Академик Г.А.Пугаченкованинг “Холчаён” номли китоби ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида чоп этилган. Китоб милоддан аввалги III-I асрларда тараққий этган, ҳаттоки гуллаб-яшнаган манзил, бугунги ибора билан айтганда, бир шаҳар ҳақида маълумотлар беради ва бу шаҳарнинг номини Холчаён деб атаган муаллиф тафсилотларини баён қилар экан ўша замонда ёки милоддан бироз аввал ёзилган биронта ёзма манбага суянмайди. Муаллифнинг асосий манбаси — археологик қазишлар чоғи топилган тангалар, тақинчоқлар, уй-буюм жиҳозлари, хумдон, қабристонлар, устунларнинг таг курсилари, пойдеворлар, хуллас йигирма уч асрдан бери тупроқ тагида ётган буюм — ашёлар.
Олимлар Холчаённинг қуйироғида, Сурхон дарёсининг Қизилсув дарёси билан қўшилган жойидан “Будрач” деган қадимий истиқомат манзили — шаҳар қолдиқларини топишди. Мутахассислар “Будрач”ни буддага нисбат беради. Демак, милоддан илгари бу ўлкаларда буддавийлик алоҳида мавқега эга бўлган. Бу манзилдан Қизилсув дарёси бўйлаб юқорига юрсангиз Денов Тупроққўрғонининг пойидан чиқасиз. Дарё тошқинлари ювиб кетиши натижасида ўпирилишлар чоғи чиққан ашёларга қараб олимлар бу Тупроққўрғон милоднинг III-IV асрларида барпо этилганини тахмин қиладилар. Икки дарё оралиғидаги ана шу уч нуқтани бирлаштирсангиз катта учбурчак ҳосил бўлади. В.В.Бартольд қадимги, яъни милоддан илгари дунёга келган Чағониён давлатининг пойтахти ана шу учбурчакнинг ичида жойлашган дейди. Бу фикрни муаррих Маҳмуд ибн Валининг “Ҳудуди Чағониёнки имруз ва Дехинав машҳур аст” деган сўзлари билан далиллайди: Чағониён давлатининг маркази ҳозирги Денов шаҳрининг ўрнида, Тупроққўрғон жойлашган ерда бўлган деган фикрга келиш учун бизга шу гапларнинг ўзи кифоя қилади. Бундан ташқари В.В.Бартольд тадқиқ қилган бошқа манбаларда ҳам Чағониён давлатининг маркази Термиздан 24 фарсах, бундан Чағонруд (Сурхон дарёси) оқиб ўтиши алоҳида таъкидланганига эътибор қаратиш ҳам Маҳмуд ибн Валининг юқорида таъкидлаган сўзларини тасдиқлайди.
ХХ асрнинг 60-йилларида Холчаён қисман тадқиқ қилинди — милоддан илгариги тарихий обидаларнинг устига ҳозир турар-жойлар қурилган. Будрач харобалари ҳам экинзорларга айлантирилган. ХХ асрнинг охирларида ташқи томони ер билан яксон бўлган Тупроққўрғон эса деярли тадқиқ қилинмаган. Бир ярим минг йил илгари қурилгани тахмин қилинган бу тарихий обида ўтмишига нафрат туйғусини яққол ифодалаш учун узоқ йиллар мол бозори қилиб қўйилди. Тупроғидан эса ҳозир ҳам шаҳарда лойсувоқ сифатида фойдаланилмоқда…
Нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси ва намояндаси Хожа Алоуддин Аттор ҳазратларининг Бухорои шарифдан келиб, Деновни ихтиёр этиши ва умрининг сўнгги кунларигача бу қутлуғ масканда истиқомат қилиб қолиши ҳам Аллоҳнинг ёрдами бўлди. Бу табаррук зотнинг атрофидаги 18 фарсахни асрашга кафилман деган нидолари доим қулоғимизнинг тагида жаранглаб тургандай бўлади.
