Қуйидаги сатрларни кўзда ёш, қалбда изтироб билан ёздим.
Муаллиф
Ривоят қилишларича, қадим замонда Ҳиндистонда браҳманлар бир қизалоқни мукаммал тарбиялайдилар. Улғайганида бағоят гўзал малакка ҳамма йигит ошиқ бўлиб қолади. Лекин унинг висолига етмоқ учун мисли кўрилмаган қаҳрамонликлар кўрсатиш шарт эди. Рожанинг яккаю ёлғиз ўғли, минглаб гўзал қизларнинг ишқи тушган Ал Иса шартларни бажаришга муваффақ бўлади. Ниҳоят шоҳона либосларга бурканган Ал Иса мушку анбар сепилган гўшангага киради. Ал Иса қалбини неча йиллардан бери ром этиб келаётган малакнинг юзидаги пардани кўтариб… анграйиб қолади. Рўпарасида кўзлари шилпиқ, киприк-қошлари тўкилиб кетган, юзини ажин босган 90 яшар кампир илжайиб турар эди…
“Кимдир бизни сотди… Немислар партизанлар отряди қаерда жойлашганини билиб олди. Ўрмонни, унга олиб борадиган барча йўлларни ўраб олишди. Биз қуюқ чангалзорларга яшириниб олдик; ботқоқликлар жонимизга оро кираётган эди. Юҳо ботқоқлик! Техниканиям, одамларниям буткул ютадиган ажал коми. Ҳафталаб ҳиқилдоғимизгача сувга ботиб турардик. Сафимизда яқинда фарзандли бўлган радист аёл ҳам бор эди. Гўдак оч, тинмай йиғлайди. Лекин онанинг ҳам қурсоғи бўш, кўкрагида сут йўқ. Агар ёнгинамиздаги жазо отрядининг итлари эшитиб қолса, борми… Ўттиз кишининг ҳаммасини муқаррар ажал кутади!.. Сизга тушунарлидир? Қарор қабул қиламиз… Командирнинг буйруғини етказишга ҳеч ким ботинолмай туради, лекин онанинг ўзи ҳаммасини фаҳмлайди. Йўргакни сувга ботиради… Гўдаккина бошқа қичқирмайди… Бизнинг бошимиз хам. На онага, на бир-биримизга қарай оламиз… (Асардан келтирилаётган парчалар таржимаси муаллифга тегишли — М.Т)”.
“Тонг саҳарда жазо отряди қишлоғимизга ўт қўйди… Ўрмонга қочган одамларгина омон қолди. Қуруқ қўл билан, ҳатто бир бурда нонсиз қочибдилар. Кечқурун қўшнимиз Настя хола ҳадеб ҳиқиллайвергани учун қизини дўппослади. Юлияжон, менинг дугонам, нозик-ниҳолгина эди. Доим касалга чалиниб юрарди. Настя холанинг яна тўрт ўғилчаси ҳам бор, барчаси нон сўрашарди. Оқибатда Настя хола жинни бўлиб қолди: “У-у-у… У-у-у…” Кечқурун Юлиянинг ялиниб-ёлвораётганини эшитдим: “Ойижон, сен мени сувга чўктирмагин, хўпми?! Мен бошқа бунақа қилмайман… Сендан энди нон сўрамайман. Бошқа бундай қилмайман…”. Эрта тонгдан мен Юлияжонни бошқа кўрмадим…”.
“Биз асирларни дарров отиб ташламас эдик, бу улар учун жуда ҳам енгил ўлим бўларди. Душман асирларини худди чўчқани бурдалагандек болта билан бўлак-бўлак қилардик. Мен буни томоша қилишга борар эдим… Кутардим! Оғриқ азобидан уларнинг кўзлари нақ қинидан чиқиб, ёрила бошлашини узоқ кутардим… Косасидан отилиб чиққан қорачиқ… Сиз бу ҳақда нимаям билардингиз?! Улар менинг онамни, сингилларимни қишлоқ ўртасида тириклай ёқишган эди…”.
“Ҳужумга ўтдик. Биринчи немис посёлкалари… Биз — ёшмиз, кучлимиз. Тўрт йилдан бери аёл юзини кўрганимиз йўқ. Ертўла тўла вино, газак. Немис қизларини тутиб келамиз ва… ўн одам бир қизни кетма-кет зўрлаймиз… Ўн икки-ўн уч ёшдаги қиз… Мабодо йиғласа урардик, оғзига бирор нарса тиқиб қўярдик. У азобланарди, бизга эса бу завқли эди. Мен бунга қандай ботинганимимизни ҳозир тушуна олмайман… Зиёли оиланинг ўғли… Лекин бу мен эдим… Биз фақат ўзимизнинг қизлар, ҳамширалар қилмишимиздан воқиф бўлиб қолишидан қўрқар эдик…”
“Қуршовга тушиб қолдик… Ўрмонлар, ботқоқлар бўйлаб дайдиб юрдик. Баргларни едик, дарахт илдизларини едик. Биз беш киши эдик, орамизда эндигина армияга чақирилган ўсмир ҳам бор. Ярим кечаси қўшним пичирлади:
— Бола яримжон бўлиб қолди, барибир ўлади…. Сен мени… тушуняпсанми…
— Нима демоқчисан ўзи?
— Одамнинг гўштини еса бўлади. Бу ҳақда менга бир “зек” айтган… Улар Сибирдаги қамоқдан қочган экан. Ўшанда атай бир болани ҳам ўзлари билан олиб кетишган. Шу йўл билан омон қолишган экан…
Бир мушт туширай десам, мажолим қолмаган. Эртасига биз партизанларга дуч келдик…”.
“Кундузлари немислардан қўрқар эдик, кечқурун эса партизанлардан. Менинг биттагина сигиримни партизанлар тортиб олиб кетишди, мушугим билан қолдик. Партизанлар оч, дарғазаб. Мен партизанларнинг ортидан ўн чақиримча эргашиб бордим. Ялиндим, қайтариб беришар деб. Кулбада уч болам қолган эди…”.
Муҳтарам ўқувчи! Бу юракни эзувчи воқеалар жорий йилда адабиёт бўйича халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлган адиба Светлана Александровна Алексиевичнинг “Уруш аёл чеҳрали эмас” китобига кирмай қолган лавҳалар. Китоб босмадан чиққан 1984-85 йилларда цензор: “Бу — ғирт ёлғон! Бу — Европанинг ярмини озод қилган совет солдатига ҳам, партизанларимизга ҳам, қаҳрамон халқимизга ҳам туҳмат. Бизга муаллифнинг кичик бир тарихи керак эмас, бизга катта тарих керак. Ғалаба тарихи! Муаллиф ҳеч кимни севмайди! Бизнинг буюк ғояларимизни ҳурмат қилмайди”, деган “айб” қўйган.
