Набижон Боқий. Хоразмлик олмонлар

Қизим Узро бонуга бағишлайман

Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дунёлар чиқар…

Матназар Абдулҳаким

Олмонияга Хоразмдан олтмиш-етмиш оила кўчиб бориб, муқим яшаб қолиши мумкинми? Мактаб қуриб, масжид тиклаб, урф-одатларини сақлаб қолиши,  мусулмон ўзбек сифатида ҳалол тер тўкиб, ҳаёт кечириши мумкинми?

Бундан деярли 140 йил муқаддам насроний динининг меннонит мазҳабига мансуб олтмиш-етмиш немис оиласи Хива хонлиги тасарруфидаги Оқмасжид қишлоғига келиб ўрнашади. Улар эътиқодини сақлаб қолади, ҳалол меҳнат қилиб ҳаёт кечиради. Мактаб қурадилар, ибодатхона тиклайдилар. Эллик беш-олтмиш йил Хивадан  ўн икки чақирим наридаги унумдор ерларда эмин-эркин ризқини терадилар. 1935 йилда большевик-шўравийлар аёвсиз равишда уларни Сибирь ўлкасига бадарға этади…

Ушбу эссе-тадқиқотимиз яқин ўтмишда бағрикенг халқимиз гувоҳлигида юз берган ўша унутилмас воқелар тўғрисида.

ЭСКАРТМА

2014 йили баҳор мавсуми охирларида Хоразмга бордим. Аниқроғи, май ойи бўйи  воҳада бўлдим. Урганчдаги вилоят архивида салкам юз йиллик тарихий ҳужжатлар яп-янги муқовалар орасида ниҳоятда авайлаб сақланаётган экан. Шоир Эрпўлат Бахт билан 1927–1932 йилларга алоқадор минглаб эски жилдтахламаларни титкилаб ўтириб, фавқулодда қизиқарли ҳужжатларга дуч келиб қолдим.

Аслида, камина Хоразмга махсус сафар қилиб, ўрганаётган мавзу “хотин-қизлар озодлиги” (паранжи ташлаш кампанияси) билан боғлиқ эди. Кутилмаганда архивдан Хива шаҳри жанубида (ўн икки чақирим нарида) жойлашган Оқмасжид қишлоғида  яшовчи  “менуитчи”  (“меннонитчи”) немислар тўғрисида 1928 йили маҳаллий партия ходими ёзиб қолдирган ҳисоботга дуч келиб, э-э воҳ, ростакамига ҳайрат бармоғимни тишлаб қолдим. Сўнгра шу қишлоқда яшаган “менуитчи” немислар тўғрисида архивда қанча ҳужжат бўлса, ҳаммасидан нусха олдим.

Биз немисларнинг насроний эканини яхши биламиз. Лекин улар қайси мазҳабга мансуб: католикми ёки протестант? Бу саволга олис овулларда яшайдиган ўзбеклар дадил жавоб бера олмайди. Лекин бир вақтлар “меннонитчи” немислар билан битта қишлоқда ёнма-ён яшаган ўзбекларнинг авлодлари тақдир тақозоси билан Овруподан Хоразмга келиб қолган ўша муҳожирларни ҳозиргача ниҳоятда меҳнаткаш  ва ҳалол инсонлар сифатида эҳтиром ила эслайди.

Дарвоқе, май ойи охирларида зарур ишларим борлиги сабаб Тошкентга қайтдим. Ёз чилласида эса олмончани сув қилиб ичган Узро қизим ҳамроҳлигида яна Хоразмга бориб, тарихий йўқламани қолган жойидан давом эттирмоқчи бўлдим. Аммо шароит тақозоси билан қизим бу сафарда менга ҳамроҳлик қилолмади, натижада битта ўзим изланишларимни поёнига етказдим.

Рисола ёздим. Менингча, қизиқиб ўқилса керак. Яна қайдам, ҳакам ўзингиз, ўқувчим.

Н. Б.     

 

МЕННОНИТЧИЛИК ТЎҒРИСИДА

(Википедия эркин энциклопедиясидан олинди)

Меннонитчилик – насронийларнинг протестант мазҳабига мансуб диний оқим бўлиб, унга Менно Симонс (1496–1561) асос солган. Менно Симонснинг миллати  голланд бўлган. XIV асрнинг 30-йилларида меннонитчилик пайдо бўлади; ўша кезлар Голландияда ислоҳотчилик ҳаракати бошланади, бу ҳаракатда  радикал ва  муросасоз анабаптистлар ҳам қатнашади. Меннонитчилар куч ишлатмаслик, қаршилик кўрсатмаслик  ғоясини дастуруламал этиб олган бўлиб, шунга кўра, улар қўлларига қурол олмайди, ҳарбий хизматдан бўйин товлайди. Меннонитчилик давлат манфаатларига мос келмагани учун ҳам сиёсий норозиликдек кўринади. Ҳокимият  маъмурлари меннонитчиларни ҳарбий хизматга сафарбар этмоқчи бўлса, улар  эмиграцияни маъқул кўрган. Яъни, ўзлари яшаб турган мамлакатни оммавий  равишда  ташлаб чиқиб кетган. Улар илк бора  XVI асрнинг  40–50-йилларида шундай ҳижратни амалга оширган. Дастлаб Голландиядан Шимолий Олмонияга, сўнгра Ғарбий  Пруссияга кўчиб ўтадилар. 1560 йилда меннонитчилар иккинчи марта оммавий  равишда  кўчади. Бу сафар Англия, Франция, Олмония ва Польшага кўчиб борадилар.

XVIII асрнинг иккинчи ярмида қиролича Екатерина Иккинчи таклифига биноан меннонитчиларнинг катта қисми Россияга кўчиб келади.

* * *

Менно эсини таниган чоғларида қишлоқда католик руҳонийси эди. Реформация даврида ислоҳотчиларнинг кўплаб китобларини мутолаа қилади. Хусусан, Мартин Лютер асарларини ўқийди. 1531 йилда Леуварденда  анабаптистлар  қатл этилишига  гувоҳ бўлади. Ноҳақ қатл этилган одамларга ачинади. Сўнг анабаптистлар ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади, бунга  Инжили шарифдан далиллар топади. Меннонинг укаси ҳам анабаптистлар сафига қўшилиб кетади. 1535 йилда анабаптистлар ишғол этган Доккума яқинидаги ибодатхонага ҳарбий кучлар ҳужум қилади, ҳужум чоғида Меннонинг укаси ўлдирилади.

Ички руҳий тўлғонишлардан сўнг Менно 1536 йилда католик маз­ҳабидан ошкора  юз ўгиради ва анабаптистлар сафига қўшилади. У анабаптистларнинг асосий ғояларини қабул қилади. Лекин черковнинг сиёсий, жанговар йўналишини қабул этмайди. Ҳатто анабаптистлар раҳнамоси бўлмиш Иоанн Лейденский таълимотига қарши асар яратади. Иоанн Лейденский ҳукмдорликка даъво қилса, Менно эса уруш-жанжалсиз тинчгина яшашни тарғиб қиларди. У анабаптистларнинг “ҳаворий”лари-дан бўлмиш Обби Филипс томонидан қайта чўқинтирилгач, “элкезар даъватчи” фаолиятини  бошлайди. Тез орада Кёльнда,  жанубий  Олмонияда, Мекленбургда ўз атрофига йирик жамоаларни бирлаштиради. 1543 йилда барча меннонитчиларнинг епископи рутбасини олади.

Буюк Литва князлиги вилоятларида ҳам ўз таълимотини  беш йил тарғиб қилади. Болтиқ бўйида “Троица тўғрисида” номли асосий асарини яратади.

Меннонитчилик таълимотининг ўзига хос томонлари шулардан иборат: дунёда Тангри салтанатини тиклаш учун черковнинг соф ва илоҳий асосини яратиш керак; таълимотнинг асосий манбаи Инжили шариф эканини сўзсиз тан олмоқ лозим; Троицанинг илоҳий аҳамиятини  эътироф этмоқ даркор…

Бундан ташқари, худди баптистлар каби балоғат ёшига етган одамларгина чўқинтирилади, токи одамлар онгли равишда диндор бўлсин, дунёвий кирлардан фориғ бўлсин. Судлашув, қасамёд, ҳарбий хизмат рад этилади. Меннонитчилик ўзининг тинчликсеварлиги, муросасозлиги билан фарқланиб туради. Ҳеч қачон зўравонликка, ёвузликка даъват этмайди. Ҳар бир мустақил қавм бошқаларга боғланмаган ҳолда ҳаёт кечиради. Қавмнинг ўзи диний раҳнамосини, таълимот ҳомийсини  сайлаб олади. Қавм муаммоларини ҳал этиш учун  черковнинг “умумий йиғилиши” чақирилади, йиғилиш қарори  “диний раҳбарлар конвенти”  томонидан тасдиқланади. Конвент қавмнинг расмий ҳокимият олдидаги вакили хисобланади.

XIX  асргача  меннонитчилик ҳаракати доимий курашлар тарихидан иборат бўлган. Ташқи “душман” – католиклар билан протестантлар бўл­са,  ички  “душман” – меннонитчилар орасида пайдо бўлган фирқалар эди.

Менно Симонс  вафот этгач (1561 йил), Голландияда меннонитчилар ўн йил давомида қаттиқ  таъқиб  этилади.  Катта ёшдаги одамлар  чўқинтирилгани, қасамёд рад этилгани,  ҳарбий хизматдан бўйин товлангани учун халқ уларни нафақат черковга, ҳатто давлатга ҳам душман деб ҳисобларди. Бу пайтларда намунали меннонитчилар  энг қадимий насронийлар каби ҳаёт кечиришни, яъни қабила бўлиб яшашни афзал кўрарди.  Шундай бўлса-да , улар орасида ҳам  “масъала талашув”лар бўлиб  турарди. Масалан, “Фақат ибодатхонада одамлар бир-бирининг оёғини ювиши керакми ёки хусусий уйларда ҳам бировнинг оёғини ювиш жоизми?” деган  “масъала” юзасидан қизғин тортишувлар бўлиб ўтган.

Голландиялик меннонитчилар 1795 йилда ҳуқуқий жиҳатдан католик ва ислоҳатчиларга тенглаштирилади.

1847 йилда Пруссияда меннонитчилар ҳарбий хизматга мажбуран чиқариладиган бўлади. Шу боис уларнинг катта  қисми Русияга кўчиб ўтади.

Украинага  илк бора 1789 йилда 228 меннонитчи оиласи кўчиб келади. Уларга  эътиқод эркинлиги берилган, ҳарбий хизматдан озод этилган. Ўн йил давомида солиқлардан қисман озод қилинган, ҳар бир оилага 65 дес­ятинадан ер берилган.

1874 йилда Русияда меннонитчилар ҳарбий хизматга мажбуран жалб этилиши тўғрисида фармон эълон қилинади. Оқибатда Русиянинг турли вилоятларида истиқомат қилаётган меннонитчилар Америка қитъасига кўчиб кета бошлайди.

1885 йилда бир гуруҳ меннонитчилар Туркистонга кўчиб келиб, Хива хонлиги ҳудудида ватан қуради.

Кўчирма: “Туркистонда Русия ҳукмдорлари мазҳабчи немисларга – меннонитлар билан адвентиларга тоқат қилишади, зуғум ўтказишмайди; улар диний урф-одатларини бемалол амалга оширишади. Уларнинг хўжаликлари бадастир эди. Мустамлака асорати остида қолган мазлумларга улар ҳар томонлама ўрнак этиб кўрсатилади. Шу боис меннонит мазҳабидаги немисларга махсус қўрғончалар барпо этиб яшашлари учун рухсат берилади. 1919 йилда улар бешта қўрғонча барпо этган эди (Центральная Азия в составе Российской империи. Европейский университет в Санкт-Петербурге. Факультет истории. Новое литературное обозрение. 2008 г. Стр. 257).

Бу маълумот Русия империяси “меросхўрлари” томонидан тайёрланганди ва талқин қилинган. Унга танқидий ёндашиб, мулоҳаза учун мавзу сифатида қараш лозим. Қолаверса, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳудудида яшаган меннонит немислар ва бошқа сектантчи-мазҳабчилар тўғрисида гап кетяпти. Хива хонлиги ҳудудидаги меннонит немислар бевосита мусулмонлар қуршовида ҳаёт кечиради. Санк-Петербургда нашр этилган “Янги адабий шарҳ”да эса Оқмасжидда истиқомат қилган немислар тўғрисида лом-мим дейилмайди.

Биз Оқмасжидда туғилган ёки Хива хонлигида яшаган меннонит немисларининг дунёдаги турли мамлакатларга сочилиб кетган авлодлари билан ҳамкорликда ўз эътиқоди сабаб мисли кўрилмаган азоб-уқубатларни бошидан кечирган  инсонлар тўғрисида тўлақонли тадқиқот-китоб яратишни ўз олдимизга эзгу мақсад этиб қўйганмиз. Худо хоҳласа, мақсадимиз рўёбга чиқса, китобхонлар изланишлар самарасидан  баҳраманд бўлажак. Омин.

* * *

Ўзбекистон (большевиклар) компартияси Хоразм округи қўмитаси

Ўзбекистон  КП МҚ ҳузуридаги Партия тарихи институтининг партия архиви

Фонд № 2

Рўйхат № 3

Жилдтахлам № 572

1928 й. 23 январда бошланган

1928 й. 27 августда тамомланган

20 варақ

ОҚМАСЖИД ҚИШЛОҒИДА НЕМИСЛАРНИНГ 

“МЕНУИТЛАР” КОЛОНИЯСИНИ ЎРГАНИШ  НАТИЖАЛАРИ ТЎҒРИСИДА ҲИСОБОТЛАР, КАМБАҒАЛЛАР БИЛАН ИШЛАШ ҲАҚИДА

23/ I — Р

Янгиариқ райони Оқмасжид қишлоғида Шўроларга қайта сайлов ўтказиш учун тарғибот-ташвиқот кампаниясига доир сафар якунлари

1927 йил 30/XII куни Хор. округ сайлов қўмитасининг топшириғига кўра биз ўртоқ Тоҳиров билан биргаликда фақат немислар яшайдиган Оқмасжид қишлоғида Қ. Шўросини барпо  этиш мақсадида тадқиқот ўтказдик. У ерда бўлганимизда шу нарса аниқландики, Оқмасжид ижтимоий ва сиёсий ҳаётдан батамом ажралиб қолган немислар яшайдиган ўрамга (колония) ўхшайди, Совет ҳокимиятидан  ном-нишон ҳам йўқ. Оқмасжид, аҳолининг айтишича, “немисларнинг колонияси” экан; бу ерда 35та хўжалик бўлиб, жами 165 нафар жон бор. Кўпчилик деҳқончилик билан машғул, айрим кишилар ҳунармандчилик билан шуғулланади. Қишлоқнинг барча аҳолиси “менуитлар” деб аталадиган диний мазҳаб-секта аъзоларидир. Улар 43 йил  муқаддам Мадраимхон (Муҳаммад Раҳимхон Иккинчи (Феруз) – Н.Б.) даврида Хоразмга келиб қолган. Ҳарбий хизматдан қочиб бу ерга келганлар. Хон уларга шу  қишлоқда яшашга рухсат беради, диний урф-одатларига аралашмайди, лекин ҳунармандларидан ўз эҳтиёжи йўлида фойдаланади.

