапқур-дапқур чоп этилибди. Маҳоратлари билан ҳамманинг оғзини очиб қўйишлари учун тўйларга таклиф қилинибди. Шу тариқа айиқ ўргатувчи оиласини моддий жиҳатдан тиклаб олибди, айиқни эса ўз оиласининг тенг ҳуқуқли аъзоси деб ҳисоблай бошлабди.
Бир куни томошабинлар хайрихоҳлигига ўрганиб қолган айиқ билан кимса бир камбағал одамнинг етти яшарли ўғлининг туғилган кунида томоша кўрсата бошлабди.
Етти яшардан етмиш яшаргача томошабинлар истеъдодли айиқнинг ўйинларини томоша қилиб завқланибди, қичқириб, чапаклар чалибди. хўжайинининг ўзи эса шу қадар суюнибдики, уйига зиёфатга ташриф буюрган қўни-қўшнилар, меҳмон-изломлар чинакамига маза қилибди, роса битлари тўкилибди…
Яна бир галги зиёфатга ичиб олган меҳмон ташриф буюрибди. Буни кўриб, айиқ ўз эгасини огоҳлантирибди:
– Эҳтиёт бўл, бу яхши одам эмас, ичкиликбоз, қиморбоз, аблаҳ одам, бунинг устига урушқоқ ва ўлгудай мақтанчоқ.
Киши жилмайиб бош ирғабди. Қолишга иложини тополмаган меҳмон қовоғини уйганча таклиф киритибди:
– Яқинда мен ҳам тўй қиламан, меҳмонларимга бир санъатингизни кўрсатасиз, сўнгра тўй бўладиган санани айтибди.
Ҳайвон ўргатувчи одоб билан рад жавобини берибди.
Жавоб маст эркакка ёқмабди.
– Сенга таклиф қилинганидан икки баробар кўп бераман. Йўқ дема…
– Иложим йўқ. Хоҳ камбағал бўлсин, бировнинг тўйини бузиш, дилини вайрон қилиш ҳам гуноҳ, ҳам уят. Ахир, не умидлар билан чақирган мени.
– Рози бўл! Уч баравар ҳақ бераман, сенга ва айиғингга атаб, дастурхонни тўкин қилиб тузатаман, оғзингга сиққанича айт, бермаган – номард! – оёғини маҳкам тираб олибди ичкиликбоз.
– Йўқ, ундай қилолмайман.
– Нега энди? Ё сенга пул керакмасми?
– Менга ёқмаяпсан, бор-йўқ гап шу.
– Ёқаманми-ёқмайманми… Ўзинг кимсан, хўш? Бор-йўғи бир масхарабозсан. Эшакни кўрсанг ялтоқланадиган суллоҳсан! Тағин нима бўлардинг, бир чақага арзимайсан. Бир мўйлов қилсам борми, сени айиқ-пайиғинг билан қўшиб олдимга боғлаб келтирадилар, сен эса полвончанг билан бир бўлиб менга думларингни ўйнатиб рақс тушиб берасанлар. Уқдингми?!
– Мени қўрқитаман деб овора бўлма, чакагинг оғригани қолади. Ундан кўра, кел, айиқнинг ўзидан сўраб кўрайлик, у бунга рози бўлармикан ёки йўқ. Борди-ю, рози бўлса, шунга қараб иш тутамиз. Бўлмаса, начора, пешонага ёзилгани бўлади-да…
– Манови айиғингданми? Шу алвастидан-а?
– Бу алвасти – менинг вафодор дўстим.
– Жинни-пинни эмасмисан, ҳеч жаҳонда ёввойи ҳайвондан ҳам маслаҳат чиқарканми?
– Мен бўласи гапни айтдим. Бу ёғини ўзинг биласан.
– Бўпти, билганингни қил. Сўрасанг, сўрай қол. Кўрайлик-чи, у нима деб жавоб айтаркин.
Томошабинлар ва зиёфат иштирокчилари ҳайвон ўргатувчи ва маст одам ўртасидаги баҳсни диққат билан кузата бошлабди. Бундай фавқулодда ҳолатларга ўрганиб қолган ҳайвон ўргатувчи пинагини ҳам бузмабди, хотири жам эмиш. У ўз айиғининг феъл-атворию кайфиятини жуда яхши билар экан-да.
– Қадрдон дўстим, айт-чи, мана бу одамнинг тўйида ўйин кўрсатишни хоҳлайсанми?
Айиқполвон индамай маст одамга тикилиб қарабди.
– Жавоб бер, илтимос! Тортинма! Қани, бир нима де!
– Жиннимисан! Ғирт жиннисан!
Айиқ бир неча марта ер тепинибди, кейин қўрқинчли ўкириб, йўқ дегандай бошини у ёқ-бу ёққа қаттиқ-қаттиқ чайқабди.
Томошабинлар гулдурос қарсак чалибди. Баракалла! Қойил!, деган қичқириқлар янграбди. Ароқхўр бир зум ўзига келиб, ғазабдан кўзлари ёнибди.
– Ҳой, ҳаром қотгур махлуқ! Эганг иккаловинг ҳали совунимга кир ювмабсанлар. Мен буни шундоқ қолдирмайман!
Айиқполвон яна бир дунёни ларзага солиб қичқирган экан, қўрқ­қанидан маст одамнинг нафаси ичига тушибди, ўзича бир нималарни минғирлаганча тўйни ташлаб чиқиб кетибди.
Ўша воқеадан кейин кўп ҳам ўтмабди. Ҳар гал маст одам билан тўқнашган ўша кунни эсласа, ҳайвон ўргатувчи ўзини ноқулай ҳис этар экан.
Бир йилдан сўнг, бу кўнгилсиз воқеа ҳамманинг эсидан чиқиб ҳам кетди. Аммо ҳайвон ўргатувчининг ўзи билмаган ҳолда ароқ ва қиморни ҳамма нарсадан устун кўрувчи ва шундан ўзини тенгсиз, бахтиёр ҳис қилувчи ҳалиги бадбашара кишининг турқ-таровати, фаросати миясида қаттиқ ўрнашиб қолган экан.
Иттифоқо, ҳалиги ичкиликбоз ва унинг икки қиморбоз ошнаси ҳайвон ўргатувчининг уйига келиб қолишибди.
– Айиғинг қани? – Салом йўқ, алик йўқ, сўради ширакайф қиморбоз.
Чақирилмаган меҳмоннинг қонталаш кўзларини кўриб, бека унинг бу ерга бекорга келмаганини англабди, аммо ўзини йўлатмабди:
– Ана, ёнғоққа боғлаб қўйилган…
Овозларни эшитиб, ҳайвон ўргатувчининг ўзи ҳам чиқиб келибди.
– Хў-ў-ш, – дебди у ва кўзини дарғазаб қиморбознинг кўзларига тик қадаб унга яқинлашибди. – Нима истайсан?
– Ҳозир кўрасан, – дағдағали оҳангда хириллаб дебди у ва чўнтагидан шартта тўппончани суғуриб, қаҳ-қаҳ уриб кулибди. – Сени оғзингдан ота­ман, сен эса сигирни икковинг энди масхара қилишга ҳам улгурмайсан! Аммо ўлимингдан олдин ибодат қилиб ҳамда узр сўрашингга муҳлат бераман.
У тўппонча оғзини тўғри унинг манглайига тирабди.
Шунда айиқ ўкириб юборибди.
– Худонинг ғазабини қўзғама! – хотиржам оҳангда огоҳлантирибди уй эгаси.
Айиқ ундан-да қаттиқроқ ўкирибди.
– Ўзи ҳайвон-у, эгасининг ажалини олдиндан сезаяпти, а? – мурожаат қилди қиморбоз ўз шерикларига. – Қанақа ғазаб билан ўкиришини кўрдиларингми? Сизлар эса гапимга ишонмаган эдинглар, айиқ ҳам одам боласининг тилини билармиди ҳеч маҳалда дегандинглар. Мен билан гаров ўйнагандинглар…
– Биз сенга ишондик. Қўй, дўстим, бошимизга бир балони сотиб олмайлик тағин, – дўстларидан бири уни тўхтатиб қолишга ҳаракат қилди.
– Йўқ! Мен сизлар билан гаров боғлагандим, бу алвастини бир ўқ билан йиқитаман дедим! Энди ортга қайтиш йўқ. Қани, айиқ ўйнатувчи, кўрсат маҳоратингни! Айиқни занжирдан бўшат-чи! Бир умр у сени боқиб келди. Лоақал ўлимидан олдин бир нафас ўзини эркин ҳис этсин.
– Худонинг ғазабини келтирма деяпман!
– Худони тинч қўй! Қани, бўла қол энди!
Киши истамайгина шохлари тарвақайлаган улкан ёнғоқ дарахти томон йўл олди. Қуролли ароқхўрдан фарқли ўлароқ у нима қилишни билмасди. У айиқнинг бўйнидан темир ҳалқани олди, айиқ ҳайрат билан бошини кўтарди ва эгасига қаради.
Кейин от ўнг панжаси билан ерни бир неча бор тирнади.
– Қаранглар! Ўзига-ўзига қабр қазияпти! – кулди ароқхўр. – Нари тур-чи! – буюрди у уй эгасига. Энди қараб тур, битта ўқ билан тўрт оёқли дўстингни асфаласофилингга жўнатаман. Хайриятки, биринчи бўлиб сени отмадим.
У бир тиззасида чўккалаб ўтириб олди-да, тўппа-тўғри айиқнинг калласини мўлжалга ола бошлади, айиқ эса тўппончага тикилиб турарди. Тўсатдан у орқа оёқларида тик турди.
Ароқхўр тепкини босди. Ё қўрққаниданми, ё айиқни бир ўқ билан тамом қилиш ниятидами, нима бўлганда ҳам унинг қўли силкиниб кетди ва ўқ нишонга тегмай айиқнинг ёнгинасидан ўтиб кетди. Азбаройи ғазабидан айиқ ароқхўрга ташланди, тирноқлари билан унинг томоғини шартта юлиб олди. Қон шариллаб отилди. Кутилмаган бу ҳолдан айиқ ўйнатувчи ва хотини тош қотиб қолди, тиллари калимага келмади.
Ароқхўр қиморбоз эса қонига беланиб, ўлим талвасасида ўзини ҳар ёққа урарди. Унинг иккала шериги эса осмонга чиқдими, ё ерга кирдими ғойиб бўлганди.
Кўп ўтмай полиция зобити ва унинг икки ходими етиб келди. Аввал улар фожиа рўй берган жойни сувратга олдилар. Қизиғи шундаки, улар сал нарида хотиржам ётган айиққа қўлларининг учини ҳам теккизишмади. Мурданинг чўнтагидан икки даста пул олишди.
– Бу сизга, – деди терговчи, айикни пулнинг эгасига бир дастасини узата туриб.
– Нима учун? – ҳайрон бўлиб сўради у.
– Дўқ-пўписалар ва тажовузлар учун бўлади.
– Кераги йўқ. Ифлос пулларни нима қиламан. Уларнинг оилаларига берайлик…
“Тез ёрдам” машинаси етиб келди.
– Мурдани ўликхонага олиб боринг, – буюрди терговчи …

