Кўҳна Туркистон тупроғи аср бошпарига келиб, не-не зулмларни кўрмади, не-не балоларни бошидан кечирмади. Ҳақ-ҳуқуқи поймол этилган, қуллик занжири остида қолган бобокалонлар ҳар сафар миллий озодлик, фарзандлар истиқболи учун курашиб келди. Яқин пайтларгача улар кураши «миллатчи», «туркпараст», «исломпараст», «ватан хоини» деган ёрлиқлар ниқоби остида талқин этилди. Ўтган 73 йил мобайнида эса халқ номидан не-не адолатсизликлар, ғайриинсоний ишлар қилиб келинганлигининг бугун гувоҳимиз. Бизда қайта қуриш, демократия ва ошкораликнинг йўқ даражадалигини шундан ҳам билиш мумкинки, мустақиллик Декларацияси эълон қилинган ҳозирги шароитда ҳам 1917 йилдаёқ мустақил ҳукумат тузган, шу йўлда жон фидо этган боболар фаолиятига сиёсий баҳо берилмади. Бунинг сабаблари кўп, шулардан бири — ўз ўтмишиии билмаслик; бу билимсизлик эса нафақат сиёсий арбобларга, оддий журналхонга ҳам шараф келтирмайди. Қуйидаги мақолани эълон қилиш ила, Туркистон мухторияти тарихининг кўп йиллар халқдан (нафақат халқдан!) яшириб келинган саҳифалари билан таништиришни давом эттирамиз. (Ўтган сонларга қаранг: «ФТ». 7-сон — «Туркистон мухторияти маромнома ва низомномаси»; 8-сон — «Мухториятнинг тугатилиши»).
Туркистон ўлкасига мухторият мақоми бериш ғояси Октябрь инқилобига қадар туғилганди. Бу ғоя тарафдорлари сафида халқчил кайфиятдаги зиёлилар, меҳнаткаш деққонлар бор эди.
1917 йилнинг сентябрида Тошкентда бўлиб ўтган «Уламо» қурултойида мухторият ғояси биринчи марта расмий равишда тилга олинди. Унда 500 дан кўпроқ киши қатнашди. Маълумотларга кўра, «нафақат Туркистон вилоятларидан, шунингдек Ўрол ва Тўрғай вилоятларидан ҳам делегатлар иштирок этди». «Улуғ Туркистон» рўзномасида келтирилишича, делегатларнинг «кўпчилигини муҳтарам муллалар, мударрислар ва мансабдорлар, яъниким кўпчилик аҳоли қўллаб-қувватлаган, халқ фойдасига ишлаётган кишилар ташкил этади».
4 кун давом этган қурултой ишида социал-иқтисодий ва сиёсий мазмундаги бир қатор масалалар кўрилди. Улар бўйича қабул қилинган қарорлардан 1917 йилги февраль инқилоби шабадалари туркистонликларнинг маърифатли қатламларини ижтимоий-сиёсий фаолликка илҳомлантиргани яққол кўринади. Жумладан, «ҳозирдаёқ Таъсис мажлисига номзодлар кўрсатишига қарор қилинди. Чунки «у ерда Русиядаги жамики мусулмонларнинг тақдирлари ҳал бўлади».
Қурултойдаги энг муҳим воқеа шу бўлдики, «Жаноби Муҳаммад хожа Эшон ва мулла Содиқ хожа Эшоннинг бошқарувнинг тузилиши ҳақидаги маърузаларини эшитиб, қурултой аҳли Туркистон мухториятини таъсис этишга бир овоздан (таъкид бизники. — М.Ҳ.) қарор қилди.»
Қабул қилинган ҳужжатлар ўлканинг истиқболдаги ижтимоий-сиёсий тузилиши режаларини ўзида тўлиқ акс эттиради. Жумладан Туркистон федерациясининг олий органи — мажлиси мабъусон (парламент)га «Туркистон ўлкасида яшовчи барча халқлар мутаносиб вакиллик мажбурияти асосида 5 йил муддатга умумий, баробар, ёширун ва бевосита сайлов усули ила сайланадур». Шунингдек, «Туркистон мажлиси мабъусонининг қонунлари Русия жумҳуриятининг асосий қонунлари ва шариат талаблари билан келишилган бўлмоғи лозим». «Умумдавлат масалаларини ҳал этиш учун Туркистон мажлиси мабъусони Русия жумҳурияти олий ҳукуматида ҳам ўз вакилларига эга бўлади». Туркистон федерацияси, шунингдек, пул зарб этиш ҳуқуқи, ўз милицияси ва ҳарбий қўшинларига эга бўлади. «Тинч пайтда федерациянинг хорижий давлатлар билан чегараларини қўриқлаш учун» ўз қўшинларига эга бўлиш зарур. Уруш пайтда ташқи чегараларни қўриқлаш Русия жумҳурияти ҳукумати томонидан амалга оширилади ва бу ҳолда Туркистон федерацияси қўшинлари қўмонда муносабатларида бутунлай Русия жумҳурияти ҳукумати ихтиёрига ўтади».
Мулкчилик, ер ва сув масалаларида, бугунги кун нигоҳи билан қаралса, эътиборга лойиқ қарорлар қабул қилинди. Қурултой ер қўмиталари тузилишига салбий муносабат билдирди, «Туркистон ер ва сувлари умумхалқ мажлиси бошқарилувида, яъни Туркистон халқларининг ўз ихтиёрида бўлиши лозим», дейилди.
Агар Туркистон мухториятининг маромномасига (яқинда журналда берилган) диққат билан разм солсангиз, юқоридаги қарорлардан ташқари, бу муҳим ҳужжатда ҳам бугунги кун учун катта аҳамиятга эга бўлган фикрлар борлигини кўрасиз:
— «Мухториятли ўлкалар дохилий масалалар (идорий, молиявий, шаръий, маданий, адлий ва маориф ишлар(и)да мустақилдур».
— «Ҳуррияти виждон (виждон эркинлиги) том маъноси-ла ижро қилинуб, аҳолидан ҳеч ким дини, мазҳаби ва эътиқоди учун таъқиб ва тазйиқ қилинмас».
_ «Ҳар ким ўз фикрини, хаёлини сўйламакда, матбуот ва бошқа воситалар ила нашр ва эълон қилмоққа ихтиёрлидур».
— «Жамъият ёки бир иттифоқ ясамоқ учун ҳеч кимдан рухсат сўрамоққа эҳтиёж йўқдур».
— «Поспорт усули битирилуб, хоҳ мамлакат дохилинда, хоҳ хорижинда ўлсун, ҳар ким хоҳлаган ериға ҳеч кимдан сўрамасдан кетмоқға ҳақлидир».
— «Фирқа барча солиғларни битируб ва барҳам беруб, фақат ер, сув ва тижорат даромадлари ва бошқа шаръий йўллардан солиғ пули олмак тарафдоридур».
— «Дорилфунун ва бошқа олий мактаблар жумласи дохилий (ички) ишларда ихтиёрий ва тадрисотда (дарс ўтишда) озод (мустақил) бўлурлар».
Маромномада келтирилган бу каби чинакам ҳалқчил руҳдаги фикрлар, ҳақиқий мустақил давлат барпо этиш ғоялари ҳали кўпчиликда фикр уйғотади, деган умиддаман. Шу боис кўп тўхталиб ўтмадик, энди яна воқеаларга қайтсак.
Миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И. В. Сталин ва Совнарком Раиси В. И. Ленин имзо чеккан икки ҳужжат эълон қилинди: «Россия халқлари ҳуқуқлари Декларацияси» (1917 йил 15 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига» мурожаатномаси (3 декабрь). Биринчисида жумладан шундай сатрлар бор: «Халқ Комиссарлари Совети Россия миллатлари ҳақидаги масала бўйича ўз фаолиятига қуйидагиларни асос қилиб олишга қарор қилди… 2. Россия халқларининг ажралиб чиқиш ва мустақил давлат ташкил этишгача бўлган ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи. 3. Барча миллий ва миллий-диний имтиёзлар ва чекланишларни ман этиш.» Иккинчисида, мурожаатномада шундай сўзлар ёзилганди: «Ўз миллий ҳаётингизни эркин ва ҳеч қандай тўсиқсиз барпо этинг. Сиз бунга ҳақлисиз. Билингки, сизнинг ҳуқуқларингиз Россиядаги барча халқларнинг ҳуқуқлари каби инқилоб ва унинг органлари, ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари Советларининг бутун куч-қудрати билан қўриқланади».
Бугунги кунда айтилавериб, ёзилавериб сийқаси чиқиб кетган, бошқа томондан, шунча йиллардан буён амалга ошмаган ва ошиши ҳам амри маҳолга ўхшаб кўринадиган бу сўзларни яна такрорлашга не ҳожат? Бунга алоҳида эътиборни тортишни-чи?
Ҳожати бор. Икки сабабга кўра. Биринчидан, Туркистон ўлкаси Советларининг 3-съезди томонидан сайланган (1917 йил 15—22 декабрь) ҳукумат В. И. Ленинга ва Петроград Совнаркомига юборган махсус телеграммасида «Сизнинг барча декретларингизни ҳаётга татбиқ этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани» ва шу муносабат билан «бизнинг тўлиқ қўллаб-қувватлашимизга таянишини сўрашини алоҳида таъкидлайди. Иккинчидан, бу ваъдалар амалда бажарилмади. Мазкур съезд сайлаган ҳукуматнинг чақириғида марказнинг юқорида айтилган икки ҳужжати ҳақида лом-мим дейилмаган. Бу пайтда Туркистон мустақиллиги ифодаси бўлган мухторият ғояси оддий тушунчадан конкрет ишга айланган эди.
1917 йилнинг 12 ноябрида Тошкентда «Шўрои Уламо» раҳбари Шерали Лапин бошчилигида турли мусулмон гуруҳларининг бирлашган маслаҳат йиғини (съезд) бўлиб ўтди. Кун тартибидаги масалалардан бири «Туркистонда ҳукумат тузиш ҳақида»ги масала эди. Уни кун тартибига киришининг сабаби бор. Бундан уч-тўрт кун аввал омма ўртасида катта таъсир кучига эга бўлган бу ташкилотнинг кўзга кўринган фаолларидан бири Шоаҳмедов Петрограддан қайтиб, мусулмонлар ўз мустақил давлатини тузиши мумкин, деган хабар келтирган. Қабул қилинган резолюцияда шундай дейилади: «Ҳокимиятнинг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари Совети қўлига ўтиши муносабати билан Туркистон ўлка мусулмонлари съезди Бутун Туркистоннинг 98 фоизини ташкил этувчи 10 миллион жон мусулмонлар Русия инқилоби ваъда этган озодлик, тенглик ва биродарлик асосида миллий-маданий ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга деб топади». Бу кунларда ўз ҳукуматини туза бошлаган Туркистон ўлкаси Советларининг 3-съездига муносабат эса қуйидагича бўлди: «Ҳокимиятнинг маҳаллий аҳоли манфаатларидан узоқ ва тасодифий бўлган кишилар — фақат ҳарбий, ишчи-деҳқонлар қўлида тўпланиши демократик принципларга тўғри келмайди ва маҳаллий аҳолини халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи асосида турмуш кечиришга кафолат бера олмайди». Шунингдек, қуйидаги мулоҳазалар ҳам айтилди: «Мусулмонларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш йўллари ва уларнинг умумбашар тараққиёгига эришуви Қуръон ва шариатда кўрсатилганидан бошқача бўлиши мумкин эмас, шундай экан мусулмонлар инқилоб туфайли эришган ҳуқуқларни рўёбга чиқариш йўлида Русияда мавжуд сиёсий партияларнинг бирортасига қўшила олмайди ва уларнинг сиёсий курашида қатнашолмайди».
«Шўрои Уламо» раҳбари Шерали Лапинга Туркистон ўлкаси Советларининг 3-съездида нутқ сўзлаш имкони берилди. У ўз сўзида «Мусулмонлар рус инқилобининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳақидаги ваъдасига ишонади, лекин улар буни Таъсис мажлисидан кутади», деди. У, шунингдек, «агар ўлкада фақат бир инқилобий демократия ҳукм сурар экан, мусулмонлар бу ҳол билан келишмайди», дея алоҳида таъкидлади. Советлар съездига яна шу нарса айтилдики, «мусулмонлар бутун ҳокимиятни талаб қилиши мумкин эди, бироқ келгинди унсурларга ён бериб, уларнинг вакилларини ҳукуматга киритади». Нотиқ огоҳлантирди: «Ҳукуматни бошқача ташкил этишда мусулмонлар қатнашмайди». Чунки «мусулмонлар йўли мустақил — у Қуръон ва шариат қоидалари томонидан курсатилган, шу боис улар бирор бир рус сиёсий партияларига қўшилолмайди, бироқ мамлакатни Таъсис мажлисига олиб борадиган барча халқ ташкилотларига суянувчи ҳукуматни қўллаб қувватлайди».
Лапин нутқини муҳокама этиш чоғида меньшевиклар ўлка Совети таркибига мусулмонлар съезди делегат қилиб йўллаган вакилларни киритишни таклиф этишди. Бироқ бу таклиф меньшевикларнинг сиёсий рақиблари томонидан бўлиб ўтаётган съезд таркибида ўз мавқеини кучайтириш сифатида баҳоланди ва йўққа чиқарилди. Ундан ташқари съезд резолюциясида очиқдан-очиқ бундай дейилди: «Ҳозирги пайтда мусулмонларни ўлка олий инқилобий ҳукумати органига киритиш маҳаллий аҳолининг аскар, ишчи ва деҳқон депутатлари Советига муносабатининг буткул ноаниқлиги, маҳаллий аҳоли орасида пролетар синфий ташкилотларининг йўқлиги туфайли номатлубдир».
1917 йилнинг 26 ноябрида Қўқонда, собиқ хонлик пойтахтида, 50 минг кишилик аҳолиси, 382 масжиди, 40 мадрасаси, 6 минг нафар диний хизматчиси ва 11 банки бўлган бу шаҳарда машҳур 4-ўлка мусулмонлари Фавқулодда съезди иш бошлади. Ўлка почта-телеграф маҳкамаси хизматчиларининг чўзилиб кетган иш ташлаши туфайли съездга таклифномалар жойларга кеч етиб борди ва мўлжалланган муддатдан бир кунга кечиктирилди. 25 ноябрь кеч соат 7 да «Шўрои Исломия» ташкилотининг Қўқондаги қароргоҳида съездолди йиғилиши бўлиб ўтди. Кун тартибидаги масалалар орасида ўлканинг бошқарув шакли, Туркистоннинг «Казак қўшинлари, тоғли Кавказ ва эркин саҳрои халқлар жануби-шарқий Иттифоқи»га кириши масаласи, Туркистон мусулмонлари Советини қайта сайлаш, жойлардан келган вакиллар маърузаларини тинглаш, Туркистон Таъсис мажлисини ўтказиш, милиция тузиш, молиявий ишлар ва бошқалар бор эди. Эрталаб соат 12 да съезд ташкилий бюроси ва ўлка мусулмонлар советининг аъзоси, Петербург дорилфунуни ҳуқуқшунослик шўъбасининг битирувчиси Мустафо Чўқаев съездни очиқ деб эълон қилди. Мандат комиссияси аъзоси Норбўтабеков съездга қатнашувчилар сони билан тиништирди: Фарғонадан — 151, Сирдарё вилоятидан — 22, Самарқанд вилоятидан — 21, Каспий ортидан — 7, Бухородан — 4 киши. Охир-оқибатда улар сони 203 нафарга етди. Делегатлардан ташқари «Шўрои Ислом», «Шўрои Уламо», мусулмон аскарлари кенгаши, ўлка яҳудийлари ташкилоти ва бухоро яҳудийлари вакиллари иштирок этди.
