XVII асрда яшаб ижод қилган Турди Фароғий ўзбек адабиёти тарихида ўзига хос мавқега эга бўлган шоир ва мутафаккирлардан биридир. Шоир ўз шеърларини кўп ҳолларда “Турди” номи, баъзан эса “Фароғий” тахаллуси билан ёзган. “Фароғ” Жиззах ҳудудидаги қишлоқлардан бирининг номи бўлиш эҳтимоли бор.
Турди Фароғийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида тарихий манбаларда аниқ маълумотлар сақланиб қолмаган. Бу тўғрида асосан унинг бизгача етиб келган саноқли шеърлари бўйича фикр юритиш имконимиз бор, холос. Турди ижодини ўрганишга А Фитрат, О. Шарафуддинов, Ҳ. Ёқубов каби олимлар катта ҳисса қўшдилар. Шоирнинг А Мажидий томонидан топилган ва 1924—25 йилларда нашр этилган шеърлар қўлёзмаси 30-йиллардаги қатағонда йўқолиб кетган бўлиб, уни қайтадан топиш ва илмий муомалага киритиш 1959 йили ушбу сатрлар эгасига насиб этди[1]. Шоир асарлари қўлёзмасининг қайта топилиши унинг асарлари матнларини тўғри ўқиш ва қайта нашр этишда катта аҳамиятга эга бўлди. Бу қўлёзма ҳозир Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида — 1407 рақам билан сақланмоқда.
Турди тахминан XVII асрнинг 40-йилларида туғилиб, Бухородаги Аштархоний ҳукмдорлардан Нодир Муҳаммад ва унинг ўғиллари — Абдулазизхон ҳамда Субҳонқулихонлар даврида фаолият кўрсатган. У бир шеърида ўз ўгмишини эслаб:
Аҳли давлатлар билан ёру ҳариф, ҳамдуш эдим,
Ҳою-хуйи базмларда шаҳд нўшонўш эдим,
Хуш замонлар юз қазони бошида сархуш эдим…[2]
деб ёзишидан англанилдики, у олдин ўтган бир замонларда амалдорлар сафида қайноқ ва суронли ҳаёт кечирган, юз уруғининг кўзга кўринган сиёсий арбобларидан бўлган. Шу билан бирга у ўзи ҳам шу уруғга мансуб бўлгани эҳтимоллдан узоқ эмас.
Турди ўзбек ва форс тилларини яхши биларди. У қариган чоғларида ёзган “Дар мазаммати сипоҳигари” деган шеърида ўзининг асосий касб-кори сипоҳийлик (“ҳарбийлик”) бўлганини, шу касби билан узоқ йиллар давомида нималарнидир тамаъ қилиб, шоҳларга хизмат қилганини, лекин охир-оқибатда ҳеч нарсага эриша олмаганини афсус-надомат билан маълум қилади.
Лекин ҳарбийлик билан бир қаторда Турди ўз замонасининг энг ўқимишли, Шарқ адабиётидан мукаммал хабардор, ҳаёт, жамият ҳақида кенг тушунчага эга бир киши бўлиб етишган эди. Унинг жамиятда тутган мавқеи эса ўз атрофида юз бераётган воқеа ва ҳодисаларга фаол аралашишни тақозо этган. Афтидан у оддий аскар эмас, балки қўшин бошлиқларидан бири, баъзан бирон сиёсий гуруҳнинг раҳбари бўлган ёки бирон шундай гуруҳга ён босган.
XVII аср Бухоро сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа Аштархонийлардан Нодир Муҳаммаднинг тахтга чиқиши, орадан кўп ўтмай ўғли Абдулазизхон ҳукмдорликни ундан тортиб олиши, бу аҳвол билан келиша олмаган кичик ўғли — Субҳонқулихоннинг эса акасига қарши узоқ йиллар давомида кураш олиб бориши ва ниҳоят 1680 йилда ўз мақсадига эришуви бўлган эди. Субҳонқулихон давлат тепасига келгач, рақиби — Абдулазизхонни Мадина шаҳрига кетишга мажбур этиш билан бирга Турди каби унга яқин турган кишиларни ҳам қувғин остига олади.
Субҳонқулихон даврида зулм ва жаҳолат авж олиб, айрим уруғ ва аймоқларнинг манфаатларига катта зиён етган, мулклари тортиб олинган, порахўрлик кучайган. Илм, маданият ҳам орқага кетган. “Тарихи Муқимхоний” асари муаллифи Юсуф Муҳаммад Мунши хабар беришича, у 2000 байт шеър ёзган жияни шоир Қосим Султонни ҳам вақти келганда аямайди — ўлдиртиради[3]. Орадан кўп вақт ўтмай мамлакатда қаттиқ норозиликлар юз бериб, бу пировардида янги ҳукмдорга қарши уюшган халқ қўзғолонларига айланади. Турди шубҳасиз, халқ томонида туриб, бу ҳаракатларда иштирок этади.
