Муқимий (1850-1903)

Муҳаммад Аминхўжа — Муқимий лирик шоир ва забардаст ҳажвчи сифатида XIX асрнинг сўнгги чораги ва XX аср бошларидаги ўзбек миллий адабиётининг энг йирик намояндаси сифатида донг таратди. Марказий Осиё, шу жумладан, Ўзбекистон чор Россиясининг мустамлакасига айлантирилган шароитда қалам тебратган Муҳаммад Аминхўжа ижоди чин маънода халқчилдир. У эзилган меҳнаткаш омма, бечора косибу ҳунармандлар ва хонавайрон қишлоқ деҳқонларининг оташин куйчиси бўлиб майдонга чиқди. Мустамлака тузумидаги адолатсизлик ва зўравонликни, жорий тартиб-қоидаларни халқона услубда аёвсиз қоралаган шоир ўлкамиз истиқболига ишонч билан қаради. Унинг асарларида инсоний ишқ-муҳаббат улуғланди, иймон-эътиқод, ҳалоллик, сахийлик, покдомонлик, элпарварлик, дўстлик, она табиат гўзалликларидан завқланиш, висол онларининг лаззатлари ва ҳижрон азоб-уқубатлари ишонарли лавҳаларда жуда таъсирчан ифодаланди.

Муҳаммад Аминхўжа Қўқоннинг Бегвачча муҳалласида 1850 йилда Мирзахўжа Мирфозил ўғли оиласида туғилган. Новвойлик билан оила тебратувчи Мирзахўжа фарзандининг хат-савод чиқаришига жиддий эътибор берган бўлса, шеъриятга иштиёқ ва қобилиятининг шаклланишида онаси Ойшабибининг ўрни бениҳоят каттадир. Туғма истеъдод соҳибаси бўлган бу аёл жуда кўплаб эртак-қўшиқларни ёд билган, таъсирчан ва ифодали сўзлаб бериш қобилияти билан тингловчиларни мафтун эттан. Онадаги бу фазилат, шубҳасиз, гўдак Муҳаммад Аминхўжага ҳам ижобий таъсир кўрсатган.

Маҳалла мактаби ва “Ҳоким ойим” мадрасасида таълим олгач, Муқимий 1872-73 йилларда Бухорога бориб, “Меҳтар ойим” мадрасасида таҳсилни давом этгиради. 1876 йилда уни битириб Қўқонга қайтади, оила қуради.

Хатми мадраса қилган Муқимий аввалига Қўқон ер ўлчаш маҳкамасида мирзалик қиларкан, ўз вазифасига кўра, Қўқон ва унинг атрофидаги қишлоқларга тез-тез чиқиб, деҳқонларнинг турмуш шароитлари, қишлоқларнинг аянчли аҳволи билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Лекин у ер маҳкамасида узоқ ишлай олмади. Аммо бу муддатнинг ўзи ҳам шоир ҳаёти ва дунёқарашида сезиларли из қолдирди. Мавжуд мустамлака тузумга, жорий тартиб-қоидаларга кескин салбий муносабат ва танқидий баҳонинг шаклланишига жиддий туртки бўлди.

“Дар мардуми Оқжар батариқи мухаммас” асаридан маълум бўлишича, Муқумий 1870 йилнинг охирларида Қўқоннинг ғарби-шимолидаги Сирдарё ёқасида жойлашган Оқжар паромида паттачи бўлиб ишлаган. Бу янги вазифа ҳам шоирга меҳнаткаш омма вакиллари, қишлоқ деҳқонларининг турмуш шароитлари билан бевосита танишиш имконини берди.

Қаттиққўл, муттаҳам паром хўжайинлари билан келиша олмаган Муқимий 80-йиллар бошларида Қўқонга қайтади. Оилавий ҳаётда ҳам фароғат топмаган шоир, ҳовлини ташлаб, ўша Бегвачча маҳалласидаги Ҳазрат мадрасаси ҳужрасига кўчиб чиқади ва умрининг охирига қадар муҳтожлиқда, ўз таъбири билан айтганда, ўша “ҳужраи танг ва торликда бекаслик ва ғариблик чироғини ёқиб” умр ўтказди.

Шу вақтдан бошлаб Муқимий бутун вақтини ижодий иш, шахсий мутолаага бағишлади, ҳуснихат ва котиблик билан шуғулланди. Зокиржон Фурқат гувоҳлигига кўра, бу йилларда Қўқонда муттасил равишда ҳаракат қилган адабий йиғин-анжуман ишларига Муқимий йирик ижодкорлар Муҳйи, Завқий, Нисбатийлар қаторида фаол қатнашади, давр адабий ҳаракатига етакчилик қилади. Доимий моддий етишмовчилик, яшаш шароитининг ниҳоятда оғирлиги шоир соғлиғига путур етказади, у оғир дардларга чалинади. Шоир меросида даврдан, машаққатли турмушдан, оғир тақдиру забун толедан шикоят, мунису ҳамдард йўқлигидан нолиш оҳанглари кенг ўрин тута бошлайди.