* * *

Инсон ҳайвонлар шоҳи арслонни алдаб-сулдаб қафасга қамаб қўйди. Арслон овози борича дунёни бошига кўтариб ўкирди, аммо ўрмондаги жонзотлардан биронтаси ҳам унга ёрдамга келмади…

12

Қисқагина ҳол-аҳвол сўрашгач, ташвиш ичида бобо ва невара индамай дарё қирғоғи ёқалаб одимлаб кетишди. Икковидан бирортаси ҳам биринчи бўлиб орадаги сукунатни бузишни истамаётганди. Гўё улар оғиз очишлари ҳамоноқ мегаполис аҳолиси қўзғолон кўтарадигандек, тинчгина оқаётган дарё қутуриб тошадигандек. Ё бўлмаса, энг ёмони осмон узилиб ёрга тушади-да, қиёмат қойим бошланадигандек…
Улар соҳили бор қаҳвахонага яқинлашди. Чурқ этиб оғиз очмай, қария энг тинч жойни танлади, невара ҳам индамай унга эргашди.
Улар бир столга бориб ўтиришди-да, қаҳва буюришди. Суҳбатимизга халақит беришмасин деб қария аввал-бошидан ҳисоб-китоб қилиб олди.
Соҳилдан орол ва ўша ерда жойлашган ҳайвонот боғи яққол кўзга ташланиб турарди. Қариянинг ҳам икки кўзи ўша томонда эди. Афтидан, унинг тили танглайига ёпишиб қолганга ўхшарди.
– Бобо, нима қарорга келдингиз? – биринчи бўлинб сукунатни невара бузди.
– Ҳеч қанақа, – туриб жавоб берди қария ва ҳайвонот боғидаги ҳайвонларнинг барчаси билан қилган суҳбатларни бир бошидан ҳикоя қилиб берди.
Кейин яна тикилиб қолди.
– Ҳайвонлар тинчиб қолишди, демак, ташвишланмаса бўларкан-да, – секин сўради невара, бироқ бир лаҳзадан кейин худди уйғониб кетгандай деди: – Бобожон, ниҳоят англаб етдим! Сиз ҳайвонлар тилини биласиз, шунаками, улар ҳам сизни тушунади, а?
Қария гўё энг асосий сўзларни аввал айтишни мўлжаллаётгандек сукут сақлашда давом этди.
– Ёки сиз менга эртак айтмаяпсизми-а, бобожон? – бобосининг нима дейишини билмаётганлигини кўриб сўз қотди невара.
– Ундай эмас, қароғим. Қанийди бу эртакка айланиб қолса, биз иккаламиз бу ерда мазза қилиб ўтирармидик. Дарё шовқинини тинглаб ҳузур қилармидик, турли бало-қазолар тўғрисида ўйлашмасдик, эртага ё индинга нима бўларкин деб ташвишга ботиб қолмасдик.
– Эртакка ўхшатиб айтаяпсиз-да, бобо, – деди Шервон.
– Биласанми, нафсиларимни айтганда, мен оғиз очишга қўрқиб қолганман.
– Нега энди? Бу ерда гапларингизни ҳеч ким эшитаётгани йўқ. Хотирингиз жам бўлсин.
– Қафасдаги ҳайвонлар билан гаплашганимда улар билан келишиб олгандек уларнинг барчаси тинчиб қолишганди. Юрагимни босиш ва ўзимни қўлга олиш ниятида хиёбонга йўл олдим. Айни вақтда негадир таъбим ўша боққа тортаверди, қандайдир кўринмас куч ўзи томон чорлар эди. Кучимни йиғиш мақсадида дарахт танасидан маҳкам қучоқлаб турдим…
Айтган сўзларини тасдиқлаган каби қария кўзларини боғ томон қаратди. Невара чурқ этмай бобосидан кўз узмасди.
– Бу ерда қулоғимга дарахт учларидан келаётган овозлар чалинди. Бошимни кўтариб шохлардан бирида ўзаро гаплашиб ўтирган иккита бойўғлига кўзим тушди, тўғрироғи, улар мен тўғримда сўзлашар ва устимдан кулар эди.
– Туш кўрмаяпманми, бобо?
– Оҳ, қанийди туш бўлса, бўталоғим! Сен қулоқ сол, мана, улар нима ҳақда сўзлашишарди. Улардан бири бундай деди: “Анави кишини кўргин, одам деган ҳам шунақа овсар бўларканми”. Иккинчиси уни қувватлади: “Овсар бўлмаса ҳайвонларнинг гапларига лаққа тушиб ўтирармиди?” Биринчи бойўғли қўшимча қилди: “Бу ҳайвонлар ташқи кўринишдан йиртқичга ўхшайди, аслида, қўрққанидан унга дилидагини очиб солмади, сукут сақлашди. Киши эса уларга ишониб ўтирибди”. Иккинчи бойўғли деди: “Борди-ю, сеникига ҳар куни саккиз, ўн нафар бақувват, баданини ёғ босган, кўзлари ёнган деб келиб дўқ урса, таҳдид қилса, нафасинг ичингга тушмайдими?”. Биринчи бойўғли эътироз билдирди: “Бу одам бўлса, девни ҳужум қилмайди деб ўзини ишонтирди-да, тинчланиб қўя қолди. Бироқ ҳамма бало шундаки, бугун девлар келади-да, барча қафасларни ланг очиб ташлайди”. Қушлар жимиб қолди…
Ҳайратдан Шервон кўзларини катта-катта очиб ўтирибди, бир оғиз бир нима дейишга мажоли қолмаганди. Қанақа бойўғлилар? Нима учун аллақандай даррандалар ҳайвонларга таҳдид солади? Умуман, улар қаердан пайдо бўлишган? Арвоҳ-парвоҳ эмасмикан, тағин?
– Улар кимлар, нималар ва қаердан келиб қолган – ҳеч нима билмайман.
– Эй худойим! Бобожон, Сиз ростданам ҳайвонлар фикрини ўқий ва эшита оласизми? Агар шундай бўлса…
– Ҳе-йўқ, қаёқда, бўталоғим. Бу бир чўпчак десанг-чи…
– Бу ёғига нима қиламиз?
– Билмадим, шунга бошим қотган…
– Балки, ҳайвонот боғи директорига хабар бериш керакдир?
– Ҳм. У устимиздан боплаб кулади-да, бизнинг гапларимизни алаҳ­сирашга, беҳуда нарсаларга чиқаради, бўлди.
– Шаҳар ҳокими ёки бош вазирга ёзса-чи?.. Тўсатдан бу росманасига алвастилар бўлиб, бир офицерни бошлаб келган бўлса-чи? Унда нима бўлади?
– Унда шаҳар ҳокими ҳам, бош вазири ҳам бизни тентакка, жиннига чиқарадилар.
– Ахир биз олма пиш, оғзимга туш деб, жим қараб туролмаймиз-ку?
– Йўқ.
– Нега, бобожон?
– Бобо билан невара бараварига дарё томонга қаради. Аммо тинч оқар сув сатҳининг улар гапини маъқуллашига, кўнгилларини поклашига умид боғлаш мумкин эмасди.

* * *

Хўроз бонг урди ва сакрашга чоғланган арслон қочиб кетди. Товуқхона шоҳи билан бирга бўлганларнинг барчаси дадиллашди ва арслонни таъқиб қилишга тушишди. Бирмунча вақт ўтгач, арслон қайтиб келди ва эшакка ҳамла қилди…

13

Катта цирк ҳудудида бир катта кучук кўп йиллар яшаган экан, оддий ўрта осиёча искович ит. У ўзини ўша циркнинг тўла ҳуқуқли эгаси деб биларкан. Боғнинг бурчак-бурчакларида бемалол сайр қилиб юраркан. Яхши одамлар кўпда, уйларидан унга суяклару сарқит овқатларни келтириб берар экан, шунинг учун у ҳар доим тўқ яшаб, емак-ичмакдан зориқмас экан. Шунинг учун эрталаблари одатда цирк ходимларидан айримларига дуч келганда уларга қувноқ ҳолда думини ликиллатиб қўяркан. Цирк ходималари ҳам уни кўрганидан хурсанд бўларкан.
Кўппакнинг бу ерга қандай, қачон ва қаердан келиб қолганини ҳеч ким билмас экан, аммо теварак атрофдаги етти ёшдан етмиш ёшгача ҳамма унга меҳр қўйиб қолган экан. Кўппак ҳар замонда ҳайвонот боғига ҳам қараб қоларкан. Панжара ортидан туриб у ясама жасорат билан айиқлар, бўрилар, арслонлар ва йўлбарсларга қараб “вов-вов” деб ҳуриб қўяркан. Аммо ҳеч ким унинг ҳуриганига эътибор бермасди.
Аста-секин кўппак фақат йўлбарсга рўйхуш берадиган бўлиб қолибди. Фурсат топди дегунча дарҳол бораркан. Улар ўзаро суҳбатлашар, зеро, бир-бирини тилини яхши тушунар экан.
– Бунча дангаса бўлмасанг, – дебди бир куни йўлбарсга кўппак, хафа бўлиб. – Қачон келмай, ё ухлаётган бўласан, ёки алланималар ҳақида хаёл сураётган бўласан…
– Хўш, сенингча мен нима қилишим керак? – сўрабди йўлбарс.
– Мен қаердан билай? Сен йўлбарссан! Қаддингни рост тут, силкиниб чангингни қоқ.
– Хўш, ундай кейин-чи?
Кўппак индамай дўстга ҳайрон тикилиб қолибди.
– Бир вақтлар мен росманасига йўлбарс эдим. Даҳшатли кўринишим ва гумбурлаган ўкиригим ҳамманинг юрагини чиқарар эди. Томошабинлар менга қаттиқ қарсаклар чалишини, маҳоратимга қанақанги қойил қолишини сен тасаввур ҳам қилолмайсан. Тўсиқлар оша, олов ҳалқа ичидан сакраб ўтганимда, ё бўлмаса улкан шарни айлантирганимда…
– Нега энди саҳнага чиқмай қўйдинг?
– Эй нодон, мени у ерда қайси аҳмоқ кутарди? Менинг эгам бирров олдимга келиб, қалайсан дейишга ярамайди-ку. Гўё, мен бу дунёда йўқдайман улар учун….
– Қўй куюнаверма, хафа бўлишга арзимайди.
– Нимага ҳам хафа бўлардим? Қаридим. Қари, қўсқи бир йўлбарсман. Фарзандларим ҳам бирров келиб хабар олмайди. Уларга мен эмас, анави думалоқ майдонча керак. Шон-шуҳратдан кўзларини ёғ босган… Худога шукур, вақти-вақти билан битта-яримта ҳайвон нимтасини ташлаб туришибди, ризқим бутун.
– Бир ҳисобдан бу ҳам баҳарнав, ҳар қалай, оч қолмайсан, – деди кўппак.
– Қўлимдан бошқа нима келарди? Сабр қиламан-да …
– Буни цирк деб қўйибдилар, биродар. Гарчи йўлбарс бўлсанг ҳам сабр қиласан-да.
– Нимага сабр қиламан?
– Ажалга-да.
– Ажалга?
– Ҳа, биродар. Сен ўлсанг терингдан “қўриқчи “ қилишади ва музейдаги қамишлар орасига тикиб қўйишади. Гўштингни эса бошқа ҳайвонларга ем қилишади. Цирк олами шунақа. Кўп куйиб-ёнаверма…

