Жаҳонгашталик, саёҳатга ташналик, турли манзиллар оғушига талпиниш азал-азалдан инсоният қон-қонига сингиб кетган. Ибтидоий даврда ҳам қабилалар мўл ризқ-рўз илинжида замин бўйлаб кўчиб юрган. Асрлар мобайнида одамлару миллатлар ва элатларнинг ялпи юриши, кўчиши ва янги ўлкаларга жойлашиши даври ўтроқ турмуш тарзи салмоғидан қолишмайди. Рим империяси юзага келаётган даврда хунн қабилалари халқларнинг Буюк кўчишини бошлаб берди. Улар ҳосилдор замину яйловлар ахтариб, Марказий Осиёдан Қора денгиз соҳилларигача кўчиб борган. Шунинг асносида сон-саноқсиз қабилаю элатларни, хусусан, готларни ҳам азалий манзилларидан кўчишга мажбур қилдилар, аҳолининг беқиёс кўчиши тўлқини бутун Европани қоплаб олди.
Янги даврнинг Буюк жуғрофий кашфиётлари ҳам шу жумлага киради. Буюк Ипак йўли бўйлаб эмас, нисбатан қулай денгиз йўли орқали Ҳиндистон ва Хитойга боришни мақсад қилган Христофор Колумб экспедицияси яхлит Америка қитъасини кашф қилди. Х.Колумб юксак ғояга сафарбарлик ва мақсадга садоқат, теран амалий тафаккур ва беназир ташкилотчилик қобилияти, собит қатъият ва метин ирода, мардлик ва сабр-тоқат сингари истеъдодли саёҳатчига хос фазилатлар соҳиби бўлгани шубҳасиз. Ниҳоят, буюк денгизчининг ҳайратомуз лойиҳалари юзага чиқишида омад маъбудаси ҳам хайрихоҳ бўлган. Христофор Колумб ва унинг замондошларини афсонавий Шарқ бойликлари – олтин, нозу неъматлар, дуру жавоҳирлар сафарга чорлаган.
1896 йили Аляскада, Клондайк дарёси ҳавзасида йирик олтин кони топилган. Натижада машҳур “олтин талвасаси” бошланган. Минглаб одамлар саргузашт, таваккалчилик, кўз очиб-юмгунча бадавлатга айланиш дардига чалинган. Беҳисоб бойлик фақат саноқли кишиларгагина насиб этган. Оқибатда “рангпар сукунат” шимолий ўлкаларда яна кўланка ёйган.
Инсоният, оқибатдан қатъи назар, хазиналар қидиришдан ҳеч қачон воз кечмайди, бинобарин, саргузашт иштиёқмандлари барча замону маконларда истаганча топилади. Анд тоғларидаги Инклар олтинини топиш мақсадида 1911 йили Маку-Пикчу сирли шаҳри кашф этилади. Олтин ёмбиларини қўлга киритишга ташналик давримизда денгизлар ва уммонлар оғушига кўчди. Америкадан йўлга чиқиб, қадрдон соҳилларга етиб келмай уммон қаърига чўкиб кетган, машҳур Испания кемаларидан олтину жавоҳирларни олиш мақсадида энг замонавий техникавий воситаларга неча-неча экспедициялар ташкил қилинмоқда. Хазина қидирувчилар дасти ҳатто уммон тубидаги “Титаник” кемасига ҳам етди.
ХХ асрда энг янги техникавий ютуқлар қўлланган ҳолда йирик халқаро экспедициялар тарзида ҳам, ўта ғаройиб техникавий воситаларда якка ҳолда ҳам саёҳатлар уюштирилди. Жумладан, Тур Хейердал Тинч океани бўйлаб дастлаб “Кон-Тики” солида саёҳат қилган бўлса, кейинги сафар “Ра” папирус қайиғида Атлантика океанини сузиб ўтди.
Шарқ билан Ғарбни боғлаган асосий қитъалараро йўл – Буюк Ипак йўли саёҳатчилар ва тадқиқотчиларни жалб қилиш борасида жаҳонда етакчи ўрин тутади. Буюк Ипак йўли бўйлаб дастлаб эрамиздан олдинги II асрда сафар қилинган. Ўшанда хитойликлар Ғарбий ўлкалар – Марказий Осиё мамлакатларини илк дафъа кашф қилган. Жаҳоншумул йўлнинг икки шохобчаси шу асно туташган. Бири Ғарбдан, Ўрта Ер денгизи мамлакатларидан Марказий Осиёга Яксарт – Сирдарё соҳилларигача келган. Бошқаси Шарқдан, Хан империясидан Бақтрия ва Суғд орқали Марказий Осиёга узанган. Мазкур тарихий маданият ўчоқларининг Буюк Ипак йўли воситасида бирлашувида Марказий Осиё халқларининг сарбон сифатидаги хизмати беқиёс.
Буюк Ипак йўли номланиши Ғарб мамлакатлари учун қимматбаҳо маҳсулот ипак номи билан чамбарчас боғлиқ. Хитойликлар беш минг йил муқаддам ипак қуртидан ипак толаси ола бошлагани ривоят қилинади. Башарият тарихидаги дастлабки трансконтенинталь йўл воситасида икки олам – Ғарб билан Шарқни эрамиздан олдинги иккинчи аср поёнида туташтирган дастлабки маҳсулот шойи матоси бўлган. Бу адоқсиз йўл дориламон замонларда Япония соҳилларидан Рим империяси пойтахтигача минтақани қамраб олиб, улкан чинор дарахти каби минглаб шохобчаларга эга бўлган.
Тижорат карвонлари, элчилар, ҳарбий лашкарлар, тақводорлар ва миссионерлар силсиласи, саргузаштталаб тўдалар, илмий тадқиқотчи олимлар, хуллас, Буюк Ипак йўли бўйлаб сафар қилганларнинг сони бор-у, саноғи йўқ. Хитой тарихий манбаларида Эрон билан савдо алоқалари ва эрамизгача II асрда Фарғонага қилинган ҳарбий ҳужумлар қайд этилган. Бутпарастлик IV–V асрларда Буюк Ипак йўли бўйлаб Ҳиндистондан Хитойга ёйилган. Кейинчалик Кичик Осиёдан Шарқ ва Шимолга ислом дини таълимоти тарқалган.
Европадан Жанубий Осиёга денгиз йўлини португалиялик Васко да Гама очган. Рус савдогари Афанасий Никитин Эрон ва Ҳиндистон бўйлаб сафари ҳақида “Уч денгиз оша” саёҳат таассуротларини мерос қолдирган. Буюк Ипак йўли шаклланиши ва равнақ топишида кўплаб мамлакатлар ва халқларнинг аҳамияти катта. Унинг асосий йўналишлари ва шохобчалари бўйлаб минглаб саёҳатчилар ўтганига қарамай, саноқли кишилар саёҳат ҳақида ёдномалар, илмий рисолалар ёзиб қолдирган.
