Сайдакбар Ризаев. Тоғлар салобати олисдан ҳам кўринади

Тарих саҳифаларида очилган ва очилмаган сир-синоатлар, ўзгача шарҳу талқинлар жуда кўп. Аммо, улуғ бир донишманд уқдирганидек, ҳеч нарса, воқеа вақт ўтиши билан, мазмуни қасддан сохталаштирилса ҳам, асл моҳиятини йўқотмайди. Буни халқимизнинг ардоқли фарзанди, давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи Шароф Рашидовнинг хотираси мисолида яққол кўриш мумкин.

Дастлаб мамлакатнинг собиқ раҳбари шаънига мисли кўрилмаган бўҳтонлар ёғдирилди. Ўлимидан кўп ўтмай табаррук номини  бадном қилишга қаратилган сиёсий кампания бошланди.  Бир неча йил давомида марказий матбуот Рашидов шахси мисолида ўзбек халқига аёвсиз равишда туҳмат тошларини отди, уни ўша кезлари собиқ иттифоқда  чуқур илдиз отган жамики иллатлар, ҳатто жиноий ҳаракатларнинг Ўзбекистондаги бош сардори ва илҳомчиси деб аташгача бориб етишди. Сохта, адолатсиз мақолаларни чоп этиш марказий газеталар учун шон-шараф ишига айланди. Ўзбекистонга чорак аср раҳбарлик қилган,  республикани бошқарган, эл-юрт учун имкони даражасида меҳнат қилган кишининг ҳақиқатдан мутлақо йироқ, мудҳиш образи шакллантирилди,  хотирасини абадийлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори бекор қилинди, хоки шаҳар марказидаги қабридан кавлаб олиниб қайта дафн этилди. Кимлардир бу қабиҳ ишлари билан ном чиқаришга  улгуришди.

Не бахтки, бундай ғайриахлоқий хатти-ҳаракатларга қарамай мамлакатимизда, халқимиз хотирасида, бу улуғ зот билан ҳамнафас, ҳаммаслак бўлган сафдошлари қалбида  Шароф Рашидовга бўлган чуқур эҳтиром сақланиб қолди. Унинг номини бадном қилиш учун ғаразли мақсад билан ёзилган мақолаларга, бўҳтон гапларга, қўйилаётган айбларга имон-эътиқодли кишилар ишонмади. 2017 йилиЎзбекистонда Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги  кенг нишонланди. Жиззах шаҳри марказида унинг салобатли ҳайкали ўрнатилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тантанали маросимда сўзлаган нутқидаги қуйидаги сўзлар халқимизнинг  дилидаги гаплар бўлди: “Кўп миллатли халқимиз бу улуғ инсоннинг азиз номини ёд этиб, унинг ўлмас хотирасига чуқур ҳурмат ва эҳтиром бажо келтирмоқда. Шароф Рашидов ўзининг ноёб ақл-заковати, бой билим ва тажрибаси, меҳнатсеварлиги ва камтарлиги, юксак инсоний фазилатлари билан нафақат Ўзбекистонда, балки узоқ-яқин ўлкаларда ҳам катта обрў-эътибор қозонган эди. Бу улуғ инсон, собиқ мустабид тузум даврида турли тазйиқ ва синовларга бардош бериб, халқимиз ва миллатимизга садоқат билан, ҳалол ва фидокорона хизмат қилди.Умрининг сўнгги дақиқаларида ҳам далага бориб, заҳматкаш ўзбек деҳқонлари орасида бўлганини барчамиз яхши биламиз”.

