Дунёнинг 72 фоиз аҳолиси тўйиб овқат емасликдан азият чекаётган бир пайтда тараққий этган ғарбий яримшар аҳли семиришни глобал муаммолар сирасига киритмоқда. Агар муаммо тез орада ҳал этилмаса, ғарб ярим асрдан сўнг асосий ишчи кучидан айрилади.
Маълумотларга қараганда, АҚШ бюджетидан соғлиқни сақлаш мақсадида ажратиладиган маблағнинг 22 фоизга яқини аҳолини ортиқча вазндан қутқариш учун жалб этилар экан. Бу ўзига хос курашда фақат антибиотик препаратлар эмас, балки ташвиқот-тарғибот ҳам муҳим ўрин тутади. Шу боис, жамоат жойлари, ёшлар марказлари ва ўқув масканларида меъёридан зиёд овқатланиш умрни қанчага қисқартиришини тасвирловчи плакатлар ОИТС, гиёҳвандлик ва кашандаликка қарши курашга чорловчи ёзувлар билан ёнма-ён илинган.
Хўш, нега шундай? Айни пайтларда Конго ва Сомали давлатлари аҳолисининг учдан икки қисми бир кунда бир маҳал иссиқ овқат ейиш имконидан маҳрум (Афғонистон ҳам 1982 йилдан бери бундай давлатлар сафини тўлдириб келмоқда). Бу мамлакатлар аҳолисининг рисоладагидек тамадди қилишлари учун давлат йиллик даромади 25 млрд. долларга яқинлашиши лозим. АҚШда эса эпидемия даражасига кўтарилган семиришга қарши кураш учун 30 млрд.дан ортиқ маблағ сарф этилган (statistics.gov/statebudjet/content/191.html).
Доимий кавшанувчилар салтанати
Муаммо деб атаётганимиз – ортиқча вазн масаласи биринчи марта 1980 йилларда океанорти давлатининг мамлакат миқёсидаги кенгашлари кун тартибига чиқарилган эди. 1984 йилдан сўнг АҚШ, Белгия, Голландия ва Буюк Британия ўз бюджетидан аҳолини ортиқча вазндан халос қилиш, юзага келган унумдор ишчи кучи масаласини ҳал этиш учун маблағ ажрата бошлади.
Лондондаги қироллик коллежи мутахассиси Локк Кинненс 1987 йилда махсус комиссия учун тайёрлаган маърузасида миллатдошларининг 30 ёшга етмасдан супероғир вазн касб этаётганига Макдоналдс ва Кока-колани бош сабабчи қилиб кўрсатган эди. Унинг фикрича, “фастфуд” (энгил тамадди) маҳсулотлари ҳаддан зиёд кимёвий ўғитлар билан бойитилиши, натижада истеъмолчиларда гамбургер ва Кока-колага ўрганиб қолиш одатининг пайдо бўлиши муаммонинг бош сабабларидан бири эди. Ҳукумат аъзоларини “расмий Вашингтоннинг табассуми”(ҳозир, оммавий маданият белгиси) дея эъзозланувчи Макдоналдс ва Кока-колага эмбарго (бошқа бир давлатнинг бирор маҳсулотига нисбатан чеклов) эълон қилишга кўндириш учун ёлғиз Кинненснинг заҳмати етарли бўлмаган. Бироқ Лондон сиёсатининг рамзи ҳисобланган “темир хоним” – Маргарет Тетчер доришунос профессор маърузасидан баҳраманд бўлган кўринади. Акс ҳолда у халқаро миқёсдаги анжуманлардан бирида Жануб ва Шарқдаги қашшоқ қўшниларига муаммоларини гамбургер ва газланган ичимлик билан ҳал қилишларини маслаҳат бермас эди.
Маълумотларга қараганда, таркибида шакар мавжуд газланган ичимликлар қонга тез сингувчи фаол кислоталарга бой бўлиб, организмдаги озиқ безларининг кенгайиб кетишига сабаб бўлар экан. Яъни, ошқозонда ҳазм қилиш жараёни одатдагидан кўра тезроқ амалга ошади, ёхуд бошқача қилиб айтганда, истеъмолчида уч маҳал овқатга нисбатан қониқмаслик пайдо бўлади. “Ню Ёрк Таймс” газетаси 1998 йилда Сан-Франтсискони “доимий кавшанувчилар салтанати” деб атаган эди. Ўшанда бу ердаги ҳар икки ҳуқуқшуносдан бирининг вазни 90 кг.дан ортиқ бўлган.
