Зебуннисо бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобур подшоҳнинг панневараси Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб (тахтбезаги) Оламгирнинг қизи. Унинг онаси Дилрасбону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, Бобурнинг Гулбадан бегим исмли қизига бориб туташади. Зебуннисо бегим (1048 ҳижрий йил шаввол ойи) 1639 йил милодий, феврал ойида Деҳлида туғилган.
Унинг отаси Аврангзеб (1618—1707) ёшлигиданоқ диндорлиги билан ном чиқарган эди. У риёкорлик билан «умримни ибодатда ўтказмоқ учун Маккага бориб, бу дунё ишларидан қўл юваман», деб юрар ва оддий халққа ўзини авлиё қилиб кўрсатарди. У отаси Шоҳ Жаҳон (шаҳзода Хуррам) қўл остидаги Декан вилоятининг ҳокими эди. Аммо Шоҳ Жаҳонга қарши бир неча марта исёнлар кўтаради. Ниҳоят, 1657 йилда, отаси Шоҳ Жаҳоннинг касаллигидан фойдаланиб, катта акаси Доро Шукуҳни ҳокимиятдан азл қилмоқ учун кичик акаси Шоҳ Шужоъ ва укаси Мурод Бахшлар билан иттифоқ тузади. 1658 йилда акаси Доро Шукуҳни асирга олгач, отаси Шоҳ Жаҳонни ҳам тахтдан тушириб, қасрда маҳбусликда сақлайди. Кўп ўтмай укаси Мурод Бахшни ҳам ушлаб зиндонга ташлайди ва ўша ерда бўғиб ўлдиртиради. Кичик акаси Шоҳ Шужоъ дарбадарликда Бирма тупроғига ўтиб, ўша ерда бутун оила аъзолари билан бирга қароқчилар қўлида ўлиб кетади. Катта акаси Доро Шукуҳни динсизликда айблаб, зиндондан олиб чиқади ва шаҳар майдонида бошини кестиради. Ўша куниёқ Доро Шукуҳнинг кесилган бошини лаганга солиб маҳбусликда ётган касал отаси Шоҳ Жахон олдига киритади. Шоҳ Жаҳон эса маҳбусликда саккиз йил йиғлаб-йиғлаб кўзи кўр бўлиб, оламдан ўтади.
Аврангзеб Қуръонни ёд билар, талайгина шеърларни ёддан ўқир, ўзи ҳам шеър ёзарди. Аммо қаттиққўл, бировнинг ҳақидан хазар қилмайдиган, қон тўкишни оддий бир зарурат деб билувчи тошбағир бир киши эди. У қирқ тўққиз йил ҳукмронлик қилиб, 1707 йилда 89 ёшида Аҳмадобод шаҳрида вафот этади. Аврангзеб кўп йиллик ҳукмронлик даврида ота-боболарига ўхшаб меъморлик, адабиёт ва санъатнинг ривожи учун қайғурмади.
«Тазкират ул-ҳавотун»да айтилишича, Аврангзебнинг беш ўғли ва беш қизи бўлган. Ўғиллари: Муҳаммад Султон, Муаззам Шоҳ (кейинчалик Баҳодир Шоҳ), Аъзам Шоҳ, Муҳаммад, Амин Ком Бахш; қизлари — Бадринисо бегим, Зебуннисо бегим, Зийнатнисо бегим, Зубдатнисо бегим ва Меҳринисо бегимлардир.
Зебуниисо бегим ўз замонасининг фозила аёлларидан Ҳафиза Марям Бону қўлида савод чиқарган. Отаси Зебуннисонинг шоирлик истеъдодини пайқаб, унга ўз даврининг етук олимларидан Мулло Муҳаммад Ашраф Исфаҳоний ва Мулло Жовонни муаллим қилиб тайинлайди. Зебуннисо бегим забардаст шоира, етук олима, уста танбур чертувчи созанда ва моҳир хаттот бўлиб етишади. Араб-форс тилларининг сарфу наҳв (морфология ва синтаксис)ини, фиқҳ (қонуншунослик), мантиқ, фалсафа, тарих фанларини пухта ўзлаштиради. у настаълиқ, насҳ ва шикаста хатларини зўр маҳораг ила битган. Қуръонни бир неча маротаба ҳуснихатда кўчирган ва ёддан қироат билан ўқиган. Зебуннисо бегим араб ва форс тиллари сарфу наҳвини эгаллаб, шу тилларда ҳам ижод қилди.