* * *

Бир вақтлар мегаполисда юзлаб кутубхоналар ва китоб дўконлари ишлаб турган, вақти-соати келиб бу ноёб ижтимоий мулкдан бирдан айрилиб қолдик, уни “Ўтмиш сарқити” деб аташди. Ҳаммасига сабаб – янги муҳит. Кимдир “электрон китоблар”ни ўқийди. Кимдир ўн минглаб нодир жаҳон адабиёти асарлар тўпламини маъқуллаттирганча топширади, қолганларини сувтекинга сотади. Ортиқча ашқол-дашқоллардан қутулдим деб суюнади.
Бахтга қарши деймизми, бахтсизликка қарши деймизми, бу тоифадаги одамлар тўсатдан англаб қоладики, китоб ўқимасдан туриб ҳам башанг машиналар, даста-даста бебилиска пуллар, кўп қаватли данғиллама ҳовли жойлар ва юқори лавозим соҳиби бўлиши мумкин экан. “Мана, ҳақиқий ҳаёт қаерда экан, биз бўлсак, оғзимизни очиб тураверган эканмиз”, – деб биладилар. Яна ўзларини тўққиз фалак эгасидек тутадилар.
Кутубхоналар ўрнида замонавий цирк ва супермаркетлар пайдо бўлди. Китоб ҳамманинг эсидан чиқиб кета бошлади.
Бир юз йигирма беш яшар муаллим замона йўриғи кетидан тушмади. У қадимги қўлёзмаларни сотиб олиб, сақлаб қўярди. Вақти-замони келиб унинг мегаполис чеккасида жойлашган улкан кутубхонаси Китоб­лар музейига, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларидан бирига айланди. Баъзан у бу ерга кўпроқ кўнгил ёзгани келиб турадиган ўсмир-ёшларга қизиқ-қизиқ воқеаларни ҳикоя қилиб берарди. У ёки бу китобни қўлга олганда эса ҳаяжондан қўллари қалтирай бошларди. Тасодифий мижозлар эса кекса муаллим устидан кулар ва унинг кутубхонасини тарк этар эди. Китобларнинг эгаси эса жилла қурса нечта одам келди ва китоблар борлигидан воқиф бўлди-ку, дея ўзига тасалли берарди бундай онларда. Бу ҳам баҳор нав экан. Кейин у кутубхонанинг ёнгинасида жойлашган ошиёнига йўл олар эди.
Кекса муаллимнинг кекса кулранг эшаги бор эди. Пешонасига қўлидан келмайдиган ишларни бажариш битилган шўрлик жонивор йил – ўн икки ой ҳовлида ивирсиб юрарди. На жазирама офтоб ва на суякдан ўтувчи аёзли қиш унинг парвойига келарди.
Иттифоқо, кекса муаллимнинг кутубхонаси ва ошиёнидан сал наридаги сайхонликда бўри галалари пайдо бўлди ва эшак борми, сигир борми, қўй борми – барчасига қирон сола бошлади. Одамлар қўрқиб қолди. Полицияга мурожаат қилишди. Полициядан, биз ҳайвонлар билан эмас, одамлар билан ишлаймиз, деган жавоб олишди.
Бинобарин, оғил ё молхонаси бўлмаган муаллим эшакни Китоб музейи танобийсида сақлашга мажбур бўлди.
Бир куни кутубхонага чет эл сайёҳларидан бир гуруҳини олиб келишди, бундан кекса муаллимни хабардор қилишни ё эсларидан чиқаришди, ё бўлмаса буни жоиз деб билишмади. Кираверишдаги катта эшик қулфлоғ эди. Хотираси сустлашганидан азият чекиб юрадиган муаллим кутубхонадаги эшакни эсидан чиқариб, меҳмонларни ичкарига қўйиб юборди. Жонли эшакни биринчи марта кўриб турган олим сайёҳлар буни кўрди, аммо эътибор беришмади. Бироқ делегация бошлиғи жониворни шунақанги бўралаб сўкдики, буни эшитган ҳам эшитди, эшитмаган ҳам эшитди.
Эшак қаҳ-қаҳ уриб кулди.
– Мана бу шалпангқулоқ махлуқни тезда кўздан йўқотинглар!
Кутилмаганда эшак тилга кирди:
– Мен ўқишни билмайман, қоғоз ҳам емайман. Шундай бўлгач, сиз мени нега ҳақорат қиласиз?
Ҳамма донг қотиб қолибди.
Кекса муаллим ҳушдан кетаёзибди. Ахир неча йиллардан бери у шу эшакнинг эгасию, одамлардай гапиришини билган эмас.
Эшакнинг сўзларини эшитиб, сайёҳлар ҳайрат ичида эсдалик учун биттама-битта эшак билан суратга тушибди.
– Кўрдингизми мени қанақа ардоқлашади! – ғурур билан деди эшак. – Сизлар бўлсангиз мени шалпангқулоқ махлуқ деб камситасизлар…

14

Мегаполисда бир йигит яшар экан, унинг юзлари дум-думалоқ, доим очиқ, жиддий боқувчи кўзлари қоп-қора экан, хандон отиб кулганида ҳам ўша-ўша жиддийлиги қолмас экан, гавдаси ва антиқа кўкси нақ тоғдай келаркан. Тунлари мегаполисларда ҳаёт маромлашади, тунги соат ўн бирдан кейин барча ички савдо марказлари, кўплаб беш юлдузли осмонўпар меҳмонхоналари ёпиларди, шаффоф эшикларга ичкаридан қулф уриларди, метрдотеллар эса тонггача хорижлик меҳмонлар келишини кутарди, одамлар ҳаракати тўхтарди, аҳён-аҳёнда ҳувиллаган эстакада ва шоҳроҳларда енгил машиналар ўқдай учиб ўтарди, тепадан туриб осмонўпар биноларнинг чироқлари милтирашини кўриш мумкин бўларди, бу гўё шаҳар ҳаёти давом этаётганини фақат маст уйқудалигини билдириб тургандек.
Баҳор адоғидаги ўша тун чоғида ўрмон ва чакалакзорларда мевали дарахтларнинг гуллари тугунаклаганда мусаффо юлдузли осмонни бирдан қоп-қора булут қоплар, майдонлар, кўчалар ва ярқираган биноларнинг деразалари туман остида қолди.
Мегаполис чеккасидан бошланувчи, шаҳар ўртасидан ёриб ўтувчи ва икки километрли кўприкдан оқиб ўтувчи асосий эстакадада қўққисдан ақл бовар қилмас ва даҳшатли ва ғалати бир воқеа содир бўлди, юз минг­лаб катта ва кичик илон ва ингичка олачипор заҳарли ва заҳарсиз узун ва катта илонлар худди улкан бир яхлит гиламдай бошқаси ягона ва ювош қабиладай шиддат ила теп-текис саф тортганча шаҳарнинг шарқий ва шимолий қисми томон интилди. Ўзини мағрур ва мардона тутган кўйи шоҳ илон аста бошини кўтарди. Малика илон ташвишланганча эрининг олдига ўрмалаб келди.
– Ҳайвонот дунёсидаги барча ҳайвонларнинг юраги ғалати ураётганини ва барчалари ташвишга тушиб қолганини билиб турибман. Сен-чи? – сўради шоҳ илон.
– Мен ҳам, – эрининг сўзини тасдиқлади малика илон.
– Уларнинг қони қайнаяпти, қандайдир мавжудот ёки махлуқот уларнинг юрагига кириб олган, ғалаён ва қўзғолон кўтаряпти, чамамда, – тусмоллабди шоҳ илон.
– Ҳайвонларнинг барчаси қафас ичидами? – шубҳа билан сўради Малика илон.
– Барибир ҳам дарё сатҳи ўзгараётгандек, мавжлар шиддатлироқ тус олаётганини сезаётгандирсан? Балки дарё ҳам яқинлашиб келаётган фожиани сезаётгандир? – сўради шоҳ илон.
– Ҳар эҳтимолга қарши одамларни огоҳлантириб қўйсак нима бўлади? – сўради малика илон.
– Кераги йўқ. Ҳозир барча одамлар уйқуда, қолаверса, бундан ҳеч қандай маъно чиқмайди.
– Нима учун? – ҳайрон бўлди малика-илон.
– Жудда соддасан-да, хотин! Чунки улар илон тилини билишмайди. Шаҳар уйғонганда одамлар ўзига келади ва эҳтимол, ўзлари ҳис қилиб қолар. Улар кар ва кўр эмас-ку…тезроқ туёқни шиқиллатиб қолайлик! – қичқирди шоҳ-илон ўз қабиладошларига.
Баҳайбат, узун карвон икки километрлик кўприкка етганда яна бир сирли ҳодиса рўй берди – илонлар бирин-кетин ўзини дарёга ота бошлади. Булар барчаси саробга ва рўёга учишарди.
Эртаси куни бутун мегаполис бўйлаб ваҳима ёйилди. Гарчи бир ёки икки миллион аҳоли бу барча ҳодисаларни шунчаки миш-мишга йўйиб астойдил ишонишмаган бўлса-да, одамларни қўрқув ва даҳшат чулғаб олганди. Аммо эстакада ва шоҳроҳни бир неча жойида ғилдираклари остида ўлик илонлар билан автомобилларни кўришди. Энг қизиғи шунда эдики, барча ҳайдовчи ва йўловчилар ҳам ўлик ҳолда эди ва барчаларининг даҳшат тўла кўзлари катта-катта очиқ бўлиб, чақчайиб кетганди. Кечқурун хабар беришдики барчалари юрак ёрилишидан ўлган экан…

* * *

Маймунни ҳайвонлар маликаси деб тан олишибди. Азбаройи ҳасади­нинг зўридан тулки уни авраб олиб бориб қопқонга туширибди. Қопқонга тушган маймун тулкини қарғай кетибди.
– Эҳ маймун, хазинадан қопқоннинг фарқини ажрата олмас экансан, қандай қилиб ҳайвонлар маликаси бўла олардинг?