Адиб Мингзиё Сафаров шундай ёзади: “Қадимги Чағониён давлати араблар ҳужумини бир неча бор қайтарди. Қутайба бошлиқ араб лашкарлари 712 йилда Чағониёнга бостириб кирган эди. Бироқ улар қаттиқ қаршиликка учрадилар. Лекин барибир араблар Чағониён давлатини босиб олишди. Орадан юз йиллар ўтгач, Чағониён яна ривожлана бошлайди. Чағониён мўғуллар ҳужумига қадар энг тараққий этган бой мамлакатлардан бири бўлган эди”.
ХII асрнинг улуғ намояндаси Низомий Арузий “Мажмаънун наводир” номли китобида шуларни ёзади: “Фаррухий сейистонлик бўлиб, Халиф ибн Бонуга қарашли ўулом Жулугнинг ўғли эди. Истеъдоди юксак даражада бўлиб, шеърни яхши ёзарди. Чанг ҳам чаларди. У сейистонлик деҳқонлардан бирининг мулкида ишлар, деҳқон эса унга ҳар йили беш манликдан икки юз кайл ғалла, юз дирҳам Нухий кумуш пул берар эди. Бу нарсалар унинг сарф-харажатларини қоплаб турар эди.
Фаррухий Халаф яқинларидан бирига уйлангач, харжи ошади ва бўйнига олахуржин тушиб, фақирлашиб қолади. Сейистонда эса унинг амиридан ўзга амир йўқ эди. Шунда Фаррухий деҳқонга: “Менинг сарфу-харажатларим кўпайди, деҳқон лутфу-карам қилиб, ғаллани уч юз кайлга, кумуш пулни бир юз дирҳамга оширса, шунда менинг харажатимни қоплайди”, деб илтимоснома ёзади. Деҳқон эса илтимосноманинг орқасига “Хоҳласанг аввалгича ҳақ беравераман, ундан оширишга имкониятим йўқ!” деб жавоб ёзиб юборади.
Фаррухий буни эшитиб ғамга ботади. У келиб-кетувчилардан оламнинг бошқа ерларида бирорта мўътабар кишининг бор ёки йўқлиги ҳақида суриштира бошлайди. Агар бўлса, ўша кишининг ҳузурига бормоқчи бўлади. Охири Чағониёнда амир Абдулмузаффар Чағоний борлиги, у бундай тоифадаги одамларни тарбият қилиши ва бу хилдаги кишиларга ҳадя ҳамда қимматбаҳо совғалар инъом этиши, ҳозирги пайтда аср подшолари ва замон амирлари ичида бу соҳада унга тенг келадигани йўқлиги ҳақида хабар топади. Фаррухий бир қасида ёзади-да, ўша томонга қараб равона бўлади:
Либос карвони билан жўнадим Сейистондан, Либосим ипи дилим, матоси эса жондан…Чағонийлар саройига етиб келган вақтда баҳор фасли бўлиб, амир (отларга тамға босиладиган) доггоҳда эди. Эшитишимча, унинг ўн саккиз минг бияси бўлиб, ҳар бир биянинг орқасида тойчоғи бор эди. Амир ҳар йили доггоҳга чиқар ва тойчоқларни тамғалатар эди.
Амирнинг кадхудоси амид Асад саройда қолган бўлиб, амирга олиб бориш учун зиёфат неъматларини ҳозирлар эди. Фаррухий унинг ҳузурига келиб қасидасини кўрсатди. Хожа амид Асад фозил киши эди ва шоирларни ёқтирарди. Фаррухийнинг шеърлари ёқимли, чиройли ёзилгани, аммо унинг ўзи беўхшов, либосининг орқа-олди йиртилган, бошида катта сейистоний салла, кавуши эски, оёғи кир, шеъри эса юксакликда еттинчи осмонда эканини кўриб, мазкур шеърларни сейистоний ёзганига ишонмади. Уни синаб кўриш мақсадида: “Амир ҳозир доггоҳда, мен унинг ҳузурига бормоқчиман, сени ҳам ўзим билан бирга доггоҳга олиб кетаман. Доггоҳ шундай чиройли жойки, сен унда сабзалар оламидаги бошқа дунёни кўрасан, ҳамма ёқда чайлалар, юлдуз каби чироқлар. Чодирларнинг ҳар биридан руд овозлари келади, дўстлар жам бўлиб, шароб ичишади ва базму ишрат қуришади. Амирнинг доггоҳи олдида ҳар бири осмонга ўрлагудек гулхан ёқилган бўлади. Бу ерда тойчоқларга тамға босишади. Подшонинг эса бир қўлида шароб, бир қўлида каманд. Шароб ичиб, одамларга от инъом қилади. Шу ҳолга мослаб қасида ёз, доггоҳни васф қил, сўнг сени ҳам ўзим билан бирга амирнинг хузурига олиб кетаман!” дейди.
Фаррухий чиқиб кетади ва тунда ажойиб қасида ёзиб, тонг саҳарда Хожа амид Асад ҳузурига келади. Ўша қасида мана будир:
Кўк ҳарирдан юзига ёпгач рўмолни сабзазор, Eтти хил ранг парнаёни бошга солди кухзор…Хожа амид Асад бу қасидани эшитиб ҳайрон қолди. Негаки, бунга ўхшаган қасидани асло эшитмаган эди. У барча ишини йиғиштириб, Фаррухийни отга миндиради-да, амир сари равона бўлади. Кун ботиш олдида амирнинг ҳузурига етиб келиб, унга “Eй, олампаноҳ, сенга бир шоирни олиб келдим. Дақийқий юзини тупроқ ниқоби билан яширгандан буён ҳеч ким бундай кишини кўрмаган!” дейди-да, бўлган воқеани айтиб беради.
Амир Фаррухийни ўз ҳузурига киришга рухсат этади. Фаррухий унинг ҳузурига кириб таъзим қилади, амир қўлини чўзиб ўтириш учун жой кўрсатади, ҳол-аҳвол сўраб, эъзозлайди, илтифотлар кўрсатади. Фаррухийнинг кўнглида умид учқунларини ёндиради. Қадаҳ ўртада бир неча бор айлангач, Фаррухий ўрнидан туриб, хазин аммо ёқимли овоз билан бу қасидани ўқийди:
Либос карвони билан жўнадим Сейистондан…У қасидани ўқиб бўлгач, шеърни яхши тушунадиган ва ўзи ҳам шеър ёзиб юрадиган амир бу қасидага лол қолганини айтади. Амид Асад: “Eй олампаноҳ, сабр қил, ҳали бундан ҳам яхшироғини эшитасан!”, — дейди.
Шундан сўнг Фаррухий то амир маст бўлмагунча ҳеч нарса демай, жим ўтиради. Кейин ўрнидан туриб, доггоҳ ҳақидаги қасидасини ўқиб беради. Амир қаттиқ ҳайратга тушади ва ҳайрат ичида Фаррухийга қараб дейди: “Минг тойчоқ олиб келишган. Ҳаммасининг юзи оқ, оёқлари ҳам оқ, Хатлон зотидан. Сенга ихтиёр бердим, сен Сейистонийсан, чапдаст кишисан, қанча тутолсанг тут, бари ўзингники бўлади!”
Шароб Фаррухийга қаттиқ таъсир қилган ва уни тамоман элитган эди. У ташқарига чиқади, бошидан салласини олиб, ўзини от уюри ичига ўради, бир гала тойчоқларни олдига солиб, дашт томон қувиб кетади. У ўнгу сўлга югурар, тойчоқларни тинимсиз қувар, аммо бирортасини ҳам тута олмас эди. Охири ўрда ёнидаги вайрона работга дуч келади. Тойчоқлар ўзларини работ ичига уришади. Фаррухий қаттиқ чарчагани учун боши остига салласини қўйиб работнинг йўлагида қаттиқ уйқуга кетади.
