Сўфий Оллоёр (1644-1724)

Сўфий Оллоёр ўзбек мумтоз адабиётида тасаввуф адабиёти анъаналарини изчил давом эттириб, ўзига хос мактаб яратган адиб, шоир ва мутафаккирдир. Шоир 1644 йилда Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида Оллоқули (Темирёр) хонадонида дунёга келган.

Сўфий Оллоёр дастлаб Шайхлар қишлоғидаги масжид қошидаги мактабда, сўнг Бухородаги мадрасаларда таълим олган. Мадрасани тугатгандан кейин Жўйбор шайхлари қўлида таҳсил кўрган. Сўнг Сўфий Оллоёр маълум бир муддат Бухорода Абдулазизхон саройида солиқ йиғувчи бўлиб ишлаган. Лекин табиатан раҳимдил, кўнгилчан Сўфий Оллоёр бу ишда кўп ишламади. Бойлик орттирмади. Илм олишга, тасаввуфни чуқур ўрганишга, бади-ий ижодга қаттиқ киришиб кетади. Тинмай ижод этади. Бунга ҳам қаноат қилмай ўзидан бир поғона юқори турган машҳур мутасаввуф шайх Ҳабибуллоҳга шогирд тушади. Ўн йилдан кейин шайхлик мартабасига кўтарилади.

Мутасаввуф шоир бу давр ичида «Маслак ул-муттақийин», «Сабот ул-ожизин», «Мурод ул-орифин», «Сирож ул-ожизин», «Маҳзан ул-мутиъин», «Нажот ут-толибин» каби диний-фалсафий асарлар яратди. Сўфий Оллоёрнинг бу асарларида Қуръони Карим оятлари, Ҳадиси Шариф ҳикматлари ва тасаввуф ғоялари ажиб бир тарзда узвий боғланиб кетган. Файласуф шоир ожизларга, йўлдан озганларга ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатиб беради. Толибларга тўғри йўл кўрсатади. Инсофу адолатни, ҳалоллик ва тўғриликни, орифлик, ошиқлик, хилват ва узлатни тўлиб-тошиб куйлайди, нафс ва худбинликни қаттиқ танқид қилади. Дунё лаззатларидан воз ке-чиб, ўзни Ҳақнинг инон-ихтиёрига тошпириш фалсафасини илгари суради. Марказий Осиёда кенг тарқалган Яссавия — Жаҳрия тариқати ғоялари учун курашди.

Сўфий Оллоёр шеърларида дунёвий ишқ-муҳаббатни ҳам тўлиб-тошиб васф этган. Шоир ғазалларида қўлланилган бадиий-тасвирий воситалар кишини мафтун қилади:

Кўрк учун тушти зилоли лаъла мушкин хатту хол,
Тутти суҳбат Хизр ила Кавсар қиргоғинда ҳилол.

Наргиси мастинг хумори бодадин гулгунмудир?
Ё будурким лолазор ичра тушан ваҳши ғизол…

Сўфий Оллоёр дунёвий ишқ мавзусида битган шеърларида ижтимоий мазмундаги фикрларини ҳам баён этади. Шоирнинг қуйидаги байтлари фикримизни тўла тасдиқлайди:

Ҳеч ишим рўйи замин ичра кифоят бўлмади,
Бахти кажимни сўроғин берди Қоф арқосида.

Қўл сунуб олгунча тегди давр аёғи ўзгага,
Кўз юмуб очкунча умр ўтти жаҳон ғавғосида…

Шоир ғазалларида маҳбубанинг маънавий латофатини алоҳида шукуҳ билан тараннум этади. Уларда тасвир этилган маҳбуба мавҳум илоҳий пари пайкар, ҳуру ғилмон эмас, сиз билан биз яшаб турган ҳақиқий дунёдаги гўзал қиз сиймоси. Сўфий Оллоёрнинг ғазалларини дунёвий адабиётнинг яхши намуналари қаторига қўйиш мумкин.

Сўфий Оллоёрнинг «Сабот ул-ожизин» деб номланган асари фалсафий-дидактик адабиётнинг энг яхши намуналаридан биридир. Унда пир билан шогирдлар ўртасидаги муносабатлар хусусида фикр юритилган. Устознинг шогирдлари олдидаги вазифалари, аксинча шогирднинг пир одцидаги бурчлари ҳақида баён қилинган:

Керак муршид берган монанди уммон,
Муборак ботини пур дурри маржон.

Жаҳолат даштидин ким келса сувсаб,
Анинг тоҳир сувидан бўлса сероб.

Агар бўлса касе, ким толиби дур,
Чўмуб ботинга жайбин айласа нур…

Асарда комил инсонни тарбиялаб етиштириш асосий масала қилиб қўйилган. Муаллифнинг фикрича, инсон маълум эътиқодга эга бўлиши зарур. Эътиқодсиз, аниқ мақсадсиз киши беҳуда умр кечирган бўлади. Умри зое кетади. Унга тўғри йўлни кўрсатиш даркор.

Сўфий Оллоёр инсон феълидаги салбий жиҳатларни қанчалик изтироб билан тасвирласа, ижобий томонларни шунчалик завқ-шавқ билан куйлайди. Одамларни очиқкўнгилликка, ширинсўзликка, раҳмдилликка, меҳр-оқибатга, саховатга даъват этади:

Очуқ қўллик, кушода юзли бўлғил,
Мурувватлик, мулойим сўзли бўлғил.

Мулойим тил билан беҳарбу безарб,
Бировни келтирурлар шарқдан ғарб,

Сучуқ тилдир ажиб ганжи муаззам,
Ато қилгон ҳеч бўлмағай кам…

Сўфий Оллоёр ўзбек адабиёти тарихида тасаввуф таълимотини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган шоирдир. У ўз шеърларида сўфийликнинг ахлоқий масалаларини кенг тарғиб қилди. Одам фақат шу йўл билан ҳақиқат ва комилликка эришади, деган фалсафани олға сурди. Сўфий Оллоёр асарларини форс, араб тилларини пухта билган ҳолда содда ўзбек тилида ёзди. Шунинг учун шоир асарлари халқ оммаси орасида кенг тарқалгандир. Шоир асарлари Тошкент, Қозон, Боку, Истамбул ва бошқа шаҳарларда тошбосма йўли билан бир қанча марта босилиб чиққан.

ф.ф.н. И. Сувонқулов, фалс. ф.н. М. Қодиров