Жаҳон тарихида ёрқин из қолдирган улкан қаҳрамонликлар Ватанни босқинчилар асоратидан озод этиб, элу юртни мустамлака зулмидан халос этишда яққол намоён бўлади. Ўз халқининг даҳо халоскори сифатида довруқ қозонган соҳибқирон Амир Темур бобомиз шундай табаррук сиймолардан ҳисобланади.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг яқинда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Амир Темур сиймоси” номли илмий бадиасида Амир Темурнинг бутун жаҳон эътиборини тортган улуғ зафарлари, буюк соҳибқироннинг шахсияти қизиқарли сюжет, пухта ўйланган композиция, илмий тафаккур орқали жозибали тасвир этилган.
Қуйида ана шу китобдан бир кичик бобни муштарийларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
Евроосиё деб аталган икки буюк қитъани бир ярим аср давомида зир титратган Олтин Ўрда ва чингизийлар империяси Турон султони Амир Темурнинг ўттиз йил давомида берган қақшатқич зарбаларидан нест-нобуд бўлгани бутун дунёнинг эътиборини тортди. Айниқса, унинг қаҳратон қиш кунида беш ой чўлу биёбонлар оша йўл босиб бориб, Тўхтамишнинг сон жиҳатидан устун бўлган қўшинини Олтин Ўрда ҳудудида тор-мор қилгани нафақат осиёликлар, балки европаликларни ҳам ҳайратга солди. Осолнликча жон бермайдиган золимлар империяси тўрт йил ўтгач яна куч тўплаб қайтадан майдонга тушганда, Амир Темур Кавказ тоғлари орқали ўтиб, Каспий денгизи соҳилидан қўшин тортиб келгани ҳамда Тўхтамиш лашкарини Терек дарёси бўйида узил-кесил яксон этгани бутун дунёни лол қолдирди. Бу афсонавий ғалабалар инглиз драматурги Кристофер Марлонинг Амир Темурга бағишлаб бир эмас, иккита саҳна асари яратишига сабаб бўлди. Бу асарларга қуйидагича узун ном берилади: “Ўзининг кўз кўрмаган ва қулоқ эшитмаган зафарлари билан буюк ва қудратли ҳукмдор даражасига етган, ҳамда жангларда рақибларига солган даҳшати ва шафқатсизлиги туфайли худонинг ғазаби деб ном олган Амир Темур тарихи”.
Марло ўзи кўрмаган ва узоқ Англияда яшаб хаёлан тасаввур этган воқеалар тасвирида ҳақиқатдан йироқ уйдирмалар ҳам бор, бу ҳақда биз китобнинг кейинги қисмида батафсилроқ ёзамиз. Аммо бу ерда машҳур инглиз драматурги Амир Темурни буюк ва қудратли ҳукмдор деб атагани, унинг ғалабаларини кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган мислсиз зафарлар деб таърифлагани ҳақиқатга мос келади.
Марлога узоқдан афсонавий қаҳрамон ва худонинг ғазабидек шафқатсиз бўлиб кўринган Амир Темурни бошқа бир европалик зиёли инсон яқиндан кузатиб, у ҳақда илиқ хотиралар ёзиб қолдирган.
Асли италиялик бўлган ва Султония христианларининг епископи лавозимида хизмат қилган Иоанн Гринло номли руҳонийнинг Парижда машҳур Лувр кутубхонасида сақланаётган эсдаликлари бор. Унда Иоаннинг Амир Темур билан Султонияда қандай учрашганлари, соҳибқироннинг ишончини қозониб, унинг элчилари қаторида Парижга боргани ва Франция қироли билан музокаралар ўтказгани ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган. Епископ Иоанн бир қанча вақт Амир Темур қароргоҳида яшайди ва унинг ҳаёт тарзини яқиндан кузатиб қуйидагиларни ёзади: “Темурбек шароб ичмайди, қимизни ва ёш тойчоқ гўштидан қилинган қазини, гуручли таомларни яхши кўради… Унинг яна бир одати — хушбўй атирларни ёқтиради. Унга дунёнинг турли мамлакатларидан нодир атирлар, ифорлар совға қилиб келтиришади. Унинг шоҳона чодирига яқинлашганингизда хушбўй ифор ҳидлар димоққа урилади.