Улар ўзларининг диний эътиқоди бўйича қўлга қурол олишни  ва умуман ҳарбий хизмат ўташни гуноҳ ҳисоблайди; ҳозир ҳам ҳарбий хизматдан озод қилинган эканлар. Оқмасжид қишлоғининг деярли барча аҳолиси тўқ ҳаёт кечиради, улар бадавлат кишилар. Ҳар бир оилада  5-6 та сигир, 3-5 тадан от ва каттагина ҳажмда ер-мулк бор. Даромад ҳисобидан ўз хўжаликларини янада ривожлантиради, маданийлаштиради. “Кирхе” деб аталадиган ўзларининг ибодатхонаси бор: ҳар якшанба куни тоат-ибодат қилиш учун  “Кирхе”га  боришади. “Менуитлар”  мазҳаби русларнинг “евангелистлар” сектасига ўхшайди. Ҳозир ҳам улар эскича йил ҳисоби бўйича ҳаёт кечиради, ўзларининг диний байрамларини эски сана бўйича нишонлайдилар. Ёшлар ота-оналари таъсири остида консерватив (эскичасига) ҳаёт кечиради, жамиятга аралашмайди, сиёсатдан узоқ юришади. Ҳар бир хонадонда ўзларининг диний маросимларини нишонлаш учун  шарт-шароит бор.

Ўзларининг гапларига кўра, қабила (“община”) бўлиб ҳаёт кечиришади, ҳеч кимга тобе эмас, ҳеч кимга бўйсунмайди, уларни “давлат ичида давлат” дейиш мумкин.

Қабиланинг тепасида бошқармаси бор. Бошқарма аъзолари қабила оқсоқоллари ҳисобланади, улар фуқаро Тейвса, ўзбекчасига Отабой, пастор, ўқитувчи – оқсоқолнинг ўғли ва сув масалалари бўйича вакил – “мироб”.  Мана шу бошқарма Оқмасжид қишлоғининг раҳбариятидир.

Қабила бошлиғи 27 йилдан буён  ўз  мансабида ўтирибди, аҳоли орасида жуда катта обрў-эътиборга эга. У Совет ҳокимиятини ёмон кўради.  Тинмасдан қабиланинг мустақиллигини, Совет ҳокимиятига бўйсунмаслик кераклигини тарғиб  қилади. Ёнгинасида ўзбекларнинг  Қишлоқ Шўроси бўлса-да, улар билан ҳеч қандай алоқа ўрнатилмаган, уларни тан олмайди, ҳокимият ўрнида кўрмайди уларни. Ҳар қандай ижтимоий масалани мустақил ҳал этадилар; ўзбекларнинг Қишлоқ Шўроси билан боғлиқ қандайдир муаммо пайдо бўлиб қолса, уларни ўз ҳузурларига бош эгиб келишга мажбур қилишади ва муаммони Отабой оқсоқол орқали ҳал қилишади. Маданият соҳасида улар жуда орқада қолиб кетган. Деярли ҳаммаси немисча саводхон, 14 ёшгача ўзларининг мактабларини тамомлайдилар, бироқ ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ҳеч қандай билимга эга эмас. 14 яшар болалар учун мактаб бор, немис тили грамматикасини шу ерда ўрганишади, шунингдек,  диний урф-одатлар ҳам ўргатилади.

Эркаклар ўзбеклар билан кўпроқ мулоқот қилиб юргани боис ўзбек тилида жуда яхши гапиришади, қисман ўрисча ҳам биладилар. Лекин аёллар фақат немисча саводхон. Отабойнинг ўғли ёлланма ўқитувчи ҳисобланади, у болаларни ўқитгани учун ҳар ойда 45 сўм маош олади.

Ҳар бир хонадонда шахсий кутубхона бор. Кутубхона ўнлаб немисча рисоладан иборат, диний мавзуларда ёзилган китоблар кўпроқ. Отабойдан бошқа ҳеч ким газеталарга обуна бўлмайди. Отабой Сибирдан келадиган “Крестьянин” (“Деҳқон”), немисча “Дер Ландман”, Россияда  таъқиқланган “Гинденбург” органи  “Дифосише цайтунг” (Олмонияда, Берлинда чиқади) газеталарини мунтазам олиб туради. Биринчи газетани ёқтирмайди, чунки “Крестьянин” ҳаддан ташқари қизил, большевикпараст газета, лекин иккинчи газетани мириқиб мутолаа қилади.

Дала ишлари қизғин тус олган чоғлари ҳар бир хўжаликда биттадан ўзбек-батрак доим банд бўлади; унинг қорнини тўйдиришади, ҳар куни 50 тийиндан ҳақ тўлашади. Отабойнинг  хонадонида ҳам уч-тўртта ўзбек-батрак доимий иш билан таъминланган. Улар на “Қўшчилар” ширкатига, на бошқа шўравий ташкилотга аъзо, ҳеч қандай шартнома тузмасдан ишлайдилар.

Немислар билан суҳбат чоғида маълум бўлдики, улар Қишлоқ Шў­роси барпо этилишини асло истамас экан, ҳаммаси Отабойни қўллаб-қувватлайди. Улар бир овоздан: “Биздан давлат нимани талаб қилса, бажо келтирамиз, лекин қабиламизнинг ички ишларига ҳукумат аралашмасин, агар  ҳокимият биздан оқсоқолимиз Отабойни қайта сайлашни талаб этса, яна барибир уни сайлаймиз, бизга бошқасининг кераги йўқ”, дейишади. Уларнинг фикрича, фақат Отабой қабиланинг талаб ва эҳтиёжларини қондириши мумкин.

“Агар ҳокимият биздан солиқ тўлашни талаб қилса, биз тўлаймиз, бош тортмаймиз, биринчи бўлиб тўлаймиз. Лекин ҳукумат бизнинг ҳаётимизга ҳам, урф-одатларимизга ҳам аралашмаслиги керак”, дейишади. “Нима учун кооперацияга  аъзо бўлмадингиз?” деб савол бердик. “Биз большевиклар билан иложи борича камроқ алоқа қилишни истаймиз. Агар кооперацияга аъзо бўлсак, ҳукуматнинг ҳар қандай топшириғини бажаришга мажбур бўламиз. Биз ўз зараримизга ишлашни истамаймиз”, деб  жавоб беришади. Уларнинг норозилигига яна битта сабаб шундан иборатки, Эдилбўйи немисларига мактабларда диний қонунларни ўқитиш ҳукумат томонидан ман этиб қўйилган.  Бу ҳақда улар аниқ маълумотга эга.

Оқмасжид аҳолиси деярли ёппасига бир-бири билан қариндош бўлиб кетган. Шу боис баъзи бирлари Эдилбўйи немисларидан келин олиб келишади, фақат улар ҳам меннонит (архив ҳужжатида “менуитлар” деб ёзилган – Н.Б.) мазҳабига мансуб бўлиши  лозим.

Ёшлар билим олишга мутлақо қизиқмайди, улар олға интилмайди, фақат хўжалик ишлари билан машғул; бозор кунлари Хива шаҳрига ўз маҳсулотларини сотишга келишади. Шунингдек, ёшлар баъзан оталарига қўшилиб қишлоқларга устачилик қилгани чиқиб кетишади. Улар кўпинча дурадгорлик билан машғул бўлишади.  Немислар қўли гул уста ҳисобланади.

Байрам кунлари ёшлар танишлари хонадонида тўпланиб, чиройли ўтиришлар уюштиради, жўр бўлиб диний қўшиқлар ижро этишади, уй-рўзғор, хўжалик ишлари мавзусида суҳбатлашиб ўтиришади. Шунингдек, қишлоқда расм бўлган ҳар хил  ўйинлар билан машғул бўлишади.

Ёшлар ота-оналарининг чизиғидан чиқмайди, уларга сўзсиз итоат этади, динни қаттиқ ушлайди, кексалар билан баробар барча диний  урф-одатларни беками кўст адо этадилар, ўз вақтида албатта ибодатхонага борадилар. Улар ижтимоий ёки сиёсий ташкилотлар тўғрисида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, тасаввурга эга бўлишни ҳам исташмайди.

ЯКУНИЙ ТАВСИЯЛАР

Оқмасжид қишлоғида яшайдиган немисларни жамоат ишларига ва сиёсий ҳаётга жалб этиб, Қишлоқ Шўросини барпо этишга замин ҳозирлаш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш лозим:

  1. Оқмасжидда ёз мавсумида немисларнинг хонадонида ўттизтача ўзбек батраклари ишлайди; улар орасида тарғибот ва ташвиқотни кучайтириб, қишлоқда батраклар қўмитаси ташкил этиш керак, токи бу қўмита батракларнинг меҳнат шароитини яхшилаш учун шартнома тузсин. Ҳозир эса қишлоққа тез-тез бориб, улар билан суҳбат ўказиб, ташкилий ишлар чорасини кўрмоқ даркор. Жуда эҳтиёткор бўлиш керак, акс ҳолда иш берадиган хўжайинлар батракларнинг шўравий ширкатга аъзо эканини сезиб қолишса, меҳнат шароитини яхшилаш тўғрисида гап очган шоввозларни шу заҳоти ишдан ҳайдаб юборадилар, натижада батраклар бир парча нонидан ҳам бенасиб қолади.
  2. Қишлоққа комсомолларни тез-тез жўнатиб, сиёсий мавзуларда ўзбекча суҳбатлар ўтказилишини таъминлаш керак, немис ёшлари ўзбек тилида яхши гапиради ва тушунади. Шу йўсин комсомол ячейкаси ташкил этиш учун замин ҳозирланади. Бу ишни Оқмасжид қишлоғига яқин бўлган Янгиариқ район комсомол ташкилоти амалга ошириши мумкин.
  3. Немис тилида ёзилган бир нечта китобни Оқмасжидга олиб бориш керак. Улар партиявий мавзуда бўлиши шарт эмас. Фақат мавжуд тузумга хайрихоҳ бўлса бас. Ўша китоблар ёшларни тўплаб баланд товушда ўқиб берилса, маданий-оқартирув йўналишида суҳбатлар ўтказилса, ёшларнинг маданият даражаси кўтарилиб, уларни ота-оналари таъсиридан ажратиб олиш мумкин.
  4. Бу йил Қишлоқ Шўроси барпо этишга шошмаслик керак, келаси йили шу ишни амалга ошириш учун замин ҳозирлаб қўйиш керак. Чунки ҳозирги шароитда Қишлоқ Шўроси барпо этиш жуда қийин, мақсадга мувофиқ ҳам эмас. Қолаверса, Шўро қабила орасида ҳеч қандай таъсир кучига ҳам, обрў-эътиборга ҳам эга бўлмайди.

* * *

Сизнинг 1927-7/XII да  № 2/085  сонли сўровингизга жавоб

МАЪЛУМОТНОМА

ОҚМАСЖИД  ҚИШЛОҒИНИНГ АҲВОЛИ

Шўроларга қайта сайлов ўтказилиши муносабати билан Янгиариқ райондаги Оқмасжид қишлоғида тарғибот кампаниясини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида

1927–30/XII куни Хоразм округ сайлов қўмитаси томонидан берилган топшириққа кўра мен ўртоқ Тоҳиров билан бирга асосан немислар истиқомат қиладиган Оқмасжид қишлоғини баҳоли қудрат ўрганиб чиқдим. Мақсадимиз  – у ерда Қишлоқ Шўроси барпо этиш учун замин ҳозирлашдан иборат эди. Биз сафар чоғида шуни аниқладикки, Оқмасжид қишлоғи немислар яшайдиган колонияга ўхшар экан. Жамият ҳаётидан ва сиёсий воқеалардан ташқарида туради, Шўро (Совет) ҳокимиятидан асар ҳам йўқ. Оқмасжид – аҳоли ибораси билан “немис колонияси” дейиладиган қишлоқда 35 та хўжалик бўлиб, унда 165 нафар жон бор. Одамлар асосан деҳқончилик билан машғул, қисман ҳунарманд косиблар ҳам бор экан. Қишлоқнинг ҳамма аҳолиси “менуитлар” диний мазҳабига (секта) мансуб бўлиб, Хоразмга Мадраимхон даврида, бундан  43 йил  олдин келганлар. Улар ҳарбий хизмат қилишдан бош тортиб кўчиб келган. Хон уларнинг диний урф-одатларига аралашмаган, лекин ўз эҳтиёжи учун улардан ҳунарманд сифатида фойдаланган.

Уларнинг диний эътиқоди бўйича қўлга қурол олиш ҳам, ҳарбий хизмат қилиш ҳам гуноҳ ҳисобланади. Ҳозиргача улар ҳарбий хизматдан озод қилинган. Оқмасжид қишлоғининг барча аҳолиси бой-бадавлат, ўзига тўқ ҳаёт кечиради.

Ҳар бир оилада  5-6 та сигир, 3-5 тадан от бор ва ер-мулклари ҳам кўп. Даромад ҳисобидан ўз хўжаликларини  ривожлантиради, маданийлаштиради. “Кирхе” деб аталадиган ибодатхонаси бор, ҳар якшанба куни у ерга бориб ибодат қилиб қайтишади. “Менуитлар” мазҳаби русларнинг “евангелистлар” сектасига ўхшайди. Ҳозир улар эскича йил ҳисоби бўйича ҳаёт кечиради, ўзларининг диний байрамларини ҳам эскичасига нишонлайдилар. Ота-оналари таъсири остида бўлган ёшлар ҳам ўта консерватив – эскичага муккасидан кетган, жамоат ишларига ҳам, сиёсий  ҳаётга ҳам интилишмайди. Ҳар бир уйда ўзларининг диний шиорлари  бор.  Масалан, “Бизнинг йўлимиз сизнинг йўлингиз эмас”, “Худо – муҳаббат дегани”, “Парвардигор, ўзинг бизга мададкор бўл”  ва ҳоказо. Улар ана шу шиорларга қараб сажда қилишади. Ўзларининг гапларига қараганда, улар қабила бўлиб яшайди, ҳеч кимга  тобе эмас, ҳеч кимга бўйсунмайди. Айтиш мумкинки, “давлат ичида давлат”.

