Марказий Осиёнинг XIV—XV аср, яъни Темур ва Темурийлар даврвда яшаб ижод этган моҳир тарихнавис, ёзма ёдгорликларнинг энг дастлабкиларидан бири — Амир Темур топшириғи билан ёзилган. “Зафарнома” асарининг муаллифи Низомиддин Шомийдир.
Низомиддин Шомий ҳаёти ва ижоди ҳақида ўз асарларидан баъзи бир кичик-кичик лавҳалардан ташқари ўрта асрлар ёки ҳозирги замон манбаларида маълумотлар жуда кам. Туғилган йили номаълум. Унинг Шомий ёки Шанби Ғозоний нисбаси асосида, у аслида Табриз чеккасидаги Шанби Ғозон деб аталган мавзедан бўлган, деб тахмин қилинади.
Мавлоно Низомиддин 1398 йилнинг август ойида Амир Темур аскарлари Бағдод шаҳрини забт этганликлари ҳақидаги воқеаларни қаламга олар экан, ўзи биринчи бўлиб шаҳардан чиққанлиги, ҳазрат Соҳибқирон билан учрашиб, суҳбатида бўлганлигини эслатиб ўтади (“Зафарнома”, Тауэр нашри, 1-жилд, Байрут, 1937 й., 139-бет.). Демак, у 1398 йили Боғдодда яшаган ва унинг Амир Темур билан биринчи учрашуви ана шу йили содир бўлган. Амир Темур билан иккинчи учрашуви эса “Зафарнома”нинг 1400 йил воқеалари баёнида учрайди. Ўша йили октябрь ойида Амир Темур Шом (Сурия) чегарасида жойлашган Ҳалаб шаҳрини қамал қилган. Муаллифнинг ёзишича у ўша вақтда Ҳижоз сафарига кетаётган экан, шаҳар муҳофазачилари ундан шубҳаланиб, тўхтатганлар ва қалъа рўбарўсидаги бир бинога қамаб қўйганлар. Бу ердан у қалъанинг забт этилишини ўз кўзи билан кўрган (Ўша жой, 227-бет).
Шу давр муаррихларидан бўлган Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, жангдан сўнг Жалол ул-Ислом номли бир амир Низомиддин Шомийни Амир Темур ҳузурига олиб келган, ҳазрат Соҳибқирон унга илтифотлар кўргазиб, яхши қабул қилган (“Зафарнома”, Туаэр нашри, 2-жилд, Прага, 1956 й. 160-бет).
Жумладан, Ҳофизи Абрў яна 1412 йил воқеаларини баён этар экан, Низомиддин Шомийни марҳум сифатида тилга олади (Ўша жой, 14-бет).
(“Зафарнома”нинг ёзилиш тарихи ҳақида шуни таъкидлаш лозимки, Мавлоно Шомийнинг ўзи берган маълумотга кўра, ҳижрий 804 йили (1401 йил 11 августдан 1402 йил 1 август оралиғи) Амир Темур уни ҳузурига чорлаб, ўз юришлари битилган йирик бир асар яратишга ундаган. Соҳибқирон ўша даврга қадар мунший ва котиблари тарафидан тузилган битиклар уни қониқтирмаганлигини айтган. Ёзилажак асар бир томондан, авом халққа тушунарли, содда, равон тилда ва айни пайтда маърифатли кишилар эътиборига ҳам лойиқ тарзда ёзилишини уқтирган. Мавлоно Низомиддин бу масъулиятни ўз бўйнига олган (“Зафарнома”, 1-жилд, 10—11-бетлар).
Табиийки, бу учрашувдан сўнг Низомиддин Шомий сарой тарихчиси сифатида Амир Темурнинг кейинги барча юришларида унга ҳамроҳлик қилган. 806 йил муҳаррам ойида (1403, июл-август) Грузиядаги Биртис қалъаси забт этилишини ёзар экан, Низомиддин Шомий бу воқеани ўзи кузатганлигини айтади. Шомий юришлардан бирида ийди рамазон муносабати билан йиғилган жамоага ваъз айтиб, сўнг ийд намозида пешнамозлик қилган. Бу воқеани машҳур тарихнавис Шарафиддин Али Яздий шундай тавсифлаган: “Шу йил рамазон ийдини (806/1404) ҳазрат Соҳибқирон Оби-Оғлиқ ёқасида кутди. Замонанинг балоғатли фузалоларидан бўлган ва ҳазрат Соҳибқироннинг эзгуликлари ва фахрли ишларидан бир қанчасини баён қалами билан ифодалаган Маволоно Низомиддин Шанбий ийд хутбасининг қироатига ва намозига киришди” (Яздий, “Зафарнома”, Тошкент, 1972, 449-6).
Тахминан, шу вақтда, ёхуд бир неча ҳафта кейин Мавлоно Низомиддин Соҳибқирон юришларини 1404 йил баҳоригача етказиб, асарни тамомлаган ва уни Озарбайжондан Самарқандга қайтиш тарадуддида бўлган Амир Темурга тақдим этган (Бундан кейинги Темур вафотигача (феврал, 1405) кечган воқеалар, кейинроқ Ҳофизи Абрў томонидан “Зайл” — (Илова) тарзида ёзилган.