Мен 1979 йилнинг сентябридан то Шароф Рашидов вафот этган  1983 йилгача партия марказқўмида масъул лавозимда ишладим, у кишини турли мажлис ва йиғинларда кўрдим, одамлар билан муомаласи, ҳузурига келган кишиларга эътибори ва ғамхўрлигига бевосита гувоҳ бўлдим.Бир мен эмас, бошқа ҳамкасбларим ҳам  у  кишининг ҳақиқий зиёли, босиқ ва вазмин, кенг мушоҳадали, суҳбатдошлари фикрига эътибор берадиган раҳбар, камтарин инсон эканлигига кўп бор амин бўлганмиз. Ишга масъулият билан ёндошишни, бирор муаммони ҳал қилишда масалани атрофлича ўрганишни, шошма-шошарликка йўл қўймасликни, янада муҳими, тўғри ва адолатли ечимларни топишни у кишидан ўрганганмиз. Шу боис, у кишининг обрўсини туширишга, номини булғашга қаратилган ҳаракатларни кўриб, жим тура олмадим. Бундай нопокликни кўриб, қўл қовуштириб туриш мумкин эмасди, бундай қилиш виждон азоби каби оғир эди.

Кўп ўйлаб ўтирмай, қўлимга қалам олдим. Бу шахс ҳақида  архив материаллари, нутқ ва маърузалар, расмий ҳужжатлар, ёзишмалар, кўпдан-кўп хотиралар, жонли мисоллар, факт-рақамлар, дунёвий эътирофлар асосида ҳақиқатни борлигича тиклашга аҳд қилдим, “Шароф Рашидов сиймосига чизгилар” деган китоб ёзишга бел боғладим. Ҳиссиётга берилмай, аниқ ҳолатлар, воқеа-ҳодисаларнинг асл тафсилотлари, мамлакат ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаёти билан бевосита боғлик улкан натижаларга қатъий асосландим. Сатрлар ўз-ўзидан кела бошлади. Вазиятнинг  мураккаблиги, кўп “дўст”ларнинг, масалан, у кишининг меҳр-мурувватига кўп бор сазовор бўлган айрим кимсаларнинг буқаламундай ўзгариб қолишига қарамай, мақсад сари қатъият билан интилдим. Ниҳоят, истиқлолимизнинг иккинчи йили бошларида китоб чоп этилди. Бу ижтимоий-сиёсий тадқиқот моҳиятан Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти хусусидаги биринчи илмий-таҳлилий нашр эди. Унда ёпиқ манбалардан олинган маълумотлар биринчи бор илмий мушоҳада тилига кўчирилиб баён этилганди. Балким,  шу услуб ўқувчиларга маъқул бўлгандир:  10 минг нусхада чоп этилган китоб бир-бир ярим йилга етмай дўконларда бир нусха ҳам қолмади. 2017 йили унинг тўлдирилган иккинчи нашри ўқувчилар қўлига етиб борди. Бу нашр ҳам тезда тарқалди. Бу – халқимиз қалбида Рашидов шахсига, унинг етук арбоб ва сиёсатчи сифатидаги фаолиятига, у яшаган, меҳнат ва ижод қилган мураккаб тарихий даврнинг ўзига хос хусусиятларига қизиқиш сўнмаганининг далолати эди. Ўқувчилар  муаллиф китобда у Шароф Рашидовнинг шахсига холис ва объектив ёндашганини ҳам тўғри тушунишди.

1991 йили баҳорда тегишли идораларнинг рухсатини олиб, ғоят муҳим сирлар сақланадиган партия архивидаги мутлоқ ёпиқ ҳужжатлар билан танишиш имкониятига эга бўлдим. Ҳужжатлар орасида МҚ бюроси ва пленумларининг стенограммалари, протоколлар, жумладан, “Махсус папка”лар, Шароф Рашидовнинг шахсий ва расмий ёзишмалари, 80-йиллар ўрталарига тааллуқли ҳужжатлар орасида “ҳақиқат асосида мамлакатни  поклаш” деган тутуруқсиз шиор остида кадрларни қувғин қилиш, Рашидов даврида ишлаганларни таъқиб остига олишни бошлаб берган МҚнинг машъум 16 пленуми стенограммаси ҳам бор эди. Уни ўқиш осон эмасди, ҳар бир жумлада халқимиз шаънига айтилган бўҳтон сўзлар, собиқ марказдан келиб, Ўзбекистонда тартиб ўрнатмоқчи бўлган асли нопок, димоғдор “раҳнамо”ларнинг пачава хулосаларини учратиш мумкин эди.