Қабиланинг тепасида бошқарма туради. Бошқарма таркибида қабила оқсоқоли фуқаро Тейвса, ўзбекчасига Отабой, пастор, ўқитувчи – оқсоқолнинг ўғли ва сув ишлари бўйича вакил – “мироб”.  Улар бу қишлоқнинг асосий раҳбарияти ҳисобланади.

Аҳоли билан суҳбатлашиб амин бўлдикки, улар Қишлоқ Шўроси барпо этилишига қарши, ҳаммаси Отабойга тарафдор. Улар айтадики, “Биз давлат нимани талаб қилса, бажо келтирамиз, лекин қабиламизнинг ички ишларига ҳукумат аралашмасин. Агар ҳокимият оқсоқолимиз Отабойни қайта сайлашни талаб қилса, биз яна оқсоқолимиз учун овоз берамиз, чунки бизга бошқаси керак эмас”. Уларнинг фиркича, фақат у қабиланинг талабини қондириши мумкин.

Ёшлар билим олишга ҳам, тараққиётга ҳам интилмайди, улар фақат ўз хўжаликлари билан овора. Улар жамоат  ташкилотлари ва сиёсий уюшмалар борлигини ҳам билмайди ва билишни ҳам истамайди.

* * *

Бутун дунё йўқсуллари, бирлашингиз!

Ўзбекистон Коммунистлар (большевиклар) партия Марказий қўмитаси

1927 й. 7/XII

Самарқанд шаҳри

Советская кўчаси, 15

Махфий

ХИВА ок Ўз КП(б)

Ўз.КП/б/ тақсимот қўмитаси немисларнинг менуитчилар колонияси бўлмиш Оқмасжид қишлоғи – Хива  шаҳридан 12 км. нарида жойлашган – аҳволи тўғрисида, колонияни ўрганиш бўйича ўтказилган тадбирлар  ҳақида маълумот  беришингизни сўрайди.

Ўз. КП /б/ Марказ Қўм.

Тақсимот қўмитаси мудири муовини           /имзо/            Толпиго

Котиб                  /имзо/       Карев

КМ-2

(Бланканинг чап томонида араб имлосида ўзбекча ёзилган матн ҳам бор – Н.Б.)

* * *

КАМБАҒАЛЛАР  БИЛАН  ИШЛАШ  ТЎҒРИСИДА

16/VIII 28 й.

Ўтаётган 1928 йилнинг бошларида қишлоқ хўжалиги, истеъмолчилар кооперацияларига қайта сайловлар ўтказилди. Мироблар сайланди. Баҳорда кредит бериш кампанияси ўтказилди. Иккинчи округ партия конференцияси  қарорлари асосида қишлоқларда олиб борилаётган  ишларни  янада кучайтириш учун округ қўмитаси томонидан жойларга (райкомларга) камбағаллар орасида мажлислар ўтказиш борасида амалий кўрсатмалар (директивалар) берилди. Бунда  камбағаллар билан ишлаш жабҳасида тўпланган тажрибалар ҳисобга олинди.

Хоразмда илк бора камбағаллар орасида ишлаш 1926 йилнинг охирларида – 1927 йилнинг бошларида йўлга қўйилган эди. Ўшанда  Шўроларга қайта сайлов ўтказиш кампанияси бошланганди. Қишлоқ камбағалларини фаоллаштириш борасида ўша ишлар ижобий натижалар берди. Камбағалларнинг Шўролардаги позицияси мустаҳкамланди, уларнинг жамоат ишларида, сиёсатда фаол бўлиши таъминланди. Ташкилий жиҳатдан бир қатор камчиликлар бўлишига қарамасдан,  ижобий ютуқларга эришилди.

Округ қўмитаси кўрсатмаларини камбағаллар онгига етказиш вазифаси бевосита райком ва партия ячейкаларининг вакиллари зиммасига юклатилди, унда қишлоқ жамоат ташкилотлари – “Қўшчилар” ширкати, комсомол ва батрак қўмиталари ҳам иштирок этди.

Ўтган давр мобайнида камбағаллар орасида ишлаш борасида сезиларли натижаларга эришилди, улар жамоат ишларига фаол аралашадиган бўлди,  камбағаллар хўжалиги тобора юксалиб бормоқда.

Округдаги умумий хўжаликларнинг 35 фоизи камбағаллар хўжалиги бўлиб, улар қишлоқ хўжалиги солиқларидан озод қилинган, камбағал­ларга  кредит берадиган фонд сезиларли даражада кўпайтирилган, пахта етиштирадиган камбағалларнинг хўжаликлари ижтимоий жиҳатдан мақсадга мувофиқ равишда муҳофаза этиладиган, оқилона  равишда кредит тақсимоти билан таъминланадиган бўлган.

Олтита районда 147 та ширкат раҳбарлари, еттита районда 239 та мироблар, олтита районда 127 та истеъмолчилар кооперацияси раҳбарлари сайланди. Еттита районда баҳорги кампания чоғида 159 та кредит бериш ҳолати муносабати билан камбағаллар иштирокида мажлислар ўтказилди.

Қуйидаги жадвал районлар бўйича ўтказилган мажлислар кўрсат­кичини ифодалайди:

Районлар Ширкат раҳбариятига сайловлар Мироблар сайлови Истеъмолчилар кооперацияси раҳ. сайлови Кредит кампанияси Жами
1 Ҳазорасп 53 26 16 26 121
2 Янгиариқ 15 43 23 19 100
3 Гурлан 32 56 38 23 149
4 Боғот 15 25 15 15 70
5 Хонқа 18 31 27 76
6 Ғазавот 14 16 16 11 57
7 Манғит 42 19 38 99

Рақамлардан кўриниб турибдики, райком ходимлари мироблар сайлови чоғида камбағаллар иштирокида энг кўп мажлис ўтказади. Баҳорги кредит бериш кампанияси чоғида эса мажлис 80 фоиз камроқ ўтказилади.

Мироблар сайлови чоғида аҳолининг ижтимоий таркиби қуйидаги жадвалда  яққол ўз аксини топади:

Районлар Фоиз кўрсаткичлари Миробларни қайта сайлаш
Батраклар Камбағаллар Ўртаҳоллар
1 Ҳазорасп 3,7 74,2 22,1
2 Янгиариқ 28,3  56 15,7
3 Гурлан 46,7 48,5 4,8
4 Боғот 9,6 68,3 22,1
5 Хонқа 2,8 22,7 74,5
6 Ғазавот 20,4 59,3 20,3
7 Манғит 6,8 49,8 43,4

Жадвалда Хонқа районида ўртаҳоллар қатлами ниҳоятда фаол бўлганини яққол кўриш мумкин.

Кичик шарҳ: камбағаллар тўғрисидаги маълумотлар, сайлов ва сайловчилар борасида қайд этилган фикр-мулоҳазалар ўша пайтда Оқмасжид немислари қандай муҳитда яшаганини яққол кўрсатади. Биз-ку, Совет Иттифоқида биринчи беш йиллик (1927–1932 йиллар) аҳоли бошига мисли кўрилмаган мусибат (колхозлаштириш, “Ҳужум”  кампанияси, сургунлар…) олиб келганини жуда яхши биламиз. Лекин ҳар йили Хивага турист сифатида Европадан, хусусан, Олмония ёки Швейцариядан келиб-кетадиган меҳмонлар Оқмасжидда “менуитлар” мазҳабига мансуб немислар ўз эътиқодини сақлаб қолиш учун қандай қийинчиликларни бошидан кечириб, қай ҳолатда тенгсиз курашга бел боғлаганини, ҳойнаҳой, билмасалар керак.

ОҚМАСЖИД. ҚАДАМБОЙ ОҒА ХОНАДОНИДА

Биз Оқмасжид қишлоғида Қадамбой оға Сариев хонадонида давра қуриб ўтирардик. Мезбон оқ-қорани танийди, қишлоқ зиёлиси:

– Немислар атрофи баланд пахса девор билан ўраб олинган қўрғонда истиқомат қиларди. Олди тарафида дарвоза, орқа тарафида яна битта дарвозаси бор эди – дейди Қадамбой оға.

– Деворнинг баландлиги қанча эди? Баландмиди? – деб сўрайди Рўзимбой Ҳасан.

–  Йўқ, унчалик баланд эмас эди. Тахминан, 1,7-2 метрча келарди.

–  Улар неча одам эди? Кўпмиди? – деб яна савол беради Рўзимбой.

– Уларнинг аниқ сони немислар чоп этган китобда кўрсатилган. Яқинда немислар яна келади, улар ҳар йили май ойи охирларида келиб, Оқмасжидни зиёрат этиб, ўзбек болаларига совға-саломлар улашиб кетади. Ўтган йили ўзлари чиқарган русча ва инглизча китоб бериб кетишди. Ҳовва. Чамаси, 55-60 оила истиқомат қилган.

–  Мен бир жойда ўқиб қолдим, немислар иккита етим болани асраб олади. Шу болалар немисча ўрганади. Ўтган асрнинг 70-йилларида Олмониядан келган туристлар ўз миллатдошларини сўраб-суриштиришади. Биласиз, 70-йилларда Ғарбий Олмония ҳамон бизнинг душманимиз ҳисобланарди, Шарқий Олмония эса бизга дўст эди. Туристлар ҳам Шарқий Олмониядан келган бўлса керак. Хуллас, ўша туристлар билан немисчани ўз она тилидек яхши биладиган иккита ўзбек чол бийрон-бийрон савол-жавоб қилади. “Бу тилни қандай ўргандингиз?” деб сўрашганида, “Бизни маҳаллий немислар 30-йилларда асраб олган”, деб жавоб беришган эмиш. Шу гап ростми, ёшулли? – деб яна савол беради Рўзимбой.

Мен диктофонни дастурхон четига қўйиб, тугмачасини босганим заҳоти дастлаб зўр иштиёқ билан гапира бошлаган уй эгаси жайдари оҳангдан расмий “тил”га кўчади. Ёнимда ўтирган шоир Эрпўлат Бахт мийиғида кулиб қўяди (кейинчалик у “Мезбон қўрқиб кетди”, дейди).

–  Йак, мен эшитмаганман. Мустақилликдан сўнг ота-боболарини суриштириб келадиган немисларни биламан, бошқасини билмайман. Келадиган  немислар мактабга боришади. Мактабда ўзимизди немислар ясаб бериб кетган иккита парта сақланиб қолган, ўша партага бешта бола бемалол ёнма-ён ўтирса бўлади. Бошқа парталарга иккитадан бола ўтирса, эски парталарга бешта бола сиғади. Ўзларинг мактабда кўрасизлар. Ҳовва.

–  Улар қишлоқнинг тўй-маъракаларига қатнашганми? – деб савол беради Рўзимбой.

– Менинг отам ҳам, қайнотам ҳам қари одамлар эди; уларнинг ҳикоя қилишича, Оқмасжидда яшаган немислар дим (ўта) ҳалол экан…

Меҳмонхонага уй бекаси кириб:

–  Иссиқ овқат тайёр, миймонлар, сузиб келаверайми? – деб сўрайди.

Хонтахта атрофида биз беш киши эдик: Хиванинг Саят қишлоғидан Сотимбой (касби бўйича – меъмор), Шовотнинг Чиғатойовулидан Сарвар (касби бўйича – тарихчи), Боғотнинг Атовидан шоир Эрпўлат Бахт ва камина – Эрпўлат билан икки ҳафта мобайнида Урганчда, Хоразм вилояти архивида “Ҳужум” кампаниясига алоқадор (асосан 1927–1932 йилларга доир) ҳужжатларни титкилаб ўтирганда тасодифан Оқмасжидда яшаган немислар тўғрисидаги ҳисоботга дуч келиб қолиб, ниҳоятда ҳайратланганимдан ёр-дўстларни отлантириб шу қишлоқда “давра суҳбати” ташкил этган муаллифингиз. Орамизда, айниқса, журналист дўстимиз Рўзимбой Ҳасан фаол эди. Бешовимиздан Сотимбойгина илгари ҳам Оқмасжид қишлоғида бўлган, шу ерликлар “Рўзимат немис” деб атайдиган мўйсафидга Наманганда йигитлик бурчини ўтаб юрган аскар набирасидан салом келтирган, шу баҳонаи сабаб билан Оқмасжидда бир замонлар немислар истиқомат қилганини эшитиб “дим таъсирланган”.

Хонтахтага дастурхон ёзилди, чой-нон қўйилди. Эрпўлат билан Сотимбой чойнакларни ёнига тортиб, чой шопирди. Мезбоннинг ҳай-ҳайлашига қарамай, ҳаммага бир пиёладан чой узатди (мезбон ўзи хизмат қилмоқчи бўлди-да).

Уй бекаси меҳмонхонага киргач, узилиб қолган суҳбат яна давом эттирилди.

–  Демак, немислар ҳалол бўлган… Хўш, кейин-чи? – дейди Рўзимбой.

– Ҳа, улар дим ҳалол бўлган… Немис оқсоқолининг исми Отто бўлган, фамилияси эса Зегерсми, Бигерсми… Отто ўзбек тилида эркин сўзлашган, бизникилар уни Отабой деб атаган. Немислар ўзбек йигитларини ўз хўжаликларида ишлатган, немислар қўлида ўйнаб-кулиб мардикорчилик қилган. Агар иш берувчи билан мардикор ўртасида жанжал чиқиб қолса, дарҳол Отто – Отабой аралашиб муаммони ҳал этиб берган. Мардикорни ишлатган одамнинг ўрнига ўзи иш ҳақини бериб юбораверган, кейин иш берувчидан жарима ундириб олган бўлса керак. Балки ўртада бузилмас фонд бўлгандир, қайдам.

–  Немислар ўзбеклар билан қуда-анда бўлганми? – деб савол беради Рўзимбой.

– Йак, бўлган эмас… Бириси бизнинг битта гизимиз билан муомала этиб қўяди… Ёшлар қони қизиб турган бўлса, нималар қилмайди дейсиз, ҳовва! Улар меннонит-немисларнинг удумини бузган йигитни ўз жамосидан чиқариб, радди маърака этиб қўйган… Лекин, умуман олганда, немислар ўзбекларга гиз ҳам барган амас, биздан гиз ҳам олган амас… Ҳовва. Аммо шу битта иш бўлган…

–  Немис йигитни хоҳлаб қолган қизнинг исми нима?

–  Гизнинг одини биламан, аммо уни ёзиб ўтириш шарт амас; ёшлигида шўх бўлган момонинг ақтиқ-набиралари тирик ҳали, эшитиб қолса хафа бўлади. Ҳовва.

–  Марҳумларни қаерга дафн этишган? Қабристонлари сақланиб қолганми?