Лекин бу қўзғолонлар Субҳонқулихон томонидан аёвсиз равишда бостирилди. Турдининг шундан кейинги ҳаёти Хўжанд томонларда, муҳтожлик ва узлуксиз маънавий тушкунлиқда кечган. Унинг Хўжанд ҳокими Оқбўтабий даргоҳидан кетиб, Жиззах ҳокимига мугеъ бўлиб яшаган вақтида ёзган туркий мухаммаси бунинг ёрқин далилидир. Унинг бизгача етиб келган шеърларининг катта қисми шу даврда яратилган. Турди тахминан 1699—1700 йилларда вафот этган.
Турдининг адабий мероси 18 шеърдан иборат бўлиб, улардан 12 таси Шарқ шеъриятининг ғазал, 5 таси мухаммас ва биттаси фард турига оиддир. 434 мисра ҳажмидаги бу мероснинг 165 мисраси Субҳонқулихон тўғрисидаги машҳур ҳажвияни ташкил этади. бироқ шу мероси билан ҳам Турди ўзбек мумтоз адабиёти тарихидан муҳим ўрин эгаллагандир.
Диққат билан назар ташланса, Турди ҳам ўз ижодини бошқа шоирлар каби анъанавий ишқ мавзуидан бошлагани, бу соҳада ўзигача мавжуд ижодий тажрибани пухта эгаллагани сезилади. Шоирнинг:
Туркона хиром айлади ул шўхи дилоро,
Дил мулкини бир гўшаи чашм айлади яғмо —
матлаи билан бошланган ишқий ғазали лириканинг яхши намуналаридан деб баҳолашга лойиқ. Яна диққатга сазовор томони шундаки, Турдининг лирик ғазаллари бошқа шоирларникидан ўзининг ниҳоятда ихчамлиги, яъни 3—4—5 байтдан иборатлиги билан ажралиб туради. Турдининг тасаввуфий шеърлари ҳам ғоят гўзал ва фалсафий теран мазмунга бой.
Турди ўзининг тасаввуф билан боғлиқ қарашларини “Бурун” радифи билан ёзилган туркий мухаммасида шундай баён этган:
Лобақодур қалбий, қалбинг боғлама иқболинга,
Бўлма ғарра орият дунё-ву мулку молинга,
Ёд этиб гўру қиёмат, йиғла доим ҳолинга,
Бур назар мо-у манидин, ёниб ўз аҳволинга,
Ибрат ила боқ, кўзунг туфроққа тўлмасдан бурун.
Лекин Турди ғазалларининг аксарияти ҳали ҳеч ким қаламга олмаган, ўткир ижтимоий-сиёсий ва фалсафий-ахлоқий мавзуларга бағишланган. Айниқса шоирнинг қуйидаги ғазалида юртни бошқараётган бекларга мурожаат қилиб, уларни кенг феълли, ўзаро иттифоқ бўлишга, бир-бирини қабилачилик белгиларига қараб камситмасликка чақириши, уни ўз даврининг энг юксак фикрли, ватанпарвар ва ҳақиқий инсонпарвар киши бўлганидан далолат беради:
Тор кўнгуллик беклар, манман деманг, кенглик қилинг,
Тўқсон икки бўли ўзбек юртидур, тенглик қилинг,
Бирни қипчоқу хитою бирни юз, найман деманг,
Қирқу юз минг сон бўлуб, бир хон ойинлик қилинг.
Бир яқодин бош чиқариб, барча бир тўнға кириб,
Бир ўнгурлик, бир тиризлик, бир яқо-енглик қилинг…
XVII аср шароитида Бухоро хонлигида туркий, хусусан, ўзбек уруғлари ўртасида ўзаро низолар кучайган бўлиб, шоир уларнинг бир-биридан узоқлашиб, мамлакатнинг эса майда бўлакларга бўлиниб кетишини уларнинг ўзлари учун ҳам ғоят хатарли деб билар, бунинг олдини олишга интилар эди. Шу билан бирга у хонликнинг бошқаришда ишлаётган, “ўзбекман!” деб талончилик билан шуғулланаётган вакилларини динсизликда айблаши, муттаҳам, бебош сифатида фош этиши аччиқ ҳаётий ҳақиқатга асосланган эди.
Турдининг шоҳ асари, албатта Субҳонқулихон тўғрисидаги ҳажвий мухаммасидир. Шоир фикрича, Субҳонқулихон давлат тепасига келиши билан бутун мамлакатда аҳвол ёмон томонга ўзгарган, осойишталик ўрнини тартибсизлик, адлу карам ўрнини ўзаро нифоқ эгаллаган.
