Худоёрхоннинг Англияда, қиролича Виктория ҳузурида бўлгани, хонлик тақдири борасида у билан музокаралар олиб боргани ҳақидаги ҳужжатлардан хабардормисиз? Бу хон учун Ватанни мустамлакачилардан асраб қолишнинг сўнгги чораси эди. Худоёрхоннинг бу йўлда чеккан заҳматлари озмунча эдими?
Унинг тахтга уч марта — 1845, 1862 ва 1865 йилларда чиқиб, йигирма беш йил чамаси мамлакатни бошқарганлиги кўпчиликка аён. Худоёрхон илк бор 1858 йили акаси Маллахон томонидан, сўнгра 1863 йили машҳур Алимқули тарафидан тахтдан жудо қилинган. Уч йилдан ортиқроқ муддат тахт соҳиби бўлган Маллахон 1862 йил бошида бир гуруҳ сарой аъёнлари томонидан ўлдирилади. Алимқули 1865 йили Тошкент шаҳрига бостириб келган рус аскарлари томонидан, у тахтга ўтқазган ёш Султон Саидхон эса Бухоро амири Музаффар фармойишига кўра қатл этилади. Тошкентда ҳаёт-мамот жанглари бораётган бир паллада Худоёрхон амир ҳомийлигидан фойдаланиб, Қўқон хонлиги тахтини учинчи бор эгаллайди. Шундан сўнг 10 йилдан ортиқроқ муттасил ҳукмфармолик қилади.
Акаси Маллабекнинг Мусулмонқулини енгишдаги жасоратига тан берган Худоёрхон 1852 йилдаёқ хонлик тахтини унга таклиф этган, ўзи унинг хизматида камарбаста бўлишини айтган. Лекин Маллабек хон таклифини қабул қилмаган, укасини ўз раъйига юргизадиган баъзи маслаҳатлар бериш билан кифояланган эди. Орадан беш йил ўтгач, мамлакат ҳудудларидан бирида юз берган тартибсизликларни бостириш учун қўшин билан жўнаб, ўрнига вақтинча Маллахонни қолдирганида акаси дарҳол куч тўплаб, ҳокимиятни қўлга олишга қатъий киришади. Бундан хабар топган Худоёрхон дарҳол Қўқонга қайтиб, ўз тахтини эгаллайди. Маллабек Қўқондан қочиб кетадию бир йил чамаси вақт ичида кўп аскар йиғиб, хонлик тахтини эгаллайди. Худоёрхон эса Бухорога қочиб, 4 йил давомида тахтга қайтиш иштиёқида заҳматли ҳаёт кечиради. Иккинчи марта тахт қўлдан кетганидан кейинги муддат икки йилни ташкил этиб, бу даврда ҳам Худоёрхон Бухорода олдинги аянчли ҳаётини давом эттириб, амир Музаффарнинг барча хўрликларига чидаб кун кўради.
Лекин учинчи, сўнгги бор тахтдан ажралишнинг Худоёрхон учун қанчалар зўр фожиа бўлганини сўз билан ифодалаш қийин. Хон тахтдан жудо бўлишидан икки-уч йил олдин қирғиз жамоалари орасидан Исҳоқ Ҳасан ўғли деган бир носфуруш Самарқандда муллаваччалик қилаётган, асли хон авлодларидан бўлган Пўлатхон номидан тахт даъвоси билан чиқади ва атрофига кўп аскар тўплаб, катта хавф туғдира бошлайди. Худоёрхоннинг катта фожиаси шундаки, унинг энг ишонган лашкарбошилари Абдураҳмон офтобачию Исо авлиёгача, Марғилон беги лавозимидаги иниси Султон Муроду фарзандлари Насриддин билан Муҳаммад Аминбеккача ўз қўл остиларидаги ўн минглаб аскарлари билан бирин-кетин сохта Пўлатхон томонига ўтиб кетадилар. Хон учун бундан кўра даҳшатлироқ ҳолни тасаввур этиш қийин. Хонни тахтни ташлаб рус босқинчиларидан паноҳ сўраб боришга мажбур этган сохта Пўлатхон, аслида носфуруш Исҳоқ Ҳасан ўғли эса, тахтга асло муносиб бўлмаган, ўта тўпори, жаллодтабиат одам эди. У тахтда ўтирган уч ойча муддат ичида шунча одамнинг қонини тўкдики, унга замондош муаррихлар асарларини, архивларда сақланиб қолган ҳужжатларни кўрганда кишининг тепа сочи тикка бўлиб кетади. Масалан, Умидий-Ҳавоий «Мактубчаи хон» достонида сохта Пўлатхон ёш гўдакларни кундага қўйиб чопишга зўр бергани учун уни «Заҳҳоки соний» деб атайди. Худоёрхоннинг сохта Пўлатхон кундасига қўйилиб чопилишдан аранг қутулган ўғли Ибн Яминбек «Туркистон вилоятининг газети»да чоп этилган таржимаи ҳол асарида бу қонхўр яқиндагина у билан ёнма-ён туриб, акаси Худоёрхонни тахтдан ағдариш учун курашган ҳамтовоғи Султон Муродбекнинг ўзинигина эмас, балки унинг ҳали балоғатга етмаган олти ўғлини, шунингдек, хоннинг бири уч яшар, иккинчиси тўрт яшар гўдакларини ҳам қиличдан ўтказганлигини чексиз алам билан ёзади.
