Мазкур мақолани қоралашимга аксарият ватандошларимизнинг Буюк Хитой деворига “маҳлиё” бўлгани ҳолда қадимда худди ўшандай мудофаа иншоотлари юртимизда ҳам мавжуд бўлгани ва унинг қолдиқлари бугунги кунга қадар сақланиб қолганлигидан бутунлай бехабарлиги ва шунингдек, айрим ҳамюртларимизнинг бу ёдгорликка нисбатан ўта лоқайдликлари туртки бўлди.
Маълумки, қуёшли Ўзбекистон – жаҳон цивилизациясининг қадимги марказларидан бири ҳисобланади. Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистон халқи томонидан бой ҳамда ўзига хос маданият яратилганлиги бугунги кунда башариятга аён ҳақиқат. Шу жумладан, икки дарё оралиғидан ўрин олган қадимги манзилгоҳларни ташқи ҳамладан иҳоталаш ниятида тикланган мудофаа иншоотларининг такомили ҳамда хусусияти ижтимоий ривожланиш даражасининг муҳим кўрсаткичи сифатида доимо тилга олиб келинади. Дунёда қадим Хитой деворини билмаган ва у ҳақда маълум бир тасаввурга эга бўлмаган одам кам топилади. Камина хизмат юзасидан хитойлик сайёҳлар билан кўп бора учрашганман ва улар ўз қадрият ва қадимиятлари билан ҳаддан зиёд фахрланишларига шахсан ўзим гувоҳ бўлганман. Аммо уларнинг аксарияти қадим деворлар тизими фақат Хитойга хосдек фикр юритади. Табиий, шунда ҳар қандай кишининг ўз ватани тарихи, кўҳна обидалари ҳамда деворлар тизими билан мақтангиси, аниқроғи, ғурурлангиси келади. Ана шунда, ҳақли бир савол ўз-ўзидан юзага қалқийди: “Хўш, бизда худди Буюк Хитой деворидек олис уфқлар сари чўзилиб кетган кўҳна деворлар бўлганми?” Агар сиз, синаш учун, айни шу савол билан кишиларга мурожаат қилиб кўринг, кўпчилик елка қисмоқдан нарига ўтмайди ёхуд кўҳна Хива деворларини рўкач қилишади. Биз эса қадим шаҳар деворларини эмас, маълум бир воҳа ёхуд мамлакатлар сарҳадини белгилаб, улар мудофаасини таъмин этувчи деворлар тизимини назарда тутмоқдамиз.
Камина она юртни қадамма-қадам кезиб чиққан киши сифатида кўҳна Хоразм диёридаги қадимий мудофаа деворларига жуда кўп бор дуч келганман ва улар тарихи ва ўзига хослиги тўғрисида зангори экран орқали кўп ва хўп ҳикоя қилганман. Мен ўша кезларидаёқ қадимги воҳа деворларига, яъниким уларнинг мавжудлиги ва тарихига жуда-жуда қизиқардим. Бир куни, чамаси, бундан тўққиз йилча муқаддам, навоийлик таниқли журналист Раҳим ака Мақсудов менга қўнғироқ қилиб қолди ва феълига хос босиқлик билан деди: “Эшитишимча, сизни кўҳна воҳа деворлари жуда қизиқтирар экан. Шунинг учун вақт топиб, бизнинг Қизилтепа туманига бир келиб кетсангиз”. Навоий вилояти бўйлаб қилинган навбатдаги сафаримизда биринчи қилган ишимиз Раҳим Мақсудовни қидириб топиш бўлди. У киши бизга ортиқча бир сўз демай, туманнинг шимоли-шарқий, жануби-ғарб томонидаги мавзеларда маҳобатли тарзда кўкка бўй чўзганча, паст-баланд ва узуқ-юлуқ ҳолда олис-олисларга чўзилиб кетган қадимий девор ёнига бошлаб келди. Қулочини кенг ёзганча, фахр-ифтихор билан деди: “Сизни қизиқтираётган қадимият мана шу! Бу қадимият тарихчи олимларимиз томонидан “Канпирак девор”, ерли аҳоли тарафидан эса “Кампирдевол” деб аталади. Бу истеҳкомнинг фарқли жиҳати, бир неча ўнлаб эмас, бир неча юзлаб километрга чўзилиб кетган…”
Биз, мўъжизага дуч келгандай, юзлаб километрга чўзилиб кетган қадим деворнинг паст-баланд қолдиқларини зўр қизиқиш билан ўрганиб, зўр иштиёқ билан тасвирга ола бошладик. Тарихчи ва археолог олимлар билан ҳамкорликда кўҳна Хоразм ҳудудидаги қалъа ва қўрғонларни кўздан кечиравериб, анча-мунча пишиб кетган эмасмизми, Раҳим Мақсудов кўмагида тагзамини шағал аралаш тупроқдан иборат бўлмиш бу деворнинг эни, кўп эмас, кам эмас, ўн уч метрдан зиёдлигини, асоси пахсадан, айрим ўринлари эса тўғри тўртбурчак шаклдаги йирик хом ғиштлардан кўтарилганлигини аниқлашга муяссар бўлдик. “Эни ўн уч метр бўлмиш деворнинг баландлиги ўн беш-йигирма метр бўлиши табиий ҳол, – деди Раҳим Мақсудов бу ҳақдаги саволларга жавобан, сўнг эса алоҳида жиддият билан: – Бу Канпирак девори Ўрта Осиё мудофаа истеҳкомлари меъморчилигининг энг нодир намуналаридан бири сифатида ўрганилмоқда. Бу иншоот қадимшунос олимларимиз томонидан “воҳа девори” деб ҳам аталади”, деди.