1959 йили ЎзКП МҚнинг биринчи секретарлигига номзод кўрсатиш масаласини кўриб чиққан махсус бюро йиғилишининг папкаси менда алоҳида қизиқиш уйғотди. Йиғилиш стенограммаси “Литературная газета”нинг 1987 йил 10 июнь сонида  чоп этилган ва катта шов-шувга сабаб бўлган “И пробил час…” (“Вақт-соати келди…”) мақоласидаги барча иддаоларни тўла-тўкис инкор этади. Мақолада ветеранларнинг бирининг фикрига таяниб, гўё Ўзбекистон раҳбарини сайлаш  масаласи битта ортиқча овоз, у ҳам бўлса бюро аъзоси Рашидовнинг овози билан унинг фойдасига ҳал бўлгани  айтилган. Бу “факт” ўшанда “бомба портлаши” эффектини  берганди. Мақолани ўқиган газетхон, агар Рашидов шундай йўл билан мамлакат раҳбарлигига келган бўлса, бундай шахсдан нимани ҳам кутиб бўларди, деган фикрга келиши керак эди. Мақсад шу эди.  Лекин газетадаги бу “муҳим” маълумот ғирт ёлғон, ғаразли уйдирма экан!

Бюро йиғилишида ижтимоий характеристикалари бири биридан қолишмайдиган икки кишининг номзоди  кўриб чиқилган. Бири Ориф Алимов,  иккинчиси Шароф Рашидов. Бу икки мард, чинакам инсон ва раҳбарнинг стенограммага муҳрланган сўзларини ўқиб ларзага тушдим. Ориф  Алимович “Мен Рашидовга овоз берган бўлар эдим”, дейди. Шароф Рашидович “Мен Алимовга овоз берган бўлар эдим”, дейди. Муҳокамадан сўнг бюро аъзолари  Рашидов номзодида тўхташга қарор қиладилар.1959 йил 14 март кунги йиғилиш стенограммасидан парча: “Р.Е. Мельников (мажлисда раислик қилаётган МҚнинг иккинчи секретари): “Хўш, нима дейсизлар, ўртоқлар, овозга қўямизми, йўқми?” Жойлардан “Йўқ!” деган овозлар. Р.Е. Мельников: “Шароф Рашидович ҳақидаги таклиф бир овоздан қабул қилинади”.

Шахсий ҳужжатлар, Шароф Рашидовнинг шахсий хатлари, архивдаги бошқа материаллар, шунингдек, кўплаб учрашувлар, Рашидовнинг сафдошлари билан суҳбатлар 80-йилларда иттифоқ оммавий ахборот воситаларида берилган маълумотлар қип-қизил тухмат эканлиги ҳақидаги фикримни тасдиқлади. Айтиш лозимки, оммани ёлғон ва бўҳтонга ишонтиришда  “оломон эффекти” деб аталадиган тушунчадан ғоят самарали фойдаланилган. Руҳшунослар оломон таъсири остида эҳтиросга берилиб заҳарланган айрим индивидлар ўзлари истамаган ҳолда маълум бир руҳий ҳолатга тушиб қолишлигини таъкидлайдилар. Бундай пайтда эл-юртда тарқалган ҳар қандай гап-сўз, тўғри бўлса ҳам, нотўғри бўлса ҳам, бундан қатъи назар, жамоатчилик фикрига кучли таъсир кўрсатади, аниқроғи одамларни чалғитади. Рашидов хотирасини ёддан чиқариш учун курашаётганлар айни  шунга урғу бергандилар. Рашидовнинг  яқин сафдошларидан бири МҚ пленумида “Биз ҳаммамиз унинг таъсири остида сеҳрланиб қолган эдик” деди, бошқаси эса ўзининг омма олдидаги нутқида “шарофрашидовчилик” деган янги иборани ишлатиб,  унинг номи ва иш услубига ўта салбий мазмун, маъно юкламоқчи бўлди.