Хонликни босиб олишда алоҳида «фидойилик» кўрсатган генерал-майор Скобелов 1875 йил 4 ноябрда фон Кауфманга берган маълумотларни ўқисак, сохта Пўлатхоннинг юқоридаги ишлари ҳам ҳолва бўлиб қолади:
«Пўлатхонни ҳаддан ташқари шафқатсиз ва ўжар одам демоқдалар. Айтишларича, Пўлатхон бир мўътабар одамни ўлдирмасликни илтимос қилгани учун ҳатто ўз отасини қатл этишга буюрибди (Республика Марказий архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 65-иш, 38-саҳифа)».
Ана шуларнинг ҳаммасидан кейин бу жаллодлар жаллодини «халқ озодлик ҳаракати раҳнамоси» шоҳсупасига кўтариб, у ҳақда рисола чоп эттираётган, ҳатто унга қаҳрамон сифатида мақтовлар айтаётган баъзи тарихчиларимизнинг ҳақиқатга зид ишлари кишини ажаблантиради. Шуниси ҳам борки, «Ўзбекистоннинг янги тарихи»да: «ватан озодлиги учун жон олиб, жон берган халқ қаҳрамони, истиқлол жангчиси» дея кўкларга кўтарилган сохта Пўлатхон эзгу мақсадлар учун сўнгги нафасигача курашган фидойи шахс эмасди, асло. Буни шундан ҳам билса бўладики, у рус босқинчиларига таслим бўлиш мақсадида 1876 йил 18 январда Россия ҳукуматининг Хўжанддаги ҳокими барон Нольде ҳузурига Мир Бадал охунд бошчилигида 14 кишидан иборат элчиларни юборади. Нольде уларни Тошкентга жўнатади. Ўша кунларда Петербургда бўлган фон Кауфман буйруғига кўра сохта Пўлатхон элчилари Қўйлиқда тўхтатилиб, улар билан ҳеч қандай расмий учрашув ўтказилмай, орқасига қайтариб юборилади (Республика Марказий архиви. 1-жамғарма, 34-қайд, 327-иш, 7-11- саҳифалар)».
Хуллас, Худоёрхон тахти уни тортиб олганларнинг ҳеч бирига вафо қилмади. Уларнинг ҳаммаси орадан бироз вақт ўтгач, тахтга кўз тиккан бошқа даъвогарлар томонидан қатл этилди.
Маълумки, Тошкент учун ҳаёт-мамот жанглари бораётган бир паллада Худоёрхон амир Музаффар ҳомийлигидан фойдаланиб, хонлик тахтини учинчи марта эгаллайди. Шундан кейин ўн йилдан ортиқ муттасил ҳукмронлик қилади. Худди ана шу даврда чор аскарлари хонликнинг Хўжанд, Бухоро амирлигининг Жиззах, Ўратепа сингари ғоят муҳим ижтимоий-иқтисодий вилоятларини бир йилнинг ўзида, яъни 1866 йили босиб оладилар.
Ана шу босиб олинган вилоятлар ҳисобига кенгайиб кетган Туркистон губернаторлиги 1867 йилга келиб, генерал-губернаторликка айлантирилди, генерал-адъютант Константин Петрович фон Кауфман ўлканинг бош ҳукмдори сифатида иш бошлади.
