Буюк Кушон салтанатининг хазина даромадлари
Истиқлол шарофати билан Ўзбекистоннинг кўҳна тарихини холис ўрганиш учун катта имкониятлар очилди. Мамлакатимизнинг узоқ ўтмишига доир номаълум саҳифалар тарихчи олимлар томонидан чуқур ўрганилмоқда, айниқса, Ўзбекистоннинг антик давридаги иқтисодиёти, савдо ва хунармандчилигига доир маълумотлар халқимизда катта қизиқиш уйғотмоқда. Жумладан, Ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим рол ўйнаган Кушон салтанатининг тараққиёт босқичлари кўп вақтгача номаълум эди. Уни илмий асосда ўрганиш бундан атиги 100 йил муқаддам бошлангани маълум. Дунёнинг турли бурчакларидан кўплаб топилган тангалар ва ноёб ҳайкалчалар Кушон маданиятини ўрганишда катта илмий ва амалий аҳамият касб этди. Жаҳон тамаддунининг йирик ўчоқларидан бири бўлган Кушон салтанатининг маркази Ўзбекистон ҳудудида жойлашгани бугунги кунда дунё олимлари томонидан эътироф этилмоқда.
Милоддан аввалги 200 йилларда Грек-Бақтрия, Хитой ва бошқа йирик давлатларнинг тажовузига қарши Ўзбекистон ҳудудида бир неча кичик хонликлар ўзаро бир иттифоққа бирлашган эдилар. Бу бирлашмага Кушон иттифоқи деб ном берилган. Бирлашма аъзолари ҳарбий мудофаа қўшинлари доимо шай туриши учун аскар ва маблағлар билан марказга ўз улушларини қўшар эдилар. Ҳужумлар кўпинча Хитой ва Грек-Бақтрия давлатлари тарафидан амалга оширилгани туфайли иттифоқ қўшинлари ҳозирги Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидаги қишлоқларга жойлаштирилган. Бугунги кунда ҳам ҳар икки худудда мавжуд бўлган Косон номли шаҳарчалар ана шу тариқа майдонга келган. Иттифоқ ғазнаси Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи подшоҳ саройи яқинидаги қалъада сақланган. Иттифоқ ғазнасига тўланадиган аъзолик бадаллари пулдан ташқари отлиқ аскарлар, озиқ-овқат, чорва молларидан иборат бўлган. Милоддан аввалги 50-йиллар ва милоднинг I асридан то V асригача 5 та хонликдан иборат бирлашган иттифоқ аста-секин кучайиб борган. Улар – Хоразм (хитой солномачилар таърифига кўра Хюми), Шош, Сирдарё (Шуми), Самарқанд, Бухоро (Кушон), Кеш, Термиз (Хисе), Фарғона водийси – Даван (Думи) деб номланган. Асосий ядро Кушон хонлиги бўлиб, кейинчалик бу ҳудудда Кушон давлатига асос солинади. Кушон салтанати катта ҳудудларни бирлаштиргани ва шунга яраша аскарлар, мол-мулкка эга бўлганлиги, иттифоқ аъзоларининг «фаррос» – аъзолик бадаллари Кушоншаҳр ғазнасига келиб тушгани учун у бора-бора ҳукмрон кучга айланган. Бош ҳукмдор Кудзула Кадфиз шоҳлар-шоҳи – «Ябғу» унвонига сазовор бўлган. Буюк тилшунос Маҳмуд Кошғарий асарида ҳам изоҳланган «Ябғу» атамаси Кушон тангалари орқали бизгача етиб келган. Бу муҳим далил Кушонлар асосан туркий халқлар бирлашмасидан иборат бўлганлигини кўрсатади. Кудзула Кадфиз юқоридаги беш хонликни бирлаштириб, сиёсий ҳокимиятни эгаллайди. Кудзула Кадфизнинг сиёсий-иқтисодий ислоҳотлари туфайли тараққий этган бу қулдорлик давлати Ўзбекистон ҳудудида юксак даражага кўтарилган Уйғониш даврининг ибтидосидир. Кушон шохи кейинчалик қўшни ҳудудларга юриш уюштириб, Хиндистоннинг шимоли-ғарбий қисмини забт этади, Амударё