М. Муҳаммадаминова. Жўшқин ҳаёт, тошқин ижод (Проспер Мериме)

XIX аср француз маданияти тарихида сиёсатга, санъатга, адабиётга дахлдор шахс – давлат арбоби, таржимон, олим ва катта ёзувчи сифатида ёрқин из қолдирган Проспер Мериме сарҳадлар оша қадр топган, ёзганларини халқлар севиб мутолаа қилишга муносиб ижодкорлардан. Унинг катта ёзувчи эканлигини таъкидлашимизнинг боиси шуки, ҳар бир асари билан ўз даври кишиларининг қалбига тўғридан-тўғри кириб бориш, ўткир бадиий тасвирларда ифодаланган, теран, таъсирчан фикрлари билан жамият ҳаётининг муайян нуқталарини ёрита билиш хислати фақат у сингари катта ва чинакам қобилият соҳибларига хосдир. Адабий меросининг таркиби ва кўламига эътибор қилсак, Мериме ижодида ҳажми катта романлар кам учрайди. Аксинча, у адабиётнинг драматургия ва асосан қиссанавислик йўналишларида кўпроқ қалам тебратгани маълум. Бу йўналишларда ёзилган барча асарлари – гарчи улар шаклан кичик, ҳажман оз бўлсин – муаллифга улкан шуҳрат, омаду иқбол келтиролган. Бугун ҳам Мериме адабий меросидаги ана шу ўлмас асарлар жаҳон адабиётида, наср ва драматургияда, айниқса кино ва театр санъатида зангламас қурол, эскирмас манба бўлиб хизмат қилаётир.

Ҳаёт йўлини фақат илму ижод дардида ғоят жўшқин ва мазмундор ўтказган бу ижодкор 1803 йилнинг 28 сентябрида Франция пойтахти Парижда кимёгар ва рассом Жан Франсуа Леонор Мериме оиласида дунёга келди. Унинг онаси ҳам тасвирий санъат соҳасида ижод қилар, шу сабабдан уларнинг хонадонида санъатга муносабат доим жиддий ва юқори даражада эди. Ота-онаси ёш Проспернинг яхши таълим-тарбия олиши ва камол топиши учун зарур имкониятларни яратиб беришга ҳаракат қилган. Бўлажак ёзувчини 1811 йилда императорлик лицейига ўқишга берадилар. Таҳсилни тамомлагач, 1819 йилдан отасининг маслаҳати билан ўқишни Париждаги олийгоҳда юридик соҳа бўйича давом эттиради ва тўрт йилдан сўнг адвокатлик дипломига эга бўлади. Проспер ўқиш давомида бир неча хорижий тилларни, тарихни жиддий ўрганади. Ўз уйида санъат ва фанлар тўгарагини ташкил этади. У уйида ташкил қилган илмий-адабий кечаларда нафақат французлар, балки, инглиз, немис ва рус ижодкорлари ҳам қатнашади. Ёш Мерименинг ўзи Ампер, Альбер Штапфер каби олимлар, Стендал ва Делеклюз сингари ёзувчилар билан мустаҳкам ижодий дўстлик ришталарини боғлайди. Унинг бадиий диди ва дунёқараши шаклланишида айниқса, Штапфер ва Делеклюзларнинг таъсири катта бўлди. Мериме улардан кўп сабоқлар олди.

1830 йилга келиб мамлакатда ҳокимият қирол Луи Филипп (1848 йилга қадар ҳукмронлик қилган) қўлига ўтиши билан Мерименинг сиёсий мартабаси янада юксалди. 1831 йилдан Мериме давлат ишларида қатнашиб, савдо-сотиқ вазири лавозимида фаолият олиб борди, 1834 йилда эса тарихий ёдгорликлар бўйича комиссиянинг бош инспектори этиб тайинланади. Мериме узоқ йиллар турли лавозимларда ишлаб, сиёсий арбоб бўлиб танилди, ношир сифатида кўплаб сиёсий-ижтимоий китоблар, тарихий солномалар нашр эттиради. Бу хизматлари учун 1844 йилда қирқ бир ёшидаёқ Франция Фанлар Академияси аъзосига айланади, 1852 йилда Фахрий легион ордени билан мукофотланади, кейинчалик сенатор бўлиб сайланади. Мамлакат бошқарувида таниқли шахсга айланган Проспер Мериме 1860 йилга қадар узлуксиз меҳнат билан шуғулланади. Ҳаётининг сўнгги йилларида астма касаллигига дучор бўлиб, мамлакатнинг жанубий ҳудудларига бориб яшашга мажбур бўлади. Мериме 1870 йилнинг 23 сентябрида айнан шу хасталик туфайли вафот этди.

Ўзининг олтмиш етти йиллик умри давомида юрт учун ҳаловат билмай яшаган, меҳнат қилган, асарлар яратган ёзувчининг адабий фаолияти бир неча йўналишларга бўлиб ўргангулик серқирра ва сермаҳсул эди. Мериме бадиий тафаккури бой ижодкор сифатида бир умр тўхтовсиз ижодий фаолиятда бўлди, ёзиш-яратишни бир зум тўхтатмади. У юқорида айтганимиздек, адабиёт соҳасига жуда эрта кириб келди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, у адабиёт майдонига кириб келиши биланоқ (йигирма ёшида!) адабий давралар қаҳрамонига айланди, назарга тушди.