Хитойлик Сюань Цзян, олмон Шильтбергер, америкалик Пампелли каби турли миллат намояндалари қаламига мансуб тарихий ёдномалар шу жумлага киради. Зиёратчи, жангчи ва олим бўлган мазкур шахслар саёҳат иштиёқи билан йўлга отланган. Уларнинг китоблари, илмий асарлари, кундаликларини ўқиш асносида Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган мамлакатлар тарихига шўнғиймиз, Ўрта асрлар ва темурийлар даври урф-одатлари ва анъаналари билан танишамиз, турли сулола вакиллари ўртасида тожу тахт учун қирғин-баротлар гувоҳи бўламиз. Россия империяси таркибида ва “социалистик тажриба” давридаги Туркистон ҳаёти лавҳалари кўз ўнгимизда намоён бўлади.
Европани Марказий Осиё билан дастлаб юнонлар – Искандар Зурқарнайн ҳарбий юриши қатнашчилари таништирган. Лекин шундан кейин бир неча аср мобайнида Осиё овпуроликлар учун сирли ўлкага айланган. VII асрда яшаган будда роҳиби Сюань Цзяннинг “Ғарбий ўлкалар бўйлаб саёҳат битиклари”ни Хитойнинг Марказий Осиё билан алоқаларига оид дастлабки ишончли ёзма манбалардан бири сифатида тилга олиш мумкин. Ёш роҳиб бутпарастлик дини матнларини ўрганиб, санскрит тилидан таржималарда кўплаб ноаниқликлар ва чалкашликлар мавжуд, қўлёзма жилдларида эса талай саҳифалар етишмайди, деган хулосага келади ва мазкур таълимот юзага келган ва асосчиси яшаган Ҳиндистонга боришга аҳд қилади. У Такла-Макон, Турфон воҳаси, Тангритоғ орқали сафар қилади. Самарқанд, Шаҳрисабз ва Термиз шаҳарларини зиёрат қилади. Натижада “Ғарбий ўлкалар бўйлаб саёҳат битиклари” яратилади. Мазкур битикларда тарихчиларнинг эътирофича, муаллиф “саналар, турли сулолалар вакилларининг исми шарифлари ва расмий матнларнинг яланғоч танасига шоирона сўзамоллик билан жон бахш этади”. Мазкур асар Осиё мамлакатларида илк Ўрта асрларга оид тадқиқотлар олиб боришда ҳозир ҳам беназир тарихий манба вазифасини ўтаётир.
* * *
Айтишларича, саёҳатга ўчлик инсоннинг қонида бўлиши керак. Аксинча, аксарият кишилар қадрдон гўшасини бир умр тарк этмагани ҳолда кимлардир бор ҳаётини сайру саёҳатларда ўтказишларини англаш даргумон. Эҳтимол, шу боис жаҳонга машҳур сайёҳлар барча замонларда саноқли бўлган. Савдо карвонлари билан бирга сафар қиладими ёҳуд муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш мақсадида ёлғиз жаҳон кезадими, Шарқда ҳам жаҳонгашталарга алоҳида эҳтиром билан муносабатда бўлинган.
Навқирон будда роҳиби Сюань Цзян Хитойдан Ҳиндистонга сафар қилиши асносида йирик карвон соҳиби ҳам бўлган, шунингдек оддий ҳассага суянган ҳолда содда зиёратчи сифатида ҳам манзилдан-манзилга кўчишига тўғри келган. Сафар асносида кўплаб хавф-хатарларга дуч келган, талай саргузаштларни бошдан кечирган, бир неча бор ўлим билан юзма-юз келган, лекин ҳатто ўта оғир лаҳзаларда ҳам ҳушёрликни қўлдан бермаган, ёш бутпараст сифатида барча воқеаларга файласуфона муносабатда бўлган. Сафар давомида барча машаққатларга тишини- тишига қўйиб чидаган, ҳар қанча оғир бўлмасин, ортга қайтишни хаёлига ҳам келтирмаган. Шу тахлит минглаб фарсаҳ масофани босиб ўтган. Айни шу боис Тан сулоласига мансуб хитой императори Таи Тсун саргузаштталаб Сюань Цзянни “салтанат жавоҳири” деб атаган. Оврупода Марко Поло қанчалик машҳур бўлса, Буюк Ипак Йўли бўйлаб еттинчи асрда сафар қилган хитойлик ёш сайёҳнинг исми шарифи Шарқда шунчалик машҳур бўлган.
Сюань Цзяннинг “Буюк Тан сулоласининг Хитойдаги ҳукмронлиги даврида Ғарбий ўлкалар бўйлаб саёҳат битиклари” император Таи Тсунга бағишланган. Бу асар дини ислом лашкарлари Осиёни забт этиши арафасида ёзилган асосий тарихий солнома сифатида қадрланади. Унда Буюк Ипак йўлининг ўзига хосликлари, ғаройиб тарихий давр қаламга олинган. Ўша даврларда жаҳонгашта сайёҳлар эзгулик элчиси, ўзига хос тадқиқиқотчи, фалсафий ва диний таълимотларнинг тарғиботчиси вазифасини бажарган.
Сюань Цзян Хитойнинг Хунань вилоятида 602 йили, таълим олиш ва билимдонлик анъанавий тусга эга конфуцийпараст оилада таваллуд топган. Етти акасининг бири будда роҳиби бўлиб, унинг таъсири остида Цзян саккиз ёшидан будда битикларини ўрганишга киришади.
Ўн икки ёшидаёқ барча талабларни адо этиб, роҳиб мақомига эришади. Устозига ягона мақсади Будда динининг ёғдусини бутун олам бўйлаб ёйишдан иборат эканини баён этиш баробарида ёши бир неча баравар катта номзодлардан қанчасини ортда қолдириб, эркаклар ибодатхонаси тингловчилигига қабул қилинади.
Сюань Цзян бутпарастлик таълимоти, Йирик Доира ёҳуд Махаяна диний ақидаларини бир неча йил қунт билан ўзлаштиради. “Бодҳисатва” донишмандлиги – ахлоқий баркамоллик сирларини ўрганади. Мазкур фалсафий йўналиш ҳамдардлик ва меҳру шафқат билан йўғрилган бўлиб, ҳар бир онгли мавжудотга нажот йўлини кўрсатиб берарди. У 622 йили тўла-тўкис роҳибликка қабул қилинади. Замондошларининг хотираларига кўра, ёш роҳиб баланд бўйли, очиқ чеҳрали, кўзлари ёниб турадиган, бир сўз билан айтганда, фариштали хушрўй йигит бўлган. Одми кийиниб, энли белбоғ боғлаб юргани учун олимона рафторга эга бўлган. Овози ҳам нафис бўлиб, бетакрор жозиба билан йўғрилган. Ҳамиша жиддий бўлиб, асл будда роҳиблари сингари қаддини ғоз тутиб юрган.