Светлана Алексиевич Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган аёллар жасоратини кўрсатишни мақсад қилгани аниқ. Шу ўринда бир мулоҳаза пайдо бўлади. Нима учундир ёзувчи славян аёлларидан бўлак аёлларни қаламга олмайди. Ҳолбуки, бошқа миллатлар вакиллари, хусусан, бир миллиондан ортиқ ўзбек йигит-қизи жанггоҳдарда жон олиб-жон берди.
Мен ўтган асрнинг 60-йиллари бошида қайсидир журнал ёки газета саҳифасида ўқиган мақолада урушда иштирок этиб, неча юзлаб ярадорни ўлимдан қутқарган, жанг майдонидан елкалаб олиб чиққан ўзбек ҳамшира қизи ҳақида ёзилган эди. Ўша қиз ўлимдан қутқарган ярадор йигитлардан бири — ўзбек йигити урушдан кейин ҳамширани излаб топади. У пайтда қиз икки оёғини жанггоҳларга ташлаб келган, уйида бир аҳволда ўтирарди. Йигит шу қизга уйланиб, ҳаётининг қолган қисмини унга бағишлайди…
Қримлик Тамара Иванова Кураева шундай эслайди: “Мен уруш ҳақида ҳикоя бошласам, шу заҳотиёқ гапиришга иштиёқим йўқолади, ҳаммасини унутгим келади. Эндиликда газета ўқисам ёки “Время”ни кўрсам, шу қадар юрагим сиқиладики… Қаердадир уруш бўлаётгани, қаердадир одам ўлдирилаётгани ҳақида ўқиб қолсам, “Йўқ! Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас!” дея оламга жар солиб бақиргим келади. Нега биз шунчалар жафо чекдик? Нега ёш-ёш йигит-қизлар умрининг баҳор фасли ўлиб кетди? Мен икки ярим йил фронтда ҳамшира бўлдим. Менинг қўлларим минглаб жароҳатларни боғлади, қон бердим, ўлаётганлар устида кўз ёш тўкдим. Ҳозирги пайтда соғлиғим ёмонлашгани, асабим заифлашгани тасодиф эмас. “Қанақа мукофотлар олгансиз?” дея сўрашганида, “Мени мукофотлашмаган, тақдирлашга улгуришмаган”, деб жавоб беришга хижолат бўламан. Балки урушда биз жуда ҳам кўпчилик бўлганимиз учун улгуришмагандир ва ҳаммамиз виждонан ўзимизга юклатилган ишни бажарардик. Ҳаммани мукофотлаш мумкинми ахир?” (Мумкингина эмас, ҳам қарз, ҳам фарз эди! Инсоният тарихидаги хасисликнинг энг улкани сизларга қилинган, дея айтгим келади. — М.Т.)
Бу хотиралар кишини турли хотираларга, мулоҳазаларга чулғайди. Қайсидир бир мамлакат маҳбусхонасида икки она — инсон ва маймун устида эксперимент (тажриба дейишга тилим бормади. — М.Т.) ўтказилади. Иккисини ҳам болалари билан алоҳида-алоҳида хоналарга қамаб қўйиб, хоналарни сув билан тўлдира бошлашади. Бу ҳақдаги ҳисоботда ёзилишича, сув тўпиққа етганда аёл ҳам, маймун ҳам курси устига чиқиб, боласини юқорироқ кўтариб турган. Сув баландлаб борган сари улар ҳам болаларини янада юқори кўтараверган. Ниҳоят, сув оналарнинг бўғзидан ҳам ошиб, нафас йўлини тўса бошлаган. Шунда она маймун, муаллиф хулосасининг тасдиғи ўлароқ, боласини оёғи остига қўйиб, ҳаводан нафас олишга киришади. Инсон эса (садағаси кетай!) токи ҳушини йўқотгунча боласини икки қўли билан даст кўтариб тураверади…
Ёки бошқа бир мисолга диққатни қаратайлик. Бундан қирқ йиллар аввал Чилидаги кўп қаватли бир иморатнинг учинчи қаватида ёнғин чиқади. Кўрсатма бўйича, 1-3-қаватдагилар дарҳол кўча томон қочади, 4-7-қаватдагилар эса қирқ қаватли бино томига элтувчи йўлак сари шошади. Бино томи аста-секин одам билан тўлиб, том четидагиларнинг баъзилари пастга қулай бошлайди. Шундай мудҳиш аҳволга қўлида гўдаги бўлган ёшгина аёл ҳам дучор бўлади ва у боласини маҳкам бағрига босганча ерга шўнғийди. Лекин фарзандга бўлган меҳр кучини кўрингки, аёл ҳатто ерга йиқилганда ҳам боласини осмонга кўтариб, ўзи ўлса-да, унинг ҳаётини сақлаб қолади.
Хўш, ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам кузатиш мумкин бўлган бундай сон-саноқсиз фидойиликларни бирор-бир миллатгагина дахлдор деб бўладими?! Тўмарис она, Жанна д’Арк, Индра Ганди, Беназир Бхуто, Маргарита Тетчер, Ангела Меркель… Бундай шарафли номлар ҳар бир халқда бор. Бинобарин, Ватан, фарзанд, оила учун жонфидолик қилган аёлларни битта миллатнинг фахри дейиш хатодир, улар бутун инсониятнинг фахри!
Аслида, ўқувчида фикр уйғотган, мулоҳазага чорлаган китоб — қадрлашга лойиқ. Келинг, биз ҳам, яхшиси, Светлана Алексиевичнинг “Уруш аёл чеҳрали эмас” китобидан парчалар келтира бориб, фидойи, мард ва қаҳрамон аёлларга нисбатан даҳшатли уруш жараёни давомида ҳам, уруш тугагач, қирқ йил мобайнида юритилган кўрнамаклик сиёсати пайтида ҳам қилинган жабру зулм ҳақидаги таъсирчан лавҳалар ҳақида фикрлашиб борайлик.
“Мана, рўпарамда улардан бири ўтирибди, ойиси уруш арафасида агар ёнида ҳамроҳи бўлмаса, “Кичкинтойим”, дея бувисиникига юбормаслигини, ушбу “кичкинтой” орадан икки ой ўтар-ўтмас фронтга жўнаганини ҳикоя қилиб бераётир. Санинструктор бўлиб Смоленскдан Прагагача жанг қилиб борган. Уйига йигирма икки ёшида қайтиб келган, унинг тенгқурлари ҳали қизалоқ бўлиб юришибди, у эса кўп яшаган, кўпни кўрган ва кўп таассуротларни бошидан ўтказган одам: уч маротаба ярадор бўлган, улардан бири оғир — кўкрак қафасидан бўлган, икки маротаба контузияга учраган, уни тупроқ билан кўмилган окопдан қазиб олишганида сочлари оқариб кетган эди. Лекин аёллик ҳаётини бошлаши — яна енгилгина кўйлак, туфлини кийиб юриши, турмушга чиқиши, фарзандли бўлиши керак эди. Эркаклар урушдан ногирон бўлиб қайтса-да оилали бўлар эди. Аёлларнинг урушдан сўнгги қисмати эса фожиали эди. Уруш улардан ёшлигини, эрларини тортиб олди; уларнинг тенгқурларидан озгинасигина қайтиб келди. (Уруш эмас, доҳийлик даъвосида бўлган кибрли, манман, урушқоқ императорлар тортиб олди сиздеклар бахтини! — М.Т.) Улар буни статистикасиз ҳам яхши билишар эди, чунки эркаклар босиб-янчиб ташланган майдонларда мук тушиб ётишар, ушбу бушлатдаги оталар, эрлар, ака-укалар, куёв йигитларни эндиликда сира ҳам оёққа турғаза олмаслигингга, улар абадулабад биродарлар қабристонида қолишига сира ҳам ишонгинг келмасди. Ярадорлар шу даражада сероб эдики, гўё бутун олам ярадорлардан иборатдай…” Бу — катта сержант, ҳамшира Анастасия Сергеевна Демченко хотиралари.