– Мен қабристонларини ўз кўзим билан кўрмаганман. Ўтган асрнинг 30-йилларида немислар Оқмасжиддан кўчирма этилгач, орадан қирқ йиллар ўтиб, қаровсиз қабристон чўкиб-чўкиб ер билан баробар бўлиб қолади. Сўнг эски қабристон ўрнига қовун экилади; пайкалга бостириб сув қўйилади, шунда эски қабр ўринлари ўпирилиб, чуқалоқ бўлиб қолади… Кўриниб қолган суяклар устига яна тупроқ тортиб қўйилади. Мен немислар қабристони қаерда жойлашганини биламан. Ҳовва.

–  Немислар ўзларининг қўрғонида қандай яшаган?

– Уларнинг ибодатхонаси бўлган, мактаби бўлган, ҳатто телефонлари бўлган экан. Ҳовва. Мусулмонлар билан қуда-анда бўлмаган. Ўз жамоасида узатиш ёки уйлантириш учун гиз ёки йигит топилмаса, Орол бўйида яшайдиган немислардан келин ё куёв топганлар.

–  Орол бўйларида ҳам немислар яшаганми?

–  Фақат Волга (Эдил) бўйларида эмас, Орол бўйларида ҳам немислар яшаган.

–  Шунақами?

–  Ҳовва. Қўрғонда ёш келин-куёвга жой топилмаса, Оқмасжиднинг ўзбеклар яшайдиган қисмидан янги уй қуришган. Уйларини пахсадан тик­лашган. Томни худди шифер қиладигандек қиялатиб ёпишган, устини сомон сувоқ қилишган; ёмғир ёғса, томни тешиб ўтмасди, пастга оқиб тушиб кетаверарди.

–  Черепица қоплашар экан-да?

– Йак-йак, черепица қоплашмасди, лекин томлари қиялама… Деразаларга ойна ўрнатишни аввал немислар бошлаб берган. Улар қурган уйлар яқинларгача ҳам сақланиб қолган эди. Деразалари ташқарига очиларди, ташқарида дераза устидан ёпиб турадиган эшикчалари бўларди. Қор-бўрондан, қаттиқ шамолдан деразани ўша эшиклар ҳимоя қиларди. Ён-атрофимиз – Қорақум; Шўркўлнинг нариги томонлари – бепоён саҳро. Ҳовва. Хуллас, улар маданиятда анча илгарилаб кетган эди.

–  Картошка, помидор, бодрингларни Хоразмга улар олиб келишган, дейишади.

– Ҳовва. Бодринг ўзимизда бўлган, шекилли. Лекин картошка билан помидорни бизга немислар олиб келишган. Қўрғончаларида узумдан мусаллас (вино) ҳам тайёрлашган. Улар шолидан юз сентнердан, картошкадан эса беш юз сентнердан ҳосил олган. Сигирлари ҳар куни қирқ литр сут берарди. Қишлоғимизда немислардан қолган говмуш-сигирлари бор хонадонлар кўп эди. Елинлари чотига сиғмайдиган зотдор сигирларни ўзим ҳам кўрганман. Ахир, мен ҳам ёш эмасман, етмишга яқинлашиб қолдим.

–  Нима бало, улар сигирларини ҳам ҳайдаб келганми?

– Билмадим, сигирларини ҳайдаб келганми ёки ёпиқ вагонларга ортиб келганми, у ёғини аниқ билмайман. Аммо серсут сигирлари бўлган.

– Айтишларича, Мадрайимхон немисларга Оқмасжидда яшашга  рухсат бераётиб, чўчқа боқмасликни шарт қилиб қўяди, – дейди Рўзимбой.

–  Лекин, немислар дарё бўйидаги тўқайлардан келиб қишлоқ оралаб юрадиган ёввойи қобонларни отиб йўқотади. Ёввойи қобонлар илгари экин-тикинни пайҳон этиб, қишлоқ хўжалигига кўп зиён етказарди. Ҳозир тўқайларда қобон қолмаган, – дейди Сотимбой.

– Тўқайлар ҳам қиш қаттиқ келганда кесиб йўқотиляпти.

–  Дўғри, дўғри…

–  Янглишмасам, немислар 1865 йилда Оқмасжидга келган, – дейди яна суҳбатни асил ўзанига буриб мезбон. – Ўша пайтларда Туркистоннинг генерал-губернатори фон Кауфман – немис бўлган-да! Улар фон Кауфманни қора тортиб, Туркистонга келиб қолади.

Аслида, Константин  Петрович Кауфман аллақачон руслашиб кетган, православ мазҳабига мансуб насроний бўлиб, катта боболари немис бўлгани учун меннонит сектасига алоқадор миллатдошларига қайишадиган, ён босадиган инсон эмас эди. У 1882 йилда вафот этган. Меннонит немислари Туркистонга, хусусан, Хива хонлиги ҳудудига 1885 йилда келади (бу ҳақда архив ҳужжатларида аниқ маълумот бор).

Дарвоқе, Қадамбой оға хонадонида меннонитларга доир воқеа-ҳодисалар халқ хотирасида қандай сақланиб қолган бўлса, ўша ҳолда диктофонга ёзилиб, қоғозга туширилди.

– Улар дастлаб туркманлар яшайдиган овулларга жойлашмоқчи бўлади. Туркманлар немисларнинг қизларини ўғирлаб кетиб, ўзларига келинчак-хотин қилиб олаверади. Шундан кейин улар фон Кауфманга мурожаат этиб, Хива хонлиги худудидан сиёсий бошпана сўрайди, – деб изоҳ беради тусмолдан Рўзимбой, – хон яшашга рухсат беради.

–  Улар дастлаб ҳозир Хива қишлоқ хўжалиги коллежи бўлиб турган жойга тушади, аммо бу ерда одамлар уларга кўп азият етказади, шундан сўнг улар Оқмасжидга кўчирилади. Оқмасжид халқи мусофирларга меҳрибон бўлади. Халқ уларга тегинган эмас. Аксинча, улар ўрнашиб бойиб кетгач, маҳаллий аҳоли уларнинг эшигида ишлаган, молини боққан, томорқасига қараган. Менга дарс берган устозим юз йил умр кўрди. Ўша муаллимнинг ҳикоя қилишича, тўққиз яшар чоғида акаси-отаси уни немислар қўрғонига ишга юборган экан. Устозимнинг исми Вафо эди. Отаси Полвон бўлган, ҳамма уни Полвон бува дерди… Немисларнинг оқсоқоли Отто-Отабой Вафонинг отаси кимлигини сўраб, уйига келади ва: “Полвон, сен бизни орқаваротдан “кофир” деб маломат қилиб юрасан, аслида, биз эмас, ўзинг кофир экансан! Сен тўққиз яшар болангни боқолмай қопсан, мурғакни ёш чоғидан ишлатиб қўйибсан… – дейди жони ачишиб. –  Лекин мен уни ишлатмайман, ҳозирдан майиб бўлиб қолишини истамайман. Майли, Вафо бизникида юраверсин, қорнини тўйдираман, уст-бошини бутлаб бераман, ўзим ўқитаман; мусулмонча ҳам, немисча ҳам саводини чиқараман, ҳовва!” деб болани парвариш қилади. Шу гапларни айтиб Вафо муаллим юм-юм йиғлар эди. Илойим, худойим раҳматига  олган бўлсин! – деб юзига фотиҳа тортади мезбон. – Оқмасжидда яшаган немислар бизнинг халқимизда мунис хотиралар қолдирган, ҳовва. Немислар бизнинг одамларни ишлатган бўлса, аввал оғзаки шартнома тузиб, келишиб, сўнг ҳақини берган; молини боқтирса ҳам, солма қаздирса ҳам ҳеч кимни норози қилмаган. Ҳақини тўкис берган.

–  Ўтган асрнинг 30-йилларида қўрғонларида кино қўйишар экан. Ён-атрофдан одамлар йиғилиб келиб, кино кўриб кетишар экан. Шу гап ростми?

–  Йак, мен бу гапни энди эшитяпман.

–  Хоҳловчиларни суратга туширишар эмиш…

–  Билмадим. Оқмасжидда яшаган немислар тўғрисида биздан кўп биладиган одам бўлмаса керак. Қолаверса, ҳар йили май ойининг охирларида Олмониядан бир автобус бўлиб туристлар келади. Биз билганларимизни уларга айтамиз, улар билганларини бизга айтишади. –  Туристлар ҳеч кимнинг уйига кирмайди. Кўчадан келиб,  кўчадан кетишади, – дея сўзида давом этади Қадамбой оға. – Йак, мактабга киришади. Парталарни кўришади. Илгари ўн беш-йигирмата парта бор эди, ҳозир фақат иккита қолган. Ўша парталар бугун табаррук бўлиб кетишини билганимизда ҳаммасини ғилофга ўраб сақлаб қўярдик. Ҳовва! Бизда Искандар Юсупов деган раис бўларди. Ўша одам ўн бешта партани колхоз гаражига олдиради. Парталарга катта одамлар ҳам бемалол сиғарди. Улардан ҳайдовчилар, гаражга келиб-кетадиган бошқа одамлар фойдаланади. Мен мактаб директори бўлиб турган чоғларим “Бизда ҳам эски парта хотира бўлиб қолсин, ёшулли!” деб иккитасини олиб қолганман. Партага ўтириш чоғи ён томондан ўтилади, ўтаётиб гужумдан ясалган тахта-остонага оёқ қўйилади; ўша тахта-остона емирилиб, асил ҳолатининг учдан бир қисми қолган. Пойабзал билан тахтани емириш учун юз йил вақт камлик қиладими ёки кўпми? Ҳали-замон ўзларинг бориб немислардан қолган ашёвий далилни ўз кўзларинг билан кўрасизлар.

–  Немислардан бошқа ҳеч нарса қолмаганми?

–  Қолган. Кўп нарса қолган. Фақат бошқа ашёвий далиллар одамларнинг қўлларида. Агар Оқмасжидда яшаган немисларга музей ташкил этилса, мен дарров одамлардан тарихий ашёларни йиғнаб  берардим…

Мезбон бизни немислар жўнатган элчилар гуруҳими, музей ташкил этиш  учун Маданият вазири жўнатган  вакилларми, деб ўйлади чамаси. Шу боис  қуюқ меҳмон қилишга ҳам шай эди.

–  Ёшулли, одамларнинг қўлларида нималар қолган? – деб сўрайди Рўзимбой.

–  Немислар ўз қўли билан ясаган жавон бор, пардаси бор, сепарати бор, “Зингер” деган машинаси (тикув) бор. Хуллас, одамларда кўп важлар бор.

–  Буюмларини немислар сотиб кетганми ёки текинга ташлаб кетганми? – деб яна савол беради Рўзимбой.

–  Қандай сотади? Сотмаган! Мен уларнинг қандай қилиб бу ердан кетганини айтиб бераман, – дейди мезбон. – Уларнинг ҳаммаси 1935 йил 18 июнь куни сургун этилган.

–  Ҳаммасими? – деб луқма ташлайди Эрпўлат. – Наҳотки!

–  Ҳаммаси сургун этилган, – деб такрорлайди мезбон. – 1935 йил 18 июнь, “л” эмас, “н” ойининг ўн саккизинчи куни сургун қилинган.

–  Олмония билан уруш бўлиши муқаррар бўлиб қолгач, Оқмасжид немислари мамлакат ичкарисига суриб юборилган, деб эшитганман, – дейди Рўзимбой.

–  Э-э, у пайтларда Ҳитлер энди ҳокимиятни қўлга олган, Иккинчи жаҳон уруши бошланишига анча бор эди. Қолаверса, Оқмасжид немислари ҳарбий хизмат қилишни эътиқодга хилоф деб биларди, қўлига қурол ушламасди.

–  Бўлмасам, нима учун улар сургун қилинган? Қаёққа кетишган?

–  Бировлар Қарағандага дейди, бировлар Тожикистонга дейди. Яна бировлар Қозоғистон билан Тожикистон чегарасидаги одам яшамайдиган чангалзорга элтиб ташланган, дейди. Менга қаранг, Қозоғистон билан Тожикистон чегарадошми?.. Ишқилиб, немислар гадойтопмас жойга элтиб ташланади. Немислар ниҳоятда меҳнаткаш бўлган. Устига устак, дим онгли эди. Улар қаерга борса ҳам, нонларини топиб ерди, оч қолмасди.

–  Умри қувғинда ўтган халқ-да, – деб луқма ташлайди Рўзимбой.

–  Немисларнинг учта бошлиғи бўлган. Биттаси – Отто, Отабой ҳам шу киши, бириси – унинг боласи, яна бириси – мулласи. Уларга “колхоз бўласан” дейишади. “Йак, биз колхоз бўлмаймиз. Сен ерни ўлчаб бер, норма қўй, сўнг шуни бизлардан сўраб ол! Ерингни ўлчаб бер, нима эк десанг, шуни экамиз. Лекин бизга ҳеч ким иш буюрмасин, нима қилиш кераклигини ўзимиз биламиз. Режани бажармасак, ундан кейин, майли, чора кўрасан”, дейишади Шўро ҳукумати вакилига. “Йак, биз айтганни қиласан, колхозга кириб ишлайсан”, дейди Шўро ҳукумати вакили. “Йак, колхозга кирмаймиз”, дейди немисларнинг етакчилари. Сўнг учисини қамаганлар. Яна учисини бадарға қилганлар. Шундан кейин ҳам немислар колхозга аъзо бўлишни истамайди. Охири ҳаммаси ёппасига сургун қилинади.

–  Ҳеч важ олдирилмаганми? – деб сўрайди Рўзимбой.

–  Йак, ҳеч важ олишга улгуришмаган… Акам айтар эди, палов пишган экан; палов товоқларга сузиб дастурхонга қўйилган, палов устида турган гўштлар ҳали майдаланмаган… Шу пайт ўн саккизта ҳарбий юк машинаси Оқмасжидга кириб келади.

–  “Полуторка” (бир ярим тонналик) юк машиналари келган бўлса керак-да?

–  Ҳа, шундоқ, – дейди мезбон. – Ҳар кимга фақат бир қоп важ олишга рухсат берилади. Нон оласанми, латта-путта ёки қимматбаҳо буюм оласанми – ихтиёринг, дейилади. Қуролланган аскарлар ҳавли-жойларга бос­тириб киради. Ҳеч ким ортиқча ҳаракат қилолмайди. Немислар қурол кўтаришни хаёлига ҳам келтирмасди, улар насронийларнинг мўъмин-қобил мазҳабига мансуб қавм эди. Қоплар битта машинага юкланган, одамлар эса бошқа машиналарга жойлаштирилган. Қишлоқдошлар ғойибона хайр-хўшлашиб қолаверган.

–  Мол-ҳол қолиб кетганми?

–  Ҳаммаси қолиб кетган.