Сюань Цзян будда матнларини ўзлаштириш асносида санскритдан таржима қилиш жараёнида қатор ноаниқликларга йўл қўйилиши оқибатида мавҳумликлар мавжудлигини, шунингдек, қўлёзмаларнинг бир неча саҳифалари йўқлигини пайқаган. Шу боис ёш роҳиб Шимолий Ҳиндистонга, бутпарастлик таълимоти юзага келган ва унинг асосчиси яшаган муқаддас жойларни зиёрат этишга аҳд қилган. Сафар асносида асл будда таълимоти баён қилинган китобларни олиб келишни мўлжаллайди.
Мазкур эзгу сафарга хуфёна, яъни ярим кечада отланади, чунки императорга бу ғоя ёқмайди. Қаҳрамонимиз шу тариқа 629 йили Сиань вилоятини тарк этиб, Хитойнинг ғарбий вилоятлари томон йўлга тушади. Буюк Ипак йўлининг карвон сўқмоқлари бўйлаб поёнсиз чўл-биёбонлардан ўтар экан, йўл-йўлакай очлик ва ташналикдан жон таслим қилган одамлару жониворларнинг устунхонларига дуч келади. Зиёратчи Хитой салтанати сарҳадларини билдирувчи бешта соқчилик минораси ёнидан ўтиб, хитойликлар “Қум уммони” деб атайдиган Такла-Макон чўлини кесиб ўтади. Биёбон чўл гармсели сўқмоқни зумда ғойиб этар, шу боис тўғри йўл топиб юриш осон эмасди. У бир неча марта қароқчилар ҳужумига учрайди, ўзини йўлбошловчи қилиб кўрсатган, аслида қотил кимса қўлида жон таслим қилишига сал қолади. Кўзаси қўлидан тушиб кетиб синади-да, чексиз саҳрода бир томчи сув тополмай ташналик азобини тортади. Вафодор оти сайёҳ жонига ора киради – ақлли жонивор уни чашма қошига элтади.
Харитага, назар ташлайдиган бўлсак, саёҳатчи Сюань Цзянни на Гоби саҳроси, на Такла-Макон чўллари қўрқита олганига гувоҳ бўламиз. Ҳимолай тоғларини ошиб ўтиш имкони бўлмаган. Ҳиндистонга элтадиган тўғри йўл йўқ эди. Шу боис осмонўпар тоғ чўққиларини шимоли-ғарбдан, Марказий Осиё орқали айланиб ўтиш талаб этиларди. Шунга қарамай, айни йўналишда ҳам бир неча баланд тоғ довонларидан ошишга тўғри келади.
Зиёратчи, ниҳоят Тангритоғ этагидаги Хоми ўлкасига етиб келади. Сюань Цзян рўпарасида оппоқ қор билан қопланган юксак тоғ чўққилари юксалади. Юксак қоялардан тушган тоғ жилғалари билан обод воҳадан ўтадиган Буюк Ипак йўлининг Шимолий шахобчаси бўйлаб саёҳатчи роҳиб Турфон шаҳрига етиб келади.
Сюань Цзяннинг ташрифидан хабар топган Турфон ҳукмдори машъала билан пешвоз чиқиб кутиб олади. Саёҳатчи шарафига катта ҳурмат-эҳтиром билан зиёфат уюштирилади. Бир неча кун ҳордиқ чиқаргандан кейин йирик карвон ва соқчилар, муҳофаза мактуби ва бошқа давлатларнинг султонларига ҳадялару эҳсонлар билан яна йўлга тушади. Сюань Цзян ҳамроҳлари билан Турфондан чиқиб, Қашқар замини бўйлаб Тангритоғ тизмаларига рўпара бўлади. Улар Хонтангри узра қор билан қопланган довондан ошади. Мазкур хатарли саёҳат чоғида Сюань Цзян ҳамроҳларининг қарийб учдан бир қисмидан айрилади, ўнлаб отлари нобуд бўлади.
Сон жиҳатдан анча ғариблашган карвон Иссиқкўл бўйида чодир тикади. Сюань Цзян мазкур “илиқ кўл”нинг “сувини ранги кўкимтир-қора, таъми ачқимтил ва шўрроқ” эканини таъкидлайди. Ғарбий Турк ҳоқонлигининг хони Иссиқкўл соҳилидаги қароргоҳида қишлаб, ёзни қадимий Шошда ўтказиши шоҳиди бўлади.
Сюань Цзян турк хоқони билан 630 йил қиш фасли охирларида Тўқмоқда учрашади. Овдан қайтган хоқон сайёҳни эҳтиром билан қабул қилади. “Хон сабзаранг зарбофт тўн кийган, бошига боғланган шойи дастор пеши орқасига ташланган. Атрофида икки юзтача аъёнлари бўлиб, улар ҳам шоҳона зарбофт тўн кийган, уларнинг бошида ҳам салла бўлган. Хоннинг ўнг ва сўл томонидаги соқчилар моҳирона тўқилган мовут ва мўйна кийимда бўлиб, туялар ва отлар узра қўлларида найзалар ва туғлар ушлаганча салобат билан ўтиришган. Уларнинг ҳисобини бир қарашда чамалаш мушкул эди”. Сюань Цзян Турк хоқони билан илк учрашувини ана шундай баён этади.
Роҳиб Турфон ҳукмдорининг мактуби ва совғаларини хонга ҳадя қилади. Ўз навбатида зиёфатга таклиф қилинади. “Хон чодири кўзни қамаштирадиган заррин матолар билан безатилган. Барча аъёнлар узун бўйралардан жой олишган. Уларнинг эгнидаги шойи кийимлар ҳам кўзни қамаштирган. Хоннинг хос соқ-чиси орқасидан жой олди, у кўчманчилар ҳукмдори бўлса ҳам атрофида белгиланган тартиб ҳукм сурарди”, дея ҳайрат билан баён этади роҳиб сайёҳ.
Дастурхонга ҳил-ҳил пишган қўй ва мол гўштлари мўл-кўл тортилади. Сюань Цзяндан бўлак барча бўзаю шаробларни беармон ичиб, мусиқа садолари остида ниҳолдай тебраниб, айшу ишрат қилади. Гўшт емайдиган роҳибни гуруч нон, қаймоқ, қимиз, қанду новвот, асал ва кишмиш билан сийлайдилар. Турк хоқони билан суҳбат асносида Сюань Цзян барча жонзотларни эъзозлаш зарурлигига урғу бериб, пировард-натижада, нажот келтирадиган диний таълимот ҳақида сўзлайди.
Сюань Цзян бу жойдан жангчи ҳамюрти билан хоннинг ўз вассали – Ганд-ҳар ҳукмдорига муҳофаза мактуби билан йўлга чиқади. Ғарбий хоқонлик султони эса унга эллик той шойи ва қизғиш-қорамтир атлас тўн ҳадя қилади.