Энди катта сержант, снайпер Клавдия Григорьевна Крохина эсдаликларига эътибор беринг:
“Мен фронтдан сочларим оқариб келдим. Ёшим йигирма бирда, мен эса жудаям рангпарман. Яралангандим, контузия бўлгандим, бир қулоғим оғир эди. Ойим аввалига: “Мен ишонар эдим сенинг қайтиб келишингга! Мен сени деб эртаю кеч илтижолар қилардим!” деган сўзлар билан кутиб олди. Билсам, акам бояқиш фронтда ҳалок бўлибди. Онам йиғлаб: “Мабодо ярадор бўлса, қиз бола ногирон бўлиб қолганидан кўра ўлиб қўяқолгани дуруст, деб илтижо этардим”, деди.
Биз яқингинада, саккиз йилча бурун, ўзимизнинг Машенька Алхимовани топдик. У ярадор артдивизион командирини қутқариш учун эмаклаб бораётганида рўпарасида снаряд портлаган. Командир ҳалок бўлган, қизнинг эса икки оёғи майда-майда бўлиб кетган. Биз уни медсанбатга олиб бораётганимизда “Қизлар, мени отиб ташланглар!.. Бу ҳолимда кимгаям керакман?!” деб зор-зор йиғлаб ўтинар эдики, асти қўяберасиз… Уни госпиталга жўнатишди, биз эса яна илгарилаб, ҳужумга ўтиб кетдик. Шу билан дугонамизнинг изини йўқотиб қўйдик. Ёзмаган жойимиз қолмади, лекин дарак йўқ… Бизга Москва шаҳри 73-мактабининг ўқувчилари ёрдам беришди. Улар Машани ногиронлар уйидан топишибди. Маша госпиталма-госпиталь кўчиб юрган, ўнлаб операцияни бошдан ўтказган. Онасига эса ўзининг ҳаёт экани ҳақида хабар бермаган… Буни сиз тасаввур эта оласизми? Мана, уруш дегани нима!.. Биз уни ўз учрашувимизга олиб келдик. Президиумда ўтираркан Маша ҳўнг-хўнг йиғлар эди. Сўнг у онаси билан учрашди, орадан ўттиз йил ўтиб…”
Антонина Максимовна Князева, кичик сержант, алоқачи:
“Онамнинг ўғли бўлмаган, беш қизни вояга етказган. У биз билан Сталинградга эвакуация қилинди. Сталинград қамал этилганида ўз хоҳишимиз билан фронтга кетдик… Ҳамма кетди… Бутун оиламиз: онам ва беш қиз, отамиз бу пайтда жанг қилар эди…”
Альбина Александровна Гантимурова, катта сержант, разведкачи:
“Холам “Уруш” дея йиғларди, мен эса фронтга бориб, ўзимни кўрсатишдан хурсанд эдим. Қон нима эканини қаёқдан ҳам билибман? Мен суткалаб ухламас эдим, ярадорлар шунақа кўп эдики… Менга медаль беришди ва шу куниёқ вазифа билан жўнаб кетдик. Ўшанда мен биринчи марта аёллар касалига чалингандим… Қонни кўриб бақириб юбордим:
— Мени яралашди!..
Разведкада биз билан кекса ёшдаги фельдшер эркак ҳам бор эди. У мендан:
— Қаеринг яраланди? — деб сўради.
— Билмадим қаерим… Лекин қон…
Шунда у менга худди отам каби бор гапни тушунтириб берди.
Уруш тугади, менинг уч орзуим бор эди: биринчиси — ниҳоят қорним билан судралмайман, балки троллейбусда юраман, иккинчиси — бутун, оппоқ нон сотиб олиб ейман, учинчиси — оппоқ тўшакда ухлайман”.
Ҳарбий фельдшер Мария Афанасьевна Гарачук эсдаликлари:
“…Ярадорни опичлаб бораяпман. Шунда бирдан аниқ-тиниқ бола йиғисини эшитиб қолдим. Бола зўр бериб ёрдамга чақирарди. Мен ақлдан озай дея майдонда довдираб у ёқдан-бу ёққа югурардим — қаерда, ким ўзи? Беш яшар қизалоқни пачақланган танк остидан топгунимча чопдим. Мен у қизалоқни топиб, чаккасида қонни кўрганимда, даҳшатга тушдим. Даҳшат, болаларнинг оловда ёниши даҳшат!” (Юрагида заррача инсонийлик бор инсон учун даҳшатли бўлган бу манзарани ўз кўзи билан кўриб, бундан ҳам ёмони уларнинг бир неча мингини вужудга келтириш истагида баъзи императорлар ҳозирда ҳам қўлини қўлига ишқалаб, ядро қуроллари тугмаларини босайми-босмайми деб турганига, ўзларини гўёки пок кўрсатиб, аслида халқларни бир-бирига гиж-гижлаб турганига нима дейсиз?! — М.Т.)
