Бухоронинг сўнгги амири йиққан шунча хазина, бойликлар унинг фарзандларига насиб этганми ёки йўқми деган савол туғилади. Ҳайдарали Узоқов ва Сотимхон Холбоев «Бухоро амирлигининг олтинлари» номли нуфузли мақоласида Бухоро амирлиги хазинасида тўпланган беҳисоб олтин, кумуш ва бошқа қимматбаҳо бойликлар тўғрисида ишончли ҳужжатлар асосида фикр юритадилар. Улар Амир Олимхон ўлими олдидан фарзандлари за қариндош-уруғларнга берган васиятини келтирадилар: «Пешавор банкида сақланаётган долларларга бирорта қўл теккизмайсан, Ўзбекистон мустақил бўлгач, бу пулларни унинг ҳисобига ўтказасанлар. Лондонда сақланаётган жамғармалар асосан авлодлар учун, лекин унинг бир қисми ҳам Ўзбекистонга берилнши мумкин. Бу сенларга боғлиқ». Нақадар узоқни кўзлаб қилинган ибратли васиятнома бу. Саид Олимхоннинг фарзандлари падари бузрукворларининг бу муқаддас васиятномасига содиқ қолганлар. Моддий жиҳатдан қнйналиб яшаганларида ҳам уларнинг бирортаси банкдан ярим чақа ҳам олмай, ота насиҳатини виждон амри, хақиқат кўзгуси, келажакка ишончи, деб билганлар. Бу Шарққа хос қатъият, самимийлик, сабр-тоқат, меқр-оқибат, вафодорлик ва юксак одамийлик намунасидир. Хўш, қинналиб тирикчилик қилган Амир Олимхон фарзандларининг тақдири не кечган?
Гап шундаки, амирнинг кейинги тақдири, оила ва фарзандлари тўғрисида жуда оз маълумотга эгамиз. Унинг ўз қўли билан битилган «Бухоро халқининг фожиаси» номли нуфузли рисоласида ҳам оиласи ва фарзандлари тақдири ҳақида тўлиқ маълумот берилмайди.
Большевиклар Бухорода 1920 йил 2 сентябрда содир этган босқинчилик тўнтаришидан кейин амир Бухорои шарифни тарк этиб, Афғон юртига кетишга мажбур бўлади. Қизил империянинг қасоскорлик тажовузи оқибатида Саид Олимхон палапонларидан ажралган бургут мисоли ўз нуридийдаларидан абадий жудо бўлади!
Бухорода ўз ҳокимиятини зўрлик билан ўрнатган большевиклар Саид Олимхоннинг 8—10 яшар ўғиллари Султонхон, Шомурод, Раҳимхонларни назардан қочирмайдилар. Амир фарзандларини Бухорода сақлаш қийин бўлганлигидан, Файзулла Хўжаевнинг маслаҳати билан Бухоро Халқ Шўролар Ҳукумати уларни Бухородан Москвага кўчиради. Шўролар ҳукумати амир фарзандларнки ўз ҳимоясига олиб, уларнинг ўқиши ва тарбияси тўғрисида ғамхўрлик қилади.
«Босмачи» номи тақилган Ватан ҳимоячиларининг большевикларга қарши шиддатли кураши давом этган йиллари (20—30-йиллар) Бухоро амири Саид Олимхон ҳақида ва унинг фарзандлари, амир хазиналари тўғрисида совет ва чет эл матбуотида хабарлар бериб борилди. Бу ўринда амирнинг тўртинчи ўғли Шомуроднинг ўз отаси Саид Олимхон номнга 30-йилларда йўллаган ва унга катта шуҳрат келтирган бир тарихий мактуби характерлидир. Аввал у Москвадаги рабфакни, кейин ҳарбий муҳандислик академияни тугатади. Иккинчи жаҳон урушида қатнашнб, Совет Иттифоқи генерали унвонига сазовор бўлади. Унинг хатини ўқир эканмиз, шарқ фарзанди ўз қиблагоҳига алам-ҳасратларга тўла бундай мактубни йўлламаслигига амин бўламиз. Нома мазмунидан у тегишли доиралар томонидан тўқилиб, амирзода номидан эълон қилинганлиги шундоққина кўриниб турибди.