бўйлари, Қобул, Қандахор, Парфия, Афғонистон ва Кашмирни қўлга киритади. Шу тариқа Кушонлар сулоласи даврида Ўзбекистон давлатчилиги биринчи бор йирик салтанат-империя босқичига кўтарилади. Милоднинг 1-асри бошларига келиб, Кушон давлати ўз аҳамиятига кўра Рим билан рақобатлашадиган энг қудратли ва забардаст давлатлардан бирига айланади. Ўзбекистон ҳудуди Кушон салтанати даврида жуғрофий тузилишига кўра беш округ – хонликка ва 350 дан зиёд шаҳар, қалъаларга бўлинган. Ҳар бир шаҳарнинг ўз ҳокими бўлган. Иттифоқ аъзолари ичида Кушон шоҳининг мавқеи ошган сари бошқарув маркази Иттифоқ пойтахти – Самарқанд шаҳри атрофида тўпланади. Денгиз ва қуруқликдаги ҳарбий кучлар, сарой бошқарув идораси, шаҳар миршаблари ва қози калонларга иттифоқ ғазнасидан тўланадиган харажатлар кейинчалик Кушон шоҳи харажатлари туркумига киритилади. Грек-Бақтрия давлатчилиги даврида мавжуд бўлган солиқлар ислоҳ қилинади. Асосий солиқлар меҳнат, даромад ва мулклардан ундирилар эди. Кушонлар сулоласи даврида бевосита ва билвосита солиқлар, йиғимлар ва бож тўловлари жорий этилган. Молия ишлари Рим империясида ўрнатилган тартиблар асосида олиб борилган. Бевосита солиқлардан меросдан ундириладиган 5 фоизли солиқ, қулларни сотиб олиш ва сотиш савдосидан ундириладиган 4 фоизли солиқ, Кушон давлати ҳудудидан ўтадиган карвонлардан ундириладиган савдо ва бож солиқлари салтанат бюджетида иккинчи ўринда турган. Биринчи ўринда ер солиғи ва киши бошидан ундириладиган жон солиғи турар эди. Солиқлар иттифоқ аъзоларидан имтиёзли равишда ундирилса, қарам, тобе мамлакатлар ва ҳудудлардан ясовуллар, оқсоқоллар назорати остида тўпланар эди. Ҳиндистон, Афғонистон, Кашмир, Қандаҳор, Банорас, Шибирғон, Амударёнинг ўнг ва сўл қирғоғига жойлашган давлатлардан олинадиган солиқлар миқдорини аниқлаш учун бу мамлакатларга солномачилар, ҳисобчилар, иқтисодчилар юборилган. Улар фойдаланиладиган ерларнинг ҳисоби, оилалар сони, мол-мулклар миқдори, ҳар бир хонадонга қарашли қуллар, йўллардаги работлар, карвонсаройлардан тушадиган тушумларни ҳисоб-китоб қилишиб, бош хазинабон ҳузурига даромадлар руйхатини етказишар эди. Сўнг барча қарам мамлакатларнинг ҳудуди, жуғрофий тузилиши ҳисобга олинган ҳолда умумий солиқ миқдори аниқланиб, Кушон шоҳи номидан иш юритилар эди. Ундириладиган умумий солиқ миқдори Доро I давридаги сатрапияларга белгиланган пул ҳажмига тенг келар эди. Ривож топган қулдорлик давлатини сақлаб қолиш учун тинимсиз урушлар олиб бориб, янги қуллар, ўлжа, аскарларни қўлга киритиб туриш шарт эди. Ҳарбий юришлар тўхтатилиши муносабати билан Кушон давлатининг ягона ҳукмдорлиги сусайиб, ҳарбий юришлардан тушадиган қуллар ва ўлжалар сони қисқара бошлайди. Мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш ва Кушон давлатининг мавқеини кўтариш зарурияти туғилади. Кудзула Кадфизнинг ўғли Вима Кадфиз отаси ўлимидан кейин иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ўтказади. Бу даврда Кушонлар давлати Покистон ва Ҳиндистоннинг марказий вилоятларини босиб олган ва Вима Кадфиз шаънига Ҳиндистоннинг Матҳура шаҳрида тош ҳайкал қад кўтарган эди.
