Яҳё ибн Абу Мансур Ўрга acp Шарқ астрономияси тарихидан, acoсан, Бағдоднинг аш-Шаммосия минтақасида 828 йили бунёд этилган кўчма расадхонанинг асосчиси, илмий тадқиқотлар ва амалий тажрибаларнинг ташкилотчиси ҳамда «ал-Маъмуннинг текширилган зижи» китобининг муаллифларидан бири сифатида муносиб ўрин олган. У Марв шаҳрида туғилиб ўсган ва Маъмун хизматида бўлган, кейинчалик халифа уни Бағдодга ўзи билан олиб кетган.
Халифа ал-Маъмуннинг топшириғига биноан олиб борилган астрономик тажрибаларнинг натижаси бўлмиш «ал-Маъмуннинг текширилган зижи» асари ўша даврнинг муҳим илмий воқеаси бўлди. Acap кейинги давр астрономлари Ибн Юнус ас-Садафий, Абу Райҳон Беруний ва бошқа олимлар ижодида ўзига xoc ўрин эгаллади. Асарда қадимги юнон олимларининг астрономик тажрибалари қайтадан тек- ширувдан ўтган ҳолда ўз мужассамини топган. Маълумки, ўша давр донишмандларидан Муҳаммад ал-Хоразмий, Яҳё ибн Абу Мансур, Аҳмад ал-Марвазий, Аббос ал-Жавҳарий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Фарғоний каби олимлар Бағдод яқинидаги расадхонада амалга оширилган тажрибалар ва уларнинг натижаларини қайд этиб бориш, бу қайдларни китоб шаклида жамлаш заҳматини ўз зиммаларига олганлар. Мана шундай қийин ва масъулиятли тажрибаларни бошқариш ва ташкил этиш вазифасини халифа Яҳё ибн Абу Мансурга топширганки, бу ўз навбатида олимнинг Шарқ халқлари астрономиясидаги ёрқин сиймолардан бўлганидан далолат беради. Ҳақиқатан ҳам Яҳё ибн Абу Мансур ал-Маъмун ҳузурида фаолият кўрсатган acтрономларнинг фозили бўлиб, катта обрў ва мавқега эга бўлган. Олим халифа тасарруфига ўтган ва унинг ҳузуридаги астрономия илмида (синаъат ан-нужум ва тасйир ал-кавкаб) етук мутахассисга айланган.
Ал-Маъмун юлдузларни кузатишга қарор қилганда, у Яҳё ибн Абу Мансур ва исмлари керакли ҳарфлар тартибида келтириладиган (бошқа) оир гуруҳ олимларга мурожаат этган. Ал-Маъмун уларга кузатув ишларини олиб бориш ва (зарурий) жиҳозларни ўрнатишни топширади. Мазкур олимлар бу ишларни 215—216 ҳижрий (830—832- милодий) йиллари Бағдоднинг аш-Шаммосия минтақаси ва Дамашқ яқинидаги Касийун тоғида амалга оширганлар. Астрономик тажрибалар 218 ҳижрий йилида ал-Маъмун вафоти сабабли тугатилади. Яҳё ибн Абу Мансур Румда вафот этган. У икки таҳрир (нусха)дан иборат «Текширилган зиж», «Мадинат ас-салом (Бағдод) шаҳрининг кенглиги учун (Қуёш) баландлигини соатнинг олтидан бири орқали (ўлчаш) амали» («Китаб ал-ъамал ли судс саъат фи-л-иртифаъ би мадинат ac-салам») асарларининг муаллифидир[1].
Ибн ан-Надим ҳам Яҳё ибн Абу Мансурнинг таржимаи ҳоли ва авлодларига оид баъзи бир муҳим маълумотларни келтирадики, олим ал-Маъмун аъёнлари орасида бўлиб, аввалига у халифанинг вазири ал-Фадл ибн Саҳл билан алоқада бўлади ва унинг раҳнамолигида астрология билан шуғулланади. Ал-Фадл ибн Саҳл ўлдирилгандан сўнг, халифа ал-Маъмун Яҳёни танлаб олади ва уни оташпарастлик динидан ислом динига ўтишга мажбур этади[2]. Олим баъзи адабиётларда 830[3], баъзиларида эса 845[4] йили Tapcyc шаҳрида вафот этган деб кўрсатилади. Унинг жасади Ҳалаб шаҳрининг Қурайшлар қабристонида дафн этилган. Ибн ан-Надимнинг кўрсатишича, Яҳёнинг Муҳаммад, Али, Саъид ва Ҳасан исмли ўғиллари бўлиб, Муҳаммад адабиёт, шеърият ва мусиқадан ташқари астрономия билан ҳам қизиққан. У «Шоирлар ҳақида» китоби муаллифи. Яҳёнинг кейинги ўғли Али эса аввалига ал-Маъмун миршабларининг бошлиғи Исҳоқ ал-Мусъабий ҳузурида фаолият кўрсатади. Сўнг ёзувчи ва муаррих ал-Фатҳ ибн Ҳоқоннинг нусха кўчирувчи котиби бўлиб ишлайди. Жумладан, унинг Хорун ибн Али исмли ўғли ўзининг астрономик жадвалларини тузган ва бу фанга оид жиҳозлар яратиш билан шуғулланган. Яҳё ибн Абу Мансурнинг бошқа баъзи ўғиллари, набиралари ҳам ўз давридаги адиб ва мутакаллимларидан бўлиб етишади[5]. Ўрта acp манбалари ва замонавий адабиётларда Яҳё ибн Абу Мансурнинг қаламига қуйидаги асарлар мансуб бўлган деб зикр этилади:
- «Ал-Маъмуннинг текширилган зижи» («Аз-Зиж ал-Маъмуний ал-мумтаҳан»).