Темурбек жуда дидли ва жозибали йигит бўлган экан. Ҳозир ёши олтмишдан ошган бўлса ҳам унинг ўша диди ва жозибаси сақланиб қолган. Суҳбатдошини оҳанрабодай ўзига тортувчи сўз ва муомала билан ҳар қандай одамни ром қилади…
Темурбекдек мустаҳкам хотирага эга бўлган киши дунёда кам топилса керак. Хотирасининг беҳад мустаҳкамлигидан ўн минглаб беку навкарлардан ҳар бирининг исмини билади, отини айтиб буйруқ беради. Бу ҳол беку навкарларнинг унга ҳурмат ва садоқатини оширади.
Темурбек ўз навкарлари сафида совут кийиб жангга киради, ўлимдан қўрқмайди”.
Епископнинг бу хотиралари ўзбек тилига Ж.Ҳазратқулов томонидан таржима қилинган ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 1995 йил 23 июн сонида чоп этилган.
Епископ Иоанн Амир Темурнинг ўта саховатли ва кечиримли инсон бўлганини махсус таъкидлаб сўзида давом этади: “У Испания қиролига элчи юборганида, шунчалик кўп қимматбаҳо нарсалар совға этдики, уларни кўтариб бориш учун йигирматача хачир керак бўлди. Темурбек, жумладан, насроний канизаклардан бўлмиш икки гўзал қизни ҳам элчи воситасида Испания қиролига жўнатади”.
“Темурбек олиму уламоларни, шоирларни беҳад ҳурмат қилади, сабаби — унинг ўзи олим ва донишманд эди”.
Европалик диёнатли бир одамнинг юқорида келтирган ҳамма таърифлари асосли эканини Соҳибқироннинг умр бўйи қилган хайрли ишлари, яратиб қолдирган улкан маданий мероси, адолат ва ҳақиқат учун олиб борган курашлари, “Темур тузуклари”дай ўлмас асари тасдиқлаб турибди.
Масалан, у Тўхтамиш устидан иккинчи марта ғалаба қозониб ватанга қайтганда “ҳар бир вилоятга бир яхши кишини юбордики, раъият аҳволидан хабардор бўлғай ва ҳар вилоятдаким, фақиру мискин ва дарвешу мустаҳақи бўлса, йиллик озиқ, кийим, кафш ва этик, фўта ва дастор берсинлар”.
Амир Темурнинг адолатпарварлиги ва халқпарварлиги, айниқса, раъият деб аталадиган оддий одамларни, ёрдамга муҳтож мискинларни, золимлардан жабр кўрган мазлумларни ўз ҳимоясига олиши унинг энг олижаноб инсоний фазилатларидан эди.
Айни вақтда, Соҳибқирон ободончилик ва бунёдкорлик ишларига вақтини ҳам, маблағини ҳам аямасди.
1397 йилнинг баҳорида у Чиноз ва Тошкент орқали Туркистоннинг Ясси мавзесига Аҳмад Яссавий қабрини зиёрат қилишга боради. 1391 йилнинг қиш кунида Тўхтамишга қарши қўшин тортиб бораётганида зиёратгоҳ ҳовлисидаги қудуқдан шифобахш сув ичгани ва ўшанда кўнглига туккан нияти унинг ёдида турган эди. Шу ниятни рўёбга чиқариш учун уста муҳандисларни чорлаб, Аҳмад Яссавий қабри устига улуғвор мақбара қуришни буюради.
Тарихий манбаларда бу ҳақда шундай дейилади:
“Фармони олий бунёд бўлди: мақбаранинг гумбазини шундай бунёд этсинларки, ич томонидан айланаси бир юзу ўттиз газ бўлсин… Гумбазнинг қутри (диаметри) қарийб қирқ бир газ бўлиши керак, деворлар баландлиги ҳам шунга мутаносиб кўтарилмоғи керак. Деворлари ва қуббаси рангли кошинлар билан безатилсин…
Қабр устига қўйиш учун Табриздан нодир мармартош келтирилсин. Эшикларни етти хил маъдан қотишмасидан ясасинлар. Қурилишни якунлаш Мавлоно Садр Убайдуллага топширилсин”. Буйруққа биноан мақбара қурилиши бир йилда тугади.
