Такаш

Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ

(тахм. 1152-1200 йил 3-июл)

(1172-1200)

Хоразмшоҳлар давлатида ҳукмронлик қилган ануштегинийлар сулоласи вакили. Тўлиқ исми Алоуддин Такаш ибн Эларслон ибн Отсиз ибн Ануштегин.

Такаш отаси Эларслон вафоти арафасида Жанд вилояти волийси бўлиб турган. Шунинг учун Эларслон кенжа ўғли Султоншоҳни валиаҳд қилиб тайинлайди ва Султоншоҳ тахтга ўтирган (1172 йил). Такаш Султоншоҳни тан олмаслигини айтгач, Султоншоҳ унга қарши онаси маслаҳати билан қўшин жўнатган. Такаш эса қорахитойлар маликаси Чен Тиён (1164-1177 йиллар)га ҳар йили ўлпон тўлаб туриши ҳақида ваъда бериб, ўгай укаси Султоншоҳ билан курашиш учун ҳарбий ёрдам сўраган ва ундан олган қўшин билан Гурганч (Кўҳна Урганч)га юриш қилган. Султоншоҳ ва онаси Туркон хотун Хуросонга қочган. Гурганчни қўлга киритгач, Такаш 1172 йил 11-декабрда халқнинг мадади билан расман Хоразм тахтига ўтирган. Лекин, укаси билан Хоразм тахти учун яна 20 йил кураш олиб боришга мажбур бўлган.

Султоншоҳ вафотидан сўнг Хуросоннинг Толиқон – Марвируд – Ҳирот йўналишидаги ерлар Такашга ўтган. У ўғли Носируддин Маликшоҳни Марвга, бошқа ўғли Қутбиддин Муҳаммад II ни Нишопурга волий қилиб тайинлаган. Шундан сўнг Такаш Шарқий Эронга ўз таъсирини ўтказиш билан бирга, Ғарбий Эрон ишларига ҳам аралаша бошлаган. Такаш Султоншоҳга қарши курашаётган вақтида (1172-1193 йиллар) ғурийлар, салжуқийлар ва аббосий халифалар, ҳатто баъзан қорахитойлар билан ҳам яхши муносабатларни сақлаб улар билан дўстона мактублар ёзишиб турган (бу мактублар мазмуни сақланиб қолган).

1192-93 йилларда салжуқийлар султони Тўғрул III Такаш билан яхши муносабатни сақлаш учун унинг ўғли Юнусхонга ўз қизини берган ва сулҳ шартномасини тузган, бунга кўра Рай хоразмшоҳ мулки деб тан олинган. Лекин, Тўғрул III шартномани бузган. Тўғрул III га халифа ан-Носир ҳам қарши бўлиб, у Такашга мактуб ёзиб Тўғрул III га қарши курашда ёрдам сўраган. Такаш 1194 йил 4-мартдаги жангда Тўғрул III қўшинларини мағлубиятга учратиб, унга қарам ерларни ўз тасарруфига қўшиб олган, лекин, халифага ўлжадан ҳеч нарса тегмаган. Бу улар ўртасидаги муносабатларнинг бузилишига олиб келган. Тўғрул III вафот этгач, Эрон ва Ироқи Ажам ерлари Хоразмга ўтади, салжуқийлар сулоласи барҳам топади.

Такаш ўша йилдан эътиборан “султон” унвонини қўллай бошлайди. У 1195 йилда Кирмонни ўзига бўйсундирган. Умрининг охирги йилларида исмоилийлар билан муваффақиятли кураш олиб борган. 1200 йил халифа билан муносабати яна ёмонлашган Такаш Бағдодга юриш қилган, лекин ярим йўлда Нишопур ва Хоразм оралиғидаги Шаҳристон шаҳрида вафот этган. Такашнинг жасади Гурганчга келтирилиб ўзи қурдирган катта мадраса қошидаги мақбарага дафн қилинган.

Ўрта аср муаллифларининг ёзишича, Такаш адолатпарвар, иқтидорли, буюк дипломат ва лашкарбоши бўлган. Такаш мусиқани севган, удни жуда яхши чалган, ҳозиржавоб бўлиши билан бирга сиёсий аҳволни тўғри баҳолаб, ҳарбий кучдан тўғри фойдалана олган. Такаш қипчоқ хони Жонкишининг қизи Туркон хотунга уйланган. Унинг билан бирга келган қипчоқлар кейинчалик мамлакат таназзулига сабаб бўлган. Такаш даврида Хоразмшоҳлар давлати кучайган. У ўғли Қутбиддин Муҳаммадга марказлашган мустаҳкам давлат ва ташкилий жиҳатдан қудратли қўшинни мерос қолдирган.