Зебуннисо бегим олнмларга, шоирларга ва санъат аҳлларига ҳомийлик кўрсатиб, уларга маош тўлаб турган. «Олами Ислом» тазкирасидаги «Зебуннисо бегим отаси ҳукмдорлик билан қозонолмаган шуҳратни илм ка одоб билан қозонган» жумлалари фикримизни тасдиқлайди.
Зебуннисо бегим бир қатор шогирдпешаларни илм-маърифат, одоб ва ғазалиёт бобида тарбиялаб, камолотга етказган, Шарқнинг машҳур шоири Мирзо Абдуқодир Бедил ўз қизини Зебуннисо бегим тарбиясига топширган. Натижада у шоиралик даражасигача етишган. «Мунтахаб ат-таворих» ва бошқа асарлардаги байт Мирзо Бедил қизига нисбат берилган:
Ёрам маро баҳонайи танҳо нишонду рафт, Гуфтам, ки ман ғуборам, доман фишонду рафт.Мазмуни: Ёрим мени ёлғиз ташлади-ю, кетди, ҳатто йўлингда ғуборингман десам ҳам этагини қоқди-ю кетди.
1922 йилда чоп этилган «Кобул» журналининг 10-сонида Зебуннисо бегим ҳақида шундай маълумот учрайди: «Зебуннисо бегимнинг чиройли бир девони бўлган.Яна тасаввуф фалсафасига оид «Мунис ул-арвоҳ» асари ҳам бор. Тафсир соҳасида 769 варақли «Зеб ат-тафсир» («Гўзал тафсирлар)ни ёзди. Бундан ташқари илоҳиётга доир «Зеб ан-нашаот» номли асар ёзиб, уни устози хотирасига бағишлади. Ҳиндистон мусулмонлари орасида дастуруламал бўлиб қолган «Фатавойи оламгирий» («Шариат қонунлари мажмуаси») асарини форс тилига таржима ҳам қилдирди». Кўриниб турибдики, Зебуннисо бегим ўз замонасининг оқила ва зукко қизи, ўша муҳитнинг баркамол зиёлиси эди.
У отаси шоҳ Авраигзеб Оламгирнинг яқин маслаҳатчиси эди. Лекин Зебуннисо бегим маслаҳатларининг ҳаммаси ҳам шоҳга маъқул бўлавермаган. Айниқса, адолат ва маърифат бўйича бергаи маслаҳатлари, эркин фикрлари шоҳга ёқмаган.
Зукко олима, ҳассос шоира бўлмиш гўзаллар гўзали Зебуннисо бегимга умр йўлдоши бўлишни истаган кишиларнинг сон-саноғи бўлмаган. Бироқ, Зебуннисо бегим уларнинг ҳеч бирини ўзига муносиб топмаган. Зеро, Зебуннисо бегимга илҳақ бўлганларнинг аксари шаҳзодалар, амирзодалар, бекзодалар ва йирик мулкдорлар эди. Ўз замонасининг шоирларидан ҳам Зебуннисо бегимга ёстиқдош бўлишга орзумандлар кўп бўлган.