Воҳа девори.
Хўш, бу атама нимани англатади?
Бу – Канпирак девори маълум бир шаҳар ёки қалъа мудофааси учун эмас, балки бутун воҳа мудофааси мақсадлари йўлида хизмат қилганини ва, ўз навбатида, ўзининг меъморий-қурилиш услуби жиҳатидан жаҳонга машҳур Хитой деворига ўхшаб кетиши билан ўзига хос меъморий обидалар сирасига киришини англатади. Энди унинг юзага келиш тарихига тўхталар бўлсак, бу иншоот ўтроқ аҳоли яшайдиган воҳаларни кўчманчи қабилалар ҳужумидан ҳимоя қилиш мақсадида барпо этилган. Ва нечун у “Канпирак девор” деб аталади? Бу саволга Раҳим Мақсудов қуйидагича изоҳ беради: “Канпирак девор” ибораси “қазилган чоҳ” деган маънони англатади. Аммо талаффузда “н” билан “м” алмашуви кузатилади. “Пир” бўғини эса қадимги пайрйа – айлана, ўров маъносини, “Канпир” сўзининг ўзи эса “хандақли девор” деган маънони билдиради. “Девор” сўзи кейинчалик, яъни “канпир” сўзи ўзининг туб маъносини йўқотиб бўлгандан сўнг қўшилган. Канпирак девор!”
Канпирак девори юртимиз ҳудудида ягона бўлмаган, археолог ва тарихчи олимларимиз фикрига кўра, илк ўрта асрлардаёқ уларнинг сони бешта бўлган экан. Биринчиси, қадимги Бухоро воҳасидаги барча шаҳар ва қишлоқларни ўз бағрига чирмаб олган Канпирак девор. Аммо бу ўринда бир-бирига зид маълумотларга дуч келиш ҳам мумкин. Тарихчи Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарига назар солсак, мазкур истеҳком 782–831 йилларда барпо этилганлиги айтилади. Аммо ўнинчи асрда яшаб ўтган араб тарихчиси ва сайёҳи Масъудий бу фикрни инкор этиб, мазкур иншоот Суғд ҳукмдорлиги пайтида, яъни V–VI асрларда барпо этилган дейди. Шунга кўра, тарихчи олимларимиз кўпгина қадимий иншоотлар бир неча марталаб қайта тикланиш паллаларини бошдан кечиришини назарда тутиб, ўз қарашларини археологик олимлар изланишлари билан мустаҳкамлаб, Наршахий берган маълумотда истеҳкомнинг қайта тикланиш даври тилга олинган деган фикрни илгари сурадилар. Чунончи, Масъудий қайдномасида тилга олинган дастлабки кўҳна девор Наршахий ёзган Канпирак деворга нисбатан кичикроқ майдонни эгаллаган. Бу деворнинг узунлиги эса 336 кмни ташкил этган. Бу борада Раҳим Мақсудов шундай дейди: “Бухоро Суғдига қарашли Карманадан чўл ҳудуди бўйлаб ҳозирги Когон туман марказига қадар, шунингдек, шимоли-ғарб, шимол ва шимоли-шарқ томондан Бухоро воҳаси ушбу мудофаа девори билан ўраб олинган. Бу девор шимоли-ғарбда Варахша (Жондор тумани), ундан Субуктепа, Бўронтепа (Ромитон), Хўжақултепа (Пешкў), сарҳадлари бўйлаб ўтиб, Шофиркон каналининг чап қирғоғи бўйлаб ўтган ва Абу Муслимтепага бориб туташган. Ва шунингдек, Ҳазора дараси бўйлаб яна бир кўтарма девор Конимех воҳасини кесиб ўтган ва Кармана тумани марказида Қоратовга бориб тақалган. Мана шу схемага қараб, мазкур Канпирак деворнинг неча юз чақиримга чўзилганини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг…”
