Олтинчи сўз
Қозоқларда: «Ҳунарнинг боши бирликда, ризқнинг боши тирикликда» деган мақол бор. Аммо улар: бундай бирлик қандай элда қандай қилса бўлади – буни билишмайди. Улар: от ўртада, ош ўртада, кийим ўртада, бойлик ўртада бўлса экан, деб ўйлашади. Ундай бўлса – бойликдан нима фойда-ю, камбағалликдан нима зиён? Ундай бўлса ошна-оғайнинг йўқолмай туриб, мол топишнинг нима кераги бор? Шуми бирлик? Йўқ! Бирлик – қўрангдаги молда эмас, тушунчангда бўлиши керак. Мол берсанг отаси бошқа, онаси бошқа, дини бошқа, тирикчилиги бошқалар ҳам сен билан тинч-тотув бўлаверади. Агар бирлик мана шундай ҳисоб билан ўлчанса, яъни молга сотиб олинса, бу бирлик – бирлик эмас, аблаҳликдир! Дўст бўламан деган киши бер демасдан дўст дўст бўлса, тинч-тотув яшаса, туз-насибасини худодан тиласа яхши бўлади. Акс ҳолда, туз-насибасини худодан тиламайди, меҳнат қилмайди ва бир-бирига бало излайди, бир-бирини алдашнинг пайига тушади. Хўш, шу ҳам бирлик бўлдими энди?
«Ризқ – тирикликда» дейишади. Бу нима дегани? Демак, танангда жонинг бўлса, тириклик шуми? Йўқ, бундақа тириклик итда ҳам бор. Тирикликни шундай деб тушуниб, шу тушунча билан яшаган одам ўлимни ёт кўриб, охиратга душман бўлади. Ўз жонинигина ҳимоя қилиб, ёв тегса қочиб, қўрқоқ аталиб, меҳнат қилишдан бош тортиб, эринчоқлик қилиб, махсимча бўлиб юриш-бу ҳам юқорида айтилган ризққа нисбатан нонкўрлик қилишдир. Тирикликни бундай тушуниш ярамайди; ўзинг тирик бўлганинг билан кўнглинг, кўкрагинг ўлик бўлса, бу тириклик – тириклик эмас, албатта; ўзинг тирик бўлсанг-у, кўкрагинг ўлик бўлса – ақл топсанг мол топмайсан, мол топсанг ақл топмайсан. Ҳалол меҳнатинг билан эринчоқлик қилмай мол топиш учун ғайрат қилолмайсан.
Иш вақтида айёр, ош вақтида тайёр бўлиб, сиртинг ялтираб, ичинг қалтираб юриб, тирикман дегандан кўра – бундан худо юборган ҳалол ўлим минг марта афзал.
Ўн тўртинчи сўз
Тирик одамнинг юракдан ҳам азиз жойи борми? Бизнинг қозоқларда «юракли киши» дегани – ботир киши дегани. Улар юракнинг бундан бошқа фазилатларини тушунмайдилар. Раҳм-шафқат қилиш, меҳрибонлик, инсон фарзандини ўз бағрим деб тушуниб, уларга ҳам ўзини аягандек аяб қараш – буларнинг ҳаммаси юрак ишидир; шунингдек, ошиқлик, севги-муҳаббат ҳам юрак иши. Юракнинг маслаҳатига амал қилиб гапирилганда гап ёлғон чиқмайди. Юракнинг айтганига кирмай, нафснинг буюрганини қилсанг – сўзсиз адашасан. Қозоқларнинг «юракли» деган кишиси – мақташга унча арзимайди. Улар: бировнинг айтган гапига кирадиган, ваъдага вафо қиладиган, ёмондан тез юз ўгирадиган, итга ўхшаб кўч кетидан эргашавермайдиган, балки аксинча, адашган кўпнинг жиловидан ушлаб тўғри йўлга солиб юбора оладиган, гарчанд мушкул бўлса-да, адолатли ақл эътироф этган нарсага, гарчи осон бўлмаса-да, бўйсунмайдиган кишиларни ботир деб ҳисобламайдилар. Балки аксинча, улар фақат қашқир юракли кишиларнигина ботир деб тушунадилар.