Ғарбий хоқонлик пойтахти Шош шаҳрида қисқа муддат ҳордиқ чиқаргач, Сюань Цзян сафарининг энг ғарбий нуқтасига – машҳур Самарқанд замини томон юзланади.
“Шимоли-ғарбда кимсасиз чўл бўйлаб йўл юрдик. На оқар сув, на булоқ, на ўт-ўлан ўсадиган дашти биёбон бўйлаб йўл топиб юриш азоб. Фақат ҳар томонга сочилган устунларни мўлжал қилиб аранг йўл юрдик. Юзлаб чақиримлик кимсасиз масофани минг азобда босиб ўтдик”. Сюань Цзян қадимий Мирзачўл бўйлаб сафарини шундай таърифлайди.
Жаҳонгашта роҳибни қадимий Самарқанд нозу неъматлар, улкан қозонларда қайнаётган шўрваларнинг хушбўй ҳиди билан қарши олади. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Самарқанд шаҳри бозорларидан, Сюань Цзяннинг айтишича, “кўплаб мамлакатлардан келтирилган ашёларни топса бўлади, самарқандлик ҳунармандлар маҳорати эса бошқа мамлакатлардаги касбдошларидан ортиқ бўлса ортиғу асло кам эмас”. Ҳиндистондан келган бой карвон Хитойдан келган карвон билан шу шаҳри азимда учрашади.
Сюань Цзян маркази Самарқанд бўлган Шимолий Шарқдаги Чу дарёси воҳасидан Жанубий Шарқдаги “Темир дарвоза”гача бепоён ўлкани Сўғд деб атайди. Бу даврда сўғд савдогарлари Буюк Ипак Йўли бўйлаб қизғин савдо-сотиқ билан шуғулланган. Ўрта Ер денгизи ҳавзасидаги мамлакатларга, Византияга, Марказий Осиё ва Ҳиндистонга Хитойдан шойи, биринж буюмлар, атир-упа каби безак ашёлари, гуруч, бўёқ айни шу йўл орқали олиб ўтилган. Бу мамлакатлардан Хитойга шиша буюмлар, қуруқ мевалар, сархил сабзавот ва мевалар, пахта, зотли отлар, хилма-хил антиқа ашёлар ташилган. Сўғддан бўрдоқи қўчқорлар, овчи тозилар, қимматбаҳо феруза ва тоғ биллури олиб бориб сотилган.
Жаҳонгашта роҳиб Самарқанд шаҳрини, ҳосилдор заминини, мевали боғ-роғларию гулзорларини ҳайрат билан тасвирлайди. Саманқандликлар маҳоратли тужжорлар эканини таъкидлайди. Суви хуштаъм, ҳавоси мўътадил эканига урғу беради. Аҳолисининг меҳнатсеварлигию мардона экани эътиборини тортади. Самарқанд ҳукмдорига ён-атрофдаги ўлкалар беклари итоат қилишларини ёзади.
Будда роҳиби билан суҳбатлардан илҳомланган Самарқанд ҳукмдори 631 йили Хитойга элчилар жўнатади ва тез орада икки мамлакат ўртасида дипломатия ва савдо муносабатлари йўлга қўйилади.
Сайёҳ Самарқанддан жанубга – Шаҳрисабз сари бурилади. Кейин эса Ҳисор тоғлари бўйлаб “Темир дарвоза” номини олган довондан ошиб, Дарбанд яқинидаги дарадан чиқади.
Сюань Цзян Амударё бўйидаги қадимий Термиз шаҳрида ҳам, албатта, тўхтаб ўтади. Мазкур шаҳардаги бутпарастлар жамоаси, бутхоналару ибодатхоналар унга манзур бўлади.
“Ғарбий ўлкалар бўйлаб саёҳат битиклари”ни ўрганган замонавий тадқиқотчилар Сурхондарёда қатор археологик кашфиётлар қилган. Улар бутпарастлик Марказий Осиёга Буюк Ипак йўли бўйлаб кириб келганини тасдиқлайди. Жумладан, Кўҳна Термиз яқинидаги Қоратепа ва Фаёзтепада топилган бутхоналар Сюань Цзяннинг “Битиклари”да қайд этилган. Будда, Бодҳисатва, Кушон давлати равнақ топган даврларда яшаган шаҳзодалару сарой аъёнларининг ҳайкаллари жаҳон маданияти хазинасини бойитди. Далварзинтепа шаҳристонида 36 килограммли олтин хазинасининг топилиши илмий доираларида кутилмаган фавқулодда воқеа бўлди. Далварзинтепадаги қазилма ишлари ўзбек ва япон олимлари томонидан давом эттирилмоқда.
Ўз даврида Искандар Мақдунийнинг қароргоҳи бўлган Балх шаҳри ҳам будда роҳибида катта таассурот қолдиради. Сюань Цзян мазкур саёҳати асносида будпарастлик таълимотини ёйишда савдо алоқалари катта аҳамиятга молик эканига ишонч ҳосил қилади. Жаҳонгашта савдогарлар янги эътиқод тарғиботчилари вазифасини ўтаган.
Сюань Цзян шундан сўнг Ҳиндикуш тоғлари орқали Бомиён томон отланади. Тоғ довонидан ошишда қор бўронлари сафарни яна ҳам машаққатли этади. Зиёратчининг ўзи бу борада шундай ёзади: “Бу тоғ довони жуда баланд, жарлари эса тубсиз, шу боис йўл юриш ўта хатарли. Шамол ва қор бўронлари тинмайди, ёз фаслида ҳам жуда совуқ. Тубсиз жарликларни қор уюмлари тўлдиргани боис тўғри йўл топиб юриш мушкул. Йўлдан адаштирадиган саробларни айтмайсизми. Боз устига ҳар қадамда каллакесар қароқчиларга дуч келиш мумкин”.
Сюань Цзян карвони йўл машаққатларини мардона енгиб, қароқчиларнинг ҳужумларига чап берган ҳолда Бомиёнга – Буюк Будда водийсидаги воҳа-шаҳарга етиб келади. Йўловчилар рўпарасидаги адирликлар поёнида юксак қоялар қад ростлайди. Қояга ўйиб ишланган бир жуфт улкан Будда ҳайкали уларни ҳайратга солади. Мазкур ҳайкалларнинг йирик ўлчамлари кейинчалик Хитой ва Японияда шундай маҳобатли ҳайкаллар яратишда андоза вазифасини ўтайди. Бомиёндаги мазкур улуғвор ҳайкаллар орадан асрлар ўтиб, диний ақидапарастлар томонидан “мажусийлик асоратлари” сифатида портлатилиши ўша пайтда будда роҳибининг ҳатто хаёлига ҳам келмаган бўлса керак!
Сюань Цзян Бомиёнга ташриф буюрганда шаҳар ҳокими унга пешвоз чиқади ва саройга шахсан ўзи бошлаб келади. Роҳиблар кейинчалик уни водий бўйлаб саёҳатга олиб чиқадилар ва Сюань Цзян ўнлаб бутхоналарни зиёрат қилиб, минглаб роҳиблар билан учрашади.