15

Ўша куни қария кечгача ҳайвонот боғининг бутун ҳудудини айланиб чиқибди. Ҳеч қанақа мусибат аломатини, нишонасини ё белгисини тополмабди. Шу боисдан бош вазирни бекорга безовта қилишга журъат этмабди ва умуман, буларнинг ҳаммаси йўқ деган қарорга келибди. Тўғрида, фожиа борасидаги унинг тусмолига ким ишонай деб турибди. Қариянинг ҳақиқатига мос келадиган тахминларини пучак гапга чиқаришади, тамом-вассалом. Шундай бўлса-да, у ўша куни ва тун бўйи ҳайвонларни қафасдан чиқармасликни маслаҳат берибди.
– Нима учун? – сўрашди ундан.
– Билмадим, аммо барибир ҳам чиқарманглар.
Бир чети “кўнглим бир нарсани сезиб турибди”, – деб юборай ҳам деди, аммо ўзини тутди. Хайриятки, подадан олдин чанг чиқариб, ваҳима кўтармади, бўлмаса ҳамкасблари орасида миш-мишлар тарқалиб, ҳамма қарияни ақли суюлганга чиқариб қўйиши ҳеч гап эмасди…
– Нима бўлса бўлар, – деди қария ўзича ва уйи томон йўл олди.
Агар у сал эртароқ чиққанда ўнг соҳил ортидаги марказий эшик олдида невараси билан кўришган бўлар эди. Аммо Шервон бобоси билан кўришишни мўлжалламаганди ва умуман унинг ичкарига кирганини ҳеч ким, хусусан, ҳайвонот боғи ҳодимлари кўриб қолишини хоҳламасди. Иш куни охирлаб борарди, сўнгги мижозлар шоша-пиша темир қафаслар ортидан ўта бошлади. Мижозлар орасига йўқолиб, Шервон сездирмайгина боғ ҳудудига ўтиб қолди.
Бу сафар тунда жониворларни боққа қўймасликларидан у ҳали бехабар эди, бир неча кун муқаддам кўз тагига олиб қўйган сершох ям-яшил дарахтга чиқмоқчи, йўғон бир шохга яхшилаб жойлашиб олмоқчи бўлган эди. Кимларни ва нималарни кўриши ва тонг отгунча нималарни суратга олиш мумкинлигини у тасаввурига ҳам келтирмаётганди. Бундай қадам қўйишга унга қандай куч, қанақа туйғу туртки бўлганини ҳеч тушунолмаётганди. Сафар халтасига у сув, нон, пишлоқ, колбаса, олма, бодринг ва помидорлар солиб олди. Ахир олдинда бутун бир тун турибди!
Атрофни зулмат пардасига чирмаб тун ҳам кириб қолди. Фақат пиёдалар йўлкалари ва кираверишдаги қоровулхоналардаги фонусларгина ёниб турарди… Тун батамом чўкди. Ҳаммаёқ сув қуйгандек жим-жит, бу жим-житликни йиртқичларнинг ўқтин-ўқтин қичқиришлари ва ўкиришлари бузиб турарди. Анушервонни уйқу бозиб кела бошлади. У осмонга қаради. Осмон булутсиз, мусаффо эди. Юлдузлар ҳам, афтидан, сўнганди.
“Улар ҳам менга ўхшаб, ҳойнаҳой, қаттиқ изтироб чекмоқдалар, милтирашга ҳам мадорлари етмаётгандир, ё бўлмаса улар ҳеч нарсадан бехабардир”, – ўйлади Анушервон.
Шу аснода Эй Худойим! Нимқоронғилик қўйнида сувдан аллақандай мавжудотлар чиқиб келаётгани элас-элас кўзга ташлана бошлади. Бир-икки марта қаттиқ-қаттиқ киприк қоқди, тирсагидан чимчилади. Йўқ, бу туш эмасди. Энди кўзга яққол ташлана бошлаган жондорлар шиша-шиша сувдан чиқиб ва ҳайвонот боғи эшиги томон ўқдай учиб кела бошлаган эди. Олдиндан ҳозирлаб қўйган планшети билан Шервон суратга ола бошлади. Барваста қариган одамга ўхшаб кетадиган улкан одамлар бир зарб билан учала қоровулхона эшигини учириб юборди, улардан бири бир қўли билан мудроқ қоровулни чангаллаб ушлади-да, худди мушук боласидек шафқатсизлик билан ташқарига улоқтирди. Иккинчи улкан одам иккала қўли билан уни ушлади-да, ердан узиб, худди бир қуруқ чўпдек белини қарсиллатиб синдирибди. Лоқал қичқиришга улгуролмай қолган иккала қоровулнинг ҳам ҳоли шундай кечибди. Қўрқув ва даҳшатдан тош қотиб қолган Шервон бир амаллаб ўзини қўлга олди, шохдан юқорироққа чиқиб ўтирди ва чап соҳилга назар солди. У ерда ҳам шунақа қора одамлар кўзга ташланарди. Шервон уларни тўхтовсиз суратга олди.
Шундай қилиб, бойўғлиларни бобога башорат қилган, мавжудлигига энди Шервон ҳам шак келтирмайдиган инс-жинслар қафасма-қафас югурарди. Тонг ота бошлади, юлдузлар бирин-кетин кўздан ғойиб бўла бошлади. Йигитнинг кўз ўнгида ҳар томондан балойи азим – улкан махлуқлар учиб келиб, қулфларни осонлик билан суғуриб ташлар, ҳайвони бор қафас ичига кириб олар эди.
Тонг соат бешда мегаполис кўча ва майдонларида ҳаёт қайнай бошлади, одамлар ва нақлиё оқимлари шиддат билан ортиб борди. Ҳойнаҳой, даррандалар бундан бехабар бўлса керак. Аммо бу ёқдан тонг ота бошлади-да, бошқа ёқдан ҳайвонот боғи узра ястанган осмон узра юзлаб ҳайвонларнинг даҳшатли ўкириги ва қичқириғи борлиқни ларзага солди, улар ҳали бутунлай уйғониб улгурмаган мегаполиснинг кўча, майдон ва хиёбонлари томон отилиб чиқа бошлади.
Қўлида планшет тутиб, шох устида тош қотиб қолган Шервон бу ғаройиб манзарадан лолу ҳайрон эди. Аммо унинг кўз ўнгида содир бўлган воқеага қарамай, у ўзини йўқотмади, ваҳима қилмади ва бобосига қўнғироқ қилди:
– Бобожон, биламан, Сиз эрта уйғонасиз. Тахминларингиз тўғри чиқди: даррандалар барча ҳайвонларни қафасдан чиқариб, мегаполис томонга ҳайдаб кетди.
– Қаердан билдинг буни? Ўзинг ҳозир қаердасан? – совуққонлик билан сўради бобо.
– Менми? Ҳайвонот боғидаги дарахт устидаман. Суратга олган тасвирларни интернетга юбормоқчиман.
– Бироз сабр қил. Мени кут. Тушундингми? Тезда етиб бораман. Ўшанда ҳал қиламиз.

16

Ёнғинлар, тошқинлар, зилзилалар, рўзғор газ ускунаси портлашлари, автоҳалокатлар, самолёт ва поездлар ҳалокатлари оқибатларини тугатиш бўйича бошқа мегаполислар тажрибасини узоқ йиллар ўрганган бош вазир жониворларнинг шаҳарга ҳужум бошлагани ҳақида дарак топиб, даҳшатдан тош қотди. Бунақасини на илгари ва на ҳозир ҳеч ким кўрмаган ҳам, эшитмаган ҳам. Ёрдамчи унга бир стакан сув узатди. Булоқ сувидан бош вазирнинг хаёли сал жойига келди.
– Зудлик билан фавқулодда ҳолатлар қароргоҳи ташкил этилсин, – буйруқ берди у. – Ҳамма менинг кабинетимга йиғилсин!
Ёрдамчи оёғини қўлига олиб, ғойиб бўлди.
Котиба ички алоқа бўйича шаҳар мэри бош вазир билан гаплашмоқчи эканини ҳабар қилди.
– Жаноб бош вазир! Вазият қалтис, ҳатто ҳалокатли.
– Сизнинг таклифингиз, мэр?
– Агар йўқ демасангиз, мегаполиснинг бутун ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилинсин…
– Полицияга топшириқ беришга, барча болалар боғчалари, гимназиялар, касалхоналарни қуролли мудофаа билан таъминласин. Агар шаҳарликлар болаларни уйда қолдирсалар яна яхши. Барча тегишли тузилмалар оёққа турғазилсин. Ҳар ярим соатда менга ва сизга аҳвол ҳақида хабар бериб турилсин. Ўзингиз ҳозироқ бутун шаҳарни, асосий марказларни айланиб чиқинг, ҳақиқий аҳволни ўз кўзингиз билан кўриб, танишиб чиқинг. Биз воқеаларнинг ипидан-игнасигача хабардор бўлишимиз керак. Кейин тўғри ҳузуримга келинг! Фавқулодда қароргоҳ ташкил этилди! Омад ёр бўлсин! Ўзингизни ҳам эҳтиёт қилинг!
– Ташаккур, жаноб бош вазир!
Шу тобда изн сўрамай қўлида катта ҳарбий бинокль турган ёрдамчи кабинетга кирди.
Бош вазир унга саволомуз қаради.
– Кўрсатмаларингизни барча вазирларга етказдим. Огоҳлантирдимки, вазиятга муносиб тарзда чора кўрилсин ва фавқулодда қароргоҳига йиғилишсин. Бу эса – Сизга. Биномизнинг томидан кўпчилик кўчалар ва хиёбонлар кафтдагидек кўринади. Ҳар эҳтимолга қарши деб ўйладим, шаҳар ҳудудини ўз кўзингиз билан кўринг. Умумий фикрга келишингизда, балки, асқотиб қолар.

* * *

“Ахборотларга кўра, ўрмон ва чаманзорлар шоҳи – арслонлар одамлар туфайли ҳаддан ташқари жазирама ва овлоқ дашту чўлларга қочиб кетган”.