Кушонлар ўз мавқеларини кучайтириш учун салтанатда ижтимоий-иқтисодий ва савдо ислоҳотлари ўтказишга киришадилар. Бунинг учун пул ислоҳоти, йўл ислоҳоти, қурилиш ислоҳоти, иқтисодий ислоҳотлар (солиқларни тартибга солиш), тоғ конларини ишга солиш, ҳарбий ислоҳотлар, алоқа ислоҳоти, карвонларни тузиш, бошқариш ислоҳоти, деҳқончилик, чорвачилик ва ҳунармандчиликни ривожлантириш ислоҳотлари, бутун салтанат миқёсида ижтимоий, маданий-маърифий ислоҳотлар (маданият-маърифат, савдо агентларини, молия кадрларини тайёрлаш) амалга оширилади. Саррофлар, солиқ йиғувчилар, хазинани иқтисодий тарафдан бошқарувчиларни тайёрлаш учун мактаблар, мадрасалар қурилади. Бой, зодагонлар, ҳарбийларнинг фарзандларини алоҳида ўқитиш ишлари йўлга қўйилади. Бундан ташқари, ҳунармандчилик, тўқув, тикув, заргарлик, ҳайкалтарошлик каби жуда кўп тармоқларнинг ривожланишига йўл очилади. Ўқув хоналари, дастгоҳлар, ўқитувчилар тайинланади. Устахоналар Ҳиндистон, Афғонистон, Рим, Парфия, Грециядан олиб келинган юқори малакали мутахассислар билан таъминланади. Ҳарир ипак, чит, жун газламалари, либослар, тиллақош ёки тожлар ва турли хил анжомларни тикувчи, тўқувчи, ишлаб чиқарувчи цехлар, артеллар ишга тушади. Карвон йўллари устида шаҳарлар, работлар қурилиб, бепоён далаларга сув чиқазилади. Пахта далалари, тутзорлар барпо этилиб, қайта ишлаш корхоналари қурилади, натижада ана шу даврда ҳам Ўзбекистон пахтаси ва ипаги «Буюк ипак йўлининг» асосий маҳсулотига айланади. Хуллас, бир сўз билан айтганда, эллин (Греция), кушон (Ўзбекистон), ҳинд (Ҳиндистон) қўшма маданияти ривожланади ва Буюк санъат намуналари яратилади (Холчаён, Далварзинтепа, Айритом, Термиздан топилган санъат обидалари, улкан Будда ҳайкалларини эсланг). Кадфиз II савдо-сотиқ монополиясини кенг йўлга қўйиш ниятида пул ислоҳоти ўтказади. Олтин тангалар зарб этиб, ташқи савдо ишларини йўлга қўяди. Савдода жорий этилган олтин тангаларнинг оғирлиги 8 граммни ташкил этиб, улар Рим тангаларининг оғирлигига тенг келар эди. Кушон тангалари – динор (1 динор 8 грамм олтинга тенг бўлган) зарб этилган. Римда ҳам, Кушонларда ҳам бундай олтин тангаларнинг нархи жуда баланд бўлган. Катта тижорат ишлари олиб борадиган савдогарлар бу тилла тангаларни халқаро савдода ишлатганлар. Кушон салтанатининг халқаро савдода қатнашиши ва унда етакчи ўрин эгаллаши бундай тангаларни зарб этиш заруриятини туғдирган. Кушон салтанатини Кадфиз II бошқарган даврда марказлашган ягона пул тизими йўлга қўйилган. Кушоншаҳрга жаҳон мамлакатларидан мол-мулк оқиб келар эди. Шу билан бирга улкан бож солиқлари ҳам юзага кела бошлайди. Пул алмаштириш тадбирларини амалга ошириш жараёнида Кушон савдогарлари, саррофлари ва банкирлари катта фойда кўрар эдилар. Улар алмаштирадиган тангалар чет эл савдогарлари орасида катта ишонч қозонган эди. Шу билан бирга Кушон давлати ихтиёрида либерал савдо ҳуқуқи бўлиб, чет эл савдогарлари ва молия ходимлари қаттиқ муҳофаза килинар эди. Кушон салтанатининг Марғинон, Андукон, Элатан, Кеш, Сўғд, Дами, Наутака, Эрши, Кабадиён, Гавшун, Исковот, Даҳбед, Ромитан, Бешкент, Хартум, Лангар, Кушон, Нуқработ, Шош, Урганж, Варданзи, Корабағиш, Қўнғирот, Шофиркон, Сардоба, Туячи, Тошработ сингари донғи кетган шаҳарларида жуда кўп моллар сақланадиган кичик шаҳар-қалъалар бўлган. Бу шаҳарларда турли-туман устахоналар, саррофхоналар, банклар, нотариал идоралари, меҳмонхона ва карвонсаройлар чет эл савдогарларига тинимсиз хизмат қилиб турган. Хорижий савдогарлар молларини сотиб бўлгандан кейин қайтишда янги мол олиб кетишлари мумкин эди. Кушон салтанатига келган савдогар молини сотиб бўлиб, ўрнига энг соф мол – олтин ва кумуш танга олиб кетишига рухсат бериларди, чунки ҳамма ерда Кушон тангаларини юқори нархда сотиш имкони бор эди. Кушон салтанатидаги пул ва пул муомаласини кузатар эканмиз, унинг икки хил рол ўйнаганини кўрамиз: 1) пул савдо жараёнларини амалга оширишда воситачи; 2) пулнинг ўзи савдо объекти сифатида хизмат қилади. Бозорлар – чет эл тижоратчилари билан савдо-сотиқ музокаралари олиб борадиган жой бўлиб, катта савдогарлардан ташқари жуда кўп майда савдогарлар, юк ташувчилар, кичик дўконларда иш юритувчилар, савдо расталари ва дўконларини бошқарадиган ва ижарага берадиган ижарахўрлар ҳамда ҳар хил ҳунармандлар, нонвойлар, деҳқонлар, боққоллар, устахоналар қошидаги майда савдогарлар билан ҳаммавақт гавжум бўлган. Уларнинг фаолияти даражасида даромаддан солиқ белгиланган бўлиб, у бозор иқтисодчилари томонидан йиғиб олинар ва подшоҳ ғазнасига сафарбар қилинар эди. Салтанатнинг ички савдосида қатнашадиган бозорлар алоҳида савдо расталаридан иборат бўлиб, уларда турли маҳсулотлар қаторида қуллар ҳам сотилар эди. Кушон салтанатига қарам мамлакатлар ягона бошқарув тизими орқали бошқарилган, ягона давлат тили ва ёзуви ишлатилган. Бундан ташқари, салтанатда ягона алоқа тармоғи йўлга қўйилган. Эски карвон йўллари тикланиб, ёнига янгилари қўшилган ва халқаро савдонинг ривожланиши учун мўътадил шароит туғилган.
Кушонлар даврида ўтказилган пул ислоҳоти, бевосита солиқ сиёсати ва савдо-сотиқнинг ривожланиши натижасида Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа қарам давлатларда катта-катта шаҳарлар барпо этиш имконияти пайдо бўлади. Кушон давлатидаги барча йирик шаҳарларда гўзал иншоотлар, саройлар, ибодатхоналар, турли сайлгоҳлар, ҳашаматли бинолар қурилган. Кушон салтанати катта ва кичик вилоятлар, дашт ва тоғ олди кўчманчилари билан савдо-сотиқ муносабатлари олиб борган, уларнинг иқтисодиётини кенгайтиришга қаратилган тадбирларни амалга оширган. Салтанат ичида янги вужудга келган қулдорлик давлатлари билан бир қаторда натурал хўжаликка асосланган кўчманчи қабилалар ҳам мавжуд эди. Уларнинг моддий аҳволини яхшилаш учун ягона иқтисодий тизим барпо этиш, иқтисодий носозликни йўқотиш керак эди. Бунинг учун ягона солиқ тизими орқали бошқарув сиёсати