Юрган – дарё, ўтирган – бўйра, дейишади. Чиндан, олам кезиб сайёҳлик қилганга нима етсин! Саёҳатга чиққан одам кўҳна дунё ғаройиботлари, турли элатларнинг турфа одатлари билан ошно бўлади. Бугун саргузаштталаб сайёҳлар мароқли ва мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун Антарктиданинг абадий музликлари ёки Бразилиянинг одам қадами етмаган чангалзорларидан-да жозибали ва қизиқарли манзил бор: коинот! Тасаввур қилинг, минг бир тилсимлар макони бўлган фазога йўл оласиз. Яна анча-мунча фазогирларнинг ҳам орзуси бўлган тезучар ракетада…
Ҳаваскор фазогирлар
Космонавтика (юнонча «космос» – коинот ва «наутике» – кемасозлик санъати сўзларидан) вужудга келганига ярим аср бўлди, холос. Аммо бу соҳа илми шиддат билан тараққий этмоқда. 1957 йилнинг 4 октябрида Ер сайёрасининг биринчи сунъий йўлдоши орбитага чиқарилди. Бу космонавтиканинг дастлабки оламшумул муваффақияти эди. 1957 йил 3 ноябрда фазога биринчи жонли мавжудот – Лайка ити учирилди. 1961 йилнинг 12 апрелида эса фазогир Юрий Гагарин инсон нафаси етмаган юксакликка парвоз қилди. 1965 йил 18 мартда «Восход-2» кемасида учган Алексей Леонов илк бор очиқ фазога чиқди. Бу ҳодисани бутун дунё ҳайрат билан томоша қилди.
1969 йил 16 июлда одамзотнинг қадами Ойга етди. Ушбу тарихий вазифани астронавтлар Нил Армстронг ва Эдвин Олдрин амалга оширишди. Шу тариқа фазогирлар ҳадсиз-ҳудудсиз фазони ўрганиш борасида бирин-кетин катта натижаларга эриша бошладилар. Бизнинг давримизга келиб, яна бир кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеа рўй берди – коинот илми вакиллари фазовий сайёҳлик соҳасига асос солдилар.
Фазовий саёҳат ҳозирча янги йўналиш. Дунё бўйича бундай сафарга чиқиш насиб этган одамлар ҳам бармоқ билан санарли. Оддий инсонларга худди фазогирлар каби самога парвоз қилиш имконини берадиган саёҳат 2001 йилдан буён Россиянинг «Союз» ҳаво кемаси орқали амалга оширилмокда. Фазони тадқиқ этиш учун маблағ етишмовчилиги юз берган пайтда соҳа вакиллари вазиятни ўнглаш учун ишбилармонликни йўлга қўйиш зарур деган қапопга келишди, натижада сайёҳликнинг янги тармоғи вужудга келди.
Ҳар йили бир маротаба уюштирилаётган сафар ташкилотчилари – Россия фазо агентлиги ҳамда «Спаcе Адвентурес» («Самовий саргузаштлар») компанияси. Талабгорлар махсус комиссия томонидан сараланади. Фазога учиш ниятида юрган даъвогарлар сердавлат ва серсармоя бўлиши шарт. Негаки, бир ҳафтадан йигирма кунга қадар давом этадиган саёҳат йўлланмаси кам эмас, нақд ўттиз миллион доллар туради!
Фазовий саёҳатга чиқиш учун талабгор, аввало, шифокор ва руҳшунослар кўригидан ўтиши керак. Агар унинг саломатлигида муаммолар бўлмаса, талаб этилган маблағни тўлайди, фазовий саёҳат номзодига айланади. Тиббий кўрикдан ўтиш, зарур маблағни тўлаш – ҳаммаси ҳал бўлди дегани эмас. Гарчи тўлов миқдори жуда юқори бўлса-да, коинотни кўришга орзумандлар бисёр. Ҳозирда Россия фазо агентлигида уларнинг қанчаси навбатда турибди.
Одатда махсус комиссия ҳар йили бир ўрин учун икки кишини қабул қилади. Бири асосий номзод бўлса, иккинчиси фавқулодда ҳолатларда унинг ўрнини эгаллайди. Парвозга тайёргарлик Москва яқинидаги махсус шаҳарчада бир неча ой давомида олиб борилади. Мутахассислар сайёҳнинг юрак уришидан тортиб, кайфиятига қадар жузъий ҳолатларни ҳам эътибордан қочиришмайди.
Россия фазо агентлиги маълумотига кўра, парвозларни хавф-хатарсиз амалга ошириш учун керакли чоралар кўрилади. Фавқулодда ҳолатлар юз бергудек булса, захирадаги 17 самолёт ва вертолётлар қутқарув-қидирув жараёнига жалб этилади.
Тўққизинчиси ким бўлади?
Сафарга кимнидир шунчаки қизиқиш, ҳавас, бошқасини илмга рағбат, яна бировни болалик орзуси ундайди.
«Британика» электрон энциклопедияси маълумотларига кўра, самовий саёҳатга йўл олган илк инсон – асли италиялик тадбиркор Деннис Тито. У 2001 йилнинг 28 апрелида «Союз» кемасида Халқаро космик станцияга парвоз қилди. 6 майга қадар давом этган саёҳат давомида тадбиркорга россиялик фазогирлар Талгат Мусабоэв ва Юрий Батурин ҳамроҳ бўлди.
Жанубий Африка Республикаси вакили Марк Шаттлуорт фазо сайёҳлари китобига иккинчи бўлиб ўз исмини ёзиб қўйди. У 2002 йил 25 апрелда Россия ва Италия фазогирлари – Юрий Гидзенко ва Роберто Виттори билан бирга учди.
