Марказий Осиёнинг XVII асрдаги ижтимоий ва илмий тафаккурининг йирик намояндаси Ибн Муҳаммаджон Юсуф ал-Қорабоғий ал-Муҳаммад Шоҳий аслида озарбайжонлик бўлиб, ўзининг буюк салафлари асарларидаги баъзи илғор анъаналарни давом эттира олган ижодкордир. Шарқ манбаларида олимнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотлар учрайди. Аммо улар етарли эмас. Муаллифлар унинг вафот этган йилини ва баъзи асарларини санаб ўтиш билан чекланадилар, холос. Ғарбий Оврўпо адабиётида эса Қорабоғий ва унинг ижоди ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.
Юсуф Қорабоғийнинг барча асарлари Самарқанд ва Бухорода ёзилган. У ҳақдаги дастлабки маълумот рус олими, профессор А. А. Семенов тадқиқотларида учрайди.
Озарбайжонлик А. А. Аминзода ўзининг монографиясида Қорабоғийга махсус боб ажратган. А. А. Семеновнинг кичикроқ асарида Қорабоғий таржимаи ҳолига оид маълумотлар келтирилади ва унинг “Рисолаи ботиниййаси”нинг мухтасар таржимаси берилган. “Озарбайжон фалсафаси тарихидан очерклар”да Юсуф Қорабоғийга бутун бир боб бағишланган. Бу ерда у озарбайжон файласуфи ва фиқҳшуноси сифатида талқин этилади.
Файласуф 1563 йилда Қорабоғ қишлоғида туғилган. Устози Мирзажон Шерозий билан Марказий Осиёга келганда (1585) у 23 ёшда бўлган. 1579 йили 16 ёшлик Юсуф Ширвонга келади. Бу вақтларда Ширвондаги сиёсий вазият оғир эди. У ердаги сиёсий нотинчликлар туфайли бўлса керак, Қорабоғий Шерозга жўнайди ва Ҳабибулла Мирзажон ал-Шерозий ал-Боғнавийдан таълим ола бошлайди. Ўша вақтдаги ижтимоий илмларни, хусусан, фиқҳ, фалсафа, тасаввуфни чуқур ўрганади. Бу фанлар юзасидан тадқиқотлар олиб боради. Қорабоғий устози Шерозий вафотидан сўнг (1587) Самарқанднинг таниқли сиймоларидан “Кубравиййа” тариқатининг фаол тарғиботчиларидан бўлган Халилулло Бадахший билан алоқа боғлади. Кейинчалик Қорабоғий Бадахшийнинг содиқ шогирдига айланади. Бу даврда тасаввуф адабиёти ривожланди, унинг янги намояндалари пайдо бўлди, бу янги авлод ўз салафларининг анъаналарини давом эттириб, бойита бордилар.
Халқ орасида Қорабоғийнинг обрў-эътибори ошиб кетди. Бу нарса олимнинг ғоявий-сиёсий, ижодий рақибларининг ҳасадини қўзғатди. Улар иғво қилиб Қорабоғийни Бухородан икки чақирим масофада жойлашган Сепулон деган ерга бадарға қилдирдилар. Қорабоғий умрининг сўнгги йилларини шу ерда ўтказади.
Қорабоғий асарларини ўрганиш ва таҳлил қилиш унинг ғоят кенг маънодаги аллома ва чуқур билимли файласуф эканлигини кўрсатади. У аниқ фанлардан хабардор, тиббиётни билган, бошқа кўпгина фанлардан рисолалар ёзган. Олимнинг асарларида машҳур мутафаккирлар ва табиатшунослардан Арасту, Платон, Пифагор, Суқрот, Анаксагорларнинг номларини тез-тез учратамиз. Шарқ олимларидан Форобий, Ибн Сино, Беруний, Бахманёр, Ғаззолий, Тусий, Тафтазоний кабилар қаторида ас-Сулламий, Ибн Аммуна, Абул Ҳасан ал-Кошийларнинг исмларини ўқиймиз.
Олимнинг “Рисолаи ботиниййа” рисоласида инсондаги нафсоний кучлар, одамдаги руҳий олам ҳақида ҳикоя қилинган. Бу асар “Етти жаннат” номи билан ҳам машҳурдир.
“Рисолаи ҳилватиййа” асари араб тилида ёзилган бўлиб, олти қисмдан иборат. Ҳилватлар эса ўз навбатида “тўхталиш”ларга бўлинган. Бу асарда муаллиф борлиқ билан боғлиқ бўлган жуда кўп фалсафий муаммолар ҳақида сўз юритган. Асар давомида ўзидан олдин яшаб ўтган машҳур алломалар билан у ёки бу масала ҳақида мунозаралар қилган.
“Фи таърифил илм” асарида илмнинг ҳикмати ҳақида фикр юритган. Қорабоғийнинг “Рисолаи фи баёнил жуз ла йатажазза” асари олимлар ўртасидаги фалсафий мунозараларни ёритишга бағишланган.
Қорабоғийнинг “Мафатиҳ” асарида эса диний урф-одатлар, ҳуқуқий қоидалар ва уларни бажариш масалалари хусусида баҳс юритилган. Шунингдек, Қорабоғий Давоний, Қазвиний, Тафтазоний, Шаҳобиддин Сухравардий каби олимларнинг асарларига шарҳлар ёзган, мантиқ, араб тили, риёзиёт, луғатшунослик, диний масалаларга оид қатор рисолалар ижод этган.
Қорабоғий илмий фаолиятдан ташқари шеърият билан ҳам қизиққан, унинг номи ўша давр шоирлари орасида тез-тез ёдга олиб турилади. Қорабоғий асарларининг кўпчилиги, аниқроғи, 24 та рисоласининг қўлёзмаси Ўзбекистон Республикаси ФАнинг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг фондида сақланади.
Кейинги йилларда Марказий Осиёнинг XVI—XVII асрлардаги фалсафа тарихини тадқиқ этиш, хусусан, Қорабоғий меросини ўрганиш соҳасида анча иш қилинди.
фал. ф.д. М. Нуриддинов