“…Бизнинг қизларимиз қанақа бўлишгани ҳақида сўраяпсизми?! Чернова оғироёқ бўлишига қарамай биқинида мина олиб юрарди. Шунга қараб, улар қандай одам бўлганини муҳокама қилаверинг. Биз буни муҳокама қилмаганмиз, биз шунақа эдик. Бошқа бир дугонам шаҳар бўйлаб ўз қизалоғини етаклаб юрар, унинг кўйлаги остидан бутун баданига варақалар ёпиштирилган, бечора қизалоқ зорланиб: “Ойи, мен сиқилиб кетаётибман…” деб йиғларди. Кўча тўла немислар, полициячилар…”
Софья Константиновна Дубнякова, катта сержант, санинструктор:
“…аросат ерда ярадор лейтенант, артилериячи Костя Худаков қолган, уни олиб чиқмоқчи бўлган ҳамшираларни ўлдиришаётган эди. Иккита санитар-овчаркалар эмаклаб кетди (мен уларни биринчи бора ўшанда кўрдим), лекин уларни ҳам ўлдиришди. Шунда мен телпагимни ечдим-да, бор бўйим билан рост туриб олдим, аввалига паст овоз билан, сўнг баландроқ овозда ўзимизнинг урушгача жуда урф бўлган “Я на подвиг тебя провожала” ашуласини айта бошладим. Икки томон — биз томон ҳам, немислар томон ҳам жим бўлиб қолди. Костянинг ёнига бордим, эгилдим, судрагич-чанага ётқиздим-да, ўзимизникилар тарафга судраб кетдим. Бораяпман-у: “Ишқилиб, курагимдан отмасин-да, яхшиси, калламни мўлжалласин”, деб кетяпман. Лекин бехатар жойга етгунимгача биттаям ўқ узилмади…”
Вера Сафроновна Давидова:
“Аёл кишини урушга боришга нима мажбур этган? Менинг фикримча, бу бизнинг миллий хусусиятимиз, фазилатимиз, хосиятимиз, сифатимиз. Бизнинг аёллар мамлакат ҳалок бўлаётганини, халқ ҳалок бўлаётганини кўриб туриб, бола чўмилтира олмайди, тушлик тайёрлай олмайди…”
Ҳамшира Наталья Ивановна Сергеева:
“Ярадорларни бизга жанг майдонидан тўппа-тўғри олиб келишар эди. Бир саройда икки юз ярадор киши, мен бир ўзимман. Тўрт кун ухламаганим, ўтирмаганим эсимда, ҳаммаси тинмай қичқиради: “Ҳамшира… Ҳамшира… Ёрдам бер!..” Мен биридан иккинчисига югурардим. Тўсатдан қоқилиб тушдим-да, шу заҳоти ухлаб қолибман. Бақир-чақирдан уйғониб кетдим, командир, ёшгина ярадор лейтенант соғ ёнбоши билан туриб олиб: “Жим бўлинг! Жим бўлинг, сизга буюраман!” деб қичқирарди. У дармонсиз бўлиб қолганимни тушунган, қолганлар эса “Ҳамшира… Ҳамшира…” дея чақиргани-чақирган эди. Мен сакраб ўрнимдан турдим-да, югуриб кетдим — қаёққа, нимага — билмайман. Ўшанда мен фронтга бориб, биринчи марта йиғлаб юбордим…”.
Николай Борисович:
“Қизлар урушга қизиқиш учун боришмаган. Мамлакат учун, халқ учун ҳаёт-мамот даври эди. Профессорлар халқ лашкарига олишларини сўраётган эди… Ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиб кетиш нима эди ўзи? Мен ҳозир сизга айтиб бераман… Биз ҳужумга ўтдик, душман пулемёт билан ўққа тута бошлади. Оқибатда батальонимиз соб бўлди… Ҳамма тупроққа беланиб ётибди… Тўғри, ҳаммаси ҳам ўлмаган, бир қисми ярадор эди. Немислар ўқни ёмғир қилиб ёғдиришяпти. Кутилмаганда траншеядан аввалига бир қизалоқ, кетидан иккинчиси, учинчиси сакраб чиқа бошлади… Улар ярадорларни ташишга тушишди, ҳатто немислар ҳам бир муддат ҳайронликдан соқов бўлиб қолди. Кечки соат ўнларгача деярли ҳаммаси оғир ярадор бўлган қизларнинг ҳар бири беш-олтитадан одамни қутқарган эди. Уларни хасисларча мукофотлашди, чунки урушнинг бошида мукофотларни сочишмас эди. Қоидага кўра, ярадорни қуроли билан олиб чиқиш керак. Медсанбатдаги биринчи савол: “Қуроли қани?” У вақтларда қурол камчил эди. Милтиқ, автомат, пулемёт — буларни ҳам ташиш керак эди. Уруш тугагач, улар — ҳарбий ҳамширалар кишини ваҳимага солар даражада ҳимоясиз бўлиб қолди… Мана, менинг хотиним. У — ажойиб аёл, биз у билан ўттиз беш йилдан бери тотув яшаб келамиз. Уям ҳарбий аёлларга ёмон муносабатда. Улар урушга қаллиқ учун боришган, уларнинг бари у ерда кимгадир маҳбуба бўлган. Аслини олганда, бизлар очиқчасига гаплашиб ўтирибмиз, бу қизлар пок, софдил қизлар эди. Лекин урушдан сўнг ҳар биримиз ўз ҳаётимиз билан овора бўлиб кетдик… — Николай Борисович ўйланиб қолди. — Сиз буни тушуна олмайсиз. Ифлосликдан, битлардан, ўлимлардан сўнг бирор-бир гўзаллик қўмсалади. Чиройли аёлларни… Менинг бир дўстим бўларди, уни фронтда бир гўзал қиз севар эди. Ҳамшира. Лекин у қизга уйланмади. У фронтдан қайтгач ўзига бошқасини, бўянганини топди. Оқибат бу хотин билан бебахт бўлди. Энди у ўша қизни эслайди, униси унга дўст эди. Лекин фронтдан сўнг унга уйлангиси келмади. У қизни тўрт йил мобайнида фақат дағал этикда кўрган эди-да…”
Нина Яковлевна Вишневская, старшина, танк баталъони санинсруктори:
“Ўн етти ёшларда эдим, жуссам эса кичкина. Биз қўрқинчдан кўра ваҳимали ҳолатга тушган эдик. Ёриб ўтишга уриниб кўришни чамалаб кеч бўлишини кутиб ўтирибмиз. Лейтенант Миша X, комбат ярадор бўлгани учун унинг вазифасини бажараётган эди. Ёши ўн тўққизларда эди, бундан кўп эмас.
— Сен ҳеч бўлмаса бир бор тотиб кўрганмисан? — деб сўради.
— Нимани тотиб кўраман? — ҳайрон бўлиб сўрадим, чунки ҳаммамиз ўлгудек оч эдик.
— Нарсани эмас, кимни… Бабу!
Урушгача шунақа аталадиган пироженое бўларди.
— Йў-ў-ўқ… — дедим.
— Мен ҳам тотиб кўрганим йўқ. Мана, ўлиб кетасан-да энди муҳаббат нима эканини билмай… Бизни кечаси ўлдиришади…
— Нималар деяпсан, аҳмоқ! — Унинг гапи менга энди аён бўлган эди.
Сени ўлдиришлари қўрқинчли эмас эди. Ҳаётни билмай туриб, ҳеч нарсани кўрмай ўлиш қўрқинчли эди. Шуниси энг қўрқинчли эди. Биз ҳаёт учун ўлимга борар эдик (Ҳолбуки, улар кўрнамак Сталин учун ўлимга борар эди, лекин у пайтда “доҳий”нинг маккорлигини қаёқдан ҳам билишсин! У ҳаммага ўзини фариштадек пок деб кўрсатганди. Кейинчалик шўрлик жангчи аёллар унинг алдовига учганини эслаб, қон йиғлаб ўтди, минг-минг афсус! -М.Т.), лекин ҳали ҳаёт ўзи нима эканини билмас эдик” .
