2001 йилнинг декабр ойи бошларида Тайваннинг собиқ раҳбари Ли Дэнхуэй оролдаги барча аҳолини Г.Чан ёзган “Хитойнинг умидсиз келажаги” китобини ўқишга даъват қилди. Унда коммунистик Хитойнинг эртанги куни ҳақида мулоҳазалар билдирилганди. Буни икковимиздан биримиз Гонгконгда сотиб олгандик. Китоб эркин савдода эди (мамлакат йўналишининг ёрқин тимсоли эди бу: давлат битта — тузум иккита). Г.Чан — келиб чиқиши Хитойдан бўлган америкалик, йигирма йилдан ортиқ Шанхайдаги америка компаниясида ишлаган. Ҳозирги Хитойда мавжуд бўлган жиддий муаммолар китоб муаллифини бу давлат инқирозга учрайди, унинг 5-6 йилгина умри қолди, деган фикрга олиб келган.
Лекин Хитойда ўз кўзимиз билан кўрганларимиз Г.Чаннинг башорати ҳақиқатдан жуда йироқ эканлигига яққол далил бўла олади. Ялпи ички маҳсулотнинг йилига 9 фоизга қадар ўсиши, миллиардлаб чет эл инвестициялари, минглаб қўшма корхоналар Хитой мамлакатига ва унинг тараққиётига нисбатан ишонч туйғусини уйғотарди.
Пекин — бу ХХ асрдаги Хитой, Шанхай ва Гуанчжоу эса — XXI асрдир. (Чекка ўлкаларда XIX, ҳатто XVIII асрга дуч келиш мумкин бўлса ҳам!) Эскирган иморатлар ўрнида ўнлаб кўп қаватли уйлар қад ростламоқда ва бундай ўзгариш бутун-бутун мавзелар миқёсида олиб борилмоқда. Ўн йилнинг нари-берисида Хуанпу дарёси қирғоғида янги замонавий шаҳар бунёд этилди.
Хитойга бориб Москва аэропортларининг мўъжазлигини пайқаб қоласан. Қисқа муддат ичида Пекинда янги йирик аэропорт, Шанхайда улкан Пудун аэропорти, Гуанжоуда энг катта — Осиёда мисли йўқ аэропорт бунёд этилди. Гуанчжоуда Осиёдаги энг улкан метро қурилди. Пекинда олтита ҳалқа йўл мавжуд. Пекинда, Шанхайда, Гуанчжоуда катта йўллар аэропортни деярли шаҳар маркази билан туташтиради. Агар бундан ўн йиллар муқаддам Хитой шаҳарлари кўчаларининг кўпчилигида чет эл автомашиналари юрган бўлса, энди улар қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилган машиналар билан тўла.
Яна Хитой Москвадан шуниси билан фарқ қиладики, агар Москвада ҳар қадамда милиционерга дуч келсангиз, Хитойда бу ҳолни учратмайсиз. Ҳа, бу ерда ҳам безорилар, ўғрилар, бошқа жиноий унсурлар бор. Бироқ Хитойда чет эл фуқароларига тажовуз йўқ, уларни ўлдириш ҳоллари учрамайди. Бу борада бизга биргина воқеа маълум: бундан бир неча йил илгари Нанкинда немис фирмаси вакили оиласи — ота-она ва уларнинг икки фарзанди ўлдирилган эди. Қотиллар ишсиз деҳқонлар бўлиб чиққан. Улар тезда қидириб топилган ва суд ҳукми билан отилган. Хитой Ташқи ишлар вазирлигида Германиянинг фавқулодда ва мухтор элчисидан бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеа юзасидан расман кечирим сўралган. Россияда чет эл фуқаролари ўлдирилиши камёб ҳодиса эмас, бироқ биз бунга ўхшаш ҳодисалардан кейин бирор марта узр сўралганини эслай олмаймиз. Хитой ҳақиқатан ҳам чет эл инвестицияларидан, сайёҳатчиларидан, талабаларидан манфаатдордир, шу боисдан ҳам чет эл фуқаролари бу мамлакатда дахлсиздирлар ва ҳар жиҳатдан уларга қулайлик яратилган.
