Рустамжон Умматов. Бобур ва Наполеон

(эсседан боблар)

ҚИСМАТ

Муқаддима ўрнида: Бобур – мўғул ё ҳинд бўлмагани каби,
Наполеон ҳам француз ё италиялик эмас эди

Заҳириддин Муҳаммад Бобур… Наполеон Бонапарт… Замони ва макони, келиб чиқиши ва насл-насаби, ҳаёти ва аъмоли, ибтидоси ва интиҳоси тамоман тафовутли бу икки арбобни таққослаб бўладими? Уларда ўхшашлик нима қилсин?..

Подшоҳ Бобур – Темурийлар сулоласига мансуб шаҳзода, Осиёда таваллуд топган, болалигида етим қолса-да, барибир, шоҳ эди, хизматига қойим маҳрам-мулозимлари, беклару аскарлари ҳозиру нозир, энг оғир кунларида ҳам муҳтожлик кўрмаган, исломий аркону аҳкомларда собит ва содиқ, туркий ва форсий тилда сўзлаган ва ёзган, қўлидаги салтанати дахлсиз бўлиб, валиаҳдига мерос қолди ва етти пушти тож-тахт соҳиби бўлди…

Император Наполеон эса – ўртаҳол дворяннинг ўғли, аждодларидан ҳеч ким ҳеч қачон юрт сўраган эмас, Европада туғилган, болалиги иқтисодий қийинчиликда кечган, хизматкори бўлмаган, оиласи ҳамиша муҳтож эди, насроний динига мансуб, лекин эътиқодда собит эмас, француз ва итальян тилларида сўзлаган, империяси дахлсиз бўлмаган, салтанатини валиаҳдига қолдирган, аммо ундан тортиб олишган…

Бу каби тафовутларни яна анчагина санаш мумкин. Бироқ ана шу фарқлар замирида ҳам ўхшашлик, ҳатто ҳайратангиз сирли қонуниятлар уйғунлиги сезилади. Икки ҳукмдор салтанати ва икки саркарданинг жанговар йўлида муштарак жиҳатлар, тарихи ва тақдирида шундай такрорлар борки, тонг қолмай илож йўқ.

Бобур тоғлар орасидаги Фарғона водийсида, Наполеон сувлар орасидаги Корсика оролида таваллуд топган. Буниси Ўрта Осиё, униси Ўртаер денгизи эди. Фарғона водийси ҳам, Корсика ороли ҳам 40-42,5-шимолий кенгликда жойлашган. Бобур ҳам, Наполеон ҳам ўзи улғайган оиладаги 8 фарзанднинг биридир.

Энди қаранг: Бобур дастлаб Фарғонанинг, Наполеон эса аввал Корсиканинг мустақиллиги учун курашган. Бобурнинг қўшини “енгилмас ўрду”, Наполеоннинг армияси Grand Armee аталарди: Бобур – Самарқандда уч карра (1497, 1500, 1511), Наполеон эса Парижда уч марта (1799, 1804, 1815) соҳиби давлат бўлган. Самарқандни – “сайқали рўйи заминаст”, Парижни – “ер юзининг пойтахти” дейдилар. Бобур Самарқандни илк бор олиб, юз кун подшоҳлик қилганди, Наполеон эса Париждаги сўнгги зафаридан сўнг юз кун тож кийган. Бобур ҳам, Наполеон ҳам шоир, ёзувчи, мемуарнавис эдилар. Бобурнинг асарлари қанчалар қимматли бўлса, Наполеоннинг китоблари (32 жилд!) ҳам ўшанчалик мўътабар ҳисобланади.

Ҳиндистон подшоҳи Бобур – ҳинд эмас, французлар императори – Наполеон француз эмас. Бобур мўғул бўлмаса-да, “буюк мўғуллар императори” деган ном олди, Наполеон француз бўлмаса-да “француз императори” эди. Бобур Ҳиндистон бойликларини Фарғонага, Наполеон эса Франция хазинасини Корсикага ташимаган.

Иккала император деярли тенгқур ёшда: Бобур (47), Наполеон (46) тож-тахтдан воз кечиб, ўрнига ўғлини қўйди. Бобур бу қарорга ихтиёрий, Наполеон эса мажбурликдан бармоқ босди. Қонуниятни кўрингки, ота-буваси ҳукмдор ўтган Бобур бу ниятига эришди, аждодларидан бирортаси юрт сўрамаган Наполеоннинг эса муроди ҳосил бўлгани йўқ. Ва яна ажабки, подшоҳзода Бобур авлодлари Ҳиндистон тахтида давру даврон суришди, узурпатор Наполеоннинг бирор зурёдига ҳукмдорлик буюрмади.

Ҳиндистонга подшоҳ бўлиб, Бобур буни ўзига армон билди, чунки ватанжудо, мусофир эди. Ҳиндистон Наполеонга ҳам армон бўлиб, 18 йил уринса-да, босиб ололмади. Бобурийларнинг қисмати ҳам, Наполеоннинг тақдири ҳам инглизлар қўлида ҳал бўлган.

Бобур аркони давлати, оиласи, яқинлари даврасида хотиржам вафот этди. Бироқ Наполеон Атлантиканинг олис жанубидаги Авлиё Елена оролида танҳолик ва ғарибликда дунёдан кўз юмди. Бобурнинг қабри Кобулга (1540), Наполеонники эса Парижга (1840) кўчирилди. Асрлар ўтмоқдаки, ҳар икки улуғ саркарданинг хоки туроби эъзозда. Бобурнинг ноёб қўлёзмалари Парижга бориб қолган, Наполеоннинг хос мебеллари эса Самарқандда…

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бутун бир йил (1993) Бобур йили деб эълон қилинди. Шоҳ ва шоирнинг таваллуд айёми мамлакатимизда маънавият байрами тусини олди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкид этганидек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўн икки ёшидан бошлаб Темурийлар давлатини сақлаб қолиш учун ўзини ўтга ҳам, чўққа ҳам урди, ҳеч қандай душмандан ҳам, синовдан ҳам қўрқмади. Ўз авлодларига Ватанга бўлган буюк муҳаббатни, эзгу фазилатларни мерос қилиб қолдирди.

Ҳар йилнинг февраль ойи Навоийхонлик ва Бобурхонлик билан ўтмоқда. Матбуот, радио-телевидениеда бу икки сиймо шахси етакчи мавзуга айланади. Энди Наполеонга келадиган бўлсак, у император тожини кийгач, 15 август (туғилган куни) тантанавор нишонланадиган диний ва давлат байрамларининг расмий рўйхатига киритилган. Ҳар йили француз вақтли нашрларининг 15 август сони байрамона безалади, Фахрий Легионнинг янги нишондорлари рўйхати эълон қилинади… Бу йил Наполеон таваллудига икки ярим аср тўлади, шу муносабат билан Франция, Корсика ва Италияда юбилей тадориги аллақачон бошланган.

Наполеонни Бобурга ўхшатаётганимиз йўқ. Лекин Худо ўзи икковнинг ҳаётини, аъмолини, тақдирини ўхшатиб яратгач, биз бандаларда не ихтиёр?..

 

ҲИНД СОРИ ЮЗЛАНДИМ…

Подшоҳнинг йиғлагани. Ҳиндистонга ҳужум режаси.
Ушалган орзу, армонга айланган шуҳрат

Европалик олимлар Ҳиндистонга илмий ёндашув, яъни ҳиндшунослик 19-аср бошида шаклланган дейдилар. Майли, бу – уларнинг нуқтаи назари.

Ваҳоланки, ундан минг йил бурун (9-асрдаёқ) ўзбек ҳиндшунослиги мавжуд эди. Чунончи, Хоразмий ҳинд маърифатини, жумладан, риёзиёт ва жуғрофия фанларини чуқур ўрганиб, тадқиқотларида фойдаланган. Марҳум С. Чаттержи (Калькутта университетининг профессори) эътироф этгандики, ҳинд, эллин ва ислом маданий меросини теран ва мукаммал билган қомусий олим дунёда ягона бўлиб, бу Абу Райҳон Беруний эди.

Ҳиндшунослик устида гап кетаркан, Марко Поло, Афанасий Никитин кабилар тилга олинади. Бу рўйхатда Берунийнинг номи бўлса-да, бошқа мовароуннаҳрлик ва Бобурий олимларнинг илмий-тарихий хизматлари холисона эътироф этилмайди. Келинг, лоақал Афанасий Никитин фаолиятига назар солайлик. Унинг Ҳиндистонга сафари ҳақидаги китобининг асосий қисми изоҳ ва шарҳлар бўлиб, кундалик аслида 15-20 саҳифани банд этади. Шундай эса-да, Никитиннинг саёҳатномаси жуда кўп довруқ қилинади. У ҳақда ҳужжатли ва бадиий фильмлар (“Уч денгиз оша саёҳат”) яратилган, диссертациялар ёқланган. Владимир Прибитковнинг “Тверлик меҳмон” (1956) номли сертўқима қиссаси ҳам бор.

Йўқ, бизни Афанасий Никитиннинг йирик ҳиндшунос дейилиши эмас, бошқа шарқшуносларга илтифотсизлик ўйлантиради. Аввало, Заҳириддин Муҳаммад Бобур буюк ҳиндшунос эди, лекин негадир у кишининг фаолиятидаги ана шу йўналиш эътироф қилинмайди. Бобурнинг холаваччаси Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Аёзийнинг “Тарихи Рашидий” асари ҳам Ҳиндистонни, айниқса, Кашмирни ўрганишда жуда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, Гулбадан Бегимнинг “Ҳумоюннома”, Абул Фазлнинг “Акбарнома”, Бадоунийнинг “Мунтахабут таворих”, Бенгалияда Бобурийлар саркардаси бўлган Мирзо Натхоннинг “Баҳористони ғойибий”, Абдул Ҳамид Лоҳурийнинг “Подшоҳнома”, Муҳаммад Солиҳ Комбунинг “Амали солиҳ”, Ҳофийхоннинг “Мунтахаб-ул лубоб” каби асарлари Ҳиндистон хусусида бебаҳо илмий манбалар ҳисобланади. Низомиддин Аҳмад Ҳиротий (1549-1594) Гужарот армиясининг етакчи қўмондонларидан бўлиб, 1593 йилдан Бобурийлар хизматига ўтган. У ўттизга яқин манба асосида бебаҳо “Табақоти Акбарий” солномасини ёзган. Асарда Акбаршоҳ давридаги Ҳиндистон, Ғазна, Ғур, Деҳли, Мальва, Бенгалия, Синд, Кашмир каби ҳудудларнинг тарихи холис ёритилган ва ноёб маълумотлар келтирилган.

 

* * *

Ўз ерни қўйиб, ҳинд сори юзландим, Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди?”

“Яқинда менга қовун келтирган эдилар, сўйиб еганимда ғалати таъсир қилди. Роса йиғладим”.

Бобур ҳукмдор ва саркарда сифатида Кобулда камолга етди, ўрдасида хийла йиллар осойишта ва хотиржам яшамоққа ҳам муяссар бўлди. Энди унинг тож-тахтига юраксиниб дахл қила олувчи эррайим йўқ, инчунун, Кобулда бемалол давру давронини суравермоғи мумкин эди.

Унинг қалбида Ҳиндистон ҳаваси илгаритдан бўлса-да, довонлар ва дарё­лардан ошиб, жонини хатарга қўйиши, жангу жадалларда яна ўлим билан юзлашуви зарурми эди? Бу саволнинг мантиқли ва лўнда жавоби ҳамиша тилимиз учида: Ҳиндистон не замонлар туркийлар тасарруфида бўлган ва соҳибқирон Темурбек мусаҳҳар этгандики, Бобур Мирзо бобомерос мулкини талаб қилиб боргани аниқ. Бу – тўғри, албатта.

Лекин айни хусусда Ҳарольд Ламбнинг мулоҳазаси янада жўяли. Ёши қирқдан ошган Бобур бу пайтгача сал кам ўттиз йилни курашлар билан ўтказди, гоҳ мағлубият заҳрини, гоҳ зафар луқмасини тотиб кўрди. Айнан ана шу зафарлар уни буюк ишларга чорлаган бўлса ажабмас. Зеро, отасида бўлган мулкгирлик дағдағаси унда ҳам кам эмасди. У ҳамон тоғни урса талқон қиладиган кучга эга – икки навкарни қўлтиғига олиб, қалъа девори устида югура оларди. Оиласигинамас, дарбадар юрган Темурий шаҳзодалар ҳам Бобурга суянадиган бўлиб қолишган. Кейинги йилларда кўплаб қариндошлар нажот илинжида унинг оёғига бош уришди, ана шу хешу ақраболар ҳисобига ўрданинг юки тобора вазминлашиб борарди. Боз, меҳмонларнинг “Чингизий”, “Темурий” деган қуруққина номи қолган бўлса-да, катта охурдан ем еб ўрганган, озга қаноат қилиш уларнинг мақомига бегона. Аксариятига мулк, салтанат, амал топиб бериш ҳам гўё Бобур учун фарзу қарз. Яна, хизматдаги ўз беклари, амиру умаролар, вазиру вузаролар, саркардалар ва аскарлар оз эмас, уларга ҳам таъминот ва даромад зарур. Қўлидаги мўъжазгина мамлакатни Темур салтанатига муқояса қилиб бўладими? Хуллас, Кобулнинг тушуми подшоҳ Бобур тасарруфидаги давлат маъмуриятининг эҳтиёжини қондира олмас эди.

Қолаверса, келажак авлод, масалан, муаррихлар ўз юртидан абадий кувилган шаҳзода Заҳириддин Муҳаммад ҳақида неларни битаркинлар?..

Бобур ҳарб санъатини мукаммал эгаллаган саркарда сифатида замонавий қурол-яроқ ғалабанинг муҳим калити эканини, найза ва шамшир кўтарган суворийлар ўрнини милтиқли пиёдалар эгаллайдиган давр келганини анг­лаб етганди. Ҳарольд Ламб айтадики, Ҳиндистон сари юриш бошлаган Бобур сиёсий ва табиий чегараларни бузиб ўтгани йўқ. “Ҳиндикушдаги чегара”, “Хайбар довони”, “Дюранд линияси” каби атамалар инглизларнинг мустамлакачилик сиёсати туфайли туғилган янглиш ва ноҳақ тушунчалар, холос. Европаликлар кейинроқ ташкил этган бу жуғрофий “деворлар” Бобур замонида ҳеч қандай ҳудудий ёки миллий-сиёсий аҳамиятга эга бўлган эмас. Хайбар, шунингдек, Хуррам довонлари тарихан чегара эмас, қатнов йўли сифатида эътироф этилганди. Ҳ. Ламб таъкидлайди:

“Мавжуд асарларнинг ҳеч бирида тоғ тизмалари бўйлаб чегара ўтгани айтилмайди. Агар душман йўлидаги ғов ҳақида гап борса, у Ҳинд дарёси бўлиши мумкин. Бобур улкан Панжоб воҳасини бўйсундиргач, Лохурни иккинчи Кобул қилиб олишни мўлжаллаган эди. Ана ўшанда унинг мулки Ганг дарёси соҳилларидан Бадахшон ва Амударё воҳасигача қамраб олган бўларди. Бобуршоҳ эришган ғалабаларини мустаҳкамлаб, Ҳинд дарёсининг қарши қирғоғида қолсагина бошпанасиз қочоқ деган тамғадан қутула оларди.”

Бобур беш карра уриниб, ахийри ана шу муродига етдики, ушалган бу орзу унинг абадий шон-шуҳратига ҳам, армонига ҳам айланди.

 

* * *

Ҳиндистон Бобурга қанчалар армон бўлса, Наполеонга ҳам шунчалар армон эди. Бонапарт то салтанати кунпаякун бўлгунича Ҳиндистонга интилди, қарийб ўн саккиз йил орзулади, аммо ета олмади.

Аслида, Миср ёки Ҳиндистонни Францияга қўшиб олиш Наполеон даҳосининг кашфиёти эмас. Миср ва Ҳиндистон Парижнинг кўнгли анчадан буён тусаб юрган тотли луқма эди.

Дивизия генерали Бонапарт 1797 йил 7 декабрда зафарли Италия юришидан дабдаба билан қайтди. Париж, “Люксембург” саройи, Директория – ҳукумат ғолиб қўмондонни бетимсол шон-шараф билан кутиб олди: гуллар, олқишлар, табриклар, мақтовлар. У Италияда камида ўнта жангда ғалаба қозониб, карвон-карвон ўлжа, сийму зар жўнатган, тили ҳам гўё бир қарич.

“Англияга Ла-Маншдан ҳужум қилиш мушкул, чунки инглизларнинг денгиз флоти зўр. Бироқ мен қуруқликдан зарба бериб ҳам Лондонни тит­ратиб қўя оламан. Аввал Мисрни бўйсундириб, Яқин Шарқда плацдарм яратаман-да, сўнгра Ҳиндистонга юриш бошлаб, бу мамлакатни Англиядан тортиб оламиз. Менга қўшин ва кемалар беринг, у ёғини ўзим боплайман…”

Баррас раҳнамолигидаги Директория бир қарорга келди: майли, борса бора қолсин. Ваъдасини адо этиб, соғ-омон қайтиб келса – яхши. Башарти, Ганг соҳилларида ёки пирамидалар пойида ўлиб кетса, бу ҳам ёмонмас: ўзбошимча ва қайсар корсикаликдан қутуладилар…

Хуллас, Наполеон йўл-йўлакай Мальтани эгаллади ва 2 июль куни Африка қирғоқларига лангар ташлаб, Александрия яқинидаги Марабу қишлоғида қуруқликка қадам босди. Миср халқига фақат озодлик ва саодат бағишлаш учун келганини чуқур изоҳлаб, санани учта тақвимда кўрсатди: милодий – 1798 йил 2 июль, инқилобий тақвимда – VI йил 14 мессидора ва ҳижрий-қамарий ҳисобда – 1213 йил 18 муҳаррам.

У Мисрдан шарққа юриш бошлаб, асир тушган тўрт минг турк аскарининг барини денгиз бўйида оттирди. Ошиқмаса бўлмасди: хомчўтига кўра 1800 йил баҳорида Ҳинд дарёсига етиб бориши зарур. Ҳиндистон орзусини рўёбга чиқариш учун Сурия, Ироқ, Эрон ва афғонлар ҳудудини бўйсундириб, кунчиқарга илдам бориши, ортига асло қайтмаслиги керак. Кошкийди, Александр Македонский зафарларини такрорлаб, Ганг ва Жамна соҳилларигача фатҳ эта олса!

Бонапарт 1799 йил 25 январь куни Суриядан Майсурга чопар йўллади. Улар Англия истибдодига қарши бош кўтарган Типу Султонни топиб, ҳамкорликда ҳаракат қилиш ҳақида битим тузишлари лозим. Наполеон Майсур ҳукмдорига муболаға ва дабдаба билан мактуб ёзади:

“Бохабардирсизки, енгилмас армиям билан Қизил денгиз  қирғоқларини забт этдим. Аскарларимнинг сон-саноғи йўқ ва халқингизни босқинчилар чангалидан озод қилиш истагидаман…”

Майсур Ҳайдар Али ва унинг валиаҳди Типу Султон ҳукмронлиги даврида (1761–1799) Жанубий Ҳиндистондаги энг қудратли давлатга айланди. Бироқ 55 минг суворий ва пиёда жангчиси, замонавий артиллерияси бўлишига қарамай, барибир инглизлар вассали ҳисобланарди. Ҳайдар Алининг голландлар билан иттифоқ тузишидан хавфсираган Англия мус­тамлака маъмурияти Нидерландия тасарруфидаги Негапатамни босиб олди. Бундан қўрқиб кетган бошқа маратхи сардорлари майсурликлар билан иттифоқ тузишдан бош тортдилар.

Ҳайдар Али ниҳоятда оғир ҳарбий-сиёсий вазиятга тушиб қолганди. Шунда гўё мўъжиза рўй берди: адмирал Сюффрэн қўмондонлигидаги француз эскадраси етиб келди ва 1782 йил январдаги денгиз жангида адмирал Хьюз бошлиқ инглиз кемаларини тор-мор қилди. Шаҳзода Типу Султон эса Англиянинг қуруқликдаги йирик бўлинмасини Анагуди яқинида қуршаб олди ва қириб ташлади.

Ҳайдар Али вафот этгач (1782 йил), тахтга Типу Султон чиқди. У 1783 йили Бангалурни қамал қилган кунлари адмирал Бюсси етакчилигидаги француз кемалари Майсур тасарруфидаги Куддалур бандаргоҳига лангар ташлади. Бироқ ўша йили июль ойида Англия ва Франция ўртасида Канада ихтилофи бўйича сулҳ тузилди, шу боис Бюссининг матрослари ҳам, аввалдан ҳиндлар хизматида бўлган францияликлар ҳам инглизларга қарши уруш ҳаракатларини тўхтатдилар.

Қолаверса, Наполеон Бонапарт Мисрни истило қилиб, Сурияга юриш бошлаганини, аммо кўзлаган асл манзили Ҳиндистон эканини Лондонда аллақачон билиб бўлишганди. Ана шунда Ҳиндистон генерал-губернатори Р. Уэлсли (1798–1805) Лондоннинг ижозати билан муҳим бир тўхтамга келди. Аввало, Ҳиндистонда ҳар қандай қуролли француз отрядларига барҳам бериш ва кейин Майсур князлигини харитадан йўқотиш зарур. Ҳайдаробод князининг хизматидаги француз бўлинмасини инглизлар қуролсизлантириб, маошларигача тўлашди ва Францияга жўнатиб юборишди. Тўртинчи инглиз-майсур уруши чоғи 1799 йил 28 апрелда Серингапатам қўлдан кетди, 4 май куни Типу Султон жанг майдонида ҳалок бўлди.

 

* * *

1800 йилга келиб Бонапарт инглизларга қарши курашда Россия билан ҳамкорликка бел боғлади. Икки ўртада ҳар икки мамлакат манфаатларига мос сулҳ тузилди. Наполеоннинг режасига кўра энди ўрис ва фаранг қўшинлари бирикиб, Ҳиндистон сари юриши мумкин. Аввало, Марказий Осиё ва Афғонистон орқали ҳужумга ўтган маъқулроқ. Ёки Афанасий Никитиннинг 15-асрдаги маршрутини такрорлаш ҳам мумкин. Наполеон Яқин Шарқ ва Кавказ орқали, император “Пол” (Павелни Францияда ана шундай аташарди) эса Шимолдан боради. Икки армия Амударёнинг ё ўнг, ё сўл соҳилида бирлашиб, ҳал килувчи ҳужумга ўтади.

Павел бу режада Россия учун катта фойда бор, деган хулосага келди. Биринчидан, Англиянинг флоти яксон қилингач, рус империяси Мальта оролини олади, ҳам Ўртаер денгизида, ҳам Қора денгизда ўз флотига эга бўлади. Иккинчи ва асосий ютуқ шуки, Константинопол ва Иерусалим Россиянинг қўлига ўтиши ҳеч гапмас. Натижада, Павел ва Наполеон Европани, ҳатто бутун дунёни ўзаро тақсимлаб олсалар кошки эди.

Россия подшоҳи амалий ишга киришди. Дастлаб Дон казаклари атамани М.Платов бошчилигидаги йигирма беш минг кишилик тўрт гуруҳ тезкор казак полкларидан иборат экспедицион армия 1801 йил февралда Ҳиндистон сари йўлга тушди.

Павел Биринчи 12 январда Дон қўшинлари атамани генерал Орловга ҳам бир неча фармойиш йўллаб, казак полклари билан тезда Оренбургга етиб боришни буюрган. Режага кўра, у ердан тўппа-тўғри Ҳиндистон сари юриб, душманнинг, яъни Англиянинг қоқ юрагини жароҳатлаши зарур эди.

Фармон зудлик билан амалга оширилиб, Дондан қўзғолган казак полк­лари шарқ томонга йўл олди, Орловнинг йигирма икки минг кишилик отрядида ўн икки замбарак ва ўн икки қадимий рус тўпи ҳам бор эди…

Павел Биринчи илк бор (18 декабрь) Наполеонга ёзма равишда шахсан мурожаат қилди:

– Сизни тинглашга ва Сиз билан музокарага тайёрман…

Икки ўртадаги кенг кўламли иттифоқнинг марказий масаласи Ҳиндистонни фатҳ этиш эди. Бу тараддуд ўта махфий амалга оширилиб, саноқли кишиларгина (валиаҳд Александр, Пален) биларди, холос. Ўн йилларга мўлжалланган Россия-Франция ҳамкорлигига 1801 йил 12 январь куни дастлабки қадам қўйилди. Фармон:

– Зудлик билан 30 минг казак солдати Волгадан ўтсин! Бир ойда Оренбургга етиб бориб, қолган масофани уч ой муддатда босади-да, Бухария ва Хивани ортда қолдириб, Хиндус[1] соҳилларини забт этади.

Бу режа қулай, мантиқли ва пухта эди. Антик замонда Александр Македонскийнинг етакчи қаноти ҳам, 18-асрнинг 40-йилларида Нодиршоҳ суворийлари ҳам ана шу яқин ва осон йўлдан ўтиб, Ҳиндистонни забт этишган. Бунинг устига, Ҳиндистонда инглиз солдатлари кўп эмас, Эрон билан эса шартнома тузилган ҳисоби, ҳинд халқи Буюк Британиядан норози, Грузия батамом Россия қаламравига қўшилган – бу омиллар бари режанинг муваффақиятли ижросига хизмат қилиши турган гап.

Ниҳоят, Россияда яна бир тараддуд бор: Петропавловск-Камчатск бандаргоҳида учта кемани тайёрлашаётганди, замонавий замбараклар ўрнатилгач, улар ҳарбий фрегатга айланиб, Ҳинд океанига жўнайди. Маълумотларга қараганда, Узоқ Шарқ мудофаасини мустаҳкамлаш учун ўша пайтлари Иркутскдан катта куч жўнатилган. Ҳимоя қўшини ҳужум қуроли бўлиши ва кемалар Ҳиндистон фатҳига денгиздан кўмак бериши мумкин…

Наполеоннинг руслар подшоҳи билан оғиз-бурун ўпишаётгани, икков қандайдир фитна бошлаётгани, ҳатто Ҳиндистонга юриш қилмоқчи экани инглиз разведкасидан пинҳон қолармиди? Воқеалар ривожини Лондонда хавотир ва ташвиш билан кузатишарди. Балки, бўлғуси фалокатнинг олдини олса бўлар – Буюк Британия бош вазири Вильям Питтнинг шунақа умиди ҳам йўқ эмасди…

Аммо Россияда шундай мудҳиш кори ҳол содир бўлдики, бундай қабоҳатга Европада ҳеч кимнинг ақли бовар қилмай қолди. Император Павел Биринчи 1801 йил 11 мартдан 12 мартга ўтар тунда Михайловск саройида бўғиб ўлдирилди. Орзулари саробга айланган Наполеон Бонапарт қутуриб кетди: унга қолса, бу суиқасдни инглизлар уюштиргани бегумон. К.Валишевскийнинг тасдиқлашича, Павел Биринчига қарши турганларга Англия мунтазам моддий ёрдам бериб келган.

Табиийки, казакларнинг Бухарияга сафари ҳам тўхтатилди…

Бирлашган қиролликда Наполеоннинг Майсур князлари билан алоқа боғлаганидан воқиф бўлгач, Типу Султон ўлгандан кейин ҳам Лондоннинг домангирлиги тарқалгани йўқ. Негаки, Бонапарт афғонлар ҳукмдори Замоншоҳ Дурронийни йўлдан уриши мумкин эди. Ҳиндистондаги Англия колониал маъмурияти Эрон шоҳига тазйиқ ўтказиб, унинг ёрдамида Кобул тахтига шаҳзода Маҳмудни чиқаришга эришди. Замоншоҳнинг кўзига мил тортилди, бу воқеа 1801 йили содир бўлди.