Кимнингдир кибру ҳавоси учун, салтанатларни бошқариб турган Сталин, Гитлер, Муссолини кабиларнинг ёлғон-яшиғи йўлида миллионлаб ҳали ўн гулидан бир гули очилмай майиб-мажруҳ бўлиб қолиш ёки бу олам билан бутун оламни йиғлатиб жуда ҳам эрта кетиш даҳшатларнинг ҳам даҳшати эканини таъкидлаш ортиқча. Бироқ ҳамон сабоқ чиқармаганлар борлиги-чи? Ҳозирги маъмурчилик замонида ҳам неча ўн минглаб ёш-ёш йигитларни, неча юз минг, миллионлаб гўдакларни, аёл-эркак, чол-кампирларнинг жонига қасд қилиб, қурол-яроғини синовдан ўтказиш, шу йўл билан рақибларига кучли эканини намойиш қилиш, мустақил давлатларнинг ер-сувларини маккорлик билан босиб олиш бутун инсоният учун ўтакетган шармандагарчилик экани кундай равшандир.
Ольга Васильевна хотиралари:
“Биз не учундир фарзандларимизга уруш ҳақида сўзлаб бермас эдик. Мен орденларимниям бир воқеадан сўнг узиб ташладим-да, бошқа тақмадим. Нон заводи директори эдим. Бир йиғилишда бошлиқ — уям аёл киши — орденларимни кўриб, ҳамманинг олдида: “Сен нега темир-терсакларингни тақиб олиб, ўзингни кўз-кўз қилиб юрибсан!” деди. Унинг ўзида меҳнат ордени бор эди ва доим тақиб юрарди. Лекин менинг ҳарбий мукофотларим унга негадир ёқмади.
…Аёллар қирқ-эллик ёшга киришганида ҳам общежитларда яшашарди…
Менинг дугонам… Унинг исмини келтирмайман, ким билсин, хафа бўлиб қоладими… Уч марта оғир ярадор бўлди. Уруш тугади, тиббиёт институтига борди. Унинг бирорта ҳам қариндош-уруғи қолмаган эди, у жудаям камбағал, ночор яшар эди, қорнини тўйғазиш учун фаррошлик қиларди. Ҳеч кимга ўзининг ногирон эканини айтмас, ҳатто бу ҳақдаги ҳужжатларини ҳам йиртиб ташлаганди. Мен “Нега бундай қилдинг?” деб сўрасам у: “Унда менга ким уйланарди?” дея жавоб берди. Нимаям дердим, “тўғри қилибсан”, дедим. У эса йиғлаб: “Ўша қоғозлар менга энди керак бўляпти. Оғир касалман…” деди”.
Мен ҳам ўтган асрнинг 50-йилларида қўлтиқтаёқда юрган, қўлсиз ёки икки оёғи йўқ, жонини фидо қилган Ватани — собиқ Совет иттифоқи тупроғида эмаклаб юриб, гадойлик қилган, хор-зор бўлган уруш қатнашчиларини кўча- кўйларда кўп кўрардим…
Саул Генриховичнинг фикрлари ҳам шунга ҳамоҳанг:
“Мен ғалаба учун ҳеч нарса қилганим йўқ, мен эркак одамман, бу менинг бурчим эди. Уларни, шундай урушга чидаган қизларни эса қўлда кўтариб юриш керак. Бу сўзни ҳар бир жангчи айтади. Қизларни урушга қўйиб юбориш керакмиди? Билмадим… Лекин улар урушда бўлишди ва улуғ иш қилишди. Улар биз каби кирза этик, оғир шинель кийиб юришди, қорда ухлашди. Ўқдан ва осколкалардан ўлишди. Ёдимда, 9 май куни Ленин проспекти бўйлаб бир аёл борар эди — унинг байрам кўйлагига биргина медаль — “За отвагу!” танғилган эди. У юриб борарди ва… хижолат тортарди. Менда шундай туйғу бор эдики, борсам-да, уни бағримга босиб: ’’Азизам, сенинг медалинг учун сенга ергача букилиб таъзим қилмоқлик керак…” десам. Биз барчамиз уларнинг олдида қарздормиз…”
Сержант, зенит қуроллари командира Валентиина Павловна Чудаева: “Кимгаям мен ярадор бўлганман, контузияда бўлганман деб айта олардим. Айтиб кўр-чи, шундан сўнг ким сени ишга оларкан? Нимаям деярдим, менинг оёқларим оғрийди, жуда тажанг эдим… Биз балиқ каби жим эдик. Биз ҳеч кимга жангчимиз деб айта олмас эдик. Кейинчалик бизларни ҳурмат қила бошлашди (Уруш тугаганидан қирқ йил ўтгач! Кўпчилиги унгача хор-зор бўлиб, йўқчиликда, гадойлик қилиб ўлиб кетишган эди… — М.Т.), учрашувларга таклиф қила бошлашди, у вақтларда эса биз жим эдик. Ҳатто мукофотларимизни ҳам тақиб юрмас эдик. Эркаклар тақиб юришарди, улар ғолиблар, қаҳрамонлар эди; бизга эса буткул бошқа кўз билан қарашарди. Эркаклар фронтда бизни авайлашарди, осойишта ҳаётда эса мен уларнинг аёлларга шундай муносабатда бўлганини учратмадим… Урушдан кейин аскарлик китобимизни ёпишимиз шартлиги биз учун жуда аламли бўлди…
Меникида икки йил аввал штаб бошлиғимиз Иван Михайлович Гринько меҳмон бўлди. У алақачонлар нафақага чиққан. Мен унга атаб пирог пиширдим. Эрим билан суҳбатлашиб ўтириб, қизларимизни эслашди. Мен шунда уввос солиб йиғлаб бердим: “Иззат дейсизлар, ҳурмат дейсизлар! Қизларнинг кўпи тоқ ўтяпти, ҳатто уй-жойи ҳам йўқ. Ким уларга раҳм қилди? Ҳимоя қилди?..” Қисқаси, уларнинг дилини хуфтон қилдим…
Фронтга кетганимда жудаям ёш қизалоқ эдим. Ногирон бўлиб қайтиб келдим. Касалликка таслим бўлмаслик учун имконим борича интилдим, сиртдан техникумни тугатдим. Маданият институтидаги ўқишимни эса якунлай олмадим, бунга путур етган саломатлигим сабаб бўлди.