Худоёрхон хонлигининг учинчи муддатида қарийб 8 йил мобайнида ана шу ўта шафқатсиз ва илоннинг ёғини ялаган генерал-губернатор билан муросаю мадора йўлларини излаб, ғоят қалтис шароитда салтанатни бошқаришига тўғри келди. Фон Кауфман Худоёрхонга қандай муносабатда бўлганини кўрсатувчи баъзи архив ҳужжатларини келтирайлик. 1867 йил ёзи охирида генерал-губернаторлик фаолиятини бошлаган фон Кауфман дастлабки ойлардаёқ Қўқон хонлиги билан муносабатларини «хўжа кўрсин»га яхшилаш пайига тушади. Шу мақсадда октябр ва ноябр ойларида Худоёрхонга бир неча мактублар йўллаб, уларда ўзининг Туркистон ўлкасига бош ҳоким бўлиб келганини, Россия императори Александр II унга қандай ҳуқуқ ва имтиёзлар берганлигини маълум қилгач, энг яқин қўшни мамлакат бўлмиш Қўқон хонлиги билан генерал-губернаторлик ўртасидаги асосий масалаларни ҳал этиш учун нуфузли элчилар юборишни таклиф этади. Шу муносабат билан 3 декабр куни хонликдан келган элчиларни тантанали қабул этиш чоғида Кауфман уларга: «юқори мартабали Қўқон хони каби кейинги йилларда Россия билан дўстона муносабатларга содиқ бўлганлар биз билан қўрқмасдан иш олиб боришлари ва хотиржам бўлишлари мумкин» деса (Республика Марказий архиви, 715-жамғарма, 1-қайд, 35-иш, 292-саҳифа), 1868 йил 29 январда Худоёрхонга ниҳоятда хотиржам қилувчи ваъдалар бериб, шундай ёзади: «Бизга қўшни давлатларда хонлар билан халойиқ ўртасида низолар чиқишига буюк рус подшоҳи ҳеч қачон йўл қўймайди».
Шундан сўнг 1868 йил қиш фаслида Мирза ҳаким парвоначи бошлиқ элчилар Петербургга борадилар, император уларни шахсан қабул қилади ҳамда ўз номидан Худоёрхоннинг фаолияти мақталган мактуб йўллайди.
1870 йилга келиб Россия бош вазири княз Горчаков билан Худоёрхон ўртасида ёзишмалар бўлиб туради. Шу даврларда Қўқон хонига император оиласидаги энг нуфузли кишиларга бериладиган «Светлой» унвони берилади, жавоҳир юлдузли биринчи даражали Станислав ордени билан сийланади.
1871 йил 24 мартда фон Кауфман Худоёрхонга ёзган мактубида: «Сиз «оқ подшоҳ»нинг буюк ҳомийлигида экансиз, Сизнинг ҳар бир дўстингиз бизнинг дўстимиз, ҳар қандай душманингиз эса бизнинг ёвимиз бўлиб қолади», дея жуда катта ваъда бериб юборган эди (715-жамғарма, 1-қайд, 45-иш, 344-саҳифа).
1872 йил бошида Қўқон хонлиги тахтининг валиаҳди шаҳзода Насриддинбек Тошкентга келганида унинг шарафига берилган зиёфатда фон Кауфман Худоёрхонни Ғарбга бориб, кўп нарсаларни ўрганиб қайтиб келгач, ўз мамлакатини бир неча поғона юксакликка кўтара олган Петр I га ўхшатган, «Яшасин Худоёрхон!» дея қадаҳ кўтарган ва энг тўғри йўлдан бораётган раҳнамо сифатида роса улуғлаган эди (1-жамғарма, 34-қайд, 45-иш, 119-120-саҳифалар).
Лекин орадан бир неча йил ўтиб, Қўқон хонлигида тож-тахт талашувлари халқ бошига оғир кунлар келтириб, Худоёрхон ҳал этиш мумкин бўлмаган муаммолар гирдобида қолганида фон Кауфмандан ёрдам сўрар экан, генералгубернатор унга «насиҳат» қилишдан нари ўтмайди. Сохта Пўлатхон қўшинларига бас келолмаган Худоёрхонга Тошкентга келишни буюриб, уни қўриқлаб келиш учун 60 кишидан иборат казак аскарларини юборган фон Кауфман хоннинг барча қаршиликларига қарамай, пойтахт Петербургга бориб императорнинг ўзи билан масалангни ҳал қиласан, дея алдаб, мажбуран жўнатиб, Оренбург генерал-губернатори Крижановский томонидан ушлаб қолиниб, ҳуқуқсиз маҳбус сифатида икки йилдан ортиқ афсус-надоматда кун кечиришига эришади.