Мана, орада неча ўн йиллар ўтяпти, ҳатто XX аср тугаб ҳам боряптики, менинг кўплаб тарихчи ҳамкасбларим ушбу съездга «миллатчилар йиғини» ёрлиғини ёпиштириб келишади. Аслида эса қандай? Менинг назаримда тўлиқ маънода бундай дейиш виждонсизлик, иккиюзламачилик, мунофиқликдан бошқа нарса эмас. Ахир, демократик кайфиятдаги бир қатор миллий зиёлилар вакиллари съездда шундай фикрларни баён этдики, уларни тор дунёқарашли миллатчи сира айтолмаган бўлур эди. Жумладан улуғ ўзбек маърифатпарвари Маҳмудхўжа Беҳбудий съезд ҳайъатига номусулмон гуруҳлари вакилларидан ҳам киритилишини таклиф этди. Съезд ишида сиёсий фикрлар плюрализми яққол кўринди. Қўқонлик Маҳмудов шундай деди: «Ҳайъатга сайлов вилоятлар ва алоҳида диний ҳамда миллий гуруҳлар бўйича эмас, балки билимдон, зукко ва ишбилармонлигига кўра ўтказилиши керак». Музокаралардан сўнг 13 киши сайланди: М. Чўқаев, У. Хўжаев, Ю. Оғаев, Акаев, Гернфельд, А. Маҳмудов, Шоаҳмедов, Кишчинбоев, Камол қози, Абдул Бадин, Ўразаев, Тиллаев, Каримбоев. Съезд 3 кун давом этди. Унда вақтли ҳукумат тузилиб, инженер М. Танишбоев бу ҳукуматга бош бўлди.
Съездда Туркистоннинг истиқболдаги сиёсий тузуми тузилиши тўлиқ ишлаб чиқилди. Жумладан 27 ноябрь куни ярим кечада — соат 24 да қабул қилинган резолюцияда шундай дейилади: «Съезд Туркистонда яшовчи миллатларнинг иродасини ифодалаб, Улуғ Русия инқилоби ваъда этган ўз тақдирини ўзи ҳал этиш негизида, Федератив демократик Русия жумҳурияти асоси узра, Туркистонни территория жиҳатдан мухторият шаклида белгилашни топширди». Шунингдек, «Туркистонда яшовчи миллий озчилик ҳуқуқлари ҳар томондан муҳофаза этилади».
28 ноябрда бўлажак давлат тузилмасининг номи «Туркистон Мухторияти» деб белгиланди. Туркистон Таъсис мажлиси чақирилгунча бутун ҳокимият Туркистон Вақтли Кенгаши ва Туркистон халқ бошқаруви (Кенгаши) қўлида бўлиши съезд томонидан маъқулланди. Вақтли Кенгаш аъзолари сони (32 киши) илгари Туркистондан Бутунрусия Таъсис мажлисига юборилган делегатлар сонига қараб белгиланди.
54 кишилик халқ бошқаруви Кенгаши таркибига шаҳар бошқарувлари съездидан 4 вакил киритилди. 54 ўриндан 18, яъни учдан бир ўрин ўлкадаги турли европали миллатлар ташкилотлари вакилларига ажратилди. Улар, гарчи, барча аҳолининг 7 фоизини ташкил этса ҳам. Мухториятчиларнинг қанчалик демократик кайфиятдаги кишилар бўлганини улар таклиф этган сайлов системасидан ҳам кўриш мумкин. У Туркистондаги ҳар бир йирик этник гуруҳнинг олий ҳукумат органида мутаносиблик принципи бўйича қатъий ўрин олиши асосида тузилди. Хусусан, «Туркистон Таъсис мажлисига Сайловлар» низомига мувофиқ, мусулмон ва номусулмон, яъни икки курия бўлиши кўзда тутилди. Мусулмонларга — учдан икки қисм, номусулмонларга учдан бир қисм ўрин ажратилди. Умуман эса 234 киши сайланиши мўлжалланди.
Жануби-шарқий иттифоққа кириш масаласи мураккаб масала эди. Съездда иштирок этаётган демократик кайфиятдаги зиёлилар казакларни собиқ чор ҳокимияти, подшоҳ режими рамзи сифатида яхши билишар, айниқса қозоқ ва қирғиз қабилалари вакиллари илгари казаклар амалга оширган ваҳшиёна қирғинларни унутмаган эди. Бироқ узоқ давом этган баҳслардан сўнг бу иттифоққа киришга қарор қилинди. Бу ўринда стратегик манфаатлар умумийлигидан ташқари, иттифоқ вакилларининг «очарчилик пайтида ўлкага буғдой етказиб бериш, уни пахта, жун ва мануфактура ёки тайёр маҳсулот нархида айирбошлаш учун шартлашиш»ни таклиф этгани муҳим роль ўйнади. Бу, аҳолиси очарчиликка яқинлашган Туркистон учун зарур эди.
Съезд қабул қилган бу қарорнинг сиёсий аҳамияти регион сарҳадларидан ташқарига чиқди. Бу ҳол инглизларнинг ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий ёрдамига таянган Жануби-шарқий иттифоқ ва генерал А. М. Каледин мўлжаллаган ғайрисовет занжирининг яна бир ҳалқаси вужудга келди, деган сўз эди. Шу ойларда Совет ҳокимиятининг рақиблари ўз манфаатлари йўлида устомонлик билан иш тутиб, региондаги муайян қатламларнинг ўз миллий давлатини яратиши йўлида мураккабликлар келтириб чиқарди.
«Улуғ Туркистон» рўзномаси 1917 йилнинг ноябрь ойидаёқ турли сиёсий партияларнинг мухториятчилар тарафдорларини сиёсий курашга жалб этишга уринаётганига эътиборни қаратиб, илгари мухторият ғоясига кескин қарши бўлган «Курьер» ва «Туркестанское слово» рўзномалари ўз муносабатини тўсатдан ўзгартиргани, «ўз манфаатларини амалга ошириш учун мусулмонларни совет ҳокимияти билан курашга жалб этаётганипни алоҳида қайд этган эди.
1917 йил 13 декабрда Тошкентда бўлиб ўтган воқеалар ҳам бу кузатишнинг тўғрилигини исботлайди. Туркистон Мухториятининг вақтли ҳукумати шу кунни мусулмонларнинг Мавлуди шариф байрамини «мустақиллик ва ҳурриятни мустаҳкамлаш мақсадида миллий жамғарма учун умумхалқ хайр-эҳсони куни» деб белгилаш ҳақида қарор қилди. Ҳукумат раҳбарлари қўл қўйган мурожаатнома «Туркистоннинг барча фуқаролари — мусулмон, рус, яҳудий, ишчи, аскар, деҳқонлар»га қаратилган чақириқ эди. «Ўлкада яшовчи барча қабила ва халқлар, шаҳар ва земство кенгашлари, сиёсий, жамоат, касаба ташкилотлари ва уюшмалар, барча давлат, жамоат ва хусусий муассасаларни Туркистон халқ ҳокимияти атрофига жипслашишга ва унга юкланган оғир вазифаларни ҳаётга татбиқ қилмоқ учун ёрдам беришга чақиради… Шундай вақт келдики, энди кишанлардан қутулган Туркистон ўз ерининг эгаси бўлади ва ўз тарихини ўзи яратади. Олдимизда турган вазифаларнинг жиддийлиги ва улуғворлигини англаб, ишимизнинг ҳақлигига чуқур ишонган ҳолда, биз бу меҳнатларимизга Оллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаймиз ва ишга киришамиз».