* * *

Чамаси бирор соатдан кейин бош вазир фавқулодда қароргоҳ хонасига кириб келди. Барча ҳозир бўлганлар оёққа қалқди.
– Ўтиринглар! Телефонларингизни ишлатиб қўйинглар! Ҳар бир янгилик ҳақида менга тезроқ маълумотлар беринг, – амрона деди у ва масъул котибга юзланди: – Нима дейсан?
– Жаноб бош вазир! Бизни барча радио ва телетрансляцияларимиз ва бир қанча халқаро ОАВ хабарлар ва ҳодиса тафсилотларини тарқатди. Бу дегани воқеадан бутун дунё хабардор. Аммо ҳалокат сабабларига келганда, аниқ маълумотлар йўқ.
– Ички ишлар вазири! – қисқа деди бош вазир.
– Фавқулодда ҳолат содир бўлган. Ҳеч ким буни кутмаганди. Фавқулодда ҳолатлар бўйича талабларга кўра юзлаб қуролланган полициячи барча маъмурий биноларни йигирмата телекомпанияни, барча кўприкларни, вазирликларни, олий ўқув юртларини, мактаблар ва болалар боғчаларини муҳофазага олган.
– Сизнингча, ҳайвонлар тўнтариш қилмоқчи бўлибди-да, – мийиғида кулди бош вазир.
– Йў-ў-ў-қ … талабларга мувофиқ… вертолётлар вазиятни ўрган­япти, айни вақтда суратга оляпти.
– Шаҳар мэри!
– Жаноб бош вазир! Умуман олганда, вазият нотинч, ҳайвонлар майдон ва хиёбонларга чиқиб келганида одамлар ишга кетаётган эди. Табиийки, йиртқичларга кўзи тушиб, ваҳимага тушган, дод-вой қилган, пана жой қидириб, одамлар бир-бирини урҳо ур, сурҳо сур қилган.
– Айтинг-чи, биронта йиртқич одамларга ташландими ёки йўқми, –тўсатдан сўради бош вазир.
– Ҳа, – жавоб берди ички ишлар вазири. – Ҳозиргина хабар беришди. Иккита арслон эстакадада пайдо бўлганда, ҳайдовчилар саросимага тушган… ўнлаб машина бир-бири билан тўқнашиб кетган. Бир неча одам, афсуски, ҳалок бўлган, бир қанчалари жароҳат олган. Полициячи тўппончасини чиқарган-да, арслонга қараб ўқ узган. Урғочи арслон полициячига ташланган ва унинг бўғзидан ғажиб ташлаган. Кейин қочиб кетган…
– Ўқ узишга ким рухсат берди?
– Ҳеч ким! Афтидан қўрқув туфайли ёки тартиб ўрнатиш мақсадида бўлса керак…
– Ҳар бир полициячини огоҳлантириб қўйинг, буйруқсиз йиртқичларга ўқ узилмасин.
– Ҳайвонот боғи директори таклиф қилинганми?
– Йўқ, – жавоб берди ёрдамчи. – У қароргоҳ аъзоси эмас, бу бизнинг айбимиз, узр, хатони тўғирлаймиз.
– Кераги йўқ, – деди ички ишлар вазири. – Биз уни эрталаб ҳибсга олдик, уйидан олиб келдик.
– Нима учун? – сўради бош вазир.
– Жиноий бепарволик ва масъулиятсизлик учун. У ҳатто йиртқичлар ғалаён кўтаргани ва ҳайвонот боғидан қочиб кетганини билмайди. Ҳар эҳтимолга қарши қўлга олдик. Қочиб кетади деб ўйладик. Мен фармойиш бердим, ҳозир уни келтиришади.
– Бир қошиқ қонимдан кечинг, бош вазир жаноблари! – ўртадан кўтарилди соғлиқни сақлаш вазири. – “Тез ёрдам” машиналари касалхоналарга тиқилинчда жароҳат олган юздан ортиқ одамни олиб келган.
Бош вазир юраги тўла дард ила шу пайтгача эшитган ахборотни таҳлил қила бошлади. Бир соатнинг ичидаёқ улкан ва тинч шаҳар қандай қилиб тартибсизлик, қўрқув ва даҳшат комига ғарқ бўлиши мумкинлигини, тўғриси, тасаввур қилиш амри маҳол эди. Масъул шахсларнинг айтишича, мегаполиснинг барча ҳудуди ўрама довул билан қопланган, бошқа манбалардан маълум бўлишича, заиф ва бемор одамлар ток ургандек тил тортмай ўлмоқда.
– Жаноб бош вазир! – ўрнидан турди шаҳар мэри. – Майда ва кичик маймунлар галаси шимолий бозорга бостириб кирди. Барча сотувчилару харидорлар ҳар ёққа тумтарақай қочиб қолди. Банан дўкони эгаси маймунлардан бирининг қорнига пичоқ тортиб юборган ва у қонига бўялиб ётибди. Қолган маймунлар сотувчига ташланган ва…
– Нега жимиб қолдинг? – Тоқати тоқ бўлиб деди бош вазир:
– Унинг ўлик ё тирик эканини билиб бўлмайди. Дўконда бекиниб олганлардан ҳеч ким унга яқин боролмайди. Айтишларича, маймунлар хуррамлик билан шўрликнинг жасади атрофида ўйин тушмоқда. Кейин эса бутунлай ўзларидан кетган. Қадимги аждодларимиз барча пештоқларни уриб, синдириб устидан мева, сабзавот ва маҳсулотларни ерга ирғита кетганлар…
– Бу ер ҳайвонот боғи эмас, балки, дўзахи алим! Ҳайвонлар қутуриб қўзғолон қутурганини ким кўрган? Барча ишчиларни қўлга олмоқ зарур, йирқичларнинг кўчага чиқиб кетишларига ўшалар айбдор, – деди кимдир.
– Аввал уларни топиш керак, – луқма ташлади кимдир.
Ҳеч ким уларга эътибор қилмади.

* * *

Оппоқ махсус телефон жиринглади. Бош вазир телефон шишасига қаради. У ҳайрон бўлди: мутлақо ёт одам у билан гаплашишни истаяпти. Телефонни бу рақамига нариси билан ўн-ўн беш одам, шунда ҳам фавқулодда ҳолларда қўнғироқ қилиш ҳуқуқига эга – шу боис жавоб қайтармади. Бунинг устига ёрдамчи ҳайвонот боғининг бош директорини олиб келишди, деб хабар беришди.
– Олиб киринг, – буюрди бош вазир ғижиниброқ.
Бу баланд бўйли, жиддий одам бўлиб, қўрққанидан ранги қув ўчган эди. Паст овозда салом-алик қилгач, у ўрнидан турди, бошини гуноҳкорларча эгиб олганди. Шунда матбуот котиби ўрнидан турди ва телевизорни қўйгани рухсат сўради. Ўз ҳолича у ҳеч қачон ва ҳеч нима қилолмасди. Шу боис бош вазир розилик аломати сифатида бош ирғади.
– Халқаро телекомпания директори хабар қилдики, унинг журналистлари қизиқ лавҳа тайёрлаган ва ҳозир шу лавҳа эфирга узатилади.
Ҳамма катта мониторга юзланди.
– Жинни одам ҳақида! – деди диктор.
– Бизга битта жинни одам етишмаётганди! – бесарамжонланди бош вазир.
– Бу шунчаки жинни эмас, балким нотиқдир. Эски одати бўйича йил фаслларига қарамай, ёмғирми, қорми Йиғи майдонидаги фаввора олдига келади-да, ваъз ўқийди. Унинг ваъзнини минглаб одамлар диққат билан тинглаётгандек туюлади. Кўнглидаги гапларни тўкиб бўлгач, у тинчланади ва қушдай енгил тортиб, уйига йўл олади. Буни эндиликда ҳамма билади.
Лавҳа, сирасини айтганда, ғоят қизиқ эди.
Эскиб, ранги унниқиб кетган костюмдаги новча киши эҳтирос билан нималарнидир шивирларди ва… арслонлар, бўрилар, айиқлар, қоплонлар, бир неча туяқуш ва маймун унинг теварагида ўтириб олиб, диққат билан унинг “нутқи”ни тингларди. Шуниси ғалати эдики, кишини кўзларида қўрқувдан ном-нишон йўқ эди. Афтидан, бу телба ва яна бу жониворлар бир-бирларини азалдан билар эдилар. Жониворлар бу лавҳани содир бўлган фожиа жумбоғи деб аташган….
Гўё бу жумбоқни топгандек, бош вазир ҳайвонот боғининг бош директорига мурожаат қилди:
– Нега сувга тушган мушукдай шумшайиб ўтирибсан? Қани, айт бизга, нима бало урди сени?
– Билмадим… Ҳеч нарса деёлмайман. Кеча кечқурун ўнлаб йиртқич ўз қафаслари ичида катта тўс-тўполон кўтарди. Нима бўлганидан асло хабарим йўқ. Кейин қарияга сабабини аниқлашни топширдим. Салдан кейин барча ҳайвон тинчланди.
– Қанақа қария?
– Ҳайвонот боғи ходими.
– Хўш, у ҳайвон ўргатувчими? Модомики, ҳайвонларни тинчитибдими, шунақа бўлади-да, – қизиқсинди бош вазир.
– Аниғини билмадим-у…лекин…
– Жаноб бош вазир, – ўрнидан турди ички ишлар вазири. – Икки талаба бўрилардан қочиб ўзларини кўприкдан дарёга ташлади, бироқ бетон плиталар устига тушиб, ҳар иккаласи ҳам нобуд бўлган…
– Қачонгача даҳшатли хабарлардан дилимиз вайрон бўлади? Бунинг бош-кети борми ўзи ё йўқ? Охирзамон бошландими ё? Элга кулги бўлганимиз қоляпти, бутун дунё устимиздан кулаяпти, бир ҳовуч жониворни сақлашнинг уддасидан чиқолмаяпти, дейишаяпти.
– Бир ҳовуч эмас, жаноб бош вазир – ундан анча-мунча кўпроқ, – чайналиб деди ҳайвонот боғининг бош директори, ўзининг дадилланганидан ютиниб.
– Дарвоқе, ҳайвонот боғидан нечта жонивор қочиб чиққан?
– Ундан барча ҳайвонлар, йиртқичлар ва жуфт туёқлилардан ташқари, улар қафасларидан чиқмаган, – дея оёққа турди ички ишлар вазири.
– Хў-ўш, демак, уч юз олтмиш етти бош жонивор. Йигирматача қўнғир айиқ, ўттиз иккита маймун, ўн икки жуфт арслон… иккита фил, етти жуфт туяқуш, беш жуфт олқор, тўққизта йўлбарс….
– Бас! – қичқириб деди бош вазир. – Шунақа ақлли экансан, ҳайвонларни сақлаб қолишни уддасидан чиқмайсанми?! Сенга ўхшаган раҳбарларнинг айби билан бугунги кунда мегаполис йиртқич ҳайвонлар учун сайр ва безориликлар қиладиган очиқ, эркин ўйингоҳга айланган. Наҳотки шугина нарсага ақлинг етмаса?!
Қўрқув ва уятдан бош директор бошини эгганча қимир этмай турарди…

* * *

“– Инсон қўйнига яширган тошини сезиб қолган жониворлар ҳало­катли зарбадан жон сақлаб қолиши мумкин! – деб қичқирди майна ва темирқанот бўлган полапонларини ташлаб учиб кетди…”