Ясси шаҳри жойлашган чўл жойга қурилишнинг кошину мармари Самарқанддан ташиб келтирилади. Лекин бу олижаноб ишга шунча катта кучлар ва зўр устаю муҳандислар сафарбар этиладики, Аҳмад Яссавий мақбарасининг бугун ҳам бепоён чўллар сатҳида осмонга бўй чўзиб тургани бутун дунёдан келиб-кетаётган сайёҳларни лол қолдиради.
Шундай улуғвор, гўзал ва мустаҳкам қилиб қурилган Яссавий мақбараси Амир Темур ҳиммати билан бир йилда бунёд этилгани кишига мўъжизадек туюлади.
Шунга ўхшаш яна бир мўъжиза Оҳангарон дарёсининг Сирдарёга қуйиладиган хушманзара жойларида қад кўтарган қадимий шаҳар — Бинокентнинг тақдирига оиддир. Бу қадимий шаҳарни Чингизхоннинг ваҳший лашкарлари таг-тугигача вайрон қилиб, бутун аҳолисини қириб ташлаган ва инсон яшамайдиган вайронага айлантирган эди. Амир Темурнинг буйруғи билан бу шаҳар янгидан бунёд этилди, ораста иморатлар қурилиб, унга атрофдан оилалар кўчириб келинди, гўзал боғ-роғлар пайдо бўлди, шаҳар атрофи мустаҳкам қўрғон билан ўраб олинди. Бунинг ҳаммасидан мамнун бўлган соҳибқирон кенжа ўғли Шоҳруҳ Мирзога катта ишонч билдириб, шаҳарга Шоҳруҳия номини берди.
Тарихдан маълумки, Шоҳруҳ Мирзо улуғ валинеъматининг бу ишончини оқлади, отасининг ўлимидан кейин унинг буюк салтанатини инқироздан сақлаб қолди ва яна 45 йил бу салтанатни адлу инсоф, ақлу фаросат билан бошқарди.
* * *
Амир Темур бутун дунёни худонинг мулки деб биларди. Унинг эътиқод қўйган Пири комили Таёбодий Соҳибқиронга ёзган мактубида “Парвардигорнинг мулкида адолатли иш тутгилким, мамлакат куфр билан туриши мумкин, лекин зулм бор ерда туролмайди”.
Амир Темур доим бу насиҳатга амал қилади. Унинг эътиқоди бўйича, бошқа мамлакатлар ҳам бир Худонинг мулки ҳисобланади. “Худонинг мулкини золимлар, бидъатчи мунофиқлар қўлидан тортиб олиб адолат ўрнатиш учун белга ҳиммат камарини боғладим” — дейилади “Темур тузуклари”да. — Бирон мамлакатда жабр-зулм, фисқ-фасод кучайиб кетаркан, асл подшолар зулм ва фисқ-фасодни йўқотиш ва адолат ўрнатиш учун ўша мамлакатга … боришлари лозим”.
Амир Темур мана шу эътиқодга асосланиб, чингизийлар мустамлакага айлантирган Олтин Ўрда ҳудудларидаги қатор ўлкаларни золимлар асоратидан озод қилди. Кейинчалик Табриз ва Бағдодни Аҳмад Жалоир деган золимнинг зулмидан халос этди. Қора Юсуф деган йўлтўсар золим ҳажга борадиган карвонларни талайди, бегуноҳ ҳожиларни ўлдиради. Амир Темур унинг қўшини билан жангга киришиб, Қора Юсуфни мағлуб этади. Соҳибқирон бу қароқчини қўлга тушириб жазосини бермоқчи бўлганда, Қора Юсуф ўз одамлари билан Туркия подшоси Йилдирим Боязиднинг даргоҳига бориб ҳимоя топади. Табризда жуда кўп жабру зулм ва талончиликлар қилган Аҳмад Жалоирни ҳам Боязид ўз ҳимоясига олади. Соҳибқирон Боязидга элчилар юбориб, бу золим ва талончиларни ўзига топширишни талаб қилади.
