(1938 йил 30 январ, Самарқанд шаҳри – 2016 йил 2 сентябрь, Тошкент)
Давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти. Ўзбекистон қаҳрамони (1994). 1960 йили Ўрта Осиё политехника институти, 1967 йилда эса Тошкент халқ хўжалиги институтини тугатган. 1960 йилдан “Ташселмаш” заводида аввал мастер ёрдамчиси, сўнг мастер, технолог, 1961-1966 йилларда В. П. Чкалов номидаги Тошкент авиатсия ишлаб чиқариш бирлашмасида аввал муҳандис, сўнгра етакчи муҳандис-конструктор бўлиб ишлади. 1966-1983 йилларда Ўзбекистон Давлат План комитетида фан ва янги техникани жорий этиш бўлимининг бош мутахассислигидан республика Давлат План комитети Раисининг биринчи ўринбосаригача бўлган йўлни босиб ўтди. 1983 йилдан Ўзбекистон ССР Молия вазири, 1986 йилда Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари – республика Давлат план комитетининг раиси. 1986 йил декабридан Ўзбекистон Компартияси Қашқадарё вилояти партия комитетининг биринчи котиби лавозимларида фаолият кўрсатди. 1989 йил июнида Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг биринчи котиби, 1990 йил 24-мартда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши сессиясида Ўзбекистон ССР Президенти этиб сайланди. 1991 йил 29-декабрда биринчи бор муқобиллик асосида ташкил этилган умумхалқ сайловида Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди.
Ислом Каримов 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилди. 1995 йил 26-мартда умумхалқ Референдумида Каримовнинг Президентлик ваколати 1997 йилдан 2000 йилгача узайтирилди. 2000 йил 9-январда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтди. Ушбу сайловда Ислом Абдуғаниевич Каримов яна Ўзбекистон Республикасининг Президенти этиб сайланди. Ўзбекистон Республикаси Конститутсиясининг 89 ва 93-моддаларига кўра, Ислом Каримов айни вақтда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Олий Бош қўмондонидир.
1994 йили Ислом Каримовга Ўзбекистон Фанлар Академияси академиги унвони берилган, шунинг билан, иқтисод, фан ва таълимни ривожланиришга қўшган улкан ҳиссаси учун ўндан ортиқ хорижий мамлакатлар университети ва академияларининг фахрий фан доктори, профессори ҳамда академлигига сайланган.
Президент И.А.Каримов Ўзбекистонда давлат тузумини мустаҳкамлашда, мамлакатнинг иқтисодий, маданий ривожланишида, Республиканинг ички ва ташқи сиёсатида тинчлик ва барқарорликни таъминлашда жонбозлик кўрсатгани учун “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвони (1994 йил), “Мустақиллик” (1996 йил), “Амир Темур” (1998 йил) орденлари билан тақдирланган. И.А.Каримов халқаро муносабатларни ривожлантиришдаги салмоқли ҳиссаси учун бир қатор хорижий давлатларнинг ва нуфузли халқаро ташкилотларнинг орден ва медаллари билан мукофотланган.
И.А.Каримовнинг “Ўзбекистоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли” (1992), “Янги уй қурмай туриб, эскисини бузманг” (1993), “Биздан озод ва обод Ватан қолсин” (1994), “Истиқлол ва маънавият” (1994), “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” (1995), “Ўзбекистон ХХИ аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари” (1997), “Баркамол авлод орзуси” (1998), “Кучли давлатдан кучли жамият сари” (1998), “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” (1998), “Оллоҳ қалбимизда, юрагимизда” (1999), “Озод ва обод ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз” (2000), “Тинчлик учун курашмоқ керак” (2001), “Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишлари” (2002) ва бошқа асарларида иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий тараққиётнинг долзарб масалалари тадқиқ қилинган, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати илмий асослаб берилган, ҳозирги ва истиқболдаги вазифалар кўрсатиб ўтилган. Унинг энг муҳим асарлари инглиз, франсуз, испан, немис, ҳинд, хитой, араб каби ўнлаб турли хорижий тилларга таржима қилиниб, чет элларда бир неча бор нашр қилинган. Республикамизда И.А.Каримов асарларининг 11 жилдлик тўплами қуйидаги номларда нашр қилинган:
1-жилд. Ўзбекистон: Миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. – Т.: Ўзбекистон. 1996.
2-жилд. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. – Т.: Ўзбекистон. 1996.
3-жилд. Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. – Т.: Ўзбекистон. 1996.
4-жилд. Бунёдкорлик йўлидан. – Т.: Ўзбекистон. 1996.
5-жилд. Янгича фикрлаш ва ишлаш давр талаби. – Т.: Ўзбекистон. 1997.
6-жилд. Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. – Т.: Ўзбе кистон. 1998.
7-жилд. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. – Т.: Ўзбекистон. 1999.
8-жилд. Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт – пировард мақсадимиз. – Т.: Ўзбекистон. 2000.
9-жилд. Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. – Т.: Ўзбе кистон. 2001.
10-жилд. Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. – Т.: Ўзбекистон. 2002.
11-жилд. Биз танлаган йўл – демократик тараққиёт ва маърифий дунё билан ҳамкорлик йўли. – Т.: Ўзбекистон. 2003.