Никос Казандзакис 1883 йил 18 февралда Крит оролида жойлашган Гераклион шаҳрида туғилган. 1897-1898 йилларда у ўз оиласи билан Наксос оролига кўчиб ўтади ва Сент-Крауадаги француз савдо мактабига қабул қилинади. Никос у ерда француз, италян тилларини мукаммал ўрганади, Ғарб тамаддуни билан ошно бўлади. 1899-1902 йиллар давомида Гераклиондаги лицейда ўқишни давом эттиради. Илм ва изланишга иштиёқманд Никос 1902-1906 йилларда Афина университетининг ҳуқуқ факультетида таҳсил олади ва 1906 йилда юқори савияли докторлик дипломини олишга муяссар бўлади. Юнон адабиётига ўзининг “Аср хасталиги” илк эссесини ёзиш билан қадам қўяди. Сал ўтмай “Ксемерони” драмасини ёзади. Унинг “Илон ва Гул” номли илк китоби ҳам шу йилларда нашр этилган.
Никос Парижга келиб ўқишни давом эттиради. Ёш ижодкор “Жароҳатланган қалблар”, “Империядаги ҳаёт” номли навбатдаги тарихий асарларини ёзиб, шуҳрат шоҳсупасига кўтарилади. Шундан сўнг билингвист (юнон ва француз тилида ижод қилишни бошлаган) ёзувчи 1910 йилда яна Афина шаҳрига қайтади. Никос Казантзакисга ижодий ютуқлар бирин-кетин кулиб боқади. У бу ерда “Устоз-темирчи” трегедиясини саҳнага қўйиб, олий совринни олади.
Никос 1912-1913 йилларда эса Болқон урушларида кўнгилли бўлиб иштирок этади. Шу йиллардан бошлаб, у саёҳат қилишга қизиқади. У даставвал бутун Шимолий Юнонистонни айланиб чиқади. Ёзувчи Антелос Сикеманос билан бирга Атос чўққисига чиқади.
Саёҳатдан сўнг ижод уни яна ўз гирдобига тортади. У “Насроний” ва “Юлисс” трагедияларини ёзиб тугатиб, яна саёҳатга чиқади. 1922 йилда “Будда” трагедиясини бошлайди. 1923 йилда Олмонияга жўнайди. У бу ерда “Ассез” трагедиясини ёзиб тугатади. 1924 йилда Италия бўйлаб қисқа саёҳат уюштиради. Чала қолган “Будда” драмасини ҳам ёзиб тугатади. Шу вақтдан эътиборан йирик асарларидан бири “Одиссея”ни ёзишга киришади. Шунингдек, бу асари билан бир қаторда “Зиёфат” деган асарни ҳам ёзади. 1925 йилда Циклад шаҳрида таътил ўтказгач, Фаластин, Кипр, Испания бўйлаб саёҳат бошлайди ва 1926 йилнинг охирида машҳур юнон рассоми Томас Калмухос билан биргаликда Миср ва Синай оролларини кезади. 1927 йилда Эжин оролига бориб, яна “Одиссея” асари устида ишлайди. “Ассез” трагедиясини эса рўзномалардан бирида чоп эттиради. Бу даврда унинг ижоди “Нисефор Фокас” трагедияси билан бойиди.
Россияга келиб, румин ёзувчиси Панайт Истрати билан танишади. Рус киноси учун сценарийлар ёзади. Максим Горький билан дўстлашади. Бу вақтда эса Афина унинг “Юлисс”, “Насроний” ва “Россияда кўрганларим” асарлари чоп этилади.
1929 йилда Никос Казантзакис юртимиз Ўзбекистонга ташриф буюради (кейинчалик унинг бу саргузаштлари ёзувчи вафотидан сўнг унинг рафиқаси томонидан “Мактублар” номи билан тарихий эсселар шаклида нашр этилади). Марказий Осиёдан ўз юртига қайтишда турмуш ўртоғи Елена билан Чехославакиядаги Готтесдаб шаҳрида бироз вақт яшайди. Никос Казантзакис адабиётшунослик ва маърифат соҳаларига ҳам қизиқади. 1930 йилда “Рус адабиёти тарихи” асарини ёзади. Болалар учун кўплаб китоблар таржима қила бошлайди. 1931 йилда французча-юнонча луғатни тузишга бор кучини сарфлайди. Унинг “Тода-Раба” асари Париждаги рўзномалардан бирида чоп этилади ва голланд тилига ҳам таржима қилинади. 1932 йилда яна сценарий ёзишни давом эттиради. Шу сабабдан Парижга келиб истиқомат қила бошлайди. “Илоҳий комедия” асарини юнон тилига таржима қилади.