17

Яна бош вазирнинг оқ телефони жиринглади. Ўша нотаниш рақам у билан уланишни зўр бериб сўраётганди. “Шундай бемаҳалда қўнғироқ қилиш кимнинг тушига кирибди, тавба?” Бу рақамнинг эгаси ким эканлиги сира ёдига келмаётганди. Махсус телефонига кимлар қўнғироқ қилишга ҳақли эканини бош вазир билар эди. Аммо мана бу нотаниш рақам…
– Узр, жаноб бош вазир! – Ҳаяжон билан яна ўрнидан турди ички ишлар вазири. – Бир нечта бўрими ё шоқолми, гўшт корхонаси ҳудудига бостириб кирди. Афтидан, сўйилган мол қонининг ҳидини олган бўлса керак.
– Қон ҳиди ҳавони ёриб ўтадими? Нима учун шу пайтгача ҳеч ким буни сезмаган? – сўради бош вазир. – Ким жавоб беради менга?
– Билмадим. Эҳтимол, эҳтимол йиртқичлар қон ҳидини узоқдан сезса керак-да…
– Улар одамга зарар етказмабдими? – ташвиш билан сўради бош вазир.
– Йўқ, – жавоб берди вазир. Ҳамма қочиб яширинган. Йиртқичлар дабдаласи чиққан нимталарга ташланган ва ҳозир улар шу нимталарни ейиш билан овора. Цех ишчилари фурсат ғаниматда қочиб қолган. Ҳаммадан қизиғи шундаки, гўштни кўриб, йиртқичлар қўрқиб қочиб кетаётган одамларга зинҳор эътибор қилмаган …
Халқаро телеканаллар кечқурун бирваракайига иккита лавҳани намо­йиш қилди. Турли зотдаги еттитами ё саккизтами дейди ит мегаполиснинг кўча ва майдонлари бўйлаб бемалол изғиб юрибди. Уларни қаттиқ акиллашиб, улиши манаман деган шерюрак ўткинчиларнинг ҳам дилига титроқ солар эди…
… Бошқа бир телекомпания шундай видеони намойиш этишганки, унда зотдор отлар комбинатининг излаб асов оти шаҳар хиёбонларига қўйиб юборилган. Эркинликдан маст-аласт отлар мегаполис атрофидаги ҳайдалган ўнлаб гектар ерни топтаб, унинг хиёбонлари, кўчалари ва чаманзорларигача чопиб борган…
– Худди мегаполис эгасиз ҳувиллаб қолган ташландиқ шаҳарга ўхшаб қолган, – тушунтиради суҳандон.
Шаҳар кўчаларида нималар бўлаётгани ҳақидаги ҳар бир ахборот ва янгилик ҳозир бўлганларни даҳшатга соларди. Аммо бош вазир қоядай мустаҳкам ва совуққон эди. У бошқаларнинг сўзини диққат билан тинг­лар, гоҳо саволлар бериб, жавоблар қайтарарди, мия, яъни қандайдир энг майда тўқимачалар жазавага тушиб, бошга тушган фалокатдан қутулиш, нажот йўлини топишга уринарди. Узил-кесил фикрга келиш ғоят қийин эди. “Ҳарбий мерганларга ҳаммасини қириб ташлаш буюрилсинми? Аммо қандай қилиб? Кундузи, ҳамманинг кўз ўнгида-я? Равшанки, шаҳарни барча таниқли халқаро каналларнинг журналистлари тутиб кетган ва фожиа нима билан тугашини кузатиб туришибди. Қолаверса, шунча ҳарбий мерганни қаёқдан топамиз. Ёки, қўшин туширайликми? Йўқ, бу асло мумкин эмас. Акс ҳолда бутун дунё ҳамжамиятига бизни бағритошликда ва чорасизликда айблайди. Турмадан маҳбуслар қочганда эди, бу бошқа гап. Аммо бу ерда гап тасодифан қаровсиз қолган тўрт оёқли жониворлар ҳақида кетаяпти. Ҳе-йўқ, бе йўқ уларни қириб ташлаш – зулм ва ваҳшийлик. Бошқа йулини ўйлаб топмаса бўлмайди…”
– Жаноб бош вазир! – телефондаги суҳбатини тўхтатиб, ички ишлар вазири ўрнидан турди. – Иккита ярадор фил хартуми билан қаршидан келаётган барча машиналарни ағдариб, абжағини чиқариб ташлаяпти…Эй, Худойим, ақл бовар қилмайди-я. Қайсидир эси паст полициячи филларга қаратиб ўқ узган ва филлар қутуриб кетган. Полиция бошлиғининг гапларига кўра, ўнлаб янги ва эски машиналарнинг абжағи чиққан. Ҳайвонларни қириб ташлашга изн сўрашмоқда.
– Йўқ! – Ўриндиқдан туриб деди бош вазир. – Шу пайтгача битта ҳам жонивор одамларга ўзи ҳамла қилган эмас!
– Балки, ҳайвонларни махсус ухлатувчи ўқ билан отиб ташлашса-чи? –­ деди шаҳар мэри, худди бир кашфиёт қилгандек. – Кейин эса уларни ҳайвонот боғидаги қафасларга олиб бориб ташлашса?
– Тенги йўқ фикр!? – Кесатиқ билан деди бош вазир. – Бўлмаса-чи. Сеҳрли таёқчани қимирлатсак, шаҳарнинг барча бурчакларидаги ҳайвонлар тўпланиб келади-да, майдонда саф тортади. Кейин улар қачон бизга ухлатувчи ўқ отишаркин деб бетоқат кута бошлайди!…
Мэр индамай жойига тушди.
Мобил телефонда тинимсиз гапираётган хавфсизлик вазири кўрсатма берар экан,ўрнидан турди.
– Яна бир нохуш хабарми? – сўради бош вазир.
– Бир вақтнинг ўзида уч заргарлик дўконини яксон қилибди.
– Йиртқичларми?!
– Йўқ, албатта, жаноб бош вазир, учта номаълум ўғри.
Кабинетга жимлик чўкди.
– Жаноб бош вазир! – Ўрнидан турди ички ишлар вазири.
– Яна бир кўнгилсиз воқеами?
– Ҳа. Айтишга ҳатто тил айланмайди.
– Гапирсанг-чи?
Бу сафар уч қуролланган маймун машинада келди-да, халқаро банкнинг қоровулларини отиб ташлади ва барча пулларни олиб чиқиб кетди. Бир неча миллион…
– Қуролланган маймунлар?
– Ҳа. Видеокамерадаги ёзувдан кўриниб турардики, улар ғоят тажрибали ва яшин тезлигида ҳаракатланишади.
– Ва жиноят содир этилган жойдан қочиб яширинган…
– Ҳар ҳолда, шундай.
– Худди шундай. Топдингиз. Очиқ жиноий иш. Суриштириш ишлари бошлансин. Айтишларича, улар маймун тилида ўзаро танишиб олган, аммо барча гувоҳлар уларни юзи тиниқ, қондан асар йўқлигини айтишяпти.
– Бундан чиқди, қандайдир ўғрилар тўдаси пайтдан фойдаланиб қолган…
– Шунақага ўхшайди.
– Қачон тугайди бу ярамас ишлар? Кимдир жўяли бир нарса айта оладими ичларингдан? Ушбу воқеа ишчанлигимиз ва салоҳиятимизни бутун дунё кўзи олдида йўққа чиқаришини биласизми ўзи?
– Интернетда ҳам шуни ёзишяпти! – нидо солди матбуот котиби. Шундай туюлиб кетдики, гўё у бош вазирнинг арзини маъқуллаб, унга яхши кўриниб олмоқчидай.
– Нима деб ёзишаяпти?
– Биздан қаттиқ домангир бўлишаяпти, ярим кун ўтди, ўнлаб кўнгилсиз воқеалар содир бўлди, аммо фалон-фалон бош вазирнинг ҳукумати бирор чора кўришдан ожиз қолмоқда, кучсизлик қилмоқда ва ҳ.к.
Тўсатдан яна махсус телефон овози янгради. Яна ўша номаълум рақам. Бу гал бош вазир тугмачани босди.
– Хўш! Эшитаман? – деди у.
– Худога шукур-эй! Ассалому алайкум, жаноб бош вазир!
– Ваалайкум! Ким гапираяпти?
– Мен бир неча йил муқаддам овда сизга хайрихоҳлик қилган овчиман. Эсладингизми?
– Ҳа. Аммо ҳозир мен жуда бандман, шошилинч мажлисда ўтирибман, – деб суҳбатга чек қўймоқчи бўлди бош вазир.
– Йиртқичларни шаҳарга ким қўйиб юборганини мен биламан.
– Жиддий айтаяпсизми? Ҳозир қаерда турибсиз?
– Сизнинг кошонангиз эшиги олдида бир ярим соатдан бери турибман. Қоровуллар киргани қўйишмаяпти. Сизга неча маротаба қўнғироқ қилдим, аммо натижасиз…афсус.
– Бир дақиқа шошмай туринг. – Бош вазир ички телефонларга қўнғироқ қилди, қоровуллар бошлиғига кўрсатма берди ва йиғилиш аҳлига мурожат қилди: – Яна бир неча дақиқадан кейин жониворларни қўйиб юборган кимлигини биламиз. Барча темир қафаслар ҳам қандай қилиб ўзидан ўзи очилиб кетганидан воқиф бўламиз!
Бош вазирнинг сўзларидан ҳамма донг қотиб қолди.
Эшик очилиб, ичкарига қария кириб келди.
Бош вазир уни дарҳол таниди.
– Ана! Ана! – деб юборди тўсатдан ҳайвонот боғи бош директори. – Мен айтмоқчи бўлган одам мана шу бўлади. Сизларга айтганди-ма? У жониворлар “тилини” билади деган миш-мишлар юради. Ким билсин, бу ишларнинг барчасини у қилгандир…
Бош вазир жилмайди, кириб келган эски ва янги дўстларинг қучоқлади, бир бошидан суриштира кетди…
Бош вазир қариянинг устамонлиги, лаёқати, чаққонлиги, ақлли ва зеҳнли, топқирлиги ва узоқни кўра билишлигини эслади, бундай топқир овчи билан бирга ўрмонзор ва чакалакзорларда юриш, тоғларга чиқиш, ҳатто йўлбарслар, арслонлар ва айиқлар билан юзма-юз бўлиш писанд эмас.
– Энг аввало, менинг матонатли дўстим айтмоқчи менга, ҳайвонот боғи ва мана бу фермага сенинг қандай алоқанг бор?
– Сирасини айтганда, ҳеч қанақа алоқам йўқ. Мен оддий ҳайвонот боғи ходимиман.
– Анчадан берими?
– Уч йилга яқин.
– Хўш. Бу воқеалар замирида нима гаплар бор? Сири нимада?
– Айтган билан ишониш қийин. Аммо мана буни – қария чўнтагидан флеш карта чиқарди. – Мутлақо, тасодифан суратга олишган.
Бош вазир флеш картага қаради. Бир нарса тўғрисида сўрамоқчи бўлди-ю, бироқ фикри ўзгарди. У матбуот котибига қаради, котиб дарҳол туриб келди-да, флеш картани олди ва мониторга қўйди.
– Кўрамизми? – сўради ёрдамчи.
– Албатта, – деди бош вазир, – дарҳол, ҳозироқ!