Наполеон Биринчи консул бўлган кезлари Франция-Англия рақобати ниҳоятда кескинлашди. У 1803 йил апрель ойида Ҳиндистонга ҳарбий-дипломатик вакилларини жўнатди. Генерал Декан раҳнамолигидаги бу махфий миссия маҳаллий рожалар билан иттифоқ тузиб, инглизларга қарши ҳиндларнинг қўзғолонини ташкил этиши керак эди.

Кобулга 1808 йилнинг охирида Бирлашган қиролликнинг биринчи дип­ломатик миссияси келди. Икки давлат ўртасида битим тузилиб, унга Англия номидан М. Эльфинстон ва Афғонистон ҳукмдори шоҳ Шужоъ имзо қўйди. Шартномага кўра, башарти Наполеон Ҳиндистонга юриш бошласа, шоҳ француз армиясини ўз ҳудудидан ўтказмаслик мажбуриятини олганди. Аммо Шужоъ тезда тахтдан ағдарилди, Наполеон Британия мулкига қўшин тортгани ҳам йўқ.

Ҳиндистон Бонапартга ушалмас орзу эди, орзулигича қолаверди…

 

“АЁЛ  МАКРИНИНГ  БИР  УЧҚУНИ  – СИЁСАТДА  ЗЎР  ЁНҒИН…”

Ёмон хотиндан Худо сақласин. Қотил малика афв этилди.
Жозефина бевафо эдими? Полинанинг “садоқати”.
Қиролича Луиза ва жигарсўхта Наполеон

Бобуршоҳ сафарда эканидан фойдаланиб, Кобулда давлат тўнтариши қилмоқчи бўладилар: набираси Мирзохон тахтга кўз олайтираркан, у Шоҳбегимнинг хайрихоҳлигига суянади. Бу тоифалар паноҳ сўраб келганда, не-не яхшиликлар қилиб, эвазига ёмонлик кўрган Бобуршоҳ бундан қаттиқ ранжийди. Лекин на ғаламис қариндошларига, на ўгай бувисига зарра жазони раво кўрмайди, аксинча, иззат-икром ва меҳр-мурувватни аввалгидай тутаверади. Калтабин буви бу эъзоз ва шафқатдан шунчалар музтарлик, хижолат чекадики…

Кўз очиб кўрган умр йўлдоши Ойшасултон Бегим-чи? Бобур сарсон-саргардон, қай эшикка бош урарини билмай юрган кезлар Ойшасултон рафиқалик фарзини адо этишни ўйлагани йўқ. Негаки, эрига бормоққа не маскан муяссар, турмоққа не давлат муқаррар. Ахир, йигит боши омон бўлса, молли бўлар, молсиз бўлмас! Умаршайх Мирзонинг ўғлига Худонинг атаган нурафшон кунлари мўл-кўл эдики, Искандарнинг йўлларидан зафар билан ўтди, олтин бошига тожлар кийди. Неча ўн йиллардан сўнг ўша Ойшасултон Бегим Бобурийлар саройидан паноҳ топди…

Панипат – Заҳириддин Муҳаммад Бобур қудратининг, шон-шуҳ­ратининг чўққиси, бироқ у душмани Иброҳим Лўдийниннг оқ сочли онасига, ёнидаги набирасига раҳм-шафқатдан  ўзга “ёмонлик” қилгани йўқ. Бадбахт кампир-чи? Ношукурлик ва намакҳаромлик йўлини тутиб, тўрт қотилга бош бўлди. Подшоҳнинг зотида мурувват сифати бор эса-да, давлат хавфсизлиги жазо ва ижрони ҳам тақозо этади, қотилга эса шафқат эсиз!..

 

* * *

Сарой фитналари на машриқда, на мағрибда ҳеч бир салтанатни четлаб ўтган эмас.

Наполеондан олти ёш катта Жозефина 16 яшарлигида эрга берилган, умр йўлдоши генерал А. Богарне билан 15 йил яшаб, бир ўғил, бир қизли бўлган. У жодугармиди? Ҳали уйланмаган 27 яшар йигитни сеҳрлаб қўйгандими?

Мен уни телбаларча севаман, – дерди Бонапарт…

Миср экспедициясининг ачинарли босқичи 1799 йил 9 февралда бошланди, мисрликларни бўйсундириш оғир кечаётганди. Бонапарт ноилож Сурияга йўл олди. Офтоб ёндираман дейди. Кайфияти тушкун Наполеон 13 минг аскарни олға бошлаб боради. Шунда гўё унинг юрагига ханжар урдилар. Кейинчалик Бурьенн бундай хотирлайди:

– Бу воқеа Ал-Аришда бўлганди. Жюно бош қўмондон билан ёнма-ён бораётиб, унинг қулоғига нимадир деди. Бонапартнинг ранги мурда тусини олиб, ўзини йўқотиб қўйди, ҳатто унда безгак хуружи сезилиб турарди. Ўшанда Жюно Жозефинанинг хиёнатидан гапирган экан.

Наполеоннинг қаҳри қайнаб, оғзидан боди кириб, шоди чиқаверади, бевафо аёлнинг етти пуштини “ўқиб ташлайди”. Ҳамма нарсадан кечиб, узлатга чекинмоқчи, тарки дунё қилмоқчи ҳам бўлади. Алданган генералнинг кайфияти аввал-бошда ана шунақа эди, лекин  Фаластин саҳросидаёқ тақдир унга Жозефинадан ўч олиш “имтиёзи”ни ҳадя этди. Бу “интиқом”нинг қуроли ёш ва сулув келинчак Полина Фуре эди. Хўш, бу заифага минг-минг солдат орасида нима бор? Гап шундаки, Полина бир зобитнинг рафиқаси бўлиб, Мисрга отланаётган эрининг оёқларига чирмашди, йиғлади, ёлворди:

– Мени ўлдириб кетинг. Сизсиз ҳаёт менга не керак?

Келинболанинг севги ва садоқатидан лейтенант-куёвнинг юраги ўртанди, икков чорасини топдилар: Полина аскар либосини кийгач, бинойидай йигитга айланди-қолди, кемада бу ҳийлани ҳеч ким пайқамади.

Наполеон учун Сен-Жан д`Акр қалъасининг мудофааси қанчалар қаттиқ бўлса, “сервафо” Полина Фуренинг садоқат қўрғони шунчалар юмшоқ ва беҳол чиқиб қолди. Олтмиш икки кун муттасил ўқ отиб, қалъа деворлари остида депсинаётган бош қўмондон “Полина фронти”да хамирдан қил суғургандай зафар қозонди.

Ойни этак билан ёпиб бўларканми? Зобит-куёвнинг қўлидан нима ҳам келарди? Бош қўмондонни дуэлга чақиролмаса…

Наполеоннинг “муҳаббатнома”си бутун бир эпопея, ундаги “образ­лар”нинг сон-саноғи йўқ. Полина билан ўтган беш кунлик “ҳавас” унинг ҳаётидаги умри қисқа қиссалардан биргина сатр, холос.

Пруссия қироличаси Луиза Наполеоннинг зўравонлигидан норози кайфиятдагилар раҳнамоси бўлиб, унинг саъй-ҳаракати билан Берлиндаги аркони давлат лафзида Францияга қарши “немис шон-шарафи”, “Пруссия қиличи” қабилидаги даъватлар таҳдидли жаранглай бошлади. Бежирим ҳарбий мундирдаги маликайи олия полкларни жанговар кўрикдан ўтказар чоғи олқишлар янграрди:

– Яшасин Пруссиянинг шонли қироли ва шавкатли қироличаси!

Кейин бошлар узра қиличлар ялонғочланиб, Франция тарафга пўписа билан силкитиларди. Ўша корсикалик, дўппидай оролда туғилган бета­йин шилдир, яъни Бонапарт Пруссия шамширининг заҳрини тотиб кўргач билади асл уруш қанақа бўлишини!

Қиролича орзиқиб кутган уруш бир ойгина давом этди, холос. Фақат натижа у кутганича бўлгани йўқ. Бонапарт ҳалигача бундай тез ва осон ғалаба қозонган эмасди. Дастлабки зафар 9 октябрь куни Саксонияда қўлга киритилди. Эртасига маршал Ланн тўққиз минг кишилик Заальфельд гарнизонини тиз чўкдирди, шаҳар мудофаасининг қўмондони шаҳзода Людвиг ҳалок бўлди. Бу қайғули хабардан Пруссиядаги ёшу қарининг юраги ларзага келди, мақтанчоқлик тах еб, қўшиннинг руҳи тушиб кетди. Фақат қироличагина ҳамон ҳавойи кайфиятда, бугинамас, ҳатто ўғлининг қаҳрамонларча ҳалокатидан ифтихори жўш урарди. У мурожаат қилиб, жигаргўшасининг жонфидолигидан андоза олишга, интиқомга даъват этди…

Бонапарт эса Потсдамга бамайлихотир жойлашиб, бир муддат зафар кайфини сурди ва ҳордиқ чиқарди. Сўнгра яна Grand Armeeни олға бошлаб, 19 декабрда Варшавага кириб борди.

Худди шу куни Россия императори Александр йўллаган оқ байроқли элчи маршал Мюратга расмий нома топширди. Мазмуни:

Урушганимиз етар, энди сулҳ тузайлик…

Икки подшоҳнинг юзма-юз музокаралари 25 июндан 9 июлгача (1807) давом этди. Пруссия қироли гоҳи кунлари Александрнинг далдаси билан залга кириб қолса-да, унинг иштироки қўнишганича оғзига сўк солиб ўтиришдан иборат эди, холос. Боз устига Наполеоннинг даккисини, таъна ва ҳақоратларини эшитишга, ичига ютишга мажбур.

Фридрих-Вильгельм ана шу талвасада тож-тахтидан айрилмаслик йўлини ахтара-ахтара, ахийри топди: сулув рафиқасининг сеҳру жодуси ҳозир кор келмаса, қачон кор келади? Юрагига ёруғлик оралаган қирол “сеҳргар” ни дарҳол Тильзитга чорлатди.

– Кўйлагингиз жонбахш мўъжиза-я! Матоси крепданми ё Италияникими? – ҳужумга ўтди император Наполеон илк учрашувда.

Пруссиянинг офатижон қироличаси суҳбати жонон аёл эдики, ақли, гўзаллиги ва ширинзабонлиги билан Бонапартнинг эс-ҳушини олди-қўйди. Ўзи кейинроқ иқрор бўлганки, “қиролича аввалроқ келганда, Пруссияга анча ён берворардим.”

Узун сўзнинг қисқаси шулки, 1807 йил июль ойининг илк кунларидан бирида французлар императори ва Пруссия қироличаси холи жойда танҳо юзма-юз бўлдилар. Уни Тильзитдаги қасрга қиролнинг шахсан ўзи бошлаб келди. Отлиқ сайрдан қайтган Наполеон одми ҳарбий мундирда қўлида қамчиси билан кириб борди. Луиза энг аъло либосларда, ясанган-тусанган, упа-эликлар билан ўзига оро берган, зеб-зийнатларни таққан ҳолда ва куйдирмажон табассум билан пешвоз чиқди. (Унинг шу қиёфаси Пиримқул Қодиров тасвирлаган ва Муҳаммад Солиҳ лаънатлаган Зуҳрабегимни эслатмайдими? Қарангки, ҳар икки аёл ҳам ўғлидан айрилган, иккала шаҳзодани ҳам бу маликалар ўзини бағишлаган ҳукмдор ўлдирган.)

“Музокара” ичкарида жуда узоқ давом этди: Наполеон немис маликасини абадул-абад бўшатмайдиганга ўхшарди. Ташқаридаги қиролнинг ўзига қолса-ку, ҳар қанча кутиб  туришга рози. Бахтга қарши қаср остонасида ёлғиз ўзи эмас: бир йўла уч давлат вакиллари (Франция, Россия, Пруссия), дипломатлар, арбоблар эшик очилишини кутиб туришибди.

Фридрих-Вильгельм теварагидаги истеҳзоли табассумлар ва заҳарли нигоҳлар таъқибига ортиқ дош беролмай қолди: шартта ўрнидан турди-да, ўз рафиқаси ва босқинчи император устига кириб борди. Орада не можаро бўлган, буниси қоронғи, учовидан бирортаси бу ҳақда ёзиб қолдирмаган. Фақат шундай оғзаки гап юрадики, Наполеон маршалларига деган эмиш:

– Ўшанда Пруссия қироли жуда бемаврид кириб қолди-да, агар сал сабр қилганда борми, хотинига Магдебург шаҳрини бағишлардим.

Ҳар ҳолда аниқки, Франция императори ва Пруссия қироличасининг хилватдаги бу учрашувидан на дипломатик натижа чиққан, на сиёсий…

 

ЗАМОНЛАРИ  БЎЛАК  –  ЗАФАРЛАРИ  МУШТАРАК

Айғоқчининг ҳийласи. Императорни сомонга ўраб қўйдилар.
Наполеонга тарвуз едирган аскар.
Хосиятли ҳасса ва шайхнинг каромати

Наполеон Ульмда йирик зафарга эришди ва бу ғалаба 1805 йил 20 октябрь санаси билан империя солномасига кирди. Генерал Мак қўмондонлигидаги Австрия армияси 50 минг аскаридан айрилди, 23 минг жангчи асир тушди. Французларнинг талофати 6 минг кишидан ошгани йўқ.

Grand Armeeнинг мислсиз шиддатида кучли разведканинг, жосусларнинг хизмати Бонапартга ниҳоятда қўл келганди. Австрияликларда қамал ҳалқасини ёриб чиқиш имконияти бўлса-да, қўмондон Мак франциялик айғоқчиларнинг ҳийласига лаққа учди. Жосуслар раҳбари Шульмейстер Парижда қўзғолон бошланганига, яна озгина дош берса, Наполеон қамални тўхтатиб, Францияга қайтишига Макни ишонтирди. Бугина эмас, кўчма босмахонада сохта газета тайёрлаб, уни Шульмейстерга етказишади. Парижда инқилоб содир бўлгани ҳақидаги уйдирмани ўқиган Мак чиппа-чин ишониб, қамалдан чиқишга уринмайди ва фурсатни бой беради.

Бонапарт Австрия қўшинини сентябрдаёқ қуршовга олди, бу – Бобур неча бор синовдан ўтказган тўлғама усули эди. Австрияликлар кунботарга қурол ўқталган бўлиб, французларнинг ҳужумини ўша тарафдан кутишарди. Наполеон эса армиясининг асосий қисмини душманнинг ортига ва икки ёнига жойлаштириб улгурганди.

Ульмда зафар қучган Наполеон 75 минг аскари билан шарққа – рус қўшинлари томон йўлга тушди. Унга қарши қўйилган Моравиядаги Австрия-Россия армияси 90 минг кишидан кам эмасди. Бонапарт бу ерда ҳам жосусларини ишга солди, полкларни қулай жойлаштириб, Працен қирларига ўзи учун алоҳида кузатув пункти жиҳозлатди. Бу Аустерлиц (ҳозирда Славков) қишлоғига яқин манзил эди.

Бертье раҳбарлигидаги бош штаб корпус қўмондонлари учун дастуруламал тайёрлаб берди. Режа шундай: айғоқчилар французларнинг қаноти заиф эканига ишонтириши лозим ва душман ҳовлиққанича жанубдан ҳужумга ўтиши керак. Ана ундан сўнг захирадаги француз қисмлари ёвнинг ортидан зарба беради, Бонапартнинг асосий дивизиялари тўлғама усулида шимолдан сиқиб келади-да, марказни янчиб ташлайди. Беихтиёр тонг қоласиз: Аустерлиц жанги Наполеон қандай ўйлаган бўлса, ўшандай бошланди ва мислсиз ғалаба билан якунланди.

Пастқам сайҳонликка ўрнашган французларни бояги туман ёв кўзидан яшириб турарди. Ниҳоят, қиш офтоби беҳолгина юз очди: руслар ва австрияликлар не ҳайрат билан кўрсинларки, Бонапарт армияси осмондан тушган мисоли орқада ва икки ёнда турибди-да! Наполеон бобурона тўлғамани шиддат билан амалга оширдики, жанг майдони батамом францияликлар назоратига ўтди ва душманнинг исканжага олинган маркази тутдай тўкилаверди. Французлар сон жиҳатидан оз бўлса-да, ёвларни мутлақо шошириб, чекинаётган полкларни кўл ёқасига шундай қисдики, уларга чала музлаган сув устига қочишдан ўзга йўл йўқ. Юпқа муз ёрилиб, мағлубларнинг қолган-қутгани кўлга ғарқ бўлди. Руслар ва австрияликлар жанговар кучнинг учдан бирини бой берди.

Бу жаҳаннамий жангни кузатиб турган икки император – Франц ва Александр қўшинни ўз ҳолига ташлаб, қочиб қолишди. Аркони давлатга ҳам жон ширин туйилиб, тумтарақай бўлиб кетди, валинеъматларига ҳамроҳ бўлмоққа ҳам яраганлари йўқ. Ҳамма ўз бошининг қайғусида, Михаил Илларионович Кутузов эса бировнинг эсига келмайди. Ахир, у жангда жароҳат олиб, аҳволи хийла оғир эди, ҳайтовур, тақдир уни асирлик иснодига гирифтор этмади. Ваҳоланки, буюк рус саркардаси мағлубиятни олдиндан кўра билиб, ўз режасини айтса-да, унга қулоқ солмаган эдилар…

Аустерлиц жангидан бир ғаройиб эпизод тарихчилар наздидан четда қолмаган, у уч император – Наполеон, Франц ва Александр шахси билан бевосита боғлиқ. Бу воқеаларнинг шуниси қимматлики, ўша ҳукмдорларнинг таҳликали дамлардаги феъл-атворини ҳеч бир изоҳсиз шарҳлай олади.

Россия подшоҳи Александр Павлович Аустерлиц кулфатининг аввалидан охирига қадар учинчи колоннага етакчилик қилиб, узил-кесил мағлубиятни ва ўз аскарларининг тумтарақай қочиб бораётганини кўрди. У саноқли соқчилари билан ботқоқ ва қамишзордан ўтаркан, чеҳраси оғир алам ва саросимадан бўзарган эди. Ёмғир жалага айланди, қоп-қора булутлар гўё челаклаб сув қуярди. Император ярим тун чоғи зулмат қўйнидаги Годьежиц қишлоғига етиб борди. Унга маълумот беришди:

– Ҳамма ярадорлар ва улар юкланган араваларнинг бари шу қишлоқда экан. Холироқ бирор уй йўқ, ҳазрати олийлари.

– Михаил Илларионовични топинглар! – буюрди император.

Устма-уст юборилган чопарлар ҳаммаси қуруқ қўл билан қайтаверди, фақат Чернишевгина ярадор Кутузовни топди ва подшоҳ ҳузурига бошлаб келди. Икков ҳали бир-бирлари билан ҳол сўраб улгурмасданоқ ташвишли хабар олишди:

– Бу ерда қолиш хатарли, французлар бостириб келмоқда, зудлик билан яқинроқдаги Чейчга кўчиш зарур!

Аммо императорнинг хос извоши йўқ, ҳарчанд қидирдиларки, уни ер ютганга ўхшарди. Ноилож отга миндирилган Александр Павлович олти-етти километр юргач, батамом ҳолдан кетиб қолди. Ҳазрати олийлари ўзи тумов билан хасталанганди, мағлубият алами, хунук ҳаво, номаълум истиқбол уни буткул йиқитди. Шунда кичик карвон Уржиц қишлоғига кириб келди. Улар йўлиққан биринчи қўрғон қандайдир деҳқоннинг бўм-бўш кулбаси бўлиб, похол ғарамидан бўлак ҳеч вақо йўқ. Чора топилмагач, ноилож, императорни ичкарига опкириб, сомон билан ўрадилар. Шу ҳолида бемаврид дардни, хижолат ва истиҳола изтиробини айтмаса, олампаноҳ бахтиёр эди. “Шунчалар бахт” устига мойчечак ва кўкнор дамламасини ҳам ичириб қўйдиларки, у пинакка кетди. Александр Павлович ухлаб қолгач, лейб-медик Виллие ҳамма врачларга хос буйруқбозликни бошлаворди:

– Яхши шароб топиш керак.

– Қаёқдан?.. Битта лўлаболишга зормиз-ку!

– Зарур! – деди пинагини бузмай доктор. – Офтоби олам уйғонишлари биланоқ тамадди қилдираман, вино танларига мадор бўлади.

Соқчилар тизза бўйи лой кечиб, қишлоқни беҳуда титиб чиқдилар. Кимдир уларга маҳаллий руҳонийнинг уйини кўрсатиб қўйди, аскарлар қўлга кирган ҳар на билан дарвозани чорак соат гумбурлатишди, ниҳоят, Австрия ҳарбий кийимидаги кишилар чиқиб келди ва зуғум қилди:

– Нега зоти олийларининг оромини бузасанлар?

– Ким экан ўша олий зот?

– Наполеон қўлидан шу ерда жон сақлаб турган Франц Иккинчи – Авс­трия императори.

– Ие, Худойимга шукур, ахир у кишига иттифоқчи бўлмиш бизнинг подшоҳимиз, яъни офтоби олам Александр Биринчининг аҳволлари оғир, қувват бўлар деб бир шишагина май излаб…

Дарвоза ичкарисида уйқули кўзларини ишқалаётган обергофмаршал Ламберти таассуф маъносида қулочини кериб, бош чайқади:

– Олампаноҳимизни бир амаллаб ухлатдик, уйғонсалар, дориликка ичиргудай қиттак шаробимиз қолган, уни сизга берворсак…

Қарангки, ўз полкидан айрилиб, улоқиб юрган венгер зобити худди шунинг устига келиб қолади.

– Менда шиша тўла қимматбаҳо вино бор, – дейди у муаммонинг ечимига саъй қилиб, халтасини титкиларкан, оҳиста минғирлайди: – Лекин нархи…

“Халоскор” зобит оғзига сиққан пулни айтди ва “изқуварлар” дарҳол тўлашди. Эртаси тонг чоғи Александр ва Кутузов Чейчга жўнаб кетишди…

Аустерлиц зафари кунидаёқ Наполеон эътироф ва шарафлаш фармонига бармоқ босди, у эртасига ҳамма полкларда ўқиб эшиттирилди:

Жангчиларим! Тасанно сизларга! Аустерлицда сиз мен орзулаган баҳодирликни намоён этдингиз ва номингизни абадий ўчмас шон-шуҳратга буркадингиз. Россия ва Австрия императорлари ишонган юз минг кишилик қўшиннинг қисмати тўрт соатдаёқ ҳал бўлди: ё ажалга рўбарў келди, ё асирликни бўйнига олди. Шамширингизга чап бермоқни, қочиб қолмоқни кўзлаганларни кўл ютиб юборди. Авлодлар асрлар давомида унутмагувчи матонатингиз сарҳисобини билдириб қўяйки, Россиянинг 40 жанговар байроғи, 120 замбараги, 30000 зобиту аскари ва 20 нафар генерали сизнинг қўлингизда! Душманнинг мақтови кўкларга кўтарилган армияси сиздан зиёда бўлса-да,  қудратингизга дош бера олмади. Билингки, айни дамдан эътиборан Европада сизга бас келадиган куч қолмади. Солдатларим! Юртимиз саодати, фаровонлиги ва хавфсизлиги учун зарур чораларни кўриб бўлганимдан сўнг барчаларингизни Францияга қайтараман. У ерда сизларни менинг сўнгсиз меҳрим ва оталарча ғамхўрлигим доимий оғушига олади. Дарёдил халқим мардлигингизни улуғлаб, қучоғини кенг очади. Сиз оддийгина битта жумлани айтасиз:

– Мен Аустерлиц жангида қатнашган аскарман!

Сизга ҳам жуда оддий жавоб қайтарадилар:

– Сен ватаннинг жонфидо ўғлонисан!

Наполеоннинг сўзи билан иши бир эдики, бу гал ҳам ваъдаларини елга совургани йўқ. Аустерлиц иштирокчиларига олтин ҳисобида ўн беш миллион франк нақд пул мукофот тариқасида тарқатилди. Ярадор солдатларга эса бундан ташқари уч ойлик маош миқдорида устама ҳақ тўланди. Императорнинг махсус буйруғига кўра аскар беваларининг барчасига умрбодлик нафақа тайинланиб, ҳалок бўлганлар хотирасини йўқлаш учун Нотр-Дам ибодатхонасида ҳар йили бир марта давлат ҳисобидан эҳсон ва ибодат маросими жорий этилди. Аустерлицда отасидан жудо бўлган етимларнинг барини Наполеон ўзи фарзандликка олганини эълон қилди ва ҳар бир боланинг фамилияси ёнига “Бонапарт”ни қўшишга расман рухсат берди. Шунингдек, етим-есирларнинг барчаси давлат қарамоғига олиниб, империя хазинаси ҳисобига ўқийдиган бўлди. Наполеон Аустерлиц ҳақида кўп минг нусхада бюллетень-ахборотномалар нашр қилдирдики, бу жанговар варақаларда алоҳида бўлинмаларнинг, зобит ва аскарларнинг мардлик ва матонатлари мадҳ этилди.

…Ўтган асрнинг 80-90-йилларида Сталиннинг “авра-астарини” ағдариш хуружи бошланганда, унга ҳам Наполеонга тақлидчиликни тақашарди. Бошқа бировлар: “Йўқ, Сталин унга тақлид қилмасди, шон-шуҳратига ғайир кўз билан қарарди”, дейишарди.

Наполеонга тақлид қилган, унинг собиқ империяси ҳудудини тасарруфига олишга уринганлардан бири Гитлер эди, бунга унинг ўзи ҳам иқрор бўлган. Бу даъво Сталиннинг қулоғига тушиб, қай бир йиғилишда киноя қилган эмиш:

– Мушукбола арслонга қанчалик ўхшаш бўлса, фашистлар диктатори ҳам Наполеонга ўшанчалик ўхшайди-да…

Наполеоннинг ашаддий душмани фельдмаршал Веллингтон эса 1815 йилдаёқ “Ҳозир ҳам, ўтган асрларда ва келгуси замонларда ҳам Наполеон Бонапарт саркардаларнинг энг буюги бўлиб қолаверади”, – деб эътироф этган.

 

* * *

Наполеон Бонапарт Заҳириддин Муҳаммад Бобурни билармиди, “Бобурнома”ни ўқиганми-йўқми? Бу саволга “ҳа” дейишга дафъатан асос камроқ, чунки, “Бобурнома” француз тилида илк бор 1871 йили чоп этилган. Лекин мантиқ нуқтаи назаридан шуни тасдиқлаш мумкинки, Ҳиндистон орзусига муккасидан кетган Наполеон бу ўлка ҳақидаги адабиётларни ўқиб-ўргангани, жумладан, Бобур шахсига ва унинг қаламига мансуб мемуарларга қизиққани рост. Илло, Бонапартнинг Ульм ва Аустерлицдаги зафарлари Панипат ва Канвада Бобур эришган буюк ғалабаларга жуда ўхшаб кетади, буни юқорида айтдик.

1798 йилнинг 19 май тонгида 38 минг сара аскар билан Мисрга отланган генерал Наполеон Миллий Институт аъзоси эканини унутгани йўқ. Француз ва бутун Европа фанининг яловбардори бўлмиш олимлар – Монж, Бертолле, Жофруа Сент-Иллер, Конте, Доломье, шоирлар, ёзувчилар, жумладан, шарқшунослар бош қўмондоннинг ҳамроҳи эдилар. Ана шу юришда Наполеонга ҳамроҳ бўлган илм аҳли кейинчалик мисршуносликни фан сифатида шакллантирдики, Париждаги тадқиқот маркази кўҳна Мисрни ўрганиш бўйича жаҳондаги етакчи муассасалардан бирига айланиб қолди…

Яна шуни ҳам билмоқ лозимки, Наполеон ҳали Римда эканидаёқ папага тегишли араб ҳарфли типографияни мусодара қилиб, “Орион” кемасига жойлаб қўйганди. У Миср юришига ўша босмахонани ҳам ола кетди: шарқшунослар, мутаржимлар араб, форс ва бошқа тиллардан таржима қилган рисолалар, маҳаллий аҳолига даъватномалар ана шу “Француз шарқий босмахонаси”да чоп этиларди. Арабий ва форсий матнларнинг илмий-имловий бенуқсонлиги Наполеоннинг ҳамроҳи, ёш шарқшунос Ж.Марсель зиммасида эди. Мурожаатномаларда қўлёзмалар сотиб олиниши, эвазига пиёдалар от олиши, ташнага сув, очларга нон берилиши ваъда қилинарди. Ҳатто Миср уламолари (албатта, Бонапартнинг зуғум ва зўрлиги билан) француз халқи мусулмон эканини айтишарди. Ўйлаймизки, ана шу жараёнда генерал Бонапартга шарқ қўлёзмаларини келтириб берганлари эҳтимол.