Кўпгина тарихий асарларнинг гувоҳлик беришича, Зебуннисо бегим ёшлигида Оқилхон Розий исмли шоиртабиат бир йигитга кўнгил қўяди. Оқилхон Розий ҳам Зебуннисо бегимга ишқий мисралар йўллаб турган. Шоҳ Аврангзеб ошиқ-маъшуқнинг махфий учрашувларидан хабар топгач, уларни таъқиб остига олади. Ривоятлардан бирида айтилишича, кунлардан бир кун Зебуннисо бегим билан Оқилхон Розий боғда учрашиб турганларида боққа шоҳ Аврангзеб кириб келади. Дарҳол ошиқ-маъшуқлар ўзларини панага оладилар. Оқилхон шоҳнинг ғазабидан чўчиб, беркиниш учун бирор панароқ жой излайди. Иттифоқо, боғнинг бир четидаги катта зиёфатлар учун қазилган ерда ўчоққа ўрнатилган катта дош қозон мис қопқоғи билан турарди. Оқилхон ана шу қозон ичига тушиб олиб, устидан қопқоғини ёпиб олади. Албатта, унинг бу шошилинч ҳаракати шоҳ Аврангзебнинг назаридан четда қолмайди. Шоҳ Аврангзеб қизи Зебуннисо бегимга боғдан чиқиб кетиш ҳақида амр қилгач, тўғри юриб келиб, дош қозон қопқоғи устига чиқади ва баковулни чақириб, ўчоққа олов ёқишни буюради. Ўчоққа олов ёқилгач, қозон қизийди. Қопқоқ остидан жизғанак ҳид билан тутун чиқади-ю, аммо ҳеч қандай нидо эшитилмайди. Аврангзеб қопқоқдан тушиб, баковулга қозон қопқоғини очишни буюради. Қопқоқ очилганда қозон ичида ярим қорайган Оқилхоннинг жасади кўринади…
Бенгал классик адабиётининг билимдони ва ҳозирги замон бенгал адабий тилинн яратувчиларидан бири Бонкимчондор Чоттопаддхайнинг (1838—1894) «Радж Сингх» номли тарихий романида Зебуннисо бегимнинг севган маҳбуби Оқилхон Розий — Муборак Али номн билан талқин қилинади. Муаллифнинг ҳикоя қилишича, Муборак Алининг Зебуннисо бегимни яхши кўриши ва усиз яшай олмаслигини ўз оғзидан эшитган шоҳ Аврангзеб Муборак Алини ушлатиб, махсус жазога мустаҳиқ қилади. Муборак Али олдига кўз ойнакли илон (кобра) солинган иккита темир қафасни келтириб қўядилар. Муборак Али бу жазонинг тартибларини аввалдан биларди. Чунончи, бу даҳшатли жазодан қутулишнинг чораси йўқлигига ишончи комил бўлгани туфайли, ўлимни бўйнига олиб, дарҳол этикни ечиб, оёғини қафасга яқинлаштпради. Ғазабланган илон яшин тезлигида оёқни тишлайди. Муборак Али даҳшатли оғриқдан инграб, жаллодга боқади. Жаллод илон заҳрининг зўрлигидан юзлари кўкара бошлаган Муборак Алига қараб, иккинчи қафасга ишора қилади. Қоидага мувофиқ, биринчи қафасдаги илон чаққан оёқни иккинчи қафасдаги илонга хам чақдириш лозим эди. Бундан мақсад, биринчи қафасдаги илон яхши чақа олмаган бўлса ёки етарли даражада заҳари бўлмаган бўлса, иккинчи қафасдаги илон меъёрига етказарди. Бинобарин, Муборак Али яраланган оёғини иккинчи қафасга тегизади. Шу лаҳзада илон чақиб, ҳушдан кетади ва оламдан ўтади.
«Тазкирати шоироти урду»да нақл қилинишича, Оқилхон Розийни қатл қилаёттанларида, у қуйидаги ғазални ўқиган экан:
Баъдаз мурдан зи жафойи ту агар ёд кунам, Аз кафан даст берун орам ва фарёд кунам.Мазмуни: Агар сенинг жафоларингни эсласам, ўлганимдаи кейин ҳам кафандан қўлимни чиқариб, фарёд чекаман.
Юқоридаги ривоятлардаи кўриниб турибдики, Зебуннисо бегимнинг ҳар ҳолда севган кишиси бўлган. Аммо шоҳ Аврангзеб бу йигитни ўзига куёв қилишдан ор қилиб, унинг бўйнига туҳмат тошини осиб, қатл қилдирган.
Оқилхоннинг ўлимидан сўнг, Зебуннисо бегим қалбида янги ёр учун ўрин қолмайди. У поёнига етмаган ишқнй достонини куйлаб ўтади. Зебуннисо бегим камтарлик ила ўзи ҳақида қуйидаги мисрани ёзган:
Ҳар матоеро харидор аст дар бозори ҳусн, Пир шу-д Зебуннисо ўро харидоре нашуд.Мазмуни: Ҳусн бозорида ҳар матога бор харидор, аммо Зебуннисо қариди-ю унга харидор топилмади.
