У қўшиқчи эмас. Ёшлар тўпланган кечаларда қўшиқ айтиб бер, деган қистовга «Қўшиқ айтишни билмайман, билганимда, айтган бўлардим. Унинг ўрнига кўрган-билганларимдан қизиқроғини сўзлаб бераман», – деб қутилиб қолади. Лекин ёлғизлигида тўрт қатор шеърни секин хиргойи қилиб юради.
Асман бизнинг қўшнимиз. Ўттизга чиқиб қолганига қарамай, менга ўзининг тенгқуридай муомала қилади. Уйидагилар уйланиш ҳақида гапиришса, ўрнидан туриб, индамай чиқиб кетади. Одатимга кўра, бўш пайтимда қўшнимизникига кирдим. Қиш куни қисқа бўлади. Ёғоч сўрида тўшак қавиб ўтирган Асманнинг онаси мени кўриб:
– Кел, юқорига ўт, авваллари тез-тез келиб турардинг, кейинги пайтларда кўринмай кетдинг. Энанг «белим» деб юрганди, тузалиб кетдими? – деди юмушини тўхтатиб.
– Шукр, кириб-чиқиб юрибди.
– Илойим, шундай бўлсин. Хаста бўлса ҳам, бошингизда тургани катта давлат. Сизларни не-не азоблар билан улғайтирди. Энди қўли ишдан бўшаб, келин туширадиган вақтида қумга бораман, даволанаман, дейдиган бўлди.
– Ҳозир йўлланма йўқ экан, келаси йил борадилар…
– Борсин. Қумнинг иссиғи касалига даво бўлиши мумкин.
У қўлидаги нинасини бошидаги рўмолига санчиб, тўшакни икки буклаб, тиззасига тортди.
– Қиш куни одамни зериктиради. Бекор ўтирмасдан, буни қавиб қўяй дедим. Битиролмаяпман.
Бошидаги нинани пайпаслаб топиб, унга ип ўтказди:
– Қани, гапир, акангни уйлантирамиз дейишяптими? Ёки Асманга ўхшаб у ҳам хотинсиз ўтаман дейдими? Ҳозирги болалар ҳам қизиқ-да…
– Билмадим, акам ўқишга бораман деб юрибди.
– Уни қара-я, ҳали ўқишни ҳам қойиллатиб қўйса керак, мактабни зўрға битирди деб айтишганди.
Гапнинг чувалашиб кетишини истамай, сўзини бўлдим:
– Асман оғам уйдами?
– Уйда эмас, молхонада хашак қирқяпти. Соғиниб қолган бўлсанг, бор, лекин бугун кайфияти йўқроқ… Қиш кунида молга қараш қийин. Бунисини тутсанг, униси қолади…
Молхона томонга юрдим. Асал опанинг кейинги гапларини яхши эшитолмадим.
Эшикдан энкайиб кириб, бўсағада туриб қолдим. Ичкари қоронғи бўлгани учун кўзим ҳеч нимани илғамади. Бир оздан кейин мол бойланадиган қозиқ билан охур кўринди. Ёлғиз кўзли дарчадан тушган ғира-шира ёруғлик туфайли бурчакда хашак майдалаб турган Асманнинг қомати эртакдаги алпнинг шарпасига ўхшаб кўринди. У қўлидаги болта билан тоғ пичанини бир текис қирқиб, ўша қўшиғини хиргойи қиляпти. Мени пайқамади. Болта овози туфайли яхши эшитилмаса-да, қўшиқ сўзлари менга таниш эди:
О-о, Кўкбелга чиқиб қарасам,
О-о, кўринади Шангхол қалъаси.
О-о, бир кўриниб йўқ бўлган,
О-о, сен юракнинг давоси…
Қўшиқни бузгим келмади. Уни тинглаб, Асман ўша мунгли, сирли сатрлар тўқилган лаҳзалар хаёли билан яшаётганини сездим. Ташқарига чиқиб, қизариб ботаётган қуёш нурларидан кўзим қамашиб, узоқ туриб қолдим. Молхона ичидан чиқаётган болта овози Асманнинг қўшиғига жўр бўлаётгандай эди.