- «Осмон фалаклари ҳақида мулоҳазалар» («Ал-Ибана ан ал-фалак»). Бу acap Берунийнинг «Геодезия» китобида зикр этилган.
- «Мадинат ас-салом (Бағдод) шаҳрининг кенглиги учун (Қуёш) баландлигини соатнинг олтвдан бири орқали (ўлчаш) амали» («Китаб ал-ъамал ли судс саъат фи-л-иртифаъ би мадинат ас-салам»).
- «Унинг (Яҳё ибн Мансурнинг) кузатишлари жамланган китоб ва бошқаларга кузатишлар ҳақидаги рисолалари» («Китаб йаҳтавий ала арсад лаҳу ва расаил ила жамаъа фи-л-арсад»).
Муаллифнинг юқоридаги асарларидан фақат «ал-Маъмуннинг текширилган зижи» бизгача етиб келган бўлиб, у Испаниянинг Эскуриал кутубхонасида сақданади. Бу китобнинг ёзилишида Яҳё ибн Абу Мансурдан ташқари ўша даврдаги Аббос ал-Жавҳарий, Холид ал-Марваррудий каби астрономлар ҳам иштирок этишган.
Яҳё ибн Абу Мансур нафақат таниқли олим, балки Бану Myco (Мусонинг ўғиллари) сингари ёрқин сиймоларни тарбиялаган мураббий ҳамдир. Ибн ал-Қифтийнинг маълумот беришича, халифа ал-Маъмун марвлик Myco ибн Шокир исмли шахснинг етим қолган ўғиллари Myҳаммад, Аҳмад ва ал-Ҳасанларни «Байт ул-ҳикма»га чақириб, уларга илм беришни Яҳё ибн Абу Мансурга топширади[6]. Маълумки, бу уч ака-ука кейинчалик машҳур олим ва илм ҳомийлари бўлиб етишади. Ака-укалар механика, математика, астрономия, геометрия ва бошқа илмларга оид йигирмага яқин асарларнинг муаллифидир. Уларнинг энг машҳур асари «Механика китоби» («Китаб ал-хийал») деб аталади. Бу acap мусулмон дунёсидаги механикага оид биринчи китоб бўлиши эҳтимоли бор. Бану Мусоларнинг фаолияти улар яратган илмий асарлар билан чегараланмайди. Ака-укалар юнон олимлари асарларини «Байт ул-ҳикма»да ишлаш ва уларни араб тилига таржима қилишда ҳам кўп жонбозликлар кўрсатишган. Шундай қилиб, Яҳё ибн Абу Мансур ўз даврининг етук сиймоларига айланган уч ака-уканинг илмий камолотида устозлик ҳам қилган.
Машҳур аллома Абу Райҳон Беруний Яҳё ибн Абу Мансурнинг исмини осмон экваторини эклиптика билан кесишиш бурчагини аниқлаш[7] ва кузги тенгкунлик вақтини кузатиш[8] муносабати билан биринчилар қаторида эслайди.
т.ф.н. Б. Абдуҳалимов
[1] Ибн ал-Қифтий. Ихбар ал-уламан би ахбар ал-ҳукама. Қоҳира, 1908, 234-бет.
[2] Ибн ан-Надим, Китаб ал-Фихрист. Тадқиқотчи Рада ал-Хайрий ал-Мозандараний. Байрут, 1988, 160-бет.
[3] Матвиевская Г.П., Розенфельд Б.А. Математики и астрономы мусульманского средневековья и их труды. М., 1983. Кн. 2. С. 38.
[4] Аз-Зирикли Хайр ад-Дин. Ал-Аълам, Байрут, 1986, 8-жилд, 173-бет.
[5] Ибн ал-Қифтий. Ихбар ал-улама би ахбар ал-ҳукама. Қоҳира, 1908
[6] Ибн ал-Қифтий. Ўша асар
[7] Абу Райхан Беруний. Избранные произведения. Т. 3, Т., 1966. С. 125
[8] Абу Райхан Беруний. Избранные произведения. Т. 3, Т., 1966. С. 267