Шоирнинг илғор дунёқараши, фаровон ҳаёт ва озод жамият, инсоф ва адолат, баркамол инсон ва инсонийлик, иймон-эътиқод ва зрк ҳақидаги орзу-интилишлари билан мустамлака шароити, мавжуд адолатсиз тузум, зўравонлик ҳукмрон бўлган замона ўртасидаги жиддий зиддият, бир сўз билан айтганда юксак идеал билан разил борлиқ ўртасидаги номутаносиблик Муқимий ижодида воқеликка нисбатан кескин танқидий муносабатнинг узил-кесил шаклланишига олиб келди.

Ўтган асрнинг 90-йилларига келиб шоир давр адабиётидаги кучли танқидий-сатирик йўналишнинг етакчисига айланди. Ҳаётни, борлиқни ҳаққоний тасвирлашни ижодда асосий мезон деб қабул қилган шоир, айни замонда, қалам аҳлини халқчил мавзуларни топишга, омма дили ва интилишига мос — “халқ толиб” асарлар яратишга даъват этади. Бу мезон ва даъват қуйидаги мисраларда ўз ифодасини топган:

…Гар қилич бошимга ҳам келса детайман ростин!
…Шеърингизга халқ толиб ўлсалар сўнгра ўқунг!

Муқимий 1887—88 йилларда биринчи, 1892 йил бошларида эса иккинчи маротаба ота шаҳри Тошкентга сафар уюштиради, бу ердаги ижод аҳли билан ижодий учрашув — суҳбатлар қурди, шаҳар ижтимоий ва маданий ҳаётида юз берган ўзгаришлар билан танишди. Иккинчи сафари вақтида “Туркистон вилоятининг газети” муҳаррири Н. П. Остроумов билан учрашган. Шу газета саҳифаларида 1891 йил октябр ойида шоирнинг бир неча шеърлари машҳур ҳофиз Макайлик тилидан ёзиб олиниб эълон қилинган эди. (Кейинчалик, 1903 ва 1907 йилларда ҳам газета Муқимийнинг бир қатор ишқий ва ҳажвий руҳдаги асарларини эълон қилган). Шоирнинг Фарғона водийси шаҳарларига, Қўқон атрофидаги қишлоқларга ҳам бир неча бор саёҳатлар уюштиргани унинг қатор асарларида ўз изини қолдирган.

XIX аср охири ва XX аср бошларига келиб шоирнинг саломатлиги ёмонлаша борди. Жиянига йўллаган мактубларида, беш-олти ойлаб бетоб ётганлигини билдириб, “неча муддатлар бўладурким, назм айтурға табиат лоҳаси эрдим” деб ёзади. Шундай бўлса-да, Муқимий умрининг охирига қадар қаламини қўймаган.

“Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида 1903 йилнинг январ ва апрелида босилган “Ҳўқандлик бир бойнинг шаънига Муқимий шоирнинг айтқон шеъридур” (15 январ) ва даҳшатли Андижон зилзиласи муносабати билан ёзилган шеър-тарихи (22 апрел) шоирнинг ижтимоий мавзудаги сўнгги йирик асарлари жумласига киради.

Эй табиб, айланма, дардим бедаволардин бири,
Ранга зардим, қўру кўрма, қаҳраболардин бири —

мисралари билан бошланувчи мухаммасда эса шоир ҳаётининг сўнгги дамларидаги руҳий кайфияти таъсирчан ифодасини топган. Келтирилган мисраларда шоирнинг сариқ касалига гирифтор бўлганлигига ишора бор. Худди шу дарди 1903 йил 25 майда уни бу оламдан олиб кетади.

Муқимий қолдирган адабий мероснинг катта бир қисмини жозибадор ғазаллар, жўшқин ва шўх мураббаълар, дилкаш мухаммаслар ташкил этади. Шоир лирикасини ҳам ғоявий, ҳам бадиий камолотга эришувида халқ оғзаки ижоди билан бир қаторда кўп асрлик шеъриятимизнинг, хусусан, Лутфий, Навоий, Бобур, Машраб, Амирий каби шоирларнинг ижоди самарали таъсир қилди. Муқимий ўз лирикасида чин севгини, садоқат ва вафодорликни, инсонни кўркамлаштирувчи, уни маънавий гўзал этувчи фазилатларни улуғлади, бевафолик, субутсизлик, инсон шаънига доғ туширувчи хислатларни қоралади.