Охир-оқибатда Эски шаҳарда митинг ва намойиш ўтказишга қарор қилинди. Янги шаҳарда ўтказиш эса ман этилди. Бу билан, ўша пайтда чиқадиган «Наша газета»нинг ёзишича, шаҳар Кенгаши «кенг мусулмонлар оммасининг фитначи аксилинқилобий рус буржуазияси қўлида кўр-кўрона қуролга айланишига йўл қўймасликни кўзда тутди». Шу мақсадда 13 декабрь тонгги соат 5 да Тошкент Ўрдасидаги ҳарбий қисмлар Эски шаҳарга ўтадиган ҳамма асосий йўлларни тўсди.
Эрталабки Тошкент байрам тусини олди. Бу кун ислом оламидаги йирик байрамлардан Муҳаммад алайҳиссалом мавлуди куни эди. Турли кўча ва торкўчалардан йиғилиб келган мусулмонлар Шайхантоҳур масжиди томон йўналди. Соат 12 да бу ерда кўп минг кишилик халойиқ йиғилди, ҳукмрон коалициядаги партиялар йўлбошчилари ва Совнарком аъзолари ҳам намойишга келиб қўшилди. Шунингдек, байроғига «Туркистон ўлкасига мухторият берилсин!» деган шиор ёзилган йирик гуруҳ — шаҳарнинг рус аҳолиси жамоатчилиги делегацияси эрта тонгдан Эски шаҳар томон юрди. Улар ҳарбийлар томонидан ўтказиб юборилди. 9 дақиқада Ўрда кўприги томон 2—3 минг кишилик гуруҳ яқинлашди, ҳарбийлар қон тўкилишини истамай уларни ҳам ўтказди. Йиғилганлар орасидан кимлардир собиқ Вақтли ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси ҳарбий комиссари Дорерни қамоқдан озод қилишга чақирди. Намойишдан ажралиб чиққан катта гуруҳ Ўрдадан ўтиб шаҳарнинг рус аҳолиси яшайдиган қисмида жойлашган қамоқхонадан Дорер ва полковник Бек-Ивановни озод қилди. Кауфман хиёбони (ҳозирги Амир Темур хиёбони)га томон машинада оломон ўровида қайтишаётганда аскарлар аввал милтиқ, кейин пулемётдан ўқ узади, эскишаҳарлик 16 киши ҳалок бўлади. Дорер ва Бек-Иванов судсиз отиб ташланади.
Бўлиб ўтган фожеа ҳақида дарҳол Петроградга хабар берилади. Хабарда жумладан шундай дейилади: «Қўқонда реакцион буржуазия синфи томонидан тайёрланган съездда принципда Туркистон ўлкаси мухторияти ўрнатилган эди» ва «Туркистон пролетар оммаси томонидан тан олинмаган мухторият ҳукумати ўлкадаги айрим шаҳарларда мухторият ўрнатишга бутун кучи билан тайёрланмоқда. Мазкур декабрнинг 13-да Муҳаммад мавлуди куни Тошкентда мухторият ўрнатилди». Ўша пайтда Ўлка Совнаркоми раиси бўлиб ишлаган Ф. Колесов марказдан йўл-йўриқ беришларини сўради.
Марказнинг муносабати 27 декабрда И. В. Сталиннинг Марказий Рада билан ўзаро муносабатлар ҳақидаги маърузасида, бундай йўл-йўриқ сўраган регионлар, жумладан, Туркистонга нисбатан шундай бўлди: «Халқ Комиссарлари Кенгаши жавобан айтади: сиз жойларда ўзингиз ҳукуматсиз, йўл-йўриқларни ўзингиз ишлаб чиқишингиз керак».
26 декабрда I Фавқулодда мусулмон ишчи ва аскар депутатлари съезди чақирилади. Унда кўрилган масалалар орасида В. И. Ленин билан мухторият масаласида учрашиш учун вакиллар юбориш ҳам бор эди. Бироқ съезд телеграмма юборишга қарор қилди: «Туркистон I Фавқулодда мусулмон ишчи ва аскар депутатлари съездида қабул қилинган резолюцияни йўллаб, Сиздан Россия демократик жумҳурияти олий ҳокимияти сифатида Туркистон халқ Комиссарлари Кенгашига ўлка ҳокимиятини Туркистон Вақтли мухторият ҳукуматига топшириш учун фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу, Туркистонни улкан ҳалокатга келтириши мумкин бўлган бебошлик, иккиҳокимиятчиликнинг олдини олиш учун зарур». Сайланганларнинг мўътабар вакиллиги мухторият фойдасига эди, албатта. Улар ортида ўлканинг минглаб эмас, миллионлаб аҳолиси турарди.
Ўлка ҳукумати раҳбарияти эса Қўқондаги воқеаларни диққат билан кузатибгина қолмай, уларга таъсир этишга ҳаракат қилди. Масалан, бу съездда сўз олган большевик П. Полторацкий Туркистон ўлка кенгашлари съезди бўлиши, унда Туркистон мухторияти масаласи кўриб чиқилиши ҳақида хабар бериб, яна шундай деди: «Биз камбағаллар мухториятига қарши эмасмиз, бироқ биз бойлар мухториятига қаршимиз. Биз мухторият учун курашдик ва ҳокимиятни ўз-ўзимиз учун эмас, ишчи синфи ва камбағаллар манфаати учун буржуазия қўлидан олдик. Биз ҳокимиятни рус буржуазияси қўлидан уни мусулмон буржуазияси қўлига топшириш учун олганимиз йўқ. Ҳокимиятни биз Ишчи ва аскар депутатлари кенгаши учун олдик. Биз мусулмонларни ўз томонимизга жалб этиш учун ишладик ва ишлаяпмиз».
П. Полторацкий сўзидан сўнг съезд махсус қарор қабул қилди. Унда: «1) Туркистон ўлкаси халқ комиссарлари кенгаши барча аҳоли, айниқса мусулмонлар хоҳиш-истакларининг ифодачиси эмаслигини; 2) Туркистон ўлкаси халқлари иродаси икки съездда мухторият эълон қилинганида ифодалангани; 3) Туркистонда ягона ҳукумат органи умумий мусулмонлар съездида ва уни тўлдирган мусулмон ишчи, деҳқон ва аскарлар съездида ташкил бўлган Туркистон мухторияти ҳукуматигина эканлиги эътиборга олингани» қайд этилди. Мазкур съезд «Туркистон халқ комиссарлари кенгашига ҳокимиятни дарҳол Туркистон мухторияти ҳукумати ва Халқ кенгашига топширсин деб истак билдирди, чунки ушбу съезд мухтор Туркистондаги барча демократик қатламлардан ташкил толиб, бутун пролетариат ўй-фикрларининг ифодачисидир».
Съезд томонидан мухтор ҳукуматни қўллаб-қувватлаш ва В. И. Ленин номига телеграмма юбориш ҳақида қарор қабул қилингач, П. Полторацкий ва унга тарафдор бўлган депутатлар мажлислар залини тарк этди.
Туркистон мухториятининг давлат сифатида ташкил этилишига тарафдор бўлганларни Мусулмонлар бутунроссия кенгашининг «Миллий Шўро» ижроқўми қўллаб-қувватлади. У 1917 йил май ойида Мусулмонлар I бутунроссия съездида ташкил этилиб, раҳбари А. Цаликов ўз фаолиятида қуйидаги қарашларни тарғиб этди: «Деярли барча мусулмонлар ўртаҳолдир ва орамизда йирик бойлар йўқ. Мусулмонлар ўртасидаги синфий тафовутлар унча кўп эмас», «бизнинг устунлигимиз шунда», чунки «синфий тафовутлар сиёсий ҳаётни жуда кескинлаштириб юборади… Бу ҳол миллатнинг куч-қудратини бўлиб ташлайди», шу боис «Бизнинг шиор — мусулмонлар, бирлашингиз».