–  Немислар қурган уй-жойлар нима бўлган?

–  Ён-атрофдан уйсиз-жойсиз йўқсуллар кўчириб келиб жойлаштирилган. Улар бу уйларда илгари кимлар яшаганини ҳам билмасди.

–  Ўша уйлардан бирортаси сақланиб қолганми?

–  Ҳаммаси бузилиб кетган. Агар бирортаси сақланиб қолгандами, жуда ажойиб музей бўларди. Биз Оқмасжид Олмониядан келадиган туристлар учун қадамжо бўлишини билганимизда немислардан қолган уй-жойларни кўз қорачиғидек асраган бўлардик. Э-э, хом сут эмган бандамиз-да! Ҳовва.

–  Пойдеворига тош ёки карвич терилмаган бўлса керак, шу сабаб қирқ йилга етиб-етмасдан қулаб тушган, – деб тусмол қилади Рўзимбой.

–  Йак, немислар ҳамма ишни пухта қиларди. Мен яхши эслайман, уларнинг уйлари юз йилдан ортиқ турди. Яна туриши мумкин эди. Лекин қишлоқ бош режа (“Генплан”) асосида қайта қурилган вақтларда  (1970-йиллар) кўп уйлар бузилиб кетди. Ана, немислар ясаган мактаб парталарини кўринг: юз йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса ҳамки, болалар ўтириб ўқияпти-ку! Бирорта мих ишлатмасдан парта ясаганлар. Тахталар бир-бирига шундай ўйиб ёпиштирилганки, чимилдиққа кирган келин-куёв ҳам бир-бирига  бундай қаттиқ ёпишмаса керак. Ҳовва.

–  Ойдай турибди.

–  Ҳовва, ойдай турибди. Мих-сих урилмаган. Айтишларича, катта дошқозонда алифни қайнатиб, унга парта ясаладиган тахталар бўктириб қўйилар экан. Алифни роса шимиб, тўйиниб қолган тахталар юз йил эмас, лофи билан,  минг йил ҳам ўз ҳолатини йўқотмасдан тураверар экан.

– Немисча ҳисоб-китоб – бор имкониятдан оқилона фойдаланиш дегани-да.

–  Ҳовва. Немислар ясаб берган қопу-эшиклар ҳалигача одамларнинг уйларида бор. Хоннинг Нуруллобойдаги саройини ҳам шу немислар дузатган-қурган  дейишади.

Мезбон ана шундай дейди-да:

– Чой ичаверинглар, – деб бизни яна дастурхонга манзират этади. – Эй, болалар, чой опкелинглар, ахир!

–  Хўп, ҳозир, – деган сас эшитилади долондан.

–  Қайси фандан дарс бергансиз? – деб сўрайди Эрпўлат.

–  Мен тил ва адабиёт фанидан дарс берганман.

–  Қайси уруғдансиз, сиз ҳам найманми? – деб сўрайман.

–  Йак, биз туркмандан, – дейди мезбон. – Отим Қадамбой Салиев, Салиев Қадамбой.  Ҳовва. Бизлар туркманларнинг “сари” уруғиданмиз.

–  Қайси мактабда ишлагансиз?

–  Шу ўзимизнинг 8-мактабда ишлаганман.

–  Немисларнинг ўрнига туркманлар олиб келиб жойлаштирилганми?

– Йак, туркманлар бор-йўғи уч хўжалик бўлган… Асосан ўзбеклар жойлаштирилган.

–  Туркманларни хон Хива атрофига жойлаштирган. Ҳозир Қалъажиқ  (Боғот) тарафда, Найман тарафда туркман элатлари бор. Қалъажиқ ёнида асосан Маридан келган туркманлар яшайди, ҳозир ҳам ўзаро борди-келди қилиб туришади.

–  Туркманда сув кам бўлгани учун серсув жойларга келтирилган, – дейди Қадамбой оға. – Мен туркманларнинг келиш сабабларини аниқ билмайман-у, лекин акам-отам, “Биз уруш-жанжалдан қочиб келганмиз”, деб кўп айтарди…  Марҳум Жуманиёз Шариповнинг “Хоразм” китобида бор-ку, агар бировнинг уйини ўғирлашга аҳд қилинса, тўртта туркманча сўзни ўрганиб олиб, кечаси товушини баланд қўйганча, ўша сўзларни қайта-қайта хитоб қилиб, қўлга илинган нарсани ўмариб кетишар экан. Эртаси куни эл-юртга: “Фалончининг уйини туркманлар босди!” деб гап тарқалади. Қарабсизки, ким ўғри – ёвмуд ўғри, ким ўғри – така туркман ўғри! Мабодо ўша ўғрилар туркман бойларини тунамоқчи бўлса, кечаси ўзбекчалаб бақир-чақир қилишар экан. Қарабсизки, икки халқ бир-бирига ёвлашиб ётаверади, ўғри-каззоблар эса маишат қилаверади.

–  Демак, немислар ҳар йили келиб шунчаки айланиб кетишар экан-да? – деб гап мавзусини яна асил ўзанига буради Рўзимбой.

–  Ҳа, улар кўчаларимизда айланиб юришади, болаларга совға-салом беришади. Фотоаппаратларида одамларни, манзарали жойларни суратга туширишади.

–  Олмониядан турист бўлиб келадиган немислар илгари Оқмасжидда яшаган немисларнинг авлодими? – деб сўрайди Эрпўлат.

–  У ёғини билмадим, Худойим билгувчи, – дейди Қадамбой оға. – Биздан кетган немисларнинг маркази ҳозир Канадада эмиш. Лекин Хивага ҳар йили новча битта немис туристларни бошлаб келади. Бошлиғи – ўша новча немис бўлса керак. Айтишларича, ўша пайтларда меннонит-немислардан  икки юз минг киши Русияга кўчириб келтирилган экан. Ҳовва.

–  Улар қиролича Екатерина замонида кўчириб келтирилган, – дейди Рўзимбой.

– Лекин генерал Скобелев миллий қаҳрамон даражасига кўтарилган 1870 йилда Русияда немисларга қарши кампания бошланиб кетади: “Немислар – русларнинг энг ашаддий душмани! Немислар Русиядан ҳайдаб чиқарилсин!” Дарҳақиқат, рус подшолари ҳам, буюк князлар ҳам немис қизларига уйланишни расм қилган экан-да! Гўё немис хотин-қизлари рус подшоларини йўлдан уриб, рус халқини жар ёқасига келтириб қўйган эмиш. Хуллас, генерал Скобелев етакчилик қилган миллатчилар тазйиқи остида Русиянинг марказий шаҳарларида яшовчи немислар ёппасига Волга-Эдил дарёси бўйига кўчирилади. 1917 йилдаги большевиклар инқилобидан сўнг Эдилбўйи немис автоном республикаси ташкил этилади. 1937-38 йилларда Сталин оммавий қатли ом уюштириб, кўплаб немисларнинг ёстиғини қуритгач, Эдилбўйи автоном республикасини ҳам тарқатиб юборади.

–  Демак, немислар Россияга уч юз йил муқаддам келиб қолган.

–  Ҳовва.

–  Хивадан кетган битта немис Тожикистонга бориб қолади. У хотира китоби ёзади. Қамалади. Озодликка чиқади. Оди ҳам Шульцми, Шварц­ми – шунақароқ. Унинг ёзишича, меннонит немислари дастлаб Швецияда яшаган, сўнг Олмонияга ўтадилар. Олмониядан қувилгач, Русияга ўтишади. Меннонитлар келган чоғларда Русия билан Туркия ўртасида Қрим уриши (тахминан, 1850 йиллар бўлса керак) авжига чиққан эди. Бошпана берган рус подшоси янги фуқаросидан аскар ўрнида фойдаланмоқчи бўлади; меннонитларни Қрим урушига сафарбар этмоқни мўлжаллайди. Меннонитлар қўлига қурол олишдан бош тортади. Шахсан Александр Иккинчи номидан вакил келиб илтимос қилса ҳам, меннонитлар урушда қатнашишга рози бўлмайди: “Эътиқодимиз бўйича биз ҳарбий хизматни ҳаром деб биламиз. Ҳазрати олийларига узримизни етказиб қўйинглар”, деб жавоб беради. Шундан сўнг улар ҳали одам яшаб обод этилмаган Орол бўйларига сургун қилинади. Ҳовва. Улар дастлаб Кегайли атрофларида яшайди. Туркманлар отда қий-чув кўтариб бостириб келишар экан-да, немисларнинг бўй  етган қизларини опқочиб кетишар экан. Бечора диндор немислар қўлларига таёқ олиб, ўзини босқинчилардан ҳимоя қилишга ҳам қодир бўлмайди. Чунки уларнинг эътиқоди зўравонликка қарши куч ишлатишга изн бермас экан. Чамаси, немислар охири Хива хонига арз этиб келади, вазиятни англаган хон уларни энг хавфсиз бўлган Оқмасжид қишлоғига кўчириб келтиради.

–  Тўғри айтдингиз, Рўзимбой. Бу қишлоқ Отажон тўранинг мулки ҳисобланган. Отажон тўра эса Хива хонлигида подшодан кейин турадиган иккинчи шахс бўлган. Отажон тўра мулкига ҳеч ким бостириб киришга журъат этолмаган.

–  Отажон тўра – хоннинг укаси эди.

–  Ҳовва.

– Меннонит немислари тинч-тотув ҳаёт кечира бошлаган. Ўзлари ясаган ҳунармандчилик буюмлари, етиштирган қишлоқ хўжалиги ёки чорвачилик маҳсулотларини Хива бозорларига олиб бориб бемалол сотаверган. Ишнинг кўзини биладиган немислар тез орада бойиб кетади. Чунки немислар йўқни йўндирадиган тадбиркор халқ бўлади!

–  Ҳовва.

– Хивадаги шифохонаю почтахона биноларини ҳам Оқмасжидда яшаган немислар қурган. Маълумки, Исломхўжа ислоҳотчи ҳукмдор бўлган, у немисларни қурилиш ишларига жалб этган. Бундан ташқари, Хива хонлигида илк бора сураткашлик ҳунарини малакали даражада эгаллаган Худойберган Девоновнинг устози ҳам Паннер исмли оқмасжидлик немис бўлган. Ҳовва.

–  Паннерни ўзбекча қилиб Паноҳ бобо дейишади, шекилли.

–  Ҳовва. Девоновга сураткашликни ўша немис устози ўргатган.

– Хивада Худойберган Девоновнинг уй-музейи бор экан, лекин у ерда узтозининг фақат номи бор-у, сурати йўқ экан.

– Биз ҳам Оқмасжидда яшаган немислар ҳаётини акс эттирадиган музей ташкил қилиш учун дим кўп югурдик. Бироқ, барибир, музей очолмадик. Изиндан қолмай кўп югурдик, барибир бўлмади. Хиваликлар музей очди, шекилли? – деб тусмол қилади Қадамбой оға.

–  Йўқ, Хивада Оқмасжидда яшаган немисларга бағишлаб ҳеч қандай музей очилгани йўқ, – дейди Эрпўлат Бахт. – Ҳолбуки, музей очилгани ҳақида газетада хабар ўқигандим, телевизорда ҳам эълон қилишган, ҳатто интернетда ҳам ёзишган эди.  Ҳайронман, одамларни алдашдан нима фойда бор экан.

–  Ҳовва, телевизорда гапиришганини ўзим ҳам  эшитганман, – дейди мезбон. – Директорлик давримда музей очиш учун расмий идораларга учрашсам, э-э воҳ, балога қолаёздим! Роса тергов қилишди. Охири директорликдан бўшаб, зўрға қутилдим. Ташаббус кўтариб бўлмас эди. Нега бунақа қилишади, ҳайронман. Ахир меннонит немислари маҳаллий халқ билан тинч-тотув яшаган, уларнинг бизга фойдаси теккан бўлса теккан, асло зарари тегмаган. Шундоқ бўлгач, нима учун музей очилишига рухсат беришмайди?

–  Етти-саккиз йил олдин Олмониянинг Ўзбекистондаги элчиси Матис Майер Хоразмга келиб, журналистларни йиғнади, – дейди Рўзимбой. – Урганч шаҳар ҳокимиятида учрашув бўлди. Бўйи икки метр бор экан. Биргалашиб суратга тушдик. Ҳовва. Ўтириб, ундан-бундан гаплашдик. Сўнг мен унга савол бердим: “Олмонияда Оқмасжидда яшаган меннонитчи немислар тўғрисида билишадими?” “Мен бугун Хивага бордим, – деди Майер, – менга меннонитчи немислар ясаган нақшинкор эшикларни кўрсатишди. Жуда қувондим”. Сўнг менга визиткасини берди. Мен меннонитчи немислар тўғрисида маълумот тўплай бошладим, аммо бошлаб қўйган ишимни охирига етказолмадим, қолиб кетди. Майер ҳам Олмония­га қайтди, ваколат муддати тугаб қолди.

–  Хива шаҳар ҳокимияти ҳам музей очишга кўп уринди, лекин юқоридан рухсат ололмади, шекилли. Агар музей очилса, Олмония барча харажатларни кўтаришга тайёр эди.

–  Немислар ҳисоб-китобни яхши кўрадиган халқ. Туристларни бошлаб келадиган новча немис: “Сизлар аввал музей ташкил этинглар, ҳокимият қарорини бизга кўрсатинглар, сўнг биз сизларга пул берамиз”, деган. Ҳовва.

– Агар Оқмасжидда меннонитчи немисларга бағишланган музей очилса, Оқмасжид ҳам туристлар йўналишига киритилади. Сўнг Боғотдаги Қалъажиқ  ҳам сайёҳлик марштрутига киритилиб, йўллар тузатилади, меҳмонларга хизмат кўрсатадиган маиший тармоқлар ривожланади, – дейди Рўзимбой Ҳасан. –   Анча одам иш билан таъминланади.

–  Ҳовва. Ҳозир Урганчда туризм бошлиғи ким? – деб сўрайди мезбон.

–  Ҳозир Одилбек туризмнинг бошлиғи, – дейди Рўзимбой.

–  Шу йигит дим ажойиб одам экан! У музей ташкил қилиш учун кўп уринди, лекин, афсуски, қўлидан ҳеч нарса келмади. Кимлар унга қаршилик этди, билмадим. Ғайратли йигит экан, кам бўлмасин.

–  Музей очиш учун олдин ҳокимиятдан рухсат олиш керак, – дейди Рўзимбой. – Билишимча, туризмни ривожлантириш учун Хивада 29 та меҳмонхона қурилиши керак. Ҳозир меҳмонхона қурилиши кимошди бўлиб ётибди. Тадбиркор йигитлар кўп, агар Оқмасжидда туристик тўчка очиладиган бўлса, кўл бўйида мўъжазгина меҳмонхона барпо этилади. Ҳовва. Тўйхонадан кўра меҳмонхона кўпроқ фойда келтиради.