Ўрганган материалларим, мушоҳадаларим ва таҳлилларим “Рашидов партия билетини чўнтагига солиб, ўзим – хон, кўланкам – майдон”, деб яшаган, фақат ўзини ўйлаган, мукофотларга ўч бўлган”, деган гаплар мутлоқ асоссиз эканлигини кўрсатди. Кўз олдимда юксак инсоний фазилатли камтарин инсон, катта қобилият ва ёрқин истеъдод эгаси, чуқур  билим ва ҳаётий тажрибага эга  ўзбек зиёлиси, одамларга  меҳр-муҳаббати она сути билан  вужудига сингган, фақат яхшилик қилишга интилган ва ўзини эл-юрт ишига фидо этган шахс, сафдошларига кўнгли-дили очиқ, меҳрли, диққат-эътиборли, узоқни кўрадиган раҳбар сиймоси намоён бўлди.

Рашидов ўзининг раҳбар сифатидаги обрўсини сақлар, атрофидагиларнинг ҳам пок, бенуқсон бўлишига қаттиқ туриб ҳаракат қилар, уларни турли бало-қазолардан ҳимоя қилар эди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлиги қўмитаси (ДХҚ) раиси бўлиб ишлаган Э.Нордман ўзининг хотираларида: “Мен Рашидов ҳақидаги турли ёлғон, бўҳтон гапларга ҳеч ҳам ишонмаганман… Мендан “Рашидов мафияга раҳбарлик қилганми, порахўр бўлганми?”, деб тез-тез сўраб туришар эди. Мен  комил ишонч билан йўқ дейман! Унинг инсон сифатида тозалигига, поклигига ишонаман”.  ДХҚ раиси  лавозимидаги амалдор кимнинг кимлигини жуда яхши билар эди.

Рашидов ҳисоботларнинг бўрттирилиши, қўшиб ёзиш, давлатни алдашга бўлган хатти-ҳаракатларга қарши тургани тўғрисида ҳам  ҳужжатлар бор. У ёлғончилик, кўзбўямачилик, сохта обрў олишга тоқат қилмаган. Ходимларига республика мажбуриятларини бажариш ҳамма нарсадан юқори эканлигини уқтиргани, бунга ўзи ҳам ҳаракат қилгани бор гап. Иттифоқ фондларига пахта, сабзавот, ҳўлмеваларни  биринчи нав­батда етказиб беришни талаб қилган: “Бизнинг маҳсулотлар етказиб бериш бўйича мажбуриятларимиз бор, улар бажарилиши лозим, бу давлат интизомининг муҳим қисми, талаби ва уни бузишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”,  дер эди йиғилишларда. Худди шундай, қўшни республикаларга  электр қуввати, газ, сув етказиб бериш мажбуриятлари бажарилишига ҳам  диққат-эътибор берарди.

Шараф Рашидов юқори партия лавозимларига тавсия қилинган бир гуруҳ ёш ходимлар билан, жумладан мен билан ҳам суҳбатлашар экан: “Ҳаётда қандай бўлсанглар, ишда ҳам камтарин, инсонларга яқин, меҳрли бўлинглар. Шундайлар ҳам бўладики, биз у кишини катта лавозимга тавсия этамиз, у эса тезда  дўстлари ва яқинларини унутиб юборади. Ноинсоф, маккор кишиларни  ўзларингга яқинлаштирманг. Улардан олисроқ бўлинг.  Бўлмаса обрўингизни тушириб юборасиз”, деган эди.

Шароф Рашидовнинг инсоний қиёфаси ва раҳбар сифатидаги фазилати  унинг шахсий ёзишмаларида яққол намоён бўлади. Рашидовнинг хатлари ғоят илиқ, ёқимли, самимий,  расмиятчиликдан узоқ бўлган номалардир. Уларда инсонни ўзига тортадиган, ром қиладиган қандайдир  куч, қувват бор. Кимнидир у эндигина нашрдан чиққан янги китоби ёки танланган асарлари билан қутлайди, кимнидир таваллуд топган куни, юбилейи билан муборакбод этади. Кимгадир йўл кўрсатади, оталарча ғамхўрлик қилади. Яқин кишисини йўқотганларга ҳамдардлик билдиради. Шароф Рашидовдан келган бундай ҳароратли хатлар машҳур дирижёр Мухтор Ашрафий, бастакор Юнус Ражабий, қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштирган таниқли ирригатор олим Нажим Ҳамроев, узоқ йиллик сафдоши Бектош Раҳимовлар оиласи архивида сақланмоқда.