Тақдир ўйинига қаранг: ота-бола Россия империясининг генераллари, фақат фарқ шундаки, Амир Саид Олимхонга хамда Абдулаҳадга «оқ» генералликни Николай подшо топширган бўлса, амирнинг уғли Шомуродга «қизил» генерал унвонини И. Сталин берган. Замона зайли билан ота-бола генералларнинг бири «оқ империя»га, иккинчиси «қизил империя»га хизмат қилиб, бутун бор-йўғидан ажралишган. Шомурод Олимовнинг «Известия» газетаси саҳифасида ўз отасига ёзган очиқ мак-убида шундай сатрларни ўқиймиз:
«Мен сенга биринчи ва сўнгги мактубимни ёзаяпман. Истайманки, ўртамизда ҳеч қачон алоқа тикланмасин. Аммо кейинги юз берган воқеалар мени мажбур этдики, қонга тўлган юрагимдан чиқариб, мана шу сўзларни ёзиб маълум қилмоқдаман. Кирдикорларингнинг бари ҳануз кўз олдимда турибди: сенинг зулмннгдан Регистон қон қусар эди. Зулм-истибдодингдан додга келган халқни маслакдошларинг шафқатсиз талар эди. Сен кеча-кундуз айшу ишрат билан банд бўлиб, ҳарамдан бошинг чиқмас эди. Биз иккимиз—мен — ўғил, сен — ота бўлиб, бир йилда бир марта кўришармидик, ростини айт-чи. Мана ҳозир Москвада таҳсил кўрмоқдаман. Дўстларим, ўртоқларим ҳузурида ўзимни шод сезаман. Мен бераҳимлигингу шафқатсизлигингдан, афсус, кеч огоҳ бўлдим. Ҳозир ўзимни отасиз ҳисоблайман. Ва сенга ҳам маслаҳатим шуки, бундан буён ўғлим бор, деб асло ўйлама. Фарзандим бор деб ўйлашга ҳаққинг йўқ».
9-10 яшар бола қалбида падари бузрукворига нисбатан бу қадар ҳурматсизлик, синфий нафрат ўти тўлиб-тошганлигига асло ишонгинг келмайди. «Известия» газетаси саҳифалари орқали оламга таралган мазкур мактуб афғон тоғу даштларидан ўтиб, она-Ватанндан узоқда бўлган собиқ ҳукмдор Саид Олимхон қўлига ҳам етиб боради. Севикли фарзандининг нафрат тўла бу даҳшатли мактубини ўқиган отанинг аҳволи не кечганлигини тасаввур қилиш мумкин…
Бироқ амир фарзандларининг кейинги тақдири бизга номаълум. Амирнинг сўнгги канизаги бўлган Ўзбекистон Халқ артисти Марям Ёқубова билан суҳбатларимиздан бирида у Саид Олимхоннинг ўғиллари тўғрисида ҳикоя қилиб берган эди. Ўшанда менга амирнинг ўртанча ўғли Шомуроднинг ҳарбий кийимдаги расмини кўрсатиб: «У ҳарбий муҳандис, генерал, Москвада яшайди, мен билан деярли тенгдош, борди-келдимиз бор, фақат буни сиз ҳеч кимга айтманг, ука»,— деган эди опа эҳтиёткорлик билан.
Яқин-яқинларгача Бухоро амири Санд Олимхоннинг тўртта ўғли борлигидан хабардор эдик. Бироқ кенинчалик Саид Олимхоннинг саккиз ўғли Туркия мамлакатида яшаётганлиги матбуот хабаридан маълум бўлди. Бухоро ҳукмдорининг фарзандлари: Саид Иброҳим, Саид Раҳимхон, Саид Ходихон, Саид Ибод, Саид Кабир, Саид Мансур, Саид Рауф озод ва ҳур жумҳурият — Ўзбекистон мустақиллигининг икки йиллик тўйи муносабати билан Ўзбекистон Республикасннинг Президенти Ислом Каримов номига табрикнома йўлладилар («Халқ сўзи», 1993 йил 1 сентябрь).
Бухоро амири Саид Олимхон она-Ватанни қўмсаб, соғиниб, қариган чоғида Бухорога қайтиш орзусида Совет ҳукумати бошлиқлари И. Сталин, М. Калининга мурожаат этади. Бироқ, у тошбағир истилочилар рад жавобини беришади. Истиқлолимиз туфайли она-Ватанини кўриш унинг фарзандларнга насиб этди. Улар 1993—1994 йилларда бирин-кетин ота юрти, она диёри мустақил Ўзбекистонга ташриф буюрдилар.