Канпирак девори шунчаки девор тизими эмас, унинг йўналиши бўйлаб, ҳар бир фарсах (6–8 км.) масофада шаҳар ёки қишлоқлар, жумладан, работлар бунёд этилган. “Мазкур манзилгоҳлар нечун бунёд этилган, деган савол туғилиши табиий, – дейди Раҳим Мақсудов. – Бундан шу нарса аён бўладики, қадимги аждодларимиз шунчаки девор кўтармаган, балки ҳар бир тошу кесакни, ҳар бир ғишт ҳамда чангал лойни режа асосида ишлатган, оқибатда, мудофаа деворининг таркибий қисми бўлмиш бу манзиллар ҳам тураржой, ҳам чегара қўрғонлари вазифасини ўтаган. Бундан ташқари, девор билан ўраб олинган ҳар бир қўрғон ва ҳудуд учун махсус дарвозалар, шунингдек, қўрғонлар орасидаги масофанинг ҳар бир чақиримида ҳарбий буржлар бунёд этилган. Буржлардан куну тун соқчилар аримаган. Бундан шу нарса кўриниб турибдики, Канпирак девори, худди Хитой девори каби, кўп тармоқли, қудратли мудофаа истеҳкоми сифатида фаолият кўрсатган”.
Шу ўринда, буржлар тўғрисида хиёл тўхталар бўлсак, буржлар мудофаа иншоотларининг ўта муҳим элементларидан бири бўлиб, мудофаа деворлари периметри бўйлаб, одатда, девордан баланд бўлгани ҳолда ташқарига туртиб чиққан қурилмадир. Шунга кўра, буржлар ҳеч қачон бир хил типда бўлмаган, жойлашиш тарҳига қараб, улар турли кўринишда: тўғри бурчак, квадрат ва овал шаклида бўлган. Тарҳи ярим овал шаклидаги буржлар эса энг қадимги типларга киради. Канпирак девордаги буржлар қандай шакл-шамойилга эга бўлган, чамаси, бу ҳали олимларимиз томонидан тўла-тўкис ўрганилмаган. Аммо олимларимиз, археологик тадқиқотлар натижасига кўра, Канпирак деворнинг илк босқичи – V асрнинг охири ва VI асрнинг биринчи ярми билан боғлиқлигини тўла исботлаб беришди. Бу эса, табиийки, қуйидаги саволнинг юзага келмоғига сабаб бўлади: мазкур истеҳком бунёд этилган даврда тарихий жараён қандай бўлган, негаки, бу каби истеҳкомлар сабабсиз юзага келмайди ва уларнинг бунёд этилишида воқелик ҳамиша муҳим сабаб ролини ўйнайди.
Бу саволга жавобни тарихчи олимларимиз Қ. Ражабов, Б. Қандов, И. Шаймардонов ва О. Норматов қаламига мансуб “Жаҳон тарихининг муҳим саналари” китобидан қидирамиз. Ушбу китобнинг 47–48-бетларида шундай дейилади: милодий эранинг V асрида Ўрта Осиё, Шарқий Туркистон, Афғонистон ҳамда Шимолий Ҳиндистоннинг катта қисмида қудратли Эфталийлар давлати ташкил топади. Бу давлат айрим манбаларда Оқ хунлар давлати дея тилга олинади. Кўпчилик тадқиқотчилар фикрича, эфталийлар Сирдарё водийсида истиқомат қилган, дастлабки ҳаёти кўчманчи чорвадор қабила тарзида бўлган, кейинчалик эса жануб томонга йўналишган. Бу давлат эфталийлар, эфталитлар, хайталлар, абдаллар, йе-да каби турли номлар билан аталган Эфталийлар қабилалари иттифоқига асос солган. 420–579 йилларда фаолият кўрсатган Эфталийлар туркий давлатининг пойтахти аввал Бухоро яқинидаги Пойкенд ва Варахша шаҳарлари, сўнгра Ҳиндистондаги Шакала шаҳри (ҳозирги Сиалкат) бўлган. Олтинчи асрнинг бошлари ва ўрталарида Эфталийлар давлати учун энг катта хавф Эрон Сосонийлар давлати ҳамда Буюк Турк хоқонлиги томонидан туғдирилган. Охир-оқибат, милодий эрамизнинг 563–567 йиллар орасида Бухоро остонасида турклар билан эфталийлар ўртасидаги жангда эфталийлар мағлубиятга учраган. Эфталийлар давлати 579 йилда бутунлай барҳам топган. Бу каби тарихий жараёнлар мудофаа иншоотларини юзага келмоғига муҳим туртки ролини ўйнамай қолмаган, албатта.
