Гулбадан бегим Заҳириддин Муҳаммад Бобуршоҳнинг Дилдор бегим номли хотинидан туғилган учинчи қизидир. Гулбадан бегим 1523 йили Кобулда туғилган. Унинг онаси Дилдор бегимнинг ҳақиқий исми — Солиҳа Султон бегим бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзопинг амакиси Султон Маҳмуд Мирзонинг қизи эди. Гулбадан бегим отасн Бобур подшоҳнинг фармонига кўра катта онаси, яъни Ҳумоюн Мирзонинг онаси — Моҳим бегим қўлида тарбияланади. Моҳим бегим Бобур подшоҳнинг энг севикли катта хотини, ҳукмдорнинг хотинлари орасида энг оқила ва билимдони эди.
Бинобарин, 1525 йили Гулбадан бегимни Моҳим бегим ўз тарбиясига олади. Гулбадан бегим ҳар иккала онасини ҳам самимий эъзозлаган. У ўз асарида онасини «Дилдор бегим» деб, Моҳим бегимни эса «онам ҳазратлари» деб тилга олади.
Гулбадан бегим 1529 йилгача Кобулда яшайди. Бобур Ҳиндистонни қўлга киритгач, Моҳим бегим билан бирга подшоҳ отасининг ҳузурига—Аграга боради. Отаси Бобур вафотидан сўнг, акаси Ҳумоюн подшоҳ саройида яшайди. 1539 йилда Гулбадан бегимни Хизр Хўжахонга турмушга чиқарадилар. У бир ўғил кўради, исмини Саодатёр деб атайдилар. 1556 йили Ҳумоюн подшоҳ вафотидан сўнг салтанат тахтига унинг ўғли Жалолиддин Акбаршоҳ (1542—1605) ўтиргач, шоҳнинг онаси Ҳамида бону билан Гулбадан бегим саройга — Деҳлига қайтиб келадилар. Ана шундан сўнг, Гулбадан бегим то умрининг охиригача жияни Акбар подшоҳ саройида яшайди.
Гулбадан бегим ўз замонасининг оқила, донишманд аёлларидан эди. У жияни Жалолиддин Акбар подшоҳнинг «Фирдавс макон ва жаннат ошён Ҳазрат ҳақидаги воқеалардан нимаики билсангиз, ёзингиз»,— деган ишорасига мувофиқ, «Ҳумоюннома» номли ажойиб ва муҳим тарихий асарини ёзишга киришади. «Ҳумоюннома» Бобур подшоҳ билан Ҳумоюн подшоҳнинг ҳаёт тарзи ва саргузаштларининг мухтасар тарихи бўлиб, мантиқан «Бобурнома»нинг давомидир. Бу асарнинг муҳимлиги яна шундаки, «Бобурнома» асаридаги айрим воқеаларнинг келиб чиқиш сабаблари мукаммал очиб берилади.
Гулбадан бегим ўз асарида сарой аҳлининг ҳаёт тарзи, шунингдек, тарихий асарларда учрамайдиган Бобур подшоҳ хонадонининг нозик хусусиятлари, оилавий шароитлари, тўй ва аза билан боғлиқ удумлар, уй-рўзғор асбоблари, кийим-кечак турлари каби жиҳозлар ҳақида муфассал ҳикоя қилади. Аммо, афсуски, асарнинг охирги қисми ўша замоннинг суронли йилларида йўқолиб кетган.
Мир Маҳди Мирзонинг «Тазкират ул-ҳавотин» асарида келтирилган «Севгисиз ҳаётда маъно йўқ» мазмунидаги икки байтига қараганда, Гулбадан бегимнинг ғазалиётдан ҳам хабари бўлган.
«Акбарнома» асарининг муаллифи Абул Фазлнинг берган маълумотига қараганда, 1575 йилда Гулбадан бегим Каъбатулло зиёратига жўнаб кетади ва 1582 йилда кўп қийинчиликлар билан зиёратгоҳдан қайтиб келади. Абул Фазлнинг ёзишича, Гулбадан бегим 1603 йилда 80 ёшида вафот этади. Акбар подшоҳ уни катта ҳурмат ва эҳтиром билан дафн этдиради. Акбар подшоҳнинг ўзи Гулбадан бегим тобутини ўғил сифатида кўтариб, дафн маросимида ўғиллик бурчини эътимомига етказади.
Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобидан олинди.