115 йил илгари, яъни 1890 йилнинг 16 августида Оберн қамоқхоналарининг бирида жаҳонда илк бор ўлим жазосига маҳкум этилганларнинг инсоний ҳуқуқ даври эшикларини очиб берган электр стули фойдаланишга топширилган эди. Ва бу стул ҳам худди «Кока-кола» ёки «Ход-дог» каби Америка рамзларидан бирига айланди.
7 август куни эса Обернда ана шу ўлим курсисида Уилям Кеммлер номли олий жазога маҳкум қилинган маҳбусни қатл этишди. Бу ҳодиса АҚШда биринчи янгилик ўрнига чиқиб кетади. Газеталар тинимсиз қатл маросимида иштирок этган мухбирларнинг ҳисоботларини чоп этарди; эринмасдан жаллоднинг сўзларидан қуйидагича кўчирмалар келтирардилар: «У ҳеч қандай оғриқ сезмай жон берди!» — ва шу билан биргаликда барча америкаликларни улар инсонпарварлик ва ҳар қандай шафқатсизликдан холи бўлган қатл туфайли бутун дунёда яна биринчиликни олганлари билан қутларди. Ўшанда бу — қатл этишга доир инсонпарварлик ҳаракатларининг бор-йўғи бошланишигина эканлигини балки ҳеч ким билмасди ҳам.
Одампарвар
ХИХ аср ўрталарига келиб Америка жамиятининг ўлим жазосига маҳкум этилганларнинг қатл вақтидаги азобларига нисбатан хавотири ошиб бора бошлади. Қўшма Штатлар майдони ва аҳолисининг сони ортгани сайин, қатллар кўрсаткичи ҳам кўпайиб бораётганди. Тажрибали жаллодлар эса таассуфки, бошқа топилмай қолганди. Шу боис газеталарда тез-тез мамлакат қамоқхоналарида тонгда амалга оширилаётган қатллар вақтида содир бўлаётган этни жунжиктирувчи ҳолатлар тўғрисида хабарлар чоп этиб туриларди. Бу хабарлар гоҳ қаэрдадир маҳкум осилиши керак бўлган арқоннинг узилиб кетиши натижасида жазога мустаҳиқ этилган одамнинг дорости люкига қулаб, оёқ-қўллари сингани ҳақида, гоҳ яна бир жойда дор тугунининг секинлик билан тортилиши оқибатида маҳкумнинг ўлим олдидан ниҳоятда узоқ вақт азоблангани ҳақида сўзлардилар. Яна бир жойда эса жаллоднинг ҳаракати аниқ ва кескин бўлмаганлиги туфайли маҳкумнинг ўз оғирлигини кўтара олмаслиги натижасида тананинг бошдан узилиб тушиш ҳоллари ҳам бўлиб турарди.
Зиёли америкаликлар — врачлар, юрист, ўқитувчи, ёзувчилар тез-тез қатлнинг осиш тури конституцияга зидлиги, жоҳилона ва ноинсонийлиги муаммосини кўтариб чиқа бошладилар.
Бироқ 1881 йилга келиб америкаликларда умид уйғонди. Ню-Ёрк штатининг Баффало шаҳрида яшовчи Алберт Саутвик исмли бир дантист ўртоғи сенатор Давид Макмилланга ўзи гувоҳи бўлган бир воқеани айтиб беради. Гап шундаки, қандайдир бир пиёниста тасодифан очиқ қолган электр симига тегиб кетади ва шу ондаёқ, таъбир жоиз бўлса, ҳаттоки ҳеч қандай оғриқни ҳам ҳис этмай жон беради. Сенатор Макмиллан эса бу ҳодиса ҳақида Ню-Ёрк штатининг губернатори Девид Хиллга сўзлаб беради. Ўз навбатида Хилл штатнинг қонун чиқарувчи йиғинига мазкур масалани кўриб чиқиш, электр токи дорга осиш усулини алиштира олиши мумкинлигини ўйлаб кўришни таклиф этади. Бу муаммо балким шу тарзда муаммолигича қолиб кетаверармиди, агар Томас Алва Эдисон бўлмаганида.
