Инсониятнинг ўзаро алоқа ўрнатишга, ахборот излаш ва топишга бўлган катта эҳтиёжлари интернетни бугунги кун тсивилизатсиясининг ажралмас қисмига айлантириб қўйди. Илк даврда «фикр даҳолари»нинг мураккаб иш фаолиятида кўмаклашиш вазифаси юклатилган глобал тармоқ қисқа фурсат ичида мутахассислар назоратидан чиқиб кетиб, оддий фойдаланувчилар «қўлига ўтди».
Шундан сўнг олимлар ва илмий тадқиқот марказлари эскирган, тезлиги паст ва турли ишончли-ишончсиз ахборот билан лиммо-лим бўлган интернетдан воз кечишга қарор қилишди. Кенг қамровли бўлиши режалаштирилган мазкур лойиҳага ўша пайтдаёқ «Интернет-2» дея ном ҳам берилди. Қолаверса, бу илм аҳлининг глобал тармоқ фаолиятини янада самаралироқ қилишга бўлган яна бир уриниши эди.
Лойиҳанинг яратилиши
Тараққиёт бир жойда тўхтаб турмайди. Мана, масалан, атиги бир неча йил олдин «жаҳон тўри» фақат матнлар ва статистик жадвалларидан иборат катта ҳажмдаги ахборот мажмуи бўлган бўлса, ҳозирда у ахборот етказиш каналлари орқали жуда катта тезликда етиб борадиган мултимедиа маълумотлари билан тўла. Шу билан бирга, интернет бугун ривожланишнинг шундай бир босқичида турибдики, бунда унинг кейинги тараққиёти қандай кечиши белгиланади. Тармоқ бир маромда яна такомиллашади ёки мутлақо бошқача, ҳозиргисига умуман ўхшамаган бир тизимга айланиб кетади, деган илмий фаразларга жавоб топилади.
Хўш, интернет 5, 10, 15 йилдан сўнг қандай бўлади? Узоқ муддатга қаратилган бирор-бир тахминни ўртага ташлашга ҳар кимнинг ҳам юраги дов бермайди. Чунки ҳар соҳа каби глобал тармоқнинг тараққиёти борасида аниқ бир нарсани башорат қилиб бўлмайди. Аммо яқин келажакда ҳаётга татбиқ этиладиган техника ютуқларига пойдевор қўйиш бугундан бошланади. Шу сабаб, агар амалга оширилаётган ишланмаларнинг истиқболли йўналишлари таҳлил этилса, унда интернетнинг биз, оддий фойдаланувчилар кўникиб қолган кўриниши қай даражада ўзгариб кетиши мумкинлигини олдиндан айтиш имкони пайдо бўлади.
Аслида «Интернет-2» номли лойиҳани амалда жорий этиш тўғрисидаги гап-сўзлар охирги уч-тўрт йил ичида жуда авж олди. Cnews.com сайтининг маълумот беришича, ҳозирга келиб биргина АҚШда лойиҳа 191та университет, 230дан ортиқ йирик корпорациялар ва илмий тадқиқот марказларида амалга оширилмоқда.
Хуллас, янгича интернет тармоғини яратиш зарурати ҳақида биринчи марта 1996 йилнинг октябрида гапирила бошланган. Ўшанда Чикагода 34та олий ўқув юртидан вакиллар йиғилиб, мазкур саволни ўртага ташлайдилар. Бир неча соатлик муҳокама ва мунозаралардан сўнг улар лойиҳада қатнашмоқчи бўлган ҳар бир иштирокчи томонидан йилига 500 минг долларлик сармоя киритиш йўли билан мазкур ишга қўл уришга келишишади. Кейинчалик 1997 йилда янги лойиҳа билан ҳукумат ҳам қизиқиб қолади ва уни қўллаб-қувватлайди. Ўша пайтда бу йўналишда иш олиб бораётган яна шунга ўхшаш «Янги авлод интернети – NGI» (Next Generation Internet) ҳукумат лойиҳаси ҳам амалда эди. Ана шунда бир-бирига яқин мақсадлар мужассам бўлган ушбу лойиҳаларни бирлаштириш таклифи пайдо бўлади.
Ибтидога яна бир назар
Бугунги кунда «Интернет-2» бизга одатий бўлган маълумотлар тизимининг иккинчи авлоди сифатида кўпчилик томонидан эътироф этилмоқда. Ибусинесс.орг сайтининг маълумот беришича, лойиҳа тўлиқ ишга тушганида интернет ҳозиргисига нисбатан 100 баробар катта тезликка эга бўлади. Аммо бошида янги лойиҳа устида бош қотиришга ундаган масала фақат бу эмас эди. Олдин қатор сабаблар туфайли юзага келган мунозарада одатий «жаҳон тўри»нинг камчиликлари таҳлил этилди.