Турди ёзишича, Субҳонқулихоннинг айби шундаки, у тахтга ўлтириши биланоқ тажрибали, ишбилармон мулозимларни қувиб, уларнинг ўрнига ўз атрофида давлатни бошқариш ишидан бутунлай хабарсиз, фикр-мулоҳазалари саёз, ахлоқан тубан кишиларни йиға бошлаган. Субҳонқулихон ва унинг бекларига хос нуқсонларни фош этишда Турдининг ҳажвий қалами сатрдан-сатрга, банддан-бандга тобора ўткирлаша боради. Шоир бу шоҳ ҳақида:
Бидъату зулм ани хилқату асли зоти…
Фуқаро бўлди бу шоҳ асрида кўзи зору наҳиф,
Зулмдан бўлди раият эликим хору заиф —
деб ёзса, унинг бекларига:
Эй юзи қора, кўзи кўр, қулоғи кар беклар…
Едингиз барчангиз итдек фуқарони этини;
Ғасб ила молин олиб, қўймадингизлар битини…
деб хитоб қилади. Субҳонқулихон фаолиятида ҳам айрим ижобий томонлар бўлиб, Турди эса улардан бутунлай кўз юмади. Масалан: у шоҳлик билан бир қаторда тиббиёт масалалари билан изчил шуғулланган ва ўз даврида “Тибби Субҳоний” деган асарни ёзган. Биз 1972 йили Афғонистонда бўлганимизда, Балхга яқин Деҳдоди қишлоғи масжидида Субҳонқулихоннинг катта кутубхонаси бўлгани ҳақида маълумотга эга бўлган эдик.
Тўғрироғи, Турди бу асарида Субҳонқулихон қиёфасида қаттиққўл, жоҳил шоҳ тимсолини яратишга ҳаракат қилган ва бунга эришган. Бунда Субҳонқулихон образини биз тўла тарихий реал шахс сифатида эмас, балки адабий тип сифатида баҳоламоғимиз зарур. Бу ҳажфий асари билан Турди ўзбек ҳажвиётини Алишер Навоийдан кейин янги бир юксакликка кўтарди.
Турди Шайх Саъдий ғазалига боғлаган мухаммасида эса ўз улуғ салафи асарида инсонпарварлик ғояларини янада чуқурлаштирди. Саъдий бу ғазалида шундай ёзган эди:
Нест он лолаки, дар бодияҳо жилвагаранд,
Куштагонандки, аз хок бар оварда саранд.
Мазмуни:
Саҳроларда жилва қилаётган нарсалар лола эмас,
Балки сўйилган одамлардирки, туфроғдан бош чиқариб турибдилар.
Турди бу байт олдига қуйидаги уч сатрни қўшиб, янги банд яратган ва Саъдий ғазалларини тўлдирган:
Барги ҳар тоза гуле шоҳиди мадди назаранд,
Варақи сафҳаи манзур зи аҳли басаранд.
Хўшклаб, доғ ва дил ташна ба хуни жигаранд.
Нест он лолаки, дар бодияҳо жилвагаранд,
Куштагонандки, аз хок бар оварда саранд.
Мазмуни:
Гулнинг ҳар бир япроғи киши диққатини ўзига тортади,
Унинг ҳар бир гулбарги эса зийрак кишиларга манзур бўладиган бир варақдир.
У гуллар лаби қуриган, дили доғ, жигарининг қонига ташнадирлар.
Саҳроларда жилва қилаётган нарсалар лола эмас,
Балки сўйилган одамлардирки, туфроғдан бош чиқариб турибдилар.
Турди мухаммасининг яна бир қимматли томони шундаки, унинг шу мухаммаси туфайли Саъдийнинг бошқа қўлёзмаларда йўқ бир ғазали бизгача етиб келган. Биз 1996 йили Шерозда бўлганимизда, у ердаги “Саъдий маркази” илмий ходимлари ҳам бу ғазални улуғ шоир асарларининг Эрон нашрларидан топиб бера олмадилар.
Турди ўз шеърларида Шарқ шеъриятидаги бадиий санъатлардан маҳорат билан истифода этган ҳолда, биринчи ўринга ҳаётий мазмунни қўяди, кўп ўринларда унинг шеърий услубига фалсафий тафаккур хосдир.
У ўз ижодида ҳамма вақт фикрни ўткир ва тиниқ ҳолда, катта билим ва тушунчалар асосида, ўзига ва ўз орзуларига, ўз асарларини жамият ҳаётини ўзгартираолиш кучига қаттиқ ишониб қалам тебратган.
Шунинг учун унинг адабий мероси бизнинг давримизда ҳам катта маъно касб этиб, кишиларимизнинг тарбиясида муҳим ўрин тутмоқда ва халқимизнинг чинакам маънавий мулкига айлангандир.
ф.ф.д. А. Ҳайитметов
_______________
[1] Биз бу ҳақда биринчи марта “Ўзбекистон маданияти” газетасининг 1959 йил 1 июль сонида, сўнг “Ўзбек тили ва адабиёти масалалари” журналининг 1961 йил 2-сонида ахборот берган эдик. — А. Ҳ.
[2] Турди. Шеърлар. Тошкент, 1971. 34-саҳ. Нашрга тайёрловчи А. Ҳайитметов. Бундан кейинги шеърий мисоллар ҳам шу нашрдан олинди. — А. Ҳ.
[3] Ҳ. Ёқубов. Турди Фароғий. Адабий мероси. (Қаранг: “Ўзбек алабиёти тарихи”. III том. Тошкент, 1978, 215—226-саҳ.).