Академиянинг аъзоси Наполеон Бонапарт Миср юришида энг етук олимлар билан қарийб 15 ой бирга бўлди. Инчунин, шу воситада Ҳиндистон ҳақида маълумот олиши ва “Бобурнома” хусусида хабардор бўлиши мутлақо мумкин. Шарқшунослар Наполеонга Бобурнинг ҳарбий-стратегик санъати тўғрисида ахборотлар, шарҳлар тайёрлаб беришлари эҳтимолга яқин. Наполеон Ҳиндистонга қизиқаркан, илмий доиралар воситасида бу мамлакат ва унинг ҳукмдорлари ҳақида тасаввур олган ва ўрганган, албатта.

Бобур, “Бобурнома” ва Бобурийларнинг довруғи 16-асрданёқ Ғарбий Европада оғизга тушиб бўлганди. Аврангзеб Оламгир саройида 9 йил табобат билан шуғулланган франциялик врач ва сайёҳ Франсуа Бернье ўз ватанига қимматли маълумотлар олиб қайтган. У кўрган-кечирганлари ҳақидаги ҳикоялари билан жуда машҳур бўлиб кетади, олиймақом киборлар даврасининг эркасига айланади ва қирол қабулигача кириб боради (уни Парижда “Буюк Мўғул” деб атардилар). Ана шу жараёнда Бернье қудратли давлат арбоби Жан Батист Кольбер билан дўстлашади. Молия ва денгиз вазирлигидан ташқари, Франциянинг бутун ички сиёсати Кольбер қўлида эди. Унинг кўмаги билан қирол Людовик Ўн олтинчи ижозат беради ва Бернье ёзган “Буюк Мўғул давлатидаги сўнгги сиёсий буҳронлар тарихи” китоби босилиб чиқади. Асар дастлабки 7 йилда (1670–1676) тўққиз марта чоп этилди, кейинги бир ярим аср мобайнида (1833 йилгача) Европанинг етакчи тилларида 29 марта нашр қилинган.

Тахминан Берньенинг китоби чоп этилган кезлари Францияда чиққан д`Ербелонинг қомусида ҳам Бобур ҳақида маълумот берилган. “Хатти Бобурий” тўғрисида эса французлар илк бор А. Лонгперьенинг “Асарлар” китобидан (1773) хабар топишган. Шунингдек, “Оға-ини Мишо” нашриёти (1811) чоп қилган “Қадимги ва ҳозирги тарихий арбоблар” тўпламида шарқшунос Ланглэнинг “Бобур” номли мақоласи бор эди, унда Бобуршоҳнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган… Ҳиндистон орзусини унутмаган Наполеон лоақал француз тилидаги ана шунча адабиётлардан хабардор эди дея оламиз.

Панипат ва Канвада – Бобуршоҳни, Ульм ва Аустерлицда – Наполеонни соҳиби зафар айлаган тактика айнан тўлғама эканини айтдик. Шуниси ҳам борки, Панипатда – Бобур, Аустерлицда – Наполеон сафдан чиқарган душманнинг адади ҳам қарийб бир хил: 40-50 минг ўртасида.

Баҳодирларни тақдирлаш ва ўлжа тақсимотидаги адолат Соҳибқирон Темурбекдан мерос анъана бўлиб, Заҳириддин Муҳаммад Бобур бу тамойилни янада юксак даражага кўтарди (шунинг учун ҳам Наполеон Бобурни билган-билмагани хусусида фикрлаб кўрдик-да).

“Ўтган бешта подшоҳнинг хазинаси отам ҳазратларининг қўлига тушди, – ёзади Гулбадан Бегим. Аввало, Агра ва Деҳлидаги давлат ғазналарига масъуллар тайин этилиб, борлиқ ганжина ва нақдина муҳрланди. Эслатамизки, Бҳира зафарида (1519) ҳам Бобур тўрт юз минг шоҳрухийдан иборат ўлжани аскарларга улашган эди.

1526 йил 11 майда, яъни Панипат фатҳидан йигирма кун ўтгандаёқ фотиҳ подшоҳ хазинадаги маблағни шахсан кўриб чиқди ва тақсимлашни бошлади. Энг катта улушни шаҳзода Ҳумоюн Мирзо олди. Ҳар бир бек муносиб даражада – олти лакдан то ўн лаккача насибадор бўлди. Лашкар таркибидагилар хизматига муносиб нақд пул билан мукофотланди. Бу жиҳатдан адолатли қарор шу эдики, Ҳиндистон фатҳига қалбий хайрихоҳлик билан маънавий мадад берганлар ҳам Бобуршоҳ ҳотамлигидан бебаҳра қолганлари йўқ. Масалан, шаҳзодалардан Комрон, Аскарий, Ҳиндол, Муҳаммад Замон ва барча уруғ-аймоқлар, ҳатто болалар қимматбаҳо туҳфаларга мушарраф этилди. Кобулда қолиб, тинчликни асраётган беклар ва сипоҳийларга йирик-йирик ҳадялар юборилди. Самарқанд, Хуросон, Кошғар ва Ироқдаги хешу ақробалар ҳам унутилмади. Бобур шайхларга  назр-ниёзлар ажратди. Бу рўйхатни яна узоқ давом эттириш мумкин.

Гулбадан Бегим ёзишича, Бобуршоҳ Ҳиндистон ҳавосидан зорланган Хожа Калонни Кобулга жўнатаркан, шундай фармон қилади:

“Ҳамоноки кетадиган бўлсангиз, Султон Иброҳимнинг фатҳидан қўлга тушган ҳинд совғаларидан валинеъматларга, опа-сингилларга ва ҳарам аҳлига бериб юбормоқчимиз, олиб кетасиз. Муфассал рўйхатини берамиз, ўшанга қараб тарқатасиз. Айтинг, ҳар бир бегим боғ ва девонхонада алоҳида подшоҳий чодирлар тутсинлар, яхшилаб маърака ўтказиб, ғалаба шукронасига Ҳақ субҳонаҳу таоло ҳақига дуо қилсинлар, – деб буюрдилар.

Миршаб [Асас ёки Муҳаммад] амакиларига атаб уч подшоҳий сир катта ашрафий бердилар. “Агар миршаб, подшоҳ ҳазратлари менга нима бериб юбордилар, деб сўраса, бир ашрафий [танга] деб жавоб берасиз”, – дея Хожа [Калонбек]га тайинлаган эдилар. Аслида ҳам бир ашрафий эканлигидан ранжиб, уч кунгача койиндилар.

“Ашрафийни тешиб, кўзини боғлаб, бўйнига осиб ҳарам ичкарисига киритинглар”, – деган ҳукм бўлган эди.

Хожа Калон Кобулга боргач, шундай қилди. Бобурнинг буйруғига мувофиқ тайёрланган махсус танганинг тешигидан ип ўтказилганди. Хожа Калон Бобуршоҳ айтгандай Асаснинг кўзини боғлаб, тангани унинг бўйнига осиб қўйди. Совғанинг оғирлиги шунчалик эдики, тунги соқчининг қадди эгилиб қолди. Асас хурсандлигидан ўзини қўярга жой тополмасди…

 

* * *

Булат Окужава Наполеон билан боғлиқ бир воқеани келтиради:

“Император матонатли жангчиларни алоҳида хизматлари учун “Фахрий легион” ордени билан тақдирламоқда. Умри жанггоҳларда ўтиб, соч-соқоли оқарган гренадёр яқинроқ келиб, қўлини чўзди:

– Менга-чи, ҳазрати олийлари?

– Нима иш кўрсата қолдинг, қария? – уни сўроққа тутди Наполеон. – Қандоқ жасоратинг учун мукофот талаб этасан?

– Бу Яффа саҳросида бўлувди…

– Хўш-хўш?

– Даҳшатли жазирама, нафас олишнинг иложи йўқ, қумга тухум қўйсангиз, чорак соатда пишарди… Эсингизда йўқми, офтоби олам?

– Хўп, айтавер-чи, азамат аскарим.

– Ўшанда томоғингиз қақраган чоғи мана шу қўлларим билан бир карж тарвуз берганман, ахир.

Кекса солдатнинг қиёфаси ва сўз оҳанги мутлақо жиддий эдики, император ҳам кулгани йўқ.

– Ташаккур, биродарим, – деди Наполеон бош ирғаб, – яна ва яна раҳмат. Ҳа, ўша меҳрибонлигинг эсимга тушди. Бироқ хафа бўлма, азизим, “Фахрий легион”нинг нишондори бўлишга шу биргина воқеа бадал бўлолмайди-да.

Мўйсафид аскар дағдағага ўтиб, жазава бошлади:

– Бадал бўлолмайди дейсизми? – қичқирди у. – Жин урсин! Етти карра ярадор бўлганим кифоя қилмасмиш! Арколь кўпригида, Лоди ва Кастильонада, Нил соҳилидаги эҳромлар пойида, Сен-Жан-д`Акр ва Аустерлицда, яна Фриланд!.. Италия, Миср, Австрия, Пруссия, Польшада… ўн бир марта қоним тўкилган, ахир!

– Ҳай-ҳай, тўхта-тўхта, – овозига зўр берди бошини чангаллаб қолган император, – нега айюҳаннос соласан, жанговар қуролдошим?.. Лоди, Кастильона… Бор экан-ку, шуларни айтгин эди, сен бўлса тарвуз-парвуз дейсан.

– Ахир, офтоби олам, – пинак бузмай изоҳ берди мўйсафид аскар, – ўз императорига қачондир қилган хизматини миннатга айлантириш мендай жангчингизга эп келадими?

Наполеон кулди ва унинг елкасига қоқди:

– Баракалла, дўстим. Мен сени империя кавалери рутбаси билан сийлайман. Йилига минг франк даромад ҳам тайинланади. Хўш, розимисан?

– Йўқ, олампаноҳ! – дея оёқ тиради жангчи. – Уни бошимгаям урмайман, орден – хоч беринг, менга ўша афзал.

– Ие, сенда энди унисиям, бунисиям бўлади-ку. Томинг кетганга ўхшайди. Империя кавалери бўласан, империя кавалери-я!

“Томи кетган” бош чайқади:

– Кечириб қўядилар, тақсири олам, сиздан от билан туя сўраганим йўқ, биттагина орден… орденнинг ўзи…

Император Наполеон Биринчи илтифотли жилмайди-да, “Фахрий легион”ни кекса аскарнинг кўксига тақди ва бағрига босди…”

Тонг қоласиз: барча инсон бир хилда – волидаларнинг буюк азоби – тўлғоқ билан туғилади. Бу – ҳақ, даҳолар таваллуди ҳам шундай, лекин улар туғилмайдилар, даҳолар дунёга келадилар. Нега? Негаки, уларга ўз замонлари, ўз маконлари торлик қилади, даҳолар ҳатто дунёга сиғмайдилар…

Ахир, Бобур ва Наполеон ҳарб санъатининг шундоқ алломаларики, қурол билан қадами етган ер ва элни титрата олишган. Уларга ортиқча сўз дейишга, даъво қилишга, овозини кўтаришга кимнинг журъати етсин? Аммо Мирзо Бобур тунги қоровул Асасдан, Наполеон Бонапарт оддий аскаридан ўзини баланд тутмайди. Бобур мукофотнинг аълосини ўша қоровулга илиниб, қаддини эгадиган вазндаги олтин ҳадя қилади. Наполеон эса солдатининг эркалигини кўтариб, талабини адо этади ва қучоғини очади.

У илтифотли жилмайиб қўйса ё икки оғиз ширин сўз билан кўнглини кўтарса баски, ҳар битта аскар нақд ўлимнинг бағрига кириб кетаверарди. Фармонлари эса гўё ваҳийдай қабул қилиниб, “Яшасин император!” хитоби билан жон бериш шон-шарафга айланарди. Бонапарт қай бир мўйсафид солдатнинг қулоқ солинчагидан енгил чимчилаб, самимий сўз айтади:

– Сен қадрдоним, ўлимни ҳам ўтакасини ёрвординг, душманнинг додини бервординг-ку, азаматим!

Тамом! Ўша аскар борини шу одам йўлига тикадики, жисми ва қони тупроққа қоришиб, сўнгги нафаси чоғи ҳам оппоқ от устидаги чавандоз фақат ўзига тикилиб тургандай ҳис этади-да, “Яшасин император!” дея кўз юмади. У-ку, оддийгина бир солдат эди, генералларни айтмайсизми…

Мана, Бавария жанубида бўлган воқеа. 1805 йил эди. Ажалнинг жаҳаннамий бозоридан фақат бир лаҳзага чиқиб келган генерал Мутон қўлини чаккасига теккизиб ахборот бошлади:

– Сизга шуни етказишга бурчлиманки, ҳазрати олийлари…

Наполеон унинг сўзини бўлиб, елкасига оғаларча қўл ташлади:

– Мен, – деди у ўз кўксига ишора қилиб, – сизнинг олдингизда бурчлиман, азиз генералим. Ахир, бугун сиз менинг жонимга оро кирган лочинимсиз, лочиним!

Кекса генералнинг кўзларига ёш қалқди:

– Офтоби олам, камина хоки пойингиз…

– Асло! Сиз менинг бошимдаги, йўқ, Франциямнинг бошидаги зафар тожисиз! – Мутон ростакамига йиғлаб юборади, император давом этади: – Ишонаманки, захирадаги шоввозларимни фақат ўзингиз ғалабамга бошлай оласиз ва Ландсхутдаги ёвнинг думини тугишни уддалайсиз.

Оддий аскар мисоли ҳаяжондан титраётган генерал кўз ёшларини енги билан сидириб, ғоз қотди ва шаҳдам ортига бурилиб, сара гренадёрлар сафини олға бошлади. Улар кўприкдан яшиндай ўтиб боришаркан, жўровозда ҳайқирдилар:

– Императорга шон-шарафлар!

Жанг шиддатли ва оғир кечди, аммо Ландсхут генерал Мутон олдида бош эгди. У мундири дабдала ва юзи жароҳатланган ҳолда яна ахборот бергани келди:

– Ҳазрати олийлари, сизга шуни айтмоққа бурчлиманки, буйруғингизга биноан қишлоқни…

Наполеон ана шундай одамки, қанчалик серғазаб бўлса, шунчалик раҳмдил, уни нечоғли ёмон кўрсалар, ўшанча яхши кўришарди…

 

* * *

В.Бартольд Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг боҳимматлигига бир мисол келтиради. Пуркаромат шайх Муҳаммад Хабушоний-Кучоний Куб­равия тариқатининг издоши бўлиб, Бобур унга ғойибона қўл берган, пир тутган эди. У ҳали Кобулда экан чоғлари шайхдан дуо сўраб, Самарқандга мактуб ва туҳфаларини йўллаганди. Хабушонийнинг қалби ийиб, Бобурга ўз қўлидаги кўҳна асони бериб юборади. Канва жанги (1527 йил 17 март) олдидан ибодат чоғи ўша табаррук ҳассани жойнамози рўпарасига қўйган Бобуршоҳ Аллоҳдан мадад сўраркан, шайхнинг ҳаққига дуолар қилади.

Ажабки, ўша тун Хабушоний-Кучоний тушига кириб, душман ваҳмида ишончи сусайгани учун Бобурга танбеҳ беради ва қўрқмасликка даъват этиб, бўлғуси зафардан каромат айтади. Ва… Рона Санго билан тўқнашувда зафар туғи Бобурга насиб этди. Миннатдор ва мутаассир Бобуршоҳ шайхга ўлжаларидан йирик улуш ажратади-да, мактуб билан Самарқандга юборади.

Бонапарт 1802 йили таъсис қилган “Фахрий легион” орденининг анчагина суюнчи пули бор эди. Бу жасорат нишони ўшанда ҳам, ҳозир ҳам Франциянинг энг юксак мукофоти саналади. Бу орден билан хорижий фуқаролар ҳам тақдирланади. Бу орденнинг ажнабий нишондорларидан бири афғонистонлик дипломат, Зоҳиршоҳнинг Франция ва Швейцария­даги элчиси Саид Исломбек эди. Саид Исломбек (айрим манбаларда Усмонбек) аслида бизнинг ватандошимиз – Қўқон хони Худоёрхоннинг набираси бўлади. У 1888 йили Тошкентда таваллуд топган, Оренбург ва Москвада ўқиган, дипломатия соҳасида ярим асрдан ортиқ ишлаган, 1983 йилда вафот этган ва Париждаги Пер ла Шез қабристонига дафн этилган. “Фахрий Легион” орденини 1961 йилда Саид Исломбекнинг кўксига дўсти – Франция республикасининг президенти Шарль де Голль ўз қўли билан тақиб қўйган.

“Фахрий Легион” Наполеон Бонапарт номи билан боғлиқ бўлса, ушбу орден нишондори Саид Исломбек ҳам, унинг бобоси Худоёрхон ҳам Олтинбешикка авлод эдиларки, бу афсонавий гўдак Бобур наслидан, деб ривоят қиладилар…

 

ХАЗИНА:  ҲАМ  ҲАҚИҚАТ,  ҲАМ  АФСОНА

Олтинбешикхон ёхуд Бобурзода Муҳаммад Муқим Мирзонинг
Фарғонага келиши. Ғарқ этилган тиллолар.
Кремль дафинаси хусусида. Наполеон ва Стендалнинг ўлжалари

Салтанат ва жаҳонгирлиғ беасбобу олот даст бермас. Подшоҳлиқ ва амирлиқ бенавкар ва бевилоят мумкин эрмас, – дейди Бобур.

Уч юз йилдан сўнг Наполеон Бонапарт ҳам шу гапни такрорлайди:

– Ҳукмдорлик шундоқ бир касб-корки, унинг ҳам ўзига хос асбоб-ускуналари бор ва уларсиз тож-тахт мумкин эмас…

Бобур талашмаса бўлмасди, зеро, бунга у ҳам ҳақли, ҳам бурчли эди. Ҳақли экани шуки, Фарғона вилоятининг подшоҳлиги шаҳзодага отамерос, у ана ўша мамлакатнинг қонуний валиаҳди. Бурчга келсак, Соҳибқирондан қолган Самарқанд доруссалтанасини бой бериб қўймаслик зарур. Бунинг учун Темурий шаҳзода Бобур Мирзо майдондорлик қилмаса, ким қилади?

Алқисса, Мовароуннаҳр торлик қилгач, Бобур Мирзо афғонлар юрти сари йўл олиб, оёқ етганча кетиб борарди. Саргашта сафар чоғи Аллоҳ унга бир ўғил ато этди. Олдинда – мавҳум истиқбол, ортида – жони қасдидаги ёв, қошида – митти жигаргўшаси. Отга қамчи босаверса, чақалоқнинг ҳалокати муқаррар. Ташлаб кетмоқ… Бу асло мумкинмас: кимсасиз тоғу тош, бўрию айиқ… Онаизор гўдагига кўкрак тутдими, билмадик, аммо тилла бешикка белади. Осмон – узоқ, ер – қаттиқ, таваккал – Аллоҳга: отанинг боши эгилди, онанинг кўзидан ёш қуйилди, сарбон “чуҳ” деди…

Чақалоқ ингаси акс садо берди, бешик қуйма олтин, қўлбоғ устида жавоҳирлар қадалган камар…

Бобурга нисбат бериладиган “Олтинбешик” афсонаси ана шундай бошланади. Уни кимлар қаламга олмаган дейсиз: Худоёрхонзода, Мирзо Олим Маҳдум ҳожи (“Тарихи Туркистон”), Мирзо Олим Мушриф (“Ансобул салотин ва таворихул хавоқин”), Ибрат (“Тарихи Фарғона”), Миён Бузрук (“Ўзбек адабиётига умумий қараш”), Ҳайдарбек Бобобеков (“Қўқон тарихи”), Шариф Юсупов (“Хуфия қатламлар”), Тўлаган Қосимбеков (“Синган қилич”), Алишер Ибодинов (“Худоёрхоннинг сўнгги кунлари”) ва б.

Бобурий шаҳзодани яхши одамлар топиб олиб, исмини Олтинбешик қўядилар, улғайтирадилар, ўқитадилар, уйлантирадилар. Эслатамизки, Олтинбешик топилган манзил, унинг кейинги тақдири муаллифлар томонидан турлича талқин этилади. Айрим ҳолларда ўша гўдакни сир-синоатлар билан уйғунлаштириб, эртак қаҳрамонидай тасвирлашади.

Ш. Юсупов Олтинбешик 1545 йили вафот этгани, унинг ўғли Тангриёр Фарғонага ҳукмдор бўлгани хусусида ёзади. Шунингдек, Олтинбешик афсонаси ўйлаб топилгани ва Қўқон ҳукмдорлари насл-насабларини Бобурга  боғлаб, ўзларини улуғламоқчи бўлишгани ҳақидаги талқинлар бор…

Ривоятнинг давомига қайтамиз, Исҳоқхон Ибрат ёзади:

Алқисса, гўдак – Тарғова қишлоғининг, жавоҳирот – Саройнинг, олтун бешик – Чанканатнинг қуръасига тушди ва ҳар бириси тақсимларини розиликда олуб, ўз жамоалариға қайтибдурлар.

Андин сўнг жамоайи Тарғова мазкур боланинг тарбиясиға кўшиш айлаб, бир муттақий ва порсо заифани топибдурлар. Унга қадар олтун бешикдағи гўдакнинг хонзодалиғини халқға равшан қилмоқда неча илова сўзлар қўшулуб, бошида булут соя берғон қабилидағи гаплар қулоқларға қуюлди…

Боланинг номини Олтунбешик қўйубдурлар, ҳадди балоғатқа етишғоч, тааллуқдор қилиб, минг уруғининг хушчеҳра, хушсийрат ва хушсурат бир қизини олиб берибдурлар. Алар икковдин бир ўғил фарзанд таваллуд топиб, номини Тангриёр Султон қўйубдурлар. Йиллар ўтқоч, Тангриёр Султондин – Худоёр Султон, ондин Муҳаммад Амин, ондин Абулқосим дунёға келдилар. Абулқосим болиғ бўлуб уйланғоч, ўғил кўрдиким, Шаҳмасатбий ўшал боладир ва алҳол Чамашбий номи ила Фарғона аҳллари орасинда машҳурдур. Шаҳмасатбийдин – Шоҳрухбий, ондин Ҳожибий, ондин Ашурбий таваллуд топиб, ондин Шоҳрухбийи Соний туғилди. Олтунбешикхондин то бу Шоҳруххон миёнасинда ўн пушт, икки юзу икки йил муддат ўтди.

Шоҳруххони Соний бир ҳийлайи ҳарб кўрсатиб, музофотни ўз тасарруфлариға олдилар ва Хўқанди латифни пойтахти салтанат қилдилар.

Худоёрхонзода (“Анжумут таворих”) талқинида эса Олтинбешик Бобурнинг эмас, Муҳаммад Муқим Мирзонинг ўғли дейилади…

Ҳумоюншоҳнинг икки ўғли бор эди: Акбар ва Муҳаммад Ҳаким. Кенжа шаҳзода Муҳаммад Ҳаким Мирзога Ҳиндистон подшоҳлиги тегмагач, акаси Акбаршоҳга қарши қўзғолон кўтарди, лекин барибир ниятига етгани йўқ. Умри қисқа экан, у 1586 йили (31 ёшда) вафот этди, бир неча қиз ва уч ўғил қолди: Муҳаммад Муқим, Муҳаммад Раҳим, Муҳаммад Мўъмин. Маълумки, Акбаршоҳ қазо қилгач, тож-тахтни валиаҳд шаҳзода Салим – Жаҳонгир эгаллаган. Муҳаммад Муқим Мирзо отаси етмаган тахтдан умидворликда амакиваччасига (Жаҳонгиршоҳга) қарши исён бошлади. Оқибатда мағлуб бўлиб, Бухорога қочди: маҳаллий ҳукмдор Вали Муҳаммадхон Бобурий шаҳзодани сийлаб, шоҳона тўй қилди ва қизи Шарафнисо Бегимни никоҳлаб берди.

Узундан-узоқ қиссадан ҳисса шулки, Муҳаммад Муқим Мирзо бобокалонининг мероси даъвосида Фарғона мулкига қўшин тортади. Таассуфки, омади яна кулмайди, тўлғоқ азоби Шарафнисо Бегимни ҳалок қилади, Муҳаммад Муқим ўзи эса оғир жароҳатланиб, Ўшда (1611 йил 14 январь) оламдан ўтади. Заррин бешикдаги шаҳзодага васий этилган Камолиддин бир пайтлар Акбаршоҳ етим жияни Муҳаммад Муқимга тайинлаган бек атка эди…

Хулоса қиладиган бўлсак, гўдакнинг насл-насаби (Худоёрхонзода талқинида) шундай: Олтинбешикхон ибн Муҳаммад Муқим Мирзо ибн Муҳаммад Ҳаким Мирзо ибн Ҳумоюншоҳ ибн Бобуршоҳ.

Ривоятнинг мағзи шу. Шоҳрухбий туғилганда 1689 йил, бийликни тасарруфига киритганда 1709 йил эди. То Норбўтабийгача саккиз бий ўтиб, сўнг хонлар замони келди. Ҳижрий 1216 (1800/1801) йили оқ кигизга солиб, тож кийгизилган Олимхон Қўқоннинг биринчи хони сифатида тарихга кирди.

Ҳожибий Норбўтабийнинг ота бир, она бошқа укаси бўлиб, 1807 йили Олимхон ана шу амакисини қатл қилдирди. Ҳожибийнинг уч ўғлидан ёлғиз Шералихон омон қолди ва тоғлар орасига қочиб жон сақлади. Қўқон доруссалтанати 1842–1876 йиллари асосан ана шу Шералихон ва унинг авлодлари тасарруфида бўлдики, Олтинбешик сулоласининг ҳукмронлиги икки ярим асрдан ортиқ давом этган…

Қўқон хонларининг бобокалони Бобур Мирзонинг ўғли ёки Бобурий шаҳзода экани ҳақидаги ривоят қалбимизга яқин. Қолаверса, Бобур тоғларда ташлаб кетган бешик ўз маъносида ҳам, мажозий маънода ҳам асл хазина эди. Зеро, Олтинбешик сулоласи Марказий Осиёдаги йирик салтанатга асос солди, миллий давлатчилигимиз тарихига ўз дастхатини бита олди. Энг катта шаҳарларнинг ўндан ортиғи (Андижон, Наманган, Қўқон, Марғилон, Тошкент, Хўжанд, Ўш, Туркистон каби) ва ҳатто Қашқар ҳам неча йиллар Қўқон хонларининг тасарруфида бўлди.

 

* * *

Икки юз йилдан ошибдики, курраи заминнинг хазинатопарлари Наполеон юрган ерлар харитасини қўлтиққа уриб, тупроқ титиш билан овора, ахир, озмунча тилло тўкилиб қолмаган-да.

Наполеон 1812 йилнинг 24 июнь куни тонг саҳарда Россияга қадам қўйди. Аскари 420 мингдан кам эмасди (айрим манбаларга кўра, қўшимча яна 150 минг киши етиб келган.) Хуллас, Grand Arme`e йўл юрди, йўл юрса ҳам мўл юрди: Бородино жанги (7 сентябрь) ўтди, Москвага кирди (14 сентябрь) ва Москвани тарк этиб (19 октябрь), изига қайтди. Бонапарт Москвадан юз минг киши билан чекинди: ҳар бир жангчининг елкасида ўлжа-бойлик бор. Зобитлар, генералу маршаллар топган-тутганларини ўнлаб араваларга юклаб олишган. Уларнинг қанчаси Парижга етиб олди экан?..