Кейинги эълон қилинган маълумотларга қараганда, Бухоронинг собиқ амири Саид Олимхоннинг бир неча хотини бўлиб, улардан 37 фарзанд — 16 ўғил, 21 қиз бўлган.
Қардош Тожикистон Республикаси Ленинобод вилояти «Ленинобод ҳақиқати» газетасининг 1993 йил 1 июль сонида журналист Муҳиддин Олимпурнинг «Бухоро сўнгги амирининг аччиқ қисмати» номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада ёзилишича, 70-80-йиллар бир неча бор Афғонистонда бўлган Муҳиддин Олимпур Саид Олимхон ҳақида материал тўплаган. Бироқ у Бухоро амири ва унинг фарзандлари ҳақида қониқарли маълумотлар йиға олмаган. Шундан кейин у Америкада бўлиб, Саид Олимхон фарзандлари: қизи—журналист Шукрия Роъл ва ўғли Саидумар Олимийлар билан учрашиб, мулоқотда бўлади. Саид Олимхоннинг кенжа қизи Шукрия Роъл Афғонистонда таваллуд топган. У саккиз ойлик пайтида падари бузруквори оламдан ўтади. Шукрия Кобулдаги олий билимгоҳнинг журналистика бўлимида таълим олган ва журналист сифатида Афғонистонда ва хорижий мамлакатларда хизмат қилган. У араб, форс, тожик, урду ҳамда туркий халқлар тилларини яхши билувчи қалам соҳиби ҳисобланади.
Мухбирнинг ака-сингилларингиз ҳақида гапириб берсангиз, отадан нечтасизлар? — деган саволига Шукрияхоним шундай жавоб қилади:
— Қадимги одатга кўра отам кўп уйланганлар, иниларимиз ўн бешта бўлса, сингилларимиз йигирма нафар.
Уларнинг исмларини ёддан биласизми?
— Албатта.
Шукрияхоним, сиз опа-сингилларингизни, Саидумар, сиз оға-иниларингизни таништирсангиз?
— Бош устига. Муҳсина, Шукрия, Узри, Хайрия, Муслима, Солиҳа, Назокат, Муборак, Мўъмина, София.
Саидумар ўғилларни санай бошлади: — Хонадоннинг бош фарзандиман. Уч акам ватанда — Ўзбекистонда қолган, исмим Саидумар, иккинчи номи Саид Омонулло, иккинчи иним Саидмурод (3—4 йил аввал Маккаи Муаззамада вафот этган). Учинчи ўғил Саид Иброҳим (у ҳозир Туркияда яшайди), Саид Абдураҳим, Саид Абдулфаттоҳ, Саид Абдукабир, Азимшоир, Саид Мансур (шоир). Саид Абдулло (Олмонияда яшайди), Саид Абдулҳоди, Саид Абдуғаффор, Саид Ҳожи (Туркияда яшайди, тиш дўхтири), Саид Абдусаттор. Саид Абдурауф, Саид Муҳаммадсаид (Олмонияда яшайди), Саид Ориф.
Саид Олимхон фарзандлари Шукрия ва Саидумарнинг айтишларича. Саид Олимхон Афғонистонга муҳожир ёки қочоқ сифатида эмас, балки Афғонистон ҳукуматидан кўмак сўраб, қурол-яроғ олгани келган экан. Афғонистон шоҳи Амонуллохон бир неча марта Амир Саид Олимхонга: «Агар сиз келсангиз, албатта ёрдамимни аямайман», — деган экан.
Лекин, минг афсуски, «қизил империя»нинг босқинчилик сиёсатидан чўчиган Амонуллохон Бухоро амири Саид Олимхонга ёрдам беришга ботина олмайди.
Она-Ватанни қизил шайтонлардан озод қилиш, ўлкада озодлик ва истиқлол барқ уриши умиди билан яшаган манғит амирларининг сўнгги ҳукмдори амир Саид Олимхон юрагида бир олам орзу-армон билан кетди. Унинг Ватанни озод қилиш, она диёрини мустақил кўриш орзулари бизнинг замонамизда, 1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон мустақил республикага айлангандан кейин амалга ошди.