Жалолобод Будда тўғрисидаги афсоналар билан боғлиқ шаҳарлардан бири ҳисобланади. Шаҳар атрофидаги Соялар ғорида Будда шахсан бўлган ва унинг сояси сақланиб қолган, деган ривоят таъсирида Сюань Цзян мазкур ғорни зиёрат қилади. Ғор яқинига етиб келишганда тиш-тирноғигача қуролланган қароқчилар унинг ва ҳамроҳи йўлини тўсади. Қилич яланғочлаган қароқчилар ҳамласидан ўзини йўқотмаган зиёратчи: “Будда қадамжосини зиёрат қилишга қатъий аҳд қилганман. Шу боис йиртқичлар йўлимни тўсганига ҳам парво қилмайман. Сизлар эса қароқчи бўлсангиз ҳам биз сингари инсонларсиз”, дея уларнинг кўнглига йўл топади. Зиёратчининг жасоратидан ҳайратланган қароқчилар унга йўл берадилар.
Сюань Цзян зим-зиё ғорга киради. Дастлаб ҳеч вақо кўрмайди. Тиз чўкиб тавалло қилиб кўзларидан шашқатор ёш тўкиб, гуноҳлари учун тавба-тазарру қилади, муқаддас битикларни ўқийди. Ниҳоят, ғор деворида шуъла пайдо бўлади. Бу билан қаноатланмаган Сюань Цзян яна тиз чўкиб, таваллога берилади.
Дафъатан ғор равшанлашади ва деворда Будданинг сояси жилва қилади. Аранг кўзга ташланадиган улуғвор тахт узра ўтирган Будда эгнида қизғиш-сариқ либос бўлиб, чеҳрасидан нур тараларди…
Сюань Цзяннинг эзгу орзуси ушалиб, Ҳиндистон заминига қадам қўяди. Будда асарларини ўрганиб, будпараст роҳиблару олимлар билан суҳбатлашиб, мамлакатнинг турли чеккаларидан санскрит қўлёзмаларни қидириб, ўн йил шу диёрда қолади. Юзлаб бутхоналарда бўлиб, будда битикларини тўплайди. Ҳиндистонда қолишни ундан қаттиқ илтимос қиладилар. Бунга жавобан шундай дейди: “Офтоб нима учун жаҳон бўйлаб сайру саёҳат қилади? Соя-кўланкаларга изн бермаслик учун!”
Хитойга қайтиш фурсати етганда, Шимоий Ҳиндистон ҳукмдори Харш роҳибга ҳамроҳ қилиб ўнлаб жангчилар, тўплаган ҳайкаллару қўлёзмаларни элтиш учун отлар беради. Зиёратчига эса фил совға қилади. Бунга қадар оддий роҳибга фил совға қилинмаган эди. Боз устига йўл харажатлари учун уч минг тилла танга ва ўн минг кумуш танга тортиқ қилади, шунингдек, бошқа мамлакатлар ҳукмдорларига муҳофаза мактуби ҳам ёздириб беради.
Ғарбга яширин сафарга отланган Сюань Цзян ўн олти йил ўтиб, Хитойга қайтади. Сафардан кўплаб будпарастлик қўлёзмалари, нодир ҳужжатлар, сафар қайдлари билан қайтиб келади.
“Ғарбий ўлкалар бўйлаб, саёҳат битиклари”ни яратиш устида эса бир йилдан ортиқ вақт тер тўкади. Сўғд, Фарғона водийси, Укшона, Кеш ва Тоҳаристон, Ҳиндистон каби бетимсол ўлкаларнинг тасвири, мазкур мамлакатларнинг бетакрор табиати, эл-элатларнинг урф-одатлари баёни, савдо ва иқтисодий муносабатларнинг шарҳлари, диний-фалсафий мулоҳазалар мазкур китобни бебаҳо тарихий-абадий ёдгорликка айлантирган. Тарихчиларнинг баҳолашларича, “ялан-ғоч саналару ҳукмдорларнинг шунчаки исми шарифларига ва қуруқ расмий маълумотларга Сюань Цзян афсунгар қалами билан мангу ҳаёт бахш этган”.
Жаҳонгашта роҳиб умрининг қолган қисмини будда матнларини хитой тилига таржима қилишга бахш этди. Бу борада биронта хитойлик олим унга тенглаша олмайди. У 664 йил 5 февралда вафот этади. Сюань Цзяннинг исми шарифи жасоратли сайёҳ, назокатли дипломат, йирик файласуф ва тилшунос олим, эзгу ғояга садоқатли диний намоянда сифатида башарият хотирасига мангу муҳрланган.
Темурийлар хизматида
Навқирон Иоганн фон Шильтбергер рицарь Леонгард Рихадтингар яроқбардори бўлган. Боязид Елдирим лашкари билан жангда Рихадтингар ҳалок бўлади ва яроқбардори асир тушади. Ёш Иоганн шу асно етти ухлаб тушига кирмаган қисматни бошдан кечиради ва уларни “Саргузаштлар китоби”да баён этади.
Иоганн Шильтбергер ўн тўрт яшар ўсмирлигида Бавариядан 1394 йили насронийлар қадамжоларини халос этиш учун салиб юриши қатнашчилари билан жангга отланади. Султон Боязид қўшинлари томонидан салб юриши қатнашчилари Дунайга қуйиладиган Шиль дарёси бўйида тор-мор қилингач, Никопол қалъа-шаҳристонида остонасидаги жангда туркларга асир тушади.
1396 йил 15 сентябрда рўй берган мазкур қирғин-барот ҳақида у шундай ёзади: “Қирол Сигизмунд қочганини кўрган рицарлар ва бошқа жангчилар ҳам Дунай дарёси томон қоча бошладилар ва уларнинг айримлари кемага чиқишга улгурди. Кемаларда жой бўлмагани учун қочишга уринганларнинг қўлларини чопиб ташладилар ва улар чўкиб кетишди. Менинг валинеъматим Леонгард Рихадтингар ва бошқа бўлинмаларнинг қўмондонлари олишув қурбони бўлди. Ҳалок бўлганларга нисбатан кўп жангчилар асир олинди. Улар орасида Бургундия герцоги, икки француз аслзодаси ва яна кўплаб бошқа таниқли шахслар, рицарлар, жангчилар бор эди”.
Олтмиш асир билан бирга навқирон йигитча ҳам Боязид лашкари томонидан салтанат марказларидан Бурсага олиб кетилади ва олти йил шу шаҳарда бўлади. Бир гуруҳ насронийлар билан қочишга ҳам уринади, бироқ изидан тушган усмоний жангчилар томонидан яна қўлга олинади. Боши омон қолган Шильтбергер тўққиз ой муддат зиндонбанд қилинади. Кейинчалик султон назарига тушади ва сарой хизматига олинади. У шундай ҳикоя қилади: “Султон Боязид Бобил ва Форс султонларига, Оқ Ўрдаю Буюк Арманистон ва бошқа ўлкалар ҳукмронларига асирларни ҳадя қиларди. Мени Турк султони саройига хизматга олишди ва ўша пайтдаги тамойилга биноан бошқалар билан бирга султоннинг олдида югуриб юришим талаб қилинарди. Олти йил мобайнида хизматимни сидқидилдан адо этганим учун султон аъёнлари билан бир сафда отда юришимга ижозат беришди”.