Фон Кауфман шу воқеадан сўнг имзо чеккан икки ҳужжат унинг нақадар мунофиқлик билан иш тутганидан далолат беради ва ҳақиқий қиёфасини кўз олдимизда гавдалантиради.
Худоёрхон тахтни ташлаб, Хўжандда яшаётган кунлардаёқ фон Кауфман ўз ниқобини йиртиб ташлайди ва хонлик тахтига ўтирганига беш кунгина бўлган Насриддинхонга бундай деб ёзади: «Сизга маълумдирки, узоқ йиллар давомида дўст бўлишимга қарамай, мен ҳеч қачон унинг (отангизнинг демоқчи — қавс ичидаги барча изоҳлар муаллифники) хатти-ҳаракатини маъқуллаган эмасман» (Ўзбекистоннинг янги тарихи, 1-жилд, 156-бет).
Худоёрхон Петербургга бориш умидида сафарга чиққач, орадан ўн кун ўтибоқ фон Кауфман Қўқон халқига ёзган мурожаатномасида: «Сизларнинг собиқ хонингиз Худоёрни мен Петербургга жўнатдим. Энди у сизларга хон бўлмайди» деган сўзларни битади (715-жамғарма, 1-қайд, 63-иш, 46а-саҳифа).
Мана шу гаплардан кейин ўқувчида Кауфман Худоёрхоннинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон маъқулламаган бўлса, нега энди унга олий даражадаги унвон ва орден берилишини сўраб, пойтахтдаги энг йирик амалдорларга қайта-қайта ёзма равишда мурожаат қилди ва бунга эришди? Қолаверса, Оренбургда тутиб қолишни олдиндан режалаштирган генерал-губернатор Худоёрхонни ҳам, хонлик фуқароларини ҳам у Петербургга жўнади деб ишонтириши, ҳатто хон Петербургга кетди, деб газетада бостириши нега керак бўлди, деган саволлар туғилиши табиий. Бу ниҳоятда чигал саволларнинг жавоби Туркистоннинг ўша вақтдаги бош ҳукмдори виждонига ҳавола.
Қўқон хонлигидаги тахт учун курашлар кучайгандан-кучайиб, Худоёрхон сохта Пўлатхоннинг ва унинг ёнига қўшилган энг яқин кишиларининг ҳужумларига бардош беролмай қолган 1875 йил июл ойи иккинчи ўн кунлигида хонликни ҳимоя қилиш учун фон Кауфмандан ҳарбий ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Бироқ хонликнинг бутун ҳудудини босиб олишни илгаридан режалаштириб юрган Туркистон генерал-губернатори бу қулай вазиятдан фойдаланиб қолиш учун, аввало, хоннинг ўзини Тошкентга чақириш, уни ҳийла-найранг йўли билан Россия ичкарисига жўнатиш ва шундан сўнг бу қўшни мамлакатга қарши ҳарбий юриш бошлашни мақсад қилиб олади. Фон Кауфман гўё Худоёрхонни унинг душманлари ҳужумидан омон сақлаш учун 60 кишидан иборат казак аскарларини юбориб, унга Тошкентга келишни таклиф этган. Зотан, «Туркестанские ведомости»нинг 1875 йил 5 августдаги 31-сонида: «Собиқ Қўқон хонига Хўжанддан Тошкентга кўчиб келиш таклиф этилди», деган сўзлар битилган эди. Ҳақиқатан ҳам, газетада юқоридаги сўзлар эълон қилинишидан аввалроқ, яъни 24 июлда Худоёрхон фон Кауфман маслаҳатига кўра ўз оиласи, яқин аъёнлари ва бир гуруҳ соқчи аскарлари билан Хўжандга келиб, шу ерда ўн кун чамаси яшаб турган. Фон Кауфманнинг қора ниятларидан бехабар Худоёрхон генерал-губернатор таклифига кўра Тошкентга келаётганида кўп йиллар давомида хонга олтин тоғлар ваъда қилган ўз валийнеъматидан ҳақиқий нажот топишни, бу ердан рус қўшинлари ва даҳшатли тўп-тўпхоналари билан Қўқонга қайтиб, тахтни яна эгаллашни ният қилган, чамаси. Авваллари икки бор тахтдан тушиб, икки бор тахтга ўтириб, ҳаётнинг паст-баландини кўп кўрган хон Тошкентдаги эски қадрдонларига учраб, фон Кауфман билан қандай муомала қилиш ҳақида маслаҳат олиш учун ўз хуфияси Ориф рикобни барвақт Сайид Азимбой олдига жўнатади. Тошкентликлар маслаҳатини Ориф рикоб Хўжанддан чиқиб Тошкентга келаётган хонга йўлда етказади.