Иқтидорли ёзувчи А. Ҳасаний «Нидо» («Бухоро ҳақиқати», 1992 йил 3 июнь) номли мақоласнда ёзишича, Саид Олимхоннинг катта ўғли Султонхон 1910 йилда Бухорода таваллуд топган, у инқилобдан кейин, 20-йилларда Москвадаги рабфакда ўқийди ва тугалланмаган олий маълумот олади. Уруш ногирони бўлган Султонхон узоқ вақт Москвадаги кўзи ожизлар уйида ишлайди.
Бироқ амирнинг учинчи ўғли — Раҳимхонга ва унинг умр йўлдошига фожиали тақдир насиб этди. Бухоро ҳукумати ёрдамида Москвадаги рабфакда таълим олган Раҳимхон 1937 йилда ГПУ ходимлари томонидан жосусликда айбланиб, қатл этилади. Раҳимхоннинг хотини эри ҳақидаги машъум хабарни эшнтиб, ўзи ишлаётган совун ишлаб чиқаришининг қайноқ қозонига ўзини ташлаб ҳалок бўлади. Худди Россия подшоси Николай II нинг оиласи большевик террорчилар қўлида ҳалок бўлганидек, Бухоро амирининг фарзандлари ҳам улардан ўлим топади.
Биз мўғул-татар босқинчиларининг 200 йилдан ортиқ давр ичида рус халқи ва бошқа халқларни эзиб келганлигини тарихдан яхши биламиз. Олтин Ўрда хонлиги русларга ва бошқа халқларга ўтказган зулм ва зўравонликни қаттиқ қоралаб келганмиз. Бироқ инсоф юзасидан фикр-мулоҳаза юритадиган бўлсак, Чингизхон ва унинг фарзандлари ҳукмдорлиги даврида рус халқи ва бошқа халқлар ҳам Олтин Ўрда хонига ўлпон тўлаб, ўз черковларида ибодат қилиб, ўз она тилларида ўқиб, ҳунар ўрганиб келдилар. Руслар мамлакати устидан узоқ давр ҳукмронлик қилиб келган чингизийлар маҳаллий халқ савдо-сотиқ ишларини, эътиқоди ва миллий анъаналарини давом эттириб, ривожлантиришларига монелик қилмаганлар.
Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Чингизхоннинг Россияга юришини Россия империясининг Туркистонни босиб олишда кўрсатган ваҳшийликлари, халқ мулкини талон-торож қилиши билан қиёслайдиган бўлсак, рус босқини мўғул-татар босқинидан ўн чандон даҳшатли, ваҳшиёна бўлганлигига иймон келтирамиз. Чунки Ўрта Осиё ва Қозоғистон ерларини ҳарбий куч билан босиб олган Россия империяси ўлка халқлари тарихи, маданияти, дини, тили, барча миллий анъаналарини ер билан яксон қилиб, тарих ғилдирагини неча юз йиллар орқага буриб юборди.
Садриддин Айний «Бухоро жаллодлари», «Бухоро тарихи учун материаллар», «Дохунда», «Етим» ва «Эсдаликлар» каби насрий асарларида Ўрта Осиё, кўпроқ Бухоро тарихи, бу ўлка халқлари ҳаётини ишончли тасвирлаган. Ёзувчи машҳур «Дохунда» романида ўзбек ва тожик халқларининг маърифий ва инқилобий уйғонишини бадиий тимсоллар воситасида тасвирлаб берган.
Бухоронинг суюкли ижодкор фарзанди бўлган Садриддин Айний Бухоронинг манғит амирлиги тарихида феодал амирликнинг сўнгги ҳукмдори Саид Олимхоннинг ижтимоий-сиёсий фаолияти, амирлик ва дарбор аҳлининг яшаш шароити, турмуш тарзидан келажак авлодларга санъаткорларча ҳикоя қилган. Жумладан, «Дохунда» романида Саид Олимхоннинг сўнггн тўрт, беш (1917—1921) йиллик давлатчилик ва жамоатчилик фголиятини, унинг М. Фрунзе бошлиқ босқинчи большевиклар тажовузидан тож-тахтни, она-Ватанни, бой хазинани ташлаб, ноилож қўшни Афғон ўлкасига кетиб жон сақлашининг тафсилотини баён этган. Романда Саид Олимхон, унинг яқинлари, Мирзо Урганжий, амир хазинабони Имонқул, Ҳожи Юсуф Муқимбой, Ҳожи Алимбой ва бошқа ўнлаб тарихий шахслар ёвуз ниятли одамлардан Ватанни, динни, маънавият ва иймонни ҳимоя қилиш йўлида фидойилик кўрсатганликлари тасвирлаб берилган.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бошқа хонликларга нисбатан Бухоро амирлиги Россияга кўп ҳамият кўрсатиб келган. Хусусан, унга амир Абдулаҳаднинг моддий ва маънавий ёрдами сезиларли бўлди. Масалан, 1914 йили, биринчи жаҳон уруши даврида Россия иқтисодий тангликка учраб, Бухоро амиридан моддий ёрдам сўраганида ҳам Саид Олимхон рус подшоси Николай II илтимосини ўз вақтида қондириб, Россияга 10 дона тўп, 500 дона бешотар милтиқ, 1500 та чопқир от ва бошқа керакли нарсаларни инъом этган.