Французлар Москвани тарк этгач, ички ишлар вазирлиги ушбу хусусдаги расмий маълумотни эълон қилди: Наполеон армияси шаҳардан салкам 5,5 тонна олтин-кумуш, беҳисоб миқдорда жавоҳирот, черков осори атиқалари, кўҳна ва бебаҳо қурол-аслаҳа, идиш-аёқ, газмол, мўйна ва ҳоказоларни олиб кетган. Наполеоннинг шахсий ўлжалари йигирма беш (бошқа бир манбада – қирққа яқин) аравага юкланганди. Жойни кўп олмаслиги учун тилла буюмлар эритилиб, қуйма шаклга келтирилган. Даву, Ней, Мортье, Мюрат, Богарне каби француз саркардаларининг ўлжалари ортилган аравалар ҳам борки, улар алоҳида йўлга тушди. Ҳеч ким, ҳатто маркитантлар[2] ҳам Россиядан бенасиба қайтганлари йўқ. Француз сержанти Адриен-Жан-Батист-Франсуа Бургонь кейинчалик мемуар ёзиб, йўлхалтасида “саноқлигина” олтин-кумуш буюмлар бўлганини айтади. Машҳур француз адиби Стендаль Наполеон армиясида интендант-зобит бўлиб, шинелининг авра-астари орасига яширган тилло сўлкавойларни Парижга етказиб борганди. Бу гапни Стендаль ўз қўли билан ёзиб қолдирган.

Верейлик ўлкашунос Ю.Лискин мундай ҳисоб-китоб қилади:

“Агар Москвани ташлаб чиққан юз минг киши ярим килодан ғаниматни киссасига урган бўлса, французларнинг ялпи ўлжаси эллик тонна бўлади. Араваларда, карвонларда, отларда кетаётган тиллолар бундан ташқари, албатта.”

1812 йили рус тупроғида мангу уйқуга кетган французлар сон-саноқсиз. Шу сабаб “француз мозорлари” ҳақидаги чўпчаклар пайдо бўлди. Таажжубки, гоҳо афсоналар айни ҳақиқат бўлиб чиқади. Гжатск дафинаси бунинг далили – Соколово қишлоғи яқинидаги кичик қабристон французлар мозори эканини айтиб юришган. 1874 йили сентябрь ойида хазинатопарлар таваккал қилиб, қўлларига курак олишди. Дарҳақиқат, мозорга аскарлар кўмилгани аён бўлади, улар франциялик экани эҳтимолдан холимас. Суяклар ичида кўриниб турган чарм камар ярим чириган бўлиб, уни тортсалар узилиб, орасига яширилган етмишта йирик танга тўкилиб кетади…

Бундай француз мозорлари Вязьмада ҳам топилган. Литвиново қиш­лоғи яқинида кичкина кўл бор, маҳаллий аҳоли уни “Ғазнакўл” атайди. Сабаби шуки, чекинаётган французлар замбаракларини… ва учта ҳўкиз терисига ўралган олтинни чўкдириб кетишганмиш.

5 ноябрда (1812) русларнинг гвардиячи уланлар полки Красний шаҳри остоналарида маршал Давуга тегишли ўлжалар карвонини қўлга киритди. Санаб кўрсалар, 31 минг рублга баробар олтин ва кумуш танга экан. Хазина полкнинг тасарруфига берилиб, ҳар бир жангчи эллик рублдан улуш олган.

Француз армиясининг Березина дарёсидан ўтиб олиши нақ фожиа бўлди. Миш-мишларга кўра, дарёга чакана ўлжа чўкдирилган эмас (жон аччиғида). Березина яқинидаги помешчиклар кейинроқ ўз хизматкорларини дарёга тушиб, француз тиллаларини олиб чиқишга мажбур қилишаркан…

Хўш, унда, Россиядан тўналган олтин-аравалар бари йўл-йўлакай адойи-тамом бўлганми? Парижгача ҳеч нима етиб борган эмасми?

Йўқ. Анча-мунчаси етиб борган. Чунончи, Наполеонга тегишли шахсий ўлжаларни олисдан-олис сафарнинг минг бир хатаридан асраб, пойтахтга омон-эсон оборишган. Бу юмушга маршал Бертье масъул бўлиб, унинг қўмондонлигидаги император гвардияси жон-жаҳди билан уринган ва зиммасидаги вазифани бекам уддалаган. Мемуарларда ёзилишича, қирларга кўтарилиш чоғи ғазна ортилган араваларнинг ҳар бирига то йигирматагача, ҳатто ундан ҳам кўпроқ отларни қўшар эканлар…

Шарқ ва Ғарбнинг икки буюк императори ҳақидаги ривоятларнинг индаллоси шуки, Бобур ватанни тарк этар чоғи, Наполеон эса пойтахтига қайтаётиб афсонавий олтин (балки хазина) қолдириб кетишган. Бобур Мирзонинг “тиллоси” – Олтинбешик дарҳол топилиб, ворислар тасарруфига ўтган бўлса, Наполеоннинг дафинасини изловчилар ҳамон жонҳалак, ҳалигача сарсон-саргардон: ё топади, ё тополмайди…

 

ҲАЗРАТЛАРГА  ҲАСРАТ  БЎЛГАН  ОЛМОСЛАР

Осиё Европадан кичкина эмиш. “Кўҳинур”нинг аччиқ тақдири.
Кўзи ўйиб олинган олампаноҳлар. Элчининг ўлдирилиши

Қадим замонлардан то ўрта асрларгача олмоснинг ватани фақат Ҳиндистон деб билишарди. Жаҳонда энг қиммат баҳоланган, теварагида шов-шувлар кўтарилган маълум ва машҳур бриллиант (гавҳар)лар сони юзтага боради. Дарҳақиқат, шуларнинг йигирмага яқини Ҳиндистондан топилган, деярли ҳаммаси Бобур ва Бобурийлар ёки Наполеон билан боғлиқ. Шарқий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ҳали европаликларга яхши таниш бўлмаган аллазамонларда мантиқсиз тахминлар юрарди.

– Европа шунчалар азим қитъаки, – деб ёзганди Геродот, – Осиё ва Африка икковининг ҳудудидан ҳам у бир неча баробар каттадир.

Унинг таърифича, Ҳиндистоннинг тупроғи сийму зардан иборат, олтин оёқлар остида ғичирлаб ётади. Геродот қаламига мансуб (9 китобдан иборат) “Тарих”нинг 3-жилдида шундай бир маълумот борки, уни фақат чўпчак деб баҳолаш мумкин.

Ҳиндистон саҳросидаги тиллатопар чумолиларнинг жуссаси итга баробар. Овчилар ўлжа олган шу ҳашаротлардан бир нечтаси форслар шоҳининг саройида турибди. Ҳайбатли чумолилар еростида ўзига ин кавлайди, чиқарилган қум фақат олтин бўлади. Ҳиндлар ана шу бойликка мазахўрак бўлишган ва хазина олгани учтадан туя қўшилган араваларда чўлга борадилар. Аммо улар олтин қумни ниҳоятда чапдастлик билан қоплашлари ва туяларни қамчилаб, ура қочишлари зарур. Негаки, чумолиларнинг ҳид билиш сезгиси зўр, дарров сезиб, овчиларни қувиб етади, буни мен форслардан эшитдим. Бирор жонзот тез чопишда тиллатопар чумолидан ўтолмайди, олтин қумни олаётганлар имиллаб қолса, тамом, итдай келадиган ўша ҳашаротлар бирортасини ҳам тирик қўймас экан.

Европалик истилочиларнинг қадами Ҳиндистонга етгач, Голконда шаҳри афсонавий хазиналарнинг синонимига айланиб қолгани бежиз эмас. Бу ерда олмос кони тасодифан очилган: бир чўпон ярқироқ тош топиб олади-да, бошқа бир ҳамкасбига буғдой эвазига беради. Иккинчи қўйчивондан ҳам кимдир олади ва қўлдан-қўлга ўтиб, ахийри олмос билгич кишига келади. Ана шундан сўнг қидир-қидир бошланади.

Голкондага 1622 йили келган англиялик Метгольд ёзади:

Кондаги одамларга қараб ҳайратда қолдик, чунки маҳаллий аҳоли орасида олмос хуружида ишлаётган ажнабийлар ҳам оз эмасди. Рожа Рай Ровий қабулида бўлганимизда, у ниҳоятда жилвадор ва бебаҳо тошларни кўрсатдики, айримларини 30 қирот чамаладик.

Эртаси куни Голкондадан икки мил наридаги копларга бордик, ўттиз минг киши тупроқ титкилаш билан овора эди. Кон маҳаллий тужжорлардан бировининг тасарруфида бўлиб, шартномага кўра, 10 қиротдан вазмин олмос подшоҳнинг хазинасига топширилиши керак. Ажнабийларга сотган ва хорижга олиб чиқишга уринган ҳар қандай одам ўлим жазосига маҳкум. Лекин бу фармон маҳаллий аҳолини ортиқча қўрқитмайди шекилли. Негаки, менга бир неча тошни таклиф этишди, иккитаси 20 қиротдан кам эмасди.

Метгольднинг ҳисобича, яқин коплардаги[3] ишчилар сони юз минг нафарга борарди. У ўша ерда бўлган куни рожанинг буйруғи билан иш тўхтатилади. Лекин кутилмаганда Деҳлидан фармони олий келади: Жаҳонгиршоҳ уч фунт сара ва тиниқ олмос юборишни буюргандики, кончилар дарҳол копга тушадилар…

Олмос – жуда қиммат тош. Чунончи, энг йирик олмос “Куллинан” бўлиб, 1905 йили Жанубий Африкадан топилган ва ундан юздан зиёд катта-кичик гавҳар ясалган. “Куллинан”нинг хомашё ҳолидаги вазни 3106 қирот эди, яъни 621 грамм тош босадиган ўша бир дона олмос пулга чақилса, 290 миллион долларга баробар бўлади. Рус императори Павел Биринчи 1800 йили 10 қиротлик қирмизи-гулранг гавҳарни юз минг рубл­га олган. Қиёслаб кўрамиз: ўшанда ўрис бозорида 5 рублга сигир сотилган, демак, 2 грамм олмос 2000 сигирга тенг ҳисобланган. Боз, олмоснинг баҳоси тушмайди, фақат ўсади: бир грамм гавҳарнинг нархи 1975 йили 3000 доллардан аввал 7000 ва сўнгроқ ўн мингга кўтарилиб, 1978 йил баҳорида 18000 долларга чиққан, яъни тўрт йилда 6 марта ошган. Бу – қирқ йил бурунги баҳо…

 

* * *

“Кўҳинур” сўнгги беш аср давомида Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистонда 18 ҳукмдорнинг қўлидан ўтган: Бобур, Ҳумоюн, Таҳмосп, Бурҳон, Шоҳжаҳон, Аврангзеб, Баҳодиршоҳ, Жаҳондоршоҳ, Фаррухсияр, Муҳаммадшоҳ, эронлик Нодиршоҳ Афшар, Аҳмадшоҳ Дурроний (унинг авлодларидан – Темур, Замоншоҳ, Маҳмуд, Шужоъ ул-Мулк), Ранжит Сингх ва Далин Сингҳ. “Кўҳинур” 1850 йилдан буён Виктория, кейин Виндзор сулоласига мансуб барча қироллар (Эдуард VII, Георг V, Эдуард VIII, Георг VI, Елизавета Икккинчи) саройининг зийнати ва фахрига айланган.

Аммо шуниси ҳам борки, машҳур олмослар ичида фақат “Кўҳинур” бозор кўрмаган, ҳеч қачон кимгадир сотилган эмас. Кўҳна ривоятларга кўра, унинг илк тарихи эрамиздан аввалги 56 йилга бориб тақалади. Хилжийлар сулоласидан бўлган Аълоуддин Муҳаммадшоҳ Жанубий Ҳиндистонга юриш қилиб, олмосни Мальва султонидан 1304 йили тортиб олгани ҳақида ҳам тахмин юради. Лекин у илк бор қайд этилган ёзма манба “Бобурнома” эди.

“Кўҳинур”нинг Бобур саройига келиши Бикраможит шахси билан алоқадор, Султон Иброҳим мағлуб бўлганда, у вафот этганди. Оиласи Аграда яшаб, қочиб қолиш хаёлида, бироқ Ҳумоюн Мирзонинг соқчилари ҳамиша сергак, бунга асло йўл қўймайди. Шунда Бикраможитнинг аҳли аёли катта миқдордаги зар-зевар ва жавоҳирларни Ҳумоюнга ҳадя қилади. Шуҳратий олмос ана шу туҳфалар орасида эди. “Бобурнома”да у Султон Аълоуддинга дахлдорлиги эслаб ўтилади. Ноёб олмос тамомий оламнинг икки ярим кунлуқ[4] харжи қийматига тенг эди. Бобуршоҳ Аграга келганда, Ҳумоюн олмосни унга пешкаш қилди, ота уни олади ва яна ўғилга қайтаради.

Бу сирли тошнинг бизга маълум илк “саргузашти” Бобур саройи­да содир бўлган (аслида бўлганича йўқ) эди. Шундоқки, Ҳиндистон подшоҳининг суянган тоғи, валиаҳд Ҳумоюн Мирзо хаста. Муолажа, табиблар, дори-дармон етарли, лекин шаҳзода шифо топмайди. Шунда Бобурга “Кўҳинур”ни тасаддуқ қилишни маслаҳат беришади. Ана шунда ота бемор фарзанди бошидан уч қатла айланиб, нола қилди:

– Мен кўтардим ҳар не дардинг бор?

Тасаддуқ воқеаси ҳам, ундан кейинги жадал ҳодисалар ҳам Бобурнинг жасоратини, буюклигини энг олий мақомда исботлайди…

Шершоҳ Ҳиндистонни эгаллаб, ўз ҳукмини муқим ўрнатган, Кобул, Қандаҳор ва Бадахшон Комрон Мирзо билан Аскарий Мирзо қўлида, асир олинган Ҳиндол Мирзо эса Комроннинг зиндонида эрксиз тутқун. Бобурнинг тўнғич ўғли – Ҳумоюншоҳ сарсон-саргардон: Аскарий Мирзо акасининг Қандаҳор қўрғони ташида тўхташига изн берди, аммо шаҳарга киритмади.

Ҳумоюнга укалари тасарруфидаги юртларда қолиш энди хавфли эди. У Худога таваккал қилиб, Эрон ва Ироқ сари отланди: жажжи валиаҳди Жалолиддин Акбарни Қандаҳорда қолдирди, ёнида суюкли Ҳамидабону ва 44 йигитдан ўзга ҳамроҳи йўқ. Карвон Хуросон ҳудудига кириб, Ҳилманд дарёсига етганда, бундан хабар топган Шоҳ Таҳмосп укалари Баҳром, Алфоз, Сом ва арбобларига мўътабар меҳмонни муносиб кутиб олишни буюрди.

“Ҳумоюннома”дан ўқиймиз:

“Яқин боришганда, укалар хабар бердилар ва Таҳмосп ўзлари ҳам отга миниб, ҳазратларининг истиқболига чиқдилар. Олий рутбали икки подшоҳнинг дўст-биродарлиги шунчалик эдики, бир бодом ичидаги ялакат мағиздай яқин демоққа арзийди. Улар орасидаги ихлос ва иттифоқ шу даражага етдики, ҳазратларининг манзилига шоҳ (Таҳмосп) доим келардилар, шоҳ келмай қолган кунлари (Ҳумоюн) ҳазратлари у ёққа ташриф этардилар. Шоҳ  ҳар гал овга чиққанларида ҳазратларини ҳам таклиф қилардилар. Хулласи калом, Эрон шоҳи Ҳумоюн ҳазратларига ҳаддан зиёда меҳрибонлик ва мурувват кўрсатиб, отадай, онадай мушфиқлик, ғамхўрлик қилардилар.

Мусофирчиликда қучоқ очиб, мўл-кўл яхшиликлар қилган Таҳмоспдан қарздор бўлиб қолишни кимсан Ҳумоюн Мирзо ўзига номуносиб биларди, албатта. У жавоҳирлар сақланадиган картмонидан “Кўҳинур” олмосини олди-да, Эрон шоҳига туҳфа этди. Гулбадан Бегимнинг таърифича, бу ҳадя Ҳумоюн учун Таҳмосп қилган харажатларни тўрт ҳисса ортиғи билан қоплашга етарди. Иккала ҳукмдор хайр-хуш қилдилар, ўз йигитлари ва Таҳмоспнинг ҳарбий кўмагини олға етаклаган Ҳумоюн Мирзо Кобул ва Қандаҳор тарафларга азм қилди. Шунда 1545 йил бўлиб, Ҳумоюннинг отамерос тахт учун ҳали яна ўн йил давом этадиган мардона кураши бошланди, аммо биз ўз мавзумиз – “Кўҳинур”га қайта қоламиз.

Таҳмосп 1547 йили “Кўҳинур”ни дўсти Бурҳонга (аҳмаднагарлик) совға қилади. Орадан юз йил ўтгач, олмос яна Деҳлига қайтиб, Бобурийлар хазинасидан жой олади.

“Тож Маҳал”даги Шоҳжаҳон қабри ҳақида бир муаллиф ёзади:

Сағанага араб алифбосида Аллоҳнинг 99 исми ҳуснихат билан битилган, Қуръондан оятлар нақшланган. Бир замонлар жаҳонда энг катта – 117 қиротли “Кўҳинур” олмоси ушбу қабртошни зийнатлаб турарди. Бобурийлар империяси инқирозга учрагач, форс ҳукмдори Нодиршоҳ “Кўҳинур”ни ҳам, машҳур “Товус тахт”ни ҳам Деҳлидан олиб кетган. Ҳозирда “Кўҳинур” Англия қироличасининг тожини безаб турибди, бир бўлаги эса (?) Британия музейига қўйилган.

Бу тошнинг кейинги “ҳаёти” хусусида яна икки ривоят бор, ҳар иккиси ҳам Эроннинг Ҳиндистонга босқинига ва Нодиршоҳ шахсига бориб тақалади. Нодиршоҳ Деҳлини эгаллагач, фотиҳнинг кўнглига ёқиш учун Султон Муҳаммад Гурхон лаганларда олтину жавоҳирларни пешкаш қилади, лекин “Кўҳинур”ни бермайди. Шоҳ Нодир олмос мағлуб ҳукмдорнинг салласи қаватига яширилганидан хабардор эди.

– Кел, – дейди у, – мана сулҳ тузилди, энди дўстлигимиз рамзи сифатида бош кийимларни алмаштирайлик ва бу икковимизга ҳам эсдалик бўлиб қолсин.

Шундай қилиб, салла ҳам, унинг орасидаги жавоҳир ҳам Нодиршоҳга ўтганмиш.

Иккинчи ривоятда ҳам ўша ғолиб билан мағлуб мусоҳабаси, фақат бунисида олмос Муҳаммад Гурхоннинг тожига қадалган, қуёшдай чарақлаб турибди. Нодиршоҳнинг кўзлари қамашиб, ҳаяжон билан она тилида хитоб қилади:

– Кўҳи нур! Кўҳи нур! Кўҳи нур!

Эрон шоҳи бу қадар бойликни ташлаб кетолмасди. У ҳийлага ўтиб, Гурхон шу топда ҳар не шартига кўнишини билгани боис, тожларни алмаштиришни таклиф этади ва олмосни қўлга киритади.

Ана шундан сўнг тош “Кўҳинур” – нур тоғи деган ном олганмиш[5]. Бу ривоятларда ҳақиқат унсурлари бор-йўқлигидан қатъи назар, Нодиршоҳ 1739 йил Ҳиндистонга бостириб киргани ҳам, “Кўҳинур”ни ўзи билан Исфаҳонга[6] ола кетгани ҳам аниқ.

Нодиршоҳ Афшар аслида узурпатор бўлиб, Таҳмосп Иккинчининг ҳарбий бошлиқларидан эди. Ўн йилдан сўнг уни ҳам, ўғли Аббос Учинчини ҳам тахтдан ағдариб, 1736 йили ўзини шоҳ деб эълон қилди. У ўта шафқатсиз босқинчилик сиёсати билан катта ҳудудни асоратга солди, Нодиршоҳ империяси Кавказ, Марказий Осиё ва Шимолий Ҳиндистонни қамраб олади. Қасосли дунё деганларидай, 1747 йили сарой фитнасида ўлдирилди ва империяси парчаланиб кетди. Ана шу тартибсизликлардан Аҳмад Абдуали фойдаланиб қолди: у ҳарбий саркарда бўлиб, Эрон тахтини эгаллашга жон-жаҳди билан уринса-да, уддалай олгани йўқ. Шундан сўнг ўз аскарлари билан афғонлар ҳудудига йўл олди ва Қандаҳорни пойтахт қилиб, Аҳмадшоҳ Дурри Даврон номи билан тож кийди. (Унинг авлодлари Дурронийлар бўлиб тарихга кирдилар.) Аҳмадшоҳ Исфаҳонни тарк этаркан, “Кўҳинур”ни ола кетишни ҳам унутмади, албатта. (Ўшанда “Лаъли Темурий” ҳам унинг қўлида эдики, бу ҳақда алоҳида ҳикоя қиламиз.) Аҳмадшоҳ вафот этгач (1773), унинг ўғли шаҳзода Темур Дурроний тахтга ўтириб, пойтахтни Кобулга кўчирди ва отасидан қолган “Кўҳинур” ва “Лаъли Темурий” соҳиби бўлди. Темур Дурронийнинг 25 ўғли бор эди, уларнинг бешинчиси бўлмиш Замоншоҳ тож-тахтни эгаллади, лекин акаси Маҳмуд Мирзо ундан ҳокимиятни тортиб олди. Бу қонли можаролар 1813 йилга қадар давом этиб, шаҳзода Шужоъул Мулк ўзини Шужоъшоҳ деб эълон қилди. Бироқ унинг ҳукмдорлиги ҳам омонат бўлиб, жон сақлаш қайғусида Ранжит Сингҳ қўлидаги Лаҳордан бошпана топади. Шунда “Кўҳинур” у билан бирга бўлиб, махарожага бергиси келмайди. Шужоъул Мулкни қийноққа соладилар, барибир қаёққа яширганини айтмайди. Ахийри, кўзини ўйиб оладилар ва шундагина сирни очади. Ранжит Сингҳга тошни хуфия жойдан топиб беришади ва у тожига қадаб олади.

1799 йили Лаҳорни босиб олган, кейинроқ (1810–1811) Панжобни тўлиқ бирлаштирган Ранжит Сингҳ кучли давлат тузиб, махарожа рутбасига эришди. Аммо Ранжит Сингҳга оғир дард ёпишиб, 1839 йил ёзида тўшакка михланиб қолгач, махарожанинг аъёнлари маслаҳат беришди:

Ҳазрати олийлари, илоҳлардан мадад умидида “Кўҳинур”ни маъбуд Жўганатҳ йўлида тасаддуқ қилсак не дейсиз? Ажабмаски…

Рамақижон Ранжит Сингҳ тилдан қолганди, вазиру аъёнлар тасаддуқ учун олампаноҳнинг имо билан розилик берганини тасдиқлашди. Аммо хазинабон буни ўз кўзи билан кўрмагани боис саркашлик билан оёқ тирайди:

Бармоқ ва муҳр босилган фармони олий бўлмаса, етти иқлимда ягона олмосни беролмайман.

Бундай ҳужжатнинг иншоси ва имзосига ҳеч кимнинг юраги дов урмайди. Алқисса, Ранжит Сингҳнинг кун-соати битганди, унинг тахтига 12 яшар валиаҳди Далин Сингҳ ўтирди. Бағоят таажжубки, “Кўҳинур” 1530 йили Ҳумоюн бошида тасаддуқ бўлмагани каби бу гал ҳам (1839) тасаддуқ қилингани йўқ.

Ўн тўққизинчи асрнинг 40-йилларигача Панжобга инглиз ҳарбийларининг оёғи етмаганди. Ост-Индиянинг икки тажовузидан сўнг (1845–1846, 1848–1849) Панжоб ўз мустақиллигидан айрилди ва таслим хатига қўл қўйди. Ғолиблар тузган “шартнома”га кўра Далин Сингҳ тахтидан воз кечади, эвазига компания махарожани умрбодлик нафақа билан “сийлайди” ва Панжобнинг давлат ғазнасини ўз тасарруфига олади.

Бу пайтда “Кўҳинур” Лаҳор яқинидаги махсус қўриқланадиган “Тошхона” номли ерости хазинасида сақланарди. Буюк олмос 1849 йили Ост-Индиянинг ўлжасига айланди ва компаниянинг топшириғи билан лорд Далхаузи 1850 йилнинг 3 июнида қиролича Викторияга ҳадя этди. “Кўҳинур” 1851 йили Лондондаги кўргазмада намойиш қилинган.

Ҳазрати олиялари Амстердамдан атоқли заргар Форзангерни (1852) чақиртирди: санъаткор фақат маслаҳат бериб турди, олмосни Виктория ўзи ишловдан чиқарди. Пардоз ва сайқаллаш жараёни 38 кун давом этиб, шунинг ўзига саккиз минг фунт-стерлинг маблағ кетди ва 186 қиротлик тошдан 106 қиротлик гавҳар вужудга келди.

Гап – кўп, кўмир – оз деганларидай, бошқача тахмин ҳам бор: сарой маъданшуноси Жеймс Теннант ишлов бериб, 191 қиротлик олмосдан 108,9 қиротлик гавҳар ясаган. Лекин у энди асл жозибасини йўқотганди.

Виктория уни зебигардонига жойлаштириб, кўксига тақиб юрган. У вафот этгач, давлат хазинасига олинган ва қиролича Александранинг (Эдуард Еттинчининг хотини) тожига қадалган.

Викториянинг набираси қирол Георг Бешинчи 1911 йилда рафиқаси Мария (ҳозирги қиролича Елизавета Иккинчининг бувиси) учун тож буюриб, унга “Кўҳинур”ни асосий безак қилди. У кейинчалик “қиролича Мэри”, “кичкина тож” деб ном олганди.

У қиролича Мариянинг тожига қадалганича хийла муддат турди. Сўнг “Гаррард ва Ко” фирмаси ундан “Кўҳинур”ни кўчириб олиб, янги тожни безади. 1952 йилда уни Буюк Британиянинг ҳозирги қироличаси Елизавета Иккинчи ўз бошига қўйиб, отамерос тахтга ўтирди…

 

ДАФН  ВА  ҚАТЛ  ГУЛХАНЛАРИ

Тириклайин ёндирилган аёллар. Искандар Зулқарнайннинг мутаассирлиги.
Инквизициянинг Ҳиндистондаги одамкуш ханжари.

Ҳиндистон – ниҳоятда ўзига хос, ҳатто ақл бовар қилмас ғаройиботлар ва анъаналар мамлакати: гоҳ куласиз, гоҳ ёқангизни ушлайсиз, гоҳ даҳшатга ҳам тушасиз. Ҳиндлар девдай филни елпиғичнинг чўпи билан бошқара оладилар, денгиз тубидан маржон топиш, лаъл тусли лаққа чўғ устида оёқяланг юриш, заҳрининг зарраси арслонни ўлдирадиган илондан раққос яратиш ҳам уларга чўтмас. Аммо шунақанги урф-одатлари ҳам борки, бунақасини бошқа халқларда топиш қийин. Чунончи, катҳиёвар, жажҳар, сати ва ҳоказо…

 

* * *

Сати қачон ва қандай урфга айлангани ҳақида тарихан муқим фикр айтиш мушкул. Фақат ривоятлардан хулоса чиқариш мумкин. Маъбуд Дакшаражапатининг қизи Сати маъбуд Шивани севар ва иккови турмуш қуриб, бахтли яшар эдилар. Қайнота бу никоҳга қарши, нуфузи тобора юксалиб бораётган куёви Шивани ёмон кўрарди. Кунлардан-бир кун Дакшаражапати катта зиёфат бериб, унга казо-казоларни, калон-калон зотларни таклиф этди, фақат қизи ва куёвинигина чақирмади. Шундай бўлса-да, Сати эрига ёлвориб, бирга боришга кўндиради. Таассуфки, бу ташриф қайнотага ёқмайди, куёвини хўрлайди, ёмон сўзлар билан ҳақоратлайди. Суюкли ёрининг бунчалар оёқости қилинишига чидолмаган Сати ўзини оловга ташлайди. Шива унинг ортиданоқ аланга ичига интилади, лекин аёлнинг куюк мурдасинигина олиб чиқади. Жононидан жудо этилган йигит қоракўнгил қайнотасини қаҳр устида шартта чопиб ташлайди…

Ривоят бу билан хотималанмайди, унинг якуни бир неча вариантларда талқин қилинади. Ўша-ўша эрини деб тириклайин ўзини ўтда куйдириш ҳинд аёли учун муҳаббат ва садоқат рамзига айланиб, сати номини олган эмиш.