«Сўл»чи
1886 йилда Ню-Ёрк штатида махсус комиссия тузилиб, ўлим жазосини инсонпарварлаштирувчи қонун қабул қилинди. Шунда махсус комиссия Томас Эдисонга ушбу савол билан мурожаат этади. Даставвал Эдисон уларнинг бу таклифини қабул қилмайди. У охир-оқибат ўлим жазосига инсон сифатида ҳаттоки энг манфур жиноятчилар учун бўлса ҳам, улар қонунан шунга лойиқ кўрилса ҳам, яратажак ихтироси ажал қуроли бўлишини сира истамасди. Аммо кўп ўтмай у комиссия аъзолари кўмагида ўзининг азалий рақиби бўлмиш Жорж Вестингауз билан курашишга қарор қилади.
Айтиб ўтиш жоизки, ушбу воқеалар бўлиб ўтаётган вақтдан бир неча йил илгари Эдисоннинг мавжуд монополиясига ҳеч қандай хавф-хатар қутқу солмаганди. Унинг ток генераторидан бутун мамлакат фойдаланар ва шу билан бирга унинг иши учун ниҳоятда зарур ҳисобланган миснинг нархи, борган сари ошарди. Бироқ 1880 йилларга келиб вазият ўзгаради. Бозорларда ўзгарувчан токни генератсияловчи Вестингауз машиналари пайдо бўлди. Улар мис камлиги учун арзон, бунинг устига бир жойдан иккинчисига ўтказиш қулай эди. Рақобатчиси устидан ғалаба қозониш учун Эдисон уни доғда қолдириш фикрида тўхталади.
1887 йилда эса Эдисоннинг «Огоҳлантириш» номли рисоласи дунёга келади. У ерда Эдисон «ўзининг» доимий токини Вестингаузнинг ўзгарувчан токи билан солиштириб, унинг токи ўлдириш хавфи нисбатини келтиришини исботлашга уринади. Буни фақатгина амалиётда кўрсатишгина қолади. Ва Эдисон губернаторлик комиссиясига ўз таклифларини бера бошлади. Унинг кўрсатмаларига мувофиқ тарзда 1888 йилда Ню-Ёрк қонун чиқарувчи йиғини «электр қатл» тўғрисидаги янги қонунни ишлаб чиқди. Бу қонун Ню-Ёрк суд медитсина жамиятига 1889 йилнинг 1 январига қадар тақдим этилиши белгилаб қўйилди ва ушбу қоннунинг кучга киришига қадар янги усулларини татбиқ этишга доир тавсияларни тақдим қилиш ҳам кўзда тутилди.
Ихтирочи
Эдисон кашфиётни амалга ошириш учун ўзига ёрдамчиликка Гаролд Браун исмли муҳандисни олади. Тажрибалар лабораторияда бошланмасиданоқ барҳам топишига сал қолади. Гап шундаки, Жорж Вестингауз Брауннинг тажрибалари учун ўз генераторини сотишни рад этади. Бироқ охир-оқибат муҳандис ундан иккита генераторни сотиб олишга муваффақ бўлади ва шу заҳотиёқ тажрибасини бошлаб юборади.
Қисқа вақт давомида Вестингаузнинг ўзгарувчан токи ёрдамида Эдисон тажрибахонасида ўнлаб ит ва мушуклар, бузоқчалар, иккита от ва ҳаттоки битта фил жонидан жудо қилинади. Деярли ҳамма тажрибалар журналистлар иштирокида ўтказилгани учун ҳар куни бу жараённинг миридан-сиригача газеталарда чоп этиб бориларди. Мазкур ҳисоботларнинг барчаси ижобий эди. «Ўзгарувчан ток сўзсиз жаллодни ишсиз қолдиради», — деб ёзарди ўша пайтда Тҳе Неw Ёрк Тимес.