Аммо Ўрта Осиё хонликлари, жумладан, Бухоро амирлиги Россия билан қанчалик яхши, юмшоқ муносабатда бўлмасин, аслида империя ҳукмдорларининг нияти бузуқ эди. Мисол учун жаҳон урушидан кейин икки йил ўтгач, чор Россияси Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкаларидан арзон ишчи кучини жалб қилиш, маҳаллий халқлардан 50 миллион кишини мардикорликка мажбурий олиш ҳаракатларини бошлаб юборди. Бунга қарши халқ қўзғолони кўтарилганида ўша амир тортиқ қилган тўп, бешотар милтиқ ва чопқир тулпорлар ўзимизга қарши ишга солиниб, бегуноҳ халқ вакилларининг қони тўкилди. Яхшиликка ёмонлик дегани шу бўлса керак. Бу русларнинг «Бўрини қанча боқмагин, барибир ўрмонга интилади» деган мақолига жуда мос келади. 1917 йил октябрь тўнтариши, фуқаролар уруши, беш йилликлар давридаги қатағон-қирғинбаротлар қурбонларини тарих, халқ ҳали унутган эмас ва унутмайди ҳам.
Маълумки, 1868 йили Бухоро билан Россия ўртасида тузилган сулҳга биноан Россия фуқаролари Бухоро амирлигига солиқ тўлашдан озод этилди. Лекин Россия савдогарлари Бухоро бозорларида сотган молларининг икки ярим фоизини Бухоро амирлигига тўлашлари шарт эди. Бироқ кейинчалик Николай II даврида бу шартларга амал қилмай, Россия амалдорлари, ҳарбийлари Бухорода оқ подшонинг Туркистондаги вакили сифатида иш кўра бошладилар. Айни пайтда улар Бухоронинг чет эллар билан ва, айниқса, Ҳиндистон, Хитой, Афғонистон билан бўладиган савдо йўлини кесиб қўйдилар.
Бухоро инқилоби даврида амирни тахтдан қувишда большевиклар томонида бўлган Файзулла Хўжаевнинг яқин дўсти, маърифатпарвар сиймо, давлат ва жамоат арбоби Қори Йўлдош Пўлатов М. Фрунзе аскарларининг Бухорони ишғол қилиш воқеаснни шундай ҳикоя қилган: «Биз, ёш бухороликлар, 1920 йил август ойининг охирларида Бухоро шаҳрига ярим кечада кириб бордик. Қизиғи шундаки, то амир саройига, Аркка борганимизда ҳам одам зоти кўринмади. Билдикки, амир қочиб улгурган. Арк ичидаги хоналарнинг бирида ёниқ чироқ ёнида бир киши ўтирарди. Файзулла Хўжа уни таниди: у амирнинг жияни, амакисининг ўғли эди. У ўзини амир хазинабони деб таништирди. Айтишига қараганда, амир билан кетишга рози бўлмабди: «Мен хазина ва китобларни асрайман», — дебди. Эртаси куни Файзулла мени чақириб, Фрунзе билан амир хазинасини кўриб чиқишимни буюрди. Фрунзе, хазиначи ва мен бирин-кетин 5-6 хонага кириб чиқдик, уларда тахминан 15-20 қопча тилла танга ҳамда катта ҳажмда шаклсиз қуйма тиллалар жойлашган эди. Бошқа хоналар хотинларнинг ёқут ва ноёб тошлар билан безатилган тилла тақинчоқларн, зар тўну камдан-кам учрайдиган қоракўл теридан ишланган кийим-бошлар, шоҳона тож ва қимматбаҳо қиличлар билан лиқ тўла эди. Қиличлар орасидан дастасига бриллиант ва ёқут нақшлангани Фрунзега жуда ёқиб қолди. У қилични уч марта тақиб кўриб, яна жойига қўйди.