Шильтбергер хизмати мобайнида насронийлик эътиқодига содиқ қолгани ҳолда дини ислом қоидаларига эҳтиром билан муносабатда бўлади. Жумладан, “Муҳаммад с.а.в. таваллуди ва ислом дини тўғрисида”, кунига беш марта ўқиладиган номоз, мусулмонлар масжидларию мадрасалар ҳақидаги ҳикоятларни ёзиб боради. Шу билан бирга Рамазон ва Қурбон ҳайити оммавий нишонланишини батафсил баён этади. Қурбон ҳайити муносабати билан қўчқорлар ва бўрдоқилар қурбонлиқ қилиниши, уларнинг маълум қисми фақирларга улашилиши, Маккаи мукаррамадаги муқаддас Каъбанинг тавофи асносида ҳаж зиёратлари адо этилиши ҳақида ҳам тўхталади. Мусулмонлар Муҳаммад пай-ғамбар с.а.в. билан бир қаторда Иброҳим алайҳиссалом, Исойи Масиҳ каби набийларни ҳам ғоят эҳтиром қилишларига алоҳида урғу беради.
Усмоний турклар Яқин Шарқда ҳукмронлик қилиш учун Амир Темир билан рақобатга киришади. Тўхтамишхон устидан 1395 йили зафар қозонгач, Соҳибқирон қўшинлари яна ҳам ўзгача куч-қудрат касб этади. Миср мамлуклари билан битим тузган Султон Боязидга илтимосига кўра султон Сайфиддин Баркук мадад сифатида йигирма минг кишилик лашкар юборади. Мазкур ҳарбий юришда “Саргузаштлар китоби” муаллифи ҳам иштирок этади. Амир Темир қўл остидаги Кичик Арманистонга Султон Боязид ҳужум қилиб, Савастия шаҳрини қўлга киритади. Темурнинг вассали бўлган бек Отман шаҳардан қувиб чиқарилади. Унинг даъватига “Лаббай!” деб жавоб берган Соҳибқирон босқинчига қарши жангга отланади ва 1402 йил 20 июлда Анқара яқинида бўлган жангда Султон Боязид қўшинларини енгади. Бошқалар қатори Шильтбергер ҳам асир олинади ва Амир Темир хизматига ёлланади.
Соҳибқирон лашкари билан ҳарбий юришларда иштирок этган Шильтбергер Туркия ва Озарбайжондан Эрон ва Дамашққача, Бобилдан Ҳиндистонгача ўлкаларни кезади.
Шильтбергер битикларида соҳибқирон Амир Темир Ҳиндистонда тўрт юз минг кишилик лашкари билан қилган юриши чоғида сувсиз дашт-биёбонлардан қандай қийинчиликлар билан ўтганини қайд этади. Шундан сўнг машаққатли тоғ довонларидан саккиз кун давомида йўл юришга тўғри келганини, тик тоғ йўлларидан тушишда “туялар ва отларни тахталар билан боғлашга тўғри келгани”га урғу беради.
Ҳинд султонининг жанговар филларига қарши Амир Темир ишланган ҳарбий санъат соҳибқирон ғалабасини таъминлагани, натижада жуда катта ўлжа қўлга киритилгани Шильтбергер битикларида алоҳида тилга олинади.
Соҳибқирон ярим дунёни забт этган жаҳонгир бўлиши баробарида илм ва адабиёт равнақига ҳам алоҳида аҳамият бергани ҳам унинг битикларида таъкидланган. Амир Темир забт этган ўлкаларда шаҳарсозлик ва меъморчиликка алоҳида эътибор қаратгани, Шаҳрисабзда Оқ Сарой, олис Туркистонда эса Аҳмад Яссавий қабри узра мақбара барпо этгани ҳайратомуз бунёдкорлик сифатида таърифланади.
Соҳибқирон хизматида бўлган Шильтбергер, шубҳасиз, Самарқанд заминига ҳам қадам қўяди. У мазкур кўҳна шаҳри азим – замин сайқалини “Чиғатой ўлкасининг пойтахти”, дея таърифлайди. Кўп минг кишилик аҳолисининг жасоратли экани, ярми форсийзабон, ярми эса туркийзабон экани ҳам эътиборидан четда қолмайди. Самарқанд пойтахт сифатида Амир Темир салтанатининг куч-қудрати тимсоли ҳам бўлгани эътироф этилади. Шаҳар улкан муҳофаза девори билан ўралгани, олти дарвозаси бўлгани, марказда эса муҳташам Кўксарой қад ростлаганини битиклар муаллифи ҳайрат билан ёзади. Шаҳар атрофидаги боғ-роғларда ҳам сон-саноқсиз шоҳона кўшклар барпо этилгани муаллиф эътиборига сазовор бўлади. Ўша пайтда шаҳардаги қурилиш ишлари нечоғ жадаллик билан олиб борилганини Шильтбергер алоҳида таъкидлайди.
Амир Темир вафотидан кейин Шильтбергер соҳибқирон ўғли Шоҳрух Мирзо ихтиёрига ўтади. Соҳибқирон васиятга кўра, Табриз Мироншоҳ Мирзо ихтиёрига ўтиши керак эди. Бироқ Юсуф Туркман уни ўзбошимчалик билан эгаллаб олади. Шильтбергернинг ёзишича, Мироншоҳ Мирзо ёрдам сўраб, Шоҳрух Мирзога мурожаат қилади. Шу асно ака-ука темирзодалар Табризни Юсуф Туркмандан тортиб олади. Шоҳруҳ Мирзо ёрдам тариқасида Мироншоҳ Мирзога йигирма минг кишилик лашкар қолдиради. Шильтбергер ҳам айни лашкар таркибида Мироншоҳ Мирзо тасарруфига ўтади.
Шильтбергер кейинчалик Мироншоҳ Мирзонинг ўғли амирзода Абу Бакр қўл остида тўрт йил хизмат қилади.
Амирзода Абу Бакр саройида Олтин Ўрдадан шаҳзода Чакра истиқомат қиларди. Унга Олтин Ўрда тахти таклиф қилиниб, олти юз кишилик хос соқчилар берилади. Улар таркибида Шильтбергер ҳам Дашти Қипчоқ сари йўл олади.