Низомиддин Шомий “Зафарнома” асарини ёзиш учун қандай манбалардан фойдаланганлиги хусусида, афсуски, на ўзининг ва на замондошлари асарида учрайди. Лекин “Зафарнома” асарини тадқиқ этиш натижасида Шомий қуйидаги манбалардан фойдаланганлигини тахмин қилиш мумкин:
а) Амир Темурнинг котиблари назм, насрда форсий, туркий тилларида ёзган кундаликлар ва битиклар. Булар Низомиддин Шомий ва ундан кейинги муаллифлар даврида мавжуд бўлган бўлса ҳам, бизнинг даврларга етиб келмаган ёки ҳали топилганича йўқ;
б) муаллифнинг ўзи кейинги 2—3 йил давомида Амир Темур юришлари шоҳиди бўлган ва ёзиб олган воқеалар;
в) Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши билан боғлиқ воқеалар баён этилган Ғиёсиддин Алининг “Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриш кундалиги” асари.
“Зафарнома” тарихий асар сифатида XIV—XV асрларда Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги давридаги Марказий Осиё, Олтин Ўрда хонлиги, Озарбайжон, Эрон, Афғонистон, Ироқ, Сурия, Миср, Туркия ва бошқа мамлакатлар тарихига оид воқеаларни ўз ичига олган. Асар муқаддимасида Амир Темур тарих саҳнасига чиққан 1360 йилга қадар Марказий Осиёда ҳукмронлик қилган чингизий ҳукмдорлар ҳақида қисқача маълумот берилган. Сўнгра Амир Темурнинг XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрнинг бошида қилган юришларининг батафсил баёни келтирилган. Асар 1404 йил март ойида Амир Темурнинг Озарбайжонда Аррон Қаробоғида турганлигининг баёни билан якунланиб, унинг вафотигача, яъни, бир йилча вақт ичида содир бўлган воқеалар ёритилмай қолган.
Низомиддин Шомий асарида қелтирилган воқеалар силсиласи кейинги тарихнавислар томонидан давом эттирилган. Жумладан, Темурийлар Шоҳрух Мирзонинг тарихнависи Ҳофизи Абрў “Мажмуа” (“Тўплам”) асарини ёзар экан, Шомийнинг “Зафарнома”сидан ҳам фойдаланган ва воқеалар тизмасини Шоҳрух Мирзо ҳукмронлик қилиб турган 1420 йилгача давом эттирган. Кейинроқ 1423 йили Шоҳрух Мирзонинг ўғли Бойсунғур Мирзо (вафоти — 1433) фармони билан Ҳофизи Абрў тўрт жилддан иборат “Мажмуа ут-таворихи султония” (“Султонга аталган тарихлар йиғиндиси”) деб аталган асарни ёзишга киришган ва уни 1427 йил воқеаларининг баёни билан тугатган.
Низомиддин Шомийнинг “Зафарнома” асари ўзида жамланган тарихий маълумотларнинг ишончлилиги билан XV—XVI асрларданоқ бошқа асарлар учун бош манбалардан бири бўлиб хизмат қилган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Абдураззоқ Самарқандийнинг “Матлаъи саъдайн ва мажмаъи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”), Фасиҳ Ҳавофийнинг “Мужмали Фасиҳий”, Муҳаммад Фазлуллоҳ Мусавийнинг “Тарихи ҳайрот”, Хотифийнинг назмда битилган “Темурнома”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо” (“Поклик боғи”), Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” (“Яхши хислатлар”) ва бошқа бир қатор асарлар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳар бирида илгариги асарлардаги воқеалар ҳар хил таҳрирларда қайтарилиши билан бирга бошқаларида учрамайдиган воқеалар тафсилоти ҳам мавжуд.
Шомий “Зафарнома”сининг фақат икки қўлёзма нусхасигина сақланиб қолган. Биринчиси, Амир Темурга тақдим этилган қўлёзмадан 1425 йилда қўчирилган нусхаси бўлиб, у Истамбулдаги “Нури Усмония” масжиди кутубхонасида, 3367-инвентар рақами остида мавжуд. Иккинчиси, муаллиф Амир Темурнинг набираси Мирзо Умар баҳодир ибн Мироншоҳ (вафоти — 1409)га тақдим этган кўлёзмадан 1434 йили кўчирилган нусха бўлиб, у Лондондаги Британия музейи кутубхонасида, 23980-инвентар рақами билан сақланади.
Таниқли матншунос олим Феликс Тауэр мазкур қўлёзмалар ноқис бўлганлиги сабабли, уларни Ҳофизи Абрунинг “Зубдат ут-таворих” асари билан солиштириб тадқиқ этиш асосида “Зафарнома”нинг икки жилддан иборат илмий-танқидий матнини нашр эттирган. Биринчи жиддига фақат “Зафарнома” илмий-танқидий матни киритилган. Иккинчи жилдида эса нашрнинг сўзбошиси, қўшимчалар, нусхалардаги фарқлар берилган.
Асар кейинги вақтларда Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан ўрганилиб, ундан қисқартирилган таржималар амалга оширилган. Жумладан, 1949 йили Анқарада Нежоти Луғол деган олим Ф. Тауэрнинг нашри асосида қисқартириб, турк тилида таржима қилган. Ундан ташқари, шарқшуносликка оид бир неча китобларда бу асардан терма таржималар эълон қилинди. Бу таржималар тўлиқ бўлмасада ноёб бўлиб қолган. Шуни назарга олган ҳолда кейинги йилларда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида “Зафарнома”нинг ўзбек тилига тўлиқ илмий-изоҳли таржимаси Ҳофизи Абрў “Илова”си билан бирга нашрга тайёрланди. Унга институтнинг собиқ илмий ходими, марҳум Юнусхон Ҳакимжоновнинг Ф. Тауэр нашри бўйича қилинган дастлабки қоралама таржимаси асос қилиб олинган.
т.ф.д. А. Ўринбоев