1935 йилда Эжин шаҳридан ер сотиб олади ва уй қуриш учун тайёрланади. Шу йил унинг “Узоқ Шарқдан олган таассуротлар”и Афинадаги рўзномалардан бирида чоп этилади. “Одиссея” асарининг бешинчи қисмини ёзади ва Отманнинг “Қуёш ботишдан олдин” драмасини юнон тилига таржима қилади. 1936 йилда “Қоялар боғи” номли романини француз тилида ёзади. Приделлонинг эсселарини таржима қила бошлайди ва “Отелло қайтмоқда” комедиясини ёзиб тугатади. Шу билан бир қаторда Гётенинг “Фауст”ининг биринчи қисмини, Шекспирнинг “Отелло”сини ҳам таржима қилади.
Никос Испанияга қайта саёҳат қилиб, “Испанияга саёҳат” асарини Афинада босмадан чиқаради. Шу даврда “Мелисса” трагедиясини ёзади. 1938 йилда “Хитой ва Японияга саёҳат” асари дунёга келади. 1940 йили “Англияга саёҳат” номли янги ҳикоясини ёзади. Яширин тахаллус остида маҳаллий рўзномаларда болалар учун ҳикоялар ёза бошлайди. Жумладан, “Катта Александр” ва “Минос қасрида” ҳикоялари бунга мисол бўла олади. 1941 йилда “Англияга саёҳат” нашрдан чиқади. “Будда” трагедиясини ва “Алексис Зорба” асарини ёзиб тугатади.
Ёзувчи 1954 йилда “Хоглантон Исо” асари устида бастакор Боуслов Мартину билан бирга ишлайди ва бу 1954 йилги “Энг яхши хориж китоби” деб тан олинди. “Хоглантон Исо” Осло ва Хельсинки саҳналарида қўйилди. У 1956 йилда Венага боради ва унга “Тинчлик” соврини топширилади. Миллатлараро учрашувлар, мажлисларга қатнашади. Афинада ёзувчини яна бир соврин кутарди. Бу театр пьесалари учун яна бир давлат “Тинчлик” мукофоти эди.
1957 йилда Хитой ҳукумати таклифига биноан шу давлатга сафар қилади. У ерда жиддий касалланиб қайтгач, шу йилнинг 26 октябрида вафот этади ва Бастион Мартиненга қабристонига дафн этилади.
Адибнинг сермаҳсул ижоди кишини ҳайратга солади. У адабиётнинг беҳад кўп жанрларида ижод қилган. Никос Казантзакис драма, шеърият, романнавислик, публицистика, насрнинг ўзига хос турлари: тарихий эсселар, саргузашт қиссалар, ҳикоялар, шунингдек, театр ва кино учун сценарийлар, болалар учун ўқув китоблари ёзиш соҳаларида ҳам ўз даврида катта шуҳрат қозонди.
Адиб ижодида шеърият ҳам муҳим аҳамият касб этади. У бутун умри давомида 3 та катта поэма ёзган: шулардан биринчиси бутун дунёга машҳур “Одиссея”, бу 33333 байтдан иборат бўлган монументал асардир; умуман Казантзакис 20 дан ортиқ тарихий, диний, фалсафий ва сиёсий драматик асарлар ёзган.
Ёзувчи ижодининг машҳур соҳаси романдир. У 11 та роман ёзган: “Қатл этилган Исо Масиҳ”, “Алексис Зорба” ва “Исонинг сўнгги сўзлари” асарлари шулар жумласидандир.