Бу пайтда Тошкентда, воқеаларни бутунлай назорат қилиб бўлмай қолганлигини, чамаси, тушуниб етиб, Туркистон мухторияти ҳукумати ва уни қўллаб-қувватлаётган шахслар жамғарма ҳисобидаги барча пулларни мусодара қилиш иши яқинда «мағлуб» бўлиб қайтган П. Полторацкийга топширишга қарор қилинди. Бу тадбир жуда кучли реакция уйғотди. Мухторият вазирлари кабинети ва уни қўллаб-кувватловчи сармоядор доиралар ўртасида келишмовчиликлар чиқиб, бош вазир Танишбоевни лавозимидан четлатиш билан тугади. Унинг ўрнига тайинланган Мустафо Чўқаев «мусулмонлар манфаатини муҳофаза қилиш ишида» қатъий чора-тадбирлар дастурини амалга оширишга ваъда беради.
Ҳукумат илгари ўз оммавий ахборот воситаларини яратиб, ўзбек тилида «Эл байроғи» номли, рус ва қозоқчада ҳам рўзнома нашр этганди. Кейин у молия ишларини яхшилаш учун 30 миллион сўмлик заём чиқаради. Ҳукумат ўз миллий армиясини яратишга киришади. Тарихчи П. Алексенков 1931 йилда чиққан «Кокандская автономия» китобида ёзишича, унинг сони атиги 60 кишидан иборат бўлган, аскарларга бир неча антисовет кайфиятидаги рус зобитларидан иборат гуруҳ таълим берган. Ҳукумат томонидан халқ милицияси бошлиғи лавозимига чор империяси даврида қамалиб чиққан Эргаш тасдиқланиб, унинг тахминан 4 минг йигити бор эди, бироқ улар яхши қуролланмаганди.
1918 йил январининг бошларида Қўқондан Тошкентга телеграмма йўлланди. Унда Тошкентда мусулмонлар съезди ўтказилиши муносабати билан Туркистон халқ комиссарлари кенгаши съездини 25 январгача қолдириш, бу съездга қўшилишга имкон бериш сўралганди. И. Тоболин бу таклифни рад этди. Нима учун, деган савол туғилади. Назаримда, Тошкентда бу пайтга келиб Қўқондаги воқеаларга салбий муносабат шаклланиб бўлганди. Бунда «Жануби-шарқий иттифоқ» билан шартномали муносабатлар масаласи бўйича юқорида эслатиб ўтилган қарор машъум роль ўйнагаи.
Зиддиятлар кучайишига ўлка ҳукуматининг ноқулай аҳволда қолгани — Москванинг мухторият масаласи бўйича тутган нуқтаи назари аниқлашгани сабаб бўлди. Бу, Германия билан урушни тугатиш бўйича олиб борилган музокаралар чоғида рўй берди. Музокаралар «Тинчлик ҳақида»ги декретдан келиб чиқадиган принципларга кўра олиб борилиб, 6 модда асос қилиб олинди. Шулардан бирида айтилишича, «урушгача сиёсий мустақилликдан фойдаланмаган миллий гуруҳлар у ёки бу давлатга мансублиги ёки референдум йўли билан мустақил давлат бўлиши масаласини эркин ҳал этиш имкониятига кафолат берилади». Сўнгги моддада алоҳида кўрсатилдики, мустамлакачилик масалалари ушбу шартлар асосида ҳал этилади. Моддаларнинг бирида мазкур сарҳадлардан қўшинларни олиб чиқиб кетиш шарти кўзда тутилди.
Туркистон мухторияти ҳукумати Ўлка кенгашининг бўлғуси IV съездида қатнашиб, марказнинг бу ва бошқа ҳужжатлари асосида дарҳол иш юритишни талаб қилиши мумкинлиги кундек аён эди. 1918 йил январида ўтказилган бу съездда И. Тоболин мухториятни дарҳол ҳаётга татбиқ этиш аввало қўшинларни олиб чиқиш шарти сабабли мумкин эмас, деди. Мухтор ёки ҳатто мустақил мамлакатни барпо этиш учун зарур ишларни бажаришга ваъда берди. Хуллас, нима қилишса қилишдики, муторият масаласини ҳал этишни номаълум муддатга чўзишди. Большевикпарнинг ўзи туркистонликларга адолатсиз муносабатда бўлишаётганини тан олишган. Масалан, давлат арбоби Д. Манжара: «Кўпгина русларнинг, ҳатто раҳбар ўртоқларнинг калласидан улуғ давлат шовинизми руҳи мустаҳкам ўрин олган», деган.
Мухторият ҳукумати съезд номига телеграмма йўллаб, 20 мартда Таъсис мажлиси ўтказиш мўлжалланаётгани, депутатликка учдан бир ўрин номусулмон (европалик) вакилларга ажратилгани, камчиликни ташкил этган миллатлар ҳуқуқи таъминланиши, ўлкада демократик принципларни ҳаётга татбиқ этишга киришилажагини уқтирди.
Ўрни келганда эътиборга лойиқ бир воқеа хусусида тўхталиб ўтишга тўғри келади. Социал-революционерлар партияси МК аъзоси, Бутуниттифоқ таъсис мажлисига Фарғонадан депутат этиб сайланган В. Чайкин Туркистон мусулмон деққон ва ишчилари съезди топшириғига кўра, телеграф орқали марказдаги ҳукумат аъзоларидан бирининг воситачилигида Сталиндан миллий озчилик манфаатлари вакили сифатида Туркистонда ҳокимиятни маҳаллий ишчи ва деққонлар қўлига ўтишини ғоявий зарур деб ҳисоблайдими, деб сўрайди. Сталин жавоб беради: «Советлар ўз ички ишларида мухтордир ва улар тегишли реал кучларга таяниб ҳаракат қилади. Шу боис Туркистондаги маҳаллий пролетарлар марказий совет ҳокимиятига Туркистон Совнаркоми ҳарбий қисмларидан бегона кучларга таянганларни тарқатиб юбориш ҳақида арз этиб мурожаат қилиши лозим эмас, балки агар маҳаллий пролетар ва деққонларда куч топилса, уни шу куч билан тарқатилсин».
Айни пайтда Қўқонда, мухториятчилар ва аҳолини қирғин қилишда иштирок этганларнинг хотирлашича, «ғалати» воқеалар юз бера бошлади. Шаҳарда амалдаги ҳокимият қўлида бўлган Қўқон ишчи ва аскар депутатлари советининг пленуми бўлиб, унда мухториятчилардан дарҳол қуролсизланиш ва ҳарбий қисмларини тарқатиб юборишни талаб этувчи қарор қабул қилинди. Шу масала бўйича йўл-йўриқ ишлаб чиқилиб, уни амалга ошириш учун махсус гуруҳ белгиланди.
Мухториятчилар Советларнинг бу режа ни амалга оширишига йўл қўймади. Тунда шаҳардаги асосий ҳарбий объект — қалъага (собиқ хон ўрдаси ҳарбий қароргоҳга айлантирилган — Ред.) ҳужум уюштирилди, лекин уни эгаллай олишмади. Шу тунда бир неча рус офицерлари — мухториятчилар тарафдорлари шаҳар телефон станциясига келиб, телефон тармоғини узиб ташлади. Бироқ Қўқон Ревкоми Тошкентдан шошилинч ёрдам сўраб улгурганди. Тошкентдан жавоб келади: Фарғонада ҳарбий ҳолат эълон қилинади. Бунга кўра, «қуролли ва қуролсиз митинг, намойишлар» ман этилди. «Бу қарорни бузганлар, — деб ёзилди ўлка ҳукумати ҳужжатида, — пулемёт ва милтиқ ўқи билан қарши олинади». Ўлка ҳукумати Қўқонга ҳарбий қўшин юборишга ўша пайтда имкони йўқ эди. Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳри думаси раиси Дориомедовнинг қаршилигига қарамай, шаҳар ҳарбий дружинаси қўмондири К. Осипов маҳаллий советлар гапига кириб, 13 февраль тунида 120 аскар (баъзи маълумотларда — 140) 4 замбарак, 4 пулемёт билан Қўқонга келди, қалъага жойлашди.