«Туркистон вилоятининг газети»: «Хўқанднинг хони Худоёрхон Туркистон генерал-губернатури генерал-адютант фон Кауфманнинг рухсатлари билан Хўжанд шаҳридин чиқиб, саккизинчи овғустда Тошканд шаҳриға келдилар», деган хабарни босган эди (19 август 1875 йил, 20-сон).
Не-не умидлар билан фон Кауфман ҳузурига етиб келган Худоёрхон боши харсангга урилгандек лолу ҳайрон бўлиб қолади. Чунки Туркистон генерал-губернатори унинг катта ҳарбий куч билан юртига қайтиб бориб, тахтни қайта эгаллаш орзусини сароб деб атаб, «русия давлатидан катта нафақа олиб, шу мамлакат ҳудудида яшаш»ни таклиф этган эди.
Фон Кауфманнинг ҳамма масала Петербургга бориб Россия императори билан учрашганидан кейин ҳал бўлажаги ҳақидаги найрангига учган хон сархуш ҳолда бу таклифни қабул қилади. Фон Кауфман Худоёрхонни Петербургга жўнатганлиги ҳақида расмий доираларда қайта-қайта гапириб, аслида уни Оренбургда эрксиз маҳбус ҳолатида тутиб қолажаги ҳақидаги фикрни у кунларда ўз атрофидаги энг ишончли кишилардан ҳам сир тутганди. Хуллас, ҳали кўнглида умид учқунлари бўлган Худоёрхон Петербургга, император ҳузурига бораман, деган ниятда йўлга тушади. Аммо кўнглининг бир чеккасида Петербургга кетяпману ўз юртимга қайтиб кела олмаслигим ҳам мумкин, деган мудҳиш хаёл кезарди. Шунинг учун йўлни Туркистон шаҳрига буриб, у ерда севикли хотини Оғача ойимни, азиз фарзандлари Ўрмонбек билан Фансуруллобекни баъзи хизматкорлар билан бирга қолдириб кетади. Шундан сўнг Петербург йўлидаги энг катта шаҳарлардан бўлмиш Оренбургга тушиб, у ернинг генерал-губернатори Крижановский билан учрашиб, унга ўз ҳол-аҳволидан хабар бериш мақсадида шаҳарга кириб келади. Бироқ ўша кунлари Крижановский шаҳарда йўқ экан. Унинг маҳкама ходимлари хонга генерал-губернатор шаҳарга қайтишини, кутиш кераклигини қатъий равишда таъкидлайдилар. Орадан бир неча кун ўтгач, шаҳарга қайтган Крижановский хонни юзда сохта тавозе билан кутиб олади, улар бир-бирлари билан совға алмашган ҳам бўладилар. Ўша куннинг эртаси ёки индинига бориб, Крижановский Худоёрхонни ўз ҳузурига чақириб, унга пойтахтдан алоҳида кўрсатма келгунига қадар Оренбургда яшаб туриши зарур эканини айтади.
