Улуснинг таъну таърифи менга, Бобур, баробардур,
Бу дунёда ўзумни чун ямон-яхшидин ўткардим.
Улуғ ўзбек шоири, тарихнавис-ёзувчиси, алломаси, етук саркарда ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти, ижоди ва серқирра фаолиятини марксистик асосда ўрганиш шу буюк таълимот асосчнларининг ўзлари — Карл Маркс ва Фридрих Энгельс томонидан бошлаб берилган. Бобур ҳақидаги маълумот ва кузатишларни Маркснинг «Ҳиндистон тарихига оид хронологик кўчирмалар»ида, рус олими М. Ковалевскийнинг «Жамоача заминдорлик» («Обшинное землевладение», М., 1879) асаридан олган конспектларида, Энгельснинг «Афғонистон» мақоласида учратамиз.
«Хронологик кўчирмалар»даги ва «Афғонистон» мақоласидаги Бобур фаолияти билан боғлиқ айрим маълумотларга дастлаб К. Антонова, К. Ашрафян, С. Азимжонова каби тарихчи олимлар ва адабиётшунос С. Жамолов эътиборни қаратдилар. Давлат ва жамоат арбоби Н. Муҳиддинов «Бобур» мақоласида Маркснинг Бобурнинг невараси Акбаршоҳ фаолиятига берган бениҳоя юқори баҳосини ҳам тилга олиб ўтди.
Бироқ Маркс ва Энгельснинг Бобур тўғрисида ёзганлари мазкур ишларда келтирилган парчалардангина иборат эмас. М. Ковалевский асаридан олинган конспектларда ҳам Бобур ҳақида маълумотлар борлиги мутахассислар эътиборидан четда қолган. Шунинг учун Маркс ва Энгельс Бобур тўғрисида нимаики ёзган бўлсалар, ҳаммасини бир жойга жамлаб махсус ёритиш ва шу баҳонада бобуршунослигимизга тааллуқли айрим сўнгги чиқишларга ҳам бир назар ташлаб ўтиш фойдадан холи эмас.
«Ҳиндистон тарихига оид хронологик кўчирмалар»да Маркс Бобур тўғрисида шундай умумий маълумот беради: «1526. Бобур: Темур(Темурланг)нинг асосий шажара бўйича олтинчи авлоди, Умаршайх мирзонинг ўғли, Фарғонанинг подшоҳи (Фарғона — ҳозирги Қўқоннинг провинцияси). Ўз биографиясини ёзган ягона мўғул ҳукмдори; унинг мемуарлари Лейден ва Эрскин томонидан таржима қилинган (1826). 1483 йили туғилиб, 1530 йили вафот этган» (Маркс К., Хронологические выписки по истории Индии М., Огиз. 1946, стр. 20 — 21).
Бу ерда Бобур шахсияти ва фаолиятининг икки муҳим жиҳати ажратиб кўрсатилган: у, биринчидан, темурийлар авлодига мансуб подшоҳ, иккинчидан, ўз биографиясини ёзган ягона мўғул ҳукмдори (бобурийлар давлати Европада ғалати машҳур «Буюк Мўғул империяси» номи билан аталгани учун Маркс Бобурни шу анъанага кўра «мўғул» деб атайди). Таърифнинг иккинчи қисмидаги «ягона» сўзи орқали Бобурнинг сўнгги темурийлар орасидан етишиб чиққан юксак маданиятли, ижодкор шахс эканлиги алоҳида таъкидланган.