эҳтиёткорлик билан амалга оширилган. Бу борада Буюк ипак йўлининг аҳамияти беқиёс даражада катта бўлди, чунки Кушон салтанатининг барча ҳудудларида пахта, ипак, жун ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш кенг кўламда ва катта миқдорда ривожланди ва жаҳон савдосининг асосий маҳсулотига айланди. Шу билан бирга махсус шаҳар кўринишидаги қишлоқлар барпо этилиб (Элатан, Айбар, Байбар, Эрши, Зандона, Марғинон, Дами, Наутака ва бошқалар), улар доимий деҳқончилик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари билан солиқ ёки ўлпон тўлар эдилар. Доимий ўлпонлар отлар, олтин ва кумуш буюмлар, олтин қуми, темир, мис, қорамол шаклида ҳам ундирилар эди. Солиқларни ҳисоблаш ва ундириш тартиби ҳақида етарли маълумот йўқ, лекин айрим археологик топилмалар (Нисса) мавжуд. Солиқлар маҳаллий оқсоқоллар билан биргаликда ундирилган. Солиқлар кўпчилик ҳолларда туманлар бўйича белгиланиб, энг муҳими, тўловчиларнинг хусусиятлари (ернинг сифати, сув билан таъминланиши, иқлимий, мавсумий хусусиятлари) эътиборга олинган. Ташландиқ, ишлатилмаган, қуруқ, шўрхок ерларни ўзлаштирган деҳқонларга дон, сигир, от, хачир, пул бериш орқали ёрдам кўрсатилган. Кимки янги каналлар қазиб, ариқлар орқали далаларга сув келтирса, янги ерларни ўзлаштирса, 5 йилга солиқлардан озод қилинар эди. Суғориш тизимини кенгайтириш учун солиқ тадбирлари ҳам кенг қўлланилган. Ҳар ўчоқдан бир киши йилига 20 кун суғориш иншоотларини тозалаш ва таъмирлаш учун қатнашиши шарт эди, қатнашмаганлар мардикор ёки пул тариқасида ўз улушларини қўшишлари керак бўлган, ирригация ишлари чўзилиб, 40–50 кунлаб ҳашарда қолиб кетган одамларнинг оилалари барча солиқлардан озод қилинар эди. Нисса ҳужжатларини таҳлил қилиш, солиқ йиғиш (натура ҳолидаги солиқ) ва маҳсулотларни асрашга кўпдан-кўп амалдорлар жалб қилинганлиги ва солиқларни қабул қилувчи хазинабон ишлаб турганлигидан дарак беради. Битиклардаги ёзувлар солиқ тўплаш бўйича катта девон бўлганлигини тасдиқлайди. Кушон шоҳи хазинасига вилоятлардан келиб тушган ҳар бир маҳсулотнинг ўз жойи бўлиб, уларни алмаштиришга йўл қўйилмасди. Ҳар бир нарса ўз пайти ва ўз жойида сарф бўлиши керак эди. Хазинанинг асосий манбаларидан бири – савдо тармоқларидан тушадиган тушумлар бўлган. Божхона тўловлари ва солиқлари Буюк ипак йўлининг тахминан 60 км масофага тенг жойидаги шаҳарларда ва йўллар туташган жойларда олинар эди. Шуни айтиш керакки, чорвачилик ва зироатдан келадиган даромадлар хазинага тўла миқдорда ўтмас эди, чунки бу солиқнинг асосий қисми натура билан олиниб, сипоҳийлар, қўшинлар ва сарой хизматчиларининг озиқ-овқат таъминоти, от-улов имкониятларини енгиллаштиришга сарфланар эди. Ўзбекистоннинг молия тарихи бўйича йирик тадқиқотчиси, профессор Х.Собировнинг илмий асосланган таҳлиллари асосида қилинган ҳисоб-китобларимизга кўра, салтанат хазинасига йилига савдо божларидан 75 тонна соф олтин миқдорида тушум келиб турганлиги аниқланган.