«Олами Ислом»да ёзилишича, эрон шаҳзодаларидан бири Зебуннисо бегимнинг ҳусн-латофатда танҳолигини эшитиб, уни ғойибона севиб қолади. Унинг фироқида куйиб, ошиқона ғазаллар ёзиб, улардан бир мисрани Зебуннисо бегимга юборади.
Туро, эй гулбадан, бепарда дидан орзудорам, Латофатҳойи ҳуснатро расидан орзудорам.Мазмуни: Эй гулбадан, сени пардасиз кўриш, ҳусну латофатларингга етишиш орзусидаман.
Бунга Зебуннисо бегим қуйидаги жавобни ёзади:
Булбул аз гул бигузарад гар дар чаман бинад маро, Вутпарасти кай кунад гар барахман бинад маро? Дар сухан пинҳон шудам монанди бў дар барги гул, Майли дидан ҳарки дорад, дар сухан бинад маро.Мазмуни: Агар булбул мени чаманда кўрса, гул баҳридан кечарди, агар бараҳман мени кўриб қолса, бутга сажда қилмасди. Гул ўз ҳидини япроқларига яширгандай, мен ҳам сўзда яширинганман, кимнинг хоҳиши меии кўрмоқ бўлса, мени сўзда кўрсин.
Бу байт Зебуннисо бегимнинг Эрон шаҳзодасига моҳирона берган жавоби эди.
«Ҳунар ва мардум» (Эрон) ойномасида ҳикоя қилинишича, Аврангзеб Оламгирнинг етти вазири бўлиб, шулардан бири Оқилхон Розий эди. У ёш, шўх, етук сухандон, шоир табиатли йигит бўлган. Тақдир тақозоси билан Зебуннисо бегим Оқилхон Розийни ёқтириб қолади. Ниҳоят, ҳар икки дилдор бир-бирлари билан махфий равишда учрашиб, аҳду паймон қиладилар. Аммо шоҳ Аврангзеб қизи Зебуннисо бегимни унча-мунча одамга раво кўрмас, шаҳзодалару, аслзодалардан куёв қилишни ният қиларди. Зебуннисо бегим билан Оқилхон Розий кўпинча бир-бирларига мушоира тарзида шеър ёзишиб, сўзлашардилар. Уларнинг бир-бирларига кўнгил қўйганлари ва махфий учрашувлари ҳасадчи ва иғвогарлар назаридан четда қолмади. Улар бу воқеани шоҳ Аврангзебга етказадилар. Шоҳ Аврангзеб аввалига қаттиқ ғазабланади ва Оқилхонга нисбатан жазо чорасини қўллашни ўйлайди. Бироқ, хабарчилар келтирган миш-мишдан бошқа қўлда амалий далил-исбот йўқлиги туфайли, жазони бир оз кечиктиришга қарор қилади. Зеро, бу соҳада июҳ Аврангзеб узоқни ўйлаб иш тутади. Чункн Оқилхонга бериладиган жазонинг бир учида ўзининг суюкли қизи Зебуннисо турарди. Шунинг учун жазо беришда шошилмасдан, аввал уларнинг хатти-ҳаракатларини текшириб кўришга жазм қилади ҳамда вазирларига қуйидагича кўрсатма беради: ҳар бир вазир бир кеча-кундуз, яъни 24 соат давомида саройда бўлиши керак. Ҳафтанинг етти кунини етти вазирига тақсимлайди. Ушбу тақсимотда Оқилхонга ҳам бир кечаю кундуз саройда салтанат ишлари билан шуғулланишга фармон беради. Ўз-ўзидан маълумки, Оқилхон навбатчилик қиладиган тунда Зебуниисо бегим билан Оқилхоннинг дийдор кўришмакларига имкон туғиларди. Аммо, шоҳ Аврангзеб ўзининг воқеанависларини (жосус) йиғиб, шу бир ҳафта давомида кечаси-ю кундузи Оқилхон Розиннппг хатти-ҳаракатидан воқиф бўлишни ҳамда ким билан нима ҳақда сўзлашганини назардаи қочирмасликни тайинлайди.