–  Тошкентлик битта опа Оқмасжидда яшаган меннонитчи немислар тўғрисида китоб ёзган экан, – дейди Рўзимбой.

–  Лекин ёзилиб турган китобларда нотўғри жойлари кўп, – дейди Эрпўлат.

–  Нимаси нотўғри экан? – деб сўрайди Қадамбой оға.

–  Масалан, Оқмасжидда яшаган меннонитчиларни “немис” дейишади. Аслида, улар немис тилида гаплашса ҳам, ўзлар немис эмас, – дейди Эрпўлат. – Уларнинг интернетда ўз сайтлари бор…

–  Нега бўлмаса уларни “немис” дейишади? – деб сўрайди Қадамбой оға ҳайрон бўлиб.

–   Йак, улар немислардан бошқача миллат, – дейди Рўзимбой.

–   Ирланд бўлса керак, – дейди Эрпўлат. – Уларнинг асл келиб чиқиши ирланд.

– Шошманг, Эрпўлат, улар  меннонит бўлгани сабаб расмий доиралар томонидан таъқиб этилиб, охири Олмонияга сиғмасдан Ирландияга чиқиб кетган бўлиши ҳам мумкин, – дейман.

–  Улар Норвегияда ҳам яшаган, – дейди Рўзимбой.

–  Россияда ҳам яшаган… Лев Толстой 1893 йил 23 май санасида ўз кундалигига “Йўлда меннонитлар билан суҳбатлашилди”, деб қайд этиб қўяди. Толстой бобо ўша куни тўнғич қизи Таня билан Ясная Полянадан Бегичевка туманига боради; очлиқдан азият чекаётган одамларга ёрдам уюштиради. Йўл-йўлакай эса меннонит мазҳабига мансуб қавм вакилларини учратиб қолади. Чамаси, улар рус тилида сўзлашган бўлса керак. Демак, очарчилик авж олган жойларда ҳам меннонитлар бўлган.

Билдимки, Эрпўлат меннонитлар немис эмас, ирланд бўлганини зўр бериб исботламоқчи бўларди. Улар ирланд бўлса, нима учун немисча гапиради?

–  Бўлмаган гап, улар немис! – дейман чой хўплаб. – Ҳартугул, Қадамбой оға, мен ўз кўзим билан кўрган архив ҳужжатларида Оқмасжидда яшаган меннонитчилар немис дейилади.

–  Немисларнинг кийимлари қанақа бўлган? Ҳар ҳолда чўгирмани бошларига қўндириб, чопон кийиб юришмаган бўлса керак! – дейди Рўзимбой.

–  Йак, ўзларининг миллий кийимлари бўлган. Қишлоғимизда бировнинг уйида немисларнинг кийим-кечаклари сақланиб қолган. Музей масаласи қўзғалиб қолгач, ўша ҳамқишлоғимиз немисча кийим-кечакларни экспонат учун сотмоқчи бўлиб юрган эди, – дейди мезбон.

– Аслида, музей очиш учун аввал давлат томонидан қонуний асосда ер ажратилади, сўнг иморат қурилади. Музейбоп иморат тайёр бўлгач, аҳолидан экспонатлар сотиб олинади, – дейди Рўзимбой. – Музей шунақа ташкил этилади.

– Биз Олмониядан келадиган немис туристларининг ёшуллисига “Музей очмоқчимиз” десак, “Менга ҳокимиятнинг қарорини кўрсатинг!” деди. “Бўпти,  кейинги келишингизда ҳокимият қарорини чиқартириб қўяман”, дедим. Кейинги йил келганда ёшулли: “Хўш, ҳокимият қарори қани?” деб сўради. “Хивада немислар музейи ташкил этиляпти. Иккита жойда бир хил музей ташкил этиш мақсадга мувофиқ бўлмаса керак”, дедим. “Хивада музей ташкил этилса ҳам, ёшулли, биз барибир Оқмасжидга келишга мажбурмиз. Чунки бу ерда ота-боболаримизнинг хоки ётибди”, деди немис мусофир. Дим онгли экан.

– Ҳозир илгари немислар яшаган қўрғон ўрнида нима бор? – деб сўрайди Рўзимбой.

– Улар яшаган жойда дастлаб пахта пункти бор эди, сўнг пионерлар лагери  жойлаштирилди. У пайтларда Оқмасжид қишлоғи Хива тумани тасарруфида бўлган. Сўнг Янгиариқ райони ихтиёрига берилди. Шундан кейин немислар қурган иморатлар бузилди. Эски иморатлардан ажойиб ёғочлар, тахталар чиқди. Катталигини айтмайсизми?! Қучоққа сиғмасди! Илгари Оқмасжиддаги ҳар бир ҳовлида қирқ-эллик туп гужум бор эди. Улкан гужумлар қучоққа сиғмасди. Ҳовва. Сизлар гужумзорларни кўрмагансиз. Кейин қуртлаб кетди, ҳаммаси қуриб қолди… Бизнинг немислар нисбатан баландлик жойларда истиқомат қилган. Умуман, бизнинг қишлоқ бошқа жойларга қараганда хийла тепаликда жойлашган. Далаларга чиқирда сув чиқариларди. Чиқир – чиғир – чархпалак от қўшиб ҳаракатга келтириларди. Мен ўзим кўрганман, чиқирни от айлантирарди. Чиқирни эшак билан айлантирса ҳам бўларди. Далаларнинг учдан икки қисми чиқир билан сув ичарди. Ҳовва, – дейди мезбон.

– Оқмасжиднинг ўзи қаерда? Оқ мармардан қурилгани учун Оқмасжид дейилганми? – деб савол берамиз.

–  Бу ерда ҳеч қачон оқ масжид бўлган эмас. Ҳовва.

–  Бўлмасам, қишлоқнинг оти қандай пайдо бўлган?

–  Масжид бўлган, лекин оқ эмас. Масжид номи ҳам, қишлоқ номи ҳам, аслида, “Ҳақмасжид” бўлган. Нажмиддин эшон, Сайфиддин эшон, яна битта эшон боболаримизнинг нафаси дим ўткир бўлган. Ҳа, эсладим, яна бир эшонимизнинг оти Фазлиддин бўлган. Ҳовва. Айтган гаплари албатта ижобат бўлган, доим ҳақ гапни айтган. Ҳовва. Умуман, эшонларимизнинг каромати тўғрисида ҳар хил ривоятлар кўп. Масалан, ривоятда айтилишича, бир киши Қумдан бир арава ўтин олиб келаётган пайтда арава гупчаги ғарс этиб синади. Шунда аравакаш “Агар арава омон-эсон уйимга етиб борса, бир арава ўтинни эшон бобомизга ҳадя этаман”, деб ният қилади. Арава омон-эсон уйгача етиб боради. “Ай, гупчак синмаган экан-ку, мен чакки ният этибман”, дейди аравакаш. Ўтинни уйига киритиб қўяди. Эртасига ўтинчининг араваси ростдан ҳам синади; қора терга ботганча гупчакни тузатиб, қоронғи тушганда бир арава ўтинни эшон бобонинг ҳовлисига ағдаради. Эшон бобо эса ташқарига чиқиб, аравакашнинг қўлини қаттиқ сиқади-да: “Кеча нима учун ўтинни олиб келмадинг?” деб сўрайди. “Кечирасиз, эшон бобо, эшак лойдан ўтгач, сиз ҳам эсимдан чиқиб кетибсиз”, деб узр-маъзур қилади аравакаш. Хуллас, қишлоғимиз эшон боболар шарофати туфайли “Ҳақмасжид” деб ном чиқаради, – дейди Қадамбой оға.

–  Биз ҳозир Хива томондан қишлоққа кириб келдик, – дейди Сотимбой. – Муюлишдаги уй ёнида бензовоз машина турибди. Шу уйда гўк кўзли битта мўйсафид яшарди, оди ҳозир ёдимда йўқ. Ўша одамди  “фалончи немис” дейишарди. Нима учун шундай дейишарди? Унинг немисларга қандай алоқаси бор?

– Биринчидан, у киши немислар каби ниҳоятда ҳалол бўлган. Иккинчидан, немислардан қолган молларни йиғнаб, ферма ташкил этади. Ўзи ҳам немислар қўлида ишлаган. Шунинг учун уни “немис” деганлар, – дейди мезбон.

–  Ўша “немис” ҳозир ҳаётми?

–  Ҳаёт. Тўқсон ёшни қоралаб қолган.

–  Гурунг этса бўладими?

–  Гурунг этса бўлади.

–  У немисларнинг қўлида ишлаганми?

–  Асосан отаси немисларнинг қўлида ишлаган. Отаси  “Абдураим немис” эди, ўзи ҳам отаўғил сифатида “Рўзимат немис” бўп кетган. Ҳовва.

–  Насиб этса, Қадамбой оға, келаси сафар Немис бобони ҳам албатта зиёрат этамиз.

Эрпўлат хонадон соҳибига шеърий тўпламини дастхат ёзиб тақдим этади.

Демак, биз Оқмасжидга яна қайтиб келамиз.

Тошкент – Хива – Тошкент,

2014 йил 17 май

РЎЗИМАТ НЕМИС

Оқмасжид қишлоғида бир нечта Қадамбой, бир нечта Сотимбой, яна бир нечта Рўзимат исмли одамлар бор. Қўшни қишлоқдан тўй-маъракага хабарчи келиб: “Фалончининг уйи қайси?” деб сўраб қолса: “Фалончидан тўрттаси бор, сенга қайси бири керак?” деб савол беришади. “Рўзимат бобо герак чиқар”, дейди хабарчи. “Рўзимат босмачи геракми, болчи Рўзимат геракми, қовунчи Рўзимат геракми ёки Рўзимат немис геракми?” деб ўсмоқчилаб савол берилади. Хабарчи бошини қашлайди. “Саятга бориб, қайси Рўзимат гераклигини сўраб келишим керакка ўхшайди-ку, ёшулли!» деб кулади. “Йак, Саятда қайси Рўзиматнинг хеш-ақрабоси борлиги шу ерда аниқланса, оворагарчиликка ҳожат қолмайди. Бирорта Рўзиматдан аниғини билиб олиш мумкин”, деб маслаҳат беришади.

Англашилган бўлса, бизга Оқмасжидда яшайдиган саксон олти яшар “Рўзимат не­мис” керак эди. Саятлик оғайнимиз Сотимбой бундан йигирма йил бурун шу киши хонадонига Наманган шаҳридан омонат салом опкеп берган. Яъни, ҳарбий хизматда бўлган неварасидан бобосига салом етказган, ўшанда Оқмасжидда Рўзимат немис истиқомат қилишини билиб олган. Камина Оқмасжидда 80 йил муқаддам яшаган меннонитчи немислар тўғрисида сўраб-суриштириб юрганимни эшитган Сотимбой дўстимиз от йилининг адоғида Саятда истиқболимизга пешвоз чиқиб, бизни Оқ­масжидда умргузаронлик қилаётган Рўзимат немис хонадонига бошлаб борди.

– Нариги Рўзимат боболар ҳам немислар тўғрисида кўп гапларни биладими?

– Ҳовва! – дейди Рўзимат немис. У бизни меҳмонхонасига жойлаштириб, чой-пой тайёрлаш учун келин-қизларига кўрсатма беради. Чуқур нафас олиб, хонтахтанинг пойгаҳ томонига – мезбон ўрнига астойдил ўрнашиб олади. Гапини давом эттиради: – Калта элатлик туркманлар немислар кўчиб кетганидан сўнг Оқмасжидга келиб жойлашган. Ҳовва…

– Демак, немислар тўғрисида одамлар оғзида қолган гап-сўзларни иссиқ пайтида эшитган эканлар-да!

– Ҳовва. Мен бўлсам, 5-6 яшар чоғларимда немисларни ўз кўзим билан кўрганман, уларнинг гапларини ўз қулоғим билан эшитганман, – дейди Рўзимат бобо.

Хонтахтага дастурхон ёзилади, нон-чой келтириб қўйилади.  Сотимбой дўстимиз дарҳол мезбон қўлидан чойнак-пиёлани олиб,  чойни шопиради, шамасини тиндириб,  бир пиёладан чой қуйиб узатади.

– Уларни яхши биласизми? – деб сўрайди Сотимбой.

– Биламан, лекин чала биламан, – дейди Рўзимат немис. – Беш-олти яшар бола нимани билиши мумкин? Лекин уларнинг қиёфаси кўз ўнгимда туради, гаплари қулоғимдан кетмайди.

– Уларни бир кунда кўчириб кетган,  дейишади. Шу гап ростми?

– Йак, уларни НКВД бир кунда опкетмади, – дейди бобо.

– Ие, бизга бошқача айтишган эди-ку, – дейман ҳайрон бўлиб. – Ҳарбийлар келиб, бир кунда ҳаммасини машиналарга босиб, қий-чув қилдириб кўчириб кетган, дейишган эди.

– Йак, аввал буларди оқсоқоли Отабойни Шўро идорасига чақириб, “Одамларингни кўндиргин, сизлар ҳам колхоз бўласизлар”, дейишади. Отабой – Отто одамлар билан маслаҳатлашиб, колхоз бўлишга рози бўлмайди.

– Ўзинг раис бўласан, дейишса ҳам кўнмайдими?

– Йак, иймон-эътиқодидан қайтмайдиган одамлар эди улар. Одамлар бир ёқадан бош чиқариб, битта гапда қаттиқ турса, ҳукуматнинг қўлидан ҳам ҳеч нарса келмас экан…

Маълумки, Шўро ҳокимияти ўзини мустаҳкамлаб олганидан сўнг халқ хўжалигини планли асосда ривожлантириш дастурини ишлаб чиқади. 1927–1932 йилларга мўлжалланган биринчи беш йиллик режасига кўра, қишлоқ хўжалиги соҳасида ёппасига колхозлаштириш тадбири амалга оширилади. Бу мавзуга бағишланган бадиий фильмлар ҳам, бадиий асарлар ҳам жуда кўп. Лекин ҳозирги авлод 80 йил олдин нималар рўй берганини тасаввур ҳам қилолмайди. Ҳолбуки, шу  мавзуга алоқадор “Обид кетмон” (Абдулла Кодирий) ва “Қўшчинор чироқлари” (Абдулла Каҳҳор) романларини мароқ билан ўқиш мумкин.

Яқин ўтмишимизга хаёлан саёҳат қилиб қайтаман. Рўзимат немис лўлаболишни қўлтиғига қисиб,  ёнбошлаб олади.

– Оёқ панд беряпти, узатиб ўтирмасам бўлмайди, – дейди хижолат ­тортиб.