Шароф ака, айниқса, шоир ва ёзувчилар, олим ва бастакорлар, скульп­торлар, дипломатлар ва космонавтлар, нашриёт ходимлари,  ижодий уюшмаларнинг аъзолари ва раҳбарларига кўплаб мактублар ёзган. Ўнлаб кишилар унга ёрдам сўраб мурожаат қилишган. И.Ломидзенинг турмуш ўртоғи ёзувчининг Карлово Варига даволаниш курсини давом эттириш учун йўлланма олишида ёрдам сўрайди. Одессалик пенсионер сурункали пневмония  касалига дучор бўлган қизи, медицина институти доцентини даволаш учун 40 грамм мумиё жўнатишни илтимос қилади. Собиқ иттифоқнинг Цейлондаги элчиси қизини ишга жойлашишида унинг ёрдамидан умидвор. Муҳими, мурожаат қилувчиларнинг ҳаммаси Шароф Рашидов банд бўлишига қарамай, албатта ёрдам беришига ишонадилар.

Ижоддош ҳамкасблари – ёзувчилар, маданият ва санъат арбоблари, олимлар билан бўлган ёзишмаларида Шароф Рашидов уларнинг ютуқларидан хурсанд бўлганини маълум қилади. Китобларини чоп этган ноширларга самимий миннатдорлик изҳор қилади. Асарларини чоп этиш ёки уларни ўқишга ҳеч қачон ҳеч кимни мажбур қилмайди. Боз устига, ҳали пишиб етилмаган сценарийлари асосида  саҳна асарлари  қўйилишига қарши чиқади.

Кўп хатларида истеъдодли ёш ёзувчи ва шоирлар ҳақида устозларча қайғураётгани, уларга нисбатан самимий ғамхўрлиги уфуриб турибди. “Советский писатель” нашриётининг директори Н.В.Лесючевскийга ёзган  мактубидан: Қадрли биродарим Николай Васильевич!Тошкентдан  самимий салом! Мен сизга Орипов Абдуллани юбораяпман. Яқинда ўзбек тилида унинг “Юртим шамоли” китоби нашр этилди. Мен уни диққат билан ўқиб чиқдим ва ҳайратландим: тўпламга қандай ажойиб шеърлар киритилган. Айтишим жоизки, Абдулла Орипов билан Эркин Воҳидов яқин келажакда ўзбек совет поэзияси, ўзбек совет адабиёти меъзонларини белгилаб берадиган истеъдодлардан бўлиб етишади.  Шу сабабли  мен Сизга катта бир илтимос билан мурожаат қилмоқдаман. Ўзингиз шахсан Абдулла Ориповни қабул қилсангиз, у билан яқиндан танишиб, суҳбат қурсангиз. 1978 йили унинг шеърларини Москванинг энг яхши таржимонлари ёрдамида рус тилида чоп этиш керак. Унинг шеърлари юксак даражадаги таржимада босилиб чиқиши учун мен уни Сизга ижодий сафарга жўнатмоқдаман. Менга ишонинг, Абдулла Орипов шеърлари кўп жиҳатдан Сизга Расул Ҳамзатов, Эдуард Межелайтис ва бошқа кўплаб истеъдодли шоирлар асарларини сўзсиз эслатади”.