Онаси қавиб битирган тўшагини сўридан йиғиштириб кетибди. Ўрнида қийқимлар қолибди. Бу гал Асман билан гаплашмаганимга ўкинмадим. Қўшиғи ҳам менга ёд бўлиб қолганди. Ўзимча уни хиргойи қиламан…
…Атиги тўрт қатордан иборат бўлган қўшиқнинг пинҳоний сирини кейинроқ Асманнинг ўзидан эшитдим.
Баракасини тўкиб улгурган қўнғир тусли куз фасли кириб келган бўлса ҳам, ҳали кўпчилик яйловдан қайтмади. Асман отасидан рухсат олиб, қишлоққа тушди. Ёлғиз яшайдиган холасининг уйида ўрим-йиғим ишларига қарашиб, икки кун туриб қолди. Холаси билан олмаларни қоқиб, қишда сақлаш учун қалин тўшалган сомон орасига териб чиқишди. Эртаси йўлга отланди.
Йўл йироқ… Атроф кимсасиз қир-адир. Довон этагида кўринган эшак минган одам ва отлиққа кўзи тушиб, эрталабдан бери ўзини қийнаб келаётган ёлғизликни унута бошлади. Улар яқинлашавергач, олдиндагиси эллик ёшлардан ошган аёл, орқароқда келаётгани эса енгил шамолда ҳам учиб кетадигандай нозиккина, ўн саккиз ёшдаги қиз экани маълум бўлди. Асман тизгинни бўшатиб, қизни бир сидра кўздан кечирди. Унинг эгнида онаси кийдирган янги кўйлак, бошида оқ дурра. Эшак ортидан келаётган отнинг юришига қараб одимлайди. Аёл ортига ўгирилиб гапирадиган бўлса ҳам, қўлидаги қамчисини кўтарса ҳам, бир маромда секин йўрғалайди.
Бир оз наридаги йўлни кесиб оқадиган тоғ булоғи Асманнинг ёдига тушди. Булоқ ёрилган қоятош орасидан сизиб чиқиб, сал нарида билакдай сувга айланиб, ёғоч нов орқали йўлни кесиб оқарди. Унгача масофа яқин эди. Тезроқ юриб, уларни ўша ерда кутмоқчи бўлди. Булоққа етиб отдан ирғиб тушган Асман сувлиқни чиқариб, муздай сувга қўлини ювди. Яқинлашиб қолган икки аёлдан нигоҳини узмай турди. Булоқ ёнида қиз олдинга ўтди, отдан тушиб, эшакдан тушмоқчи бўлган аёлга кўмаклашди. Қиз рўпарасида турган Асманга қизиқсиниб бир қараб қўйди-да, аёлга сўз қотди:
– Опа, овул яқин қолди. Шошмасдан юраверайлик. От озгина ўтласин. Унгача намозингизни ҳам ўқиб оласиз. – Қизнинг овозида бир оз саросималик ва ҳаяжон сезилди.
– Йўқ, Жарқиной, шошилиш керак. Бугунги намозни ўқиб тугатдим. Бизни кутиб туришибди-ку. Қудаларнинг ваъдаси кеча эди. Қоронғи тушмай етиб борганимиз яхши. Отинг сув ичиб олса бўлди-да, қизим…
Аёл семиз, қизил юзли, лаблари бир-бирига тегиб-тегмаса ҳам, кескин гапирадиган экан. Эшакка минаётиб, Асманга кўз қирини ташлади-да, атрофида ҳеч ким йўқдай, этагини кўтариб, эгарга маҳкам ўрнашди. Асман безовталанди. Қиз унга тикилди. Асманнинг наздида аёл тилидан бол томиб, қизни авраётган ёсуман кампирга ўхшаб кўринди.
– Опа, отимнинг айили бўшаб қолибди. Олис йўлга чиқсанг, шошилмай юр, деб ўзингиз айтгансиз, – деди-да, қиз Асманга ўгирилди. – Оға, отнинг айилини тортиб берасизми?
Йигит тушунди. Унинг кўнглидагини сезган қиз Асманнинг нигоҳига дош беролмай, уялиб ерга қаради. Кекса аёл буни сезиб:
– О-о, садағанг бўлай, болам, шундай қил. Яхшилаб тортиб бер. Йўлимиз йироқ… Қаердансан? Танишга ўхшайсан. Элдан олисда юриб, овулнинг болаларини ҳам танимай қоляпман. Бу ҳам қариликнинг аломати бўлса керак? – деб жим қолди.