Аввалда Россияга эркин меҳмон сифатида бориб, саёҳат қилиб, дам олиб келаман, деб ўйлаган Худоёрхон ўзининг эрки юлиб олинганини, ярим маҳбус сифатида яшашга мажбур эканини энди тушунади. Хоннинг эрксиз кунлари бошланади, пойтахтдан ўзи ҳақида қачон кўрсатма келишини генерал-губернатор маҳкамасидан сўрай-сўрай ҳолдан тойган Худоёрхон энди Оренбургдан ҳали-бери кетиши мушкул эканига кўникиб, шаҳарнинг Водяной ва Атаман кўчалари чорраҳасида бир ёғоч уй сотиб олиб, ўзи бирга олиб кетган хотинлари, қариндош-уруғ ва хизматкорлари билан биргаликда шу уйда яшай бошлайди. Бу даврда Крижановский хонни бир неча марта ўз ҳузурига чақириб гаплашади. Петербург ва Тошкентда Худоёрхоннинг келгуси тақдирини белгилаб бериши мумкин бўлган идоралар ва амалдорлар билан ёзишмалар олиб боради. Худоёрхон Крижановскийдан ўзини Петербургга император ҳузурига юборишни илтимос қилган эди. Унинг бу илтимоси императорга етказилганида, генерал-адъютант граф Гейден Крижановскийга 1875 йил 27 сентябрда: «Олий ҳазрат ўз иродаларини маълум қилиб, Худоёр Санкт-Петербургга келмасин, дея буюрдилар», мазмунида телеграмма беради (715-жамғарма, 1-қайд, 63-иш, 622-саҳифа). Худоёрхон ўзининг ҳажга боришига рухсат беришларини илтимос қилган эди. Шу муносабат билан 1875 йил 6 ноябрда Россия ҳарбий вазири Милютин Крижановскийга: «ҳозир шарқда нотинчлик бўлиб турган шароитда Худоёрхонни Маккага чиқариб юбориш ноқулай бўлади, кечиктириш керак», деб телеграмма беради (715-жамғарма, 1-қайд, 65-иш, 64-саҳифа).
Петербургга, император ҳузурига бориш нияти барбод бўлгач, Худоёрхон Москвада бир бой қариндоши борлигини, ўшаникига бориб яшаш орзусида эканини маълум қилади. Хоннинг бу мақсадига император томонидан монеълик йўқдай эди. Чунончи, Бош штаб бошлиғи граф Гейденнинг Крижановскийга 1875 йил 21 ноябрда ёзган хатида император Худоёрхонга мамлакатнинг Петербург ва Туркистондан ташқари ҳудудларидан яшаш учун ўзига жой танлашига рухсат бергани айтилган (715-жамғарма,1-қайд, 65-иш, 221-саҳифа). Бироқ икки йилдан ортиқ давр мобайнида бу масала ҳам ҳал этилмайди. Ташқи дунёдан бутунлай ажратиб қўйилган хон Оренбургда диққинафас бўлиб яшайверади. Ана шундай энг оғир бир вазиятда Крижановский одамлари унга хон тўғрисида чақувларни тез-тез етказиб турар эдилар. Кейинчалик Бўмбайдан Кауфманга ёзган хатида Худоёрхон: «Бир пора одамларимизни тарафидин губирнатурға шикоят қилибдурларки: от олди ва яна одам жам қилур, дебдурлар. Бир неча одамлар ул тарафдин бизга хабар бердиларки, губирнатур баҳодир сиздин кўп ранжибдурлар, деб сўзланди… Ноҳақ сўзлар бизнинг ҳақимизда сўзланди».
Ана шундай танг бир шароитда 1877 йил 3 октябрга ўтар кечаси Худоёрхоннинг Оренбургдаги уйига ўғрилар тушади. Юқорида эслатилган Бўмбайдан фон Кауфманга хатида Худоёрхон «Шу аснода уйимизға ўғри келди ва яна бир хафалик тушди», деб ёзади. Хон уйига ўғрилар тушганлиги ўша давр матбуотида ҳам ўз ифодасини топган. Масалан, «Туркестанские ведомости» ўзининг ўша йил 8 ноябрдаги сонида «Оренбургский листок»дан шу ҳақдаги хабарни кўчириб босади. Унда, жумладан, бундай дейилган эди: «3 октябрда, кечаси соат бирда, собиқ Қўқон хони Худоёрникига икки фойтунда ёвуз ниятли номаълум кишилар келиб, ҳовлидаги эшикка тиралганча, деразанинг битта ойнасини кўчирганлар ва келганларнинг бири деразадан ичкарига суқилиб кира бошлаган, лекин Худоёр ҳали ухламай ётган экан, суқилиб кираётган ўғрини кўргач, у ёнидаги темир сўйил билан ўғрини шундай қаттиқ урганки, деразада қон доғлари пайдо бўлган. Шундан сўнг барча ўғрилар тирақайлаб қочиб кетганлар. Рўй берган бу ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда».
