Мирзакарим Норбеков: Инсон уз кучига ишонмоғи керак

Собиқ ҳамкурслар вақти-вақти билан учрашиб турамиз. Бу галги сафарим чоғида нашриётларнинг бирида йиғилишдик. Суҳбатимиз авжига чиққан, ҳаяжонларимиз ўзанидан ошиб турган бир паллада тўсатдан эшик очилиб, бўйчан, кўк кўзли, тепакал, юзлари фариштали бир киши кириб келди. Москвалик дўстларим ҳизрни кўргандек ўринларидан туриб, унинг истиқболига чиқишди. Бу манзара менга ўз ташрифлари билан барчани ҳайратга солгувчи “Граф Монте-Кристо” асарининг сирли қаҳрамонини эслатди. Аввалига “Балки, бирон-бир юқори лавозимда ишлайдиган кишидир» деган хаёлга бордим.

Сўнг ёнимда турган дугонамдан аста сўрадим:
–Ким у? Қисқагина саволимга ундан ҳам қисқа жавоб олдим:
–Табиб!
Сўнг у менга ажибсиниб қаради-да, “Наҳот-ки танимасанг, ахир у сенинг ҳамюртинг-ку”, – деди.
Бир қатор Европа академияларининг академиги, тиббиёт фалсафаси, педагогика билан шуғулланувчи, психология фанлари доктори Мирзакарим Санақулович Норбеков билан танишувим ана шу зайлда кечди. Ўзига талабчан, қатъий интизомга риоя қилгувчи бу одам вақти жуда оз бўлишига, ҳар бир сонияси ўлчовли эканига қарамай, менинг Ўзбекистондан эканлигимни билгач, гавжум мухлислар даврасини тарк этиб, мен билан узоқ суҳбатлашди. Юрт ҳақида, одамлар, бу йилги иқлим, хуллас, Ўзбекистон ҳақида нимаики янгилик бўлса, сўраб-суриштирди. Фурсатдан фойдаланиб, мен ҳам у ҳақда кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қилдим…
Мирзакарим Норбеков – бахмаллик. Болалик йиллари, навқирон ёшлик даврлари ана шу юртда кечган. Ўша пайтда унинг вужудини қийнаб келаётган бир дард бор эди ботинида. У бу ҳақда шифокорларга бир неча бор мурожаат қилган, аммо на ҳабиб, на табибдан нажот топган. Унинг ягона илинжи икки буйрагида чидамсиз санчиқ солиб турган дарддан фориғ бўлиш эди. Халқимизда “Дард берган давосини ҳам беради” деган нақл бор. Бу ибратли сўзнинг бежиз эмаслигига изтироб ичида кечган олти йилдан сўнг Мирзакарим яна бир карра амин бўлди. Тақдир уни сўфийлик таълимотининг билимдони бўлган, кейинчалик устозига айланган бир оқил кишига рўбарў қилди. ана шу устозининг муолажаси, сабоқлари, панду насиҳатлари дардига мал ҳам бўлди, У соғая бошлади!
–Инсон боласининг феъли қизиқ – на совуққа чидайди, на иссиққа, – деб кулади Мирзакарим Санақулович. –Аввалига шифо топсам бўлди, бошқа нарсани хоҳламайман деб ўйлардим. Соғайгач эса, устозга шогирд тушиб, унинг илми, тажрибаси ва салоҳиятига шериклик истаб қолдим.
Дарҳақиқат, Мирзакарим Норбеков, устозининг узоқ синашларидан сўнг унинг тажриба мактабида ўқиш имкониятига эга бўлди. Бугун унинг ўзи юзлаб шогирдларга устоз. 27 мамлакатда “Норбеков номидаги услубият маркази” деб аталувчи ўқув марказлари фаолият кўрсатмоқда. У Ибн Сино тиббиёти ҳамда замонавий медицина муолажа усулларини уйғунлаштириб, ўзининг тезкор даволаш усулини ярата олган йирик амалиётчи табибдир.
Хўш, тезкор даволанишнинг Норбековча усули нимадан иборат?
Кўнглингиздан ана шундай саволнинг кечиши табиий. Суҳбатимиз асносида билдим-ки, бу усул сиртдан қараганда ўта жўн, аммо бажариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайдиган мураккаб жараёндан иборат экан. Энг асосийси, танамизга тикан каби санчилган дарднинг илдизини аниқлаш муҳимлигида. Бу илдиз эса сон-саноқсиз асаб ҳужайраларимизнинг бошланиш нуқтаси бўлмиш онгимиздир.
–Кимё фанининг барчамиз биладиган бир қоидаси бор, – дейди Мирзакарим ака, нигоҳларини бир нуқтага тикиб. – Бу оламда ҳеч нарса бордан йўқ, йўқдан бор бўлмайди. Моддалар бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиб туради, холос. Хасталик ҳам ана шу қоидага бўйсунади, аслида. Онгимизда муайян бир ташқи таъсир туфайли ҳосил бўлган зарарли фикр танамизнинг муайян бир ташқи таъсир туфайли заифлашган нуқтасида дард шаклида моддийлашади. Яъниким, биз ўзимизни ўзимиз касал қиламиз. Бир оддий мисол айтайми?- Мирзакарим ака мийиғида кулиб менга ўгирилди,- Поезд вагонининг иккинчи ярусидан ухлаётган ҳолда пастга қулаб тушган одамнинг ҳеч қаери лат емайди. Агар шу воқеа ҳушёр одам билан содир бўлса, билинг-ки, унинг қаеридир жароҳатланади. Нега шундай? Бунинг сабаби битта, уйқудаги одам то ерга бориб тегмагунча “йиқиляпман” деган фикрдан узоқ бўлади. Ҳушёр одам эса ҳали бориб бир нарсага урилмай туриб ҳозир жароҳатланаман дея ўзини-ўзи жароҳат олишга тайёрлайди.