Эртаси куни Осипов аскарларининг учдан бирини қолдириб, қолганлари билан Туркистон мухторияти ҳукуматини қамоққа олишга уриниб кўрмоқчи бўлди. Кучлар тенг бўлмаганидан ҳеч нарса қилолмади, аксинча ўққа тутилди. Шу кунларда мухториятчилар қалъани олишга шиддатли ҳаракат қилишди. Олдинда болта, чўкич, таёқ кўтарган аҳоли, унинг ортидан яхши қуролланган миллий аскарлар (ҳаммаси 10 мингга етган) борган. Мухториятчилар тарафида ўлимга борувчилар ҳаракат қилгани маълум. Кафанга ўралган бу кишилар ғазавотда қатнашиб, шаҳид бўлсалар, жаннат дарвозалари бизга очилади, деган эътиқод билан жангга киришган.
Қалъага яшириниб олган осиповчилар аҳволи танг эди, шунга қарамай зарбаларга дош бериб турди.
Ушбу шароитда Туркистон мухторияти раҳбарлари Ревкомни музокара олиб боришга таклиф этди. Мухториятчилар шартлари қуйидагича эди: шаҳарни биргалнкда бошқарувчи орган тузиш, албатта, таркибида мухториятчилар вакиллари ортиқ бўлиши керак; қалъани бу орган назоратига топшириш. Милициядан бошқа ҳаммани қуролсизлантириш, ўлка ҳукуматининг шариатга зид декретларини ман этиш ва бошқалар. Бошқача айтганда шарт қўювчилар шундай демоқчи бўлишди: «Таслим бўлинг, бизда куч ва қурол кўпроқ, бизга ёрдам учун казаклар келиб қолади. Биз қалъадаги тинч аҳолининг қирилишини истамаймиз, таслим бўлинг». Ревком делегацияси буларни рад этди.
17 февралда музокаралар давом этди. Бу, ўз конференциясига йиғилган Мусулмон ишчи ва аскарлари съезди вакилларининг М. Чўқаев кабинетига тазйиқи туфайли бўлди. Улар қон тўкилишини истамасликларини айтишди, ҳукумат улар билан келишишга мажбур бўлди. Айни пайтда ҳукуматдан Қўқон Ревкоми билан қар қандай алоқани буткул узиш ва жанговар ҳаракатларни бошлашни талаб этаётган кучлар билан ҳам ҳисоблашмай бўлмасди. Афтидан шу кучлар таъсирида ҳарбий вазир М. Чанишев ультиматум юборади: «Кучли қўзғолган оммани тутиб туриш имкониятига эга эмасликдан, агар соат 4 гача қалъа топширилгани ёки бошқа тинч шароитлар ҳақида эълон қилинмаса, халқ интизом тўғонини бузиб юборади… Мен европалик ва арман тинч аҳолиси учун жавоб беролмайман».
Бироқ Мусулмон ишчи ва деққонлар конференцияси қатнашчилари ультиматумни қайтариб олишни талаб этишди ва Чанишев бунга кўнишга мажбур бўлди. 18 февралда музокаралар қайта тикланди. Шу чоғда «Шўрои уламо» ва унга тарафдор бўлганлар бунга қарши чиқдилар. М. Чўқаев кабинети тугатилди, Чўқаев яқин кишилари билан қочиб кетди. Ҳарбий вазир М. Чанишев қамоққа олинди. Эргаш Қўқон хони деб эълон қилинди.
18 февралда бўлган бу тўнтаришнинг эртасига Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перефильев шаҳар темир йўлига 11 эшелон пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмлари билан кириб келди. Қўқон осмонини қора булутлар қоплади.
Шундай қилиб, 1918 йилнинг февралида тўнтариш юз берди. 19 февралга ўтар кечаси пиёда, отлиқ ва артиллерия қисмларидан иборат 11 эшелон Қўқонга кела бошлади. Тошкентдан улар билан бирга Туркистон ўлкаси ҳарбий комиссари Е. Перфильев келди. Рус қўшинлари Кўқонни уч тарафдан қуршовга олди. Артиллерия тўплари тўлиқ жанговар ҳолатга келтириб қўйилди.
19 февраль куни 10 дан 15 дақиқа ўтганда Эргашга ультиматум юборилди: қуролни ташлаб, таслим бўлиш айтилди. Жавоб бериш муддати 1:00 да тугар эди, 12 дан 45 дақиқа ўтганда жавоб олинди — Эргаш шартларни бажармаслигини айтди.
Перфильев барча 12 та замбаракдан Қўқон аҳолиси устига ўт очишни, шу жумладан ёндирадиган снарядлардан фойдаланишни буюрди. Тинч аҳолини тўпга тутиш кундуз соат бирдан бошланиб, қоронғу тушгунча давом этди. Ҳарбий комиссарнинг айтишича, шу куни эски шаҳардан бир гуруҳ вакиллар келиб шундай дейишган: «Мусулмонлар сизларга шунинг учун ҳам уруш эълон қиладики, сиз улар талабига жавобан уларга қарата ўт очдингиз!» Перфильев: «Мен бу урушдан чўчимайман», деган ва шу заҳоти шаҳар томон 9 замбарак ўқи отилган. Артиллериянинг вайрон этувчи ўқлари масжидларни ҳам кунпаякун этган. «Наша газета» ёзишича, Перфильев «масжидларни тўплар ёрдамида вайрон қилишга тўғри келди», деб тан олган.
Келгуси куни — 20 февраль тонгида вайрон этилган шаҳарга пиёда қўшинлар ва «Дошноқцутюн» жанговар қисмлари кирди. Ўша кунги фожеалар шоҳидларидан бирининг ҳикоя қилишича, «жанглар секин-аста янги шаҳардан эски шаҳар томонга ўтган», «руҳонийлар томонидан қўзғотилган, мухториятчилар томонидан йўлланган мутаассир оломон ҳар бир бино, ҳар бир омбор, ҳар бир савдо корхонаси ва карвонсаройни кескин курашсиз топширмади. Эргашнинг қуролли отрядлари эски шаҳарни ўраб олиб, аҳолининг тарқаб кетишига йўл қўймади».
Инглиз разведкачиси Блеккернинг айтишича, ўша фожеали кунларда Қўқонда 3000 киши ҳалок бўлган, шаҳар эса «портловчи моддалар билан бомбардимон этилиши туфайли таг-туги билан вайрон қилинди». Шоҳидлардан бирининг айтишича, «шаҳарда кўп сонли ёнғинлар бошланди. Уйлар, мануфактурали, дон-дунли омборлар ёнарди. Шаҳар уч кун ёнғин остида қолди». Мана шундай қирғин баротдан кейингина кучлар устунлиги совет томонида бўлди. Эргашнинг омон қолган йигитлари ва зўрға жон сақлаган қўқонликлар даҳшатга тушган ҳолда шаҳардан қочарди.
Мухториятчилар тор-мор этилгач ва Эргаш йигитлари билан Қўқонни тарк этгандан сўнг, эски шаҳардан музокараларни давом эттириш учун вакиллар келган. 22 февралда тинчлик шартномаси тузилган. Унга кўра, барча шаҳар фуқаролари қуролларини ҳукуматга топшириши, совет ҳокимияти ва унинг маҳаллий органларини тан олиши керак. Совет ҳокимиятининг Туркистондаги раҳбари Колесов махсус қарор чиқариб, унда «Қўқонда рўй берган аксилинқилобий ғалаённинг барча раҳбарлари қонундан ташқарида» деб эълон қилди, мол-мулки эса мусодара этилди. Қўқон аҳолисига уларни тутиб бериш мажбурияти юкланди. Шунингдек, аҳоли вайрон этилган темир йўл ва телеграф алоқасини тиклашда ишлатиладиган бўлди.