Иоганн Шильтбергер ўз битикларида кўчманчиларнинг антиқа турмуш тарзига оид ноёб фикрларни қайд этади: “Бошоқли экинлардан асосан тариқ экишади. Нонни кам истеъмол қилишади ва шаробни ҳам кўп ичишмайди. Асосан бия, туя сути ва эти билан озиқланиб, қимиз асосий ичимлик вазифасини ўтайди. Хон ҳам, аъёнлари ҳам ёзу қишда бола-чақаларию бор-будини карвонларга ортиб, пода-отарлари билан яйловдан яйловга кўчиб юради”.
Синчков ва қизиқувчан Иоганн Шильтбергер Дашти Қипчоқ аҳолисининг ҳаётига хос оддий жиҳатларни ҳам эътибордан қочирмайди: “Егуликлар муаммо бўлган кезларда отнинг танасига бигиз тиқиб, қонини ичакларга тўлдириб, қайнатиб истеъмол қилганларини кўрдим. Шошилинч сафар қилиш зарурияти пайдо бўлса, гўштни тасмадай бўлакларга бўлиб, эгарнинг тагига босадилар. Эгар остида эзилиб сели оқади ва қуриши асносида от танасининг ҳарорати билан гўшт майинлашади. Олдиндан тузланган бундай гўшт гўё махсус пиширилгандай жуда хуштаъм бўлади. Улар чордона қурган ҳолда овқатланадилар ва ичимлик ичадилар”.
Дашти қипчоқ жангчиларининг ўта жасоратли эканига Иоганн Шильтбергер битикларида алоҳида урғу беради. У бир неча жангларда иштирок этади, ярадор бўлади. Турли ўлкалар бўйлаб ҳарбий сафарда иштирок этиш асносида тақдир тақозоси билан Кавказга, Мингрелияга бориб қолади. Шу ерда беш насроний билан “ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам ўз она юртимизга қайтамиз”, дея аҳд қилади. Улар Кафу, Батуми, Синоп каби бирнеча кўҳна шаҳарлар бўйлаб ўз юртига қайтади.
Иоганн Шильтбергер Баварияга 1427 йили, қирқ етти ёшида қайтиб келади. Жаҳонгашта Шильтбергер муқаддас қадамжойларни қилич билан эмас, чинакам зиёратчи сингари асо билан тавоф қилиш зарур, деган хулосага келади. Ҳаётининг сўнгги ўн йилини саргузаштлари ва саёҳатлари билан боғлиқ хотираларни ёзишга бахш этади.
Туркия, Болқон ороли мамлакатлари, Олтин Ўрда, энг муҳими она ватанимиз Ўзбекистоннинг ўрта асрларга оид тарихини ўрганувчи тадқиқотчилар учун Иоганн Шильтбергернинг “Саргузаштлар китоби” ўзига хос дастуриламал вазифасини ўтайди.
Қадимий тамаддунлар шайдоси
Жаҳонгашта сайёҳлар орасида америкалик Рафаэль Пампеллининг алоҳида ўрни бор. Нью-Йорк штатининг Овего шаҳрида 1837 йил банкир оиласида туғилган Пампелли ватанида академияда таҳсил олгач, Франция ва Германияда геология ва тоғ-кон илмини чуқур ўрганади. Корсикадаги геология-разведка ишларида иштирок этади, Аризона штатидаги кумуш конларида тер тўкади, Япония ҳукуматининг таклифи билан мазкур мамлакатда илмий тадқиқотлар билан шуғулланади.
Пампелли Япониядан Хитой, Мўғулистон ва Сибирь орқали қайтишга қарор қилади. У бошчилик қилган тадқиқотчилар гуруҳи йўлининг маълум қисми қадимий Буюк Ипак йўли орқали ўтади. Кимсасиз чўлу биёбонлардаги геологик намуналар жуда қимматли бўлгани учун мазкур машаққатли йўл танланади. Мўғулистон паст текислиги бўйлаб қишки сафар, айниқса, машаққатли кечади.
Қўшма Штатларга қайтиб келган Пампеллига Осиёга такрорий сафар уюштириш нияти тинчлик бермайди. XIX асрнинг ўрталарида орийлар ирқи келиб чиққан жой масаласи аксарият олимлар учун муҳим муаммога айланади. Шунга оид қатор ҳужжатларни синчиклаб ўрганган Пампелли орий ирқига мансуб миллатлар ва элатлар ватани Марказий Осиё бўлиши мумкин, дея тахмин қилади. Шу мақсадда Марказий Осиё бўйлаб тегишли илмий изланишлар билан шуғулланадиган тадқиқотчилар гуруҳи ташкил қилади. 1903 йил Карнеги институти орийларнинг асл ватанини излаб топиш ишларига Пампелли шахсан раҳбарлик қилиши шарти билан тегишли маблағ ажратади.
Рафаэль Пампелли, унинг ўғли Велес Пампелли, профессор М.Дейвис ва ассистент Э.Хангтингтондан иборат тадқиқотчилар гуруҳи Боку шаҳридан сафарни бошлайди. Каспий денгизидан кечаси сузиб ўтадилар. “Тонг ёришаётганда кема палубасида эдим, – деб ёзади ҳаяжон билан Пампелли. – Нурафшон Шарқ осмони кўзимга қадимий сирли олам дарвозасидай кўринди. Жамики миллатлар ва элатлар, Тангрилар ва афсоналарнинг ватани оғушига чорлаётгандай энтикдим”.
Сайёҳлар ҳозирги Туркманистон замини бўйлаб сафар қилар экан, геологик нуқтаи назардан қизиқарли маълумотларга эга бўладилар. Айни пайтда тупроққўрғонлар, мақбаралар сингари тарихий обидалар уларнинг эътиборини тортади.
Илмий тадқиқотчилар Ашхободдан бир неча чақирим шарқда жойлашган Анау шаҳристони вайроналарини кўздан кечиради. Шаҳристон ёнида иккита йирик қўрғон бўлиб, улардан бири хазина қидирувчилар томонидан чуқур қазилган бўлиб, бир неча маданий қатламларга эга экани билан уларни қизиқтиради.
Байрам Али шаҳри яқинида жойлашган қадимий Марв шаҳри вайроналарини ҳам улар катта қизиқиш билан томоша қиладилар. Мўғул босқинчилари томонидан вайрон қилинган мазкур шаҳарда Султон Санжар мақрабасини синчиклаб кўздан кечирадилар. Пишиқ ғиштдан тикланган мазкур мақбара ўзига хос меъморий улуғворлиги, шарқона безаклари билан тадқиқотчиларда алоҳида қизиқиш уйғотади.
Тошкентга келгач, тадқиқотчилар икки гуруҳга ажралади. М. Дейвис ва Э. Хангтингтон Қашқар ва Иссиқкўл томон йўл олади. Р.Пампелли ва унинг ўғли эса Марғилон, Андижон ва Ўш орқали Помир тоғларини мўлжаллаб йўлга тушади.
Пампелли ўз ўғли билан Андижон шаҳри яқинида поезддан тушишга мажбур бўлади. Уларнинг ташрифидан бир неча ой муқаддам рўй берган даҳшатли зилзила қадимий шаҳарни салкам ер билан яксон қилганди.
