Халил Султон

(1384–1411)

(1405-1409)

Темурийлардан бўлган Мовароуннаҳр ҳукмдори. Амир Темурнинг набираси. Мироншоҳнинг ўғли. Сарой Мулкхоним (Бибихоним) тарбия қилган. 15 ёшли Халил Султон Соҳибқироннинг Ҳиндистонга қилган юришида (1399-1400) қатнашиб жасорат кўрсатган. Қуйи табақадан чиққан Шодимулкка уйланиши билан Амир Термурнинг ғазабига учраган, сўнг кечирилган. Соҳибқироннинг Хитойга қилган юришида Халил Султон қўшиннинг ўнг қаноти бошлиғи этиб тайинланган. Амир Темурнинг васиятига мувофиқ Пирмуҳаммадни тахтга ўтқизиш тарафдорлари кучли бўлса-да, бироқ 1405 йилнинг 18-мартида Самарқандни эгаллаб, ўзини Мовароуннаҳрнинг олий ҳукмдори деб эълон қилган. У гарчи бобосидан қолган хазиналар воситасида Соҳибқироннинг нуфузи аъён ва киборларидан маълум қисмини ўз тарафига оғдириб Мовароуннаҳр тахтини эгаллаб олган бўлса-да, аммо кўп вақт ўтмай у Амир Темурнинг садоқатли амирлари, вилоят ноиблари ва шаҳзодаларнинг кучли норозилиги ва исёнига дуч келади. Биринчи бўлиб, Туркистон ҳамда Фарғонанинг ҳокими амир Худайдод билан Шайх Нуриддин Халил Султонга қарши исён кўтарадилар. Ҳатто унинг ўз укаси Мирзо Султон Ҳусайн Амударёнинг чап соҳили вилоятларида ўз ҳокимиятини ўрнатмоқ ниятида акасига қарши бош кўтаради. Ўз навбатида Амир Темур тахтининг асосий валиаҳди Пирмуҳаммад Амударёдан кечиб ўтиб, Халил Султонга қарши Насафга томон аскар тортади. Амир Худайдод Ўратепа ва Шоҳруҳия шаҳарларини осонгина қўлга киритиб, Самарқанд томонга аскар тортади. Шероз яқинида Зарафшон дарёси бўйида содир бўлган жангда Халил Султон қўшини мағлубиятга учрайди, ўзи эса асирга олинади.

Халил Султон давлат хазинасини беҳуда сарфлаб, ҳокимиятни бошқаришда хотинининг сўзларига амал қилган. Саройдаги катта мансабларга тасодифий кишилар тайинланган. Бу бошқа темурийларнинг қаттиқ норозилигига учраган. Хуросон ҳукмдори Шоҳруҳ катта қўшин билан Мовароуннаҳрга юриш қилиб, Самарқандни эгаллаган. Шоҳруҳ билан тузилган шартнома (1409) натижасида Мовароуннаҳрдан воз кечган. Халил Султонга Рай берилган. Умрининг охиригача шу ерда яшаган. Халил Султон вафот этгач, Шодимулк ҳам ўзини ўлдирган.