Ёлғиз яшаяпман. Ярадорлигим, контузияни бошдан ўтказганим учун оналик бахтидан ҳам мосуво бўлган эканман…”
Афсус, бора олмайман-да! Энди сизлар йўқсизлар. Бўлмаса, қолган бутун умримни сиз азизаларнинг зиёратига бағишлаган бўлар эдим. Пок руҳинглар олдида бир умр таъзим қилиб тургувчилардан бири — менман…
Ольга Яковлевна Омельченко, ўқчи рота санинструктори:
“Ҳужумдан сўнг киши юзига боқмаган маъқул, чунки у юз энди бутунлай ўзгача, одамники эмас. Мен у нима эканини тасвирлаб беришга ожизман. Назаримда, ҳамма нарса қандайдир ғайриоддий кўриниш олади. Уларга қараш даҳшатлидир…
Барчамиз бундай урушдан сўнг, бундай азоб-уқубатлардан сўнг, дарё бўлиб оққан кўзёшларидан сўнг олам гўзал бўлади, дея ўйлардик. Ҳамма одамлар энди раҳмдил, бир-бирига яқин бўлади, бир-бирини яхши кўради дея ўйлардик… Ахир ҳамманинг бошидан шундай оғир қайғулар ўтди! У бизни бир-биримизга ака-ука, опа-сингил қилиб қўйди! Биз бу кунни қанчалар орзиқиб кутган эдик… Лекин одамлар! Шу кунларда ёвуз одамларни кўрганимда, ўзи учунгина яшаётган худбинларни кўрганимда, сира тушунолмайман: бу қандай қилиб рўй бериши мумкин, бу қандай рўй берди?”
Кўчадаги безори бир-икки одамни безовта қилиши мумкин; бир қотил битта, иккита, борингки, юзта одамнинг бошини ейиши мумкин. Бир аблаҳ сохта “доҳий” эса миллионлаб одамнинг бошини ейди, бахтини ейди, болаларини етим қилади, хору зор этади… Россия нейробиологлари одамда совуққонлик билан ўлдириш генини топишди. Улар генетика муаммолари мавзуида маъруза тақдим этиб, унда одамнинг оғир жиноятга интилтирувчи генини кашф қилишганини изоҳлаб беришди. “Илгари қотилликлар ва бошқа оғир жиноятлар жиноятчида бўлиб ўтадиган импульсив тажовузкорликнинг тўғридан-тўғри натижаси деб келинар ва у болаликдаёқ эътиборнинг ҳамда гиперактивликнинг (ADHD) камлиги натижасида ривожланади, деб ҳисобланарди”, дейилади маърузада. Лекин янги натижалар аввалдан пухта ўйлаб ва совуққонлик билан қилинадиган аксарият оғир жиноятлар, қотилликлар мутлақо у синдромлар билан боғлиқ эмаслигини кўрсатган. Бундай совуққон жиноятчиларда импульсив ёвузлик кузатилмаган, улар яхши тарбия кўрган, кўнгилдагидек оилаларнинг фарзандларидир. Шунга қарамай уларда олдиндан мўлжалланган, “совуқ” тажовузкорлик яхши ривожланган бўлиб, унинг мавжудлиги баъзи камфаол дофамин рецепторининг D4 шакли билан бевосита боғлиқ экан.
D4 — умуртқалилар домофин рецепторларининг беш хилидан биридир. Одамдаги D4 гени биринчи бора 1991 йили клонлаштирилган. Бу ген узунлиги 387 аминокислота қолдиғи бўлган оқсилни кодлайди. D4 генининг вариацияларини турли фенотип ҳамда асабийлашишлар, жумладан, вегетатив нерв тизимининг дисфункцияси, шизофрения ҳамда янгиликларни излашга бўлган қобилиятини белгиловчи хулқ билан боғлашади. D4 мияда оз миқдорда синтезланади. Шундай экан, Гитлер, Муссолини, Сталин каби “доҳийлар” танасида бу ген яйраб-яшнаган бўлса не ажаб. Умуман олганда, ҳозирги даврдаги баъзи урушқоқ “доҳийлар”нинг ҳам шу генга қай даражада муте экани текширувдан ўтказилса, балки неча миллионлаб одамлар жонини асраб қолиш мумкин бўлар?!
Н. А. Муҳаметдинова, оддий аскар, новвой:
“Старшина сўраяпти: “Қизалоқ, сен неча ёшдасан?” — “Ўн саккиздаман, нима эди?” — “Гап шундаки, бизга норасидалар керак эмас!” — “Нимани хоҳласангиз, шуни бажараман. Нон ёпсам ҳам майлига”. Ниҳоят олишди…”
Софья Адамовна Кунцевич, старшина, ўқчи рота санинструктори:
“Уч маротаба ярадор бўлдим, уч маротаба контузияга учрадим. Урушда ким нималарни орзу қиларди: ким уйга қайтишни, ким Берлингача боришни, мен эса биргина нарсани — туғилган кунимгача яшашни, ўн саккиз ёшгача ўлмасликни орзу қилардим. Нима учундир менга олдинроқ, ўн саккиз ёшга кирмай ўлмоқ қўрқинчли эди. Шимда, пилоткада, доимо ярадорларни ортмоқлаб, тизза билан эмаклаб юрганим учун кийимларим йиртиқ-ямоқ бўлиб кетганди. (Ҳозир ҳам шундай кунларни одамларнинг бошига солаётган, шундай кунларни соддадил одамларга раво кўриб, ўзи жаннатдан-да аъло шароитларда яшаётган “доҳийлар” худди мен каби сизнинг ҳам кўз олдингиздан ўтиб турганига мутлақо шубҳа қилмайман, азиз ўқувчим. — М.Т.) Ёдимда, бинтлар етишмас эди… Ўзимнинг ички кийимларимни йиртиб олардим, йигитларга ҳам “Қани ички кўйлагингларни ечинглар, менинг ярадорларим ўлаётир”, дердим”.
Мария Нестеровна Кузьменко, катта сержант:
“Эркаклар жўнатиш пунктига боришиб, кийимларини алмаштириб олишди. Бизга эса ҳеч вақо йўқ. Бизга пайтавагина беришди; ундан ўзимизга ички кийимлар тикиб олдик. Командир бундан хабар топгач, бизни обдон сўкди.
Бизга керак-да… Қарасак, аскарлар дарахтга кўйлакларини илиб қўйган бўлади. Улардан бир жуфтини ўмариб кетамиз. Улар кейинчалик буни фаҳмлашиб, кулишарди ва “Старшина, бизга бошқа кўйлак бер… Қизлар бизникини олиб қўйишди…” дейишарди”.
Мария Семеновна Калиберда, сержант, алоқачи:
“Кетиб бораяпмиз. Икки юзта қиз. Жазирама иссиқ, ёз, ортимиздан қумда қизил доғлар қоляпти… Бу ҳолатда ниманиям яшира олардинг? Изимиздан аскарлар келишяпти, ўзларини ҳеч нарсани кўрмаганга, сезмаганга солишмоқда… Биласизми, уруш бизнинг ёшлигимизни, кўпчилигимиздан оналигимизни ҳам тортиб олди. Қизларни аёлликнинг энг олий бахтидан маҳрум қилди…”
Собиқ Совет иттифоқи халқ артисти Л.П.Александровская:
“Кейинчалик аста-секин хиргойи қила бошладим… Ва ярадорнинг юзи бироз титради… У нимадир деб пичирлади. Мен энгашдим ва “Яна айтинг…” деган сўзларни эшитдим. Мен яна ва яна, репертуарим адо бўлгунича ва бош шифокор “Ухлаб қолди, чамамда…” дегунича ашула айта бердим. (Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Тамарахоним каби қанча-қанча санъаткорларимиз ҳам уруш йиллари умрининг ярмини фронтда ўтказган дея эшитган эдим. — М.Т.).