Охирги хона бойлиги фақат китоблардан иборат экан. Фрунзе негадир уйдан тез чиқиб кетди. У бизнинг одамларга ишонмай, хазинани қўриқлаш учун ўз соқчиларини қўйди. Ўша куни кўчадан икки аскарнинг ўлиги топилди. Уларни большевиклар атайлаб ўлдирган эдилар. Бу ўлдириш ҳисоби кечгача 6 кишига етди.
Куйбишев Бухорога келган кунининг эртаси амир хазиначиси отиб ўлдирилди. Биз ҳайратга тушдик. Бу воқеа Фрунзе билан Куйбишев хазинани айланиб юрганида содир бўлди. Хазиначи ўлдирилгач, хазина калити Фрунзе билан Куйбишев қўлига тегди. Шу куни Файзулла Хўжаев ички ишлар нозирлигига: «2—3 киши Арк атрофини кузатиб юрсин, шу кеча нимадир бўладигандек кўринади», — дейди. Менга эса яқин орадаги мажлисда орден таъсис этиш тўғрисида таклиф киритгин, деб буюрди. Фрунзе Бухорога келган кунидан бошлаб Арк ичида яшаётган эди. Куйбишевга ҳам яшаш учун Арк маъқул бўлди. Биз уларга хизмат учун одам бермоқчи эдик, негадир рад қилишди. Ўзларига содиқ аскарлардан бирини танлаб олишди. Эртаси куни Файзулла Хўжаев ички ишлар нозири билан узоқ вақт суҳбатлашди. Кейин менинг олдимга келиб; «Кеча мен ўйлаган воқеа юз берганга ўхшайди», — деди. У одатига кўра юзма-юз гаплашди. Мен ундан: «Қандай воқеа юз бериши мумкин?», — деб сўрасам: «Кечаси Аркка «черний зона»дан бир неча бўш арава келиб, юк билан чиқиб кетибди.
Хазинани ўмаришганга ўхшайди, — деди. Шу куни биз Фрунзедан орденга ишлатиш учун тилла керак, деб хазинанинг калитини олдик. Кирсак, бир кечада хазинанинг қарийб ҳаммасини гумдон қилишибди. Қаерга, нима учун олиб кетишганини била олмадик». (И. Худоёр. Файзулланинг армони. «Халқ сўзи», 1992 йил 23 май).
Бухоро Халқ Совет Республикасининг маориф, молия нозири вазифасида ишлаган Қори Йўлдош Пўлатов ҳам Бухоро халқ нозирининг тақдирини суриштириб билишга журъат эта олмаган. Борди-ю, сўроқлаб хазина ўғриларнни аниқлаган тақдирда ҳам маҳаллий ҳукумат раҳбарларининг қўлидан ҳеч нарса келмаслиги ўз–ўзидан аён эди. Амир ўрнига Фрунзе, Куйбишевга ўхшаган келгиндилар хўжайинлик қилишаётганди.
Маълумки, шу воқеалардан 60 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, бойлик учун, халқимизнинг бор-йўқ топганини супуриб-сидириб олиб кетиш учун уни очиқчасига масҳаралаб, таҳқирлаш, ҳақоратлаш яна бир бор такрорланди. 80-йилларда «Пахта иши», «Ўзбеклар иши» баҳонасида Марказ, КПСС малайлари, изқувар шайтонлари бўлмиш Гдлян ва Иванов бошчилигидаги террорчи жиноий-қидирув ходимлари олиб борган «қонуний» порахўрлик, мафия дастидан қанчадан-қанча истеъдодли раҳбар кадрларимиз ва пахта илмининг захматкашлари жабр кўрди. Улар меҳнатсевар, меҳмондўст, сахийқалб ўзбек халқини текинхўрлик, алдамчилик, дангасаликда айблаб, бутун жумҳуриятимизни қоралаб, унинг устига мағзава ағдаришди. Бироқ аслида эса, Гдлян ва Ивановларнинг тан олишларича, айб мошда эмас, тошда — пораҳўрликнинг боши Марказга, Кремлга бориб тақаларди. Марказдаги юҳо аждаҳолар нафсини қондириш учун Ўрта Осиё республикалари, жумладан, Ўзбекистон топганини уларга ташиб, марказга муте бўлиб яшаши керак эди. Узоқ йиллар шундай давом этди. Хўш, порахўрлик, ғаламислик ва ўша марказ билан муносабатларимиздаги бошбошдоқликнинг асл илдизи қаердан бошланган ўзи? Яна тарихга мурожаат қилишга тўғри келади. Россия оқ подшо империяси ва қизил имлерия даврида (1852—1991 йил) Туркистонни босиб олган чор ҳарбийлари, чиновниклари бу ердаги хонликлар бойлигини ва меҳнаткаш халқ мулкини талашдан ташқари Ўрта Осиё бойлари, амалдорларига ва меҳнаткаш халққа оғир солиқлар солдилар, улардан катта-катта совға-саломлар, поралар олиб турдилар. Масалан, Николай II тахтга ўтириши муносабати билан 1883 йилда Ўрта Осиёдаги уч хонлик амалдорлари катта совға-саломлар билан Россия подшоси ҳузурида бўлиб қайтган эдилар
Рус ёзувчиси В. Н. Гоголь ўз асарларида, жумладан, «Ревизор» номли асарида порахўрлик Россияда кенг авж олганлигини тарихий типик шахслар тимсоли орқали тасвирлаб берган.
Бир гал хорижда машҳур рус тарихчиси ва олими Карамзиндан:
— Россияда аҳвол қалай?, — деб сўраганда, у қисқа қилиб:
— Россияни ўғирламоқдалар («воруют»), — деб жавоб берган экан. Ҳозирда эса фақат Россиядагина эмас, бутун собиқ СССР ҳудудида жиноятчилик, безорилик ва ўғрилик, мафия Карамзин замонасидан бир неча юз баравар ошганлиги оддий ҳақиқат булиб қолди. Ажабланарли жойи шундаки, биз ёмонлаб келган Бухоро амирлиги ҳудудида яшаган 3 миллиондан зиёд аҳолидан фақат ўн, ўн беш киши ўғриликда айбланиб, зиндонга ташланарди. Ўғри, муттаҳам камлиги, дёярли йўқлигидан инқилобга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистонда қулф ишлатилмас эди. Ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ёзганидек, рус босқини бизга қулф билан ароқни олиб келди. Оқибатда ўғрилик авжига чиқди, динимиз, урф-одатларимиз ва барча қадриятларимиз поймол қилинди. Шундай экан, Россиядаги баъзи сиёсий доиралар «аввал ўзингга боқ, сўнг ноғора қоқ» қабилида иш тутиш ўрнига бошқа республикалар халқларини ҳамон айбсиз айблаб келмоқдалар. Зўравонлик, адолатсизлик ҳукм сурган мустабид тузум фақат туркистонликларнигина эмас, балки бутун Россия ўлкасини ҳам иқтисодий, сиёсий ҳалокат ёқасига олиб келиб қўйди.
Октябрь тунтаришидан кейин, 20—50-йиллардаги сталинча қирғинбарот даврида Ўрта Осиё ва Қозоғистон республикаларида ҳам минг-минглаб бегуноҳ одамлар қурбон бўлди.
Хуллас, XIX асрнинг иккинчи ярмида ҳарбий куч билан босиб олингандан кейин Ўрта Осиё ва Қозоғистон, яъни Туркистон Россиянинг 150 йиллик мустамлака юртига айланиб қолди. «Оқ империя» (1721 — 1917) ва В. И. Ленин бошлиқ «қизил империя» (1917—1991) ўз мустамлакаси меҳнаткашларини ҳар жиҳатдан эзиб, халқнинг моддий за маънавий бойлигини марказга ташишдан толмади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, қарийб бир ярим аср давомида чор Россияси ва кейинги 74 йиллик Совет империяси замонида Ўрта Осиё ва Қозоғистон ўлкасида бегуноҳ қурбон бўлганлар тақдири ва Россияга ташиб кетилган беҳисоб Хазина бойликларининг ҳисоб-китоби масаласи ҳамон очиқ қолмоқда. Бу масалани ҳал этиш, чамаси, ҳушёр, довюрак, идрокли, ақли расо, истеъдодли ёшларимиз – келажак авлодлар зиммасига тушади. Улар эски тутқунлик замонларига қайтишга ҳам ҳеч қачон йўл қўймасликларига иймонимиз комил.
Мажид Ҳасанийнинг “Юрт бўйнидаги қилич ёки истило” (Тошкент. «Адолат». 1997) китобидан олинди.