Шуларнинг ҳаммасидан сўнг Худоёрхон анчадан бери кўнглида сақлаб юрган Маккага жўнаш ниятини амалга оширишга шитоб билан киришади. Баъзи тадқиқотларда айтилганидек, хон ўзи билан бирга Оренбургга олиб борган икки хотинини юртига, жияни Акромхон тўрани эса энг севимли фарзанди Ўрмонбекка қараб туриш учун Туркистон шаҳрига жўнатади, хизматкорларининг баъзиларига ҳам жавоб бериб юборади, Оренбург банкида сақланаётган маблағидан 32 минг рублни олиб, 3 мингдан кўпроғини «хўжа кўрсин»га қолдиради. Ўша йилнинг 11 ноябрида уйидаги икки хизматкорга овга кетаётганини айтиб, қариндошлари бўлмиш Султонхон ва Нурмуҳаммад деган кишилар ҳамроҳлигида йўлга тушади. Аввалдан келишиб қўйилган Турди ёфис ва Нуржон тўрани йўлдан ўзларига ҳамроҳ қилишади.
Тадқиқотчи А.Акрам ўша сафар вақтида Худоёрхон ва шериклари томонидан зўрлаб бирга олиб кетилмоқчи бўлган, маълум вақтгача улар билан бирга юриб, имкон туғилиши билан хоннинг тўриқ оти ва милтиғини ўғирлаб қочган Ўтужа Жоновнинг кейинчалик тергов чоғида берган маълумотларида Худоёрхоннинг ёнида тўрт киши, улардан Султон ва Нурмуҳаммад ўзбек, Нуржон тўра қозоқ ва Турди туркман экани айтилганига эътиборни қаратади. Муҳими шундаки, Ўтужанинг айтишича, Худоёрхон ва ҳамроҳлари унга аввал Англияга, сўнгра Туркияга бормоқчи эканликларини айтганлар, хон ўз тахтига қайтгач, Ўтужага кўп бойлик ва мансаб беришга ваъда қилган. Демак, Худоёрхон ҳаж зиёратига боришдан олдин Англияга бормоқ ниятида бўлган. Лекин юртидан тезроқ чиқиб кетиш йўли Кобул орқали тушганидан, иккинчи томондан, чамаси, ҳаж мавсуми яқинлашиб қолганидан (1877 йили ҳаж мавсуми 17 декабрдан бошланган) Маккаи мукаррамага етиб олишни мўлжаллаган ва бошқа сафарларини орқага сурган кўринади.
Худоёрхон Оренбургдан қочиши биланоқ Россия ҳудудларида ва хонликларда уни дарҳол тутиб, ҳукумат маъмурларига топшириш учун кенг фаолият бошлаб юборилади, пойтахтдаги мутасаддилар Оренбург генерал-губернатори Крижановский, фон Кауфман, Амир Насруллога кетма-кет кўрсатмалар беришади. Лекин буларнинг бирортаси ҳам фойда бермайди.
Хоннинг ҳаж сафари учун йўлга чиққандан кейин кириб борган дастлабки мамлакати баъзи манбаларда Эрон, баъзиларида эса Афғонистон деб кўрсатилади. «Туркистон вилоятининг газети»да 1878 йил 21 июнда босилган хабарда у дастлаб Афғонистонга, у ердан Эронга, сўнгра Ироқ орқали Маккаи мукаррамага боргани айтилса, Исҳоқхон Ибратнинг «Тарихи Фарғона»сида «Анда (Эронда демоқчи) Амир Насриддин шоҳ экан. Анга хат юбориб сўзлашганда, хонни кирмакиға қабул қилмай, афғон амири Шералихон ҳам олмай, тўғри Афғонистоннинг ичи ила Пешовар шаҳриға юриб, Пешоварға кирганда ҳамшаҳарлар истиқбол қилиб, тўғри Пешоварға кириб, Гўрканд деган эски ўрдаға тушган экан». Ибратнинг ёзишича, шу ердан хон Аҳмадободга, сўнгра Бўмбайга, ниҳоят Жидда орқали Маккаи мукаррамага борган.
Ҳарқалай, Худоёрхон изидан ҳажга борган ва хонни кўрган кўплаб кишилар билан суҳбатлашган, хоннинг хориждаги ҳаётига оид тафсилотларни аниқлаган андижонлик Мулла Муҳаммад Умарбек берган маълумотларга асосланганини ҳисобга олсак, хоннинг Маккаи мукаррамагача бўлган сафар йўналиши ҳақидаги Исҳоқхоннинг фикрлари кўпроқ ишонарли, дейишга асос бор.