* * *

Айиқлар бир замонларда одамлар бўлган экан. Аммо ноинсоф ишлари ва эртак дарахтлар – қарағайларнинг қарғиши туфайли улар айиқларга айланган ва ўрмонда жойлашиб қолган…

18

Видеоёзувни тик турганча томоша қилган бош вазир ўриндиққа чўкди – видеоёзувда кўрганларига сира ишонгиси келмасди. У ҳар қандай нарсани қилишга тайёр эди-ю, аммо мана бу кеча даҳшатини кўришга тоқати йўқ эди.
– Манави девлар ростданам балойи қазоми ёки дев либосидаги ёмон одамларми? Бирортангиз ҳозир кўрганларингизни шарҳлаб бера оласизми?
– Улар қаердан келиб қолган ўзи?
– Сувдан, – деди кимдир.
– Биламан, ўзим кўрганман. Аммо қаердан – дарё тубиданми ёки қирғоқданми? Балки осмондан тушгандир?
– Буниси ёзувда кўринмаяпти, – луқма ташлади ўша киши.
– Токи бундан каттароқ ҳалокат содир бўлмай ва газандалар қаёққа ғойиб бўлгани номаълумлигича қолиб турганда, уларнинг қанақа мудҳиш режалари бизга маълум бўлгунча, келинглар, биронта йўлини ўйлаб топайлик. Бизнинг мегаполисимиз шаҳар диққат марказида турибди. Бу даҳшатнинг охири нима билан тугар экан деб ҳамманинг кўнгли алағда-палағда! Бирон жиддий таклиф борми? Таклифми…
– Менга хабар беришди, – деди ички ишлар вазири. – Жаноб бош вазир Олий суд шаҳрига ёпирилган йиртқичларни қириб ташлашни ман этиш хақида қарор қабул қилган, биз бу ҳақда эрталабдаёқ хабар берган эдик.
– Расманми? – бош вазир аниқлашга қарор қилди.
– Ҳа, ёзма равишда.
– Балки, ҳарбийлар уларни битта-битталаб тўрда тутганлари маъқул­дир? – деди мудофаа вазири.
– Йиртқичлар бутун мегаполис бўйлаб изғиб юрибди. Буни уддалаш қийин-ов. Аммо, ҳар ҳолда, ўйланглар, ўйлайлик. Ким билади, охир-оқибатда…
Бош вазир чора қидирарди.
Қария ҳам.

* * *

“ – Нодон бўри, қопқонга тушибсан-да, – аччиқ кулди айёр тулки. –Ўлимдан олдин ибодат қил ва Худодан барча гуноҳларингдан кечишини тила. – У қопқондаги бир бўлак қуйруқни жиғилдонига урди-да, думини ликиллатиб қочиб қолди”.

19

Ниҳоят ҳайвонот боғининг бош директори сингари бу ерда норасмий тарзда иштирок этаётган қария қўлини кўтарди.
– Марҳамат, жасоратли валломат дўстим! Ҳойнаҳой, бирорта фойдали нарсани сиздан эшитармиз?
Қария ўрнидан турди-да олдинга чиқди.
– Аслида, шаҳар кўчалари, хиёбонлари ва майдонларида пайдо бўлиб қолган жониворлар номаълум куч таъсири остида қўйдан ҳам ювош тортиб боради. Уларнинг кўпчилиги қафасда, тутқунликда тутилган ва униб-ўсган. Ва буни табиий деб билганлар. Улардан фақат айримларигина тоғлар, чакалакзорлар, саҳролар ва далалардаги эркин ҳаётни қўмсайдилар…
– Бунча лағмондай чўзмасангиз, қисқароқ қилинг-да гапни, ҳадемай қоронғу тушади, – тўсатдан унинг гапини бўлди ўтирганлардан бири.
– Сизнинг кимлигингизни билмадим-у, ақлли йигит, аммо мен ҳеч кимнинг сўзини бўлганим йўқ. Қолаверса, мен сиз билан эмас, бош ваъзир билан гаплашаяпман.
– Бопладингиз, шерюрак дўстим. Давом этинг гапингизни. Қулоғим сизда. Узр…
– Менимча, орасида йиртқичлари ҳам бўлган мана бу жониворларнинг ҳеч қандай айби йўқ. Ўзимиз кўриб турганимиздек, кимдир ёки нимадир уларни шундай қилишга ундаган. Кейин, барча ҳайвонлар одамларга боғлаб қўйилган – ёш болаларга ва катта ёшлиларга. Модомики, биз жониворларни қайта ўз қафасларига ҳайдаб кирмоқчи эканмиз, бунда бунинг биргина йўли бор. Нима бўлганда ҳам шунга уриниб кўриш керак, бирдан ишимиз ўнгидан келиб қолиб, яхши натижага эришармиз. Биласизларми, гоҳо кечқурунлари жониворларни шамоллатиш учун ҳайвонот боғи ҳудудларида сайр қилдирганлар. Баъзан улар қайсарлик ҳам қилганлар, қафасларига қайтишни истамаган. Тўғрисини айтсам, бундан жуда кайфимиз учган. Бир дўстимнинг маслаҳати билан (нима учундир қария бу унинг невараси Шервондан чиққан маслаҳат эканини айтмайди) арслонлар, бўрилар, йўлбарслар, шоқоллар, тулкилар ва қобонлар филлар, айиқлар, қоплонларнинг болалари қичқириқ ва бақириқларини оҳанрабо тасмасига ёзиб олдик-да, радиокарнайни ишга солдик. Нима бўлди дерсиз? Жониворлар худди болаларини бир неча кундан бери кўрмагандек ва қаттиқ соғиниб қолгандек оёқларини қўлига олиб қафаслари томон учди.
Қария жимиб қолди.
– Бор-йўғи шуми? – ҳайрон бўлиб сўради бош вазир.
– Ҳа, – қисқагина жавоб берди қария…
– Бу тасмалар қаерда ётибди ҳозир? – қизиқсинди бош вазир.
– Мана бу флеш-картада! Хоҳласангиз қўйиб эшитишингиз мумкин. Ғоят моҳирона ва тиниқ ёзилган.
Чиндан ҳам шундай эди. Кабинет мурғак жониворларнинг жонли чийил­лаш, инграган, қичқирган овозига тўлиб-тошганида ҳамманинг нафаси ичига тушди.
– Бундан дарҳол нусха олинсин! Машиналар шаҳарнинг барча майдонлари, хиёбонлари, боғ-роғлари ва кўчалари бўйлаб ушбу тасмани бор овози билан янгратиб, юриб ўтсин. Зора, ҳайвонлар ўз болалари овозини эшитиб… Менимча, ёмон бўлмайди. Мудофаа ва ички ишлар вазирлари, бу ишни сизларга топшираман. Тезда чора кўринг! Бажаринг!
Бош вазир баъзи пайтда қаттиққўл, чўрткесар бир одамга айланишини англади.
– Ҳайвонот боғига олиб борадиган барча йўллар холийлаштирилсин. Қафаслардан биронтаси ҳам ёпиқ қолмасин, очиқ бўлсин! Керак вақтида сизни чақиришади. Бизга Аллоҳнинг ўзи ёр бўлсин! – барчага шундай оқ фотиҳа бериб, бош вазир тўхтади ва дўстига қаради.
– Илтимос, айтинг, ўша ашаддий овчини вертолётда бу ерга олиб келишсин. Вақтимиз ғоят тиғиз, – деди қария.
– Нега? Шу муҳиммикан?
– Ҳа, жаноб бош вазир. У ҳам қайсидир даражада ҳайвонлар “тилини” тушунади, улар билан муроса қила билади. Ҳаракатда – баракат. Зора, ёрдами тегиб қолса.
– Эркинлик лаззатига мазахўрак бўлиб қолган йиртқичлар билан яккама-якка қолиш хатарли эмасми?
– Биз энг кичик имкониятдан ҳам фойдаланиб қолишимиз керак, – сўзида туриб олди қария. – Мана унинг манзили.
Ички ишлар вазирига беринг. Вертолёт жўнатсин.
– Хўп бўлади! – деди вазир.
– Миннатдорман сиздан, жасур дўстим, – деди бош вазир ва қариянинг қўлидан сиқиб қўйди…
Ҳамма шоша-пиша кабинетни тарк этиб, бош вазир танҳо қолгач, у ёрдамчисини чақирди:
– Ҳайвонлар билан андармон бўлиб, нонушта ҳам эсимдан чиқибди. Бу кабинетда чой ёки қаҳвами, нон, пишлоқ ёки колбасами деган нарсалар топиладими ўзи?
– Албатта, жаноб бош вазир! Тезкор мажлис чўзилиб кетди. Бизнинг ҳам эсимизга келмабди нонушта келтириш.
– Худо хоҳласа, дўстимнинг таклифи қўл келади, ҳамма иш жой-жойига тушмагунча томоқдан луқма ўтмайди. Мана бу мудҳиш масала бир ёқлик бўлсин, дам олиш кунлари дўстим билан овга чиқамиз!

* * *

– Алифни кўрсам калтак дейману, тағин айғир туёғидаги олтин тақа сирини билишга чиранишимга ўлайми? – ўзидан ёзғириб деган экан нодон бўри…