Маълум бўлишича, замонавий интернетнинг энг асосий муаммоларидан бири бу ундаги АйПи (IP) манзилларнинг камлигида: улар жами 4 млрд. атрофида бўлиши мумкин. Бир қарашда бу керагидан ҳам ортиқчага ўхшайди, лекин бундай манзилллар яқин келажакда етарли бўлмай қолиши турган гап, чунки ҳозирда ниҳоятда кўп электрон воситалар глобал тармоққа уланади. Иккинчидан, бу «жаҳон тўри»нинг онлайн (реал) тизимида катта ҳажмдаги ахборотлар, масалан, видео ёки аудио маълумотларни каналлар орқали узатиб беришга тайёр эмаслиги. Ўз навбатида бу телерадио кўрсатувларни интернет ёрдамида тўғридан-тўғри сифатли узатиш имкониятини пасайтиради. Яна бир эътиборталаб жиддий камчилик бу – тармоқда хавфсизликни таъминловчи механизмларнинг мавжуд эмаслигидир. Шу сабаб ҳам мазкур масалаларни ҳал этишга бўлган уринишлар натижасида «Интернет-2» номли йирик лойиҳа иш бошлаган. Янги тармоққа IPvb протоколи асос қилиб олинди. Илк ишланмалари 1992 йилдаёқ вужудга келган мазкур лойиҳа доирасида 1998 йили АҚШнинг энг йирик телекоммуникатсион корпорациялари ҳукумат билан биргаликда янги тармоқнинг бир «қисми»ни ишга туширишга муваффақ бўлдилар. Унинг ёрдамида мамлакат бўйлаб 100дан ортиқ энг катта университетлар ўртасида алоқа ўрнатишга имкон туғилди. Ўшандан буён лойиҳа маҳсулоти бўлган «Интернет-2» фақат ривожланди. 2003 йилдан бошлаб эса телекоммуникатсион ускуналарни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган кўплаб корхоналар оммавий тарзда IPvb протоколига мувофиқ ишлайдиган жиҳозлар чиқара бошлади.
Ўзига хосликлар – ютуқли жиҳатлар
Тўғри, дастлаб «Интернет-2» видеоконференция, мажлис ва илмий симпозиумлар ўтказиш учун кенг қўлланилди. Навбатдаги босқичда интерактив маърузалар, яъни биттасида ўқитувчи, иккинчисида талабалар бўлган турли университетлар ўртасидаги «телекўприклар» ташкил этиш синовдан ўтди. Кейинчалик профессор-ўқитувчилар бир пайтнинг ўзида мамлакатнинг турли ҳудудларида жойлашган бир нечта аудиториялар учун маъруза ўқишининг имкони ҳам туғилди. Бугун эса «Интернет-2»нинг потентсиал имкониятларига масофадан туриб обсерватория телескопларини бошқариш, олинган ахборотни ўша пайтнинг ўзидаёқ ўзаро алмашиниш, олисдан турли тажрибалар ўтказиш ва ҳ.к. киради. Буларнинг барчасини кузатиб, ҳали шундай давр келадики, бир шаҳарда бўлган беморни иккинчи ҳудуддаги шифокор масофадан туриб ҳам операция қила олади, дейиш мумкин.
Тадқиқотчиларнинг башорат қилишича, агар ривожланиш суръатлари шу ҳолда давом этса, «Интернет-2»дан тижорий мақсадларда ҳам фойдаланиш кенгаяди. Мисол учун, виртуал кинотеатрлар, турли онлайн интеллектуал ўйину интерактив шоулар, ўзига хос савдо кўргазмалари, телерадио форматда ахборот узатишнинг муқобил усуллари ва бошқа имкониятлар пайдо бўлади.
Шу ўринда айтиш зарур, IPvb протоколи олдингисидан кескин фарқ қилади. Энг катта фарқи манзил тизимидадир, чунки янги тармоқдаги протоколлар 4 эмас, балки 16 байтдан ташкил топган. Бу – эндиликда корпоратив маҳаллий тармоқлар битта таянч компютер орқали эмас, балки алоҳида-алоҳида компютерлар орқали уланиши мумкин, яъни улардаги тезлик сезиларли равишда катта бўлади дегани. Шунингдек, «Интернет-2» лойиҳаси доирасида мултимедиа технологияларга ҳам алоҳида эътибор берилди. Айнан шу жиҳат унинг ҳозирги интернетдан фарқини яққол намоён этади.
Одатий тармоқда онлайн радиостанциялар ва телевидение каналлари фаолият юритади. Бироқ улар ҳеч қачон анъанавий ОАВга нисбатан оммавийлашмаган. Муаммонинг боши эса радио ва телеформатда ахборот узатишнинг техник жиҳатига бориб тақалади. Сабаби, мисол учун, 128 бит тезликдаги ахборотни узатиш учун сервер ҳар бир фойдаланувчи билан бирма-бир алоқа ўрнатиши ва уларнинг барчасига мутлақо бир хил маълумотларни етказиши зарур. Янги тармоқ туфайли эса фойдаланувчиларнинг бутун гуруҳига битта канал орқали, бунинг устига сифатли равишда ахборот узатиш имкони туғилди. Бундан маълумки, мултикастинг ва IPvb протоколининг қатор ўзига хосликлари натижаси ўлароқ, энди чиндан-да сифатли теле-радио кўрсатувлар узатиш, тўла маънодаги телеконферентсиялар ва телефония ҳақида бемалол орзу қилиш мумкин. Бир сўз билан айтганда, бугунга келиб «Интернет-2» тезкор, сифатли ва кўп функтсияли тармоқ сифатида танилиб улгурди.