1888 йил охирида Браун штат комиссиясига ўзининг якуний ҳисоботини тақдим этади. Унда ўзгарувчан токнинг оғриқсиз ва юқори таъсирчанликка эга эканлиги билан бир қаторда ўлдириш услуби ҳам келтирилганди. Даставвал, маҳкумни сув тўлдирилган ванна ёки столга ётқизиш тахмин қилинганди. Бироқ Браун ҳаммасидан ҳам кўра жиноятчини тирсакли ёғоч стулга ўтказиш қулай бўлишини айтади. Ва ҳаттоки шундай стулнинг лойиҳасини ҳам тайёрлайди.
1889 йилнинг 1 январида биринчи электр стул тайёр бўлди. Бироқ шу ерда ҳам Вестингаузнинг қаршилиги юзага чиқади. Унинг компанияси Ню-Ёрк қамоқхоналари бошқармасининг мазкур ускунани ўрнатиш ҳақидаги топшириғини кескин рад этади. Шунга қарамай, Браун ва Эдисон ёлланган шахс орқали 7 минг долларга учта генераторни сотиб олиб, қамоқхона бошқармасига юборишнинг уддасидан чиқишади.
У дунёдан қайтган
1889 йилда қўшнисининг сигирлар подасини заҳарлаб, қириб юборган Жозеф Шапло деган бир кимса ўлим жазосига мустаҳиқ этилган эди.
Судянинг қарорига мувофиқ айнан шу одам электр стулида қатл этиладиган дунёдаги биринчи одам бўлиши керак эди. Бироқ ҳал қилувчи судда Шаплога берилган олий ҳукм умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилади. Ҳеч кимга маълум бўлмаган фермерни жон-жаҳди билан ҳимоя қилган энг зўр оқловчиларга Жорж Вестингауз ҳотамтойлик билан меҳнат ҳақи тўлаб турганди. Натижада адвокатлар қози калонларни бор-йўғи бир нечта молни ўлдиргани учун одамзотни қатл этиш мумкин эмаслигига ишонтира оладилар. Аммо Вестингаузнинг бу ғалабаси вақтинчалик эканлигини кўпчилик англамади ҳам.
Ўша йилнинг ўзидаёқ маъшуқасини ваҳшийларча ўлдирган Уилям Кеммлер суд олдида қора курсини эгаллайди. Табиийки, унга ўлим жазоси берилади. Кеммлернинг ҳимояси учун ҳам Вестингауз бир неча ўн минг долларни сарфлаб юборади. Бироқ бу гал ютқазади. Кеммлер ўз гуноҳини бўйнига олади, жазонинг адолатсизлигига қарши қўйилган далиллар эса иш бермайди. Ахийри адвокатлар Вестингауз номидан алам билан электр курсида қатл этиш — ваҳшиёна ва ноинсоний жазо эканлигини баён эта бошлайдилар. Бироқ электр курсининг афзалликлари тўғрисидаги юзлаб мақолаларни ўқиб чиққан судяларни бунга ишонтириб бўлмайди. Бундан ташқари мазкур жараёнда электр соҳасидаги машҳур тадқиқотчилар Томас Эдисон ва Гаролд Браунлар ҳам иштирок этаётганди-да.
Шундай қилиб Уилям Кеммлернинг қатли 1890 йилнинг 6 август санасига белгиланади.
Қатл
6 август саҳарида Уилям Кеммлер ёғоч курсига ўтирғизилади, қўл ва оёқлари чандилиб, уларга бир нечта электродлар ёпиштириб чиқилади ва бошига қора қалпоқ кийгизишади.