Оқилхон Розий фаҳм-фаросатли, ҳар ишнинг оқибатини ўйлайдиган ақлли йигит эди. У навбатчилик шоҳга нима учун зарур бўлиб қолгани сабабини фаросат юзасидан ўйлаб топади. Ишнинг оқибати яхши бўлмаслигига кўзи етган Оқилхон ўзини касалликка солиб, ўша кун ва тун ўз манзилидан ташқарига чиқмайди. Зебуннисо бегим эса Оқилхон Розийнинг навбатчилик кечасини зўр иштиёқ ва сабрсизлик билан кутади. Зеро, ўша кеча маҳбубининг висолини кўришга мушарраф бўлишдан умидвор эди…
Зебуннисо бегимнинг ҳаёт йўли афсонавий воқеаларга бой. Унинг насли ота тарафидан ҳам, она тарафидан ҳам Бобур подшоҳга бориб туташади. Демак, шоҳ қизи, боз устига ақл ва идрокда тенгсиз, юксак шеърий истеъдод соҳибаси, назм мулкининг маликаси, маликалар ичра гўзали… Зебуннисо бегим ҳусну латофат ва малоҳатда беназир, фазилатда беқиёс бўлса-да, ўзининг 63 йиллик умри давомида ўзига муносиб, ҳамдард ёр топа олмади. У 1702 йилда 63 ёшида Деҳлида вафот этди. Уни Деҳлидаги «Зарзарий» қабристонига дафн қилишган.
«Олами Ислом»да ёзилишича, Зебуннисо бегимнинг вафотига бағишлаб, абжад ҳисобида қуйидаги ғазал билан таърих ёзганлар.
Оҳ, Зебуннисо ба ҳукми қазо ногаҳон аз нигоҳ махфий шуд. Манбаи илму фазл ва ҳусну жамол, Ҳамчу Юсуф бачоҳ Махфий шуд. Соли таърих аз ҳирад жустам, гуфт ҳотиф ки моҳ Махфий шуд.
Мазмуни: Оҳ, Зебуннисо, қазо ҳукми билан ногаҳон кўздан яширинди. Илму фазл ва ҳусну латофат манбаи Юсуф каби чоҳга яширинди. Таърих (вафот) йилини ақлдан қидирдим, ой яширинди деб ғойибдан овоз келди.
Ғазалда «Зебуннисо бу ҳукми қазо» таърихи бўлиб, араб алифбосида ҳарфларнинг рақами 1132 ни ташкил қилади. Унда «зеб» ҳарфлари— 19 дир, демак 1132дан 19 ни олиб ташланса, 1113 қолади. Бу сон ҳижрий йилда Зебуннисо бегимнинг вафот қилган йилидир. Ҳижрий 1113 йилни милодийга ўгирилса — 1702 йил келиб чиқади.
Қуйида Зебуннисо ғазалларидан иккитасини М. Муинзода таржимасида ҳавола этамиз:
Зулфи ҳалқа-ҳалқа-у кўзи қаро бу ердадур, Боқиши шафқатли-ю, нозик адо бу ердадур, Киприги ханжар, карашма тиғу кўз ташлаш яшин, Гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг, Карбало бу ердадур. Берса ҳам жаннатни алданма, кишилар сўзига, Бир қадам майхонадан жилмаки жой бу ердадур. Каъбага бормоқ на ҳожатдур, агар дил овласанг, Беҳуда йўллар кезар бу халқу, жой бу ердадур. Ҳуснига бошдин-оёқ боққанда ҳар бир нуқтадин, Дилни тортиб ҳар карашма, дерки: жой бу ердадур. Изладим бир-бир жаҳонда ҳар неча бўлса китоб, Кўрдиму хаттингни дедим: муддао бу ердадур. Истасанг ҳуснинг закотиии берарга мустаҳиқ, Келки, бу Зебуннисо янглиғ гадо бу ердадур.
* * *
Лайли зотидан эсамда, дилда Мажнунча ҳаво, Току тош кезгум келур, лекин йўлим тўсгай ҳаё, Мендан ўрганди-ю бўлди гулга булбул ҳамнишин, Менгадур парвона ҳам шогирду ишқимдур расо. Зоҳиримдур ғозаранг, аммо ниҳоним қон эрур, Ўз ичида сақлагандек қип-қизил рангни хино. Баски қўйдим мен фалакнинг елкасига ғам юкин, Кийди мотам тўнини-ю, бўлди қадди ҳам дуто. Шоҳ қизи бўлсам-да, қилдим фақр йўлин ихтиёр, Бас менга бу зебу зийнат ким, отим Зебуннисо.
Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобидан олинди.