“Махобхорат” эпосида эрамиздан аввалги 400 йилда содир бўлган сати гулханлари ҳақида маълумот бор. Санскрит тилидаги “Ригведа” (мадҳиялар мажмуаси) китобида эса 30 аср бурун эри билан бирга ёндирилган аёллар тилга олинади. Аммо у пайтларда сати зодагонлар оиласидагина амалга ошириларди.

Александр Македонский эрамиздан аввалги 316 йилда шундай воқеа­нинг устидан чиққан: икки кундош марҳум эрининг дафн гулханида ёнмоқ ҳуқуқини талашиб турган экан. Бу юнон саркардасида чуқур таассурот қолдирган ва бундай ҳолат Ҳиндистонда тез-тез учрашини таъкидлаган.

 

* * *

Жаҳон тарихида алоҳида ўрин тутувчи буюк ҳукмдорлардан йигирма бир нафарининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида М. А. Лятскийнинг китоби бор (М. А. Лятский. Великие мира. Петроград, 1915 г.) Муаллиф Жалолиддин Акбар тўғрисида ёзаркан, шуни таъкидлайди:

“У (Акбар) 1587 йили бева қолган ҳинд аёлларининг дафн гулханида ёндирилишини тақиқловчи фармони олийга имзо чекди…”

Аврангзеб саройида бўлган Франсуа Бернье бевалар учун жаллод болтасига айланган 17-аср дафн гулханлари ҳақида кенг маълумот беради. Шуниси ишончлики, муаллиф бу фожиаларнинг деярли ҳаммасини ўз кўзи билан кўрган ва ёзган:

Шайтоннинг измидаги бир аёл бўйдоқ қўшниси билан дон олишиб қолади. Жазмани чевар бўлиб, чилдирма ҳам чаларди. Маъшуқа эрини заҳарлаб ўлдиради ва ҳамсояни холи топиб, ниятини изҳор қилади:

– Сенинг йўлингга юриб, шу ишни қилдим, энди икков олисларга қочиб, ҳаловатда яшайлик. Агар тезроқ қочмасак, ҳали-замон мурдага қўшиб, мениям ёқиб юборишади.

Чилдирмачи-ошиқ жувонни қанчалик севмасинки, қотилга шерик бўлишни асло хоҳламайди.

– Нима бўлсанг – ўзинг бўл, лекин мени бу жиноятга аралаштирма! – чўрт кесади у.

Чорасиз хотин ортиқча сўз демаса-да, кафтига туфлайди-қўяди ва ота-онасига эри тўсатдан қазо қилганини, ўзи дафн гулханида куймоқчи эканини айтади. Қизнинг мардона аҳди оила учун обрўнинг каттаси ҳисобланарди. Хандақ кавлаб, ўтин-чўп ташланади, ғарам устига марҳумни ётқизадилар, ифорли мойлар, сандал тарашаси кукунлари сепилади ва гугурт чақилади. Хандақни қуршаган издиҳом марҳум эр ва унинг фидойи хотини ҳақига дуолар қиларди.

Ўзини ўлимга чоғлаган қотил маъшуқа олов гурлагач, даврадаги яқинлари билан бирма-бир видолаша бошлайди. Машшоқлар орасида чевар қўшни мусиқа чаларди. Аёл у билан ҳам хайрлашмоқчи: жазман чилдирма чўпини қўйиб, хотинга қучоғини очди.

– Алвидо! – деди аламзада маъшуқа ва йигитга маҳкам чирмашди-да, уни ҳам чуқурдаги оловга судраб кетадилар…

– Ўзим кўрган дафн гулханлари даҳшат эди, уларни айтиб адо қилолмайман ва шуни ҳам ўйлайманки, менинг битикларимга Европада бирор ким ишонадими-йўқми? – ёзади Франсуа Бернье.

Аҳмадободдан Аграга бораётган карвонимиз кичик қишлоқда тўхтади. Кун ниҳоятда иссиқ, кечгача салқинлаб, оқшомда йўлга тушмоқчи бўлдик. Марҳум эри билан куйдириладиган 12 яшар (!) келинчакнинг хабари келди. Олов ёниб турибди, унинг ёнидаги норасида жувон титраб-қақшайди, хуни бийрон йиғламоқда. Уч-тўрт браҳман билан бир кампир бечорани ўтга итарадилар, кейин оёқ-қўлини чилвирлаб, аланга устига ўтирғизадилар ва шўрлик додлаганича ёниб кетади.

Кези келганда шуни эътироф этмоқ лозимки, Ҳиндистонга инглизлар кириб келгач, сатига қарши кураш кўлами янада кенгайди ва ҳинд маърифатпарварлари ҳам бунга қўшилдилар. Жюль Верннинг “Дунё бўйлаб 80 кун” романида сатининг бориб турган ваҳшийлик экани жуда ишонарли тасвирланган.

Ўн тўққизинчи асрда Бҳаратенду Ҳаришчандр, Дин Бандҳу Митра, Бонкимчандра Чаттержий, Мадҳу Судан Датт ва бошқа ёзувчилар хурофотларга қарши ўт очишган. Бҳаратенду Ҳаришчандр (1850-1885) аёллар учун махсус “Банабадҳини” номли журнал ташкил этди. Унда эри ўлгач, ўзи ҳам қатлга маҳкум жувонларнинг мусибати тез-тез тилга олинарди. 1828 йили ташкил топган “Браҳма Самож” жамияти, кейинчалик Тагор, унинг отаси билан бобоси, шунингдек Ганди сингари халқнинг улуғ даҳолари сати аксилинсоний ҳодиса эканини далиллашди. Замонавий ҳинд маърифатпарвар адиблари ўша кўҳна курашни ҳамон давом эттирмоқдалар.

1889 йили сатини ўз кўзи билан кўрган англиялик журналист Жон Фрестер шундай ёзади:

Бу Банорас шаҳрига яқин қишлоқлардан бирида содир бўлди. Ўтга ташланадиган жувоннинг ўн гулидан бир гули очилган эмас, ёши йигирма саккизда. Коҳин унга қандайдир ичимлик берди, чамаси у оғриқни камайтирса керак. Шўрлик қиз фарёд уриб, қочмоққа уринди. Лекин оломон бунга йўл қўйгани йўқ. Бир кампир унинг сочларидан тутамлади, икки йигит қўлларини қайирди. Маҳкума ҳарчанд қутулишга интилмасин, қариндошлари бераҳмлик билан уни мурда тарафга судрайдилар. Боз устига коҳин сакраб турди-да, бечоранинг бошига қўлидаги таёқ билан солди.

Кўз олдимдаги қотилликка ақлим ишонмасди: мен даҳшатли фильм кўраётганим йўқми? Жону дилим билан бевага ёрдам берсам дейман, лекин мутаассиб оломон йўл қўядими? Шу аснода аёлни марҳум билан ёнма-ён боғладилар. Кимдир гугурт чақди. Таёқ зарбидан беҳуш мазлума дарҳол ўзига келди. У жон аччиғида шундай дод солдики, бу оҳу зор ҳатто ноғоралар гумбурини ҳам босиб кетди. Аланганинг қип-қизил тили тирик инсонга чанг солди, у жонли оловга айланди. Ўтинга хушбўй нарсалар сепилган дейишди, лекин куйиндининг қўланса ҳидидан беҳуш йиқилаёздим. Бундан ҳам даҳшатлиси шундаки, дафн гулханининг кулини коҳинлар таомига қўшиб берар экан. Айтишларича, бу билан гуноҳкор бандалар боқий дунёга покланиб кетармиш…

Ҳамма ерда ҳамхобидан жудо бўлган мотамзадаларга ҳамдардлик билдирилиб, кўнгил сўралса-да, ҳиндларда нега бундай? Неча юз йиллардан бери сатига қарши курашилгани ҳолда, нима учун бу мудҳиш ақида ҳамон барҳам топмаяпти?

Бунинг иккита муҳим сабаби бор дейиш мумкин. Аввало, ҳиндуизм мутаассиблари бевани ёндирмаслик – гуноҳи кабира деб оёқ тираб олишган. Иккинчи омил шуки, бутун мамлакатда, алалхусус, қишлоқ жойларда эрсиз қолган аёлларнинг ҳаёти ниҳоятда аянчли, улар фақат ҳазар ва ҳақоратга маҳкум. Илгариги замонларда бу бахтиқароларнинг сочлари қириб ташланган, оқ кўйлак кийиш, зеб-зийнат тақиш уларга мумкинмас. Тул хотин фақат буғдой нон ва гуручли таом ейишга ҳақли, башарти, бошқа егулик истеъмол қилса, жазо муқаррар. Эл уни тирик мурда деб билади, ҳаёт қувончларига, ҳатто ташвишларига ҳам йўлатмайдилар. Эрининг бошини еган деб, бахтсизлик тимсоли саналувчи бундай бечораларга тўйхоналар эшиги ёпиқ, байрамларга йўл бўлсин, унақалар янги туғилган набирасини ҳам оғушига ололмайди. Кўчада кетаётган бахтиёр йўловчи бирор бевани кўриб қолса бас, таъби тирриқ бўлади. Чунки, бу ёмонлик аломати-да. Бева ташқарига чиқмагани, ерда ухлагани маъқул, диванда ётиш ҳам тақиқланади. Тул хотин эр зоти билан, ҳатто ўғиллари билан ҳам сўзлашолмайди. Бева қайта турмушга чиқадими? Йўқ, албатта. Аммо айни муаммода ягона истисно бор: аёл марҳум эрининг туғишган инисига тега олади. Шундагина уни оловга тириклайин улоқтиролмайдилар.

Юқорида тилга олинган Жон Фрестернинг ёзишича, 2001 йили қишлоқлардан бирида шунақа бўлган ва эрнинг укаси бева кеннойисини никоҳлаб олган. Икков уч йил бирга яшайдилар ва таассуфки, иккинчи эр ҳам дунёдан ўтади. Сатига бир карра чап берган ва манглайига бахтсизлик тамғаси тушган ҳинд аёли энди қазодан қочиб қутулолмайди. Бир неча йил бурун Малегаономда (Марказий Ҳиндистон) эри ўлган жувон ўзини осиб қўйибди. У дафн гулханида куйишга кўнмаган ва ота уйига қайтгач, қисматидаги таҳқирларга чидашга мажбур. Унинг онаси тунда кўрсаки, бева қизи ердамас, каравотда ухлаётган эмиш. Бояқиш дарҳол уйдан қувилади, аммо қаерга борсин? Ноилож қўлидаги арқон билан боққа чиққан…

Эри ўлган бошқа бир жувон кўзгуга қараётган экан. Бу “кори бад”ни опалари кўриб қолади: икков уни уриб-тепкилайдиларки, бахтиқаро сингил ўлар ҳолатга етади. Олис тарихда эмас, 2006 йили Ҳиндистонда содир бўлган бу воқеанинг боиси шуки, “эрининг бошини еган” хотин зоти ойнадаги аксига боқишга ҳам ҳақли эмас…

Бобурийларгача Ҳиндистон тарихида сатига қарши кимдир курашгани ҳақида бирор маълумот топиш амри маҳол. Демоқчимизки, тирик инсонни мурда билан ёндиришдай жаҳолатга барҳам берилиши энг аввало Бобурийларнинг саъй-ҳаракатлари самараси эдики, бу ҳам буюк сулолага муносиб эзгулик ва тарихий хизматдир.

 

* * *

Европада қатл гулханлари “ижодкори” бўлмиш инквизиция суди қачон вужудга келди? Бу саволнинг жавоби баҳсли ва турли-туман. Тадқиқотчилар ҳар хил саналарни кўрсатишади: 1198–1230, 1184–1252, 1198–1216, 1227–1241 ва ҳоказо йиллар. Лекин шуни бемалол айтиш мумкинки, инквизиция жаллодларининг одамкуш ханжаридан камида олти аср муттасил қон томиб, сон-саноқсиз инсонларнинг умрига зомин бўлди.

Инквизиция чақимчилари ҳар ерда ҳозир: 14 яшар болалар, 12 ёшлик қизлар ҳам бу иркит хизматга жалб этилаверарди. Сеҳр-жоду ё фолбинликда, роҳибни танқид қилишда ё ғайридин билан дўстлашувда, черковга қарши чиқишда салгина шубҳа туғилса бас, у энди омон қолмайди. Ҳомиладор аёл ҳам, мўйсафид қария ҳам, ҳатто норасида гўдак ҳам аяб ўтирилмайди.

1597 йили Гельнгаузенда (Германия) 67 га кирган бева Клара Гейслер ҳибсга олинган. Чақув тушганки, кампир жодугарликда, чунончи, бир эмас, учта жин билан ишрат қилганликда айбланади. Ваҳоланки, бундай куракда турмас жиноят гумондорнинг етти ухлаб тушига кирганмас, бориб турган бўҳтон. Уни қийноққа соладилар, исканжа қисувидаги суяклари қисирлайди. Оғриқ азоби ҳилвиратган аёл ахийри “қилмишлари”ни бўйнига олиб, инквизитор қозилар уйдирмасидаги ушбу “гуноҳлари”га иқрор бўлади:

Мен қирқ йил давомида кўплаб иблислар билан муттасил зино қилдим. Улар ётоғимга ит ва мушук ёки қурт ва каналар қиёфасида кириб келишарди. Шайтонлардан 17 фарзанд орттирдим ва болаларимнинг барини ўлдириб, гўштини едим, қонини ичдим. Шунингдек, 240 кишининг ая­нчли ҳалокатига сабаб бўлдим, улар орасида ёшлар ҳам, кексалар ҳам бор эди. Ўттиз ё қирқ йил давомида кенг минтақада бўронни қутуртирдим, афсун билан олов ёндириб, тўққиз марта уйларни кулга айлантирдим. Ўзим турган шаҳарни ёнғин домига топшириб, батамом яксонламоқчи эдим. Бироқ Бурсиан исмли иблис розилик бергани йўқ. Унинг айтишича, ҳали бу шаҳардаги бир талай қиз-жувонларни жодугарга айлантириши ва улар унинг йўлига юриб, шайтонга эътиқод қилишлари керак экан…

Клара Гейслернинг иқрорномаси шу нуқтада узилиб қолган. Чунки, терговда жаллодлар қийноғидан шўрлик аёл ўша аснода жон таслим қилган.

Инквизиция пичоғини қайраб, уларнинг қотилликларига қонуний тус берувчи кодекслар ҳам талай. Шундай “низом”лардан бирининг муаллифи Антониу де Соуза (Португалия, XVII аср) эди. Соуза жаноблари ёзади:

“Инквизиторлар императорларни, қиролларни ва дунёвий ҳокимиятнинг барча-барча вакилларини жиноий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга.”

Яъни, инквизиция подшоҳлар устидаги подшоҳ бўлиб олганди. Шу боис, ўрта аср арбобларидан бири Рим папаси бошлиқ бу трибунал ҳақида шундай деган:

“Менинг ҳаётим мудом даҳшат тазйиқида. Хоҳ сўзлаган чоғим, хоҳ хат битар чоғим – ҳамиша қўрқувдаман. Ўзим билан гаплашаётиб ёки хаёл сурган дамларимда… ҳатто сукут сақлаганимда ҳам ҳадиксираб тураман.”

Инквизиция қўлидаги “қонуний” асослардан бири “Тақиқланган китоблар индекси” эди. Бунинг учун 1571 йили махсус ҳайъат тузилиб, у то 1917 йилга қадар фаолият кўрсатди ва ўқиш гуноҳ саналган “шайтоний” адабиётлар рўйхатини мунтазам нашр этди. Индекс 17-асрда 3 марта, 18-асрда етти марта, 19-асрда 6 ва 20-асрда 12 марта чоп қилинган. Унда китоблар сони муттасил ошиб борарди. Масалан, 1900 йили 7200 та бўлса, 1948 йилда 8000 дан зиёд эди. Галилей, Кеплер, Коперник, Паскаль, Вольтер, Руссо, Спиноза, Лейбниц, Кант, Бэкон, Гоббс, Локк, Милль, Сартр, Дефо, Дюма, Стендаль, Бальзак, Гейне, Гюго, Золя, Мильтон сингари буюк олим ва файласуфларнинг, шоир ва ёзувчиларнинг асарларини мутолаа қилган ҳар қандай одамнинг калласи кетарди. “Тақиқланган китоб­лар индекси”ни нашр этиш 1966 йилдагина барҳам топди.

Инквизиция гулхани Европа ҳудуди билан кифояланиб қолган эмас. Бу ўт балоси мустамлакачи ҳарбийлар ва миссионерлар тимсолида Америкага, Африкага, Ҳиндистонга, ахийри, бутун дунёга тарқади…

Бобур ва Бобурийлар бева аёлларнинг ёстиғини қуритаётган дафн гулханларига қарши кураш бошлаган чоғи Европадаги қатл гулханлари Ҳиндистон соҳилларига ҳам ҳамла қилди. Дўппидайгина Португалия 16-асрда қудратли колониал империяга айланган эди. Васко де Гама ва бошқа истилочилар шарқ сари сузиб, ҳатто Хитойгача етиб боришди. Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоғидаги Гоа князлиги португалияликларнинг штаби бўлиб, колониал ҳокимият ва католик миссионерлар шу ерга уя қургандилар. Улар мусулмон, ҳинд, будда ибодатхоналарини вайрон қилибгина қолмай, аҳолини мажбуран католиклаштира бошладилар. Кимки кўнмаса, унга раҳм қилмайдилар. Алалхусус, испаниялик Франсис­ко-Ксаверий пешволигидаги иезуитлар ниҳоятда қутуриб кетишганди.

Гоада 1561 йил инквизиция трибунали таъсис этилди. Бу маҳкама кимнинг пайига тушганди? Ҳиндистонликларнинг, барча ўзга дин вакилларининг, айниқса, мусулмонлар ва бой-бадавлат кишиларнинг шўрини қуритарди, албатта. Бу Акбаршоҳ замони эди. Биламизки, Буюк Акбар диний бағрикенглик байроқдори бўлиш билан бирга, бева ҳинд аёлларининг марҳум эри билан ёндирилишига дил-дилидан қарши курашган. Шундай шароитда Гоа ва унинг теварагидаги аҳолининг даҳрийликда айб­ланиб, тириклайин оловга улоқтирилиши дард устига чипқон бўлди.

“Гоа инквизиция трибунали қонхўрликда испан ва португал жаллодларидан илдамлаб кетди”, деб ёзади француз тарихчиси Ж. Лавалль.

Бироқ 1579 йили Акбар Гоадаги европалик инквизиторларнинг асл мақсади ва хунхўрлигидан ҳали хабарсиз эди, саройига келган уч иезуитни яхши қабул қилди, уларнинг ибодати учун шароит ҳам яратиб берди. Ҳатто иезуитларнинг пасха байрамида қатнашди (Р. Аквавива ва Монсерратенинг кундаликларида Акбаршоҳ ҳақида муҳим маълумотлар бор.)

Энди буни қаранг – Ҳиндистондаги Сати гулханларига илк ва ҳал қилувчи зарбани Бобурийлар урганларидек, Европада инквизиция оловига барҳам берилиши Наполеон Бонапартнинг хизмати эди. Португалияда “муқаддас” қозилар террори Наполеоннинг генерали Жюно Лиссабонни фатҳ этгунича (1808 йил) давом этди. Қирол Жоан Олтинчи аркони давлати билан ватанини ташлаб, Бразилияга қочиб кетди. Французлар Португалиядаги тараққийпарвар кучларнинг қувватлашига ишонган ҳолда инквизицияга барҳам беришди. 1789 йили Буюк француз инқилобини инквизиция найза билан кутиб олганди. Испанияга Франциядан ҳатто китоб ва газета келтириш ман этилганди. Лекин Наполеон бостириб кирганда, унга сотилган ҳам Испания инквизиторлари бўлди. Мадриддаги аксилфранцуз қўзғолони чоғи Наполеонни ёқлаб прокламация чиқарган ҳам бебурд инквизиция эди.

Ҳолонки, омад қуши қўлига қўниб турган Бонапарт ўша кунлари инквизиторларнинг бунақанги ҳушомадларини сариқ чақага олмасди. Аксинча, у алоҳида декрет билан (1808 йил 4 декабрь) бу “муқаддас” трибунални жинояткорона муассаса сифатида тақиқлади ва унга тегишли мол-мулкларни Испания давлати фойдасига мусодара қилди.

Умуман, Наполеон қаламравидаги барча ҳудудларда инквизиция фаолиятига чек қўйилди. Айни чоғда унинг қонли ишларини фош қилиш кампанияси бошланди. Испан инквизиторлари ҳақидаги ҳаққоний ҳужжатлар асосида икки жилдлик тўплам 1812–1813 йилларда нашрдан чиқди. Унинг муаллифи Мадрид трибуналининг собиқ котиби Хуан Антонио Льоренте эди.

Наполеон акаси Жозеф Бонапартни Испанияга қирол қилиб қўйганди. Льоренте Жозеф билан фаол ҳамкорликка киришиб, унинг фармонига биноан испан инквизициясининг муфассал тарихини ёза бошлади. Бироқ Наполеоннинг 1814 йил баҳордаги мағлубияти ва унинг Эльба оролига қувилиши бу хайрли ишнинг белига тепди. Льоренте Парижга қочиб кетди, лекин тарихнависликни тўхтатгани йўқ ва тўрт жилддан иборат китоб 1817–1818 йиллари француз тилида босилди. Асар жуда кўп тилларга таржима қилиниб, 24 марта нашр этилди. “Испан инквизицияси тарихи” номли бу солнома ҳамон илмий-тарихий қимматини йўқотган эмас…

Шу асноларда Галилей ва Брунонинг “муқаддас” трибуналга дахлдор муҳим ҳужжатлари топилдики, бу серможаро романнинг ўзгинаси.

Наполеон папа қаламравидаги ҳудудларни ўз империясига қўшиб олгач, архивдан Галилео Галилейга алоқадор фондларни Парижга олдириб келади. Бироқ император уларни эълон қилишга улгуролгани йўқ, ундан тож-тахтини тортиб оладилар. Парижга Бурбонлар қайтиб келади, Людовик XVIII Франция тахтига ўтирди. Рим папаси Пий Еттинчи Ватиканда яна ҳукмронлигини бошлади. Унинг Париждаги вакили Гаетано Марини дарҳол қирол ҳукуматидан Галилейнинг судловига тааллуқли архивни қайтаришни талаб қилди. Людовик унинг талабини қондирармиди-йўқмиди? Бу номаълум, гап шундаки, орадан ҳеч қанча вақт ўтгани йўқ, Гаетано Марини тўсатдан ўлиб қолди.

Наполеон 1815 йил баҳорида Парижга яна кириб келди: бироқ юз кунликкина ҳукмронлиги асносида у қандайдир ҳужжатларни ўйлай олмасди. Алқисса, унинг омонат тахти ёздаёқ кунпаякун бўлди. Рим папасига тағин жон кирди ва унинг қирол ҳузуридаги янги вакили Марино Марини Галилейга оид баённомалар масаласини қўзғай бошлади. Сарой ишлари вазири граф де Блак орадан хийла вақт ўтгач, ҳужжатлар топилганини ва Ватиканга қайтарилажагини маълум қилди. Лекин де Блак турли баҳоналар билан, масалан, қоғозларни Людовик Ўн саккизинчи шахсан кўраётганини айтиб, уларни пайсалга солиб юрди…

Бу ва бу каби тафсилотлар узундан-узоқ. Шу сабабли, ўқувчини чалғитмай, сўзимизга қайта қоламиз. Фақат таъкидлаш лозим: инквизицияга қарши қақшатқич ва ҳал қилувчи кураш байроқдори Наполеон Бонапарт эди.

 

АВЛОДЛАР  ДОВОНИ

Биродаркушлик ва ота-бола урушлари.
Бобурийларнинг фожиона тақдири.
Жувонмарг Наполеонзода билан ўйноқи раққоса.
Дантес –
Пушкиннинг қотили эса-да, Наполеон Учинчининг дўсти эди.
Қамалдаги Парижда ит ҳам, мушук ҳам қолгани йўқ.
Бизга замондош шаҳзода ва маликалар.

Бобуршоҳ оламдан ўтганида ўн саккиз фарзандидан саккизи ҳаёт эди: 1532 йили вафот этган Моҳим Бегимдан – Ҳумоюн Мирзо (1508–1556); Гулруҳ Бегимдан – Комрон Мирзо (1509–1557) ва Аскарий Мирзо (1512–1558); Маъсумасултон Бегимдан – Гулранг Бегим, Гулчеҳра Бегим, Ҳиндол Мирзо (1518–1551) ва Гулбадан Бегим (1522–1603). Номлари тилга олинган шаҳзодаю маликалар кўҳна тарихнинг безаги эдилар.

Ҳумоюн Мирзо падар амрига биноан иш тутди. Бироқ жигаргўшалари бўйсунмаслик ҳаракатига тушиб қолдилар. Аскарий Мирзо билан Ёдгор Носир Мирзо икков Аграни кўзласа, Ҳиндол Мирзо Деҳлини қамалга олди. Бу хабарлардан ичи қизиган Комрон Мирзода ҳам подшоҳлик даъвоси пайдо бўлди ва қуролланган ўн икки минг суворий билан Деҳли фатҳига отланди…

Шаҳзодалар орасидаги ана шу ноаҳиллик ва жиққамуштдан ютган киши фақат Шерхон Сур бўлди. Унинг икки тўқнашувдаги устма-уст (1539, 1540) ғалабасидан кейин Ҳиндистон Бобурийлар қўлидан чиқди. Ана шу сабабли Ҳумоюн подшоҳнинг саргардонлиги бошланиб, 1555 йилдагина тахтни қайта эгаллай олди. Бу орада Бобурзодалар бошига не-не яхши-ёмон кунлар тушди. Комрон Мирзонинг кўзларига мил тортилди, Аскарий Мирзо икков ҳаж зиёратига жўнатилиб, Арабистонда қолиб кетишди. Панада пайт пойлаган қотил Ҳиндол Мирзони шаҳид этди. Хуллас, фитна-фасод ва тож-тахт талашувларидан Бобурзодалар қаттиқ шикаст топдилар…

Ниҳоят, Заҳириддин Муҳаммад Бобурга вафо қилмаган тож-тахт Ҳумоюнга ҳам вафо қилгани йўқ. Падари фожиона ҳалок бўлганда (1556) валиаҳд Акбар Мирзо 14 яшар эди. У бобоси ва отасидан кўра узоқроқ умр кўриб, пайғамбар ёшида (1605) вафот этди ва ярим аср Ҳиндистон ҳукмдори бўлиб, Бобурийлар шарафини кўкка кўтарди.

Акбаршоҳнинг буюклиги шундаки, у Панипатни иккинчи бор Бобурийлар зафарномасига киритди: ўттиз йил бурун бобоси ғалаба қозонган тарихий жанггоҳда асосий ғаними Хемунинг катта қўшинини енгди. Таъкидлаймизки, ўшанда у 15 ёшга ҳам тўлган эмасди. Акбар ҳукмронликни шаҳд ва шиддат билан бошлаб, 18 ёшидаёқ бек аткаси Байрамхон измидаги давлат тизгинини ўз қўлига олди.