Нима учун миллиардлаб долларлар Хитой томон оқади, нима учун бу мамлакатда минглаб чет эл тадбиркорлари иш юритадилар? Чунки бу юртда сиёсий мўътадиллик бор. У давлат ва партия таркибидан тикланган қатъий ҳокимият устуворлигига таянади. Ҳокимият бозор эркинлигини жиноят ахлидан ҳимоя қилади. Қисқа муддатда ўз бизнесини йўлга қўйиб олган хитойлик тадбиркор биз билан суҳбатда, Хитойда “қўриқчи ҳам, паноҳ ҳам” йўқлигини айтди. “Паноҳ” деганда у рекэт тажовузидан сақланишни назарда тутган эди.
Нима учун Хитойда рўёбга чиққан нарса Россияда амалга ошмади? Бировлар буни арзон ишчи кучининг кўплиги билан, бошқа бировлар — хитойликларнинг ўта меҳнатсеварлиги билан, учинчилар эса уларнинг миллий характери, менталитетидаги алоҳида хусусиятлар билан тушунтирмоқчи бўладилар. Бизнинг назаримизда, бу шу билан изоҳланадики, хитойликлар янгиланиш моделини танлаш жараёнида мамлакатларининг ўзига хослигини ҳисобга олганлар ва хитойлик бўлиб қолиш аҳдидан воз кечмаганлар, илло америкалик ёки бошқа бўлишга интилмаганлар. Мамлакат раҳбарияти аҳоли ҳисобини ҳам, иқтисодий даражанинг дастлабки ҳолатини ҳам, табиий бойликлар тақчиллиги-ю, саводли кадрлар танқислигини ҳам эътибордан соқит қилмаган. Шу боисдан ягона марказлашган раҳбарлик — авторитар тизим зарур бўлган. Авторитар тизим ўз-ўзидан тараққиётни таъминлай олмайди, бироқ Хитойда у изчил янгиланиш дастури билан узвий боғланган ҳолда ҳаётга жорий этилган. Хитой раҳбарияти шуни яхши англагандики, модернизациялаш — қисқа муддатли иш эмас, балки узоқ давом этадиган жараёндир.
Хитойдаги ислоҳотлар муваффақиятини мамлакатнинг гуллаб-яшнаши учун сўзда эмас, амалда жон куйдирувчи якдил фикрлар жамоаси таъминлар эди. Бу ишлар бошида ўткир тафаккур соҳиби Ден Сяопин турарди. У атиги бир неча ойгина француз заводларидан бирида ишчи бўлиб ишлаган ва Москвадаги Коминтерннинг ленинча мактабларида сабоқ олган, бироқ муҳими, ўнлаб йиллар партия ишларида фаолият кўрсатиб катта тажриба орттирганди. У шуни яхши англардики, сиёсат, фан, санъат билан шуғулланишдан олдин озиқ-овқат, турар жой, кийим-кечакка эга бўлиш лозим. Шу боисдан Хитойдаги ислоҳотлар иқтисодиётдан, қишлоқлардаги муҳтожликни бартараф қилишдан бошланди. Ислоҳотлар жараёни Хитой компартиясида қотиб қолган ақидалардан, марксча тафаккурдан воз кечишга, кадрларни янгилашга қаратилган туб ғоявий қайта қуришлардан бошланди. Миллатларнинг саъйи ҳаракати демократия ва инсонпарвар социализм борасидаги самарасиз баҳслар ботқоғига эмас, ижодий бунёдкорлик мақсади сари йўналтирилди.
Хитой ислоҳотларининг услубияти — босқичма-босқичлик ва миллий шарт-шароитни ҳисобга олишдан иборат. Бу — инқилобдан фарқ қилувчи “ислоҳотнинг олтин ҳалқасидир”: ислоҳотларнинг кечиш жараёнини одамлар лаёқатига мувофиқлаштирган ҳолда унга кўниктириб боришдир.