Никос бир қатор саёҳатномалар ёзди: саёҳатлар ва орзулар Казантзакис умрининг йўлбошчиси эди. У Африка, Осиё ва Европанинг бир қатор мамлакатларини кезиб чиқди. У амалга оширган (Россия, Испания, Хитой, Япония, Англия, Италия, Миср, Синай, Қуддус, Кипр, Пелопоннес) саёҳатларини 10 га яқин нома-мақола ва репортажлар шаклида 5 жилдлик тўпламига киритди. Болалар учун 2 та китоб – “Искандар Зулқарнайн” ва “Минос саройида”ни ёзди. Сценарийларга тўхталадиган бўлсак, уларнинг 9 тасидан энг машҳурлари, шубҳасиз, “Муҳаммад Алайҳиссалом” ва “Будда”дир.
…1929 йил 11 март куни Казантзакис Узоқ Шарқ ва Сибирга сафаридан кейин Москвага қайтди. У ерда Туркистонга кириш учун рухсат сўраб, бир ҳафта кутди. Собиқ совет ҳукумати рухсат бермаганидан сўнг, у ижозатсиз боришга қарор қилди. Шу саёҳат пайтида ёзилган номалар таржимаси эътиборингизга ҳавола қилинаётир.
Туркистон. 1929 йил, 26 март.
Биз Тошкентга етиб келдик. Энди Самарқанд томон ошиқмоқдамиз. Ҳеч ким мендан ҳужжат талаб қилмади, демак, бошқа ҳеч қандай хавф йўқлигига умид қилсам бўлади. Эртага пешинга қараб мен Искандар ва Амир Темурнинг машҳур шаҳрига қадам қўяман. Мен бундан беҳад бахтиёрман, аммо бир вақтнинг ўзида афсусдаман, чунки сиз мен билан бирга эмассиз. Мен ўз олмалари билан машҳур Тошкентдан кейинги биринчи бекатда бир неча дақиқа тушиб қолдим. Ҳаммаёқ қоронғи эди. Аммо мен у ерда мўъжизавий олмаларни кўрдим. Қўлларимга сиққанича олганимда поезд қўзғалган эди. Мен югурдим. Унга осилиб чиқиб олдим. Ажойиб олмалар, мен янгитдан ҳис қилдим, бир кун келиб ўлсам, қабрим узра турганингизда ҳаётимнинг энг катта қувончларидан бири мевалар бўлганлигини унутманг. Ва улардан менга кўпроқ олиб келинг. Қачонки мен улардан тўйиб, сўнг “таътил”га чиқай.
* * *
Азиз дўстим.
Мен Туркистонга ижозатсиз кириб келдим, чунки Самарқанду Бухорони кўриш менинг орзуим эди. Болалигимдан буён бу шаҳарлар мени ўзига тортади. Мен буни ўзимга фарз деб билдим ва бўйнимдан соқит қилиш учун мен у ерларни зиёрат қилишга мажбур эдим.
Қанчалик кўп саёҳат қилсам, мен шунчалик саёҳат учун фақатгина ҳурлик эҳтиёжи зарурлигини кўп ҳис қилардим. Руҳим ва юрагимни қайғуга ғарқ қилган барча ҳисларни енгиш ва улардан ўзимни халос этишга қодир эмасман. Уларга йўлиққан пайтим эса фақатгина ёруғ кунлар сари интилардим.
Ўрусия энди ортда қолди. Менга у томондан энди бирор таҳдид хавф солмайди. Мен ҳам уни орзу қилмайман. Ҳаммаси тугади. Бу худди мўъжизага ўхшарди. Беҳад мамнунман. Волга дарёси икки кипригим орасидаги катта Вена каби оқади. У ҳали-ҳануз кўз-ўнгимда. Мен буни инкор этмайман, у менинг қонимга айланди. Агар бирор нарсани орзу қилсам, мен Ўрусия билан, яна Фаластин, Испания, Синай чўққиси, юнон ороллари, хуллас, кўрганларимнинг барчаси билан бирга бир нарсани орзу қилмоқдаман, чунки биз бир тану бир жонмиз. Сирена бўлса, нон ва мойга ўхшайди. Ва у мени боқади. Мен ундан мамнунман, чунки мен тез-тез юрагимни оташин тизим каби ҳис қиламан.