Бу орада фазовий саёҳатларда бир неча йилга танаффус эълон қилинди. 2005 йилнинг 1 октябрида Халқаро космик стансияга америкалик тадбиркор Грегори Олсен йўл олди. Тўққиз кунлик сафар давомида россиялик фазогир Валерий Токарев ва америкалик астронавт Уилям Мак-Артур унга йўлбошчилик қилишди.
2006 йил 18 сентябрда фазовий сайёҳ сифатида илк аёл Халқаро космик стантсияга кўтарилди. Асли эронлик, айни пайтда Америкада яшаётган Ануша Ансорий Россияда ва Хюстон шаҳридаги НАСА марказида тайёргарликни ўтади. Ануша Ансорийга тақдир кулиб боқди, дейиш мумкин. У дастлаб асосий номзод япон бизнесмени Дайсука Эномотога ўриндош сифатида қабул қилинганди. Аммо сўнгги кунларда япон ишбилармони саломатлигидаги ўзгаришлар туфайли парвозга қўйилмади. 40 ёшли Ануша Ансорийга россиялик фазогир Михаил Тюрин ва америкалик астронавт Майкл Лопез-Алегрия ҳамроҳ бўлди.
2007 йилнинг 7 апрелида асли венгриялик, ҳозирда Америкада яшаётган яна бир тадбиркор Чарлз Симони фазога йўл олди. Икки ҳафта давом этган саёҳат россиялик фазогирлар Фёдор Юрчихин ва Олег Котов бошқарувидаги кемада кечди.
2008 йилнинг 12 октябрида сайёрамизнинг олтинчи вакили америкалик миллионер Ричард Герриот Халқаро космик стантсияга учди. Компутер ўйинлари савдосидан бойиб кетган миллионернинг отаси Оуэн Герриот мамлакатнинг таниқли фазогирларидан эди. У отаси каби профессионал астронавт бўлолмаса-да, ҳаваскор фазогирликни уддалади. Компутер ўйинлари муаллифига россиялик фазогир Юрий Лончаков ва америкалик астронавт Майкл Финк сарбонлик қилишди.
2009 йилнинг 26 мартида можар миллатига мансуб миллиардер Чарлз Симони иккинчи марта Халқаро космик стантсияга парвоз қилди. У ҳозирча космосга икки марта учган ягона сайёҳ бўлиб қолмоқда.
Шу тарзда, бугунга қадар еттита фазовий саёҳат уюштирилди. Халқаро космик стантсияга чиқадиган навбатдаги сайёҳ номи ҳам аллақачон маълум: канадалик ишбилармон Эрик Андерсоннинг 2009 йилнинг центябрида парвозга чиқиши режалаштирилган.
Бу ҳали бошланиши…
Ижтимоий сўровларга қараганда, фазога учиш орзусида юрган одамлар талайгина. Шунга таяниб, мутахассислар келгусида сайёҳликнинг бу йўналиши янада кенгайишига умид қилмоқдалар.
Маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат соҳаларини ўз домига олган рақобат фазовий саёҳат тизимига ҳам кириб келяпти. Эндиликда битта ёки иккита эмас, кўппоқ одамни олиб учадиган ракета лойиҳалари устида изланишлар олиб бориляпти. Бундан кўзланган мақсад аниқ – парвоз баҳосини арзонлаштириш ва кўппоқ одамга учиш имконини бериш. Айни пайтда «Скейлд Компосайтс» компанияси Калифорнияда «Спасе Шип Оне» («Биринчи рақамли ҳаво кемаси») деб номланган ракетопланни синовдан ўтказиш арафасида.
«Спейс Шип Ван» чоғроқ самолёт бўлиб, унга ракета двигатели ўрнатилган. У икки учувчи ҳамда олти сайёҳ билан парвоз қила олади. Агар ушбу ҳаво кемаси синовдан муваффақиятли ўтса, парвоз нархи 200 минг долларга тушиши мумкин.
Бундан ташқари, Россиянинг бир қатор компаниялари, шунингдек, Европанинг ЭАДС ташкилоти ҳам бу борада рақобатга киришган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, янги хизмат турини таклиф этадиган компаниялар сони шу тахлит ошиб борса, космосга учиш баҳоси 50-60 минг долларга пасайиши ҳам ҳеч гап эмас.
Бир қарашда коинот илмий тадқиқот объектидан сайёҳлик марказига айланиб кетаётгандек ва бу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Аммо соҳа вакиллари фазони тадқиқ этиш тобора кўпроқ пул талаб этаётгани, сайёҳликнинг янги йўналиши эса молиявий тиргак бўлишини айтмоқдалар. Айни пайтда ишчилари сонини қисқартиришни режалаштираётган дунёдаги йирик фазо марказларидан бири – НАСА агентлиги ҳам оғир вазиятдан чиқиш йўли сифатида космик сайёҳликни ривожлантиришни кўзламоқда.
Дарвоқе, ушбу саёҳатни амалга ошириш борасида ягона ташкилот бўлиб турган Россия фазо агентлиги яқинда ташвишли хабар тарқатди. Мазкур идора раҳбари Анатолий Перминовнинг маълум қилишича, Халқаро космик стантсияга чиқадиган экипаж аъзолари сони ошиши муносабати билан саёҳатлар 2010 йилдан тўхтатилиши ҳам мумкин. Бироқ фазога учиш учун ариза берган талабгорлар умидсизликка тушганлари йўқ. Улар Россия фазо агентлигига рақобатчи бўлган компанияларнинг бу борадаги янги лойиҳаларига кўз тикиб туришибди.
Собиржон Ёқубов тайёрлади.
«Маърифат» газетасидан олинди.