Хитой компартияси раҳбариятида ислоҳотга қарши чиқувчилар, “ақидапарастлар” кўп эди. Бироқ Ден Сяопин қишлоқ хўжалигини қайта қуриш соҳасидаги ўзининг аниқ дастурини баён этиб, уларнинг эътиборини қозона билди ва улар бутун Хитой аҳолиси туб манфаатларини ҳимоя қилувчига қарши фикр-мулоҳаза айтишдан ожиз қолдилар. Раҳбарлик лавозимларига “ақидапарастлар” ўрнига уларга қараганда ёш, мураккаб иқтисодий вазиятларни чуқур идрок эта олувчи кадрлар келди. Одатдагидек, улар бир жиҳатдан, катта амалий тажрибага эга, бошқа жиҳатдан, нафақат Хитойда, балки хорижда ҳам, кўпроқ Ғарбда таълим олган кишилар эли.
Гуанчжоуда дунёнинг ҳеч бир ерида йўқ ҳодисанинг шоҳиди бўлдик. Оролнинг 22,5 кв.км майдонга эга Паньюэ қисмида 2000 йилдан бошлаб университетлар шаҳри бунёд этилмоқда ва у ўзида ўқув бинолари, лабораториялар, талабалар учун ётоқхоналар, ўқитувчилар учун яшаш уйларини мужассам қилган. Хитойнинг кўплаб шаҳарларида, асосан чекка ўлкаларида олий ўқув юртларининг янги бинолари қурилиши жадал бормоқда.
Бугун Хитойнинг коммунистик партияси 80-йиллар бошидаги “йўлбошчи” эмас, тамомила бошқачадир. Ташкилий тамойилларга кўра ва ўз-ўзидан тушунарлики, Хитойнинг ўзига хос шарт-шароитини ҳисобга олган ҳолда, у ҳамон коммунистик бўлса-да, назарий асосларига кўра ХКП социла-демократик партияларга кўпроқ яқиндир. Бу ўринда мулкка бозор иқтисодиёти тартиб-қоидаларига, чет эл капитали ва бошқаларга нисбатан бўлган муносабат шаклларини эсга олиш кифоя.
“Маданий инқилоб” йилларида Хитойда “ҳамма соҳани ишчилар синфи бошқаради” деган шиор ҳукмрон эди. Уни бугун фақат истеҳзо билан эслашади. Партия ва давлат идоралари ходимларидан кейин ҳозирги Хитой жамиятида зиёлилар тобора кўпроқ салмоққа эга бўлиб бормоқда. Бу, аввало, уларнинг моддий аҳволи кескин яхшиланиб бораётганлигида кўринади — масалан, олий ўқув юртлари ўқитувчилари эндиликда 1000 юандан 8000 юангача мояна (кўп нарса стажга ва савия даражасига боғлиқ) олади, яъни бу 125 дан 1000 долларгача демакдир. Озиқ-овқат сифати, маҳсулотларнинг ва кийим-кечакнинг арзонлигига кўра бу пул Россиядагига қараганда анча баракалидир. Хитойдаги ўқитувчилар ва илмий ходимлар маоши уларнинг Россиядаги ҳамкасблариникидан анча баланд. Фалсафа институти профессори 2000 юань, яъни 250 доллар маош олади. (Россиядаги академия институти ходимининг иш ҳақи 100 доллардан ошмайди.)
Зиёлиларнинг яшаш шароитлари тубдан яхшиланди. Кўплаб ўқитувчилар ва илмий ходимлар янги уй-жойларга эга бўлдилар. Биз бир неча ўқитувчиларнинг уйларида бўлдик — уларнинг умумий майдони 120 дан 200 кв.метргача бўлиб, ҳамма замонавий қулайликлар мавжуд. Президент Путин ҳаммавақт ипотеканинг фойдаси ҳақида гапиради, бироқ Россиядаги банкнинг қашшоқ профессорга ипотека кредити беришини тасаввур қилиб бўладими? Жавоб ўз-ўзидан аён. Хитойда ипотека зиёлилар вакилларига нисбатан жуда яхши фаолият кўрсатади. Уларнинг мояна даражаси, стаж ва ёшини ҳисобга олган ҳолда, 10 йилдан 20 йилгача, кўпроқ имтиёзли, бозор баҳоларидан паст шартларда кредитлар беришади. Битта мисол: Сиань хорижий тиллар институтида. 2003 йилда — ўқитувчилар ва ходимлар учун 24 қаватли уй, 2005 йилда яна 5 та турар жой: 32 қаватли, 18 қаватли ва 3 та 8 қаватли уй бунёд этилган. Бундай турмуш қулайликлари олий ўқув юрти ва академия зиёлилари учун бўлди, ўрта мактаб ўқитувчилари, шифокорлар ва бошқалар учун ҳам яхши шароитлар яратилди.