Тун эди. Биз Тошкентга келдик, аммо мен у ерда тўхтамадим, чунки мен Самарқанд сари ошиқардим.
Эртага пешинда мен у ерда бўламан. Буюк Искандар, Темур, у севган аёл Бибихоним… Мен машҳур масжидларни зиёрат қилишни интизорлик билан кутардим. Ана энди йўлда кетаётиб, мен ниҳоят шарққа қадам қўйганимни ҳис қилдим. Қорлар эриб борар, Амударё ва Орол аста-секин музлардан халос бўлар эди. Сўнгра Қозоғистоннинг бепоён чўллари ястаниб ётар, кейин икки тева, томлари косага ўхшаган уйлар, хилма-хил рангдаги кийим кийган эркак ва аёллар, сўнг қишлоқларда бўй чўзган миноралар бўм-бўш олмазорлар ва ҳозир хазон билан қопланган, бир неча кундан сўнг сабза урадиган ўсимликлар билан қопланадиган Замин ва Қуёш.
Озодлик, ёруғлик, сокинлик. Осиё юрагида яна бир ёқимли баҳор ҳукмрон. Олдинда Самарқанд кутмоқда, узоқроқда Бухоро ва яна илгарироқда ҳозир биз Марв деб атайдиган, бир аср олдин самум шамоли кўмиб ташлаган жуда эски шаҳар харобалари…
Мен сизга ёзаётган пайтда, вагон ичида олдимдаги мўъжазгина столчада бир уюм Тошкентнинг машҳур олмалари турибди.
Сиз, мен ҳозир ёнимда бўлишини жуда истаган ягона инсонсиз.
Самарқанд. 1929 йил, 27 март.
… Мен ўзимни сеҳрли эртаклар шаҳрида, “Минг бир кеча”даги шаҳарда ҳис қилаяпман. Тонгда хонамнинг дераза пардасини кўтардим. Ташқарида ялангликлар, қийғос гуллаган бодомлар! Қуёш, ҳарорат, тафт, кўкара бошлаган дарахтлар, боғлар… Рангли йўл-йўл чопон кийган мусулмонлар, гулдор кийим кийган мусулмонлар… Мен туш кўрган ҳақиқий Шарқ! Ўша ўркачли туялар, ажойиб эшаклар…
Кун ярим бўлди, мен бу ажабтовур бозорда тентирашдан тўймайман. Мусулмонлар, гулга бурканган оломон, мўғулмонанд қиёфалар, аёллар эса зулмат паранжиларида пештоқи кўм-кўк ва сирланган гулли нақшлар билан моҳирона безалган, Еревандаги обидага ўхшаб кетадиган бебаҳо харобалар атрофида жамулжам.
Темур мақбараси ва Бибихоним қабри шаҳарнинг қоқ ўртасида, бозор яқинида жойлашган онда-сонда мадраса ва масжид миноралари ва сирланган гумбазлар кўзга ташланади. Унинг атрофида йўл-йўл ва гулдор увада кийган одамларнинг гаплари оҳангидан ҳаётдан норозиликлари сезилиб турар эди. Атроф лойқа, гуллаган бодомнинг хушбўй ҳиди ва шу билан бирга кўлмак сувларнинг бадбўй ҳиди ҳаммаёқда анқиб туради.
Ҳаво жуда иссиқ… Мен камзулсиз юрардим. Хўжа Муродов деган савдогар мени уйига бошлаб, бошпана берди. Уйи пахсадан қилинган бўлиб, салқингина эди. Оёқ остига беҳад гўзал гиламлар ташланган, тўрт томондаги симқафасларда беданалар сақланар эди. Ичкарида эски сандиқлар, арабий хурмачалар бор эди. Аёллар мени кўриб, ичкарига кириб кетишди. Хўжа бир сандиқни очиб, Искандар расми туширилиб зарб қилинган тангаларни кўрсатди. Мен ундан бир қадимий сўзана ва Бибихоним қабрининг сирланган парчасини сотиб олдим, шу билан бирга зардўзи дўппилар ҳам ҳарид қилдим.