Ўша кезларда салб юришларига қарши урушиб, Европада катта ғалабаларга эришган Боязид Амир Темурни писанд қилмайди ва унинг ҳақли талабини бажармайди. Бунга бошқа келишмовчиликлар ҳам қўшилиб, икки орада низо чиқади.
Бу низодан салб урушида мағлуб бўлган ва энди нажотни Амир Темурдан излаётган ғарб давлатлари усталик билан фойдаланадилар. Амир Темур Султонияда эканида унинг ҳузурига Испания ва Франция элчилари келиб, иқтисодий ҳамкорлик қилишни таклиф этадилар.
Амир Темур ҳам Франция ва Испанияга ўз элчиларини юбориб, улар билан яхши алоқа ўрнатади, савдо-сотиқни йўлга қўйиш, Европадан Эрон ва Марказий Осиё орқали Хитой ва Ҳиндистонгача борадиган Ипак йўлини қайта тиклаш тўғрисида келишиб оладилар. Аммо бу режанинг амалга ошишига Йилдирим Боязиднинг босқинчиликлари катта ғов бўлиб турар эди.
Боязид қўшинлари Босфор бўғозини ва Константинополь шаҳрини қамал қилмоқда эди. Бу ҳодиса ҳам Европа билан Шарқ мамлакатларининг савдо-сотиқни ривожлантиришларига тўсиқ бўлиб турарди.
Константинополь шаҳри ўзи алоҳида давлат ҳисобланарди. Унинг Мануэль исмли қироли бир эмас икки марта шахсан ўзи Султонияга, Амир Темур ҳузурига қимматбаҳо совғалар билан келиб, Боязид қамалидан қутулишида ёрдам беришини ўтиниб сўрайди.
Йилдирим Боязид босиб олган ерларида бутун-бутун эл-юртларга жабр-зулм ўтказаётгани ҳақида Амир Темурга ўша ёқда иш олиб бораётган ўз махфий одамлари ҳам жуда кўп ахборот юбориб турадилар.
Зулмга қарши курашни ўзининг бурчи деб билган ва Европа ерларини ҳам бир худонинг мулки деб ҳисоблаган Амир Темур аввал Йилдирим Боязидга ётиғи билан мактублар ёзиб, уни адолат йўлига қайтишга ундаб кўрди. Аммо бундан ҳеч натижа чиқмади. Амир Темурнинг охирги мактубларига Боязид ҳақоратомуз сўзлар билан жавоб берди ва “Кимки жанг қилишдан бош тортса хотинлари талоқ бўлсин!” деган қўпол ибораларни ёзиб юборди.
Шундан кейин Амир Темур икки юз минг қўшинга бош бўлиб, ўз лашкарлари учун энг қулай жойни Ангурия (ҳозирги Анқара) атрофларидан топди. Саркардалик даҳоси ва адолат йўлидаги пок ният бу гал ҳам Соҳибқиронга оламшумул ғалаба келтирди.
Жанг охирида Йилдирим Боязид асир олинди. Инглиз драматурги Кристофер Марло ортиқ даражада фантазияга берилиб, Амир Темур Боязидни темир қафасга солиб олиб юрганини, унинг ўғиллари ҳам асирга олиниб, от ўрнига аравага қўшилгани ва тўрт оёқлаб арава тортганини тасвирлайди.
Ҳолбуки, Амир Темур касалманд Боязидга нисбатан олижаноб муносабатда бўлади. Унга ўз чодири ёнидан ипак билан сирилган махсус чодир ўрнаттиради.
Боязиднинг катта ўғли Сулаймон Чалабий Амир Темурга элчи юбориб, унинг хизматида бўлмоқчи эканини билдиради. “Соҳибқирон лутфу карамидан қайсарзодага олтин камар билан Асқария вилояти ҳокимлигини бериб, ол тамға босиб ёрлиқ юборди. Ва иниси Исо Чалабийдан ҳам Қутбиддин отлиқ бир киши элчиликка келди. Анга дағи лутф ва марҳамат қилди”.
Амир Темурга душманлик руҳида ёзилган айрим ҳикоятларда гўё Боязиднинг хотинлари ва қизлари шармандали аҳволга солиниб, хор қилингани айтилган.