Асман отнинг чилвирини қизга тутқазиб, эгар-тўқимни ўнглаб, айилни шошилмай маҳкам қилиб тортди.
– Тоққа кўп бозорлик олганга ўхшайсиз. Қандай катта олмалар! – Қизнинг порлаган нигоҳи хуржун эмас, йигитга қадалди.
– Йў-ўқ, бу бозорлик эмас. Овулдан беришди. Холамнинг олмаси. Иниларингга олиб бор дедилар. – Йигит шошилганидан гапини давом эттиролмади. – Ол, йўлда эрмак бўлади. – Хуржуннинг кўзидан бир неча олма олиб қизга узатди.
– Қўй, бўтам, бизга озгинаси етади. Тоққа олиб бор! Биз олманинг ўзига боряпмиз! – деди аёл.
– Бу олма сенга, қариндошим! – Асман аёлнинг гапини эшитмагандай, кўзни яшнатувчи катта қирмизи олмани Жарқинга узатди.
Қиз гапни бошлаб қўйиб, кейин шошилиб қолди. Нима қилишини билмай, қўлидаги олмани айлантириб томоша қила бошлади. Юзи қизариб, аввалгидан ҳам сулув бўлиб кетди.
– Раҳмат…
Асман қизнинг тирсагидан тутиб, отга миндирди. Эгарга ўтириб, тизгинни қўлига олган қиз Асмандан нигоҳини узиб кета олмади. Икки юракда туғилган ҳис-туйғулардан ҳаяжонланган йигит ва қиз жим қолишди. Аёл бу ердан тезроқ кетишни истади. Эшагининг бошини йўлга бураётиб:
– Яхши етиб ол, йигит. Қаерда турасизлар? Анови яйловдами? Биз ундан нарироқданмиз. Қани, Жарқин, энди «чу» дегин. Жонивор ҳам яхшигина дам олди.
Қиз хумор кўзларини ортидаги тоғларга қадади.
– Мен тоғликнинг қизиман. Тоғда туғилиб, тоғда улғайдим. Сиз ҳам тоғликмисиз? – Унинг кўзларида тоғларга бўлган меҳр сезилиб турарди.
– Биз тоққа ёздагина келамиз. Мени ҳам тоғликнинг ўғли дейишади! – деди Асман.
Чиндан ҳам шундай эди. Қиз ўзини эшитмаганга солди. Тоғлардан кўнгил узолмай, тоғлик йигитнинг ёнидан кетгиси келмай қолди.
– Тоғлар жуда ҳам чиройли, шундай эмасми?! Ундан узоқлашиб боряпман. Болалигим ўтган жойларга қайтиб келаманми-йўқми, билмадим… Тушларимга кирармикин? – Қиз хўрсинди. Кўзида қалқиган томчи от ёлига томиб кетгандай бўлди. Асман унинг чилвир тутган қўлини секингина силади. Қизнинг қўли қаттиқ ва илиқ эди.
– Яхши боргин, тоғликлар от устида ва йўлда йиғлашмайди. Йироқ кетса ҳам, тоғни соғинишади. Биз яқинда қишлоққа кўчамиз. Сени излаб топаман. Кейин тоғларга бирга келамиз.
Қиз бошини кўтарди, кўзларида ёш кўринмади.
– Йўқ, жон оға, бизнинг йўлимиз ҳеч қачон кесишмайди… Яхши қолинг, – деб отнинг бошини буриб, унга қамчи босди.
Эшак устида ўтирган аёл қизга норози бўлиб қаради-да, тизгинни бўшатди. Сал наридаги бурилишда қизил кўйлак лип этиб кўздан ғойиб бўлди. Атроф бўшаб қолди. Хаёли қочган Асманнинг қўлидан чилвир ерга тушди. От эгасидан олисламай ўт чимдиб, ҳар замонда бошини кўтариб, секингина пишқириб қўярди.
Асман ўзининг сўзини эслади: «Тоғликлар»… У отига чаққонлик билан сакраб миниб, булоқнинг этагидан кечиб ўтгач, жониворга қамчи босди. Қаршисидан эсган тоғ шамоли баданини жунжиктириб, кўзидан ёш чиқазди.
Қирғиз тилидан Авлиёхон Эшон таржимаси