Одамзоднинг жамики махлуқотдан устунлиги-ю улуғлигини қарангки, у ақлини танигани ҳамоно ҳамма нарсани ўз измига бўйсундиришга интилди. Масалан, вақтини тежаш, узоғини яқин, оғирини енгил, мушкулини осон қилиш йўлида кўп ва хўп изланди. Айни мақсадда дебочасига от, эшак, ҳўкиз, туя, фил, ит, буғу сингари ҳайвонларни қўлга ўргатиб, улардан беминнат ишчи кучи ва жонли улов сифатида фойдалана бошлади. Бора-бора бу билан ҳам қаноатланмай, ғилдиракни ўйлаб топди. Ушбу ихтиро замонлар оша такомиллашиб, улкан самара берди. Аниқроғи, ҳозир барчамиз доимо хизматига эҳтиёж сезадиган минг бир хил арава-ю велосипедлар, мопеду мотоцикллар, автомобилу трамвай-троллейбуслардан тортиб поезд, кема, самолётгача, оддий уй-рўзғор буюмлари, меҳнат қуроллари, вақт, ёзув-чизув ва ҳисоб-китоб буюмлари-ю мураккаб ахборот технологияларидан тортиб баҳайбат буғ турбиналаригача, қисқаси, сон-саноқсиз техника ва механизмларнинг яратилишига туртки бўлди.
Оддий ғўланинг шарофати
Дарвоқе, ғилдирак вазифасини даставвал суриладиган юклар остига қўйиладиган ғалтаксимон ғўлалар ўтаган. Улардан олти минг йилча муқаддам месопотамияликлар беармон фойдаланишган. Эрамиздан аввалги XV-XIV асрларда эса пишиқ ёғочдан ясалган ғилдираклар пайдо бўлиб, турли дастгоҳлар, замбилғалтак, тегирмон ва парракларда қўлланилган. Чунончи, Марказий Осиё, Миср, Хитой ва Ҳиндистонда экинлар чархпалаклар кўмагида суғорилган.
Кейинчалик ғилдиракнинг сим чамбаракли, гупчакли, қайрилма ва темир гардишли турлари вужудга келган. Шу асно иккитаси бир ўққа бирлаштирилиб, ўртасига тахта жойлаштирилган. Қарабсизки, инсоният оғир юкларни ташиш ва жанг қилишда асқотадиган от араваларга эга чиққан. Айрим маълумотларга кўра, эрамиздан аввалги VIII асрда Хитойда ажабтовур “оташ арава”лар, Ўзбекистон ҳудудида милоддан олдинги IV-II асрларда тегарчакли сопол аравалар учраган. Бундан 500-600 йилча бурун эса тўрт ғилдиракли уловлар ёрдамида почта ва банк хизматлари кўрсатилган, соябони очилиб-ёпиладиган, юнон мифологиясидаги Қуёш маъбуди Гелиоснинг ўғли Фаэтон исми билан аталган фойтунларда йўловчилар ташилган.
Албатта, вақт ўтгани сайин барча соҳаларнинг ривожланиши, одамлараро алоқаларнинг кенгайиши араваларни ўзиюрар темир дастёрларга алмаштиришни тақозо этди. Бу муаммо устида бельгиялик роҳиб Фердинанд Вербени ўта жиддий бош қотирди. Алқисса, 1668 йили сиқилган сув буғи потенциал энергиясини механик ишга айлантирувчи двигатель ёрдамида ҳаракатланадиган илк автомобилни (бу атама юнонча “autos” – “ўзи”, лотинча “mobilis” – “ҳаракатланувчи” сўзларидан олинган) кашф қилди. Ўша машинанинг узлуксиз ишлайдигани лойиҳасини 1763 йили россиялик И.Ползунов, сув насосларига мўлжалланган универсал намунаси нусхасини 21 йилдан сўнг англиялик Ж.Уатт ишлаб чиқди.
Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, франциялик ҳарбий муҳандис Николя Жозеф Кюньони ҳам автомобилсозликка таъмал тошини қўйганлардан бири дейиш жоиз. Чунки у 1770 йили артиллерия тўпларини тортишга мўлжалланган уч ғилдиракли буғ машинасига доялик қилди. Бу қурилма, гарчи тезликни пасайтирувчи ва ҳаракатни тўхтатувчи ускунага эга бўлмаса-да, уч тонна юкни бир соатда тўрт-беш чақирим масофага ташиш имконини берарди. Ҳаял ўтмай, англиялик Ричард Тревитник саккиз ўриндиқли уловни, таъбир жоиз бўлса, биринчи автобусни оммага тортиқ қилди. Россиялик К.Янкевич ҳам бўш келмади — автомобилларни юздан зиёд қувури бор темир буғ қозони билан жиҳозлаш таклифини киритди.
ХIХ асрда аккумуляторли автоуловлар яратиш борасида ҳам талай тажрибалар ўтказилди. Қолаверса, шу асрнинг биринчи ярмида англиялик Ж.Стефенсон ва россиялик ота-бола Черепановлар илк паровозни қуришди. Иккинчи ярмида эса француз механиги Э.Ленуар газ ёнилғиси кимёвий энергиясини механик ишга айлантириб берувчи поршенли ички ёнув двигателини лойиҳалаштирди. Немис кашфиётчиси Н.Отто уни такомиллаштириб, тўрт тактлисига алмаштирди. Россиялик денгизчи О.Костович бензин буғлари ва ҳаво аралашмасини цилиндрга узатадиган карбюраторли моторни, германиялик Р.Дизель унинг сиқилган ҳавода ёнилғи алангаланадиган намунасини кашф қилди. Инглиз олими С.Браун двигателли, рус муҳандиси Путилов тўрт ғилдиракли қалдиргоч автомобиль ихтирочилари сифатида танилди.
Автомобилсозлик ривожига, айниқса, немис тадқиқотчилари катта ҳисса қўшишди. Шулардан бири тадбиркор ва муҳандис Готтлиб Даймлер эди. У 1883 йили поршени ҳар дақиқада 600 марта айланадиган ясси, икки йил ўтар-ўтмас, тик шаклли двигатель ясади. Бензинда ишлайдиган ихчам моторни мотоциклга ўрнатиб, ютуқларини бойитди. Мангейм шаҳридаги мўъжазгина фабрика эгаси Карл Бенц эса соатига 15-16 километр йўл босадиган моторвагонларни яратди. Ана шу боис Даймлер иккисининг номи тўрт ғилдиракли машина асосчилари сифатида мозий саҳифаларига муҳрланди. Улар ҳамкорликда очган “Даймлер–Бенц” компанияси 1926 йили концернга, 1998 йили АҚШнинг “Крейслер” номли гигант корпорациясига қўшилгач, жаҳон автомобиль саноатининг “Мерседес” русумли машиналар етказиб берувчи етакчи тармоғига айланди. Бундай фикрларни “Форд”, “Ситроен”, “Рено Кадиллак”, “Роллс Ройс” сингари машҳур компаниялар ҳақида ҳам билдириш мумкин.
Энди яна сал ортга қайтайлик. “Ҳар тўкисда — бир айб!” деганларидек, дастлабки автомобиллар хатардан холи эмаслиги туфайли тез-тез ҳалокатга учраган. Боз устига, тараққиёт кушандалари, одатдагидек, бу янгиликка ҳам қарши чиқиб, машиналарни ёқишган, тошбўрон қилишган, устига кислота сепишган. Бундан қатъи назар, барибир, вақт ўз ишини қилди: ўтган асрнинг биринчи чорагида транспорт воситалари тури янада кўпайди. АҚШ ва Россияда илк трактор, самолёт, теплоход ва тепловоз фойдаланишга топширилди.