Канпирак деворининг яна бир муҳим тарихий жиҳати – у Бухоронинг V–VI асрлардаги чегараларини тўла аниқлаб берувчи ягона иншоот сифатида ғоятда қадрлидир. Тарихчи олимлар таъбири билан айтганда, бу улкан ҳудуд ўз даврида энг анъанавий, мумтоз давлатчилик куртаклари мавжуд бўлган йирик маданий ўлка сифатида фаолият кўрсатган. Ва шунингдек, Канпирак девори ҳам ягона бўлмаган, “Жаҳон тарихининг муҳим саналари” китобида қайд этилишича, юртимиз ҳудудида улар сони бир нечта бўлган. Фурсатдан фойдаланиб, уларни бирма-бир санаб ўтамиз: иккинчи Канпирак девори VIII–IХ аср бошларида тикланган бўлиб, унинг узунлиги 120 км ташкил этган ва у қадимги Суғд диёрида қомат кериб турган. Учинчи Канпирак девори эса, ҳозирги Ўратепа, Зомин ва Жиззахни ўз ичига олган қадимги Усрушона воҳасида қад кўтарган. Тўртинчи Канпирак девори Фарғона водийси ғарбида VIII аср охири ва IХ аср бошларида барпо этилган. Тошкент воҳасининг шимол тарафида бунёд этилган Бешинчи Канпирак девори эса Хўжакентдан Сирдарёгача чўзилган. Хуллас, VIII–IХ асрларда, яъни Ўрта Осиёда араблар ҳукмронлиги даврида Бухоро, Суғд ва Усрушона воҳалари теварагидаги барча Канпирак деворлари бир-бирига туташтирилиб, ягона мудофаа тизими вужудга келтирилган. Тағин эслатиб ўтамиз, қадимий Канпирак деворлари кўчманчи қабила ва элатларнинг ўтроқ деҳқончилик воҳаларига босқинчилик, талончилик юришларига қарши тўсиқ ҳосил қилиш учун барпо этилган ва мазкур мудофаа тизимининг йўналиш чизиқлари Бухоро, Марказий Суғд, Усрушона, Тошкент ва Ғарбий Фарғона воҳалари бўйлаб ўтган. Гапнинг қисқаси, қадимда юртимизни тевараклаб, унинг мудофаасини таъминлаб турган Канпирак деворининг нечоғлиқ узунлигини, мана, ўзингиз бемалол тасаввур қилиб олаверинг.
Бу кўҳна девор қолдиқлари жойларда ҳозир ҳам мавжуд.
Мазкур истеҳкомнинг маълум бир қисмларини Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида ва шунингдек, бошқа ҳудудларда ҳам учратиш мумкин. У баъзи жойларда кўҳна девор, баъзи ўринларда эса тепалик шаклида ҳали-ҳануз кўкка бўйланиб турибди. Бироқ ўта ачинарли жиҳати шундаки, бу ноёб тарихий обидага қизиқувчилар деярли йўқ десак ҳам бўлади. Бу борада Раҳим Мақсудов ачиниш билан шундай деганди: “Олисдаги Хитой деворининг нафақат мавжудлигини, балки унинг тарихини, кимлар томонидан қачон ва нима сабабдан бунёд этилганлигини мисоли беш қўлдай биламиз-у, лекин тарихий қадрияти ва аҳамияти ундан асло кам бўлмаган осор – Канпирак деворини билмаймиз, аниқроғи, бу тарихий обидага нисбатан жуда лоқайдмиз. Чамамда, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шуни айтсалар керак. Бунинг акси ўлароқ, биз теваракка ҳамиша теран нигоҳ билан боқишимиз керак. Бунинг учун эса кўп китоб ўқимоғимиз лозим. Боиси, китоб ақлни пешлабгина қолмай, идрокни чархлайди. Ана шунда, теварагимиздаги обидаларга кўҳна девор ёхуд оддий тепалик деб эмас, Ватанимиз тарихининг олтин саҳифаси сифатида қараймиз ва лоқайдлик иллатидан қутуламиз…” Яна бир гап, бу ёқда она табиат ҳам тек қараб тургани йўқ – зимдан ўз амалини қилмоқда, яъниким тупроқдан бунёд этилган қадимиятни қайта тупроққа айлантириш илинжида оддий ёмғирни жалага, елни бўронга, тунги шудрингни қорга ўгириб, асрлар давомида бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Бироқ минг йилликнинг анча нарисида яшаб ўтган ва ушбу тарихий иншоотни тиклаш ишида қатнашган меъморларимиз ҳақиқатан ҳам ўз ишининг усталари бўлишган. Табиат ҳарчанд уринмасин, Канпирак деворининг айрим қисмлари ҳалигача қилт этмай турибди. Агар у ёлғиз табиат измига ташлаб қўйилмай, эътиборга олинса, Ватанимиз тарихининг яна бир олтин саҳифаси ўз сир-асрорини баён этган бўларди.