* * *
Бахт ва шодлик ҳамроҳлигида мен Мирзо Улуғбек, Тиллакори ва Шердор каби кўм-кўк нақшиндор сопол парчалари билан безалган мадрасалар билан ўралган Регистон майдони ва машҳур Самарқанд бозорида сайр қилдим. Уларнинг орқасида буюк Темур мақбараси ва у жонидан ортиқ кўрган Бибихоним қурдирган Шарқнинг энг гўзал масжиди. Мен зар билан тикилган ўзбек каллапўшини бошимга кийиб, узум ва қовун билан тамадди қилдим. Масжидлар ҳовлисининг қийғос гуллаган бодомлари остида сайр қилдим.
Баҳор, ҳаво иссиқ. Минглаб мусулмонлар кўчаларни тўлдириб, бошларида ҳар хил ранг ва ҳар хил шаклда эски-туски саллалардан ўраб олишган эди. Одамларнинг ғала-ғовури ва гуллаган боғларнинг роҳатбахш ҳиди, мен аминманки, бу кун менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири бўлиб қолади. Мен яна бир неча кун ҳали Самарқанд жамолидан тўйиш ва фарзни адо этиш учун қоламан. Сўнг Бухоро! Оҳ! Нақадар мўъжиза у ердаги Дунё! Ўз оёғингда йўл юришинг, икки кўзинг билан кўришинг қандай бахт шу пайтда!
Поездда мен “Саргузаштлар”имнинг икки тўпламини йўқотиб, сўнг йўл-йўлакай имкони борича тўлдиришга ҳаракат қилдим. Аммо мен уларни унутибман, эсимга тўлалигича келмаяпти. Мен Осиёнинг юрагида ғарқ бўлиб, бахтдан ўзимни йўқотаёзган эдим ва балки ўшанда уни йўқотгандирман. Менга ҳозиргина телефон қилиб йўқотилган қисмларнинг топилгани ва эртага Самарқандга юборилажагини айтишди. Оҳ! Тил ва луғат ожиз. Бу шаҳарни кўришим билан шеърларим менга маъносиз, таъмсиз ва рангсиз туюлди. Мен қандай қилиб катта гумбазли Бибихоним масжиди минорасини баён эта олай?! Қандай қилиб фақат сўзлар билангина бугун бозорда кўрган, бўйнига сон-саноқсиз ва ҳар бирининг учида олтин зирак бўлган тақинчоқлар осилган, киприк ва тирноқлари бўялган, қўғирчоққа ўхшаган, нигоҳи таҳликали тус олган қизалоқни, ҳатто шу Шарқнинг содда руҳиятини, шу етти ёшли қиз қиёфасини қандай баён айлай?!
Самарқанд. 1929 йил, 28 март.
…Мен кун бўйи масжидлар ва Чорсуда кезиб юрдим. Кўчаларда қовун ва узум еб, бошимга паддўз каллапўш кийиб, барча кўрган манзаралардан хурсанд бўлдим.
Қуддусдаги Умар масжиди жуда гўзал, чунки у бус-бутун сақланган. Бу ерда бўлса, кўпгина масжидлар бор. Аммо хароб аҳволда. Ҳали унда, ҳали бунда, чала кўк гумбазлар, сарғайган устунлар кўзга ташланади. Баъзида миноралар ҳам Еревандагига ўхшаб қийшайиб қолган… Аммо шаҳар, ўзининг шарқона жозибаси билан Қуддусни доғда қолдиради. Бу ер Шарқнинг юраги. Бу ердаги аҳоли қиёфаси, ранг-баранг кийимлари, каллапўшу оқ, сариқ ва кўк саллалари, гондолалардек (насроний диндорлар пойабзали) тикилган пойабзаллар бир форс миниатюраларида кўрадиган тасвирларнинг худди ўзгинаси. Сиз, мен билан бўлишингизни нақадар орзу қилмоқдаман ҳозир!.
Бухоро.