Қозоқларимизда одам боласи ақлсизлигидан йўлдан озмайди, балки ақлли гапларни уқиб олишга зеҳни ўтмаганлигидан ғайратсизлиги ва қарорсизлигидан йўлдан озади. Мен уларнинг кўпчилигининг бирор ишни «билмасдан қилиб қўйдим» деганларига мутлақо ишонмайман. Улар гарчанд билиб турсалар ҳам, ножўя ишларга орсизлиги, виждонсизлигидан йўл қўйишади. Ёмонликка бир берилиб кетдими, бас, ундан ўзини тортиб оладиган журъат қозоқларда камдан-кам бўлади. Уларнинг эл орасида: эр йигит, ботир йигит, пишиқ йигит, деган гапларига ишонмаслик керак. Улар бу сўзлар билан йигитларни бўлар-бўлмасга мақтаб, ҳовлиқтириб, йўлдан оздиришади-ю, охири нима билан тугаши ҳақида ўйлашмайди. Худога ҳам, бандасига ҳам хуш келмайдиган, ор-номусни оёқости қиладиган бу ишлардан ўзини соф тута олмайдиган, беҳуда мақтовларга учадиган, ўзининг қилаётган ишини ўзи сезмайдиган йигитни яхши йигит деб бўладими? Сатқаи яхши йигит кетсин у! Шу ҳам одам бўлди-ю!
Ўн бешинчи сўз
Менинг назаримда, ақлли киши билан ақлсиз кишини ажратиб турадиган битта нарса бор.
Авваламбор бандаси яратилгандан кейин, дунёдаги мавжуд нарсаларга қизиқмай иложи йўқ. Худди шу пайт унинг умрида энг қизиқ даври бўлиб эсида қолади. Шунда ақлли одам келгусида нафи тегадиган бир ишга меҳр қўйиб, ихлос билан ёпишар экан-у, бир кун унинг ана шу қизиққан нарсаси ўзининг севган касбига айланиб, кунига яраб, кўз кўрадиган, қулоқ эшитадиган, кўнгил сезадиган бўларкан. Ниҳоят, шундай ўтган умрнинг ўкинчи ҳам бўлмас экан.
Ақлсиз киши нимаики кўрса – шунга ҳавас қилиб ва уларнинг биронтасини ҳам бошини тутолмай, не-не тиллага топилмайдиган умрини ит азобига хор-зорлик билан ўтказиб юборар экан-у, кейинги ўкинчидан фойда чиқмас экан. У одам ўзини ёшлигида, бу ҳунар бўлмаса, у ҳунар, деб ўзини ҳар ишга қодир сезиб, у шоҳдан бу шоҳга учиб қўниб, гўё ёшлиги абадий тураверадигандай, белининг қуввати, кўзининг нури кетиб, қаримайдигандай кўринаркан-у, вақти келиб, тушуниб, бирор ишнинг бошини ушлайман, деганда, ёши ўтиб, кучи кетиб, қўлидан ҳеч нарса келмай қолар экан.
Кейин ҳар нарсага бир қизиқиш масаласи. Агар бирор нарсага қизиқсанг – бора-бора уни севиб қоларкансан, киши. Бир нарсани севишнинг ўзи ҳам бир дард бўларкан. Ана шу севган ишингга, касбингга етай-этай деб турганда, одамда қандайдир бир мастлик, мағрурлик пайдо бўларкан. Маълумки, мастлик ҳар қандай маст кишининг айбини кўпроқ юзага чиқарар, кўзларини шира бостирар, мағрурлантириб юборар экан. Ана шундай пайтда эслик одам эсини йўқотиб қўймай, ақл-ҳушини бир жойга йиғиб олиб, ўз касби-корининг этагидан маҳкам ушлар экан. Эссиз, овсар кишилар эса боши айланиб, кўзи тиниб, босар-тусар жойини билмай, ҳовлиқиб, бош яланг, эгар-тўқимсиз отини қамчилайверар экан – мен шуни кўрдим.
Агарда сен ҳам ақлли кишиларнинг сафида бўлгинг келса, ҳар куни бир марта, ё ҳафтада бир марта, ҳеч бўлмаса ойида бир марта ўзингга ўзинг ҳисоб бер! Ўтган умрни қандай ўтказибсан: на илмга, на жамиятга ва на ўзингга фойдали бирор иш қилибсанми? Ё эса қандай қилиб ўтказганлигингни ўзинг ҳам сезмай қолибсанми?