Энди яна мозийга қайтамиз-да, ҳикоямизни давом эттирамиз. Одатда, мавжуд нарсалар вақти-вақти билан ўз мавқеи ва аҳамиятини йўқотгандай, кўҳна обидалар ҳам бу жараённи ўз бошларидан кечириб туради. Бу тарихий ҳодиса Канпирак деворига ҳам бегона эмас, у ўрта асрда илк бор бир муддатга ўз мавқеини йўқотган. Бунинг сабабини тарихчи А. Отахўжаевнинг “Илк ўрта асрлар Марказий Осиё цивилизациясида турк-суғд муносабатлари” китобидан қидирамиз. Тарихчи олим бу ҳолатни қуйидагича изоҳлайди: турк хоқонлиги даврида хоқонликнинг зодагонлар қисми чўл-дашт ҳудудларида яшаган эса-да, хоқонлик маҳаллий суғдий аҳоли ҳамда кўчманчилар ўртасида тинчлик, ҳамжиҳатлик алоқаларини ўрнатиш, савдо-сотиқни ривожлантиришдан жуда манфаатдор бўлган. Турк хоқонлиги даврида ҳозирги Ўзбекистон ва Ўрта Осиё ҳудудида мавжуд бўлган ўн бешга яқин катта-кичик давлатларнинг мустақиллиги чекланиб, улар хоқонликка расман бўйсундирилган ва йиллик бож-хирожлар тўлаттирилган. Бу катта-кичик давлатлар, яъни Бухорхудотлар пошолиги, Вардонхудотлар подшолиги, Самарқанд Суғди ва бошқалар Суғд конфедерицияси бўлиб уюшган ва Буюк Турон хоқонлиги таркибига кирган. Хоқонлик савдо-сотиқдан, айниқса, ипак савдосидан катта фойда кўргани сабаб Суғд савдогарларига катта имкониятлар яратилган, уларга дунёнинг энг узоқ ўлкаларида ҳам савдо манзилгоҳлари қуриб берилган. Бу тарихий жараён пайтида, турган гап, Канпирак деворига эҳтиёж сезилмаган ва вақтинчага, яъни араб босқинига қадар у ўз аҳамиятини йўқотган.
Хуллас, VII асрнинг чораги ва VIII асрнинг бошларида тарих ғилдираги бежо айланиб, Турон ҳудудига яна бир сиёсий куч – арабларнинг истилочилик юришлари бошланди. Хуросон ноиби Қутайба ибн Муслим (660–715)нинг дастлабки уринишларидан сўнг, VIII аср бошларида Мовароуннаҳр, жумладан, Бухоро ҳам босиб олинади ва шаҳар аҳолисини исломлаштириш бошланади. Бу даврда исломга кирган маданий воҳа аҳолиси ва ислом динини қабул қилмаган чўл-дашт кўчманчи аҳли ўртасида қарама-қаршилик кучайиб, Канпирак деворига яна эҳтиёж туғилади ва у тикланади. Аммо IХ аср бошларида Мовароуннаҳр ва Хуросонда сомонийлар сулоласи ҳокимият тепасига келгач, мазкур иншоот тағин сояда қолади ва ўз аҳамиятини тўла йўқотади.
Қиссадан ҳисса шундаки, юртимиздаги мангуликка дахлдор қадимий археологик обидалар тарихимизнинг тилсиз гувоҳи сифатида халқимизнинг бой ўтмиши ҳақида ҳикоя қилиб, бу заминнинг нақадар муқаддас эканлиги ҳамда бу юрт қадимий цивилизация ватани бўлганини оламга кўз-кўз қилиб келмоқда. Бу эса барчамизнинг зиммамизга нурли Ўзбекистон тарихини янада теранроқ ўрганиш, тиклаш ва мозийнинг ҳали очилмаган сирли саҳифаларини очишдек шарафли вазифани юклайди. Биз Канпирак деворини тарих саҳифаларидагина эмас, балки она замин кўксида муқаддас тарихий обида сифатида мангу сақлаб қолмоғимиз лозим.