Туркистонни ягона, мустақил давлат ҳолида кўришни истаган мухториятчилар орзуси улуғ рус шовинизми, муҳим тарихий бурилиш дақиқаларидаги ички ихтилофлар ва ўша пайтдаги Совет ҳукумати раҳбарларининг, хусусан «халқлар отаси» Сталиннинг ғаламисларча тавсияси (ўтган сонга қаранг.— Ред.) қурбони бўлди.
Бу улкан фожелардан сўнг Туркистон ўлкасининг совет раҳбарияти кескин танқид объектига айланганидан журналхонлар яхши хабардор бўлишмаса керак. Аввало, ундан ҳам «юқоридагилар» танқидидан бошлашга тўғри келади. Скобелев (ҳозирги Фарғона) шаҳри ҳокими В. Дориомедов 1918 йил мартидаёқ шундай деган эди: «Халқ комиссарлари Петроград Советининг сафсатабозлик ва иккиюзламачиликдан иборат сиёсати бир томондан барча халқларга Россиядан ажралиб чиқиш, тўлиқ ҳолда ўз тақдирини ўзи белгилашни таклиф этиб, кейин, экилган уруғ етилган пайтда мана шундай қонли қирғин уюштиради».
Тошкентда қозоқ тилида чиқиб турган «Бирлик туғи» рўзномаси Туркистон Мухторияти Вақтли ҳукуматининг тугатилишини шундай шарҳлади: «Яқинда у (ҳокимият.— М.Х.) Қўқон кўчаларини инсонларнинг қонига бўяди. Мусулмонлар яшайдиган эски шаҳарни ер текислаб ташлади, минглаб беайб ва беҳимоя мусулмонларни ўлдирди, уларнинг мол-мулкини талон-тарож этди… бироқ буларни у оддий эмас, қизил байроқ ҳамда озодлик ва инқилоб шиорлари остида амалга оширди».
Ўлка раҳбарлари бу воқеанинг сиёсий аҳамиятини қандай баҳолашди экан, деган савол туғилади. Ундан принципиал хулосалар чиқариб олинмади. Тошсоветнинг 23 февралдаги мажлиси бунга мисол. Перфильев амалга оширган операция якунлари муҳокама қилинди. Маърузадан кейин сўзга чиққанлардан меньшевик-байналмилалчилар фракциясининг етакчиси X. Вайнштейн Туркистондаги большевиклар сиёсатини фош этиб ташлади: «Биз унинг номи билан байроқ кўтариб чиққан синфий кураш қаерда қолди? Биз руслар ва сартлар, арманлар, форслар ўртасидаги низолар ҳақида эшитдик. Синфий кураш ўрнига, шундай қилиб, биз миллий курашга эга бўлиб ўтирибмиз». «Биз маърузадан,— деди у ўз сўзида давом этиб,— фақат монархия ҳукумати қўллаб-қувватлаган ва социализмнинг ёвуз душмани бўлган миллий низоларнигина социалистик ҳукумат ҳукмронлигида гуллаб-яшнаганини кўриб турибмиз». Шунингдек, «Чор ҳукуматигина журъат этган усулларни қўллаган ҳукумат (таъкидлар бизники — М.Х.) рус кишилари ҳаётини сақлашга ожизлиги маълум бўлди». Вайнштейн маҳаллий аҳоли мухториятни истамас эди, деган баёнотни рад этиб, айтдики, Перфильев учун «Мусулмонларнинг замбараклардан ўққа тутилгач, бўйинсинишга тайёрликларини билдиргани асосдир. Бироқ улар худди шундай тарзда Куропаткинга (чор армияси генерали — Ред.) муте эканликларини билдиришмаганмиди? Шундай тарзда фикрлаётган ва ҳаракат қилаётган ўртоқ Перфильев бу ҳолда Куропаткин демакдир!» Охирида Вайнштейн «Қизил гвардиячилардан тортиб то отрядларнинг бошчиларигача, инқилоб қизил байроғида қора доғ ҳосил бўлишида айбдор барчани қаттиқ жавобгарликка тортиш учун дарҳол комиссия чақиришни» талаб этди.
Ўша пайтдаги ҳукумат раҳбари большевик И. Тоболин у билан баҳсга киришди. У меншевикларни «рус инқилобининг шаллақилари» дея ҳақорат қилиб, «бундай дамда ва бундай курашда шафқатсизлик ҳақида гапиришнинг ўзи кулгилидир», деди. У талончилик ва зўравонли фактларини «шармандали» дея баҳолаб, айни пайтда «бунчалик уюшган омма тарихда мисли кўрилмаган ҳолдир, мана шундай босиб олиш рўй бермаган бўларди» дедики, бу фикр «ҳар қандай воситалар билан мақсадга эришиш шу мақсадни оқлайди» деган қадимги босқинчилик шиоридан ўзга нарса эмас. «Дошноқцутюн» номли махсус арман аскарлари отрядларининг Қўқондаги ваҳшийликларини текшириш учун махсус тергов комиссияси тузиш ҳақидаги таклиф Тоболин томонидан «у ёзма равишда берилмагани туфайли» рад этилди. Бунинг устига қуйидаги резолюция қабул қилинди: «Қўқон воқеалари ҳақидаги маърузани тинглаб, инқилобий жангчиларни аксилинқилоб билан курашдаги қатъийлиги ва ғайрати учун табрик этилсин». Бу, юз берган «нохуш ҳодиса» (инцидент) таҳлилини бевосита жангчилар чақирилган ташкилотларда кўриб чиқишга қарор қилинди.
Туркистон мухториятининг тугатилиши бу масалани кун тартибидан олиб ташламади. 1918 йилнинг апрелида РСФСРнинг миллатлар ишлари бўйича халқ комиссари И. Сталин билан И. Тоболин ўртасида телефонда суҳбат бўлди. Сталин миллатларнинг ўз тақдирини ўзлари белгилаши масаласи кўрилаётгани муносабати билан, ўлка ҳукуматларига «мусулмонлар орасида иш олиб боришни кучайтириш, мусулмон пролетариатини мусулмон буржуазиясидан ажратиб олиш ва мусулмон Советлари тузишини таклиф этди. Тоболин бу суҳбатдан шундай хулосага келдики, «марказ биздаги аҳвол ҳақида ёмон (нотўғри — М.Х.) тасаввурга эга», чунки «мусулмонлар мутлақо уюшмаган дейиш мумкин эмас, ҳамма жойда маҳаллий аҳоли вакиллари бор, Туркистон ўлка Советларининг 3 ва 4 съездлари эса мухтормят масаласини бизнинг партия руҳида аллақачон ҳал этди, 15 апрелгача ўтказиладиган 5 съезд эса миллий масаланинг амалий ҳал этилишини кўриб чиқади».
Бир неча кун ўтгач, Ўрта Осиё Фавқулодда комиссари П. Кобозев номига Тошкентга И. Сталин қўл қўйган радиограмма келади. У жумладан шундай дейди: «Жойлардаги баъзи Советлар… ҳар қандай мухториятни бутунлай инкор этиб, миллий масалани қурол билан ҳал этишни афзал билишибди, бироқ бу йўл Совет ҳокимияти учун яроқсиздир», чунки у «оммани юқори миллий-буржуа доиралари атрофида жипслаштиради, бу юқори доиралар эса ўзларини ватанни қутқарувчилар, миллий ҳимоячилар қилиб кўрсатадики, бундай ҳол Совет ҳокимиятининг мўлжалига мутлақо кирмайди». Сталин «мухториятни инкор этиш эмас, балки тан олиш Совет ҳокимиятининг навбатдаги вазифаси» эканини алоҳида таъкидлайди.