Муқимий ғазал, мураббаъ ва мухаммасларининг етакчи образи —лирик каҳрамон, аввало, бурч, вафо ва садоқат ҳақидаги илғор тушунчаларга эга бўлган софдил, маънавий баркамол ва руҳан бой шахс сифатида гавдаланади. У шоирга замондош аниқ тарихий шахс, мустамлака зулми ва зўравонлик ҳукмрон бўлган давр фарзанди, меҳнаткаш халқ вакили, унинг на молу дунёси, на амалу мансаби бор. У рақибу ағёрлар тазйиқини, фалак жабрини, чарх зўравонлигини ўзида доимо ҳис этиб, руҳан азобланади.

Муқимий лирикасидаги шикоят, норозилик, ҳаётдан безиш ва таркидунёчилик даъвати эмас, балки, моҳият-эътибори билан ҳаётсеварликдан, фаровон турмуш ва бахтли замона ҳақидаги орзу-умидларидан келиб чиққан. Худди шунинг учун ҳам шоир ҳаёт лаззатларидан, дўсту улфат суҳбатларидан, севги ва висол онларидан баҳра-мандликка чақиради, она табиат гўзалликларидан, баҳор нашидасидан завқланишга ундайди. Бу фазилат шоирнинг:

Эй яхшилар, келайлик, бир жойга йиғилайлик!
Ўйнайлик, куйлайлик, омон бўлайлик!

ва

Навбаҳор очилди гуллар, сабза бўлди боғлар,
Суҳбат айлайлик келинглар, жўралар, ўртоғлар!

байтлари билан бошланадиган машҳур ғазалларида тўла намоён бўлган.

Муқимий адабиётимиз тарихидаги энг кўп мураббаъ ёзган шоирлардан бири бўлиб, бу қадимий турнинг ривожига жиддий таъсир кўрсатди. Шоирнинг мураббаларининг барчаси, ишқ-муҳаббат мавзуида. Халқ қўшиқлари руҳи ва ўйноқ вазнларда яратилган мураббалар ниҳоятда самимий, шўх ва жўшқин янграб, ўқувчиларни ўзига ром этади. “Эй чеҳраси табоним”, “Бир сўрмадинг, эй дилрабо, на бўлди?”, “Эмди сендек, жоно, жонон қайдадур!”, “Токим, жоно, жилва бунёд айладинг” мисралари билан бошланувчи мураббаълар ўша яратилган йилларидаёқ ҳофизлар ижросида Муқимийга катта шуҳрат келтирган.

Шоир бир неча ўнлаб мухаммаслар ҳам яратган, улар орасида ўз мазмуни ва руҳига кўра соф ижтимоий ва сатирик йўналишдагилари учраса ҳам, кўпчилиги ишқ-муҳаббат мавзуидадир. Шоир меро-сида Навоий, Жомий, Фузулий, Амирий ғазалларига, шунингдек, Фурқат, Завқий, Нодим каби замондошлари ҳамда ўз ғазалларига тахмислари ҳам анча-мунча.

Муқимий лирик шоир сифатида қанчалик машҳур бўлган бўлса, кучли сатирик сифатида ҳам халқ орасида шунчалик катта шуҳрат қозонган. Шоир бу тур асарлари учун мавзу ва тимсолларни ўша ҳаётдан олиб, ўзига яхши таниш воқеа-ҳодисаларни танқидий таҳлил этди, ўша давр руҳидан озиқланди. Машҳур “Танобчилар” сатирасининг яратилишида Навоий меросидан баҳраманд бўлган. Ниҳоятда ўткир “Ҳапалак қишлоғи ҳақида” ҳажвий мухаммаси эса Махмурнинг ғазалига тахмисдир. Лекин, Муқимий ҳажвиёти учун “хом ашёни”, аввало чоризм ўрнатган мустамлакачилик тартиби, ҳукмрон адолатсизлик ва зўровонлик, инсон ҳақ-ҳуқуқининг топталиши, чор ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчалиги ва шафқатсизлиги, алдамчилик ва ахлоқий тубанликлар берди. Меҳнаткаш омма, ҳунармандларнинг оғир иқтисодий аҳволи, мустамлака зулми остидаги шаҳар-қишлоқларнинг вайронага айланиши, ночор шахс тақдири Муқимий ҳажвиётида етакчи ўринни эгаллайди.

