(1917 йил 6 ноябр, Жиззах шаҳри – 1983 йил 31 октабр, Тошкент)
(1959-1983)
Давлат ва жамоат арбоби, ёзувчи. Жиззах педагогика техникумини (1935), Самарқанд Давлат университетининг филология факултетини тугатган (1941). Самарқанд вилояти газетасида масъул котиб, муҳаррир ўринбосари ва муҳаррир (1937-41, 1943). 2-жаҳон уруши қатнашчиси (1941 йил ноябр -1942). Ўзбекистон Коммунистлар партияси Самарқанд вилоят комитети котиби (1944-47), “Қизил Ўзбекистон” газетаси муҳаррири (1947-49), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси (1949-50). Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раиси (1950-59). Ўзбекистон КП МКининг 1-котиби (1959-83). КПСС МК Сиёсий бюроси (Президиуми) аъзолигига номзод (1961-83). 2 марта Меҳнат қаҳрамони (1974, 1977).
Ш.Рашидов адабиётга шоир сифатида кириб келди ва 1-йирик асари – “Чегарачи” достони 1937 йилда нашр қилинди. Фашизмга қарши кураш туйғулари билан суғорилган “Қаҳрим” шеърлар тўплами 1945 йилда чоп этилди. Рашидов даврнинг муҳим ҳисобланган муаммоларидан бири – қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш мавзуида “Ғолиблар” қиссасини (1953) ёзди. 2-жаҳон уруши йилларида фронт орқасида қаҳрамонона меҳнат қилган халқ ҳаётига бағишланган “Бўрондан кучли” (1958) ва “Қудратли тўлқин” (1964), “Ғолиблар” (1972) романларини яратди. Ш.Рашидов халқ ва мамлакат ҳаётида рўй берган воқеаларни давлат ва партия арбоби сифатида мушоҳада этиб, адабиётнинг бадиийлик мезонларидан кўра ғоявийлик тамойилига кўпроқ эътибор берди. Ҳинд халқ афсонаси асосида ёзилган “Кашмир қўшиғи” лирик қиссаси (1956) Ш.Рашидов ижодида алоҳида ўринни эгаллайди.
Ш.Рашидов республикага раҳбарлик қилган йилларда қатор бунёдкорлик ишлари билан бирга қишлоқ хўжалиги ерларидан экстенсив фойдаланиш оқибатида экологик вазиятнинг бузилиши, пахта яккаҳокимлигининг қарор топиши каби нохуш ҳолатлар ҳам юз берди. Ш.Рашидов вафотидан сўнг Марказ томонидан тоталитар тузумнинг барча кирдикорлари унга юкланиб, 80 йиллар қатағонида ноҳақ қораланди.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ш.Рашидовнинг номи оқланди ва у Ватанимиз тарихидаги муносиб ўрнини эгаллади. Президент И.А.Каримовнинг ташаббуси билан Ш.Рашидов таваллудининг 75 йиллиги нишонланди. Ш.Рашидов Тошкентдаги Халқлар Дўстлиги саройи меъморий мажмуаси учун қурилиш ғоясининг муаллифи ва ижодий раҳбари сифатида вафотидан сўнг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти билан тақдирланган (1994). Сирдарё вилоятидаги туман, Тошкент ва Жиззах шаҳридаги кўчалар, мактаблар, маҳаллаларга унинг номи берилган. Жиззахда Ш.Рашидов ҳайкали ва музейи бор. У “Чиғатой” қабристонига дафн этилган.