Худоёрхон ҳаж зиёратига бориш жараёнида ҳам, ҳаж арконларини адо этгандан кейин ҳам унинг бошига кўп мусибатлар тушади. Ҳавоий-Умидий «Мактубчаи хон» достонида Худоёрхон ўз жамғармасидан 50000 сўм олиб, йўлга тушганини, Маккага бориш йўлида маблағининг барини ўғрига олдиргани, фақат битта олтин соатигина қолганини рақам қилса, «Туркистон вилоятининг газети» 1878 йил 21 июндаги сонида: «Шералихоннинг (Афғонистоннинг ўша вақтдаги амири) Кобулдан юборган фармойиши бўйича, Худоёрхоннинг қўлидаги барча пулларини олиб, ўзини Эрон мамлакатига ўтказиб юборибдур», дейилган. Бу маълумотларнинг қайси бири тўғри бўлганида ҳам, ҳарқалай Худоёрхон ҳажга бориш вақтида ўзи ва ҳамроҳларининг тирикчилиги учун зарур бўлган асосий маблағидан маҳрум этилган. Лекин хонга садоқатиданми ёки унга раҳми келганиданми, Бўмбайда истиқомат қилаётган фарғоналиклар унга 1000 рупий пул жамлаб бериб, ҳаж йўлига солиб юборганликларини Исҳоқхон Ибрат илгарироқ айтганимиз Мулла Муҳаммад Умарбек ҳожи тилидан баён этади. Йўл-йўлакай ўзининг ҳамюртларидан ҳожи Муҳиддин Бухорий, ҳожи Юсуфали Марғиноний, Қори Абдулҳаким Марғиноний, ҳожи Содиқ Конибодомий ва бошқалар билан учрашиб, улардан илтифот кўрган хон Жидда орқали Маккаи мукаррамага етиб олади. Ҳаж рукнларини адо этиб, ҳаж муддати тугагандан кейин яна бошига кетма-кет кулфатлар тушади. Маккада, ҳарам яқинидаги эски бир ўрдада ҳожи Шаҳид Калон эшон Намангоний ва унинг солиҳ фарзандлари Юсуфхон тўра ҳамда Омон халифа билан биргаликда истиқомат қилиб, ҳар куни беш вақт намозни ҳарамнинг ўзида адо этиб юрган кезида илгари хоннинг Наманган тарафдаги солиқ йиғувчиларидан бўлган ва эгри қўлликда айбланиб, мол-мулки мусодара этилиб, хонлик ҳудудидан бадарға қилинган Содиқ саркор Ортиқ саркор ўғли ўч олиш ниятида атайлаб Худоёрхон орқасидан келиб, катта бир тош билан уриб, икки тишини синдиради.
Бу иш юзасидан тергов бўлиб, айбдорни 4 йил қамоққа ҳукм қилаётганларида хон «менинг даъвом йўқ», деб унга бериладиган жазони кўп жиҳатдан енгиллаштиришга эришади.
Худоёрхон Маккада яна бир мунча муддат истиқомат қилгач, унинг билагига ёмон яра чиқади. Бу ҳақда хоннинг ўзи кейинчалик фон Кауфманга ёзган мактубида аниқ маълумот беради: «Бир неча вақтлардан сўнг Маккада қўлимизга бир жароҳат чиқди ва бу жароҳатдин дўхтири Макка бир неча гўштларни кесиб олди ва яна олти ой Маккада турдук. Жароҳат яхши бўлмади. Ва яна бир неча одамлар сўзларики, Ҳиндустонда кўп яхши дўхтурлар бор, дедилар. Ул сабабдин Бўмбайга келдук. Дўхтири инглис жароҳатни кўрди, дорию дармон қилди. Муддати беш ой Бўмбайда турдук. Жароҳат яхши бўлди». Демак, қўлига чиққан яра азобини хон бир йил чамаси тортган, сўнгра ундан фориғ бўлган.
«Ана шу яра чиқишидан олдинги ва жароҳат тузалганидан кейинги қайси муддатларда Худоёрхон қаерда бўлган ва қандай ишлар билан шуғулланган?», деган савол келиб чиқади. Бу ҳақда маълумотлар кам учрайди ва уларнинг зидлиги кўзга ташланади. Шунга қарамай, уларни таҳлил этишга ва баъзи хулосалар чиқаришга уриниб кўрамиз. Чунки бу маълумотларнинг муайян қисми Худоёрхон, аввало, Бўмбайга, ундан Англияга, қиролича Виктория ҳузурига қандай борганлиги ва бу ишнинг оқибатлари билан бевосита боғлиқдир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 48-сонидан олинган.