Нина Васильевна Ильинская, катта сержант, ҳамшира:
“Мен фронтдан ҳеч вақосиз келдим. Устимдаги гимнастёркам, шинелим — шугина, холос. (Барча аскарларни шундай шип-шийдам қилиб шилиб уйига жўнатишган. Ўлжалар — трофейлар генералларга қолган, чамамда… — М.Т.). Шу ҳолимда ҳаётимни қайта бошлашим керак эди. Яна турли иғволар… Яқинда қирқ йил бўлади, менинг эса ҳозир ҳам ёноқларим ловуллаб туради…
Эркак урушдан келдими, у қаҳрамон. Куёв! Қиз бола қайтса, унга дарров ёвқараш: “Биламиз, сизлар у ерларда нима ишлар қилганингларни!..” Бутун уруғ-аймоқ бош қотиради: келин қилиш мумкинми ёки йўқми? Очиғини айтаман, биз яширардик, биз фронтда бўлганимизни гапиришни хоҳламас эдик. Биз яна оддий қиз бўлишни хоҳлар эдик. Келин бўлишни истар эдик…”
Александра Ивановна Храмова:
“Отрядимизда ака-ука Чимуклар бор эди… Улар омборхона ичида туриб, обдон отишма қилишди, сўнгра ҳаммаёқлари куйиб кетган ҳолда чиқиб келишди. Уларни бўйинбоқ билан олиб юриб, ҳаммага танийсанми, дея кўрсатиб юришди. Бутун бошли қишлоқ йиғилган эди. Уларни ота-онаси турарди, ҳеч ким айтмади. Она қичқириб юбормаслиги учун қанақа юракка эга бўлиши керак эди… У ўзини билдириб қўймади. Нақ бутун қишлоққа ўт қўйишарди. Ҳамма нарсага мукофот бор, лекин ҳар қандай мукофот, энг олий Қаҳрамон Юлдузи ҳам ушбу онага камлик қилар эди…”
Вера Митрофановна Толкачева:
“Урушдан кейин менинг кулбамда фақат болаларим ҳамда иконамдаги рушник қолди. Қип-яланғоч эдик. Қизалоғим мактабга борди, фақат шунда мен унга биринчи бора ботинкачалар сотиб олдим. У ботинкачалари билан ухлашга ётарди, ечгиси келмасди. Мана, ҳаётимиз қанақа эди!
Бир йилдан сўнг эрингиз — Владимир Григорович Германияда, Берлин остонасида ҳалок бўлди деган хат олдим. Мен унинг қабриниям кўра олмадим. Бир қўшнимиз соппа-соғ, бошқаси оёқсиз қайтиб келди. Мен эрим ҳам майли оёқсиз бўлса-да, тирик қайтиб келганида эди, дея надоматлар чекдим. Мен уни қўлларимда кўтариб юрган бўлардим…
Фақат қалбимда эмас, қўлларимда ҳам жон қолмайди эслаганимда. Уч ўғилчам қолди, бири бирини кўтаролмайди. Хашак, ўрмондан ўтин боғлариниям, картошка ва уруғликниям ўзим орқаладим… Ҳаммасини фақат ўзим… Омочни ҳам, боронани ҳам ўзим тортдим. Нимаям қилар эдим?! Бизнинг қишлоғимиз урушда жуда кўп талофот кўрди. Биз эрсиз қолдик. Отсиз қолдик. Отларни ҳам урушга олиб кетишди. Урушдан сўнг, сизга очиғини айтсам, аёллар ҳам эр ўрнига, ҳам от ўрнига ишлади. Ҳамма нарсани ўзимга юклардим. Мен тағин ишлаб чиқариш илғорларидан эдим. Менга иккита фахрий ёрлиқ, бир маротаба эса ўн метр чит беришди. Хурсандчилик бўлдики, асти қўяберасиз! Ўзимнинг учала ўспирин ўғилларимга кўйлак тикиб бердим.
Фақат бундан бу ёғига уруш бўлмасин. Энди саломатлигим йўқ, лекин сигиримни ушлаб турибман. Мабодо айтишсаки, сигирингни бер, шунда уруш бўлмайди дейишса, берган бўлардим! Фарзандларим менинг кўргиликларимни кўрмаса бўлгани”.
Антонина Григорьевна Бондарева, катта учувчи, гвардия лейтенанти:
“Эримдан қора хат олишим биланоқ фронтга кетиш ҳаракатига тушдим. Қизалоғимни қайнонамга қолдирдим, лекин тез орада қайнонам ўлиб қолди Эримнинг опаси бор эди, қизимга ўша қарай бошлади. Урушдан сўнг мен демобилизация бўлганимда, у менга қизимни бермайман, деди… Улар ночорликда яшаган эди”.
Льюдмила Михайловна:
“Мен бор-йўғи йигирма уч ёшда эдим. …Мана бизларни ишга олиб кетишаётир. Эндигина туша бошлаган эдик, бирданига “Ойи, ойижон!” деган товушни эшитиб қолдим. Қарасам, Даша хола турибди, йўлак бўйлаб қизим чопқиллаб келаётир. Улар тасодифан кўчадан ўтиб бораётиб, мени кўриб қолишибди. Қизим югуриб келганича ўзини бағримга отди. Тасаввур этасизми, у ерда итлар, одамларга ташланиш учун махсус ўргатилган итлар турарди, лекин бирорта ҳам ит жойидан жилмади. Қизим менга ташланди, мен бўлсам фақат: “Қизалоғим! Наташажон, йиғлама. Мен тез орада уйда бўламан…” дердим холос. Посбонлар турарди, итлар ҳам. Ҳеч ким унга тегмади…”
Надежда Викентьевна Хатченко:
“Ўғлим узоқ вақтгача отасини тан олмади. Уларнинг иккисини бир-бирига кўниктиришимга тўғри келди. Эрим ишдан кеч келади, мен унга: “Намунча кеч? Дима: “Қани отам?” деб ташвишланди”, дейман. У ҳам олти йиллик уруш мобайнида (япон уруши ҳам назарда тутиляпти. — М.Т.) ўғлидан бегонасираброқ қолган эди-да. Ўғлимга бирор нарса сотиб олсам: “Отанг буни сотиб олди, у сен ҳақингда қайғуради”, дердим. Кейинчалик улар дўстлашиб кетишди. Отасининг айтиб берадиган ҳикоялари сероб эди…”.