Акбаршоҳ даврида кемасозлик юксак даражага кўтарилди. Сурат бандаргоҳида қурилган кемаларни португалиялик корчалонлар бажонудил сотиб олишарди. У Фатҳпур-Секридай улуғвор шаҳарни бунёд этди: ҳамиша янгиликка интилган подшоҳ Акбар бу ерда ҳамма нарсани ҳисобга олганди, фақат сув таъминоти унутилганди. Ҳозир уни шарпалар шаҳри десалар-да, Бобурзодалар бунёдкорлигининг ҳайкалидай жаҳон сайёҳларини имлаб турибди. Аслида Акбар қурган меъморий обидаларнинг саноғи йўқ, ижод, тасвирий санъат (хусусан, миниатюра) гуллаб-яшнади, подшоҳнинг кутубхонасида 24 минг китоб бор эди.

Бобуршоҳнинг йирик тилшунос экани-ку аён, аммо Акбаршоҳнинг тилшунослик илми олдидаги хизмати ҳам кичкина эмас. Акбар бир кун дарборидаги донишмандларга шундай савол беради:

Башарти, чақалоқ таваллуд топган куниёқ одамлардан мутлақо ажратиб, бирор сўз эшитишига асло имкон қолдирилмаса, у улғайгач, қайси тилда гапиради?

– Олампаноҳ, – дейишади алломалар, – ҳеч ким ўргатмасинки, бари бир, ҳар қандай инсон отаси ва онасининг тилида сўзлайверади. Ҳинд – ҳинд тилида, непаллик – непал тилида, эронлик – форсча гапиради-да.

– Унақа бўлмаса керак, – дейди ишонмаган подшоҳ ва махсус фармони билан бир неча гўдакни унинг назоратида парваришлай бошлашади. Болалар учун алоҳида жой ҳозирланиб, белгиланган мураббийларнинг тили кесиб олинади. (Хоналарнинг калити Акбаршоҳнинг киссасида.)

Шу зайлда орадан етти йил ўтади, айни муддат мобайнида болалар ҳалиги мураббийлардан ўзга кишини кўрмаган ва битта ҳам сўз эшитган эмас. Тақиқланган эшиклар очилади: етти яшар норасидалар ҳамон тилга кирмабди, имо-ишорани, маъносиз вағир-вуғурни билади, холос. Бу даҳшатли тажриба ривоят ё ҳақиқат эканидан қатъий назар, “тил – ижтимоий ҳодиса” ақидасининг амалий исботи эди…

Акбаршоҳ 1605 йили қазо қилди, шаҳзода Салим Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгиршоҳ номи билан тахтга чиқди. У диний сиёсатда падари каби бағрикенг эмасди. Бу ҳиндлару мусулмонларнинг маълум қисмида норозилик уйғотди, унинг устига, подшоҳнинг валиаҳди Хисрав Мирзо Панжобда қўзғолон бошлади. Ота-ўғил муҳорабаси исёнкор шаҳзоданинг мағлубияти билан якунланди ва Хисравнинг кўзларига мил тортилди.

Жаҳонгир зарби зўр подшоҳ эди, 1614 йили Меварни қўшиб олди, бир йилдан кейин Кангра, сўнгроқ Киштвар ҳам қўлга кирди. Европаликлар Ҳиндистондан тобора мўмай бойликларни исташарди. Ички низолар ёнига улар билан тўқнашувлар ҳам қўшилди. Айниқса, португалияликлар тажовузидан Жаҳонгиршоҳ флоти кўп шикаст еди ва подшоҳ инглизлар билан иноқлашув йўлини тутди. Англия қироли Яков Биринчининг элчиси Томас Ро уч йил (1615–1618) Жаҳонгир саройида турди.

Бенгалия ҳам нотинч: бу ҳудуд Акбар замонида эгалланган бўлса-да, Мусохон ва Усмонхон раҳнамолигидаги қуролли қўзғолонларни (1608, 1612) бостириш хийла қийин кечди. Юсуфзайлар, сикҳлар ҳам тек туришмасди. Барибир, Жаҳонгир даврида Бобурийлар ҳудуди кенгайди, торайгани йўқ, унинг қўшини 1621 йили Аҳмаднагарни забт этди, Декан ҳудудидаги учала давлат ҳам йирик миқдорда хирож тўлашни ўз гарданига олди.

Бобурийлар давлатида Гужаротнинг иқтисодий салоҳияти ва тараққиёти юксак даражада эди. Шундай йирик тужжорлар бўлардики, масалан, Виржа Бохрани Жаҳонгиршоҳ замонида дунёдаги энг бадавлат одам ҳисоблашган. Аҳмадобод, Агра, Бурҳонпур, Голконда ва Деҳлида юзлаб гумашталар унинг сармояси билан иш юритардилар. Виржа Бохра Гужарот-Малабар савдоси тизгинини ўз қўлида тутиб, ажнабий молларнинг устама нархини шахсан ўзи белгиларди.

Бу пайтларда шаҳзода Хуррам Мирзо Гужарот ҳокими бўлиб, Декандаги ғалабалар суюнчисига Жаҳонгир томонидан унга Шоҳжаҳон номи берилганди. Ҳоким йигит Виржа Бохра каби бойлардан ундирилган солиқлар эвазига Гужаротда йирик хазина ва черик тўплади-да, отасига қарши исён кўтарди. У ўгай онаси Нуржаҳон Бегимнинг таъсири остида валиаҳдлик қўлидан кетишидан, Ҳиндистон тахти ё Шаҳриёр, ё Доварбахшга (Хисравнинг ўғли) қолишидан хавотирда эди. Икки қўзғолон ҳам Шоҳжаҳонга зафар келтиргани йўқ, ғолиб ота барибир ўғлини кечирди, аммо Гужарот ҳокимлиги ўрнига Декандан кичик бир ҳудуд тасарруфини берди…

Сарой мусаввири Абулҳасан чизган Жаҳонгиршоҳ портрети бор: қай бир чизгилари биз билган Бобур сиймосини эслатади, фариштали ва шоҳона суратидан қудрат тўла сийрати ҳам намоён. У саройидан Жамна соҳилигача етадиган “Адолат занжири” боғлатди, 30 газ узунликдаги олтин занжирни эҳтиёжманд фуқаро тортса, 30 жуфт тилла қўнғироқ жарангларди ва унинг арзи подшоҳга етарди. Тамға, мир баҳри солиқлари, маҳкумларнинг қулоқ ва бурунларини кесиш жазолари Жаҳонгир замонида бекор қилинган.

Ҳиндистон тарихида янги-янги саҳифалар очиб, Бобурийлар солномасига ўз дастхатини битган Жаҳонгиршоҳ 1627 йилнинг октябрида оламдан ўтди ва 1628 йил бошида Шоҳжаҳон ота тахтига ўтирди. Тарихий адолат юзасидан айтиш зарурки, бунга қадар бир неча даъвогар, жумладан, Шаҳриёр ва Доварбахш ўз бошидан айрилди.

Бобурийлар дарбори Шоҳжаҳон замонигача бунчалар ҳашаматни ҳам, бунёдкорликни ҳам кўрган эмасди. Ҳиндистон подшоҳлари силсиласида армияси мукаммал ва кўп сонли Бобурзодалардан бири ҳам Шоҳжаҳон эди. Лекин унинг салтанат суриши енгил-елпи кўчгани йўқ: аввало, бобоси ва отасининг қиличи остида бўйин эгиб, эндиликда саркашлик йўлини тутаётган маҳаллий рожаларни бўйсундиришни уддалади. Чунончи, Декан қайта фатҳ этилгач, ҳокимликка ўғли Аврангзебни қўйди. Шунинг устига Португалия интервенцияси тағин хуружга келди. Айниқса, Бенгалияга мустаҳкам ўрнашиб олган португаллар Шоҳжаҳоннинг фуқароларига жабр-зулмни ҳаддан ошириб юборишганди. Масалан, ҳалигача ҳеч замонда кўрилмаган тамаки солиғини ўшалар жорий этишди, ҳиндулар ва мусулмонларни мажбуран чўқинтириш, масжид ва ибодатхоналарни таҳқирлаш, шаҳар-қишлоқларга талончилик уюштириш, қўлга олинганларни Европа қул бозорларида сотиш… Бу бедодликларга мазлум халқ ҳам, Ҳиндистон подшоҳи ҳам ортиқ тоқат қилолмасди. Унинг қўшини Хугли шаҳрини португаллардан озод қилиб, тўрт минг душманни асир олди. Асирлар Аграга олиб келинди ва Шоҳжаҳон зўравонлик билан насронийликни тиқиштираётган португалияликлардан уларнинг ўз усули билан ўч олди:

– Ё ҳамманг исломни қабул қиласан, ё ҳамманг қатл этиласан!..

Тарих асрлар бўйи шоҳидки, Бобур авлодлари фақат фотиҳ ва саркарда эмас, ислоҳотчи, яратувчи ва меъмор бўлиб ўтишди. Хусусан, Ҳиндистоннинг шимоли ва ҳозирги Покистонда улар тиклаган обидаларнинг саноғи йўқ. Масжидлар, мадрасалар, қалъалар, шаҳарлар, анҳорлар… Лоақал Қизил Қалъа – Лаъл Қалъа ва Тожмаҳал мақбарасини эслайлик: бу мўъжизавий иншоотлар ҳақида китоблар ёзилган, иккови Ҳиндистоннинг фахригина бўлмай, миллий рамзига айланиб кетган.

Воқеаларни илдамлатиб, 1947 йилга келамиз ва Ҳиндистон истиқ­лолининг илк кунига назар соламиз. Буюк Британия қироллик ҳукуматида Ҳиндистонни иккига бўлиш ва икковига доминион ҳуқуқини бериш ҳақидаги декларация (1947 йил 3 июнь) имзолангач ҳам, Лондонда баҳслар давом этаверди. Ниҳоят, августнинг илк кунларида парламент мазкур ҳужжатни тасдиқлади ва у “Маунтбэттен режаси” номини олди. (Чунки, уни амалга ошириш Ҳиндистон вице-қироли Л. Маунтбэттен зиммасига юклатилганди.) Янги қонун 15 августдан кучга кирди ва Жавоҳарлаъл Неру худди ўша куни Лаъл Қалъада Ҳиндистон миллий байроғини кўтарди. Бу кошона Шоҳжаҳондан ёдгорлик эди ва Ҳиндистон мустақиллиги айнан Акбаршоҳ бошлаган ва уч ярим аср давом этган тарихий курашнинг адолатли хотимаси бўлганди…

Соҳибқирони Соний – Шоҳжаҳон қартайиб борарди, 64 ёшида (1656) унга оғир дард ёпишиб, анча вақт тўшакка михланиб қолди. Соппа-соғ падарига қарши қўшин тортишдан уялмайдиган шаҳзодаларга мўйсафид отанинг хасталиги айни муддао эдики, Темур авлодидаги касал (Ойбек таърифи) Соҳибқирони Соний саройида “қайтавуллади”. Аврангзебнинг тож-тахти оға-инилари қонига беланди. Аврангзеб Оламгир 1658 йили Ҳиндистон тожини кийди ва Шоҳжаҳондай қиблагоҳини зиндонбанд этди…

Ярим аср ҳукмронлик қилган Аврангзеб шахси ўта мураккаб: уни кўкларга кўтармоқ учун истаганча фазилат топса бўлади, айни чоғда қусур ва иллатлари ҳам бор. Аврангзеб даврида Бобурийлар салтанати шу даражада кенгайдики, унгача ва ундан кейин ҳеч бир Ҳиндистон подшоҳи бунчалар йирик ҳудудни қаламравига олган эмас. Қандаҳордан ташқари афғон ерлари, ҳозирги Покистон ва Бангладеш, шимолда Кашмирдан то жанубий Ҳиндистондаги Пеннар ва Тунгабхарда дарёси ёқаларигача – ҳаммаси Аврангзеб Оламгир қўлида эди. Армиясидаги суворий аскарлар сони 170 мингдан ошиб кетганди. Табиийки, Аврангзеб бунга темир интизом, қаттиққўллик ва бақувват хазина билан эришганди.

У 1707 йили бир кам тўқсон ёшда бўлиб, ҳамон қилич қўлида, арғумоқ остида: навбатдаги ҳарбий юришни якунлаб, Бурҳонпурга қайтарди. (Аврангзеб пойтахтни бу шаҳарга 1681 йилда кўчирган.) Йўлда мўйсафид подшоҳнинг тоби қочди, бир амаллаб Аҳмаднагарга етказдилар, лекин кун-соати битган экан…

Аммо, Зебуннисо Бегимнинг (1639–1702) бокира исми эсланмас экан, нафақат Аврангзеб Оламгирнинг, балки бутун Бобурийлар сулоласининг тарихи кемтик бўлиб қолади. Шоиранинг онаси Дилрасбону бўлиб, Бобурнинг қизи Гулбадан Бегим унинг катта момосидир. Аврангзеб ундаги ноёб истеъдодни пайқаб, Мулло Муҳаммад Ашраф Исфахонийни мураббий қилиб тайинлаган. Шунингдек, у Ҳафиза Марям Бону ва Мулло Жавондан ҳам таълим олган. “Ўзбек шоиралари” асарида Тўхтасин Жалолов ёзади:

Зебуннисо Бегимнинг ҳаёт йўли романтик бир қиссадир. Ҳусну латофат ва фазлу малоҳатда беназир маликага муносиб умр йўлдоши насиб этмаган. Бегимдан сўрабдилар:

– Оила қурсангиз бўлмасмикан?

Жавоб:

– Менинг эрим ҳам, бахтим ҳам, ҳатто жаннатим ҳам китобдир!

Зебуннисонинг Оқилхон Розий деган йигитга муҳаббат қўйгани ҳақида ривоят бор, лекин ошиқни ёшлигидаёқ ўлдириб юборишган…

…Малика Зебуннисонинг мунгли ва давомли қиссасини мухтасар қилиб[7], Бобурий подшоҳларнинг кейинги тарихига қайта қоламиз. Аврангзеб Оламгирдан сўнг сулоланинг зафарли юришлари аввалгидай давом этгани йўқ. Таассуфки, Бобурийлар саройида тож-тахт талашуви ниҳоятда авжига чиқди, ҳамжиҳатлик чекинди. Бобуршоҳ вафотидан сўнг 177 йил (1530–1707) давомида бешта подшоҳ ўтди: Ҳумоюн (1530–1556), Акбар (1556–1605), Жаҳонгир (1605–1627), Шоҳжаҳон (1627–1658), Аврангзеб (1658–1707). Улар жуда катта ҳудудни бирлаштириб, давлат бошқарувини мукаммал ҳолга келтиргандилар. Ана ундан кейинги бир ярим аср (1707–1858) ичида Бобурдан мерос табаррук тахтга соҳибу даъвогарлар сон-саноқсиз. Ҳиндистонга неча кун, неча ой подшоҳлик қилганлар бўлди, эсизки, қанчалаб Бобурзодаларнинг боши кесилди. Европаликлар тажовузи ҳам улуғ империяни емирувчи асосий омилга айланиб, инқирозни жадаллатди…

Ост-Индия компанияси Бобурийлар империясининг, умуман, Ҳиндистон мустақиллигининг кушандаси бўлганди. Компания аввалбошда савдо ташкилоти мақомидаги хусусий муассаса бўлиб, бора-бора ҳарбий-сиёсий ва маъмурий аппаратга айланди, Ҳиндистондаги монополистик фаолияти икки ярим асрдан ортиқ (1600–1858) давом этди. Анг­лия парламенти қабул қилган қатор меъёрий ҳужжатларда (1773, 1784, 1813, 1833, 1853) Ост-Индиянинг ваколатлари белгилаб берилган. Компания 1858 йили тугатилиб, пайчиларга (3 миллион фунт-стерлинг) улуш тўланди. Энди Ҳиндистонни бошқариш Лондондаги алоҳида вазирнинг ва Калькуттадаги (кейинчалик Деҳлидаги) вице-қиролининг ваколатига ўтди…

1773 йилдаги низомга биноан Англия парламенти генерал-губернаторни ва унинг тўрт маслаҳатчисини тайинлайдиган бўлди. Уоррен Хейстингс (1732–1818) Ҳиндистоннинг биринчи генерал-губернатори эди. У 1750 йилдан буён Ост-Индия хизматида бўлиб, 11 йил Калькутта ва Мадрасда колониал кенгаш аъзолигига, 1772 йили Бенгалия губернаторлигига тайинланди ва сўнгроқ мамлакат генерал-губернатори сифатида 11 йил ишлади. Хейстингс Ҳиндистондаги узоқ фаолияти давомида икки марта судланди ва ҳар иккисида ҳам сувдан қуруқ чиқди.

Хейстингс (Бенгалия губернатори бўлган чоғи) Шоҳоламнинг нафақасини батамом тўхтатди, устига-устак Ҳиндистон подшоҳи измидаги Кора билан Аллоҳободни Аудҳ рожасига 50 лакка (беш миллион рупия) сотиб юборди. Орадан ўттиз йил ўтиб, инглиз колониал маъмурияти янгилангачгина, Шоҳолам уларнинг эсига тушиб қолди: пенсиясини тиклаб, гўё Деҳли тахтини ҳам қайтариб бердилар. Бироқ кўзларига Амирхон Рохилл мил торттирган сўқир ва кекса подшоҳнинг ҳукми Қизил Қалъадан ташқарида ўтмасди. Кейинроқ, Акбар Иккинчи (1806–1837) даврида Деҳли ҳам батамом англиялик генерал-губернатор ихтиёрига ўтиб кетди. Сўнгги Бобурий подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи қўлида фақат ўша Лаъл Қалъа қолганди (бу ҳақда бобнинг ниҳоясида тўхталамиз.)

Алқисса, Бобур подшоҳ бунёд этган империя хомталаш қилинаверди: маҳаллий рожаларга, Эрон подшоҳи ва афғон қабилаларига, инглиз ва французларга, португал ва голландларга – ҳаммасига Ҳиндистондан мойли ўлжа керак. Уларга қарши майдондорлик қила олувчи Акбаршоҳдай, Аврангзеб Оламгирдай подшоҳлар қани?..

Билъакс, Аврангзебнинг эвараси Фаррух Сияр 1717 йилиёқ қирққа яқин шаҳар-қишлоқни Ост-Индияга хатлаб берган. Махсус фармон имзолаб, инглиз товарларини божхона чиқимидан озод қилдики, ўз хазинаси нақд 3 миллион рупия йиллик даромаддан маҳрум бўлди. Аврангзебнинг учинчи ўғли Азимушшаън эса Хугли дарёсининг чап соҳилидан Ост-Индияга ер ажратиб, бепул бериб юборган. Инглизлар бу жойга Уильям фортини қурди…

Марказлашган Ҳиндистонга асос солган Бобурийларнинг давлат бошқаруви халқчил бўлиб, давр синовидан ўтган эди. Энг муҳим жиҳати шуки, мамлакат бойликларини Бобур авлодлари ҳеч қаёққа ташиб-ташмалаган эмас. Акбар замониданоқ ҳинду-мусулмон диний жиҳатдан тенг тутиларди. (Аврангзебгина бундан мустасно.) Қолаверса, Ҳиндистон подшоҳлари табиий офат бўлса, ёки нарх-наво кескин тушиб кетса, солиқларни камайтиришар ё заминдорларга давлат хазинасидан кўмак берар эди.

Англиялик мустамлака маъмурларининг сиёсати эса мутлақо бўлакча: қатъий миқдордаги тўлов албатта ундирилади, ҳеч қачон, ҳеч кимга имтиёз йўқ. Алалхусус, деҳқонни иқтисодий асоратга солувчи райятвари ва мавзавар усуллари ҳатто йирик феодалларга ҳам малол келарди. Негаки, бу асрлар давомида Бобурийлар такомиллаштирган ер-сув эгалиги тизимига зид эди.

Саноат ва ҳунармандчиликдаги шароитлар ҳам оғирлашди. Биргина мисол: илгари Ҳиндистон газмолларини оладиган инглиз тужжорлари кейин фақат ипга харидор бўлиб қолдилар. Натижада, ҳинд тўқимачилиги, алалхусус, Банорас (Варанаси) ҳарир матолари касодга учради. Инглизлар Калькутта кемасозлигига ҳам халақит бера бошладилар. Мухтасар айтганда, асоратга солинган Ҳиндистон халқи чекаётган азоб-уқубатлар адоқсиз…

Колониал ҳокимиятнинг халққа қарши курашида асосий куч сипоҳийлар армияси эди. Бу инглиз-ҳинд қўшини 1830 йили 223,5 минг кишига етди. Дастлаб шахсий таркиб 1:6 нисбатида, яъни бир англиялик ва олти ҳиндистонлик тартибида тузиларди. Кейинчалик (1861–1864 йилдаги ҳарбий ислоҳотдан сўнг) 1:2 ва 1:3 нисбати ўрнатилди.

Буюк Британиянинг Ҳиндистондаги қуролли кучлари халқ қўзғолони арафасида 270 мингдан ошди: қирқ минги англиялик, 230 мингдан зиёдроғи сипоҳийлар. Улар уч округга бўлиниб (Бенгалия, Бомбей, Мад­рас), ҳарбий-стратегик, жанговар-техник жиҳатдан Бенгалия армияси мустамлака раҳбариятининг бош таянчи эди, у сони бўйича ҳам (128 минг) устун турарди. Маҳаллий аскарларнинг ойлик маоши 7000 рупия бўлиб, у турмуш кечиришга бемалол етса-да, сипоҳийлар сафидаги оз сонли ҳинд ва мусулмон зобитларининг энг “юксак” унвони фақат субадор (капитан) ноил эди, погонига бундан ортиқ нишон берилмасди.

Ана шунда Ҳиндистон халқ қўзғолони (инглизлар сипоҳийлар исёни деб ёзишади) бошланди. Унинг маркази Панжоб ва Бенгалия орасида бўлиб, қўзғолоннинг қуролли ўзагини ҳиндистонлик аскарлар ташкил этарди.

Мератҳ шаҳридаги ҳарбий база англияликлар учун ўта стратегик аҳамиятли ҳисобланиб, халқ қўзғолонига айнан шу ерда “гугурт чақилди”. 1857 йил 10 май куни Бенгалия пиёда сипоҳийлари таркибидаги 11, 20-полклар ва 3-енгил суворийлар полки бош кўтарди. Исёнчилар британиялик зобитлар қаршилигига парво қилмадилар, аксинча, уларга қарата ўт очдилар. Европаликлар амридан бўйин товлаганлар даставвал ҳеч қанча эмасди: 85 киши, холос. Қўмондонлик ўз вақтида эҳтиёт чорасини кўрмагани ва муроса йўлини тутмагани туфайли норозилик қуролли можарога айланиб кетди. Сипоҳийлар қамоқхоналардаги мингга яқин бегуноҳ маҳбусни озод этишди.

Қўзғолон учун вазият етилган бўлса-да, баҳона топилмай турганди. Ўша баҳонани инглизларнинг ўзлари топиб берди. Лондондан келтирилган замонавий “Энфилд” милтиқларининг қувури ва ўқининг қоғоз қобиғи ҳайвон ёғи билан мойланарди. Муаммо бунинг учун қўлланадиган чўчқа ва мол ёғидан чиқади: мусулмонларга – чўчқа ҳаром, ҳиндлар учун – сигир муқаддас. Маҳаллий аскарларнинг вакиллари буни тушунтирмоқчи бўлсалар, европалик командирлар ҳарбий интизомни маҳкам тутиб, ён беришмасди.

Инглизлар кейин тушунгандай ҳам бўлишди, лекин ғишт қолипдан кўчиб, энди қўзғолончилар Бобурий подшоҳ саройи сари кетиб борарди. Уларга йўл-йўлакай ҳинду мусулмонлар ва Деҳлидаги қуролдошлари ҳам қўшилдилар. Қўзғолончилар минбаъд мустамлакачиларга бўйсун­масликлари  ва Ҳиндистонда Бобурийлар салтанати тикланганини эълон қилишди. Сипоҳийлар ва мулкдорларнинг вакиллари Қизил Қалъага кириб, Баҳодиршоҳ Зафарга арзларини етказишди. Йигирма йилдан бери номига Ҳиндистон подшоҳи бўлса-да, инглизлар пенсияси билан кун кечирувчи ва амру фармони девор ортида бировга ўтмайдиган Сирожиддин Абулмузаффар Муҳаммад Баҳодиршоҳ шундай кунни орзиқиб кутган эмасмиди? У Ҳиндистонни озод қилиш ҳақидаги қўзғолончилар даъватномасига имзо қўйди, муҳрини босди.[8] Асосий кучлар уч шаҳарда (Деҳли, Конпур, Лакҳнав) жамланганди. Деҳлида ҳокимият ягона бўлмаса-да, олий ҳокимият Баҳодиршоҳ қўлида эди, фақат шаҳар сипоҳийлари қўмондонлигини Бахтхон ўз зиммасига олди. Шиддат шунчаларки, ватанпарварлар икки ҳафтадаёқ Шимолий Ҳиндистонни тўлиқ эгаллашди. Аммо икки ярим йилда бари барбод бўлди.

Ҳам форс, ҳам урду тилларида ижод этган Баҳодиршоҳ Иккинчи Зафар (гоҳо Абу Зафар) тахаллусини қўлларди. Мирзо Ғолиб[9] унинг қатор ғазалларига мухаммас боғлаган. Ана шундай мухаммаслардан бири ватанжудоликда кўз юмган подшоҳнинг вафотига ўзига хос марсия бўлиб, унинг муқаддимаси айниқса эзгиндир:

Ярим қолди оёғингга ишқалангач кишан-занжир,
Энди йўқсан, ярим битган сағонангга керак таъмир,
Намозинг ҳам ярим қолди, ярим-ёрти дуо-такбир,
Токи маҳшар йиғлаб яшар қиндан ярим чиққан шамшир,
Ярим жонинг қолиб бунда, ярим жонинг олди тақдир…    

Мустамлакачилар қўзғолончилардан беармон ўч олиб, энг шафқатсиз усулларни қўллашди. Халқ ҳаракатининг етакчиларини замбаракнинг оғзига боғлаб отдилар. Баҳодиршоҳнинг асирликдаги икки ўғли ва бир набираси қатл этилди. Майор Уильям Ходсон учовининг ҳам қонли калласини подшоҳга (наврўз туҳфаси қилиб) жўнатган экан.

– Аллоҳимга шукурки, – дейди оппоқ соқолидан дувиллаб ёш оқаётган Баҳодиршоҳ, – Темурий шаҳзодалар ҳамиша оталаридан бурун, Маҳшар сари йўлга тушардилар, мана, менинг жигаргўшаларим ҳам шу удумга содиқ қолдилар…

Ҳинд халқ қўзғолонидан британияликлар хулосаси: Бобурий подшоҳ мункиллаб қолган бўлса-да, омманинг бошини қовуштирди ва олға етаклади. Демак, сулолага ва унинг салтанатига узил-кесил барҳам бериш зарур, Баҳодиршоҳни Ҳиндистондан олислатиб, босган ҳар бир қадамини кузатмоқ лозим. Мустамлака маъмуриятига сургун манзили сифатида Рангун жуда боп кўринди. Трибунал ҳукми билан 1858 йилда Баҳодиршоҳ Бирмага қувилди, инглиз ҳарбий кемаси сўнгги Бобурий подшоҳни Рангунга олиб бориб ташлади.

Тахту бахти тортиб олинган, энг сўнгги курашда зафар насиб этмаган Баҳодиршоҳ Зафарнинг ёнида маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим ва икки ўғли бирга эди: 17 яшар Мирзо Жавон Бахт (хотини 15 ёшли малика Шоҳ Замони Бегим билан) ва 13 яшар шаҳзода Мирзо Шоҳ Аббос. Улар муттасил капитан Нельсон Дэвис кузатувида: ана шу нозирнинг қарорига биноан подшоҳ оиласига ҳар бири каталакдай тўртта хона ажратилиб, ҳиндлардан тўрт хизматкор тайинланди. Тартиб-қоиданинг қамоқхонадан фарқи йўқ, шунчаликки, маҳкумларга қалам, сиёҳ, қоғоз бериш мумкин эмас, ташқи дунё билан алоқа тақиқланади. Ваҳолонки, Зафар (Абу Зафар) улуғ шоир эди, тасаввуф илмидан теран билим эгаси ва қилқалам хаттот эканини ҳамма тан оларди. Қизил Қалъадаги шеърий-мусиқий анжуманларнинг, ҳиндий, форсий ва урду тилларида кечадиган мушоираларнинг донғи довон ошганди. Ахир, шундай кишига қоғоз-қалам зарур эмасми?!