– Бемалол,  ёшулли,  бемалол,  – дейди Сотимбой.

– Тағин меҳмонларнинг кўнглига бошқа гап келмасин. Беодобчилик қилган бўлсам, узр.

– Ҳечқиси йўқ, – деймиз.

Рўзимат немис ҳикоясини давом эттиради:

– Биздан тухум сўрасанг, майли, тухум берамиз. Лекин товуқларимизни колхоз мулкига қўшмаймиз, – дейишади. – Қанча шоли ё буғдой бериш керак бўлса, дон ҳам топширамиз давлатга, аммо ўзимиз колхозга аъзо бўлмаймиз… Шўро ҳукумати ҳар хил найрангларни ишлатиб кўради: немис ёшларини йўлдан уриб, уларни комсомол ташкилотига аъзо этмоқчи бўлади, бироқ ёшлар катталарнинг чизган чизиғидан чиқмайди. Ишқилиб, катталарини машинага босиб Урганчга олиб кетишади. Жами тўққиз киши мелисахонага элтиб камалади. Катталар қамалгач, Шўро ҳукумати вакиллари немисларни тўплаб мажлис қилади: “Хўш, энди колхозга аъзо бўласизларми-йўқми?” деб сўрашади. “Аъзо бўлмаймиз”, деб битта гапда туриб олишади немислар. “Нега колхозга аъзо бўлмайсизлар?” деб сўралади. “Боши бўлмаган гавда гаплашадими?” деб сўрайди немислар. “Нега ундай деяпсизлар?” дейди Шўро вакили. “Бизнинг бошимизни Урганчга элтиб қамадиларинг, лекин гавдамиз озодликда қолди. Гавдамиз ҳам ўша бошга бўйсунади. Бошимизни озод қилинглар ёки бизни ҳам қаманглар”, деб шарт қўйилади.

Мажлис бир неча кун давом этади. Немислар Шўро ҳукумати вакилларининг яхши гапига ҳам, ёмон гапига ҳам кўнмайди: “Биз колхоз бўлмаймиз!” деб туриб олади.

– Колхоз бўлмасангиз, ҳаммангиз кўчиб кетасиз! – деб шарт қўяди  ҳукумат.

– Бўпти, кўчсак кўчиб кетаверамиз, – дейишади немислар.

– Эртага сизларни машиналарга ортиб, Оқмасжиддан кўчириб юборамиз, – дейди ҳукумат вакиллари.

Эртаси куни пешин маҳали йигирматача “Полуторка” юк машинаси Оқмасжидга қаторлаштириб қўйилади. Немислар тугунчаларини машиналарга ортади. Бола-чақалари билан машиналарга ўрнашиб олади.

– Улар уй-рўзғор буюмларини, мол-ҳолини ташлаб кетса ҳам, тиллоларини опкетяпти, бошқа жойга бориб яна мол-ҳол қилиб рўзғорини бутлаб олаверади, – дейди НКВД ходими.

– Биз Ватанимизни ташлаб кетяпмиз, ўртоқ! Тиллога Ватанни сотиб олиш мумкинми? Бўғчамиз кўзингга қимматбаҳо матаҳдек кўринаётган бўлса, ма, ол! – деб бўғчаларини НКВД ходимининг башарасига улоқтиришади.

Немислар уста деҳқон эди: эллик-олтмиш йил давомида мош, кун­жут, ловия каби экинларнинг маҳаллий ҳосилдор навларини яратишади. Улар сара уруғларни олиб кетишади.

Айрим маълумотларга қараганда, немислар Тожикистонга элтиб ташланади. Ўша пайтларда Фарғона водийсидан ҳам тажрибали деҳқонлар оммавий равишда Тожикистонга кўчирилади. Ҳозир Тожикистонда “фарғоначи” деган элат пайдо бўлган. Оқмасжиддан кўчириб юборилган немислар ҳам обикор ерларга жойлаштирилади. Дастлаб, мош, ловия, кунжут экиб мўл ҳосил олишади. Кейин пахта экиш учун етмиш гектар ер ажратиб берилади. Аста-секин ўзларидан раис сайлаб, немисларнинг колхози пайдо бўлади. Бутун мамлакатда қишлоқ хўжалиги колхозлаштирилгандан сўнг улар ҳам ноилож жамоа хўжалиги бўлади.

Орадан беш-олти йил ўтгач, Германия билан СССР ўртасида  уруш бошланиб кетади. Меннонитчи немислар уруш йиллари ҳам деҳқончилик билан машғул бўлади. Улар урушга сафарбар этилмайди.

Орадан йигирма йил ўтгач, 1953 йилда Иосиф Сталин ўлганидан ке­йин немислар бирин-кетин Оқмасжидга келиб, ўзлари яшаган қишлоқни зиёрат этиб кетадиган бўлади.

1954 йилда Рўзимат немис Тожикистондан келган икки нафар немисни Хивага эргаштириб боради. Меҳмонлар Полвон пир мақбарасини (Паҳлавон Маҳ­муд) зиёрат қилади. Хон пойтахти зиёрат қилингач, кечки пайт Оқмасжидга қайтишади. Қишлоқ марказида этикдўз устахонаси бор эди. Шу устахонада Эрмон исмли этиқдўз билан ўткан-кетгандан суҳбатлашиб ўтиришади. Бир пайт соч-соқоли оқариб кетган мўйсафид келиб, меҳмонларга обдан разм солади. Бу киши Саятдан 30-йиллардаги очарчилик даврида Оқмасжидга кўчиб келиб қолган Мақсуд исмли темирчи эди. У немисларни таниб қолади, улар йиғлаб-сиқтаб кўришишади.

– Сизлар қаерга кетдиларинг? Йўлда қийинчилик бўлмадими? – деб сўрайди Мақсуд темирчи кўзёшларини артиб.

– Э-э, жўра, бошга тушган мусибатни мард Худодан кўради, номард эса йўлдошидан… Биз Худодан кўрдик. Бошимизга тушган мусибат учун одамлар айбдор эмас. Насибамиз Тожикистон томонларга сочилган экан, начора! – дейди ёши улуғроқ немис.

Эрмон этикдўз ўзига тўқ ҳунарманд бўлиб, немислар кўчирма қилинган кунлари бир юмуш билан Ҳазораспга кетган экан. Оқмасжидга келган шу немислардан биттаси ундан эски пул ҳисобида беш юз сўм қарз олган экан. Немис чўнтагидан беш юз сўм чиқариб узатади.

– Бўйнимда қарзим билан ўлиб кетсам, жўра, қиёматда жавоб беришимга тўғри келади. Мана, қарзимни опкелдим, қарз муддати чўзилиб кетди, рози бўлинг,  – дейди.

– Э-э, йўқ, бошларингга қанча мусибат тушди, мен мингдан-минг розиман! –деб Эрмон этикдўз пулни олмайди.

– Йўқ, мен атайлаб қарзимдан қутуламан деб Тожикистондан келдим!  – деб туриб олади немис.

Эрмон этикдўз бир тахлам пул орасидан бир дона беш сўмликни тортиб олади.

– Эртага уйимга борасизлар, мен қўй сўйиб меҳмон қиламан, – дейди.

Эртаси куни немислар яна Тожикистонга қайтиб кетишади.

Кейинчалик ҳам немислар жуфт-жуфт бўлиб Оқмасжидга зиёратга келиб туришади. Мақсуд темирчи эса ўтган асрнинг 60- йиларида яна Саят қишлоғига кўчиб кетади ва 70- йилларда оламдан ўтади. У паст бўйли, миқтидан келган киши бўлган.

Мақсуд темирчининг ақтиқлари ҳозир Тошмасжид қишлоғида истиқомат қилади.

Оқмасжидда немисларнинг алоҳида мозори бор эди. Улар кўчиб кетганидан кейин ҳам мозор сақланиб қолади. Фақат орадан ўттиз йил ўтгач, колхоз катта боғ барпо этади. Немисларнинг мозори ўша боғ ичида қолиб кетади.

Немисларнинг хўжалигида ўзбек йигитлари мардикорчилик қилган. Иш кўпайган мавсумда ўзбек йигит бирорта немиснинг уйига иш сўраб борса,  аввало,  ошхонага опкириб, олдига ҳар хил овқат қўйилар экан. Меҳмон ошхонада ёлғиз қолдирилиб, хонадон эгаси ташқарига чиқиб кетаркан. Ора-орада эшик тирқишиданми ёки деразаданми меҳмоннинг овқат ейишини кузатиб турар экан. Орадан бир соат ўтгач, мардикорнинг овқат ейишига қараб ишга олиб қоларкан. Агар мардикор овқатни яхши емаса:  “Жўра, майли, сен уйингга боравер, иш бўп қолса, ўзимиз чақирамиз”, деб яхши гап билан кузатиб қўяркан. Чунки яхши овқат емайдиган мардикор оғир ишга ҳам ярамайди.

Рўзимат бобонинг гувоҳлик беришича, немислар яхши одам бўлган экан. Улар қўни-қўшниларидан ўзларида бор нарсани қизғанмаган. Меҳмондўст бўлган.

Немислар Оқмасжид халқига деразага ойна қўйишни, уй ичига печка қуришни ўргатади.

Дарвоқе, немислар кўчиб кетгач, Отабой – Оттонинг битта ити қишлоқда қолади. Ўн йил давомида ўша ит Отабой – Оттонинг уйи атрофида юраверади. Ит ҳақиқатан ҳам вафодор бўлар экан. Ит кундуз куни қорин дардида қишлоқ оралаб кетарди. Кечки пайт эса Оттонинг уйига келиб, полнинг остига кириб ётарди.

Немисларнинг хонадонида албатта соғин сигир бўларди. Ҳар бир сигирга алоҳида исм қўйиларди. Лотта, Жамла деган исм айтилса бас, ўша сигир “мў-ў” деб подадан ажралиб чиқар эди. Немислар кўчиб кетгач, уларнинг сигирлари колхоз фермасига олинади ва то 70-йилларгача сут тайёрлаш бўйича вилоятда илғор хўжаликлар қаторида юради.

Тахминан, XIX асрнинг 83-йилида меннонитчи немислар Хива хонлиги ҳудудига келади. Дастлаб улар Хиванинг нариги томонига жойлашади. Қорақумдан чанг-тўзон кўтарилса, одамлар бир-бирини танимай қолар эди. Шу боис улар хон ҳазратларига арз этиб, ўзларини Оқмасжидга кўчиришини илтимос қилади. Улар Оқмасжидда деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик учун қулай шароит борлигини аниқлаган.

Немислар хон замонида ҳам ўзларининг мактабига, ибодатхонасига эга бўлган. Биров қайтиш қилса, маййит бир-икки кун ибодатхонада сақланган, одамлар маййит билан хайр-хўшлашган. Кейин маййит мозорга олиб бориб, дафн этилган.

Рўзимат бобо 1929 йилда туғилган. Ҳозир Оқмасжидда ўғиллари, ақтиқлари, човлиқлари яшайди.

Невара-чевараларга немислар ҳақидаги гап-сўзлар афсона бўлиб туюлади. Ёш болалар суҳбатимизни ҳайратланиб эшитишар эди.

Дарвоқе, немислар ростгўй одамларни яхши кўрарди. Улар ҳавойи гап­ларни ёқтирмаган. Айтайлик, биров тўй қилмоқчи бўлса, немислардан қарз сўраб боради. “Ўн минг сўм қарз бериб тургин, жўра. Бир ойдан кейин қайтариб бераман”, дейди тўй бошлаб қўйган одам. Бир ойдан сўнг ўн минг сўм қарзни қайтариб бўлмаслигини немис яхши билган. Шунинг учун меҳмоннинг олдига чой-нон қўйиб: “Менда пул нима қилсин! Мен банк эмасман-ку!” деб кузатиб қўйган. Агар одам ўз аҳволини рўй-рост айтиб, немис танишидан ўн минг сўм эмас, юз минг сўм қарз сўраса ҳам топиб берган. Чунки немислар лафзга вафо қилишни ёқтирган. Ҳатто ўн-ўн беш йилдан кейин қайтариб бериш шарти билан ҳам қарз беришган.

Боғотлик шоир Эрпўлат Бахт армияда Қарағанда (Қозоғистон) шаҳридан борган меннонитчи немислар билан хизмат қилган экан. Москва­ телевидениесидан Хива миноралари кўрсатиб қолинса, немис солдатлари қий-чув қилишиб: “Ана, бизнинг юртимизни кўрсатишяпти!” деб суюниб кетишар экан.

Оқмасжидни немислар бағрига босиб олиб чиқиб кетгандек туюлади.

Рўзимат немис беш-олти яшар чоғида немислар дастурхонидан туз тотган. Ўша туз ҳақи ҳамон немисларни миннатдор бўлиб эслайди. Немисларнинг овози кечалари тушига киради, ўзи ҳам баъзан немисча қичқириб уйғониб кетади.

– Бобо, хайрли тушлар кўринг! Кеч ёқтилик, ёшулли!

ПИРЖОН ЁВМУД

1930 йилда туғилган. 85 яшар. Узоқ йиллар Оқмасжид мактабида директорлик қилган. Қотмадан келган, жиккак киши. Боғбон. Томорқасида ҳатто ёнғоқ кўкартириб, ҳосил олади. Хоразм тупроғида ёнғоқ ўстириш қийин.

– Касбингиз нима, бобо?

– Ўқитувчиман. Қирқ йилдан кўпроқ математикадан дарс бердим. Ўттиз йил давомида завуч, директор ўринбосари, директор бўлдим. Нафақахўр бўлиб ўтирганимга чорак аср бўлди.  1990 йилда пенсияга чиқдим. Тинч ўтирмайман.  Эрта баҳордан кеч кузгача боғдан чиқмайман.  Йигирма туп ҳар хил мевали дарахт бор.  Сув бўлмади, ғўс-ёнғоқлар қуриб кетди. Бир туп ёнғоқдан икки-уч қоп ҳосил олардим.  Ўн икки фарзандим бор. Ҳовва. Қирқ ақтиғим бор, қирқ иккита човлиғим бор. Шуларнинг тўй-хашамларига бориб, тўрга чиқиб ўтираман. Улардан бирортаси ўрис юртига кетмоқчи бўлса, олдимга келиб оқ фотиҳа сўрайди. Фотиҳа бераман. Омон-эсон қайтиб келса,  тағин  олдимга келиб оқ фотиҳа сўрайди. Яна фотиҳа бераман. Ишқилиб, ҳаётимиз ўтиб турибди. Нолийдиган жойимиз йўқ. Лекин ўн йил бўлди, оқма газ келмай қолди. Баллонли газ бор, овқатни газда пиширамиз. Сувни насосда ер остидан тортиб оламиз. Ҳовва.

– Ана энди немислар тўғрисида гапириб беринг.

