Нуҳ ибн Наср

Амири Ҳамид, Абу Муҳаммад

(?- Бухоро – 954)

(943-954)

Сомонийлар давлати амири, амир Наср II ибн Аҳмаднинг ўғли. Отаси 30 йил ҳукмронлик қилгач, тириклик пайтида тахтни унга топширган (943 йил 10-апрел). Бухоро қозиси, фиқҳ илмининг билимдони Абулфазл Марвазий (946 йил вафот этган) унинг вазири бўлган. Нуҳ ибн Наср мамлакатда кенг ёйилган қарматийлар ҳаракатини бартараф этиш чораларини кўрган. Мовароуннаҳрдаги бу ҳаракат раҳбари Муҳаммад ибн Аҳмад Наршабийни Бухорода дорга остирди. Бироқ Сомонийлар давлатининг молиявий аҳволи оғирлашганлиги учун у солиқ ва турли турмушларни кўпайтиришга мажбур бўлган. Мамлакатда исён ва ғалаёнлар кучайган. Наршахийнинг ёзишича, ҳатто унинг амакиси Абу Ишоқ Иброҳим ибн Аҳмад Ироқдан келиб, Нишопур амири Абу Али Сағоний ёрдамида Бухоро тахтини эгаллаб олган (947). Орадан кўп ўтмай Нуҳ ибн Наср Самарқанддан қайтиб, тахтни қайтариб олгач, марказий ҳокимиятга қарши исён кўтарган қариндош-уруғларини жазолаган, Марвдаги исёнларни ҳам бостирган. Аммо у Абу Алини аввал Чағониён, сўнгра Хуросонга ҳоким қилиб (952) тайинлашга мажбур бўлган. Сомонийлар давлати инқирозини тўхтатишга ҳаракат қилган. Наршахий ўзининг “Бухоро тарихи” асари (943-944)ни унга бағишлаган. Оғир касалликдан сўнг Бухорода вафот этган.