20

Кеч тушмоқда.
Шаҳарни забт этган ўнлаб арслон, йўлбарс, айиқ, бўри, маймун, туяқуш, тулки, шоқол ва ҳайвонот оламидаги бошқа жониворлар бутун мегаполис бўйлаб осиб қўйилган баҳайбат мониторларда уларнинг мурғак болалари ваҳима ичида олов қоплаган қафасда ўзларини у ён-бу ёнга ураётганини кўриб, гўё гўдаклари ҳаёти хавф остида қолганини сезгандек тош қотиб қолишди. Кейин эса худди буйруқ берилгандек барчалари бараварига орол томон отилишди. Кўзларига ҳам қарамай, улар аланга ичида қолган ҳайвонот боғигача иложи борича тезроқ етиб боришга ва мурғак болаларини қутқаришга ҳаракат қилгандай ўқдек учиб борар эди.
Уларнинг йўлида учраган тасодифий йўловчилар нима бўлаётганини билолмай ваҳимадан дағ-дағ титрар, кўпқаватли уйларда яшовчилар балконларидан туриб бу манзарани юраклари ёрилгандек кузатар эди. Бу жониворлар не сабабдан ва нима учун фақат бир томонга қараб югураётганини ҳеч ким билмас эди. Бу орада анча жойга бориб қолган ҳайвонлар ортларидан қуюқ чанг ва нотаниш ачимсиқ ҳид қолдирганча кўздан ғойиб бўлди.
Бу манзарани кўриб бутун мегаполис ҳанг-манг бўлиб қолди.
Қош қорая бошлади.
Чиройли фонуслар чарақлаб ёнди, кўчалар, хиёбонлар ва майдонлар кундузгидек ёришиб кетди.
Шаҳар аҳлига бундай “томоша” энди ҳар куни такрорланадигандек туюлмоқда эди. Йиртқичлар хоҳлаган жойларида югураверади, кимўзарга чопади, йўлларида учраган ҳамма нарсани нест-нобуд қилади, одамларни қўрқитиб юракларини ёраверади.
Одамлар ўзи табиатан шунақа яралган – бир қарасанг ажабтовургина содда-беаёв келади, у ёки бу ходисага тез кўникиб кетади, яна бир қарасанг ўзига етганча қайсар – айтганидан қилча қайтиш йўқ. Ҳаммасини Тақдир ихтиёрига талаб қўяди – бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар…
Ҳайвонот боғи яшовчилари эса шу дақиқаларда фақатгина аланга ичида ўзини у ёққа – бу ёққа ураётган мурғак жониворларни ўз болалари жонини сақлаб қолиш ҳақида ўйлар, фикру ёдларини юракни тилка-пора қилувчи савол банд этган эди: улар ўзларининг ночор, ҳаётдан эрта кўз юмаётган болаларига ёрдам беришга улгурармикан?
Ҳайвонлар оқими шиддат билан, ўқ тезлигида жонлари борича олға интиларди. Биронта ҳам жонивор ёнидагига эътибор бермас эди, зеро, барчаларини биргина мусибат, биргина офат қамраб олган эди.
Ҳайвонлар барча тўрттала дарвозадан ҳайвонот боғи ҳудудига югуриб кирганида, қараб кўзларига ишонишмади: ҳамма нарсани ямлаб-ютаётган олов қуюнидан ном-нишон йўқ эди. Шунга қарамай, улар ўз қафасларига ташланишди ва ўз фарзандларини омон-эсон тўрт муччали соппа-соғ кўриб, енгил нафас олишди, кўнгиллари тинчиди.
Фақат шунгача ланг очиқ турган қафасларнинг эшиклари қарс-қурс қилиб ёпилганини кўришди. Ҳолбуки, бунга ҳеч қандай зарурат қолмаганди, чунки улар ўз гўшаларини тарк этишни хаёлларга ҳам келтирмаётганди.
…Йигитча ҳайвонот боғи ва қафасларда рўй бераётган барча содирлик­ларни суратга олишдан бир зум тинмаётганди, аммо қандайдир ташвиш ва қўрқувга ўхшаш бир ғалати ҳис унгга тинчлик бермас, юрагини ваҳм босганди.
Шу топ телефон жиринглаб қолди, у яшил тугмачани босди. Экранда бобосининг чеҳраси кўринди.
– Қаердасан? Соғ-омонмисан?
Ҳа, мен майдондаман… – ёлғон гапираётганидан ерга киргудек хижолат тортди. – Жониворларга нима бўлди? Қалай улар?
Барчаси ҳайвонот боғига, ўз катак ва қафасларига қайтди…
Худога шукур. Аммо ўзингизга қаранг. Эҳтиёт бўлинг.
Биласанми, жуда ғалати-да, аммо мана бу бало-қазолар барча қафас-у катакларни беркитиб олиб, ишимизни енгиллаштиришди.
– Бу лаънатиларнинг ўзи қаерда? Сизга зиён-заҳмат етказмасин тағин…
– Унақа бўлмайди, бу ёғидан кўнглинг тўқ бўлсин. Улар қандай бўлса, ўшандай шитоб билан кўздан йўқолди, бамисоли ер тагига кириб кетди.
Қизиқ…
Мен ҳам таажжубдаман. Ҳайвонот боғида зоғ учмайди. Кўрган-билганларини кимга айтиб, қандай дилингни бўшатишни билмайсан, киши…
Сиз ҳам уйга боринг. Ўтган ишга салавот… Эртага бир маслаҳатлашиб оламиз.
Ҳозир ҳайвонот боғини айланиб чиқаман, кейин ўйлаб кўраман нима қилишни.
Таваккал қилманг, бобожон. Илтимос, уйга қайтинг. Балодан узоқроқ бўлинг…
Бутун шаҳарни алғов-далғов қилган, ҳайвонлар қўзғолони туфайли юзлаб одамларнинг ёстиғи қуриган мана бу тўс-тўполон олдида бошқа ҳар қандай офат ҳеч нарса эмас, шундай эмасми?
Ким билсин? Аҳвол ҳалигача таҳликали, хатарли. Шаҳар ҳали нотинч, ўзига келганича йўқ.
Начора, иложимиз йўқ.
Худо ўзи паноҳида асрасин…
Серсоя дарахт шохидаги ўз ўрнидан туриб, йигит дурбинни кўзига олиб борди, синчиклаб кузатишда давом этди. Йиртқичларнинг деярли барчаси ўз жойида ҳайкалдай қотиб қолди.
У дурбинни кўзидан олди, бироқ қўққисдан нимадир ёнига келиб тушди ва яна дурбинни қўлига олди. Ҳайвонот боғи ҳудудини яшил нур қамраб олганди. Бир вақт қараса, қандайдир мавжудот дарвоза томон ётган кўйи эмаклаб келаётибди. У дурбинни бошқа дарвозага томон бурди – у томонда ҳам битта қандайдир маҳлуқ судралиб келарди.
Йигит суратга ола бошлади. Нега бундай бўлаётганини у тасаввурига ҳам сиғдиролмаётганди. Уларнинг боласи тасаввур қилган ва у (болакай) ўз кўзи билан кўрган газандаларга ўхшаб кетарди. Балки улар қафас эшик­ларини тағин очиб юборишга чоғлангандир? Аммо, во ажабо! Улар ҳеч қанақасига газанда-пазанда эмас, балки бош-оёқ қора либосга чулғаниб олган, қўлларида қурол тутган одамлар эди. Ҳаммадан таажжублиси шундаки, улар қафас эшикларини очишмади, балки яқинроқ бориб, ўз масканларига, болалари олдига қайтаётган жониворларни аёвсиз ўққа тута кетишди…
Эй Худойим-а! Бу қандай бағритошлик бўлди? Йигит овозсиз отилувчи тўппончаларни қафасда ётган чақалоқ жониворларнинг боши томон йўналтиришларини совуққонлик билан сувратга оларди. Ҳали бирор марта қафасни тарк этишган, эркинлик нашидасини сурмаган бегуноҳ болалар ўқдан думалаб тушар, типирчилай-типирчилай жон берар эди. Йигит қичқирмоқчи бўлди, аммо қичқиролмади, томоғи бўғилди, лоақал “ғинг” дейишга ҳам мадори қолмаганди. Бироқ сувратга олишдан тўхтамади.
Юракнинг туб-тубидан бир нидо келди. Кимдир унга “фожиа ҳали тугамади, ниҳоясига етганича йўқ….”деяётгандай бўлаверди.
Қора либосли ва ниқобли одамлар ҳодиса рўй берган жойдан ғойиб бўлди. Аммо бир лаҳза ўтар-ўтмас ўшаларга ўхшаган, қўлларида автомат тутган икки ёки уч нафар одам аллақаердан пайдо бўлди. Қизиқ, наҳотки улар ўлдиришган жониворлар номини олиб кетмоқчи бўлса? Кутилмаганда шаҳарда электрни узиб қўйишибди, энди автоматлар орасидан лип-лип чиқиб турган заиф аланга зим-зиё тун-кунни базўр ёритиб турарди.
Энди ўлган жониворлар гуриллаб ёна кетди. Аччиқ қора дуд осмонга ўрлади.
Йигит сувратга олишдан тўхтади.
У бобосига қўнғироқ қилди. Тун қоронғусида телефон овози баралла янграрди. Аммо ҳайвонот боғидаги барча жониворлар каби бобо нафаси олмай юз-тубан ётарди.
Шаҳарнинг қулоғи кар, кўзи кўр бўлиб қолганди.
У ҳеч нарсани кўрмаётган ҳам, эшитмаётган ҳам эди.
Ёнғин бутун ҳайвонот боғидаги бойликни ямлаб-ютганди, аммо бу мудҳиш манзарани йигитдан бошқа ҳеч ким кўрмади.
Тун ярмида йигит дарахтдан тушди ва эмаклаб ҳар бир қарич ерни пайпаслаганча ҳайвонот боғига яқин борди, ғужанак бўлиб ётган бобосининг куйиб кулга айланган жасадини топди. Дунёда унинг учун энг азиз бўлган инсоннинг қолдиғини қучоқлаганча аччиқ-аччиқ йиғлади. Кейин уни соҳилдан сал наридаги жойдан қабр қазиб дафн этди.
Тонг ёришиб келарди.
Йигит бобоси мозори устида Қуръон тиловат қилди.
Ота-онасию синглиси ҳам бобони бошқа шаҳарга кетиб, бедарак йўқолган дея қолишсин. Шунда улар ортиқ қайғуга ботиб, мотам тутмайдилар.

* * *

Туяни биринчи марта кўрган одам қўрқиб кетиб, ундан нарига қочиб кетган. Бироқ кейинчалик жонивор ўзининг ювош феъл-атвори билан унга ёқиб қолган-да, бунинг мутлақо беозор мавжудот эканини билгач, унга кажава боғлаган, боласини кажавага ўтқазган ва минишга одатланган…

21

Эртасига барча оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари расмий хабар тарқатди. Ундан одамлар ҳозирча номаълум сабабларга кўра тунда ҳайвонот боғига ўт кетганда ундаги барча ҳайвонлар қирилиб битган. Тегишли идоралар содир бўлган ҳодиса сабабларини қидирмоқдалар… Яна хабар бериладики, ҳайвонот боғининг бутун раҳбарияти қўлга олинган ва қонун олдида жавоб бермоқда.
Тамом-вассалом!
Азонда Шервон бобонинг хонадонига келди. Ҳаммаёқ чиннидай қилиб супуриб-сидирилган, артиб тозаланган. Стол устида оилавий бўлиб тушилган, зарҳал ромчага солинган фотосуврат турарди: бобо, буви, ота, Шервон ва унинг синглиси. Бобонинг чеҳраси ўша-ўша жиддий, бироқ лабларининг бурчакларида енгил табассум ўйнайди…
Фотосуврат ёнида эса катта қоғоз пакет ётибди… Уни Шервон очди. Бобонинг васиятини ўқиди. Умрида биринчи марта у ўзини мутлақо ёлғиз ҳис этди. Бобонинг сувратига қараб туриб, аламдан ҳўнграб юборди. Сўнг ювиниб олди-да, ишга жўнади.
Агар инсоннинг қурби етганда эди, у от, сигир, туя, ит, қўй билан бир қаторда барча жониворларни, ер юзидаги жамийки тирик жонни қўлга ўргатган ва табиатдаги мувозанатни бузган бўларди…

* * *

Бир соатдан кейин барча ахборот каналлари ҳайвонот боғидаги қонли фожиа – жониворларни беаёв қириб ва уларнинг бошларини куйдириб ташлаш тўғрисидаги видеотасмаларни намойиш этди. Бу ваҳшийлик ёруғ оламнинг барча бурчакларидаги одамлар қалбини даҳшат ва ларзага солди.
Вазиятга баҳо берар экан, мамлакат бош вазири ҳамма айбни аллақаёқдан пайдо бўлган, аввал жониворларни ҳайвонот боғидан шаҳар кўчаларига ҳайдаб чиққан, кейин эса уларни ёқиб юборган газандаларга тўнкади…

Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 8-сон