Пампелли ўз ўғли билан Помир тоғлари узра “Дунё томи”га юксалади ва Қоракўл кўли воҳасига энади. Уларнинг нигоҳи қаршисида ўзига хос яланг музлик намоён бўлади. Ҳаво ҳароратининг тез ўзгариши натижасида ҳатто тоғлар ҳам емирилишини қайд этадилар.
“Бу тасаввурга сиғмайдиган манзара эди, – деб ёзади Р. Пампелли. – Ўғлим иккимиздан бўлак зоғ ҳам учмайдиган кимсасиз даштда музликлар билан қопланган қоялар ва чўққиларга ҳайратланиб тикилардик. Кечаси шундай сукунат ҳукм сурдики, биз ўзимизни чексиз коинот бағрида кичикдан ҳам кичик зарра сингари ҳис этдик.
Орийлар ирқи келиб чиқиши хусусида шуни айтиш мумкинки, бу жой бирон тамаддун бешигидан кўра, қабристонга кўпроқ ўхшарди. Лекин юксак Помир тоғининг ён бағирларида орийлар тилига яқин лаҳжада гапирувчи элатлар истиқомат қилади. Улар турли босқинчиларнинг ҳужумларидан жон сақлаш мақсадида мана шу жойлардан бошпана топган қабилаларнинг қодиқлари бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас”.
Помир сафари муҳим геологик маълумотларни қўлга киритишда алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, камида учта Музлик даври рўй берган, деган хулосага келинди.
Помирдан қайтиш асносида толмас саёҳатчи Наманган шаҳри яқинидаги Ахсикент шаҳри вайроналари билан қизиқиб, маълум муддат қазилма ишлари билан шуғулланади. Ахсикент ХШ асрга қадар Фарғона водийсининг йирик шаҳарларидан бири бўлиб, Самарқанд, Бухоро билан бир қаторда Буюк Ипак йўли бўйлаб жойлашган савдо маркази бўлган.
Саёҳатчилар Самарқанд шаҳрида ҳам маълум муддат бўлгач, Бухоро хонлигида ҳам бўладилар. Толмас тарихшунос бўлган Пампелли қадимий Пойкент шаҳри вайроналарини ҳам кўздан кечиради. Мазкур шаҳар эрамизгача биринчи асрда Буюк Ипак Йўли бўйлаб жойлашган йирик марказлардан бири бўлган. Шарққа Хитой томонига ва Ғарбга Европага элтадиган карвон йўлларини қум барханлари кўмиб юбориши, энг муҳими эса Зарафшон дарёси сатҳининг пасайиши оқибатида мазкур қадимий шаҳардаги ҳаёт завол топади.
Мазкур сафар натижасида тўпланган маълумотлар Марказий Осиёда қадимий тамуддунларни қидириб топишда муҳим аҳамиятга эга обидалар мавжудлиги яна бир марта ойдинлашади.
Осиё бўйлаб беармон сафар қилган Пампелли Бухорони гўзал шаҳарлардан бири сифатида эътироф этади.
“Минораи Калон ҳақида жуда кўп эшитгандим, ниҳоят салкам эллик метр-лик мазкур минора маҳобатини ўз кўзим билан кўриш бахтига мушарраф бўлдим. Мазкур бетакрор меъморий обида Бухоро ўтмишда нақадар буюк шаҳар бўлганидан шоҳидлик берарди.
Бухоро шаҳрининг улкан бозоридаги тартиб лол этди. Тор кўчаларнинг барчаси усти ёпилган. Мазкур Тимлар остидан жой олган дўконлардан исталган нарсангизни харид қилишингиз мумкин. Бухоролик чеварлар томонидан тикилган зардўзлик кийим-кечаклари, камалакдай товланадиган гиламлар маҳлиё қилди. Уларнинг айримларидан харид қилдик. Бу шарқона безаклардан кўпроқ харид қилмаганимиз учун кейинчалик афсусландик”.
Олим ва унинг ҳамроҳлари бухоролик мансабдорлардан бирининг уйида зиёфатда бўлади. Кечки пайт эса кўҳна шаҳар фахри Лаби ҳовузни зиёрат қилишади.
“Лаби ҳовуз атрофида бой-фақирлигидан қатъи назар бутун Бухоро аҳли тўплашининг гувоҳи бўлдик, – деб ёзади Пампелли. – Айрим бухороликлар бошдан-оёқ зарбофт кийимлар билан безанган бўлса, айрим қашшоқлар эгнига дуч келган увадани илиб олгандай туюларди. Мешкобчилар ҳовуздан сув олишар, бир қанча кишилар эса ҳовуз зиналарида уларни биз сингари томоша қилишарди”.
Сафар қатнашчиларида Самарқанд шаҳри ҳам катта таассурот қолдиради. Пампелли мазкур шаҳар қадимда Мароқанд деб аталганини ҳам қайд этади:
“Самарқанд азал-азалдан кенглиги жиҳатидан ҳам, аҳолисининг кўплиги борасида ҳам, фаровонлик нуқтаи назаридан ҳам буюк шаҳар бўлиб келган. Кўҳна шаҳар ҳамон бетакрор тарихий обидалари, сўлим хиёбонлари ва тўкин боғ-роғлари, сарвқад теракзорлари билан ром этади”.
Пампелли Самарқанд шаҳрининг тарихий муҳташам обидалари, Афросиёб шаҳристонини катта қизиқиш билан кўздан кечирганини ўз эсдаликларида алоҳида таъкидлайди.
Мазкур кўҳна шаҳарда экспедиция қатнашчилари яна икки гуруҳга ажралади. Рафаэль Велес билан Хомер Киддер Зарафшон ва Помир тоғлари орқали Қашқарга йўл олади. Иккинчи гуруҳ эса Хива шаҳри зиёрати сари йўлга тушади. Рафаэль Пампелли ўз юртига йўл олар экан, келаси йили Марказий Осиёга яна қайтиб келишга қатъий аҳд қилади.
Янги илмий сафар учун барча ҳозирликлар кўрилади ва 1905 йил навбатдаги сафарни бошлаш мўлжалланади. Бироқ Россияда бошланган инқилобий воқеалар. Туркистон ўлкаси бўйлаб эса ўта юқумли касаллик тарқалгани боис сафар қолдирилади. Профессор Р.Пампелли қадимий тамуддунлар ва уларнинг Шарқ билан алоқаси масаласини Европа ва Америкада ҳам ўрганишни давом эттиради. Олимнинг ўғли, тоғ муҳандиси Р.В.Пампелли эса Америкага қайтгач, фермерлик билан шуғулланади. Лекин мафтункор Осиёни ҳеч қачон ёддан чиқармайди. Ўзининг йирик гўзал боғ-роғини қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар – “Самарқанд” номи билан атайди.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 11-сон.