Абдуллатиф

(1423–1450)

(1449-1450)

Мовароуннаҳрда 1449-1450 йилларда ҳукмронлик темурий ҳукмдор. Улуғбекнинг ўғли. Шоҳрух саройида тарбия олган, ҳарбий юришларда қўшиннинг ўнг қанотига қўмондонлик қилган. Гавҳаршод бегим ва тархон амирлар Шоҳрух ўлимидан сўнг (1447) Абдулатифни олий бош қўмондонликка тайинлаб, унинг амакиваччаси Алоуддавлани тахтга ўтқазишган. Бу қарордан норози бўлган Абдулатиф Алоуддавлага қарши уруш очган, лекин Нишопур яқинидаги жангда (1447) енгилиб, ҳибсга олинган. Улуғбек фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Алоуддавла билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Унга кўра, Алоуддавла Хуросон ҳукмдори деб тан олиниб, Абдулатифга Балх улуси берилган. Абдулатиф Улуғбекнинг 1448 йил илк баҳоридан ёзигача Алоуддавла ва Абулқосим Бобурга қарши жангларида қатнашган. Сўнг, тож-тахтни эгаллаш мақсадида отасига қарши Абулқосим Бобур билан иттифоқ тузган. Улуғбек Абдулатифга қарши қўшин тортган ва Амударё бўйида икки томон қўшини 3 ой муқобил турган (1449). Самарқандда қолган беклар исёни туфайли Улуғбек пойтахтга қайтишга мажбур бўлган, натижада Абдулатиф Амударёдан ўтиб Термиз, Шаҳрисабзни эгаллаган. Самарқанд яқинидаги Дамишқ қишлоғи ёнида отасини енгиб, тахтни эгаллаган (1449). Абдулатифнинг розилиги билан Улуғбек ва укаси – Абдулазиз Мирзо қатл этилган. Абдулатиф олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн баҳодир томонидан ўлдирилган (1450 йил 8-май). Абдулатиф ўжар, худбин ва шуҳратпараст бўлсада, отаси Улуғбек каби илм ахлига ихлосманд эди. У ўзи ҳам фалакиёт ва тарих илми билан шуғулланар, шеърлар битарди.