Шоир ўзбек адабиёти тарихида ижтимоий-сиёсий ҳажвиётнинг асосчиларидан бири бўлиб майдонга чиқди. Унинг қатор ҳажвияларини шу йўналишнинг етук намуналари сирасига қўйиш мумкин. “Танобчилар”, “Воқеаи кўр Ашурбой ҳожи”, “Московчи бой” каби ҳажвияларида мустамлака тузуми учун хос бўлган ҳаётий мавзулар — жамиятдаги ижтимоий тенгсизлик, табақаланиш, ҳукмрон адолатсизлик каби жуда жидций масалалар таҳлил этилдики, бу Муқимий ҳажвиётининг сиёсий йўналиши ва ғоявий камолотидан гувоҳлик беради. Бу жиҳатдан Ашурбой Ҳожининг оғир жинояти ҳақидаги ҳажвиядан шоирнинг жиддий сиёсий умумлаштирувчи хулосаси диққатга сазовор:

Ҳақорат қилинган кишилар қолиб,
Топиб бой сўзи мунда зўр эътибор.
Қачон камбағалнинг сўзи ўтар?
Агар бўлса ақчанг — сўзинг зулфиқор.

Бу кескин мисралар ҳукмрон адолатсиз тузумга берилган қатъий айбнома каби жаранглайди.

Жабрланувчи оддий деҳқон тилидан ёзилган “Танобчилар” ҳажвиясида эса мавжуд тузумдаги ижтимоий адолатсизлик, чор маъмурлар ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчаликлари ва зўравонликлари, мустамлака шароитида солиқ солиш ва ундириб олиш каби ҳаётий лавҳаларда тарихан ҳаққоний тасвирланган.

Буржуа сайлов системасининг фош этилиши каби соф ижтимоий-сиёсий мавзуни ҳам Муқимий биринчи бўлиб адабиётимиз тарихига олиб кирди. Бугина эмас, масаланинг моҳиятини чуқур англаган шоир унинг биринчи ҳажвий таҳлилини берди, мустамлакачи чор маъмурлари назорати остида ўтадиган “сайлов”ларнинг батамом қалбаки эканлигини очиб ташлади. Муқимийнинг “Сайлов” ҳажвияси адабиётимизда бу мавзунинг кейинчалик янада чуқур ва кескин танқидий руҳда ишланишига мустаҳкам замин бўлди.

Шоир меросидаги “Вексель”, “Дар мазаммати замона”, “Уруғ”, “Ляхтин”, “Додхоҳим”, “Асрорқул”, “Тўй” каби ҳажвиялар муаллифнинг замонадаги жиддий ижтимоий мавзуларни танқидий руҳда таҳлил этиш масаласига катта эътибор берганлигини тасдиқлайди.

XIX аср охирлари ва XX аср бошлари миллий адабиётимизда юмористик йўналишнинг ривожланишида ҳам Муқимийнинг ижодий фаолияти жуда катта бўлди. Шоир қўлида кулги қўпол қаҳқаҳа ёки шунчаки хушчақчақлик, бачкана мутойиба эмас, балки, ҳаётдаги қолоқ, тараққиётга тўсиқ ғовларни, шахслар онги ва табиатидаги ожизлик ва салбий белгиларни, хунук феъл-атвор ва ўринсиз хатти-ҳаракатларни қоралаш, танбеҳ бериш, огоҳлантириш вазифасини ўтаган.

Муқимийнинг тўрт қисмдан иборат “Саёҳатнома” асари муаллифнинг сафар ҳисоботи ёки тор шахсий кечинмалари мажмуаси бўлиб қолмаган, аксинча, у ўша мустамлака тузуми ва ижтимоий ҳаётнинг қатор муҳим муаммоларини танқидий назар билан таҳлил этувчи бадиий асардир.

Халқчил шоир ўша мустамлака тузум устидан: “Дунё қурулғон дор экан!”—дея кескин ҳукм чиқарди. Бу билан бирга муаллифнинг ватанпарварлик туйғулари, она юртига садоқат ва ифтихор ҳислари аниқ сезилиб туради.

Абдурашид Абдуғафуров

Мақолалар

Муқимий шеърларидан намуналар
Қўлдош Пардаев. Муқимий «саёҳатнома»си матни тарихидан
Бегали Қосимов, Суннат Аҳмедов. Муқимий (1850-1903)
Ўзбек зиёлилари: Муқимий (1850-1903)
Ғафур Ғулом. Муқимий мактублари (1941)
Мукими (на русском языке)
Muqimi (in English)

Муқимий ҳақида асарлар

Собир Абдулла. Муқимий (драма)
Собир Абдулла. Асарлар. 4 жилдлик. 3-жилд. Мавлоно Муқимий (роман)
Туроб Тўла. Обидча маҳсум ёки Муқимий портрети (ҳикоя)

Муқимий китоблари

Муқимий. Боғ аро
Муқимий. Танланган асарлар. 1-жилд. Лирика
Муқимий. Танланган асарлар. 2-жилд. Ҳажвиёт