Табобат тарихи — инсоният тарихи билан тенгдошдир. Бундай дейишимизнинг боиси бундан бир неча минг йил аввал яшаган одамлар ҳам ўз соғликлари учун курашиб, илк тиббий кўникмалар ҳосил қилганлар. Баъзи даволаш усуллари, доривор моддаларнинг тавсифи ва 100 та шифобахш ўсимликнинг номи ҳатто қадимий китоб — “Авесто”да ҳам зикр этилгани сўзимиз тасдиғидир. Муаррихларнинг қайд этишларича, македониялик Искандар икки миллион мисра шеърий матндан иборат мазкур китобнинг астрономия, фалсафа ва тиббиётга оид бобларини кўчириб олиб, қолганини ёқиб юборади. Муқаддас китоб “Қуръон”да ва икки олам сарвари пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳадиси шарифларида ҳам даволаш ҳамда доривор моддалар ҳақидаги ноёб фикрларни ўқишимиз мумкин.
Ҳатто Расулуллоҳнинг тиб ҳақидаги ҳадислари тўпланиб, китоб ҳолига келтирилган ва бу қўлланма “Тибб ун-набий” (“Пайғамбар табобати”) номи билан кенг тарқалган.
тмишда фаннинг турли соҳаларига оид асарларни назмда ёзиш ҳам кенг анъанага эга эди. Шу боисдан насрий табобат билан бир қаторда назмий табобат ҳам пайдо бўлди. Шеърни насрга қараганда эсда сақлаб қолиш осон бўлгани учун кўпроқ дарслик сифатида ёзилган рисолаларни шу тарзда тузганлар, тил қоидалари, тарих, фиқҳ, география, кимё, тиб, ҳатто математикага оид шеърий асарлар анчагина.
Араб ва форс тилларида ижод қилган шоирларнинг ижодида “Тиббиёт” номли махсус жанр бўлиб, унда шоирлар табобатга оид нарсалар ҳақида фикр юритганлар. Исломдан аввал форс тилида назм билан ёзилган бирорта яхлит асарнинг мавжуд бўлгани ҳақида маълумотлар етиб келмаган. Табобатга оид форс тилида ёзилган биринчи назмий асар ҳаким Майсарийнинг (ИХ аср) “Донишнома”си бўлиб, у 980 йилда китобат қилинган. Ибн Сино туғилган йили ёзилган бу асарда табобатнинг назарий ва амалий масалалари баён қилинган.
Табобатни уржуза (шеърий достон)ларда баён қилган ва ўзидан кейинги шоир-табиблар ижодига катта таъсир кўрсатган алломалардан бири Ибн Сино эди. У араб тилидаги уржузаларидан ташқари форсча ғазал, қитъа ва рубоийларида ҳам табобатга оид фикрларини баён қилди.
Берунийнинг “Минерология” китобида 84 та, “Сайдана” асарида 65 та ўсимлик, маъдан ва ҳайвонотдан олинадиган дорилар ҳақидаги шеърлар келтирилган. Форс мумтоз шоирлари Амир Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби ўнлаб шоирларнинг ижодида ҳам бундай ҳолатларни кўриш мумкин.
Берунийнинг ёзишича, ҳиндлар ҳам ўз илмий асарларини турли вазнларда тизма шеър қилиб ёзганлар. Бунинг афзаллиги кўп бўлиб, бошқа кишилар бу тизма шеър ичига ортиқча нарса киритолмаганлар, маъносини буза олмаганлар. Одатда кишининг кўнгли чиройли нарсага талпинади, тартибсиз, хунук нарсани кўрганда нафратланади. Шеърлар эса ўқувчига лаззат ва ором бағишлайди. Абу Али ибн Сино ҳам “Уржуза” номли тиббий шеърий асарида: “Табиб баданнинг шоҳи бўлганидек, шоир тилнинг амиридир” деб ёзган эди.
Бугун Фанлар академияси Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар фондида назмда ёзилган юзлаб асарлар сақланмоқда ва айни пайтда ўз тадқиқотчиларини кутаяпти. Мазкур умумбашарий асарларни ўрганиш, тадқиқ ва таржима қилиш табобат тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эгадир.
Маҳмуд Ҳасаний,
тарих фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).