– Немислар 1883 йилда бу ерга келган. У пайтларда фон Кауфман Туркистон ўлкасининт генерал-губернатори эди (аслида, фон Кауфман 1882 йили вафот этади, аммо бетоб ётган чоғлари Гандимиён шартномаси имзоланган 1873 йилдан буён қўғирчоққа айлантириб олган “ошноси” Мадрайимхондан ер-мулк сўраб олган бўлиши мумкин). У намунали хўжалик, намунали қишлоқ барпо этиш учун Сибирь томондан бир юз йигирма нафар немисни кўчириб олиб келган. Улар “Бир ёнимиз қум, бир ёнимиз сув бўлган четроқ жойдан бизга ер беринглар”, деб илтимос қилади. Фон Кауфман Хива хонига мурожаат этиб, немислар кўрсатган жойдан ер ажратиб беришни сўрайди. Шундай қилиб, улар Оқмасжидга келиб жойлашади. Бу немислар тинч яшашни хоҳлайдиган диний оқим вакиллари эди. Улар қўлига қурол олиб ўқ отмаган, бировга заррача озор бермаган. Жуда уста деҳқон бўлган. Ердан картошка, бодринг, бақлажон, помидор олишни халқимиз шу немислардан ўрганади.

– Улар қачон сургун қилинган?

– 1935 йилнинг 10 май куни немислар Оқмасжиддан кўчириб юборилган. Ўша йили эрта баҳорда Тошкентдан Бозоров деган бир журналист келган. Бозоров немислар тўғрисида мақола ёзади. Мақолада айтилишича, Бозоров Оқмасжидда уч мингга яқин немисни кўради. Немислар болаларини уйлантирмоқчи бўлса, аввало, болаларига атаб уй қурар экан. Келин янги уйга туширилган. Келин-куёвнинг рўзғори бутлаб берилган. Кейин ўғли отасидан бир до­на гугурт сўраб келса, пулга берган; мустақил рўзғори бўлган ўғли ўзининг аравасини ўзи тортиши керак эди.

– Пиржон бобо, ўзингиз немисларни кўрганмисиз?

– Кўрганман немисларни.

– Улар қанақа эди? Чиройли бўлганми? Соғлом эдими?

– Немислар сарғишроқ бўларди. Хушсуврат бўларди. Покиза эдилар. Мен ота-онамга эргашиб хорозга-тегирмонга борардим. Жўхорини хорозга олиб бориб, ун қилиб қайтардик. Хороз эгалари немислар эди. Ўшанда немис болаларини ҳам кўрардим. Янглишмасам, 1930 йилдан кейин Оқмасжидда туғилган немислар ҳозир ҳаёт бўлса керак. Ҳозир гоҳ-гоҳ немислар турист бўлиб Оқмасжидга келиб қолади. Балки ўшалар орасида Оқ­масжидда яшаган немисларнинг невара-чеваралари ҳам бордир.

– Уйлари қанақа бўлган?

– Уйларининг тўсинлари кўриниб турарди. Тўсин устидан васса бос­тириларди, васса устига бўйра тўшаларди. Ёғочни қурт еса, дарҳол дорилаб қуртни ўлдиришарди.   Ёғочларни оҳаклаб қўйшарди.  Оҳакланган ёғочларни қурт емасди.

– Тўйларида қатнашганмисиз?

– Беш яшар бўлганман. Беш яшар бола тўйларга аралашмайди.

– Келинни қаердан олишган?

– Ўзларидан олган. Улар узоқдан келин олиб келмаган.

– Нима учун колхозга киришмаган?

– Бола-чақалари билан колхозга аралашиб кетса, ахлоқан бузилиб кетишдан хавотир олишган бўлса керак.  Улар билимдон бўлган. Урганчдаги ёғ заводида ҳам немислар муҳандис бўлган. Қўлларидан келмайдиган иш бўлмаган. Шўро ҳукумати уларни сиёсатга қарши деб қоралаб юборади.

– Бизнинг тўй-хашамга қатнашганми?

– Қатнашган экан. Лекин мен кўрмаганман.

– Немисларга босмачилар қандай қараган?

– Босмачилар Оқмасжидни босган пайтда немислар улардан: “Ёшуллингиз ким?” деб сўрайди.  “Қўрбошимиз бор”, дейишади. Немислар қўрбоши би­лан гаплашиб:  “Қанча пул керак сизга? Биз сиз айтган пулни йиғнаб берсак, кейин бизни безовта қилмайсизми?” деб сўрайди.   “Йўқ, безовта қилмаймиз”, деб қўрбошидан сўз олгач, айтилган пулни йиғнаб беришади. Кейин босмачилар немисларни безовта қилмайди. Немислар вазиятга қараб ҳаракат қилган.

– Рўзимат бобони халқ нима учун “немис” дейди?

– Унинг отаси Абдураим жуда чаққон, уддабурон одам эди. Абдураим немислар орасида юриб уларнинг тилини ўрганади. У немислар билан ўзбеклар орасида таржимонлик қилиб юради. Ўшандан кейин Абдураимнинг ўғли Рўзимат тўғрисида ҳам “фалончи немис” деган гап тарқаб кетади. Лақаб ҳам отадан болага мерос бўлиб қолади.

– Немислар Оқмасжидга охирги марта қачон келди?

– Икки йил олдин. Улар Голландия, Дания, Белгия каби кичкина мамлакатлардан келади. Германиядан ҳам келишади. Улар орасида Оқмасжидда туғилган бирорта немисни учратмадим.

– Немисларга боғлиқ яна бирорта воқеа эсингизда йўқми?

– Тожикистондан бу ерга Муродов деган одам келади. У Оқмасжидга 1934 йилда келади. Шўро ҳукумати уни қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун жўнатади. Шўро ҳукуматининг қизиқ одатлари бор эди: Фарғона водийсининг аҳолисини Тожикистонга деҳкончиликни ривожлантириш учун оммавий равишда кўчирма қилади, Тожикистондаги ишончли ходимларни эса Хоразмга юборади. Муродов Хивага келгач, бир йилдан сўнг Оқмасжид немислари ёппасига машиналарга юкланиб Тожикистонга сургун қилинади. Машинада кетаётган битта немис йўл-йўлакай қичқириб боради: “Оқмасжид, эллик икки йил сенинг тузингни едик. Берган тузинг учун биздан рози бўл! Оқмас­жид, сендан розимиз! Сен ҳам биздан рози бўл!” Шу гапни Муродов менга гапириб берган.

– Нима учун бу қишлоқ Оқмасжид дейилган?

– Битта масжид оқ сувоқ қилинган. Масжид оқ бўлгани учун қишлоқ ҳам шу ном билан айтилиб кетган.

– Оқмасжидлик немислар тўғрисида бирорта китоб ўқиганмисиз?

– Китоб ўқимадим. Лекин қариндош-уруғларимиз донишманд одамлар эди. Афсус, улар оламдан ўтиб кетди. Худо раҳмат килсин. Немислар тўғрисидаги ишончли маълумотларни мен улардан эшитганман.

– Пиржон бобо, ҳозир сиз айтиб берган гапларни мен давлат архивида ўқиганман. Шунинг учун савол беряпманки, сиз бу гапларни қаердан ўқиб олгансиз?

– Йак, мен ўқиганим йўқ. Қариндош-уруғларимдан эшитганман, одамлардан эшитганман. Умуман, бизнинг халқимиз немислар тўғрисида бир оғиз ҳам ёмон гап айтмайди. Чунки ҳеч ким улардан ёмонлик кўрмаган.

– Оқмасжидда немисларни яхши биладиган яна кимлар бор? Бирорта кампир борми?

– Кампирлар билмайди, улар уйда ўтирган, кўчадаги гапни билмаган. Қишлоқда битта мен, битта Рўзимат немис бормиз.

Шундай қилиб,  Пиржон бобо билан суҳбатимиз поёнига етади. Биз долонда ўтирдик. Бу ерда асли ёзда ўтириш керак. Ёзда салқин бўлади. Кеч кузда суякларимиз қақшаб кетди. Мезбон хижолат бўлиб, ичкарига таклиф қилди. Биз кўнмадик, “Ёзда келамиз”, дедик.

Пиржон бобо дуо қилиб, бизга фотиҳа берди. Биз оқмасжидлик танишларимиз билан хайр-хўшлашиб йўлга тушдик.

Оқмасжид қишлоғи ораста, батартибдек кўринади. Бу ерда ҳамон немисларга хос бўлган покизалик, батартиблик сақланиб қолган.

2015 йил 27 февраль

ФАРҒОНАЧИ КОМИЛ БОБО

1930 йилда Хива депарасига Фарғонадан агроном-ҳосилот командировкага келади. У киши  шўравий-большевикларни 1918 йилдан 1922 йилгача зир титратган  машҳур қўрбоши Шермуҳаммадбек етишиб чиққан Гарбува қишлоғига қўшни  Қоратепадан эди. Қоратепа ҳозир Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани ўрамига киради; 1930 йилда у Марғилон ўрамига кирган бўлса керак. Агроном-ҳосилот Хоразмда уйли-жойли бўлади, бола-чақа қилади. Унинг тўнғич фарзанди Комил бобо 90 ёшни қоралаб қолган, ҳозир Оқмасжид қишлоғида меннонит немислари бир пайтлар истиқомат қилган эски қўрғон ўрни рўпарасидаги ҳовлида – кўчанинг нариги бетида яшайди. Гарчанд Комил бобо Оқмасжид немислари депортация қилинган 1935 йилда ёш бола бўлган эса-да, бироқ айрим лавҳалар бир умр хотирасига муҳрланиб қолади, отаси гапириб берган воқеалар ҳам умрбод эсидан чиқмайди.

– Чамамда, 1932 йилда, яъни биринчи беш йиллик (1927 – 1932 йиллар) охирида немислар Шўро ҳукумати тазийқи остида Оқмасжидда алоҳида колхоз бўлади. Ўзларига ажратилган  далаларга пахта экадилар. Шартнома тузилади. Кузда шартномада ёзиб қўйилган миқдорда пахта етиштириб, давлатга топширилади. Сўнг пайкалдаги ғўзапояни ўриб олиб, ўз томорқаларига келтириб, ғарам этиб қўядилар. Ғўзапоя кўраклари ғарамда турган жойида оппоқ бўлиб очилиб кетади. Шўро ҳукумати вакиллари Оқмасжид қишлоғини оралаб юриб, немисларнинг оқсоқол-раиси Отто – Отабойни саволга тутадилар: “Тақсир, пахта ҳосилини йиғиб-териб олдиларингми?” “Ҳовва! – дейди Отто бобо. – Шартнома бўйича режани дўндириб қўйдик. Пахта пайкалларини янги йил ҳосили учун ҳозирлаяпмиз. Ҳовва…” Милтиқ кўтарган милиция ходимларини ҳам эргаштириб юрган Шўро ҳукумати амалдорлари бир-бирига маъноли қараб қўяди. Шўро раиси яна савол беради: “Пахта стратегик хом ашё эканини биласизми, ёшулли?” “Йак, билмайман”, дейди Отто бобо. “Билиб қўйинг, пахта стратегик хом ашё ҳисобланади”, деб таъкидлайди Шўро раиси. “Бўпти, билиб қўйдим”, деб жавоб беради Отто бобо жиддий қиёфада. “Бундан ташқари, пахта ўзбекларнинг миллий ифтихори ҳисобланади”, деб илова қилади. “Ҳазиллашманг, ёшулли, Навоий билан Мангуберди ёки Гёте билан Бах миллий ифтихор бўлиши мумкин. Бироқ, чақалоқларнинг кети артиладиган пахта қандай қилиб миллий ифтихор бўлсин!” деб ёқасини ушлайди Отто бобо. “Ия, пахтамизга болаларнинг кетини ҳам артяпсизларми! – деб кўзларини олайтириб юборади Шўро раиси. – Милиция, ушла контурни!” деб буйруқ беради. Милиция дарҳол милтиғини чотига қисиб, Отто бобонинг қўлига кишан солади. “Пахтани мол-қўйга ем қиладиган, миллий ифтихоримизни топтайдиган контур қамоққа юборилсин!” деб қичқиради Шўро раиси. Отто бобо шартнома бажарилганини, ўсимлик миллий ифтихор бўлолмаслигини раисга ҳам, терговчи билан судьяга ҳам тушунтира олмайди. Отто бобонинг ёнини олган яна тўртта немис ҳам қамоққа олинади. Томорқаларга ғарам этиб қўйилган ғўзапоялар  шартнома режасини бажармаган колхоз аъзолари томонидан бир чаноқ қолдирмай териб олинади. Дарҳол ҳукуматга яхши кўриниб қолиш илинжида юрган шоир долзарб мавзуга мос шеър ёзиб, Хивада вақти-вақти билан чоп этиб туриладиган “Инқилоб қуёши” газетасида нашр эттиради. Шундай қилиб, немислар колхоз ташкил этган биринчи йилиёқ Шўро ҳукуматининг мунофиқона сиёсати билан очиқ тўқнашади. Отто бобони қамоқдан озод этиш учун оммавий ҳаракатлар бошланади. Оқибатда Оқмасжид немислари ёппасига Шўро ҳукуматининг душмани экани очилиб қолади. Немисларни битталаб жазолашдан наф бўлмаслигини кўрган шўравийлар Отто бобони қамоқдан озод этиб, бирйўла Оқмасжид немисларини ёппасига депортация қилиб юборишга қарор қилади.

Хулласи калом, Комил бобо Оқмасжид немислари Шўро ҳокимият­и­нинг ғайриинсоний сиёсатининг қурбони бўлганини куйиниб гапириб беради.

2017 йил 9 февраль,

Оқмасжид – Саят – Урганч – Боғот – Ҳазорасп –Тошкент

ҚАЕРДАСИЗ, ХОРАЗМЛИК ОЛМОНЛАР?

1883 йили Хоразм хонлигига кўчиб келиб, Хивадан 12 чақирим наридаги Оқмасжид қишлоғига жойлашган, шу гўшада эллик беш-олтмиш йил яшаб, маҳаллий аҳоли билан дўст-қадрдон тутинган, бироқ, таассуфки, 1935 йили  Шўро ҳукумати томонидан оммавий депортация қилинган меннонитчи немислар ҳаётига доир излай-излай топганларимиз ана шулардан иборат. Хоразмни кўзда ёш билан тарк этган меннонитчи немислар сўнгра қаердан паноҳ топди, тақдири қандай бўлди? Афсуски, бу ҳақда бизнинг қўлимизда айтарли маълумот мавжуд эмас. Демак, улар ҳақидаги изланишларимиз ҳали давом этади. Дарак беринг, қаердасиз, хоразмлик олмонлар?

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил 9-сон