«Ўтган йилнинг ноябрь ва декабрида Волгабўйи татар ва бошқирдларида, Туркистон ўлкасида вужудга келган мухториятчи-буржуа гуруҳлари давом этаётган инқилоб томонидан муттасил фош этиб келинаётгани» ҳамда «уларни ўз оммасидан бутунлай ажратиб олиш ва Советлар атрофида жипслаштириш» учун бўлғуси халқлар отаси шуни талаб этди: «Улардан мухториятни олиб, олдиндан уни турли буржуа сарқитларидан тозалаб, буржуадан Совет мухториятига айлантирилсин». Шунингдек, Сталин Таъсис съездига сайловлар асоси ва мухторият пойдевори халқларни «айрим миллий отрядларга» бўлишга эмас, тегишли бирлашмалар атрофига жипслаштиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Бу билан, кўриниб турибдики, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳақидаги қоғоздаги гаплар амалда умуман рад этилди.
Шу йил апрелнинг иккинчи ярмида Туркистон Ўлка Советларининг 5 съезди бўлиб ўтди. Съезд делегатларининг ярми, большевиклар газетаси «Правда»да ёзилишича, «бир неча миллион мусулмон аҳолиси» вакиллари эди. Москвадан В. Ленин ва И. Сталин имзоси билан телеграмма келади: «Советлар асосидаги сизнинг ўлка мухториятингизни Совнарком қўллаб-қувватлайди». 30 апрель куни П. Кобозев таклиф этган РСФСР таркибида Туркистон Мухтор Совет Социалистик жумҳурияти ташкил этиш ҳақидаги декларация депутатлар томонидан қабул қилинади. Съезд сайлаган Марказий Ижроия Қўмитасига 11 маҳаллий миллат вакили сайланади. Миллий ишлар бўйича, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш комиссариатларини бошқаришга маҳаллий миллат вакиллари сайланади. Москвадан яна бир «рухсат» келади: «Ўртоқ Ленин билан шахсан келишувга мувофиқ, ТуркМИҚ декретларнинг ўлка шароитларига кескин зид келадиган баъзи моддаларини ўзгартириш ҳуқуқига эга». Яна, махсус қарор чиқарилиб, унда «Туркистонда буржуа-мухториятчилик ҳаракатида қатнашиб, нотўғри тушунган ва жавобгарликка тортилган шахслар афв этилиши» таъкидланади.
Бироқ, булар ижобий мазмунга эга бўлишига қарамай, Туркистон Мухториятининг Вақтли ҳукумати ўз олдига қўйган чинакам халқчил, демократик ўзгаришларни ўз ичига олган вазифалар олдида ҳеч нарса эмас эди. Бунинг устига Советлар шундай ишларни амалга ошира бошлашдики, уларни чоризм босқинчилари ҳам қилмаган эди: вақфлар тугатилди, диний мактаблар ёпилди, қозихоналар бартараф этилди ва бошқа шундай халқнинг ғазабини келтирадиган тадбирлар кўрилди.
Бошқача бўлиши ҳам қийин эди, айниқса ўзини «Туркистон Ленини» деб атаган Таболин ҳукуматга раис бўлгач, шундай баёнотлар билан чиқиб тургандан кейин: «Қадимги ибора бор: «Шоҳ! Афиналикларни ёдда тут!» Биз ўз-ўзимизга айтишимизга тўғри келади: «Жумҳурият! Фарғонани ёдда тут!» — энди тезроқ ва биринчи галда Фарғонани тугатиш керак, жонимизга теккан мухториятчилар уясини супуриб ташлаш ва шаҳарларни қишлоқларга айлантириш, уларни бараварлаш, аксинча қишлоқларни шаҳарларга айлантириш лозим».
Бундай ёндошувларнинг Фарғона аҳолиси учун қандай тугаганлигини Бутунроссия МИҚнинг Турккомиссия ва РСФСР ХКСнинг Туркистон ишлари бўйича аъзоси Ф. Голошекин берган шаҳодатдан ҳам кўриш мумкин. У ТКП МКнинг 1919 йил 28 ноябридаги мажлисида сўзлаб, «у ердаги (Фарғонадаги — М.Ҳ.) партия, совет ва иқтисодий ҳаётда фақат бебошлик ва даҳшат ҳукм сурмоқда», деб таъкидлайди. Унинг фикрича, босмачилик умуман «Совет ҳокимияти ва бизнинг отрядлар томонидан юзага келтирилган», Фарғонадаги партия аъзолари эса «талончилик ва пора олиш» билангина машғул.
Мазкур муаллиф ўша йилнинг декабрь ойида «Известия ЦИК Туркреспублики» номли рўзнома мухбири билан суҳбатда айтади: Фарғона аҳолисининг кайфияти «авалгидан қам тушкун», бунга сабаб «масъул органларнинг нотўғри, кўпинча жинояткорона сиёсатидир. Совет ҳукумати байроғи остида ҳаммаёқда бедодлик ва шахсий манфаат йўлида ўз мавқеидан фойдаланишга интилиш ҳукм сурмоқда, бу эса европали аҳоли ичида имтиёзли гуруҳларни ташкил этди. Мусулмон оммасига муайян ишончсизлик бор. Мусулмонларга қуйи ирқ сифатида қарашлар умумий номақбул сиёсат ва европаликлар очиқ-ойдин олаётган имтиёзларнинг нақдлиги билан қўшилиб, юқори даражада танг шароитни юзага келтирди ва мусулмонлар оммасида норозилик уйғотди». Сўнгра Голошекин очиқдан-очиқ таъкидлади: «Европаликлар билан мусулмонлар ўртасида кўрсатилган сабабларга кўра туғилган қарама-қаршилик, Совет ҳокимиятининг Фарғонадаги вакиллари томонидан узоқни кўзламай олиб борилган сиёсат, айтиш мумкинки, босмачилик ривожланишининг асосий омили бўлди».
Муаллифи таниқли ҳарбий мутахассис, Туркфронт штаби ходими Н. Березин бўлган бошқа ҳужжатда қам таъкидланишича, «Қўқон мухториятидан то Туркистон Марказ билан қўшилгунча бўлган давр катта шарҳларга муҳтож эмас — у босмачиликнинг шу қадар кенг қулоч ёзишига имкон бердики, биз буни кўрдик. Ҳокимиятнинг ҳаракатлари ўз моҳиятига кўра соф равишда мустамлакачилик характерида бўлиб, фаол миллатчилик оқимларининг ривожланишига беихтиёр имкон берди».
Мухторият аччиқ сабоқлари қисқача баён этганда мана шулардан иборат. Лекин турли архивларда, ҳали ўрганилмаган Туркомиссия хулосаларида ўлкамизнинг XX аср тарихидаги бу улкан ҳодисанинг ёритилмаган тафсилотлари сероб. Бешигидаёқ нобуд этилган Туркистон Мухторияти Вақтли Ҳукуматининг фаолияти бутун ўлка тарихида илк марта демократия ғояларини — парламент фаолияти ва бошқаларни ўз пайтида ҳаётга татбиқ этишга уринган, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳақидаги декларациясига ишонган ва охир-оқибатда Марказ уни (бошқа халқларни ҳам) алдаган, айни пайтда ўша пайтда ҳам демократик анъаналарга эга бўлинмаганлиги панд берган эдики, бугунги кунда булар сабоқ бўларли воқеалардир.
Марат Ҳасанов,
Ўзбекистон ФА Тарих институтининг бўлим мудири, тарих фанлари номзоди.
“Фан ва турмуш” журнали, 1990 йил 9-11-сонлар