«Кекса қитъа»дан муносиб жавоб
«Интернет-2»га берилган расмий таърифга кўра, бу АҚШ университетлари томонидан бошқариладиган нотижорат тизим бўлиб, унинг асосий вазифаси янги тармоқ технологиялари ишлаб чиқиш ёки мавжудларини такомиллаштиришдан иборат. Мазкур лойиҳа Такомиллашган Интернет тараққиёти учун университетлар бирлашмаси (University Corporation for Advanced Internet Development – UCAID) томонидан бошқарилади. Бирлашма ҳукумат ва етакчи ташкилот, корхона ҳамда муассасалар билан яқиндан ҳамкорлик қилади. «Интернет-2» яратувчилари агар лойиҳа режадагидек амалга ошиб борадиган бўлса, у ҳолда ҳозирда мавжуд ва биз глобал дея сифат берган тармоқ янги тизимнинг бир қисмига айланиб қолади, дейишмоқда.
Бир неча йил олдин вужудга келган янги тармоқ борасидаги ташаббуснинг истиқболи порлоқ эканлигига қисқа фурсат ичида шубҳа қолмади. Лойиҳани амалга ошириш учун кенг миқёсдаги саъй-ҳаракатлар қулоч ёзганида эса дунё илм-аҳли вакиллари масаланинг қанчалик жиддийлигини тушуниб етдилар. Шундан сўнг Европанинг академик доира вакиллари ҳам муносиб жавоб тайёрлаш борасида хавотирга тушдилар. Аммо уларнинг «Жеймс» («JAMES»), «TEN34» («TEN34») ёки «Куантум» («Quantum») каби илк лойиҳалари омадсизликка учради. Шунга қарамай, кўҳна қитъа мутахассислари вақт ўтиши билан ишни тўғри ташкиллаштиришга муваффақ бўлиб, «Интернет-2» га рақобатдош бўла оладиган ва 200 миллион евро миқдоридаги маблағ асосида яратилган «Жинт» («Geant») лойиҳасини бошладилар. 2001 йилнинг охирида иш бошлаган «Жинт» тизимига ҳозирда бутун Европа бўйлаб 3 мингдан ортиқ тадқиқот марказлари бириктирилган. Галдаги истиқболли режа «Жинт» ва «Интернет-2» тизимларини боғлашга қаратилади.
«Интернет-2» лойиҳаси ҳақида қайғуришни бошлаган илк мамлакатлардан бири Россияда биринчи марта «Корбина телеком» алоқа оператори сўз очди. Бир неча йил олдин фирманинг вакиллари янги давр глобал тармоғининг имкониятларини намойиш этувчи тадбир уюштиришган. Бунда улар янги канал орқали 12 Гбит ахборотни 19 минутда узатиш имконига эга бўлишган, бунинг устига айни пайтда худди шу канал орқали сифатли видеокўрсатув узатиладиган бўлди. Бу биттагина мисол, холос. Ҳозирда бутун Европа, Осиё-Тинч океани минтақаси, хусусан, Буюк Британия, Германия, Франтсия, Голландия, Сингапур, Канада, Мексика, Чили, Ҳиндистон каби қатор мамлакатларда, шунингдек, АҚШ федерал дастури, Халқаро ҳамкорлик номли алоҳида лойиҳалар доирасида «Интернет-2» устидан жиддий изланишлар олиб борилмоқда.
«Интернет-2» ҳозиргисига ўхшаб шахсий компютерлар, серверлар, симли ва симсиз тармоқлар мажмуидан иборат бетартиб тизим эмас, балки аксинча. Шу сабаб, унинг маълум бир тизимга эга инфраструктура эканлигини инобатга олиб, ҳаммамиз кўниб қолган «жаҳон тўри» (world wide web – www) атамасининг ўрнига улкан тизимни «глобал ахборот тармоғи» (great global grid – ggg) деб аташ таклифлари ҳам илгари сурилмоқда.
Янги давр бошланди…
Шу тариқа, даставвал тадқиқотчилар ва олимлар самарали фаолият юритиши, университетларнинг тармоқли инфратузилмасини янгилаш учун тажриба майдони сифатида асос солинган «Интернет-2» ҳеч қанча вақт ўтмасдан ўз имкониятлари билан бутун жамиятга ҳам фойдали бўлиши яққол сезилди. Айнан шу жиҳат Супертармоқнинг («Интернет-2» норасмий равишда шундай аталади) мантиқий ривожини белгилаб берди. Чунки амалга оширилаётган барча ташкилий ишлар ва мавжуд барча технологик имкониятлар ортида битта оддийгина мақсад бор: самарали, тезкор ва назоратдаги тармоқ инфратузилмасини яратиш.
Наргиза Иброҳимова,
«Маърифат» газетасидан олинди.