Тойчоқларни санашса, улар қирқ иккита экан. Буни амирга хабар қиладилар. Амир роҳат қилиб кулади, сўнг таажжубланиб дейди: “Толейи кулган киши экан! Уни ҳамда тойчоқларни эҳтиёт қилинглар! Уйғониши билан менга хабар беринглар!” Подшоҳнинг амрини бажарадилар. Эртаси қуёш чиқиши билан Фаррухий уйқудан туради. Амир ундан олдинроқ уйғониб, бомдод намозини ўқиб бўлган эди. У Фаррухийни қабул қилиб, меҳрибонликлар кўрсатади. Тойчоқларни эса унинг одамларига топширади. Амир Фаррухийга ясатилган от, иккита чодир, учта хачир, бешта қул, кийиш учун либос ва тўшаш учун гилам инъом қилади. Унинг хизматида Фаррухийнинг ишлари юришиб кетади ва аъло даражага етади.
Сўнгра у Яминуд Давла Маҳмуднинг хизматига боради. Султон Маҳмуд унинг шон-шавкатини кўргач, ҳурмат назари билан боқади. Шон-шавкатни шу даражага етказадики, уни йигирмата кумуш камарли ғулом отда кузатиб борадиган бўлади.”
Бу тафсилотлар талқинга муҳтож эмас деб ўйлайман. Муҳими Чингизхон босқинидан олдин чағониёнликларнинг қандай одамлар бўлишгани ва улар қандай истиқомат қилишганидан мисол.
Муаллифи аниқланмаган, аммо 982 йили ёзилган “Ҳудуд-ул-олам” китобидан: “Чағониён — (бир) хароб ноҳия, (бироқ) катта ноҳия, экинзорлари кўп. Деҳқонлари эринчоқ, дарвешлар жойи, лекин ноз-неъматлари кўп. Одамлари жанговар ва ботир. Бу ноҳиятнинг ҳавоси тоза, ери ҳосилдор ва сувлари яхши, у ерда йилқи боқилади, чакмон, гилам-тўшак ва кўплаб заъфарон тайёрланади. Бу ноҳиятнинг подшоси мухторият (ҳуқуқига эга) ҳокимлардан ҳисобланади ва уни Чағониён амири дейдилар!”
Яна шу китобдан: “Чағониён — катта шаҳар, тоғ этагида жойлашган. Ушбу ноҳиятнинг бош ва марказий шаҳри, оқарсувли ва хуш ҳаволи бир жой, одамлари дарвеш.”
Манбаларда мавлоно Яъқуб Чархий ҳазратларининг бир муддат Деновда истиқомат қилганлари ҳақида маълумотлар бор: ҳар қалай “Гул танламай сайраган у қандай булбул экан!” сингари қанотли ибораларнинг қатида гап кўп-да!
Деҳқонларнинг айтишича, ҳар қандай азамат дарахтнинг ҳам бўйи унинг томирига баробар бўлар экан. Деновнинг бугунги салобатини унинг қадим тарихи билан изоҳлаган маъқул деб ўйлаймиз. Ўзингиз биласиз, илдизлари чуқур бўлмаган дарахтни салгина ҳамла билан йиқитиш мумкин.
Тоғнинг устида турган одам унинг юксаклигини ҳис қилмагани сингари Деновда истиқомат қилиб турган киши бу шаҳарнинг қадимийлигини доим ҳам англаб етавермайди. Унга бошқаларнинг кўзи билан ёки четдан қараш керак. Шунда у бутун салобати билан намоён бўлади. Деновда аллақандай жозиба бор ва у ижтимоий маъно моҳиятига эга. Бутун умрини Далварзинтепа билан Холчаённи ўрганишга бағишлаган академик Эдуард Ртвиладзе билан археолог Баҳодир Турғунов яқинда Деновга келишди. Ва қизғин суҳбатларнинг бирида Деновнинг ўтмиши милоддан аввалги 3 асрга бориб тақалиши, балки ундан ҳам қадимийроқ эканини далиллар билан исботлаб беришди.
Тоштемир Турдиев,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).