Табиийликдан йироқда
Одатда ривожланган мамлакатларда озуқани бойитиш масаласига алоҳида эътибор берилади. Масалан, Германия 1891 йилдаёқ нон ёпиладиган ун таркибига заҳм ва сил касалликларининг олдини олувчи минераллар қўшилишига эътибор қаратган. Ҳозиргача бу анъана давом этмоқда. Ҳатто айрим сиёсатчилар юқоридаги услубни аҳолини ёппасига даволашнинг энг арзон усули деб ҳам аташади. Бироқ, минераллар билан боғлиқ бирон бир муаммо чиқиб қолса, бу оммавий кулфатга айланиши ҳам мумкин. 1914 йилда Мисрда хизмат қилган ва икки ҳафтадан ортиқ ўз отряди билан Шарқий Саҳрои Кабирда қолиб кетган инглиз зобити Жонатан Хайкин ўз кундалигида уни энг азоблаган ҳодиса сифатида чўл машаққатларини эмас, балки суви қочмаган ноннинг чидаб бўлмас таъмини келтирган эди. Биринчи жаҳон уруши пайтида аскарларга тарқатилган Британия қироллик флоти нони (ўша пайтда турли қўшин учун турлича озуқа ажратилган) Мисрда гепатит тарқалишига сабаб бўлган эди.
Ёки бундан икки йил муқаддам мол гўшти туфайли тарқалган оғир касалликнинг олдини олиш учун Ғарбий Европа АҚШдан келадиган гўшт маҳсулотларини чеклаш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йирик-йирик корпорацияларда ҳукумат томонидан ташкил қилинган махсус комиссия фаолият юритиб, улар маҳсулотга қўшиладиган моддалар миқдорини аниқлаб беришади. Ўтган асрнинг охирги ўн йиллигида ушбу комиссия ички ва ташқи бозор учун алоҳида-алоҳида маҳсулот тайёрланишини назорат қила бошлади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мутахассисларнинг фикрича, Европа ва океанорти аллақачон табиий озуқалардан маҳрум бўлган. Қарийб ярим асрдан буён давом этаётган саломатлик учун минераллаштириш инсон организмини фақат “маданий” мамлакатдагина ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишга мажбур қилаётир. Буни бир томондан, фақат битта мамлакат фуқаросигагина хос бўлган қомат яратиш дастури ёки мижозни ўргатиш усули, деб ҳам аташ мумкин. Шунинг учун ҳам америкалик аскар Боғдод сувидан ича олмай, элчихонадан келтирилган ичимликни истеъмол қилади. Бу маҳаллий сувнинг заҳарланган бўлиши эҳтимолидан кўра, бақалоқ аскар (дарвоқе, маълумотларга қараганда, ҳозир АҚШ армиясидаги ҳарбийларнинг 52 фоизи хомсемиз экан) сувни ичса, ичбуруғ бўлиб қолиши тайинлиги туфайлидир.
Оқибатлар
Халқаро оғирликни кузатувчилар (Weight Watchers International) нодавлат ташкилоти матбуот котибаси Линда Вебб Кариллининг берган маълумотларига қараганда, айни пайтда семизликдан АҚШда 40 фоиз катталар ва 17 фоиз болалар, Шветсияда 31 фоиз катталар, 21 фоиз болалар, Британия ва Данияда 30 фоизга яқин катталар ва 14 фоиз болалар ортиқча вазн азиятини чекмоқдалар (мутахассисларнинг фикрича, бу кўрсаткичлар 35-40 йилдан сўнг уч-тўрт баробарга ошиши мумкин). Тиббий томондан олиб қаралганда семизлик гипертония, диабет, саратон, юрак ва сийдик пуфаги касалликларига олиб келади.
Маълумот ўрнида яна шуни қўшимча қилиб ўтиш жоиз, бизнингча: АҚШнинг Род-Айленд университети олимлари тадқиқотларидан маълум бўлишича, америкача ҳаёт тарзи инсониятни глобал семириш муаммосига дучор қилиши мумкин экан. Яъни нафақат «тараққий этган», балки тараққий этаётган мамлакатларнинг ҳам аҳолиси тўлишиб кетиши мумкин. Далил ўрнида улар Бразилияни келтирадилар. Бу ерда дўмбоқ одамлар миқдори 1966 йилдан 2006 йилга қадар 32 фоизга (олдин 4 фоиз бўлган, энди 36 фоиз) ўсган. Австралия аҳолиси ҳам тинимсиз катта ҳажм томон илгариламоқда. Гарчи барчага тегишли бўлмаса-да, айрим юртдошларимизга ортиқча вазн масаласини ўз вақтида ҳал этишини таъкидлаган бўлардик. Акс ҳолда, халқаро муаммо кўринишини олаётган семизлик сиз учун қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқариши мумкин.
Шаҳобиддин Мусаев
“Маърифат” газетасидан олинди.