Шароф Рашидов нияти пок, самимий инсонларни  яхши кўрар, уларга интилар эди. Ким билан мулоқот қилмасин, унга албатта маъқул бўладиган илиқ сўзлар топарди. У киши билан суҳбат қурган  одамлар руҳланиб кетар, ижодкорларда илҳом, янги ижодий ният пайдо бўлар эди.  Унинг суҳбатдоши билан  самимий муносабати, оддийлиги, одамохунлиги, инсонга, у  оддий бригада бошлиғи бўладими, архитекторми, ёзувчидан тортиб академиккача, иттифоқ вазиригача – ҳаммани ҳурмат-эътибори билан ўзига шайдо этарди. Одамлар Рашидов билан пахта даласида, дала шийпонида, янги мактаб очилишида,  электростанцияда навбатдаги янги агрегатни ишга туширишда, Тошкентда қурилаётган метрополитен туннелида, Чорбоғ ГЭСи қурилишида бир лаҳзали учрашувлари, қисқа давом этган суҳбатлари ёки қўл бериб самимий кўришганларини бугунга қадар эслашади.

Рашидовнинг одамлар билан муомала маданияти, суҳбатни жозибали олиб бориш маҳорати унинг қадимги ва ҳозирги замон тарихи, замонавий адабиёт хусусидаги билимлари кўпчиликни ҳайратга солади. Академик Н.Тимофеева Шароф Рашидовнинг ёрдамчиси Г.А.Крайновга ёзган хатида шундай деган эди: “СССР Фанлар Академияси делегациясининг барча аъзолари Ўзбекистонга бўлган ташрифдан ниҳоятда катта қониқиш ҳосил қилдилар. Барчамизни (мени эса ҳаммадан ҳам кўпроқ) Шароф Рашидович ҳайратланарли оддийлиги, нозик таъб зиёлилиги ва одамларга бўлган диққат-эътибори, меҳри-муносабати билан ўзига ром қилди”.

Ш.Рашидов инсон психологиясини нозик англар ва чуқур тушунар эди. Бу эса сиёсатчи учун муҳим ҳислатдир. У муаммоларни ҳал қилишда нафақат онгга, ақлга, балки ҳиссиётга ҳам таъсир этиш зарурлигини яхши биларди. Инсон қалбига йўл топиш эса саҳрои кабир ёки уммонда тўғри йўл топишдан ҳам қийин. Бунинг учун сенинг ўзинг қайноқ ва меҳрли қалбга эга бўлишинг керак. Рашидов барчанинг, шу жумладан, партиянинг энг юқори мансабдорлари, нуфузли вазирлар билан мулоқотга киришиш, муҳим масалаларни ечишда  уларнинг юрагига йўл топишнинг моҳир устаси эди.

Хатларни, сафдошларининг эсдаликлари ва бошқа ҳужжатларни ўрганар эканман, шундай хулосага келдим: Москвада, вазирлик ва бошқа идораларда, иттифоқдош республикаларда Шароф Рашидовнинг истеъдоди ва инсонийлигига, ишчанлиги, зиёлилик даражаси, дўст-биродарларига садоқати, шунингдек,  ташкилотчилик қобилиятига  юксак баҳо беришган.

Мамлакат ҳаётида пишиб етилган, ечимини кутаётган муҳим муаммоларни жойида ҳал қилиш учун республикага тегишли иттифоқ вазирликлари ва идораларининг раҳбарлари таклиф қилинар эди. Уларга марказ томонидан ажратилган маблағлар қандай ўзлаштирилаётгани ва улар қандай иқтисодий самара бераётгани намойиш этилар эди. Меҳмонларни Шароф Рашидовнинг  ўзи шахсан кутиб олиши, жойларга кузатиб бориши уларда яхши таассурот қолдирарди.