Рангундаги зулм остида подшоҳзодаларнинг, аввало, тўқсонни қоралаётган подшоҳнинг саломатлиги ёмонлашаверди. Ёшгина малика Шоҳ Замони Бегимнинг аҳволи оғирлашиб, ахийри, иккала кўзи кўрмай қолганди.

Инглиз маъмурларининг бир хуфияномасида 87 ёшли чол ниҳоятда мункиллаб, ҳолдан тойиб бўлгани битилган. 1862 йил октябрь ойининг сўнгги кунларида у тўшакка михланиб қолгач, капитан Дэвис: “бу ёққа қараши даргумон”, деб ёзади. Қўл-оёғи ҳаракатсиз подшоҳни қошиқда овқатлантиришарди, лекин шунда ҳам қийинчилик билан юта оларди. Олтинчи ноябрь куни Баҳодиршоҳнинг томоғидан таом ўтмай қолди ва нозир-капитаннинг буйруғи билан подшоҳ ётган уйнинг ёнидан қабр кавланиб, ғишт ва оҳаккача ҳозирлаб қўйилди.

Эртасига (1862 йил 7 ноябрь) Ҳиндистоннинг сўнгги императори оламдан ўтди. Унинг жанозасида икки ўғли ва сургунда кулфатдош мулозимлар бўлишди, холос. Англияликлар Баҳодиршоҳнинг вафотини сир тутдилар, Рангун аҳли ҳам ундан неча кунлар ўтгачгина хабар топди.

Мустамлакачилар 1867 йили Бобурийларга “шафқат қилиб”, оз-моз енгилликлар беришди. Уларга Рангун ҳудудидан чиқмаган ҳолда, шаҳарнинг бошқа ерларида яшашга рухсат тегди. Шаҳзода Жавон Бахт рафиқаси билан бўлак хонадонга кўчиб ўтди. Марҳум подшоҳнинг беваси маликайи олия Зийнат Маҳал Бегим эридан сўнг 20 йил яшади. У вафот этганида (1882) Баҳодиршоҳнинг қабрини топа олмадилар.[10] Мўъжаз ҳовлидаги бир дарахтни мўлжал қилиб, подшоҳнинг шу ерга кўмилгани тусмолланди-да, марҳумани эрининг ёнига дафн этишди. Икки йилдан сўнг қирқ икки ёшга ҳам тўлмаган шаҳзода Жавон Бахт оламдан ўтди. Уни ҳам ўша жойга қўйдилар. Равнақ Замони Бегим (Баҳодиршоҳнинг набираси) бу ҳовлидаги охирги қабрдан мангу қўним топди. Шуни ҳам қўшимча қилиш мумкинки, сургундаги Бобурзодалардан Мирзо Шоҳ Аббосгина узоқроқ яшади. У Рангунда маҳаллий мусулмон тужжорнинг қизига уйланиб, 65 ёшида қазо қилди…[11]

Бир гуруҳ ҳиндистонликлар 1903 йили Баҳодиршоҳнинг қабрини зиёрат қилиш учун Рангунга боришади. Бироқ орадан қарийб ярим аср ўтганди, нафақат подшоҳ, ҳатто Зийнат Маҳал Бегим ва шаҳзодаю маликалар ётган жойни ҳам ҳеч ким аниқ кўрсатиб беролмади. Майдон четидаги дарахтнинг ён-верида экани айтиларди, холос.

Ана шу фожиа бирмалик мусулмонлар жамоасининг кўзини очади. Улар ҳиндистонлик диндошлари олдида изза тортиб, Буюк Британиянинг маҳаллий маъмуриятига ёзма равишда мурожаат қиладилар:

“Майли, Баҳодиршоҳ ҳукмдор ва тарихий сиймо сифатида ҳеч ким бўлмасин, лекин Аллоҳ яратган ҳар бир банданинг хотираси эъзозга лойиқ-ку!”

Улар Ҳиндистоннинг сўнгги императорига ёдгорлик тиклаш учун ер ажратишни сўрашди. Бироқ инглизлар бу ҳақли талабни рад қилдилар, натижада бирмалик мусулмонлар орасида норозилик бошланди ва тобора авж олаверди. Вазият мураккаблашгач, колониал ҳокимият муроса йўлини тутишга мажбур бўлди: мармар лавҳага ижозат этилди. Лекин ёзиладиган жумлани ўзлари белгилашди: Ҳиндистоннинг собиқ подшоҳи Баҳодиршоҳ 1862 йил 7 ноябрь куни Рангунда вафот этди ва мазкур ҳудудга дафн қилинди. Кейинчалик Зийнат Маҳал Бегим учун ҳам ёзувли тоштахта қўйилди. Бора-бора Бобурийларнинг мангу оромгоҳида мақбара қад ростлади, Баҳодиршоҳнинг ўғли Мирзо Жавон Бахт, набираси Равнақ Замони Бегим ва бошқаларнинг номлари ҳам мармарга битилди. Мақбаранинг ўнг ва чап ёнига икки масжид қурилди: бири – эркаклар, бошқаси – аёллар учун.

Ниҳоят, йигирманчи аср охирлади: Рангун ерости захоба шаҳобчасини тозалаш чоғи ғиштин қабр топилди. Узунлиги 2,75, эни 1,85 ва баландлиги 2,15 метр ўлчамидаги бу қурилма бир метр чуқурликда бўлиб, Баҳодиршоҳнинг қабри эди. Мақбаранинг олд томонига зал ва марҳум подшоҳ зиёратига тушиш учун пиллапоялар қурилди. Ҳиндистон ҳукуматининг фаол иштирокида бунёдга келган янги мажмуа 1994 йил 5 декабрь куни тантанали маросим ва қорилар тиловати билан очилди. Унда Мьянма (Бирма) ҳарбий ҳукуматининг дин ишлари бўйича вазири Мьо Ньюн, Ҳиндистон, Покистон ва бошқа жойларда яшаётган бобурийлар, ислом жамоаларининг вакиллари қатнашдилар. Ана шу куни янгиланган мақбара қадамжо бўлиб қолажаги расман эълон қилинди. Девордаги арабий битиклардан биридаги мазмунга кўра, Баҳодиршоҳ ашъорлари билангина эмас, аввало, пойдор иродаси, собирлиги, марҳамати, ҳалимлиги ва охиратни чуқур ҳис этолгани учун тасаввуф алломаларидан бири сифатида Бирма мусулмонларига ҳамиша азизу мукаррамдир…

Деҳлидаги Mughal Trust (яна мўғул!) жамғармаси нуфузли ва бообрў ташкилотлардан бўлиб, исломий алломалар ва бизнес эгалари томонидан таъсис этилган. Жамғарманинг кенг кўламли дастур ва мақсадлари таҳсинга лойиқ: 16-19-асрларда Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган улуғ сулоланинг фаолиятини ўрганиш, подшоҳларнинг бугунги авлодларини қидириб топиш, Баҳодиршоҳ Зафарнинг қабрини ота-боболари ватани, яъни Ҳиндистонга кўчириш, умуман, Бобурийлар ҳақидаги тарихий ҳақиқатни бор бўй-басти билан тиклаш… Ҳозиргача жамғарма олимларининг саъй-ҳаракати билан сулоланинг 270 дан ортиқ вакили аниқланган.

Баҳодиршоҳ никоҳидаги маликаларнинг яна иккиси маълум: Роҳат Маҳал Бегим (Абдулло Мирзо билан Абубакр Мирзонинг онаси) ва Ишрат Маҳал Бегим – Мирзо Қуёшнинг волидаси. Ана шу Мирзо Қуёшдан Мирзо Ғафурнинг отаси, Лайло Уммахонимнинг бобоси Мирзо Абдулло туғилган.

Лайло Уммахоним – бизга замондош, “Ҳиндистонда Бобурийлар оиласи” (Ҳайдаробод) жамиятининг раисаси, Бобурзодалардан тўрт ўғил – Зиёвиддин, Масиҳуддин, Орифиддин (1986 йили Машҳадда ҳалок бўлган) ва Шажоуддиннинг онаси.

Бобурнинг бизга замондош авлодларидан опа-сингил икки хонимни эслаб ўтишга бурчлимиз. Тоҳира Султонбегим Лондон шаҳрида яшайди. Бу иқтидорли шоиранинг урду тилидаги шеърий тўплами Зокиржон Машрабов томонидан Андижонга олиб келинган. Китобни З.Машрабов бошлиқ экспедиция Ҳиндистонда бўлган чоғи шоиранинг Деҳлида истиқомат қилувчи синглиси Покиза Султонбегим ҳадя этади. Бу опа-сингил Баҳодиршоҳ Зафарнинг чевараси бўлишади – оналари Қамаржаҳон Зебуннисобегим Баҳодиршоҳнинг эвараси экан.

Маълумки, Буюк Британия қироличаси Елизавета Иккинчи Ҳиндис­тонга уч марта (1961, 1983, 1997) ташриф буюрган. У илк ташрифи чоғи эри шаҳзода Филипп билан Бомбай, Ченнаи, Калькутта шаҳарларида бўлган ва мамлакатнинг ифтихори ва рамзи бўлган Тож Маҳални зиёрат қилган. Қиролича ҳазрати олиялари ўшанда бугунги Бобурийлар ҳақида хабар топади-да, Қамаржаҳон Зебуннисобегимни тантанали қабул маросимига таклиф қилади. Бу ҳам шарофатли авлод учун тарихий воқеа эди, албатта.

Хонадон аҳли Ҳиндистон ҳукумати томонидан йўқлаб турилади. Дарвоқе, икки буюк арбоб – Жавоҳарлаъл Неру ва Индира Ганди ҳам бу хонадонга қадам ранжида қилишган…

Эндиликда подшоҳ Баҳодиршоҳ Иккинчи ҳазрати олийларининг Рангундаги турбати сари Ҳиндистон ва Покистонлик зиёратчиларнинг қадами узилмайди, бу икки давлатнинг арбоблари ҳам бориб туришади.

Бобурийларсиз Ҳиндистон тарихини хаёл этиб бўлмагани каби, Ҳиндистон жуғрофияси ҳам Бобурий топонимларсиз тасаввурга сиғмайди. Аввалидан бошласак, Харьяна штатидаги Бобурпур шаҳарчаси: у саркарда бобомизнинг Иброҳим Лўдий устидан қозонган беназир ғалабасини беш асрдан бери ҳам эслатиб, ҳам олқишлаб турибди. Нафсиламрини айтганда, ярим оролнинг қай ҳудудида бу умрбоқий сулоланинг изи йўқ?

Деҳлидаги доимо гавжум, сайёҳлар ташрифи тинмайдиган ва маҳобатли обидалар асосан 16-18-асрларда бунёд этилган: Лаъл Қалъа (Қизил Қалъа), машҳур Жоме масжиди, Пурона Қалъа, Ҳумоюншоҳ мақбараси… Бугина эмас, уч даҳадан иборат шаҳарнинг шимоли-шарқий мавзеси – Эски Деҳлини ҳиндлар Шоҳжаҳонобод аташади. Негаки, у (1648) пойтахт­ни Деҳлига кўчириб, мислсиз қурилиш ва ободонлаштириш ишларини юзага чиқарган. Шунингдек, Уттар-Прадеш штатида ҳам Шоҳжаҳонпур шаҳри бор, Жаҳонобод эса Патнадан 80 километр жануброқда.

Таниқли урду шоири Назир Акбарободий (1740–1830) Акбаршоҳ каби диний бағрикенглик ва тенглик куйчиси бўлиб, худди ўша Акбарободда таваллуд топган. Аврангобод деган жой эса бир эмас, иккита: биринчиси – Махараштра штатида, бошқаси – Бихарда. Махараштрада қачонлардир соҳиби тахт бўлган Фотиҳхон шаҳарни Фотиҳнагар деб аташни буюрганди, 17-асрнинг охиридан Аврангобод номини олган. Декан адабий муҳитида алоҳида ўрин тутувчи ва урдузабон шеъриятининг юксалишига салмоқли ҳисса қўшган Вали Аврангободий шу шаҳарда туғилган. Аврангободда 17-18-асрларда қурилган қувурли сув тармоғи Бобурийлар даври муҳандислик санъатининг ноёб обидаси бўлиб, шуниси ажабки, у ҳозир ҳам шаҳар аҳлининг корига ярамоқда. Қувурнинг даҳана бошидаги сув тиндиргичда (уни “осма ҳовуз” дейишади) тилла балиқлар тинимсиз ўйноқлайди. Ривоятга кўра, уларни Аврангзеб Оламгир ўз қўли билан кўпайтирган экан, шу боис, бу жониворларни табаррук деб биладилар, уларга ҳеч ким озор бермайди.

Кези келганида бир тарихий ҳақиқатни ҳам эслаш жоиз: ёрининг ёдига маҳобатли ёдгорлик бахшида этган Аврангзеб Оламгир ўзи дунёдан ўтгач, дабдаба қилмасликни буюрган экан. Дарҳақиқат, шон-шавкати беқиёс бу шоҳнинг Хулдободдаги қабртоши зеб-зийнатдан холи, битик­лари одмигина:

“Ҳувал ҳаййул қаййум. Абулмузаффар Муҳиййиддин Муҳаммад Аврангзеб Баҳодир Оламгир Подшоҳи Ғозийи жаннатмакон. Таваллуд – санайи 1027, жулус – санайи 1068, вафот – санайи 1118”.

Бир пайтлар Патна шаҳри Азимобод аталган. Бунинг сабабкори Аврангзебнинг ўғли шаҳзода Азимушшаън эди… Хуллас, Ҳиндистонда (Покистон, Бангладеш, Афғонистонда ҳам) Бобур ва унинг авлодлари исми билан аталувчи жой номлари, шаҳар-қишлоқлар, кўчалар, майдонлар беадад.

Ҳиндистон яриморолида Бобурийлар номини абадийлаштириш ҳақида ҳукуматнинг расмий ҳужжати бор-йўқлиги хусусида муайян гап айтиш қийин. Лекин Бобурий подшоҳлар ҳинд ва урду адабиётининг (фольклорнинг ҳам) етакчи персонажларига айланиб кетишган. Нобель мукофотининг Осиёдаги биринчи лауреати Робиндранат Тҳокурнинг қатор асарлари, жумладан, “Шоҳжаҳон” балладаси, “Тожмаҳал” шеъри ана шу мавзуда:

Амри вожиб шоҳсан, Шоҳжаҳон ҳазрат,
Валекин қисматинг кўз ёшу ҳасрат.
Гўё бир ҳофиздир оппоқ ул мармар,
Қўшиғи ҳижрондан унсиз минг хабар.
Асрдан-асрга, йиллардан-йилга,
Тарқатар гулвафо бўйин ҳар дилга.
“Мумтозим” деб ўтдинг, ўтдинг Шоҳжаҳон,
Сен учун йиғлайман, йиғлайман гирён.
Р. Тҳокур, “Шоҳжаҳон”.

 

* * *

Бир финжон қаҳва учун лоақал чақаси бўлмаган, юпун уст-бошининг чўнтакларида шамол ўйнайдиган корсикалик йигитчанинг французларга император бўлиб қолиши… У давлат ғазнасидан оладиган йиллик маош нақд 25 миллион франк! Бу, албатта, ҳасадгўйга ёки ҳақиқатгўйларга ёқмасди…

Унинг отаси, онаси, бобосию бобокалонлари оддий кишилар. Наполеон Италияда жуда кенг тарқалган исм, Бонапарт эса 16-асрдан кейинги ёзма манбаларда гоҳо учраб туради. Карло Буонапарте ва Летиция Рамолини оиласида улғайган Бонапартзодалар бир этак эди. Улар улуғ оғалари шарофати билан тарихий шахсларга айланишди, то ҳануз номлари тилдан тушмайди. (Люсьен Бонапартгина (1775–1840) бу “имтиёз”дан мустасно.) Наполеон акаси Жозеф (1768–1844) бошига аввал Неаполитания (1806–1808), сўнгроқ Испания (1808–1813) тожини кийдириб, қироллик тахтига ўтқизиб қўйганди. Лекин Жозеф Бонапарт унчалик рози бўлмаган, негаки, ўз салтанатига акасини валиаҳд қилса, ҳақи кетмасди, ахир. Император укаси Луига (1778–1846) Голландия қироллигини берди (1806-1810) ва ўгай қизи Гортензия Богарнега уйлантириб қўйди. Кенжатой Жером Бонапарт (1784–1860) акасининг марҳамати билан 1807–1813 йиллари Вестфалияда қирол эди. Тўнғич сингил Элиза ёки Анна-Элиза хоним (1777–1820) бир эмас, уч салтанат маликаси ё буюк герцогиня бўлиб, то 1814 йилга қадар давр сурди. Полина (1780–1825) Италиянинг каттакон бўлагида герцогиня эса-да, жигаридан хафа, негаки, дурустроқ бир одамга узатгани йўқ-да. Королина (1782–1839) – Неаполитания қироли бўлган маршал Иоахим Мюратнинг хотини, егани олдида, емагани ортида. Фақат маршал-куёвнинг ичи чиқмайди, чунки, олампаноҳ қайноғаси Польша тахтини ундан қизғонди…

Яна бир оғирроқ можаро шуки, ҳатто она-император зоти олияларининг дунёни зириллатаётган ўғлидан гинаси бор:

– Қўлида ўшанча давлати туриб, оғзининг ҳовриниям аяйди, Европанинг битта-яримта парчасини бечора Люсьенга “ол” деворса, нимаси кетарди? – деб аразлайди Летиция момо…

Бефарзанд Наполеон биринчи консул (ҳали император эмас) чоғи ўзини юпантирадиган бир чора топди: укаси Луини асранди қизи Гортензияга уйлантиради, никоҳ риштаси Бонапартлар қонини Жозефинанинг наслига туташтиради-да, ёшларнинг тўнғичини ўзи ўғилликка олади, ана – валиаҳд. Тўй 1802 йил аввалида бўлиб ўтди. Гортензия ва Луи уч ўғил кўришди: Наполеон Луи Шарль (1802–1807), Наполеон Луи (1804–1831), Шарль Луи Наполеон (1808–1873, бўлғуси Наполеон Учинчи).

Бироқ ўзи тирик туриб, боласини акага ўғил қилиб бериш укага хуш келмасди. Уни юмшатиш учун Наполеон мол-дунё, орден, унвонлар берди, 1806 йили Голландия тахтига ўтқизди. Аммо қирол Луи Бонапарт бари бир саркашлигини қўймайди, боз устига, хотинини акасидан қизғонади, ахир, бутун Европада зарбулмасал анави миш-мишлар…

Император 1811 йил 20 март куни ўғилли бўлди. Бахтиёр ота (42 ёшда эди) унга Жозеф Франсуа Шарль Бонапарт деб исм қўйди ва Рим қироллигини суюнчи қилди. Шу гўдак буюк Наполеоннинг қонуний ва асл валиаҳди эди. Император оғир кунларга қолиб, икки карра (1814, 1815) тож-тахтидан ўғлининг фойдасига воз кечаркан, шаҳзодани Наполеон Иккинчи деб эълон қилди. Лекин зафар шукуҳидан кўзини мой босган ғолиб иттифоқчилар Бонапартни ҳарбий асир ҳисоблаб, сулолага барҳам беришди. Париждаги қонунчилик органлари 22 июнь куни (1815) французлар императори Наполеон Иккинчи эканига иқрор бўлса-да, Париждаги асосий аркони давлат 7 июлгача шу қарорни тутса-да, эртасига (8 июль) Людовик Ўн саккизинчи пойтахтга тағин кириб келди. Наполеонзода учун энди ҳаммаси барбод бўлди, Бонапартчилар ўз орзу-умидларининг тимсолига айланган йигитни “Бургутча” деб улуғлашарди.

Шаҳзода эса Франция сарҳадларидан олисда – австриялик бобоси Франц Биринчи 1814 йилдаёқ уни Венага олиб кетган. Волидаси Мария-Луиза ҳазрати олиялари Нейперг деган биров билан дон олишиб бўлгач, яна бошқасининг этагини тутди. Бахт қуши бошидан учган император эса аввал Эльбада, сўнгроқ Авлиё Елена оролида илҳақ, у ўғли ва рафиқасини ойлаб-йиллаб кутди.

Венадаги император бува (Наполеоннинг ашаддий душмани) тирик етим набирасини ўкситиб қўймади. Тўрт яшар шаҳзодага тайинлаган мураббий ва муаллимлар Австриянинг машҳур олимлари эди. Болакай эс таний бошлагач, император унга Рейхштадт шаҳрини ҳадя этади ва Шенбрунн қасрини ҳам тасарруфига берди. Бу кошона соҳибига айланган Наполеонзодани энди герцог Рейхштадтский деб аташарди.

Лекин соқчилар посбонлигидаги Шенбруннинг пўлат панжаралари ўта мустаҳкам бўлиб, ҳар бир қадами кузатиладиган шаҳзода учун бемалол турма вазифасини бажара оларди. У улғайгани сайин, айғоқчилар ҳушёрликни ошириб боришди, албатта.

Наполеонзода 1832 йил 22 июлда Венада жувонмарг бўлди. Ёруғ дунёда ёруғлик кун кўрмаган бегуноҳ шаҳзода эндигина 21 ёшга тўлганди…[12]

 

* * *

Заҳириддин Муҳаммад Бобур афсус билан ёзадики, Ҳусайн Бойқародек улуғ подшоҳнинг ўн тўрт ўғлидан ўн бири валадуззино эди. Наполеондай шавкатли император ва саркарданинг жувонмарг “Бургутча”дан ўзга барча зурёдлари ҳам, таассуфки, никоҳсиз таваллуд топишган.

Тарихга Александр Валевский (1810–1868) номи билан кирган француз давлат арбоби ва дипломати Наполеоннинг валадуззино ўғли экани ўқувчига маълум. Император Польшада танишган Мария Валевская (мўйсафид граф Анастас буванинг рафиқаси) дунёга келтирган бу Наполеонзоданинг асл исми – Александр Флориан Колонна эди.

Наполеон Учинчи ўз ҳукмронлиги даврида Бонапартларга қариндош-уруғ бўлган ҳаммани бойлик ва рутбалар билан сийлади, жумладан, А.Валевскийга граф мақомини бериб, ташқи ишлар вазири этиб тайинлади.

Қрим урушида (1853–1856) Россия яккаланди, қамалдаги Севастополда ҳар куни 1000-2000, ҳатто 3000 киши ҳалок бўларди. Икки ярим йил давом этган уруш камида икки юз минг жангчининг (асосан, рус, француз, инглиз, турк) бошини еди. Париж сулҳ шартномаси (1856 йил, март) бу хунрезликка барҳам берди: олти мамлакат иштирокидаги музокараларда Россия бир мунча ютқазган бўлса-да, томонлар келишиб олишди. Бунда Франция делегацияси ва унинг раҳбари граф Валевскийнинг жўяли таклифлари ҳал қилувчи омиллардан бири бўлганди.

Англаб тургандирсиз, ҳикоямиз яна Наполеон Учинчи устига кўчди. У Франция ва Бонапартлар тарихида салмоқли ўрин тутадиган шахс: Наполеон Биринчининг жияни, Луи Бонапарт билан Гортензия Богарне никоҳидан туғилган учинчи ўғил, асл исми Шарль Луи Наполеон (1808–1873).[13]

Шарль Луи Наполеоннинг болалиги 1814 йилгача император амакиси шарофати билан тўкин-сочинликда кечди. Биринчи империя кунпаякун бўлгач, “кўчдинг-ўчдинг” қабилида яшаган. Шунда онаси қўлидаги сердаромад мулк (қиммати – 3 миллион франк) кор келиб, яхши билим олди.

Наполеон Бонапартнинг ўғли герцог Рейхштадтскийнинг вафотидан сўнг (1832) Шарль Луи Наполеон валиаҳд мақомини олди. У биринчи бор Франция тахтини эгаллашга (1836 йил 30 октябрь) уриниб, қўлга тушди ва Америкага сургун қилинди. Онаси Европада оғир хасталигини эшитиб, АҚШдан қочди ва Гортензиянинг ўлимидан (1837 йил 5 октябрь) сўнг Швейцарияда яшаб қолди. Кейин Англияга кўчиб ўтган шаҳзода 1840 йил 6 август куни иккинчи бор давлат тўнтариши қилмоқчи бўлиб, бу гал ҳам иши чаппасидан келди. Натижада, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, Гам қалъасида 6 йил ётди ва қамоқдан қочиб, Англияга кетди.

Февраль инқилоби (1848)дан кейинги ислоҳотлар туфайли у ватанига қайтиш имконига эга бўлди. 1840 йили Наполеон Биринчининг қабри Парижга кўчирилгач, бонапартизм шунчалар бош кўтардики, Наполеон шахсига сиғиниш бошланганга ўхшарди. Бу эса Шарль Луи Наполеоннинг омади эди: 1848 йил, сентябрь ойида таъсис кенгаши депутатлигига, ўша йилнинг охирида (10 декабрь) Франция президентлигига сайланди.

Шундан сўнг бонапартизмга қайтадан жон киргандай бўлди. Президент-шаҳзодага яқиндан кўмак берганлардан бири укаси Шарль Огюст – герцог Морни эди. У 1851 йилдаги давлат тўнтаришида ҳам фаол иштирок этган. Париж конгресси якунлангач, герцог Морнини акаси Россияга элчи қилиб тайинлаган.

Бонапартчилар уюшиб, “Ўнинчи декабрь жамияти” тузилди ва президент-шаҳзода давлат аппаратини ўз тарафдорлари билан бутлашни 1849 йил кузига қадар ниҳоясига етказди. Хуллас, Шарль Луи Наполеон 1851 йил 2 декабрь куни армия ёрдамида давлат тўнтариши қилиб, мухолифларини тамоман маҳв этди, конституция ҳам янгиланди.

Энди президентдан императорга айланиш ва душманлар амакисидан тортиб олган тахтни эгаллаб, бошига тож кийиш қолганди. Давлат тизгини ўз одамлари қўлида, уларнинг кўмаги билан халқнинг фикрини бемалол бошқарса бўлади. Аммо Европа сиёсатини белгиловчи буюк давлатлар-чи, уларнинг ҳукмдорлари не дейди?..

Францияда “Ўнинчи декабрь жамияти” билан ҳамкор ва ҳамфикр “Пуатье қўмитаси” бор эдики, у аксарият кучли ҳокимият тарафдори бўлган монархистлардан ташкил топганди. Президент ана шу қўмита фаолларидан бирини шахсан яхши биларди. У ким десангиз, Жорж Шарль Дантес – барон де Геккерн, яъни улуғ рус шоири А.С.Пушкиннинг дуэлдаги қотили Дантес эди[14]. Наполеон уни хуфёна чақириб, махфий дип­ломатик топшириқ берди. Бу 1852 йил май ойидаги гап: Дантес дарҳол йўлга чиқиб, Австрия, Пруссия, Россия императорлари билан юзма-юз учрашиб, президент-шаҳзоданинг ниятини айтди ва уларнинг муносабатини сўради. Учала ҳукмдор ҳам Францияда империянинг тикланишига хайрихоҳлик билдиришди.

Президент-шаҳзода амакиси 1804 йили қўллаган усулни дадил ишга солди: 1852 йил ноябрда унинг ташаббуси билан умумхалқ референдуми ўтказилди. Аксар французлар мамлакатда империя бошқарувини тиклашни ёқлаб овоз беришди. Ўша йили 2 декабрда (Наполеон Биринчи тахтни эгаллаган кун) Шарль Луи Наполеон-Бонапарт Франция императори деб эълон қилинди ва Наполеон Учинчи номи билан тахтга ўтирди, аммо тантанали тож кийиш маросимини рад этди.