Анастасия Васильевна Воропаева, ефрейтор, прожекторчи:
“Сиз ғалаба йўлини тасаввур эта олмайсиз! Поляклар, французлар, чехлар, болгарлар боришарди… “Бизнинг тенгқурларимиз урушни ўлгандагина ёдидан чиқаради”.
Антонина Антоновна Лычаная, сержант техник хизмат сержанти, метеоролог:
“Менинг ёдимда, ғалаба куни ҳаммамиз йиғлаб: “Йўқ! Йўқ! Уруш энди ҳеч қачон бўлмайди, ҳеч қачон!” деб бақирганмиз”.
Вера Максимовна Берестова, тиббий хизмат лейтенанти:
“Урушнинг биринчи кунидан охирги кунигача фронтда бўлдим. Яраландим, бир марта Волгага ҳам чўкиб кетай деганман. Сузиб ўтолдим, ўзим билан бир ярадорни ҳам судраб чиқдим. Лекин муз остида қолганим сабабли болали бўлолмадим”.
Тамара Степановна Умнягина, гвардиячи кичик сержант, санинструктор:
“Сталинградда одам қонини шиммаган бир грамм ҳам ер қолмаган. Янги аскарлар келади. Ёш, келишган, чиройли йигитлар. Орадан бир-икки кун ўтиб, ҳаммаси ҳалок бўлади, ҳеч ким қолмайди. Мен янги одамлар келишидан қўрқиб қолдим. Уларнинг чеҳрасини, сўзларини ёдда олиб қолишдан кўрқар эдим. Бир марта уч юз кишидан кун охиригача ўнта одам қолибмиз. Бизлар шунча одам қолганимиздан сўнг, ҳаммаёққа сукунат чўкканидан сўнг, тирик қолганимизга қувониб ўпиша бошладик, йиғлай бошладик.
Улар ҳамон кўз олдимда — бари-бариси. Мана йиллар ўтди, қани энди кимнидир ёддан чиқарсам, жилла қурса битта юзни. Йўқ, ҳеч кимни унутолмадим, ҳаммасини эслайман, барини кўриб тураман… (Йиғлайди).
Еттинчи июнь мен учун бахтли кун бўлди, шу куни тўйим бўлди. Қисмимиз бизга катта тўй қилиб берди. Эримни мен кўпдан бери билар эдим: у капитан эди, рота командири эди. Мабодо тирик қолсак, урушдан сўнг у билан турмуш қуришга қасам ичдик. Бизга бир ойлик таътил беришди. Иванов областининг Кинешмасига, унинг ота-онасиникига йўл олдик. Мен қаҳрамон каби борар эдим, фронтдан келган қизни шунақа кутиб олиш мумкин деб сира ўйламаган эдим. Биз кўп қийинчиликларни кўрган эдик, қанча оналарнинг болаларини қутқариб қолдик, хотинларга эрларини. Бирданига… Мен ҳақорат нималигини билдим, мен хафа бўладиган сўзни эшитдим. Бунгача фақат “туғишганим сингилжоним”, “азиз сингилжоним” сўзларидан бўлак бирор сўзни эшитмаган эдим. Мен бадбашара эмас эдим, мен бинойидек, чиройликкина эдим… Кечки чойга ўтирдик, онаси ўғлини ошхонага бошлаб борди-да йиғлаб: “Сен кимга уйландинг? Фронтчи қизгами… Сенинг ахир, икки синглинг бор. Ким энди уларга уйланади?” деди. Ҳозир ҳам шу гапни эсласам, йиғлагим келади (Қирқ йил ўтгач. — М.Т.). Тасаввур этасизми: мен пластинкача олиб келган эдим, уни жудаям яхши кўрардим. Қўшиқда “Энг пўрим туфлиларда юришга муносибсан” деган сўзлар бор эди. Бу фронт қизи хақидаги қўшиқ эди. Мен шу қўшиқни қўйган эдим, катта синглиси борди-да, кўз олдимда пластинкани синдириб ташлади, яъни шу билан, сизларда ҳеч қандай ҳуқуқ йўқ деди. Улар менинг фронтда тушган барча суратларимни йўқ қилиб юборишди… Фронтчи қизлар кўп жафо чеккан эди. Урушдан сўнг ҳам жафолар етарли бўлди. Бизларни қаровсиз қилиб ташлаб қўйишди. Ҳимоя қилишмади”.
Ал Иса каби сароб ғояга ишониб, неча миллион ғофил одамлар Германияда, неча миллион соддадил одамлар собиқ Совет иттифоқида ёшлигидаёқ ҳалок бўлиб кетди, майиб-мажруҳ бўлди, ёлғон бахтга интилиб, бебахт бўлиб қолди. Бахтга етиб бордим деганларнинг аксарияти қўлига гадой тўрваси тутқазилди, пешонасига хоин, сотқин, фоҳиша деган тамғалар мангуга урилди. Мана, Владимир Познернинг сўзларига қулоқ тутинг: “Герман Геринг деган фельдмаршал бўларди, у ўзини-ўзи Нюрнберг қамоғида ўлдириш арафасида Америка журналистига интервью берди. Унинг айтишича, ҳеч ким — на америкаликлар, на руслар, на немислар уришишни хоҳламайди. Уларни қўрқитиш керак, холос. Уларни ким даф қилаётганига ишонтириш керак, холос. Уларга яна кимки урушга қарши чиқаётган бўлса, ватанпарвар эмас, дея тушунтириш керак. Бўлди, вассалом! Бу қаерда бўлаётганининг аҳамияти йўқ — демократик Америкадами, Учинчи рейхдами ва ёки советлар диктатурасидами…
…Мен атеистман, — деб таъкидлайди Познер — …лекин Худо билан мабодо учрашсам… мен унга “Уялмайсанми! Ахир, Библияда “бир дона соч толаси ҳам сенинг бошингдан Унинг иродасисиз тушмайди…” дейилган-ку, деган бўлардим”.
Яъни “Ҳаммасига Худо айбдор”, демоқчи Познер жаноблари. Жаноб Познер, мард бўлсангиз, адолатли бўлсангиз, уришқоқ, садист “доҳий”ларнинг айбини Худога ағдарманг, уларнинг юзига кеч бўлмасдан шартта-шартта айтадиганингизни айтинг қўйинг, чунки қиёматда савол бериш ҳуқуқи ҳеч бир бандада бўлмайди. Шоир айтганидек, тарозибон:
“Айбингни бироз англаб олгандирсан, зуккосан, гапир, Улар қанча бандаларнинг бошига етди. Сен уларни кўриб, бир сўз дедингми ахир?! Илоҳий дил берган эди сенга Худойим Қулоқ сол деб шўрликларнинг оҳи-воҳига! Сен-чи… ”дея қиёматда саволга тутганида, ҳарчанд сўзамол бўлсангиз-да, тилингиз гувала бўлиб қолади…
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2015 йил, 11-сон