Хуллас, ўзаро муҳорабада ақл-заковат даҳрийлик ва мутаассибликни доғда қолдирди. Ўзиюрар уловлар ўтган асрда ҳудудлар ва мамлакатлараро юк ташувчи карвонларни аста-секин сиқиб чиқарди. Пировардида ҳар томонлама афзаллиги учун кундалик ҳаётимизнинг ажралмас узвига айланди. Шунга кўра, дунё миқёсида ҳар йили 46-53 миллионта оғир ва енгил автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Айни чоғда, уларнинг янги-янги русумлари ва қисмларини, ўнғай-бадастир асбоб-ускуналарини яратиш қизғин давом этди. Табиийки, бу жабҳада муваффақият қозонганлар ҳам, ўз бошига ўзи бало орттирганлар ҳам бўлди. Қуйида шундай воқеалардан баъзилари хусусида сўз юритишни лозим топдик.
Резина чамбарнинг “туғилиши”
Автоуловлар энди-энди кўзга ташланган дамларда йўллар уларга мослаштирилмаганди. Инчунин, дарров яроқсиз ҳолга келиб қолар, улардан кўтарилган чанг-тўзон чор атрофни ифлослантирарди. Боз устига, энг расо рессорлар ҳам ўйдим-чуқурликлардан ўтиш чоғида машина силкинишларини камайтира олмасди. Бу ноқисликлар ҳайдовчи ва йўловчиларни қийнаб, табиатни булғашдан ташқари, автомобилнинг тез ишдан чиқишига олиб келарди.
Бинобарин, мутахассислар олдида ғилдиракнинг туртки-зарбаларни юмшатувчи, йўлга зиён етказмайдиган турини яратиш вазифаси турарди. Таажжубки, бу ишни ихтирочилар эмас, балки Ирландиянинг Белфаст шаҳрида яшовчи мол дўхтири Жон Данлоп уддалади. Бир куни у ўн яшар ўғли миниб юрган велосипеднинг темир ғилдираклари ерга чуқур ботиб кетаётганини, боласи уни ҳайдашда қийналаётганини кўриб, “Шуларнинг гирдига энлироқ ва майинроқ мато қопласам, қандоқ бўларкин?” деган ўйга толди. Сўнгра ёғочдан ўлчами велосипедникига тенг гардиш ясади. Унинг ўйиқли сиртига юмшоқ материал ёпиштирилиб йўғонлаштирилган резина ичакни михлади. Охирида резина ичак ичига найча орқали ҳаво юборди. Натижада қайишқоқлиги ошган ғилдирак ерга ботмайган, велосипед тез юрадиган бўлди.
Шу зайл Данлоп ўзи сезган-сезмаган ҳолда оламшумул ихтирога қўл урди. 1888 йил 23 июлда уни патентлаштирди. Янги резина чамбар, яъни шина билан жиҳозланган велосипедлар эгалари турли пойга ва мусобақаларда ғолиб чиқа бошлашди. Бу янгилик моҳиятини теран англаган йирик сармоядор Дю Кросс Данлопнинг патентини сотиб олиб, у билан ҳамкорликда йилига минг дона шина тайёрлаш қувватига эга “Данлоп пневматик” компаниясини очди.
Шубҳасиз, янги кашфиёт бошқа мамлакатларда ҳам шинани такомиллаштириш ишларини авж олдирди. Масалан, франциялик ака-ука Эдуард ва Андре Мишеленлар резинани гардишга қотиришда михлардан эмас, балки уни осон кийдириш ва ечиб олиш имконини берувчи мурватлардан фойдаланиш ғоясини олға суришди. Мавриди келиб, шиналар сифати кескин яхшиланиб, чидамлилиги ошди. Яхлит резиналилари ўрнини покришка ва камералилари эгаллагач, уларни алмаштириш учун атиги 1 дақиқа-ю 15 сония вақт сарфланадиган бўлди. Бинобарин, Германия, Италия, АҚШ ва Россиянинг “Continental”, “Pirelli”, “Good Year”, “Треугольник” фирмалари ҳам бундай маҳсулотларни тайёрлашни пухта ўзлаштириб олишди. Ҳозир Данлоп шиналари асосан “ЖИП”лар, “Good Year” ва “Continental” спорт автомобиллари, “Pirelli” ва “Michelin”лар эса оддий енгил машиналар учун ишлаб чиқарилади.
Абдунаби Ҳайдаров