Унинг илк ижод намунаси “Кромвель” тарихий драмаси эди. Бу биринчи асар дўстлари томонидан унчалик юқори баҳоланмагани учун драмани нашр қилдиришга шошилмади. Кейинчалик, 1820 йилларнинг ўрталарида испан тилидан бир қанча мумтоз драмаларни француз тилига таржима қилади ва уларни бир муқова остида чоп эттиради (унинг мазкур таржималарига испан сайёр театри актрисаларидан бири тақриз ҳам ёзди). 1827 йили Мерименинг “Гусли” деб номланган халқ оғзаки ижодидаги афсоналар ва машҳур латифалардан иборат иккинчи тўплами чоп этилди. Тўплам анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди.

Мериме ижодида тарих мавзуси ҳамиша муҳим ўрин тутарди. Чунки у тарихни жуда кўп ўқиган ва тарихий воқеаларни бадиий асарларда акс эттиришни хуш кўрарди. 1928-1829 йилларда дунёга келган “Жакерия”, “Карвахаллар оиласи” каби драмалари, “Карл IХ даври хроникаси” романи Франция тарихини теран акс эттирувчи ана шундай солнома-асарларидан ҳисобланади.

Мериме нашриётларда ҳам маълум йилларда фаолият юритган, “Revue de Paris”, “National” каби йирик нашриётлар билан жуда яқин алоқада бўлган. Айнан мана шу нашриётлар унинг “Таманго”, “Перл Толедо”, “Этрусклар вазаси”, “Қўш хато” каби қиссаларини чоп қилади. 1839 йилда у Корсика оролига саёҳат қилади. Бу саёҳат даврида унинг “Коломбо” қиссаси дунёга келди.

Унинг энг машҳур асари – “Кармен” новелласи 1845 йил ёзилади. Лўли қиз Кармен образи орқали шуҳрат қозонган мазкур асар мотивлари бўйича Людовик Галеви ва Андре Мельяклар томонидан яратилган либретто франциялик композитор Жорж Бизенинг шу номли операсига асос бўлди. Опера ва унга ёзилган мусиқа оҳанглари бугунги кунда ҳам дунёга жуда машҳурдир. “Норозилик”, “Икки ворис ёхуд Дон Кихот”, “Африка севгиси” драмалари ҳам бошқа асарлари сингари Европа ва жаҳон театрлари саҳналарида муваффақият қозонади. Пьесалари жамланган “Клара Гасул театри” китоби эса дунёнинг жуда кўп тилларига таржима қилинган.

Адабиётга муҳаббат ва таржима Проспер Мериме ижодининг яна бир муҳим, ажралмас қисми бўлганлиги сабабли, унинг таржималари ҳам эътирофларга муносиб. Мериме аввало рус адабиётининг ашаддий мухлиси эди. Қолаверса, у рус адабиётини ва рус тилини чуқур ўзлаштирганлиги билан Францияда катта обрўга эга бўлган. Пушкин, Тургенов ва Гоголнинг асарларини аслида ўқиган, уларнинг ижодига катта эҳтиром билан қараган, асарларини таржима қилиб, француз халқига етказишга интилган. 1849 йилда у Пушкиннинг “Қарға моткаси” асарини француз тилига таржима қилди, Гоголь ҳақида ўнлаб мақолалар, адабий этюдлар ёзди, 1853 йилда Гоголнинг “Ревизор” комедиясини, Тургеневнинг “Оталар ва болалар” романини француз тилига ўгирди. У рус давлати тарихига ҳам жиддий қизиқиб, шоҳ Пётр I ҳақида жуда кўп мақолалар чоп эттиради. Бундан ташқари Греция, Италия ва Рим тарихи, қироллар ҳаёти ҳақида хроник-тарихий асарлар ёзгани учун ҳам тарихчи олимлар орасида доимо ардоқда бўлади.

“Локис” номли қиссаси Мериме умрининг охирги йилларида чоп этилган энг сўнгги ижод намунаси бўлди. Унинг вафотидан кейин “Сўнгги новеллалар” номи остида энг яхши ҳикоялари ва “Мовий хона” номли хатлар тўплами нашр қилинади. Ёзувчининг қиссалари дунёнинг кўп тилларига, шу жумладан, ўзбек тилига ҳам таржима қилинган.

Унинг қаҳрамонлари ҳам ўзи каби ҳамиша жўшқин, меҳнатга ва меҳрга ташна, курашувчан образлардан иборат. Атоқли рус тадқиқотчиси Ю. М. Лотман мақолаларининг бирида ёзувчи ижодининг хос жиҳатлари ҳақида шундай ёзади: “Экзотика, фантастика, мифология Мериме ижодида ҳамиша аниқ маконда, аниқ чизиқларда тасвирланади”. Яъни, бир сўз билан айтганда, Мерименинг бадиий тафаккур йўли романтика ва реаллик ўртасидадир. Шу туфайли у ҳамиша қалбга яқин, ҳамиша замонавий ёзувчи сифатида ном қозониб келди. Бугунги кунда ҳам у бутун дунё назарида, асарлари экранлаштирилган, театр саҳналарида, ўқувчилар қўлида такрор-такрор тилга олинади. Хусусан, унинг биргина “Кармен” асарининг ўзи турли йилларда АҚШ, Франция ва Россия киноижодкорлари томонидан бир неча бор фильм қилиб экранга олиб чиқилди. 2011 йилда француз режиссёри Жак Малатье суратга олган “Кармен” фильми Проспер Мериме фильмографиясининг энг сўнгги янгиликларидандир. Дарвоқе, ёзувчининг асарлари ўзбек театр саҳнасида ҳам ўз тилимизда жаранглаган. “Ялмоғиз хотин” асари Наби Абдурахмонов томонидан Ўзбек Давлат драма (аввалги Ёш гвардия) театрида, 2012 йилда Маъмур Умаров таржима қилган “Африка севгиси” номли кичик пьесаси Муқимий номидаги Давлат мусиқали театрида саҳналаштирилган эди.

М. Муҳаммадаминова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 9-сон