Янги ҳукмдор дарҳол шахсий дастуридаги уч юмуш ижросига қўл урди. Аввало, республика тузумига буткул барҳам бериб, империя бошқарув аппаратини амакисидан қолган андозада тузди. Сўнгра монархия пойдеворининг яратувчилари бўлмиш ўз одамларига саховат эшикларини очди: айниқса, “Ўнинчи декабрь жамияти” ва “Пуатье қўмитаси” фаоллари шоҳона марҳаматлардан мўл-кўл баҳраманд бўлишди. Жумладан, Дантес ҳам сенаторлик лавозими ва Фахрий Легион ордени билан тақдирланди.[15] Олампаноҳнинг учинчи режаси баридан муҳим, император 45 ёшга етган бўлса-да, ҳануз сўққабош эди. Аркони давлат у ёқ-бу ёққа оғиз солиб кўрди, бироқ Европанинг улуғ подшоҳларидан бирортаси уни куёв қилиш ниятида эмасди. Алқисса, Наполеон 1853 йили 30 январь куни уйланди, ўзидан 18 ёш кичкина графиня Тобская – Мария Евгения Августина Игнасия де Монтихо испан гўзали эди…

Наполеон Учинчи ниҳоятда серғайрат, янгиликка ўч ва тезкор киши бўлиб, урушни яхши кўрарди. Унинг пухта ўйланган сиёсати Франция хазинаси ва ҳарбий қудратини юксалтирди, дунёнинг турли бурчагидан келаётган даромадлар ошиб кетди. Франциянинг иккинчи императори мамлакатини кўзга кўрсатиб қўйди, ҳамма ҳузур французларники бўлиб, улар жуда бойиб-битиб кетгандилар. Биржа ўйинларини ўйлаб топишди, буюк халққа Европа неъматлари энди кифоя қилмасди, негаки, Африка ва Осиёнинг, Америка ва олис жаннатий оролларнинг маҳсулига жуда мазахўрак бўлиб қолишган. Наполеон Парижни қайта қуриб ташлади, кўчалар торроқ бўлса-да, пойтахт ҳеч қачон бунчалик обод бўлган эмасди.

Сувайш канали… Британиялик муҳандис Стефенсон, Ҳинд уммони Ўрта ер денгизидан саккиз метр баланд, башарти икки сув туташгудай бўлса, Европа соҳиллари тошқинда қолади, деб ваҳима қиларди. Инсон тафаккури, Фердинанд Лессепснинг саъй ҳаракати ва арабларнинг пешона тери билан бу ғоя рўёбга чиқди. Бунда Наполеон Учинчининг хизмати ҳам озмас, зеро, акцияларнинг 53 фоизи Францияники эди.[16]

Очилиш маросими (1869) мислсиз халқаро тантанага айланиб кетган. Меҳмонлар орасида Эмиль Золя, Теофиль Готье, Генрих Ибсен каби атоқли адиблар, Австрия императори Франц-Иосиф, Пруссия шаҳзодаси Фридрих, яна қанча тождор арбоблар бор. Аммо давранинг гултожи Франция империясининг вакили Евгения Монтихо (“Иккинчи Клеопат­ра”) зоти олиялари эди. Миср ҳукмдори Исмоил пошо маликага хушомад қилиб, масъул муҳандисларга дўқ урган бўлди:

– Башарти, хоним афандимнинг кемалари қум-пумга ўтириб қолса, ҳаммангни қозиққа ўтқизаман!

Ҳазрати малика жойлашган “Эгль” яхтаси ортидан бутун бир карвон суза кетди. Бироқ пошони ўз ходимлари эмас, бастакор Жузеппе Верди хижолатга қўйди: у буюртма бўйича каналга бағишланган “Аида” операсини битказиб, тантаналар чоғи намойиш этиши зарур эди, бироқ ваъдасини уддаламади.

– Афсуски, – деди сув сайридан қайтиб, француз маликасини холи топган Исмоил, – сизга ваъдабоз бастакорнинг қозиққа ўтқизилган афтини кўришдай ҳузурни бағишлашга имконим йўқ.

Евгения шўх қиқирлади ва елпиғичи билан пошонинг қўлига туртиб, шивирлади:

– Ростини айтинг-чи, ҳарамингиздаги ўшанча хотин сизга шунчалар зарурми?

Исмоил пошо тушунди, демак, тағин хушомад қилиши керак:

– Бирининг оҳу кўзлари, бошқасининг товусдай хироми, учинчисининг донолиги, тўртинчисининг шамшод қомати, бешинчисининг ҳалимлиги жонимга ҳузур-да. Лекин сиз учун бу ҳаловатларнинг баридан минбаъд кечаман, зеро, илк кўрганимдаёқ англадимки, аёл зотининг минг бир фазилати танҳо ўзингизда мужассам…

Пошо олиймақом меҳмонларга 30 миллион франкка битказилган янги қасрда зиёфат берди. Уч минг кишилик дастурхон тузатилган, Евгения Монтихонинг ётоғи алоҳида, унинг учун бир неча хона шарқона ҳарамлар андозасида жиҳозланган, бу ердаги ҳашаматнинг харажати ярим миллион франк, “холос”…

Миср сафаридан ўлгудай толиқиб, ўғлини соғиниб қайтган маликайи олия шаҳзодани суюб бағрига олди, унинг қўлчаларини ўпаркан, тушкун кайфиятдаги эрига боқди:

– Сизга нима бўлди, ҳазратим?

Император парламент ва ҳукуматдан ҳасрат қилиб, қандайдир хатолардан гап очди.

– Хато дегани бўлади-да, – далда аралаш маслаҳат берди зоти олиялари, – биласиз-ку, уруш ҳамма хатоларимизни тузатишга қодир. Лоақал манави гўдаккина жигаргўшангиз учун, шу Лулужон валиаҳд бўладиган тахтингизни сақлаб қолишга ҳам уруш керак…

Хатоларини тўғрилаш устида хўб тафаккур қилган Наполеон 1870 йил 19 июлда Пруссияга қарши уруш бошлади. Бу императорнинг энг охирги ва энг хунук айби эди – ўз тақдири ҳам, Франциянинг шон-шавкати ҳам барбод бўлди. Иккинчи империя 4 сентябрь куни ағдарилди, Наполеон душман қўлига асир тушди.[17]

Зафар туртки бўлди-да, Бисмаркнинг орзуси амалга ошди: ниҳоят, шимолий ва жанубий немис давлатлари бирлашиб, ягона Германия империяси ташкил топгани эълон қилинди.

Ўшанда европаликларнинг нақли туғилди:

– Бисмарк Германияни буюклик осмонига кўтарса-да, немис халқининг қаддини букди…

Французлар учун қиёмат куни келганди: 27 октябрь маршал Базен учун шармисорлик санаси бўлди: Мец гарнизонида 173 минг қуролланган аскари туриб, шаҳарни қўшқўллаб топширди. Француз солдатлари илма-тешик байроқларини ўпиб-ўпиб ўтга ташлашди (ёнаётган байроқлари аламидан йиғлаётган фаранглар ҳолини кўриб, немислар ҳам йиғлаб юборган экан.)

Парижда учинчи республика эълон қилинди. Наполеон бошлаган Франциянинг босқинчилик уруши энди миллатнинг озодлик урушига айланди. Империянинг куни битиб, император Седанда оқ байроқ кўтарган эса-да, француз халқи таслим бўлган эмас, пойтахт эрк учун курашнинг бош таянчи эди.

Париж қамалда, уни немис тўпчилари нишонга олган: замбараклар – 400 та, снаряд-бомбалар  – 100 минг дона. 27 декабрь (1870) тонгида буйруқ берилгач, Европанинг бош шаҳри кўчалари ва хиёбонларига, боғлари ва гулзорларига, музей ва театрларига, шифохона ва ғарибхоналарига ёғаётган “ёмғир”дан аланга кўтарилаверди. Яхлит Германиянинг дояси, аммо Франциянинг кушандаси бўлмиш Отто фон Бисмарк француз қироллари ўрдаси Версалда ғолибона керилиб ётган дамларда парижлик­лар увоқ нонга зор эдилар. Шаҳарда илк бор озиқ-овқат паттаси пайдо бўлди, лекин егуликнинг ўзи қани? Меъёр бўйича қамалдаги шаҳарда жон бошига 15 грамм гуруч ёки нўхат, 20 грамм сули ва 30 грамм кўкат қоқи берилади. Париждаги қаҳатчиликни ўз кўзи билан кўрган бир рус муаллифи ёзади:

“Ит, мушук, сичқон-каламушлар беҳад танқис: мушук – 20, каламуш – 4 франкка сотиларди. Бир қадоқ бўри гўштининг 30 франкдан арзони йўқ, сутнинг тўртдан уч улуши сув бўлиб, у ҳам топилиб-топилмайди…”

Боз, ўша йили қиш Париж устига қиличини шунчалар қайраб келдики, кўмир тезда соб бўлиб, кўча-боғлардаги асрий ва эъзозли дарахтлар, мебеллар, ноёб китоб ва қўлёзмалар – нимаики топилса, бари печкага тиқиларди. Очлик ва совуқ аксари қариялар, хасталар, ногиронлар, норасида болалар ва урушдан жароҳатланиб қайтган аскарларни тутдай тўкар эди…

Аммо Париж ғолиблар устидан ғолиб эди, ҳамма хонадонларнинг эшик-деразалари берк. Дўконлар, ошхоналар, идоралар – бари ёпилган, пешлавҳалар устида эълон:

– Миллий мотам! Француз халқи азадор!

Немис армиясига ҳувиллаган кўчаларгина “пешвоз” чиқди. Ҳеч ким, ҳатто, ит-мушуклар ҳам йўқ. Қуршовдаги шўрлик шаҳар еб битирган, ахир.

Дарвоқе, сафларнинг аввали тасодифан бир парижликка йўлиқиб қолди.

– Қийшайтириб чизилган карикатуралардаги афт-ангорингизни танигандай бўлдим, Бисмарксиз-да, а? – сўради француз.

– Шундай, Бисмаркман.[18]

– Отиб ташлайин десам, афсуски, қуролим йўқ, аммо башарангизга туфлай оламан.

Канцлер бетидаги тупукни артаркан, Париждаги ягона ўткинчига юзланди:

– Бу ишинг Венадаги кўргиликларим олдида ҳолваси, ошна. Бўпти, қаҳрамон, бор, йўлингдан қолма…

Париж оккупацияси 62 соатгина давом этди: босқинчилар кимсасиз шаҳарда ғолиблигини кимга ҳам кўз-кўз қилсин? Уруш Германияни 2,7 ва Францияни 9,8 миллиард маркага “чув туширди”. Мағлуб учун контрибуция деганлари ҳам бор: ернинг тагидан бўлса ҳам французлар олтин ҳисобида 7 миллиард марка товон пулини топишлари ва немислар ғазнасига тўлашлари шарт. Билъакс, оккупацион қўшинлар Франциянинг белгиланган ҳудудида еб-ичиб ётаверадилар, шартнома шунақа…

Франция халқига дунё тан беради, тан бермасликнинг иложи ҳам йўқ-да! Бутун миллат оёққа турди, бой ҳам, камбағал ҳам киссасини кавлади. Яширин ғазнадаги олтин захираси очилди: у ертўлада, занглаган тунукалар билан ғилофланган, қалтис вазиятда сувга бостириш тизими ҳам тайёр, Сенадаги даҳана очилса бас эди. Франция емади-ичмади, аммо ана шу пулни тез топди ва озодликка чиқди, оккупантлардан қутулди… Французлар бошига тушган бу қора кунлар Наполеон Учинчининг “каромати”, у бошлаган урушнинг “шарофати” эди…

Қолмишига, у янги хуружнинг ҳаракатига тушиб қолди. Бу қарийб нақд бўлиб, Англиядан денгиз орқали бориб, қуролли десант тушириш 1873 йил 20 мартга белгиланди. Наполеон Учинчи буюк амакисининг 1815 йилдаги жасоратини такрорлаш бўсағасида тайёр турарди. Аммо тарих олдидаги шунчалар масъулиятни касал ҳолида уддалай оладими? Йўқ, соппа-соғ бўлиши керак: бинобарин, Наполеон операция столига ётишга ва сийдик йўлидаги тошни олдиришга рози бўлди. Бироқ меъёрдан ўта ортиқ хлорални кўтаролмади-да, оламдан ўтди-кетди. Унинг ҳамма режалари чиппакка чиқди, лекин француз халқини янги бало-қазолардан Худо асради.

Наполеон Учинчини уст-боши билан тобутга қўйиб, Англия тупроғига топширишди. Марҳум императорнинг икки қизи ва бир ўғли (Эжен Луи Наполеон) бор эди. Бонапартистларнинг ҳамма умиди энди ана шу йигитдан: ёш шаҳзода отасининг тахтини қайтариб олса, неажаб? Уни ҳалитданоқ Наполеон Тўртинчи атаётган хайрихоҳлар талай. Тағин, Буюк Британия қироличаси Виктория ҳазрати олияларига ҳам шундай бўлгани маъқулроқ. Бироқ йигитча ҳали қилич кўтариб, жангга кирганича йўқ, француз халқи уни асл Бонапарт деб қабул қилмоғи учун эса катта бир иш кўрсатиб оғизга тушиши, жанговар шуҳрат орттириши керак. Бу мулоҳаза мантиқли эди, шу боис Наполеоннинг беваси Евгения ва қочоқ оилага Чизльхерстдан жой берган Виктория икков шаҳзодани жанггоҳга жўнатишди.

Бу пайтда (1879 йил, январь) Англия Африкадаги зулус қабилалари билан урушаётган бўлиб, инглиз армиясининг зобити Эжен Бонапарт ҳам “қора қитъа”га етиб борди. Бироқ зулуслар ассагайи – раҳнамоси фақат Бонапартчиларнинг режасини эмас, бутун Европа сиёсатини ўзгартириб юборди. Шаҳзода минган отнинг айили узилиб, зобит тошлоқ яндамага чаппа тушди ва баданига қувлаб келаётган ҳабашларнинг заҳарли пайконлари санчилди. Ҳали уйланмаган 23 яшар шаҳзода устидан Жанубий Африка тупроғи тортилди ва Наполеон Учинчининг авлодига нуқта қўйилди…

Ўшандан то бизнинг кунларга қадар келаётган Наполеонлар сулоласи Жером Бонапарт (Наполеон Бонапартнинг укаси) авлодларидир. 1879 йилдан бу ёғига шаҳзода ҳисобланувчи Наполеонзодалар хронологияси қуйидагича: Виктор (Наполеон V, 1862–1926); Луи (Наполеон VI, 1914–1997); Жан Кристоф (Наполеон VII), у 1986 йилда таваллуд топган.[19]

Мазкур Наполеонлар ҳам, уларнинг келгуси авлодлари ҳам қайсидир давлатнинг монархи бўлиши ҳам мантиқий, ҳам сиёсий нуқтаи назардан амри маҳол. Уларни халқ, масалан, французлар Бонапартдан қолган жонли ёдгорлик сифатидагина қабул қилишлари мумкин.

Бу мавзуга тааллуқли яна иккита гап қолди. Биринчиси: Наполеон Бонапартнинг яна бир фарзанди – беникоҳ туғилган қизи хусусида. Граф Шарль-Тристан де Монтолон сургунга бирга кетиб, унга адъютантлик қиларди. Гап шундаки, у Авлиё Еленага оиласи билан борган: рафиқаси Альбина де Монтолон ниҳоятда шинам ва гўзал аёл бўлиб, Наполеон шу хонимга қизиқиб қолади. “Қизиқиш” натижасида 1818 йили бир қиз туғилиб, исмини Жозефина Наполеоне де Монтолон қўядилар. Бироқ қизалоқнинг умри қисқа экан, узоқ яшамайди, 1819 йилда ёшига етиб-етмасдан оламдан ўтади.

Беихтиёр хаёлга келадики, Бонапартнинг ўлимида граф Монтолоннинг қўли борлиги ҳақидаги миш-мишлар ана шу “қизиқиш”га дахлдор бўлса-чи? Хотини ва хожасининг хиёнатидан воқиф бўлгач, граф собиқ императорнинг косасига… У ёғини энди Худо билади…

Иккинчи гап шуки, Наполеон куёви Иоахим Мюратни маршал (1804) унвони билан сийлаб, империя шаҳзодаси рутбасини (1805) ҳам берганди. Иккинчи империя даврида Мюратнинг фарзандларига шаҳзодалик мақоми тикланди. Маршалнинг тўнғичи Ахилл (1801–1847) вафот этгач, иккинчи ўғли Наполеон Люсьен Шарль Мюрат йўқ салтанатга “валиаҳд” эди. Италия уруши пайтида бу шаҳзода император тоғаваччаси кўмагида Сицилия тахтини олмоқчи ҳам бўлди, лекин Наполеон III уни қувватлагани йўқ…

Ҳозир Мюратлар кўпайиб, бутун дунёга тарқаб кетишган. Шаҳзода саналувчилари ҳам бор, улардан бири, яъни Мюратнинг эвараси Наполеон Ахиллович Мюрат (1873–1943) чор Россиясининг генерали эди ва ҳоказо…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 2-3-сон

____________________

[1] Бухария – Бухоро, Хиндус – Ҳинд дарёси.

[2] Маркитантлар – уруш шароитида қўшин ортидан эргашиб, савдо қилувчи сайёр тужжорлар.

[3]  Коп – олмос кони.

[4] Шуҳратий олмос хусусидаги Бобурнинг айни таъкидига асосланиб, “Кўҳинур”нинг ҳозирги баҳосини чамалаш мумкин. Бир кишининг кунлик эҳтиёжи учун 1-1,5 доллар кифоя десак, Ер юзидаги 7 миллиарддан зиёд аҳолининг 2,5 кунлик сарфи 20 (йигирма) миллиард доллардан ошиб кетарди.
* Таҳририят изоҳи: Бу гавҳар ҳозирда 94 тонна олтинга тенг деб баҳоланади. Бу эса 3,7 миллиард доллар дегани. Мана шу миқдор Бобур замонидаги Ер юзи одамларининг (500 миллион нафар атрофида) икки ярим кунлик маошига ҳам тўғри келади.

[5] Таҳририят изоҳи: “Кўҳинур” – “Кохи нур”, яъни нур қасри, деган сўздан олинган деган талқин ҳам бор.

[6] Исфахон – Сафавийлар ҳукмронлиги даврида ва то 1786 йилгача Эроннинг пойтахти.

[7] Зебуннисо Бегим Деҳли шаҳридаги “Зарзарий” қабристонига дафн этилган. Аммо 19-асрда темир йўл қурилиши муносабати билан шоиранинг хоки бошқа жойга кўчирилган.

[8] Бу қадам 82 ёшли қария учун ҳаёт-мамот билан баробар эди. Тарихчилар ушбу хусусда якдил фикрга ҳозир ҳам кела олишмаган. Муаррихларнинг ихтилофи шундаки, у ўша даъватномага (фармон ҳам дейдилар) қандай қўл қўйган: ихтиёрийми, мажбурийми?.. Кейинчалик Баҳодиршоҳ шундай деган эмиш:
– Қўзғолончилар саройга бостириб киришди ва мен ҳам, ўғилларим ҳам сипоҳий-аскарларнинг талабини ноилож адо этдик.

[9] Мирзо Ғолиб (1797–1869)нинг бобокалони Турсунбекхон салжуқийлар хонадонига мансуб донгдор амирлардан эди. Бобоси Қўқонбекхон 18-асрнинг бошларида Самарқанддан Ҳиндистонга бориб қолган, у ҳам, ўғли Абдуллабекхон ҳам (Ғолибнинг отаси) Шоҳжаҳоннинг атоқли саркардаларидан бўлишган. Мирзо Ғолиб шеърларида асл ватанини эъзоз билан таъкидлайди: Ғолибни ким десангиз, Турон тупроғиданман…

[10] Инглиз маъмурларига подшоҳнинг дафни ва қабри ҳам сиёсат ҳисобланиб, марҳум асосий ҳовлининг орқа тарафига кўмилган. Чуқур теварагига ғишт девор кўтарилиб, тупроқ ташлангач, устига шундай чим босилдики, қабр ер билан теп-текис бўлди. Бундан ташқари, анчагина жойни бамбук ниҳоллари билан иҳоталаб, кўздан пана қилишганди. Капитан Дэвис жаноблари бошлиқларига шуни мамнуният билан ёзиб маълум қиладики, вақт ўтгани сайин ажриқ ҳамма ёқни эгаллайди ва бамбукзор орасидаги қабрни биров тополмайди. Бу англияликларга айни муддао: сўнгги Бобурий подшоҳ ётган жойни топиб бўлмаса ва у зиёратгоҳга айланмаса, жуда соз-да…

[11] Сургунда Баҳодиршоҳ билан кимлар бирга бўлгани ҳақидаги маълумотлар турли-туман. Дейдиларки, 1857 йили қатл этилган шаҳзодаларнинг учови ҳам Баҳодиршоҳнинг ўғиллари бўлган (Мўғул Мирзо, Хизр Султон Мирзо, Абу Бакр Мирзо) ва учовини майор Уильям Ходсон отиб ўлдирган. Валиаҳд Жавон Бахтнинг рафиқаси бўлмиш маликанинг исми Шоҳ Замони Бегим эмас, Заматри Бегим экан. Шаҳзода Жамшидбахт (1855–1921) эса подшоҳнинг ўғли эмас, невараси эмиш, Рангун коллежида ўқиб, 1905 йили уйланган ва унинг Искандарбахт исмли ўғли борлиги маълум. Биз юқорида набираси деб ёзган Равнақ Замони Бегим Баҳодиршоҳнинг қизи экани ва 1930 йили оламдан ўтгани ҳақида маълумот бор. Маликайи олия Зийнат Маҳал Бегимнинг вафоти санаси ҳам баҳсли бўлиб, 1884 йил ҳам қайд қилинади.
Шунингдек, сургунга яна қуйидагилар жўнатилган дейишади: Гулсум Замони Бегим (подшоҳнинг қизи), Ҳофиз Муҳаммад Иброҳим Деҳлавий (Жавонбахтнинг устози), сарой аъёнларидан – Мумтоз Дўстхонбегим, Раҳима Ишратбегим, Руқиясултон бегим. Иброҳим Деҳлавий эса Рангунда имомлик қилган.

[12] Австрия 1940 йили Учинчи рейх истилосида бўлиб, Наполеонзоданинг Венадаги жасади қолдиқлари Ҳитлернинг амрига кўра фашистлар қўлидаги Парижга кўчирилган ва “Бургутча” Ногиронлар қасрига – отасининг ёнига қайта дафн этилган.

[13] Таассуфки, Наполеон Учинчининг отаси кимлиги хусусида ҳам баҳслар мавжуд. Сирасини айтганда, тож-тахт тақозоси туфайли (деярли мажбуран) узатилган Гортензияни муҳаббатсиз оилада бахтли деб бўлмасди. Қолмишига, Голландия қироли Луи Бонапарт ҳазрати олийлари ярим жон, ўнг қўли ва умуртқаси шикастланган, юриб-туриши ҳам қийин. Аммо шу баҳона билан бахтни четдан қидириш?.. Айниқса, маликалар учун бахт ва муҳаббат кўчада тушиб ётармиди? Йўқ, биз Гортензия Богарнени қораламоқчи эмасмиз, уни икки аср давомида оқлайдиганлар – оқлаб, қораловчилар – қоралаб бўлганлар.
Наполеоншунослар Голландия қироличасининг таржимаи ҳолига ошиқ жаноблар номини ҳам битиб кетишган. Мана улардан айримлари: Жерар Кристоф Дюрок – Наполеоннинг энг яқин мулозими, обер-гофмаршал; Карл Генрих Вергуэль – Голландия министри, адмирал; Эли Деказ – Луи Бонапарт­нинг мушовири; Шарль де Билан – Голландия қиролининг шталмейстери; Шарль де Флао – француз генерали…
Александр Дюманинг ёзишича, Наполеон Учинчининг отаси ана шу Флао ёки саналган жазманлардан бошқа бири, аммо Луи Бонапарт эмас. “Қисқаси, – деб  хулосалайди Дюма, – императорнинг падари номаълум. Шунинг учун ҳам Луи Бонапарт болани “меники эмас” деб юрган, фақат Наполеоннинг қистови билангина тан олган”…

[14] Дантес (1812–1895) шоир Пушкинга божа бўларди, у нафақат рус поэзиясининг қуёшини, балки кенжа қайинсинглиси Наталья Николаевнанинг эрини дуэлда ўлдириб қўйганди. Аввал ҳибсда сақланди, сўнг Россиядан бадарға қилинди. Ортидан рафиқаси Екатерина Николаевна Гончарова-Дантес хоним (1809–1843) етиб борди: эр қайда бўлса, хотин ҳам ўша ерда. Икков бахтли яшардилар, бироқ Е. Николаевна кенжа фарзандини дунёга келтиргач, ўзи оламдан ўтди.
Дантес синглиси Аделнинг оналарча ғамхўрлиги билан уч қиз ва бир ўғилни беваликда улғайтирди: Матильда-Евгения (1837–1893), Берта-Жозефина (1839-1908), Леони-Шарлотта (1840–1888), Луи-Шарль-Жорж (1843–1902). Дантес иккинчи империя арафасидаёқ сиёсий қарашлари пухта шаклланган арбоб саналарди: Юқори Рейн олий кенгаши раиси, Сульц шаҳар мэри, кредит банклари ва темир йўл компанияларининг таъсисчиси…
Наполеон Учинчи асир тушгач, Бисмаркнинг тазйиқи билан тузилган Франкфурт шартномасига кўра, Эльзацни немислар олиб қўйишди ва ерлик аҳолига “имтиёз” беришди:
– Миллатингизни энди бемалол ўзгартириб, паспортга “немисман” деб ёздираверинг.
– Мен французман ва французлигимча ўламан, – деди Дантес ва “имтиёз”дан фойдалангани йўқ.
У 31 ёшида бева қолганди, қайта уйланмади, умрбод ёрининг ёди билан яшаб, пири бадавлат ёшларга етди ва фарзандлари эъзозида вафот этди.

[15] Сенат аъзосининг император белгилаган йиллик маоши олтин ҳисобида ўттиз минг франк эди.

[16] Сувайш канали лойиҳасини икки франциялик (Линан ва Мужель), бир италиялик (Негрелли) муҳандис тайёрлаган. Қурилиш ўн йил давом этиб, ойига 60 минг киши меҳнат қиларди. Канал Африка қитъасини айланиб ўтувчи кемалар йўлини 8-15 минг километрга яқинлаштирган.

[17] Людовик Ўн олтинчининг хотини Мария-Антуанетта каби боши кесилишидан қўрққан Евгения ўша куниёқ денгиз тарафга ошиқди ва “Оҳу” номли елканли кемада Англияга жўнади. Ла-Маншда довул қутуриб, Буюк Британиянинг “Кэптэн” фрегати чўкиб кетди. Ҳайтовур, малика 9 сентябрда манзилига етиб олди, соҳилда майин жунли инглиз қўйлари ўт чимдиб юрарди. Қиролича Виктория юборган карета икки соатдаёқ уни Чизльхерст саройига олиб борди. Олдинроқ жўнатилган шаҳзода Лулу шу ерда эди… Евгения Монтихо Англияда узоқ яшаб, умри охирини ёлғиз ва ғарибликда ўтказди, у 1920 йили 94 ёшда вафот этди.

[18] Бисмарк Отто Эдуард Леопольд фон Шёнхаузен (1815–1898) – немис давлат арбоби, князь, дипломатик вакил (1851–1862), Пруссияда вазир-президент ва ташқи ишлар вазири (1862–1867), Шимолий Германия иттифоқи бундесканцлери (1867–1871), Германия империяси рейхсканцлери (1871–1890). Бисмарк ягона немис давлатининг яратувчиси эди.

[19] Франция Республикаси қонунига кўра, 1883 йили қироллар ва императорлар оиласининг барча аъзолари мамлакатдан бадарға этилган. Бу қонун узоқ вақт амалда бўлиб, 1950 йилдагина бекор қилинди ва шундан сўнг Бонапартлар сулоласига мансуб шаҳзодаларнинг ватанга қайтишига рухсат берилди.