Бу — туҳмат эди.
Аслида Амир Темур аёлларга ҳеч вақт бундай муносабатда бўлмаган. Боязиднинг хотин ва қизларини Шайх Нуриддин Бурсада асир олиб, Амир Темур ҳузурига келтиради. Шунда соҳибқирон “Боязиднинг хотунини ва қизларини киши-қароллари била Йилдирим Боязид ихтиёрига қайтарди” дейилади Яздий “Зафарнома”сида.
Албатта, ғолиблар Бурсадаги хазиналарнинг олтин ва жавоҳирларини қатор-қатор туялар ва араваларга ортиб олиб кетадилар. Бу бойликларнинг катта бир қисми икки юз минг кишилик ғолиб лашкарнинг беку навкарларига мукофот тарзида улашилади. Қолган қисмлари Самарқандга олиб келинади.
Амир Темур Боязид устидан ғалаба қозонган бўлса ҳам, Туркияни ўз мустамлакасига айлантирмайди. Бу мамлакатга ўз ўғил ва невараларидан бирортасини подшо ёки ҳоким қилиб қўймайди. Балки Туркия бошқарувини яна ўша Усмонлилар сулоласи ихтиёрида қолдиради. Фақат энди сиёсат тубдан ўзгаради. Туркиянинг Амир Темур тайин этган янги ҳукмдорлари Европа мамлакатларига қарши диний ғазотни тўхтатадилар. Никополда асир тушган салб юриши иштирокчилари озод қилинади. Энг муҳими — Константинополь шаҳри ва Босфор бўғозининг турклар томонидан қамал қилиниши эллик йилга тўхтатилади.
Шу тарзда Ғарб билан Шарқ ярим асрга бўлса ҳам ўзаро адоватни тўхтатиб, адолат ва ҳамкорлик йўлига киради. Буюк Ипак йўли қайта тиклана бошлайди.
Амир Темурнинг Туркияда эришган ғалабаси бутун дунёни қойил қолдиради. Англия, Франция, Испания қироллари уни бу мислсиз улкан ғалаба билан қайта-қайта табрикладилар. Шу ғалаба натижасида Амир Темурни “Европанинг халоскори” деб улуғлайдиган одамлар пайдо бўлди. Улар ҳатто Амир Темурга олтиндан кичик ҳайкал ясаб, уни шу ажойиб сўзлар билан безаганлари ҳужжат сифатида бизгача етиб келган.
Француз олими Люсьен Кэрэн қуйидаги эътиборга лойиқ бир фактни келтиради:
“Яқинда Жерар Вальтер ва Марсель Брион Амир Темурни ўзларининг “Асрлар ёдгорлиги” деган асарларига қаҳрамон қилиб танлашди ва Амир Темурни “XV аср тақдирини ҳал қилган инсон” деб аташди”.
Ҳақиқатдан ҳам XV асрнинг охирида ва XV асрнинг бошида бутун дунёнинг йирик қадамлар билан олға кетишида Амир Темурнинг қаҳрамонона фаолияти ҳал қилувчи мавқеъини эгаллади.
XV асрда дунё тушунчаси ҳозиргидай кенг ва катта эмас эди. У пайтда ҳали ҳар икки Америка қитъаси, Австралия, Марказий Африка, Океания ороллари кашф этилмаган эди. У замоннинг одамлари дунё деганда Европани, Осиёни ва Африканинг шимолидаги Миср каби мамлакатларни назарда тутар эдилар.
Ўша давр нуқтаи назаридан қараганда Амир Темур Европа ва Осиёнинг энг катта қисмини эгаллаб олган Чингизхон империясининг жабру зулмидан, аввало, ўз ватанини, сўнгра Хуросон, Эрон, Озарбойжон, Россия, Украина каби мамлакатларни халос қилгани чиндан ҳам унинг XV аср тақдирини ижобий томонга қараб ўзгартира олган улуғ сиймо бўлганини кўрсатади. Бунинг устига Болқон ва бошқа Европа мамлакатларини Йилдирим Боязид тажовузларидан қутқаргани унинг XV аср тақдирини ҳал қилган даҳо инсон бўлганини яна бир бор исбот этади.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 37-сонидан олинди.