1960–1980 йилларда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг жадал суръатлар билан ривожланишида Шароф Рашидовнинг  хизмати катта бўлган. Буни инкор этиш қийин. Республикада аҳолининг ўсиш суръати юқори эканлиги,  1959 йили мамлакатда 8,5 миллион киши яшаган бўлса, 1983 йилга келиб бу рақам  17 миллионга етгани боис, янги иш жойларини яратиш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш билан  мунтазам равишда шуғулланиш лозим эди. Бунинг учун эса янги ерларни ўзлаштириш, каналлар қазиш, сув омборлари қуриб экин майдонларини етарли даражада сув билан таъминлаш, шаҳарлар, йўллар қуриш, иқтисодиётнинг янги соҳаларини ривожлантириш керак бўларди. Рашидов бу ҳақда чуқур ўйлайди. Соҳалар раҳбарларига янги ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш бўйича пухта асосланган таклифлар тайёрлаш топшириғини беради. Бу билан қаноатланмай,  ўзи бош ташкилотчи сифатида тиним билмай ишга киришади, янги саноат корхоналарини қуриш, транспорт шахобчаларини ташкил этиш, ерларни ўзлаштириш бўйича  истиқболли ташаббус ва ғояларни таклиф этади. Ноёб ташкилотчилик қобилияти, ўта зийраклиги, одамлар психологиясини чуқур ҳис этиши  боис масъул лавозимларга  ижодкор ва ташаббускор кадрларни олиб келади, уларни тарбиялайди,  қадрига етади.

Республика ижтимоий-сиёсий  ҳаёти билан боғлиқ муҳим масалаларни марказ билан ҳамкорликда ҳал этиш учун Рашидовга катта сабот, матонат ва шахсий жасорат керак бўларди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1942 йили Шимолий-Ғарбий фронтдаги мудофаа жангларида жароҳат олгунга қадар “Қизил Юлдуз” ордени билан тақдирланган Шароф Рашидов  бу фазилатларга тўла эга эди.

Собиқ иттифоқнинг ўша пайтдаги раҳбари Никита Хрушчев Мирзачўлни ўзлаштириш ишларини тўхтатишни талаб қилган пайтда Рашидов уч марта Москвага бориб, катта раҳбарнинг олдига кириб, масаланинг моҳиятини тушунтиради ва ўзлаштириш  ишларини давом эттиришга эришади. Қўшни республикалардаги гидроэлектростанциялар қурилишини кутиб турмасдан Марказий Осиёдаги энг йирик, қуввати 3 млн. квт бўлган Сирдарё ГрЭСи бунёд этилишини бошлаб юбориш зарурлигини исботлайди. Брежнев ва Косигинни  Мурунтов олтин конини ўзлаштириш зарурлигига ишонтиради. Тошкент метрополитенини қуриш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул  қилиниши учун юқори раҳбариятга расман  18 (!) марта мурожаат қилади. Бунақа мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Шароф Рашидов марказлаштирилган иттифоқ давлати шароитида рес­публикамизга узоқ йиллар раҳбарлик қилди. Ўзининг инсоний ва сиёсатчига хос ноёб фазилатлари туфайли мамлакатни мумкин қадар ижтимоий-иқтисодий ривожланишига эришди. Ўзбекистонда турли миллат вакилларига мансуб бўлган миллионлаб кишилар ўртасида мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик муҳити шакллантирилди.

Бугун яшнаётган Мирзачўл, ўзлаштирилган Жиззах ва Қарши чўллари, Қизилқум саҳросида қад кўтарган гўзал  Зарафшон ва Навоий шаҳарлари мамлакатимиз фуқаролари ва чет эллик меҳмонларни ҳайратга солади. Даҳшатли зилзиладан кейин қайта қурилган гўзал Тошкент кишиларни лол қолдиради. Халқлар Дўстлиги номидаги катта майдон, шу номдаги маҳобатли сарой, темирчи Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ҳайкал, Марказий Осиёда ягона бўлган метрополитен ва унинг мармардан қурилган ер ости саройлари меҳмонларни лол қолдиради. Буларнинг барчаси мустақил Ўзбекистоннинг олға қараб шахдам қадамлар ташлашига ўзига хос ишонч бахш этгани шубҳасиз.

Ўзбек халқининг содиқ ўғлони, буюк инсон ва моҳир сиёсатчи  Шароф Рашидов миллионлар қалбида, уларнинг хотирасида бир умрга қолди. Уни эслар эканмиз, буюк бобомиз Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрлари беихтиёр ёдимизга келади:

Бу гулшан ичра йўқдир бақо гулига сабот,
Ажаб саодат эрур қолса  яхшилик била от.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 10-сон