Рим салтанати ва Кушон давлати ўртасида халқаро элчилик ва савдо алоқалари кенг ривож топган. Клавдийлар ҳукмронлик қилган даврда Римда қулдорлик авжига чиққан бўлиб, Тиберий (14-37 й.) императорлиги замонида Рим давлатининг асрлар оша орттирган мулки – олтин дирҳамлар бой зодагонларнинг қимматбаҳо жиҳозлар билан уйларни безатиши, кийинишига, ҳашаматли саройлар, қасрлар қуришга, уларни дабдабали жиҳозлашга, катта тўй-тантаналар, турли маросимлар ўтказишга сарфланарди. Барча зебу зийнатлар Кушондан келтирилар эди.
Кушонларнинг кўп сонли яхши қуролланган қўшини салтанат таянчи ҳисобланган. Ҳисоб-китобларимизга кўра, салтанатнинг умумий ҳарбий қудрати фақат Ўзбекистон ҳудуди бўйича (вассал мамлакатлардан қўшиладиган аскар ва қуллар ҳисобга олинмаган тақдирда) 450-600 минг аскар ва 200 минг нафар отлиқни ташкил этган, уларни сақлаш учун ҳар бир иттифоқ аъзоси – Хоразм, Канка, Чоч, Кеш, Даван хонликлари йилига 130 талант -3300 кг олтин миқдорида аъзолик бадали тўлаганлар. Масалан, Хоразм тўлайдиган аъзолик бадали Доро I замонида тўланган талантларга тенг келар эди. Доронинг иқтисодчилари барча иқлимий, иқтисодий, ер, сув, мулк ва демографик захираларни қаттиқ интизомга бўйсундирилган ҳисоб-китобларга кўра аниқлашган эди. Буни грек олими Аристид ҳам тасдиқлаган. Аммо Доро I замонидаги солиқ ва хирож йиғиб олувчи хасис сатраплар халқни қийнаб, ўз улушларини кўпайтирар эдилар. Кушон салтанати хонлари бу борада одиллик билан иш юритганлар. Кушон шоҳи ғазнасига тушадиган йиллик даромад Доро I нинг йиллик даромадидан 36,6 фойиздан ортиқ бўлган. Антик даврдаги Ўзбекистон ҳудудида яшаган аждодларимиз олижаноб ва тинчликсевар бўлганлиги тўғрисида жуда кўп даллилар мавжуд. Иқтисодий ислоҳотлар Кушон салтанати ва унга вассал- феодал қулдорлик давлатлари мустаҳкамланишига ёрдам берди. Солиқлар, давлат даромадлари ҳукмрон синф вакилларини боқишга, шаҳарлар ва бинолар барпо этишга, маданият, маърифат, савдо ва ҳунармандчиликни юксак даражада ривожлантиришга, деҳқонлар ва халқни қийнамайдиган йўллар билан фаолият юргизишга ёрдам берувчи восита сифатида Кушон давлатида равнақ топди. Кушоннинг тинчликсевар мамлакат бўлганлигини Канка олдида қад кўтарган ажойиб баланд бино исботлайди. Маълумотларга кўра, у Хитой солномачисини лол қолдирган, ушбу бинонинг шимол тарафидаги деворида рангли бўёқлар билан Хитой императорлари, шарқ тарафида –Турк хонлари ва Ҳинд зодагонлари, ғарб тарафида – Форс ва Рим давлатларининг шаҳаншоҳлари тасвирланган. Академик В.В.Бартольд хитой солномачиси хабарини таҳлил қилиб, Самарқандга яқин ерда жойлашган Кушон салтанати қароргоҳи ёнида қад кўтарган бинони қуйидагича тасвирлайди: «Битта бинонинг тўрт чеккасида Рим, Форс, Ўрта Осиё, Хитой ва Ҳиндистон давлатларининг ҳукмдорлари тасвирланган обида ҳеч бир давлатда бўлмаганлиги аниқ». Кушон салтанати милоднинг I асрида савдо-сотиқда, сиёсат майдонида, жаҳон маданияти ва маданий алоқаларида юқори ўрин эгаллаганлиги ҳар жиҳатдан ибратли ҳодисадир. Бу салтанат тарихига доир ёрқин саҳифаларни ҳар томонлама холис ва ҳаққоний ёритиш олимларимиз олдидаги улкан ва олижаноб вазифалардан биридир.
Зуҳра Собирова, иқтисод фанлари номзоди,
Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофоти совриндори
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 10-сон