Асарнинг эътиборга молик жиҳатларидан бири шундаки, Маркс унда Бобурнинг саркарда сифатидаги истеъдоди ва давлат арбоби сифатидаги тадбиркорлигини ҳам махсус қайд этиб ўтади. «Ўзининг сўнгги жангларида Бобур фақат найза эмас, балки порох ҳам ишлатди; у тўпчилари, милтиқли навкарлари ва камончиларини тилга олиб ўтади; унинг ўзи камондан ўқ узишда ажойиб мерган эди»
«Кўчирмалар»да шуни яққол кўрамизки, Ҳиндистонга юриш бошлаган Бобур Моварауннаҳрда юрган ёш, тажрибасиз саркарда эмас. У энди лашкаркашликнинг ва давлатни идора қилишнинг бутун сир-синоатини эгаллаган қудратли, тадбиркор, шафқатсиз ҳукмдор. У кўпчилик жангларга аввал ишонган беклари, лашкарбошилари ёки ўғилларини юборади. Улар душманни маҳв этолмаган пайтларда эса бутун дов-дастгоҳи 6илан шахсан ўзи жангга отланади ва деярли ҳар сафар ғалаба билан қайтади. Маркс буни таъкидлаб ёзади: «Лаҳорда Иброҳим Деҳлавийнинг укаси Аловуддин Бобурга қўшилди ва мўғул лашкарининг саркори қилиб Деҳлини забт этишга юборилди. Иброҳим уни ерпарчин қилиб ташлади. Шунда у ерга Бобурнинг ўзи отланди. Икки қўшин Панипатда (Жамна яқинида, Деҳлидан шимолроқда) учрашди. 1526 — Панипатдаги биринчи жанг. Иброҳим мағлубиятга учради, жангда ўлдирилди, у билан бирга 40000 ҳинди ҳалок бўлди. Бобур Деҳли ва Ограни эгаллади».
1528 йил маълумотларида ёзилишича, Аудага қўшин тортган Ҳумоюнни афғонлар мағлуб этдилар: «Бобур Чандарадан унга ёрдамга йўл олди, душманни тор-мор этди, Деҳлига қайтди». Маркс Секридаги жанг ҳақида ҳам тўхталиб, уни «Ҳиндистонда ўз ҳокимиятини ўрнатган Бобурнинг улкан ғалабаси», деб баҳолайди.
Бобур асос солган улкан салтанатда сон-саноқсиз халқлар ва элатлар яшар эди. Маркснинг таъкидлашича, бобурийлар бу масалада ниҳоятда оқилона сиёсат юргизганлар. Улар барча диний ва маданий камситишларга чек қўйишга, бир қанча хурофий урф-одатларни бартараф этишга, маҳаллий ва хорижий халқлар маданиятини ўрганишга ҳаракат қилганлар. «Кўчирмалар»да кўрсатиб ўтилишича, Бобурнинг невараси Акбаршоҳнинг фармони билан қадимий санскрит эпослари, жумладан, «Рамаяна» ва «Маҳабҳарата», христианларнинг диний китоби «Инжил» форс тилига таржима қилинган, ҳиндларнинг «сатти», яъни вафот этган эрнинг гулханида унинг хотинини ҳам ёқиш одати ва «жузъя», яъни мусулмон ҳукмдорларига ҳиндлар тўлаши керак бўлган солиқ бекор қилинган.
Маркс Бобур ва «Бобурнома» ҳақидаги маълумотлар билан рус олими М. Ковалевскийнинг «Жамоача заминдорлик» асарини конспект қилиш жараёнида қайтадан танишган. «Конспектлар»да бобурийлар сулоласи вакилларининг илғор интилишларидан гувоҳлик берувчи фактлар кўп. «Ҳиндистоннинг аввалги мусулмон ҳукмдорлари даврида бўлганидек, мўғуллар замонида ҳам ерга эгалик масаласида оз ўзгаришлар рўй берди, бироқ улар амалий ўзгаришлар эди. Император Жаҳонҳир (ёки Жаҳонгир) мемуарларида айтилишича, унинг энг муҳим ташвишларидан бири «маҳаллий аҳоли ерларининг жогирдорлар (подшоҳлик томонидан инъом этилган мулкка эга бўлган амирлар — М. О.) ва молиявий амалдорлар томонидан бундан кейин ўз хусусий фойдасига ишлов бериш учун ўзлаштириб олинишига» қаршилик кўрсатиш эди» (Маркс К., Энгельс Ф., Соч., т. 45, стр. 197 — 198).
Мазкур конспектларда Жаҳонгир мемуарларининг тилга олинганлигидан кўриниб турибдики, бу вақтга келиб Бобур «ўз биографиясини ёзган ягона мўғул ҳукмдори» эмаслиги, фақат унинг мемуарлари беқиёс тарихий обида эканлиги Марксга аён бўлган.
Фридрих Энгельс 1857 йили инглиз энциклопедияси учун ёзилган «Афғонистон» мақоласида Кобул ҳақида фикр юритиб, шаҳарнинг бош ёдгорлиги император Бобурнинг мақбарасидир, (Маркс К., Энгельс Ф., Соч., т. 14, стр. 77), — деб таъкидлайди. «Ҳиндистон тарихига оид хронологик кўчирмаларида Маркс ҳам: «бу ер ҳозиргача Кобул аҳолиси учун истироҳат жойи бўлиб хизмат қилади», — дея қайд этган. Бу факт Бобурнинг Афғонистон тарихида тутган ўрни, Афғонистон халқларининг унга муносабати ҳақида муайян тасаввур бера олади.
Марксистик бобуршуносликнинг тамал тошини буюк доҳийларимизнинг ўзлари қўйган бўлишларига қарамай, Бобурга муиосабатда чинакам марксистик нуқтаи назар билан бирга, нодиалектик ва номатериалистик қарашлар ҳам ўзбек фанида ҳалигача ўқтин-ўқтин кўзга ташланиб турибди.
«Биз учун шоҳ — Бобур фаолияти эмас, кўпроқ шоир — Бобур, олим — Бобур фаолияти аҳамиятли», — деб ёзилади филология фанлари доктори, профессор А. Ҳайитметовнинг «Адабий меросни ўрганишнинг муҳим масалалари» («Ўзбек тили ва адабиёти» журнали, 1987 йил, 3-сон) мақоласида. Бобуршунослигимизда олдин ҳам айтилган бу гапга қўшилиб бўлмайди. Хўш, биз шоир ва олим Бобур фаолиятига асосий эътиборни қаратиб, шоҳ — Бобур фаолиятини камроқ ўрганишимиз, ундаги ижобий интилишларни ҳам камроқ қадрлашимиз керакми? Ахир, Ўрта Осиёнинг деярли ярим асрлик, Ҳиндистон ва Афғонистоннинг қарийб 300 йиллик тарихини шоҳ — Бобурнинг фаолиятисиз тасаввур қилиб бўладими?! Юқоридаги ҳукмдан жаҳон тарихининг шундай ўзига хос саҳифасини камроқ ўрганайлик, уни мумкин қадар кўздан панада сақлаб турайлик, дегандек ҳам маъно келиб чиқиши мумкин.
Нега энди бир шахснинг адабиётдаги, илм-фандаги хизматлари қимматли-ю, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий, ҳарбий ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси қимматли эмас?! Агар шундай бўлса, нега Маркс шоҳ — Бобурнинг фаолиятини бунчалик батафсил ўрганган, нега унинг сўнгги жангларида порох ишлатганлигини, ўзи эса беқиёс мерган ва заковатли лашкарбоши бўлганлигини алоҳида-алоҳида қайд этиб ўтган?!
«Бобур ҳақидаги илмий монография ва мақолаларда ҳам шоҳ — Бобур изчил ва ҳар томонлама чуқур фош этиб ташланмаган», — дейилади мақолада. Ҳақиқий илм мураккаб тарихий шахснинг муайян соҳадаги фаолиятига бутунисича қора чаплаш билан шуғулланмайди, балки Маркс каби барча воқеа-ҳодисаларни объектив кўз билан кузатиб, уларнинг ижобий томонларини ижобий, салбий томонларини салбий баҳолаш йўлидан боради.
«Биз, бобуршунос олимлар, — деб яна ёзади муаллиф, — унинг шеърлари сеҳрига берилиб, масаланинг синфий томонига етарли даражада диққат билан қарамаганмиз». Модомики, у шеърлар шунча зукко олимларимизни ҳам сеҳрлаган экан, демак, уларни яратган ижодкорнинг маънавий олами ўзи мансуб бўлган синф чегараларини ёриб чиқиб, умуминсоний кенгликларга кўтарилган экан-да. Бундай санъаткорнинг синфий позициясини белгилашда мазкур жиҳат зинҳор-базинҳор назардан соқит қилинмаслиги керак.
«Аслида Бобурнинг ўзиёқ «Бобурнома»да, шеърларида ўзининг кимлигини айтиб қўйган, — дейди олим. — Масалан, «Бобурнома»да ёзилишича, Бобур Навоийни шоир сифатида яхши кўрган, юксак баҳолаган, аммо давлат арбоби сифатида талончи, муттаҳам, авантюрист вазир Маждиддин Муҳаммадни ундан юқори қўйган. Бобур Маждиддинни мақтаб, Навоийни эса ёмонлаб, иғвогарликда айблаб, шундай ёзади: Маждиддин «имкони борича саъй ва эҳтимом қилиб, оз фурсатта сипоҳий ва раиятни рози ва шокир қилди. Хизонаға ҳам вофир ёрмоқлар туширди, вилоятни маъмур ва ободон қилди. Вале Алишербек бошлиқ жамеъ беклар ва аҳли мансаб била зиддона маош қилди, бу жиҳаттин барча анинг била ёмон бўлдилар. Саъй ва иғво қилиб, Маждиддин Муҳаммадни тушуруб, маъзул қилдилар».
Кўриниб турибдики, «Бобур Маждиддинни Навоийдан юқори қўйган», деган гап нотўғри. Чунки улар ҳеч қаерда қиёсланмаган. «Бобур Маждиддинни мақтаган», деб узил-кесил хулоса чиқариш келтирилган кўчирмага ҳам, умуман, Бобурнинг инсонни тасвирлаш принципларига ҳам зид. Зеро, Бобур шу парчанинг ўзидаёқ Маждиддинни ҳам мақтаган, ҳам ёмонлаган. Бобур назарида, унинг сипоҳи ва оддий халқни рози, вилоятни «маъмур ва ободон» этгани — яхши, бироқ «Алишербек бошлиқ жамеъ беклар ва аҳли мансаб била зиддона маош қил»гани — ёмон.
Қолаверса, бу парчада шахсан Навоий «ёмонлангани» ҳам, «иғвогарликда айблангани» ҳам йўқ. Маждиддиннинг бадфеъллиги туфайли «барча анинг била ёмон бўлдилар» ва шу барчанинг иродаси билан у «тушуруб маъзул қил»инди.
Тарих фанлари доктори, профессор М. Ваҳобовнинг «Тарих ҳақиқатига зид ўлароқ» («Правда Востока» газетаси, 1986 йил, 4 декабрь) мақоласи ҳақида матбуотда фикрлар айтилди. Бобур тўғрисида бу тарихчимиз айтган гапларни Маркс ва Энгельснинг Бобур хусусидаги қайдлари фонида кўриб ўтайлик. Унинг фикрича, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур» номли очеркида «А. Қаюмов Бобурнинг марказлашган давлат тузиш учун кураши ижобий мазмунга эга эди, деб даъво қилади. Бобур Афғонистон ва Хиндистонни забт этиб, гўё улар территориясида марказлашган ва қудратли давлат тузган, ўзаро урушларга барҳам берган ва «тинч ҳаёт» ўрнатган эмиш. Аслида Бобур «Бобурнома»да асир тушган аёллар, қариялар ва болалар қандай қириб ташланганлиги («далил»нинг шу ери — ғалат, «Бобурнома»да бундай факт йўқ — М.О.), бўйин эгмаганларнинг кесилган бошларидан қандай миноралар тикланганлигиии катта мамнуният билан ҳикоя қилади».
Авваламбор, бу парчада қарама-қарши қўйилган икки жиҳат бир-бирини истисно этмайди. Бобурнинг бутун ижтимоий-сиёсмй фаолияти марказлашган давлат тузишга қаратилганлиги ва бу интилишнинг ижобий мазмунга эга эканлиги ҳам, бироқ унинг марказлашган давлати ширин сўзу зариф илтифотлар эмас, балки шафқатсиз жангу жадаллар эвазига барпо қилинганлиги ҳам аён ҳақиқат. (Ҳиндистон мустақиллиги учун курашнинг йўлбошчиларидан бири, унинг биринчи бош министри Жавоҳирлаъл Неру таъкидлаган эдики, «Ҳиндистоннинг парчаланиб кетиши ва таназзулга юз тутишига мамлакат шимолий қисмларининг мўғул Бобур томонидан забт этилиши натижасида чек қўйилди». Бу гапларни ҳисобга олмаган Ваҳобов уни А. Қаюмов ўйлаб чиқарган хаёл деб тушунади…
«У шоир бўлган, ўз замондошларидан фарқли ўлароқ содда, халқ сўзлашув тилида ёзган. «Бобурнома» ўзбек тили тарихини, ўша давр ҳайвонот ва наботот дунёсини ўрганишда қимматли манба ҳисобланади. Лекин бу унинг сиёсий қарашларини ва феодал-мустабид сифатидаги фаолиятини ижобий баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилолмайди», — деб ёзади мақола муаллифи. Ўз даврининг қомуси бўлмиш «Бобурнома» биринчи навбатда тарихий асар эканлиги, унинг ҳатто Маркс учун ҳам худди шундай манба бўлиб хизмат қилганлигини тарихчи назардан соқит қилади.
Жавоҳирлаъл Неру ўзининг «Хиндистоннинг кашф этилиши» асарида «Уйғониш даврининг типик ҳукмдори», С. П. Толстов «Шарқдаги Уйғониш даврининг энг атоқли сиёсат ва маданият арбобларидан бири» деб атаган сиймони «феодал-мустабид» дейиш учун бобуршуносликнинг ҳозирги даражасидан қарийб эллик йил орқада бўлиш керак.
Н. Муҳиддиновнинг юқорида тилга олинган «Бобур» мақоласи беш асрлик тарихга эга бўлган, Маркс, Энгельс, Добролюбов, Неру каби смймолар номи билан боғланган бобуршуносликнинг эзгу анъаналарига таяниб ёзилган. Муаллиф шоҳ — Бобур фаолиятини «изчил ва ҳар томонлама чуқур фош этиб ташлаш»ни эмас, балки унинг «бутун дунё тарихидаги муносиб ўрнини белгилаб олиш»ни, «бу улуғ ҳамюртларининг ижодини кенгроқ оммалаштиришини республикамиз жамоат арбоблари, илм-фан ҳамда адабиёт ва санъат намояндаларининг бурчи деб билади.
Муҳиддинов тарихий шахс фаолиятини ерга уришнинг ҳар қандай кўринишларига ҳам, шунингдек, уни идеаллаштиришга, ўз даври ва муҳитидан узиб олиб ўрганиш ва баҳолашга, алоҳида шахслар тарихини халқ тарихидан устун қўйишга ҳам бирдек қарши: «Алқисса, масалага ҳар томонлама ёндашиш нуқтаи назаридан барча диққат-эътиборни биргина Бобур шахсиятига қаратиш жуда ҳам тўғри эмас, деб ўйлаймиз. Унинг ҳақиқатан ҳам истеъдодли, ҳар томонлама етук, зукко, меҳнатсевар инсон бўлганлиги шубҳасиз. Бироқ у, таърифлаганимиздек, тайёр ҳолда туғилгани, кимсасиз бир жойда ва сирли бир оролда ўсгани йўқ. Атрофидаги одамлар ва муҳит таъсирида у шу даражага етди, тарихга кирди».
Хуллас, юқоридаги чиқишларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бобуршунослигимиз ҳали ўз тадқиқ объектини марксистик асосда ўрганиш ва шу принципларда собит тура олиш даражасига тўла кўтарила олгани йўқ. Бу — илмий жамоатчилигимизнинг умумий сиёсий, маънавий ва профессионал севияси билан боғлиқ. Ғайриилмий позициялардан тезроқ қутулиш учун биз мерксистик таълимот асосчиларидан аввало уч нарсани ўрганишимиз керак. Уларнинг биринчиси — доҳийларимизга хос объективлик, яъни тарихни қандай бўлса, шундай — бутун мураккабликлари, даҳшатлари билан ҳаққоний акс эттиришга ва баҳолашга интилиш; иккинчиси — тарихий шахсга комплекс ёндашиб, ундаги барча қобилият ва фазилатларни, унинг барча ээгу ишларини қадрлай олиш; учинчиси эса шахснинг барча хатти-ҳаракатларида, ишларида тарихий заруриятнинг темир измини кўра олиш, даврнинг камчилик ва иллатларини шахсларнинг бўйнига юкламасликка ўрганиш. Бу уч фазилатни марксизм-ленинизм таълимотининг бутун системасида ҳам, Маркс ва Энгельснинг Бобур ҳақидаги кузатиш ва қайдларида ҳам яққол кўришимиз мумкин.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 17 февраль