Хитойда илмий тадқиқотлар учун катта эътибор қаратилган, Хитой фанлар академияси, Хитой муҳандислик академияси ва Хитой ижтимоий фанлар академияси институтлари учун маблағ сезиларли даражада оширилган. Шу боисдан Хитой фанининг яқин орада жиддий юксакликларга кўтарилиши шак-шубҳасиз.
Хитой иқтисодиётининг анъанавий соҳаси, аввало енгил саноат туфайли қаддини ростлади. У дунёнинг 80 фоизини ички кийим билан таъминлайди. Бироқ у бугунги кунда оғир саноатдаги ютуқлари билан қаноатланиб қолаётгани йўқ ва бу борадаги янги технологияни ўзлаштирган ҳолда жаҳон иқтисодиёти сари интилмоқда. Хитой Россия олимларининг теран тадқиқотлари натижаларини амалда қўллашга катта қизиқиш билан ёндашмоқда.
Хитойликлар халқаро воқеалар ҳақида ҳақиқий ахборотга эгадирлар. Мамлакатда “Ахборот янгиликлари” ҳафтаномаси энг оммавий ва кўп нусхада чиқадиган газета саналади. Унда чет эл агентликлари, радиостанциялари ва рўзномалари хабарлари ҳамда мақолалари таржималари шарҳларсиз ёритилади, китоблардан парчалар, ҳарбий таълим, фан, тиббиёт, маданият ва бошқа соҳалардаги янги маълумотлар босилади. Сўнгги саҳифада чет эл нашрлари мухбирларининг Хитой ҳақидаги фикрлари (баъзан аччиқ, кўнгилга ўтирмайдиган), шунингдек, Тайваннинг бу мамлакатга муносабатига доир мақолалар босилади.
Хитойда мафкура борасида эркинлик мавжуд, фақат “тўртта асосий тамойилни” танқид тиғига олиш мумкин эмас: мамлакат тараққиётининг социалистик йўналиши, коммунистик партиянинг раҳбарлик роли, марксизм-ленинизм ва Мао Цзедун ғоялари ҳамда халқ демократик диктатураси. Бошқа барча масалаларни муҳокама қилиш мумкин. Хитой ҳукумати қошида камтарона тараққиётни ўрганиш маркази номи билан стратегик таҳлил вазирлиги фаолият кўрсатади ва у тўғридан-тўғри мамлакат раҳбариятига чиқиш ҳуқуқига эга. Унда 250 дан ортиқ юқори малакали мутахассислар ишлайди, уларнинг кўпчилиги турли ёшдаги профессорлардир. Марказқўмнинг сиёсий бюроси етакчи олимлар билан учрашувлар ўтказиб туради ва бу учрашувларда унинг аъзолари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига доир турли масалалар бўйича маслаҳатлашадилар.
Марксизм-ленинизм ва Мао Цзедун ғоялари ўзининг устувор ролини «Ден Сяопин назариясига хос “уч карра ваколат» ғоялари»га ўрнини бўшатиб бермоқда. Улардан кейингиси бутун халқ, ишлаб чиқариш ва маданиятнинг илғор кучлари манфаатларини ёқловчи партиянинг бош йўналишини белгилайди. Марксизм-ленинзм ва Мао Цзедун ғоялари тобора ўтмишга чекиниб, тарихийлиги жиҳатдангина аҳамиятли бўлиб қолмоқда.
Хитойда турли тоифадаги китобхонлар дидига мўлжалланган минглаб марказий ва жойлардаги газета-журналлар чоп этилади. Давлат тасарруфига кирадиган, лекин расмий бўлмаган нашрлар пайдо бўлди, улар жамиятнинг ҳар кунги ҳаёти ҳақида, илгари қаламга олинмаган мавзулар, масалан, жиноятлар, кўча ҳодисалари, коррупция, киноюлдузлар, спорт соҳасидаги сиймолар ҳақида жонли, қизиқарли маълумотлар, ҳикоялар бериб боради.