Мирзакарим аканинг ўз фикрларига исбот-далил бўлиб хизмат қилгувчи бу каби содда, ҳаётий мисоллари бир талай. Масалан, кўпчилигимиз кечқурун ишдан қайтгач, дарров телевизор кўришга ўтирамиз. Боғчадан олам-олам таассуротлар билан қайтган кичкинтойимиз биз билан суҳбатлашмоқ, боғчадаги қизиқарли воқеаларни сўзлаб бермоқ истайди. Биз эса жиндеккина эътиборимизни аяймиз улардан. Ойижониси ҳам рўзғор ташвишларидан бўшамайди. Бувижониси тинглашдан кўра панду насиҳат қилишга мойилроқ. Ичиккан боламизнинг руҳи синиб, соғлигида кемтик пайдо бўлади. Бу, эҳтимол, енгилгина шамоллашдир. Аммо, буви, дада, ойи – барчамиз энг муҳим ишларимизни-да қўйиб, унинг бошида парвона бўла бошлаймиз. Натижада болаларимизнинг онгида катталар эътиборини қозонмоқнинг энг мақбул усули – хасталаниш экан, деган фикр пайдо бўлади. У энди вақти-вақти билан гоҳ у ери оғриётганлигини, гоҳ бу ери санчаётганлигини рўкач қилиб, эвазига биздан эътибор ва мехр талаб қила бошлайди. Аммо энг ёмони, унинг ана шу иззатталаб фикрлари танасида дард бўлиб моддийлашади.
Биз ўз-ўзимизни севмаймиз. Бу иборани жуда кўп қўллаймиз. Фақат моҳиятини тушунмаймиз, ёки жуда тор тушунамиз. Бу кўзгу олдида туриб, ўз кўрку жамолимизга маҳлиё бўлишдан ўзгачароқ ҳиссиёт, аслида. Масалан, эрталаб уйқудан уйғонамиз, оёқларимиздаги оғриқ ўрнимиздан туришга бироз ҳалақит беради. – “Ҳе, ўл, яна бошладингми? Нима қилсам сендан қутуламан? Иложим бўлганида кесиб ташлар эдим!” – Ўзи шундоқ ҳам зирқираб турган оёғимизга атаган сўзларимиз ана шундан иборат бўлади. Фараз қилинг, болангиз хасталаниб қолди. Сиз унинг бошига бориб, айни шу сўзларни такрорладингиз – мантиқданми шу?! Йўқ, сиз бундай қилмайсиз. Балки, унинг бошини силаб, ҳадемай чопқиллаб кетишини айтиб, таскин-тасалли берасиз. Қизиқ, нега шу муносабатни ўз оёғимизга ёки бошқа бир аъзомизга нисбатан қўлламаймиз? Ахир, танамиздаги ҳар бир аъзо жонли, у ҳам меҳрталаб!
Хуллас, Норбековча тезкор даволаш усулининг асосий шартлари; инсоннинг ўз-ўзини севиши, ардоқлаши лозимлигида. Инсон ўз кучига ишонмоғи керак. Токи ўз-ўзини бошқара олсин. Танасига дард таратган асаблари орқали энди шифо ёлқинларини таратсин. (Бу фикр Ибн Сино таълимотидан. Унинг фикрича, дард инсон танасига асаб деган битта маёқдан тарқалар экан). Сурункали дард билан оғриган инсонлар хасталикнинг тез-тез қайталанишидан хавфсираб яшайдиган кишиларга айланадилар. Бундайлар ҳамма нарсадан совиб, ғойибдан мужда кутадилар, натижада лоқайд ва танбаллашиб бораверадилар. Ҳолбуки, озгина қимирлашга қуввати бор кишилар соғайишга улкан ишонч билан қараб ўзларига доимий ҳаракатни касб этсалар, муваффақият қозонмоқлари тайин. Башарти, Норбековнинг фалсафаси ҳам шу:”Умид ўз йўлига, яшасин ишонч!”
Мирзакарим Санақулович билан хайрлашар эканман, у ҳали шўролар тузуми даврида Москвага келиб қолганлигини, ҳозир шу жойда ўз институтини ташкил этганлигини, Ўзбекистонда мустақиллик йиллари рўй берган ижобий ўзгаришларни доимий равишда кузатиб бораётганлигини, айниқса, Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан соғлом авлод – эл саломатлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлардан боши осмонда эканлигини сўзлади. “Мен қаерда униб-ўсмай, бутоқларим қай бир юртга ёйилмасин, бир оддий ҳақиқатни унутмоққа асло ҳаққим йўқ – илдизим барибир Ўзбекистонда”- дейди у.

Феруза Жабборова
Москва-Тошкент
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 17-сонидан олинди.