Мен Бухорога етиб келганимда кеч тушган эди. Вокзални аёллар кўриб, эсдан оғиб қолмасликлари учун уни шаҳардан 13 километр нарида қурибдилар. Куннинг жазирама ҳарорати пасайиб, ёқимлигина шабада эсиб турарди. Бир зумдан сўнг мен Бухоро шаҳрининг қоқ марказига бориб қолдим. Аҳоли гавжум, мусулмонлар хуфтон намозини ўқиб қайтишарди. Тасаввур қилинг, кўча тўла архимандрит ва метрополитлар бошларида узун метралар, қўлларида эса елпиғич. Ва булардан кўча лиқ тўлган, буни кўз олдингизга келтира оласизми? Яна чойхона хизматкорлари, шўрданакфурушлар, тиланчилар ҳам кўчада. Хуллас, ҳаммаси кўчада. Саҳна ўртасида танча, хушрўй бир бола ва қария ҳофизлар ғазал айтишмоқда. Зиравор, жасмин ва зах ҳиди қўшилиб анқимоқда… Бутун эски шаҳар усти ёғоч билан қопланган. Худди уйда сайр қиладиганга ўхшайди киши. Биттагина қўрқинчли меҳмонхонаси бор экан. Мен туннинг ярмигача тентираб, қоронғуда баҳайбат, чароғон ва бўм-бўш масжидларни кезиб чиқдим. Шу кеча жуда ёмон ухладим.
Тонг саҳарлаб мен яна шаҳар кезишни бошладим.
Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, Бухоро Самарқандга нисбатан шарқонароқ. Соя ва кўкаламзор ҳам кам. Уйлар паст айвонли ва барчаси лойсувоқдан. Деворларда фақат биттагина дераза бор. Худди қалъалардаги мудофаа туйнугига ўхшайди. Бугунгидек қутурган шамол эсганда эса уларни ҳам хароб қилиб янада авж олади. Бу ернинг одамлари ҳам самарқандликлардек рангдор эмас.
Ҳаммаёқ чанг, кулранг тусга кириб олган тупроққа ўхшайди. Ва бирдан мана шу чанг узра гўзал қуббалар, масжидларнинг ажойиб гумбазлари кўзга ташланади. Бу гумбаз ўзининг туртиб чиққан учи билан бирга аёлнинг гўзал сийнасига ўхшаб кетади. Бу ернинг тамаддуни даврида одамларнинг бари бирлашиб бир фикрни, бир ғояни қандай қўллаб-қувватлаганларини, унга қай даражада ўзларини бахшида этганликларини тушуниб етасиз. Лой ва сомонда барпо қилинган бу турар-жойларнинг барчаси улар ичра худоларига атаб тикланган биноларнинг савлат тўкиб туриши учун атайлаб пастлаб қурилган. Бухоро масжидлари нақадар виқорли! Европадаги ва ҳатто ўша Қуддусдаги Умар масжиди ҳам пастроқ, бу ерда эса улар осмонга бўй чўзган. Гумбаз эса унга виқор ва салобат бахш этувчи гўзал доирага суяниб туради. Бозор кўзга зўрға ташланади. У ҳам бўлса советлаштирилган. Мен кун бўйи сиз учун Бухоронинг асл узугидан қидириб беҳуда уриндим. Ҳозирги тиллафурушлар руслар ва кавказликлар. Сиз уларнинг қанақа арзимаган тақинчоқлар билан савдо қилишларини тасаввур қилолмайсиз.
Хулоса шуки: Самарқанд мен учун илиқ ва рангдор Шарққа ўхшайди. Бухоро бўлса, Шарқона бир мумтоз унсур бор: тартиб, ранг ва оддийлик. Оддийликни хуш кўрадиган қалб учун уч маротаба жозибалироқ бу шаҳар. Бахтга қарши буларнинг иккиси ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Яъни ўз қалбларини йўқотиб, Москвадан ранг олмоқда, Москва бўлса, Европадан, Европа эса Америкадан.
Мен бир аср олдин чўл бағрига сингиб кетган катта шаҳар – Марв томон йўл оламан. Мен Бухорода кўп қололмайман, акс ҳолда мен олган таассуротлар сўниб қолиши мумкин.
Француз тилидан Рамазон Бобокалонов, Суҳробжон Бобокалонов таржималари.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 9-сон