Бу ерда телестудиялар Россиядагидан кўра кўпроқ тармоққа эга. 12 та умумдавлат каналлари (биттаси инглиз тилида) мавжуд. Сериалларнинг сон-саноғи йўқ. Бироқ улар Россия телевидениесидаги каби криминал мавзуларни ёритмайди. Улар, асосан, ишлаб чиқариш, оила турмуши муаммоларига бағишланган; шунингдек тарихий мавзулар — қадим ўтмишдан тортиб коммунистик партиянинг ҳокимиятни қўлга олиш учун интилган Гоминданга қарши олиб борган курашларини ёритган телесериаллар ҳам жуда кўп. Хитой оммавий ахборот воситалари ватанпарварлик, миллий қадрият, ўз мамлакатидан ифтихор туйғуларини тарбиялашда асосий восита бўлиб хизмат қилади. Хитой телевидениесида ахборот бериш тарзи қуйидагича: аввал асосий вақтни эгалловчи мамлакат ичкарисидаги янгиликлар, кейин — халқаро мавзуга оид кўрсатувлар намойиш этилади.
Мана, неча йилдирки, Пекиннинг Тяньаньминь марказий майдонида ҳар куни давлат байроғини кўтариш ва тушириш тантанаси ўтказилади, унда фахрий қоровул саф тортади. Биз Хитойга сафаримиз фазога космик кема икки космонавтни олиб чиққан пайтга тўғри келди. Бу фуқароларда ватанпарварлик туйғусини янада жўшдириб юборди.
Албатта, ҳозирги Хитой тараққиётини фақат ёрқин рангларда бериш унчалик ўринли эмас. Мамлакат компартиясининг Ху Цзиньтао бошчилигидаги янги раҳбарияти шундай ижтимоий муаммоларга дуч келмоқдаки, уларнинг муваффаққиятли ечими мамлакат келажаги билан узвий боғлиқдир. Иқтисодий муаммоларнинг аксарияти, айниқса, аҳолининг учдан икки қисми яшайдиган қишлоқларда учрайди: деҳқонлар ва шаҳарликларнинг даромадлари ўртасидаги фарқ жуда катта, деҳқонларнинг ерларини шаҳар қурилиши учун тўхтовсиз равишда тортиб олиш давом этмоқда. Ерсиз қолиш ва жуда кам даромад оммавий кўчишларга сабаб бўлмоқда. Оқибатда, кўплаб қишлоқларда фақат чоллар, аёллар ва болаларгина қолмоқдалар. Маҳаллий ҳокимиятлар томонидан амалга ошириладиган бошбошдоқликлар ва ортиқча солиқлар аҳолининг норозилигига сабаб бўлади, айрим ҳолларда бу норозилик маҳаллий партиялар биносини ёқиш ва бошқа ғалаёнлартарзида намоён этилмоқда.
Бу борада бошқа ўта муҳим муаммоларни ҳам кўрсатиш мумкин. Булар ишсизлар ва ярим ишсизлар сонининг кўпайиб бораётганлиги, давлат секторига қарашли кўплаб корхоналарнинг зарарга ишлаши, коррупциянинг авж олиб кетганлиги, нақд пул тақчиллиги, шаҳар ва қишлоқ, денгиз бўйи ва ғарбий минтақалар ривожланиши ўртасидаги улкан фарқ, энергия манбаларининг жиддий етишмовчилиги ва шу кабиларда кўзга ташланади. Бироқ улкан аҳолига эга, ривожланиш даражаси Россия шароити сингари ноқулай тарздаги мамлакат қисқа тарихий муддатда ўзини тиклаб олишдан ташқари, дунёнинг иккинчи кучли давлатига айлана билди ҳам.
Кейинги уч йил ичида янги раҳбарият инқироз ҳолатларини бартараф этувчи қатор чораларни кўрди. Ўн биринчи беш йиллик (2006-2010 йил) бутунлай “маркетлаштиришга” қўйилган ортиқча ружу ва бу йўлдаги хатоларни тўғрилашга йўналтирилади. Албатта, мавжуд муаммоларни беш йил ичида ҳал қилиб бўлмайди, бунинг учун ўнлаб йиллар керак бўлади.
“Литературная газета”нинг 2006 йил 1-7 февраль сонидан олинди.
Мирпўлат Мирзо таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон