Соҳибқирон Амир Темур шахси жаҳоннинг кўпгина ижодкорларини доимо қизиқтириб келган ва бу жараён давом этаётир. Франциялик адиб Марсель Брион ҳам Амир Темурни французларга танитишга ўз ҳиссасини қўшган ижодкорлардан. Бу мавзуда у имкони қадар ёзган, Соҳибқирон ҳаётидан ҳикоя қилувчи тарихий асарлардан парчаларни француз тилига таржима қилган.
Яқинда М.Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли китоби рус тилидан ўзбекчага таржима қилиниб нашр этилди. Аммо бу китоб русчасида ва ўзбекчасида М.Брионнинг ёзганларига қанчалик мос келади? Қуйида шу хусусда мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз.
Марсель Брион 1895 йил 21 ноябрда Франция жанубидаги Марсел шаҳрида адвокат оиласида туғилган. Дастлаб Швейцариянинг Лозанна шаҳридаги коллежда, сўнг Марселдаги Тиер лицейида фалсафа йўналишида ва Экс-ан-Прованс университетининг ҳуқуқшунослик факультетида таҳсил олган. 1920-1924 йилларда Марсел шаҳар судида адвокат бўлиб ишлаган адиб кейин бу хизматдан воз кечиб, ўзини адабиёт ва санъатга бағишлаган. М.Брион 1964 йили Франция Фанлар академиясига ҳақиқий аъзоликка сайланган. 1984 йил 23 октябрда Парижда оламдан ўтган.
Ватани олдидаги хизматлари, мозийшунослик, санъатшунослик ва бадиий адабиётни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Франциянинг юксак мукофотларига сазовор бўлган: “Фахрий Легион”, “1914-1918 йиллар урушидаги жасорати учун”, “Адабиёт ва санъатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” сингари орденлар билан тақдирланган.
М.Брион буюк ватандошимиз Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига катта қизиқиш билан қараган. Унинг “Амир Темур” (“Tamerlan”) номли китоби 1942 йилда эълон қилинган. Бу асар 1963 йили тўлдирилган ҳолда “Le Mеmorial des Siеcles” (“Асрлар солномаси”) туркумида “XIV siеcle. les hommes qui ont fait le siecle” (“XIV аср. Тарихни яратган инсонлар”) номи билан нашр этилган. Китобнинг каттагина “Кириш” қисмини академик Жерар Вальтер ёзган (9–48-бетлар). Китобдан, асосан, М.Брионнинг “Амир Темур портрети” номли очерки (84х1081/32 форматдаги 85 саҳифа) жой олган бўлиб, асар “Буюк Инсонлар. Амир Темур тузуклари асосида” (151–188-бетлар), “Амир Темурнинг Ибн Халдун билан учрашуви. Дамашқ, 1401 йил” (189–203-бетлар), “Амир Темур ғаним кўзи билан: Ибн Арабшоҳнинг “Темур тарихида тақдир ажойиботлари” асари“ (211–236-бетлар), “Амир Темур тузуклари” (237–274-бетлар), “Амир Темур Маршал Бусико нигоҳи билан” (275–278-бетлар), “Амир Темур ва унинг саройи Султония архиепископи назарида” (279–302-бетлар), “Амир Темур ва унинг саройи испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо тасвирида” (303–356-бетлар) каби бўлимлардан таркиб топган. Бу бўлимлар турли асарларнинг аслиятларидан француз тилига қилинган таржималардан иборат. Китобнинг умумий ҳажми 381 саҳифа.
М.Брион Амир Темурга одилона баҳо беради: “Темурдан олдин ўтган бирорта ҳам мўғул ёки турк фотиҳи у каби доно ва маданиятли бўлган эмас. Атилла ва Александр Македонскийда алоҳида-алоҳида мавжуд бўлган хислатлар Темур шахсида ғалати бир уйғунлик ҳосил қилганини кўриб ҳайратга тушади киши”. Адиб Соҳибқироннинг ташқи ва ички сиёсатини юксак баҳолайди, Амир Темурни “моҳир стратег, омадли саркарда”, деб таърифлайди ва унинг эътиқоди, салтанатида динларнинг ўрни, ҳолати хусусида қуйидагиларни ёзади: “Салтанатда диний ҳуқуқ ҳукмрон бўлса-да, Амир Темур шу қадар доно иш юритар эдики, ўзини исломнинг содиқ бандаси эканлигини кўрсатар ва шу билан бирга, Оллоҳдан ўзга тангриларга эътиқод қўйган фуқароларига ҳам қаршилик билдирмасди”.
Француз адибининг таъкидлашича, “Темур олимлар, уламолар, шоирлар ва санъаткорларни ўз ҳимоясига олар, уларга ғамхўрлик қиларди. Унинг ушбу ҳаракати маълум мақсадга йўналтирилган бўлиб, унга илм ва санъат аҳли посбони, юксак даражада маданиятли ҳукмдор деган шуҳрат келтирди”.
Амир Темурнинг исми тарихда абадий қолажаклигига чуқур ишонч билан қараган М.Брион шундай ёзади: “Жасур жангчиларни тақдирлашдаги саховати, баҳодирларга илтифоти, жангоҳларда кўрсатган шахсий жасоратлари халқлар орасида унинг обрў-эътиборини ошириб, исмини афсоналарга жо қилди. Унинг илоҳий беқиёслиги ҳақидаги беҳисоб қўшиқлар, балки Марказий Осиёда бугун ҳам жаранглаётгандир. У қудратли саркарда, моҳир сиёсатчи, буюк бунёдкор, барлос уруғи вакиллари оддий хислатларини юксак маданият белгиларига муштараклаштирган инсон сифатида тарихда қолди”.
2011 йили “Янги аср авлоди” нашриётида М.Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – жаҳонгир Темур” номли китоби ўзбек тилида чоп этилди. Бу “янги асар”ни Фарҳод Рўзиев ва Фозил Тиловатов ўзбекчалаштирган. Бироқ китоб қайси тилдан таржима қилингани кўрсатилмаган. Биз унинг рус тилидан ўгирилганини аниқладик. М.Брион асарининг русча варианти Теҳрондаги “Мастоуфи” нашриётида босилган, китоб нашри билан боғлиқ барча ҳуқуқни ушбу нашриёт гўё “М.Брион меросхўрларидан сотиб олган”.
Асарнинг ўзбекча нашрига ёзилган сўзбоши ва таржимада талайгина англашилмовчиликлар бор. Жумладан, “Улуғлашга лойиқ инсон, саркарда ва давлат арбоби ҳақида асар” сарлавҳали сўзбошида (муаллифлар: тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов, иқтисод фанлари номзоди Фарҳод Рўзиев) “Тамерлан” асарининг биринчи таҳририни М.Брион 1942 йили, тўлдирилган ва қайта ишланган ушбу романини 1963 йили Париждаги Албин Мишелга қарашли “Wraitten in French” босмахонасида чоп эттирган”, дейилади.
Биринчидан, М.Брионнинг “Тамерлан”и роман эмас, балки “Амир Темурнинг портрети” очерки, “Темур тузуклари” ва турли манбалардан олинган парчалардан иборат тўпламдир. Иккинчидан, “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур”нинг ўзбекча таржима сўзбошиси муаллифлари таъкидлаганидек, асарнинг 1963 йилдаги нашри Албин Мишелга қарашли “Wraitten in French”да эмас, “Албен Мишел” (“Albin Michel”) номли нашриётда чоп этилган. “Wraitten in French” эса босмахонанинг номи эмас, балки Францияда нашр этиладиган аксарият китобларнинг охирида ёзиб қўйиладиган эслатма бўлиб, инглиз тилидан ўзбекчага “Француз тилида ёзилган” деб таржима қилинади.
“Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур”нинг “Болалик йилларим ва шайх Шамсиддиндан сабоқ олган даврларим” деб номланган биринчи бобининг сўнгги хатбошиси қуйидагича якунланади: “Отамдан илтимос қилиб, шу масалани бир-икки йил тўхтатиб туришларини сўрадим. Чунки уйланиш йигитнинг кучини кесиб, уни заиф қилиб қўяди, деб ҳисоблар эдим. Бироқ кейинчалик Султония шаҳрининг насроний епископи билан қилган суҳбатим асносида билдимки, ўз вақтида уйланиш йигитнинг жисмоний қувватини камайтирмас экан” (18-бет).
Бу гапларга таржимонлар қуйидагича изоҳ беришган: “Султония шаҳрининг насроний епископи Амир Темур Кўрагон билан қилган қизғин суҳбатлари таъсирида жуда қимматли эсдалик ёздириб қолдирган. Биз айни шу жойда мазкур мемуарни эътиборингизга ҳавола этамиз ва у Марсель Брион томонидан Франция Миллий кутубхонасидан топилганини ва ўзбек тилида илк бор ўқувчилар этиборига ҳавола этилаётганини эслатиб ўтмоқчимиз”.
Аслида эса Султония шаҳрининг архиепископи Иоанн Амир Темур томонидан Франция қироли Карл VI ҳузурига элчи сифатида юборилган ва қиролга Соҳибқироннинг мактубини етказган. Руҳоний Иоанн 1403 йил май ойининг бошида Парижда пайдо бўлади. У Амир Темурнинг мўъжазгина тамғаси босилиб, зарҳал ҳарфлар билан битилган ишонч ёрлиғини — мактубини Франция қироли Карл VIга топширади. Архиепископ қирол саройида Карл VI ва Франциянинг бешта — Берри, Бургундия, Орлеан, Бурбон ва Британия герцоглари ҳамда кўплаб бошқа юқори мансабли шахслар ҳузурида нутқ сўзлаб, ташрифининг икки сабабини баён қилади: биринчиси, Амир Темурнинг Боязид устидан қозонган ғалабасини маълум қилиш, иккинчиси, Франция қиролини ўз кўзи билан кўриш ва у ҳақида Амир Темурга сўзлаб бериш. Архиепископ Карл VIнинг топшириғига биноан “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар”ини битган.
“Хотиралар”нинг Франция Миллий кутубхонасининг француз фондида 5624 (fol.63 Ve) ва 12201 (fol.84 Ie) рақамлари остида сақланаётган икки французча қўлёзмасини 1894 йил француз шарқшуноси Хенри де Моранвиле топган ва бу ҳақида Франция Академиясида маъруза қилган (Н.Moranvillе. Mеmoire sur Tamerlan et sa cour par un Dominicain en 1403, Bibliothеque de l’Ecole des Chartes. – Paris, 1894). Х.Моранвиленинг гувоҳлик беришича, архиепископ ўзининг “Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар”ини француз тилида битиб, француз тилида маъруза қилган.
Кўриниб турибдики, ўзбек таржимонлари “Султония шаҳрининг насроний епископи Амир Темур Кўрагон билан қилган қизғин суҳбатлари таъсирида ёзилган жуда қимматли эсдалик… Марсель Брион томонидан Франция Миллий кутубхонасидан топилганини ва ўзбек тилида илк бор ўқувчилар этиборига ҳавола этилаётганини” маълум қилиб, китобхонларни чалғитади. Мутаржимлар Султония архиепископи Иоанннинг “Хотиралар”и анча илгари ўзбек тилига эски француз тилидан бевосита таржима қилиниб, республикамизда уч бора эълон қилинганидан хабарлари йўққа ўхшайди (таржимон Б.Эрматов). Зеро, бу “Хотиралар” илк бор “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида (“Амир Темур ва унинг саройи”, 2005 йил, 13 май сони), сўнг “Жаҳон адабиёти” журналида (“Амир Темур ва унинг саройи ҳақида хотиралар”, “Жаҳон адабиёти”, 2007 йил, 4-сон) ва тўлдирилган варианти Ғафур Ғулом номидаги НМИУда чоп этилган “Амир Темур Европа элчилари нигоҳида” китобида (2007 йил, 169–195-бетлар) босилган.
Бундан ташқари, асарнинг биринчи боби сўнгида “Султония епископининг эсдалиги” келтирилади. Унда, жумладан: “Самарқандда Испания элчиси Клавихони ҳурмат-эҳтиром билан қабул қилиб, ундан: “Бизнинг севимли ўғлимиз Кастилия қиролининг аҳволи қандай?” — деб сўраганини ўзим эшитдим” (22-бет) дейилади.
Бунга қуйидагича эътирозимиз бор. Биринчидан, “Султония архиепископи Иоанннинг Амир Темур ҳақидаги эсдаликлари” асарнинг русча нашрида илова тарзида берилган. Унда Амир Темур сўзи сўнгидаги “…деб сўраганини ўзим эшитдим” жумласи йўқ. Иккинчидан, Султония архиепископи Иоанн ҳеч қачон Самарқандда бўлмаган (гарчи русча вариантда “Я был в Самарканде” деб ёзилган бўлса ҳам) ва шу сабабли Соҳибқирон билан Клавихо ўртасидаги суҳбатни “ўзи эшитиши” мумкин эмас. Учинчидан, “Султония епископининг эсдалиги”нинг русча варианти — “Воспоминания епископа Султании о Тимурланге” ғирт бўҳтондан иборат. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун Х.Моранвиленинг юқорида келтирилган асарига ҳамда архиепископ Иоанн хотираларининг ўзбек тилида эълон қилинган нашрларига мурожаат этиш кифоя. Султония епископи Амир Темурнинг Европадаги элчиси бўлган. Қайси бир элчи ўз давлатининг раҳбари ҳақида бўҳтон гапларни айтиши ёки уларга чидаб туриши мумкин?!
Китобда тарихий ҳақиқатга зид бир қанча воқеалар, жумлалар келтирилган. Жумладан, Самарқандга Амир Темур ҳузурига Шомдан “машҳур сайёҳлар, таниқли олимлар” ташриф буюришади. Китобда ёзилишича, “Кейинроқ маълум бўлдики, меҳмонларнинг бири — Ҳалаб фуқароси, иккинчиси эса дамашқлик экан… ўша куни Самарқандда кўришганим икки сайёҳнинг авлодидан иккита олим чиқиб, иккиси ҳам мен ҳақимда китоб ёзиши хаёлимга ҳам келган эмас… Сайёҳлардан бири шомлик Камолиддин хонадонида улғайган Низомиддин Шомий мен ҳақимда “Зафарнома” китобини ёзди. Дамашқлик Арабшоҳ хонадонида дунёга келган фарзанд, ҳозирда Ибн Арабшоҳ номи билан машҳур олим эса мен ҳақимда китоб бошлаб, ҳали ёзиб тугатгани йўқ. Мен бу китобни кўрганим йўқ, аммо унинг ўзи бу китобни “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) деб номламоқчи эканини айтди” (64-бет).
Бу ерда ҳам ёлғон бор. Ибн Арабшоҳ “Ажойиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” асарини 1436-1437 йилларда битган (Ибн Арабшоҳ, “Амир Темур тарихи”, 1-жилд, 1992, 6-бет) ва унда Ибн Арабшоҳнинг Соҳибқирон билан учрашгани ҳақида бирор сўз йўқ.
“Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” китобининг ҳаққонийлиги биздан илгари ҳам юртимизнинг таниқли адиб ва олимлари томонидан шубҳа остига олинган эди. Асар “Менким, фотиҳ Темур” номи билан қисқартирилган ҳолда 1995 йилда “Шарқ юлдузи” журналининг 1–2-сонларида босилган. Унга тезлик билан ўз фикрини билдирган адиб Муҳаммад Али (1995 йил, 26 май), жумладан, шундай ёзади: “Ибн Арабшоҳнинг китоб ёзгани ҳақида гапириш ноўрин, чунки 1436 йилда ёзилган китоб ҳақида Амир Темурнинг маълумот бериши анахронизмдан бошқа нарса эмас. Хулоса шулки, ушбу асар Амир Темур томонидан эмас, балки аноним автор томонидан ёзилган, деган фикрга боради киши. Бунга асарнинг келиш йўли – туркийси топилмагач, инглизчадан французчага, ундан форсчага, ундан ўзбекчага таржима қилиниши — далолатдай туюлади” (Муҳаммад Али, “Амир Темур чамани”, 2006, 128-бет). Ҳаким Сатторийнинг фикрича ҳам бу китоб “…Соҳибқироннинг ҳақиқий ҳаётидан чала хабардор киши томонидан ёзилганга ўхшайди” (Ҳ.Сатторий, “Олтин силсила”, 2006, 37-бет).
Пиримқул Қодиров “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур”нинг 1971 йили Теҳронда нашр этилган форсча “Манам Темури Жаҳонкушо” матнини ўқиган. Адибнинг таъкидлашича: “…М.Брионнинг мазкур китобида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учрайди” (П.Қодиров, “Амир Темур сиймоси”, 2007, 11-бет).
Энг асосийси, Марсель Брион “Мен ким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” номли китобни ёзган ҳам, “тузган” (русча нашрда “составитель” дейилган) ҳам эмас. Китобнинг ношири Забиулла Мансури машҳур адиб Марсель Брион номидан усталик билан фойдаланган. Асарнинг русча матнига сўзбоши битган Абдул Жалил Абдул Рашид ва номаълум таржимон эса унга “… Марсель Брион билмаган айрим фактларни киритиб, тўлдирганлар”. Натижада М.Брионнинг 84х1081/32 форматдаги 85 саҳифали “Амир Темур портрети” очерки русча Теҳрон нашрида 511, унинг ўзбекча таржимасида эса 571 саҳифага айланган. Демак, ўзбекча таржимадаги 426 саҳифа Марсель Брион қаламига тегишли эмас! Форсча, русча таржималардаги мутаржимлар қўшган боблар М.Брион номидан кетган. Бу эса ўқувчиларни чалғитади, адиб ҳақида нотўғри фикрларга олиб боради.
Эндиликда бу китоб билан боғлиқ яна бир талай ажабланарли ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Яқинда “Ёшлар” телеканали томонидан эфирга узатиладиган “Ёшлик наволари” дастурида ёш хонанда Баҳриддин Зуҳриддиновнинг бир қўшиғи берилди. Савияси ҳаминқадар бу қўшиққа ишланган клипда қизнинг изидан қолмай юрган йигит, етиб олгач қизнинг қўлидаги китобни сўрайди. Қизнинг қўлидаги китоб эса, биз сўз юритаётган “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” китоби. Бу қандай реклама бўлди?
Ёки “Ёшлик” журналининг 2015 йил, 4-сонида ёш тадқиқотчи Т.Мўминов “Адолат салтанати” мақоласида шундай ёзади: “Франциялик темуршунослар ёзган асарлар ичида профессор Марсель Брион китоблари алоҳида ўрин тутади. Унинг асарларида Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шахси, ҳаётий фаолияти, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда тутган йўлига оид маълумотлар ўрин олган. Бундай муфассал маълумотлар бошқа насрий манбаларда кам учрайди. Воқеалар Амир Темур номидан ҳикоя қилиниб, оммабоп услубда ёзилган” (34-бет). М.Брионнинг қайси китоблари, асарлари назарда тутилаётир? “Муфассал маълумотлар…” дея урғулашнинг ўзи мунозарали. Умуман, мақолада М.Брион китобига илмий манбадек қаралган, ваҳоланки, бундай ёндашиш хатолиги китобнинг кириш қисмида айтилган.
Юқорида айтганимиздек М.Брионнинг бундай китобни тузмаганлигини Швейцариянинг Вод кантонида (Лозанна шаҳрида) жойлашган “Марсель Брион кутубхонаси” жамғармаси ҳам тасдиқлайди. Жамғарма эълон қилган “Марсель Брион асарлари рўйхати”да ҳам “Менким, Соҳибқирон — жаҳонгир Темур” номли китоб йўқ. Буни Жамғарма мутасаддилари билан боғланиб, аниқлаш қийин эмас. Жамғарма манзили: Fondation Bibliotheque Marcel Brion, c/o Collеge Champittet, chemin de Champittet, 1009 Pully, Suisse. Жамғарма телефон рақами: 021 721 05 53.
Юқоридагилардан шундай хулосага келиш мумкин:
- Марсель Брион асарининг номи ўзгартирилган.
- М.Брион ёзганлари таржимада беш баробардан кўпроқ бўлиб кетган (ўзбекчада 570 саҳифа), яъни унинг номидан 411 саҳифа қўшиб юборилган. Бу эса маълум мақсадни кўзлаб қилинган бўлиши мумкин.
- М.Брион асосий асарлари рўйхатида “Тамерлан” асарининг кўрсатилмагани ҳам унинг М.Брион илмий, адабий меросидаги ўрнидан далолат.
- Русча нашрда Султония архиепископининг хотираларига аслиятда йўқ воқеалар қўшилган. Демак, французча нашрдаги хотиралар билан русча нашрдагиси мос эмас.
Сўзимиз сўнгида шуни алоҳида таъкидламоқчимизки, атоқли темуршунос олим ва адиблар, шунингдек, Ғарб адабиёти мутахассислари томонидан тан олинмаган, энг асосийси, миллий тарихимиз ва улуғ аждодимиз фаолияти бузиб тасвирланган бу каби сохта асарларнинг янгидан таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилишини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Баҳодир Эрматов, Ўзбекистон Миллий университети доценти,
Адҳамбек Алимбеков, Тошкент давлат шарқшунослик институти доценти
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 43-сон