Эдвин Девис исмли жаллод, дарвоқе эндиликда уни «штатнинг электриги» деб аташарди (чунки Десвиснинг шахсан ўзи курсини ясаган ва тажрибаларда иштирок этган эди) рубилникни ёқиб юборди. Қувват 17 секунд берилгач, рубилник ўчирилади. Бироқ маҳкум ҳамон тирик эди. Кеммлер талвасада яна ўзини ҳар ёнга ура бошлайди, танаси тутаб, хонани куйган эт ҳиди қоплайди. «Кап-катта соғлом эркаклар бу кўринишдан ҳушини йўқотди» — деб ёзди эртаси кун газеталар. Ва бу жараён шу тарзда 70 секунд давом этди. Фақат шундан сўнггина ток ўчирилади ва қатл жараёнида иштирок этаётган врачлар маҳкумнинг жон берганини маълум қиладилар.
Қатл тўғрисида ҳисобот барча газеталарда босилади. Улардан бири Тҳе Неw Ёрк Тимес бу ҳодисани «осишдан-да баттар даҳшатли спектакл» деб атайди.
Вестингауз ҳам ўз навбатида: «Бундан кўра улар оддий болтадан фойдаланганлари афзал эди» дейди. Бироқ штат вакиллари ва кўпчилик газетачилар мазкур операциянинг сўзсиз муваффақиятини эътироф этишди. Қамоқхона вакилининг гувоҳлик беришича, аслида Кеммлер илк дақиқаларданоқ жон берган бўлиб, токнинг иккинчи карра жўнатилиши фақат «назорат» тарзида бўлган экан.
Бир неча йил ўтиб эса электр курсида қатл этиш АҚШнинг кўпчилик штатларида ўлим жазосига маҳкум қилинганларга қўлланиладиган расмий услубга айланади. Эдисонни ниҳоятда мамнун этган ҳолда, кўпчилик газеталар уни жиноятчиларнинг «вестингаузияси» деб атадилар. Умуман олганда бу ҳол Вестингуазнинг бизнесига жиддий таъсир қилмади ҳам — ҳар ҳолда мижозлар учун унинг генераторлари арзон ва қулайлиги билан муҳим бўлиб қолаверади.
Электр қатлга қаршилар эса барибир бу услубнинг ёвузона эканлиги тўғрисидаги масалани кўтариб қолаверадилар. 1928 йилда газеталарда журналистлар томонидан Снайдернинг қатлини яширинча фотосуратга олган этни жунжиктируви лавҳалар берилди. 1946 йилда эса журналистларга мазкур электр курсисида амалга оширилган қатлдан омон қолган одам билан суҳбатлашиш имконияти ҳам туғилади.
«Менга гўё лунжим совуқ ерёнғоқ ёғи билан тўлдирилганидек туюлди. Мен бошим ва оёғимда ниҳоятда чидаб бўлмас оғриқни ҳис қилдим. Мушакларим эса шу қадар таранглашдики, назаримда улар мана ҳозир тилка-пора бўлиб кетадигандек эди» — дея ҳикоя қилганди 17 ёшли маҳкум Уилям Френсис. Бир неча йил ўтиб эса, уни барибир қатл этдилар.
Бу ҳодисаларнинг бари америкаликларни ҳаётдан маҳрум этишнинг бундан кўра анчайин янги, инсоний услубларини ўйлаб топишга ундади. Ва бундай усуллар топилди ҳам. Штатлардан бирида электр стули газ камераси билан алмаштирилди. Унда тсионид эритиларди. Бошқаларида эса томирга заҳар жўнатиш, яна бирида маҳкумларга ўз қатлини ўзи танлаш имкониятини бериш услублари жорий қилинди. Шу тарзда электр курсида қатл этиш ўтмишда қола бошлади. 2004 йилнинг майида эса икки карра қотилликда айбланган маҳбус Жеймс Нил Такернинг қатли амалга оширилди. АҚШдаги кўпчиликнинг фикрича унинг номи ҳам худди Уилям Кеммлер каби электр курсида қатл этилган жиноятчи сифатида тарихда қолишига умид боғлашмоқда. Фақат… энг сўнгги қурбон сифатида.
Дилфуза Қўзиева